Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий асарлари француз тилида
Facebook
Алишер Навоий асарлари француз тилида PDF Босма E-mail

Францияда улуғ шоир ижоди ҳақидаги дастлабки маълумотлар XVII асрнинг иккинчи ярмида пайдр бўла бошлаган эди. Аммо мутафаккир ижодини мунтазам равишда ўрганиш XIX асрдан — шарқшунослик фани ўзига етарли манба тўплаган, илмий тадқиқот методлари ишлаб чиқилган бир даврдан бошланди. Француз навоийшунослитини қарор топтириш ва ривожлантириш ишига Д' Эрбело (1625—1695), Сильвестр де Саси (1758—1838), Э. Катрмер (1782—1857), Франсуа Белен (1817—1877), Паве де Куртейль (1821—1882), Люсьен Бува каби ориенталист-тарғиботчилар ўз ҳиссаларини қўшдилар. Навоий ҳақида француз адиби Луи Арагон (1897—1982) ҳам ёзган эди.

Машҳур «Шарқ кутубхонаси»нинг тузувчи-муаллифи, таниқли шарқшунос Бертельми де Моленвиль Д'Эрбело асарларида Навоийнинг ҳаёти ва ижодига доир дастлабки маълумотлар берилган. Д'Эрбело француз китобхонларини Шарқ адабиёти билан таништирувчи уч жилддан иборат улкан тадқиқотни араб, форс ва туркий қўлёзмалар асосида чоп эттирди. Д'Эрбелонинг мазкур асари ўз замонасининг анъаналари руҳида битилгани сабабли чуқур илмий характерга эга эмас эди. Тадқиқот асосан китобхонда қизиқиш ва кулги уйғотиш мақсадида келтирилган кўплаб парчалардан таркиб топган. Бундан ташқари, француз олими арабча-форсча, туркийча-лотинча луғат ҳам тузган. Д'Эрбелонинг «Шарқ кутубҳонаси» муаллиф-тузувчи вафотидан сўнг икки йил ўтгач, 1697 йили Парижда нашр этилган. Муаллиф бу асарида форс шоири Саъдий ҳақидаги маълумотларни Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шўаро» мажмуасидан олган бўлиб, табиийки, мазкур манбадаги барча хатоларни такрорлаган.
Д'Эрбело Алишер Навоий ижоди ҳақида ўз тадқиқотининг биринчи ва учинчи жилдларида маълумот беради. Биринчи жилдга киритилган «Навоий» сарлавҳали бу кичик мақола Д'Эрбелони улуғ шоиримизнинг Франциядаги дастлабки тарғиботчиси, деб эътироф этишга имкон беради. Мақолада француз тадқиқотчиси Навоийнинг ижтимоий мавқеи, Хуросон аҳли орасида тутган обрўйи ҳақида қизиқарли ҳикоя қилади, уни буюк шоир ва мутафаккир шахс сифатида қаламга олади. Ҳиротда шоир томонидан ташкил этилган ва кейинчалик тарихчи Хондамирга мерос сифатида қолдирилган кутубхона ҳақида батафсил маълумот келтиради. Мазкур мақолада Алишер исмининг мазмуни ҳам китобхонга тушунтириб берилади.
Француз олими ўз китобининг учинчи жилдида ўзбек шоирига мана шундай юксак баҳо берган эди: «Мир Алишер Темурланг авлоди бўлмиш Султон Ҳусайн Мирзонинг вазири бўлиб, бу одам форс шеъриятида ҳам, туркий шеъриятда ҳам камолот пиллапоясига кўтарилган».
Шу билан бирга у Навоийнинг туркий (эски ўзбек тилидаги) тўрт девони ҳақида маълумот келтириб, уларни номма-ном санаб ўтади. Бундай қисқа ва аниқ маълумотлар то XIX асрга қадар Европа ва Франция шарқшунослари учун асосий манба бўлиб хизмат Қилади.
Нвоий номи Д Эрбелодан сўнг бошқа бир француз тадқиқотчиси, шарқий мактаб асос-чиси Сильвестр де Сасй тадқиқотларида тилга олинади. XIX аср рус олими Михаил Никитинский ўз диссертациясида уқтиришича (Амир Низомиддиннинг давлат ва адабиётдаги мавқеи СПБ. 1856, 3-бет) Сильвестр де Саси Давлатшоҳ Самарқандий ва Сом Мирзо маълумотларига асосланган ҳолда ўзбек адабиёти асосчиларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида йирик асар ёзган. У мазкур тадқиқотида Навоий ижодининг кўп қирралилигини, уз миллий адабиётини ривожлантиришдаги хизматларини алоҳида таъкидлаган. Хусусан, у шоир ҳақида шундай ёзади: «Алишер сиёсий арбоб ва таниқли шоир, бадиий адабиётнинг барча жанрларида қалам тебратган ва адабиёт билимдони бўлган».
Сильвестр де Саси Навоийнинг таржимаи ҳолини Д'Эрбелога нисбатан батафсилроқ ҳикоя қилади, аммо у ўз китобида шоир асарларига ҳеч қандай илмий танқидий изоҳ бермасдан қуруқ рўйхатини келтиради, холос.
Навоий ижодини Францияда тарғиб ва ташвиқ этиш ҳамда тарқатиш ишига «Колледж де Франс»да семит тиллари профессори, ўз асарлари билан катта шуҳрат қозонган олим, фавқулодда заковат соҳиби Катрмер Этьен Марк катта ҳисса қўшган. Брокгауз ва Эфроннинг қомусий луғатига киритилган мақолада айтилишича (СПБ., 1893, 5-жилд, 363-бет), «тафсилотлар таҳлилида фавқулодда заковат соҳиби» бўлган рус шарқшуноси Березин Катрмернинг «улкан эрудицияси» ҳақида ёзади. В. В. Бартольд эса мўғуллар даврида Эронда барпо этилган давлат тарихи бўйича яратилган тадқиқотга француз олими ёзган кириш сўзни баҳолар экан, «Катрмернинг барча тадқиқотлари каби мукаммал» эканини уқтиради (В. В. Бартольд. Асарлар, VIII жилд, 272-бет).
М. Катрмер 1841 йилда Шарқ классик адабиёти бўйича хрестоматия нашр қилиб, унга Навоийнинг «Муҳокамат-ул-луғатайн»ва «Тарихи мулуки Ажам» асарларини киритади. Ҳар иккала асар Европада биринчи марта Навоийнинг Парижда сақланаётган қўлёзмалари асосида чоп этилган эди. Кейинчалик олим ўзбек мутафаккири асарларини француз тилида нашрдан чиқаришнинг батафсил планини тузиб чиқади, аммо бу режа тадқиқотчи вафоти сабабли амалга ошмай қолди.
Д'Эрбело фаолияти билан Катрмер ишлари бралиғида Францияда Навоий ижодини ўрганиш ббрасида қандайдир бўшлиқ, узилиш бўлган экан деб қарамаслик керак. Мавжуд фактлар шундан далолат берадики, бу жараён узлуксиз давом этган. Жумладан, XVIII асрда яшаб ижод этган атоқли француз ёзувчиси ва файласуфи Жан Жак Руссо Шарқ классик адабиётининг улкан мухлиси сифатида Навоий девонларини яхши билган, шунингдек, Шарқ шеърияти нодир обидаларининг туркий таржималаридан (масалан, Саъдийнинг «Гулистон» асарининг туркий таржимаси ва ҳоказо) хабардор бўлган.
Хуллас, Навоий асарларининг Европага тарқалиш жараёни анча мураккаб ва серқирралидир. Навоий «Сабъаи сайёр»ининг Ғарбий Европа тилларига қилинган энг қадимий таржимаси хусусида Е. Э. Бертельс ёзиб қолдирган маълумот бу жиҳатдан ғоят қизиқарлидир. Атоқли совет шарқшуносининг исботлашича, 1557 йилда қандайдир Христофор Армянский исмли шахс томонидан форсчадан итальянчага ўгирилган шоҳ Сарандипнинг уч ўғли ҳақидаги саргузашт Низомий достони баёни эмас, балки Алишер Навоий «Хамса»сидаги тўртинчи достондан бир бўлимининг айнан таржимасидир. Дастлаб итальянчага ўгирилган бу китоб икки аср мобайнида Ғарбий Европа тилларида ўн бир маротаба, жумладан, француз тилида XVIII аср бошларида (1719) нашр этилди. Бутун XVIII аср давомида фактларни тўплаш ва мустамлакачилар томонидан денгиз ортидаги мамлакатлардан олиб келинган қўлёзмалар сонининг мунтазам ортиб бориш жараёни давом этди. Мазкур аср охирларига келиб, яъни 1795 йили Парижда Шарқ жонли тиллари мактаби очилади. 1821 йилда эса «Осиё жамияти уюшмаси» ташкил этилади.
Алишер Навоий асарларини ўрганиш ва таржима қилиш ишларига француз шарқшуноси, Франциянинг Истамбулдаги бош элчиси Белен ҳам сезиларли ҳисса қўшди. У 1817 йили Парижда туғилган, «Колледж де Франс» ва «Жонли тиллар мактабиида Сильвестр де Саси ҳамда Катрмер раҳбарлигида шарқ тилларини ўрганган. 1852 йилдан бошлаб Истамбулдаги Француз элчихонасида хизмат қилган. Бу ердаги расмий иш Беленга араб, турк ва форс тиллари бўйича билимларини амалий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш имконини берди. У ўз мақолаларини «Осиё» журналида чоп эттирган. 1861 йилда Белен мазкур журналда (Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига доир «Алишер Навоий ҳақида биографик ва адабий қайдлар» номли каттакон мақола эълон қилади. Мақола шу йилнинг ўзида алоҳида китобча ҳолида нашр этилади. Белен эски ўзбек ва форс тилларидаги манбалар ҳамда Навоий замондошларининг маълумотларини ўрганган ҳолда шоирнинг илмии таржимаи ҳолини тузишга жиддий киришади. У кўп ўтмай Париждаги миллий кутубхонада сақланаётган 1526 йилга мансуб қўлёзма тарихини аниқлади. Тадқиқотчи, Навоий «миллий тилдан фойдаланиб, унинг бойлигини фавқулодда кенг кўламда намойиш этиб, чинакам ва-танпарварлик намунасини кўрсатди», «Алишер Навоий замонасининг энг таниқли ва нуфузли шоирларидан бири эди», деган ҳаққоний хулосалар чиқара олди. Шунингдек, у адибнинг ижодий доираси кенг ва ранг-баранг эканини тўғри таъкидлайди. Навоийнинг Деҳлавий, Хусрав, Низомий, Жомий каби ижодкорлар тақлидчиси сифатида баҳоланишигина Белен асарларидаги   нотўғри фикрдир.
Олим 1866 йили мазкур журналда Навоий ҳақидаги «Шарқ фалсафаси» номли иккинчи мақоласини эълон қилди. Унга «Маҳбубул-қулуб»даги сўзбоши ва бир неча боб таржима қилиб киритилган эди.
Француз олимининг тадқиқотларидаги нотўғри фикрлар совет шарқшунослари томони-дан жиддий танқидга учради. Е. Э. Бертельснинг фикрича: «Икки нотўғри фикр Белен томонидан енгил-елпи баён қилинган. Булар: Султон Ҳусайн ва Навоий дўстлигини ортиқча идеаллаштириб кўрсатиш ҳамда шоир ижодини бутунисига тақлидчилик сифатида баҳолашдир», деб ёзган эди атоқли олим.
Белен тадқиқотлари айниқса В. В. Бартольднинг кескин танқидига учради. У олимни «ваҳимачи» деб атади. «Беленда француз риторикаси у асосланган манбалардаги шарқ риторикасидан анча-мунча ортиқроқдир». У Белен монографиясини 1920 йилда «ҳайратомуз» деб баҳолаган Е. Г. Браунга қарама-қарши ўлароқ, асарда манбалар ҳақида яққол тасаввур йўқ, масалан «Равзат-ус сафовнинг VII жилди қандай таркиб топгани, ундаги нималар Мирхондга, нималар Хондамирга тааллуқли эканини тушунтирмайди, деб ҳисоблайди.
Бундай эътирозли ўринлардан қатъий назар, Беленнинг Навоий ижоди ҳақидаги ишлари ўз даври учун улкан аҳамиятга эга эди. Шоир асарларининг Европа тилларига таржималарини ўрганиш бобида ҳам Белен катта хизмат қилди. Шуни алоҳида айтиш керакки, Белен асарлари моҳият эътибори билан Навоий ижодини Европада ўрганилишига доир энг тўғри маълумотлар берадиган бирдан-бир манба ҳисобланади.
Француз олими Паве де Куртейль Навоийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш билан бевосита шуғулланмаган. Шунга қарамай, унинг номини тилга олмасдан туриб француз навоийшунослиги тўғрисидаги мулоҳазаларимиз тўлиқ бўлмайди. «Колледж де Франс»даги туркий тиллар кафедраси профессори (1861), француз академиясининг аъзоси (1873) ва Петербург Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси Паве де Куртейль Францияда туркология фанини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар қилган. У 1871 йилда Навоий, Бобур, Абулғози Баҳодирхон асарларини ўқиш учун мўлжалланган «Шарқий-туркий луғат» китобини нашр эттирди. Паве де Куртейль «Бобурнома»ни француз тилига тўла таржима қилди (1871). Бу француз олимининг фандаги энг ажойиб хизматларидандир.
Француз шарқшуносларининг Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш соҳасидаги ишларини Люсьен Бува давом эттирди. 1902 йилда Парижда бўлиб ўтган шарқшунослар анжуманида у «Муҳокамат-ул луғатайн» асарининг янги топилган қўлёзма нусхаси ҳақида атрофлича маълумот беради.
1926 йилда «Осиё» журналида Люсьен Бува темурийлар даври маданияти, санъати, меъморчилиги ва адабиёти ҳақида мақола эълон қилиб, унда Навоийнинг қисқача таржимаи ҳолини баён этади ва шоир қаламига мансуб асарлар рўйхатини келтиради. Л. Бува Навоийни олий унвон ва мансабга интилмайдиган камтарин, инсонпарвар одам сифатида таърифлайди. У шоирнинг кёнг қамровли олижаноб фаолиятини алоҳида таъкидлайди ва Ҳиротда бунёд этган иншоотларини санаб кўрсатади. Л. Буванинг 1927 йилда «Мўғуллар империяси» номли китоби чоп этилади. Мазкур асарнинг бир бобида Алишер Навоий ижодй ҳақида гап кетади. В. В. Бартольднинг гувоҳлик беришича, Л. Бува бу сафар янги манбаларга мурожаат қилмайди, у аввалгидай Мирхонд, Хондамир, Бобур ва Алишер Навоийнинг оригинал асарларига таянади. Рус шарқшуноси француз олимининг манбалар ҳақидаги маълумотларини «етарли ва тўлиқ бўлмаган манбалар сифатида баҳолайди, муаллиф (Л. Бува) Султон Ҳусайн ҳукмронлиги ҳақида ҳам, Мир Алишер ҳаёти ҳақида ҳам маълум бир тўғри тасаввур бермайди» деб таъкидлайди.
В. В. Бартольднинг Л. Бувага берган танқидий баҳосидан қатъий назар, француз шарқшуносининг тадқиқотлари ўзбек адабиёти асосчиси ижодини Франция, Европа жамоатчилиги ўртасида оммалаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Француз шарқшуносларининг, хусусан Л. Буванинг китоблари Навоий ижодини янада тёранроқ илмий тадқиқ этишга олимларнинг диққатини жалб этди.

Салима ИКРОМОВА