Алишер Навоий лирикаси. Девонлари |
Мусулмон Шарқи шеърияти тарихини Алишер Навоий лирикасисиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг лирик мероси ўзигача яратилган форс-тожик ва туркий шеъриятнинг давоми бўлиш билан бирга барча замонлардаги ўзбек шеъриятининг энг юксак чўққиси ҳамдир. Ҳар иккала тилда юксак бадиий асарлар ярата олиш қобилиятига эга бўлган ҳассос шоир 45 минг мисрага яқин туркий тилдаги шеърлари ва 12 минг мисрадан ортиқ форс-тожик тилидаги назмий мероси билан ўша давр шеърияти ривожига катта ҳисса қўшди. Алишер Навоий болалик йиллариданоқ бадиий ижод билан шуғуллана бошлаган. “Уч ёш била тўрт ёшнинг орасида” форсигўй адиб Қосим Анворнинг байтини ёд ўқиб, йиғилганларни ҳайратда қолдирган (“Мажолисун нафоис”) Алишер 15 ёшларида “малику-л-калом” Лутфийнинг таҳсинига сазовор бўлади. Адабиёт ихлосмандлари ундан девон тузишни илтимос қилганларида, у ғоят камтарлик юзасидан девон тузиш учун ҳали вақт эрта деб ҳисоблайди. Шунда шоирнинг мухлислари 1465-66 йилларда унинг шеърларини тўплаб, девон тузадилар ва бу девон ўз даврида “хаттотлар султони” номи билан машҳур бўлган Султонали Машҳадий томонидан настаълиқ хатида кўчирилади. Навоийнинг ўзи “Бадоеъу-л-бидоя”га ёзган дебочасида “…аммо халойиқ аросида минг байт-икки минг байт ортуғроқ, ўксукракким ўзлари жамъ қилиб эрдилар, бағоят машҳур бўлуб эрди”, – деб ёзади. Девон уни нашрга тайёрлаган адабиётшунос олим Ҳамид Сулаймонов томонидан шартли равишда “Илк девон” деб номланган бўлиб, 391 ғазал, 41 рубоий, 1 мустазод, 1 мухаммас – жами 434 шеърдан ташкил топган. Девонга шоирнинг 1466 йилдан аввал ёзилган асарлари киргани учун ундаги шеърларнинг ёзилиш санаси нисбатан аниқ деб ҳисоблаш мумкин, шу сабабли бу девон шоирнинг ўспиринлик ва йигитлик давридаги ижоди ва таржимаи ҳоли ҳақида муайян тасаввур берувчи манба сифатида юксак қийматга эга. Девондаги ғазалларни кузатар эканмиз, бугунги кунда халқ орасида машҳур бўлган қуйидаги ғазаллар айнан шоир ижодининг илк даврида яратилганлигига гувоҳ бўламиз:
Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади, Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади...
Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санго, Не балолиғ кун эдиким ошно бўлдум санго...
Навоий фалсафий тафаккурида муҳим қийматга эга бўлган “Анго” радифли ғазалнинг ҳам айнан шу девондан ўрин олганлиги шоирнинг ўша даврдаги юксак салоҳиятидан дарак беради. Ғазал матлаъсини келтирамиз:
Ҳар гадоким, бўриёйи фақр эрур кисват анго, Салтанат зарбофтидин ҳожат эмас хилъат анго.
“Илк девон”даги барча шеърларнинг кейинчалик “Хазойину-л- маоний”га киритилганлиги уларнинг Алишер Навоий учун ҳам қадрли бўлганлигини кўрсатади. Навоийшунос олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган нусхаларни ўрганиш асносида Алишер Навоийнинг ихлосмандлари томонидан тузилган яна бир девони қўлёзмасини аниқлаб, 2012 йилда фанга маълум қилди. Мазкур девон шоирнинг Оққуюнлилар сулоласи (Озарбайжон ва Ғарбий Эрон ҳудудида 1378-1508 йилларда ҳукмронлик қилган ўғуз турклари) ҳукмронлиги ҳудудидаги мухлислари томонидан тузилган бўлиб, ҳозирча фанда шартли равишда “Оққуюнлилар девони” номи билан юритилмоқда. Девон 1471 йил 25 декабрда Анисий тахаллуси билан шеърлар ёзган шоир ва хаттот Абдураҳим ибн Абдураҳмон Хоразмий томонидан Оққуюнлилар салтанатининг марказларидан бири бўлган Шероз шаҳрида кўчирилган. Девонда жами 229 та шеър бор: 224 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас ва 1 таржеъбанд. Бу мажмуадаги 224 ғазалдан 217 таси “Бадоеъу-л-бидоя”га ва фақат биттасигина “Наводиру-н-ниҳоя”га ўтган. Девондаги 90% ғазал «Илк девон»да учрамайди. Бу ҳолат мазкур ғазалларнинг катта қисми 1466 йилдан кейинги 5 йил орасида (1471 йилгача) яратилганлигини кўрсатади. Авваллари Алишер Навоийнинг туркий тилдаги шеърияти 4 босқичда: “Илк девон”, “Бадоеъу-л-бидоя”, “Наводиру-н-ниҳоя”, “Хазойину-л-маоний” тарзида ўрганилиб келинарди. Эндиликда мазкур девон топилгандан сўнг Алишер Навоий шеъриятини беш босқичда ўрганишга зарурат сезилади. Буни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:
Оққуюнлилар салтанатининг асосий аҳолиси ўғуз турклари бўлгани учун мазкур қўлёзмада Алишер Навоий шеърлари ўғуз лаҳжасига мослаштирилиб кўчирилган. Масалан, Навоийнинг машҳур ғазали матлаъси ушбу девонда қуйидаги ҳолатда учрайди:
Меҳр чўх кўрсатдим, аммо меҳрибоне допмадим, Жон басе қилдим фидо, ороми жоне допмадим.
Оққуюнлилар девони ҳозирда Мисрнинг Коҳира шаҳрида сақланмоқда. Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро тахтга чиққанидан кейин унинг топшириғи билан ўзининг биринчи расмий девони “Бадоеъу-л-бидоя” (“Бадиийликнинг бошланиши”)ни тартиб беради. Девоннинг Алишер Навоий ҳаётлик даврида (1480, 1482 ва 1486 йилларда) кўчирилган нусхалари Париж Миллий кутубхонасида (1480 йил, инв.№ 746), Британия музейида (1482 йил, инв.№ 401) ва Тошкент шаҳрида (1486 йил, инв.№ 216, асос нусха) сақланади. Девон мазкур нусхалар асосида филология фанлари номзодлари Ш.Шарипов ва М.Раҳматуллаевалар томонидан нашрга тайёрланган (МАТ, 1-жилд). Шоир бу девони учун махсус дебоча ҳам ёзиб, унда девон тартиб бериш масалаларига тўхталади ва қуйидаги хусусиятларни алоҳида кўрсатиб ўтади: 1. “Аввал будурким, ҳар кишиким девон тартиб қилибдурур, ўттиз икки ҳарфдинки, халойиқ иборатида воқиъдурур ва улус китобатида шойиъ, тўрт ҳарфға таарруз қилмайдурурлар... 2. Яна буким, ҳар ҳарф ғазалиётининг аввал битиган ғазал била ўзга ғазаллар орасида услуб хайсиятидин тафовут риоят қилмайдурурлар. Муқаррардурким, ҳар амрда бир лаҳза ҳақ субҳонаҳу ва таоло ҳамдидин ё расул алайҳиссалом наътидин, ё бу икки ишга далолат қилурдек бир амрдин ғофил бўлмамоғлиқ авлодур... 3. Яна бир буким, гўйиё баъзи эл ашъор таҳсилидин ва девон такмилидин ғараз мажозий ҳусну жамол тавсифи ва мақсуд зоҳирий хатту хол таърифидин ўзга нима англамайдурурлар. Девон топилғайким, анда маърифатомиз бир ғазал топилмағай ва ғазал бўлғайким, анда мавъизатангиз бир байт бўлмағай... 4. Яна буким, сойир давовинда расмий ғазал услубидинким, шойиъдурур, тажовуз қилиб, махсус навъларда сўз арусининг жилвасиға намойиш ва жамолиға оройиш бермайдурурлар. Ва агар аҳёнан матлаъе махсус навъда воқиъ бўлғон бўлса, ҳамул матлаъ услуби била итмом хилъатин ва анжом кисватин кийдурмайдурурлар, балки тугангунча агар бир байт мазмуни висол баҳорида гулоройлиқ қилса, яна бири фироқ хазонида хорнамойлиқ қилибдурур... Ул жиҳатдин саъй қилиндиким, ҳар мазмунда матлаъе воқиъ бўлса, аксар андоғ бўлғайким, мақтаъгача сурат хайсиятидин мувофиқ ва маъни жонибидин мутобиқ тушкай”. Алишер Навоий бу ўринда девонни ғазаллар билан бошлаш, ғазалларни 28 ҳарф эмас, балки 32 ҳарф (ﭺ – чим, ﮊ – же, ﮒ – гоф ва ﻼ – лом-алифни ҳам қўшган ҳолда) билан тугаллаш зарурлиги, девонга даставвал Аллоҳга ҳамд ёки Пайғамбарга наът мавзусидаги ғазалларни жойлаштириш, ғазалларга маърифат ва мавъиза мавзуларига доир байтлар киритиш, ғазал матлаъсида келтирилган фикрни мақтаъгача ривожлантириб бориш ва албатта, девонга жанр жиҳатдан ранг-баранг шеърларни киритишни назарда тутади. Алишер Навоийнинг мазкур девони айнан юқоридаги қонун-қоидаларга амал қилинган ҳолда тартиб берилган бўлиб, унда 11 жанрга оид жами 1046 та шеър мавжуд. Девонга шеърлар қуйидаги тартибда жойлаштирилган: ғазал – 777 та, мустазод – 3 та , мухаммас – 5 та, мусаддас – 2 та, таржиъбанд – 3 та, қитъа – 46 та, рубоий – 85 та, луғз – 10 та, муаммо – 52 та, туюқ – 10 та, фард – 53 та. Алишер Навоий тузган иккинчи расмий девони “Наводиру-н-ниҳоя” (“Беҳад нодирликлар”) деб аталиб, 1480-1487 йиллар оралиғида тузилган. Девоннинг 1487 йилда Ҳиротда машҳур хаттот Абдужамил котиб томонидан кўчирилган нодир қўлёзма нусхаси ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. №11675, асос нусха) сақланмоқда. Шунингдек, девоннинг яна бир нисбатан тўлиқ нусхаси Султон Али Машҳадий томонидан Ҳиротда кўчирилган бўлиб, бу нусха ҳам ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. №1995) сақланади. “Наводиру-н-ниҳоя” девони матни мазкур нусхалар асосида филология фанлари номзоди М.Раҳматуллаева томонидан нашрга тайёрланган бўлиб, унда 862 шеър бор (МАТ, 2 жилд). Мазкур нашрдан ўрин олган шеърларнинг барчаси ғазал жанрига оид. Ушбу девондаги 64 ғазал “Ғаройибу-с-сиғар”га, 331 ғазал “Наводиру-ш-шабоб”га, 213 ғазал “Бадоеъу-л-васат”га ва 196 ғазал “Фавойиду-л-кибар”га киритилган. Ҳазрат Навоий “Наводиру-н-ниҳоя”даги ғазалларни кейинчалик “Хазойину-л-маоний”га киритганда кўпинча уларни таҳрир қилган, баъзи ғазалларнинг фақат матлаъсини сақлаб қолиб, қолган байтларини бутунлай ўзгартирган[1]. Девон Навоийнинг ҳамд мазмунидаги машҳур ғазали билан бошланади:
Зиҳи зуҳури жамолинг қуёш киби пайдо, Юзунг қуёшиға зарроти кавн ўлуб шайдо.
Алишер Навоий 1492-1498 йилларда Ҳусайн Бойқаронинг таклифи билан ўзининг барча шеърлари, жумладан, аввалги расмий девонларига кирган шеърларини ҳам тўплаб, “Хазойину-л-маоний” (“Маънолар хазинаси”) номли йирик куллиёт яратади. Куллиёт тўрт девонни ўз ичига олганлиги учун “Чор девон” деб ҳам юритилади. Куллиётнинг Санкт-Петербург (1498-99, инв. Хаников-55; 1592-96, инв. Дорн-558), Истамбул (1495-97, хаттот Дарвеш Муҳаммад Тоқий кўчирган, инв. № 808), Париж (1525-27, котиб ал-Ҳижроний кўчирган, инв. № 316-317) нусхалари мавжуд бўлиб, улар асосида профессор Ҳ.Сулаймонов куллиётнинг илмий-танқидий матнини яратди (1959-60). Мазкур матн МАТнинг 3-6 жилдларини ташкил этувчи девонлар учун асос бўлган. Алишер Навоий тўрт девоннинг ҳар бирига инсон умрининг фаслларига мослаб ном берди. Шу маънода 7-8 ёшдан 20 ёшгача бўлган даврни инсон умрининг баҳори деб атади ва куллиётнинг биринчи девонини “Ғаройибу-с-сиғар” (“Болалик ғаройиботлари”) деб номлади. 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган даврни инсон умрининг ёзи деб белгилади ва “Наводиру-ш-шабоб” (“Йигитлик нодирликлари”) деб атади. 35-45 ёшни умрнинг кузига қиёс этди ва "Бадоеъу-л-васат" ("Ўрта ёш гўзалликлари") деб номлади. 45-60 ёшини умрининг қишига ўхшатиб, "Фавойиду-л-кибар" ("Кексалик фойдалари") деб атади. Ҳар бир девонга 650 тадан ғазал киритди, шунга мувофиқ бошқа шеърий жанрларга ҳам жой ажратди. Олим Ҳ.Сулаймоновнинг изланишлари шуни кўрсатадики, Навоий “Хазойину-л-маоний” куллиётини тузиш устида бир неча йил тинимсиз меҳнат қилган ва 1498 йилдагина уни ҳозирги ҳолатда тугал тарзда якунлаган. Навоий куллиёт девонларини ўзаро ички мустаҳкам боғлиқ ҳолда ва қатъий мутаносибликда тузадики, уларга кейинчалик бирорта ғазал киритиш ёки девонлар таркибидан тушириб қолдириш ва ҳатто ички ўрнини алмаштириш ҳам мумкин бўлмаган. “Хазойину-л-маоний” куллиётининг ички тузилиши жаҳатидан ниҳоятда мустаҳкам тарзда тартиб берилганлигини шундан тасаввур қилиш мумкинки, Алишер Навоий ундаги тўрт девоннинг ҳар бирига тенг миқдорда 650 тадан ғазал жойлаштиргангина эмас, балки шу билан бирга, шу ғазалларнинг қофияланишига кўра ҳам ҳар бир девонда ўзаро тенг ва қатъий мутаносиб бўлишига жиддий аҳамият берган. Яъни, “алиф” ҳарфи билан тугалланувчи қофия ва радифли ғазаллар тўртала девонда ҳам 39 тадан, “бе” ҳарфи билан тугалланувчи қофия ва радифли ғазаллар 27 тадан ва ҳ.к. тенг тарзда учрайди. Ёки яна бир мисол. “Хазойину-л-маоний” куллиётида ҳаммаси бўлиб “Анго” радифли 12 ғазал мавжуд. Бу ғазаллар тўртала девонга учтадан тенг тарзда тақсимланган. Шунингдек, улар ҳар бир девонда бир ўринда, яъни 8-9- 10 ўринларда жойлаштирилган. Буларнинг барчаси куллиётнинг ниҳоятда мустаҳкам тартибда ўзаро мутаносиб ҳолатда тузилганлигини кўрсатади. Алишер Навоий “Хазойину-л-маоний” куллиёти такмилини 1498 йилда тугатгандан сўнг бу санадан кейинги йилларда ҳам юксак ижодий суръат билан ишлашда давом этган. Шоирнинг ўзи куллиёт дебочасида гувоҳлик беришича, бир кунда бир-икки, баъзан уч-тўрт ғазал ёзган пайтлари ҳам бўлган: Кун бор эдики бир ғазалу икки ғазал, Бал уч ғазалу тўрт ғазал баъзи маҳал...
Навоийшунос А.Абдуғафуровнинг ёзишича, Навоий ҳаётининг сўнгги йилларида ҳам ана шундай катта илҳом ва жиддий суръат билан баракали қалам тебратган ва кейинги икки йилдан ортиқ вақт давомида кўплаб ғазал, қитъа, рубоий, мухаммас ва бошқа лирик жанрларда асарлар яратган[2]. Олим бу лирик шеърлар ўрин олган бир неча манбаларни келтиради: 1. “Муҳокамату-л-луғатайн”да шоир ўзбек адабиёти ва жонли сўзлашув тилининг бойлигини кўрсатиш мақсадида кўплаб сўз ва ибораларнинг ёзма адабиётда ишлатилишига мисол тариқасида ўз шеъриятидан байтлар келтиради. Келтирилган байтларнинг аксарияти тахаллус билан якунланувчи мақтаъ эканлиги ҳазрат Навоийнинг мазкур ғазали тугал ҳолда мавжуд бўлганлигини кўрсатади. 2. Баъзи тазкиралар, хусусан, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида келтирилган мақтаъ байт Навоий девонларининг ҳеч бирида учрамайди. 3. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Рисолаи аруз” асарида Навоий ижодидан рамал баҳри учун мисол тариқасида келтирилган қирқ олти ғазал матлаъларининг биттаси куллиёт таркибига кирмаганлигининг гувоҳи бўламиз. 4. Алишер Навоий асарларига XV-XVIII асрларда тузилган луғатлар, хусусан, “Бадоеъу-л-луғат”, “Абушқа”, “Санглоҳ” луғатларида кўплаб сўзларнинг изоҳи учун келтирилган айрим мисол байтлар ҳам “Хазойину-л-маоний”да учрамайди. 5. Алишер Навоий ғазалларига битилган кўплаб тахмислар таркибидаги шоир қаламига мансуб байтлар ажратиб олинганда уларнинг баъзилари “Хазойину-л-маоний” куллиётида мавжуд эмаслиги маълум бўлади[3]. Буларнинг барчаси Алишер Навоий умрининг сўнгги йилларида ҳам ижод қилишдан бир лаҳза тўхтамаганлигини кўрсатади. Алишер Навоий форсий тилда битган шеърларини ҳам йиғиб, "Девони Фоний" номли тўплам тузди. Бизгача девоннинг бир неча қўлёзма нусхалари етиб келган. Булардан 2 таси Париж (инв. № 285, 1345), 2 таси Туркия (инв. № 3850, 1952), ва бир нусха Теҳрон (инв. № 15002) кутубхоналарида сақланади. Бу нусхалар орасида Париждаги 285 рақамли қўлёзма нисбатан мукаммал ҳисобланади[4]. Академик Б.Валихўжаев “Девони Фоний” нусхаларини ўрганиб чиқиб, улардаги шеърий жанрлар миқдорини қуйидагича деб кўрсатади: 10 қасида, 554 ғазал, 1 мусаддас, 1 марсия, 72 қитъа, 73 рубоий, 16 таърих, 373 муаммо, 9 луғз. Олим уларнинг миқдорини 1109 та деб белгилаб, умумий ҳажми 6179 байт эканлигини таъкидлайди. Кўринганидек, Алишер Навоийнинг барча шеърий мероси 9 девонда жам бўлган бўлиб, уларнинг иккитаси ихлосмандлари томонидан тузилганлиги Навоий шеърларига ҳамма даврларда, хусусан, ўз даврида ҳам юқори даражада эҳтиёж бўлганлигидан дарак беради. АДАБИЁТЛАР: 1. Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1987-1988. 1-2- жилдлар. 2. Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1988-1990. 3-6- жилдлар. 3. Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 2003. 20- жилд. 4. Навоий Алишер. Айёми висол ўлди яна: Янги топилган ғазаллар (Нашрга тайёрловчи Ф.Сулаймонова). – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1995. 5. Навоий Алишер. Хазойинул маоний (Илмий-танқидий текст асосида нашрга тайёрловчи Ҳ.Сулаймонов). 4 жилдлик. 1-4-жилдлар. – Т.: Фан, 1959-1960. 6. Исҳоқов Ё. Алишер Навоийнинг илк лирикаси: Филол. фан.номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссерт. – Т., 1963. 7. А.Абдуғафуров. “Хазойину-л-маоний”дан четда қолган ғазаллар// Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001. 8. Эркинов А. Навоийнинг мухлислари томонидан тузилган яна бир девони // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т.: Фан, 2012. – № 1. 9. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977. [1] 80-йиллар охирида адабиётшунос олима Суйима Ғаниева ушбу девоннинг Навоий муҳри босилган нотугал сурат – нусхасини Эрон Ислом Республикасидан олиб келди. Бу нусха “Навоий дастхати” номи билан 1991 йилда эълон қилинди. [2]Адабиётшунос Ф.Сулаймонова Алишер Навоийнинг “Хазойину-л-маоний” куллиётига кирмаган шеърларини тўплаб, “Айёми висол ўлди яна” номи билан нашр эттирди. Мазкур тўпламга Алишер Навоийнинг 61 ғазали, 2 рубоийси, 7 қитъаси ва 4 фарди киритилган. МАТнинг 20-жилдига илова тарзида киритилган қисмда Алишер Навоийнинг ушбу шеърларидан ташқари Ҳусайний ғазалига тахмиси ва турли манбаларда учрайдиган шеърий парча ҳамда байтлари келтирилган. |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |