Facebook
Йўлунг муҳлик тоши ёқути аҳмар PDF Босма E-mail

Илоҳо, подшоҳо, кирдигоро,
Санга очуғ ниҳону ошкоро.

Сабур исми била қилсанг тажаллий,
Қилиб Намрудға юз минг мудоро.

Қачонким зоҳир этсанг «танзиъ-ул-мулк»,
Сикандарнинг бўлуб мағлуби Доро.

Йўлунг муҳлик тоши ёқути аҳмар,
Эшигинг тийра гарди мушки соро.

Суҳо бўлса шабистонингда толиъ,
Бўлуб нури қуёшдек оламоро.

Навоий нафс зулмотиға қолмиш,
Сен ўлмай Хизри раҳ чиқмоқ не ёро?!

Қиёматда гуноҳин авф этарга
Расулингни шафиъ эт, кирдигоро.

Ҳудойим, подшоҳим, яратувчим,
Сенга яширин нарсалар ҳам, ошкор нарсалар ҳам аёндир.
Сабур (сабрли) исми билан намоён бўлсанг, Намрудда юз минг мулойимлик пайдо бўлади.
Қачонки «танзиъ - ул - мулк»(«Танзиъ - ул - мулк» - «Оли имрон» сурасидаги «мулкни хоҳлаганича беради, мулкни истаганидан олади» оятига ишора.) зоҳир қилсанг, Доро Искандарга мағлуб бўлади.
Йўлингнинг ҳалокатли тоши қизил ёқут, эшигингнинг қора тупроғи тоза мушкдир.
Тунингда Суҳо юлдузи пайдо бўлса, нури қуёшдек оламни ёритади.
Навоий нафс зулматида қолди, эй ёр, сен йўлда Хизр бўлмасанг, ундан қандай қилиб чиқа олади?
Эй яратқучим, қиёматда гуноҳимни кечиришга расулингни ҳимоячи қилгил.

"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан