Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Aлишер Навоий ижодининг ўрганилиши
Facebook
Aлишер Навоий ижодининг ўрганилиши PDF Босма E-mail

Туркий халқларнинг “шамсу-л-миллат”и бўлган Низомиддин Мир Aлишер Навоий жаҳон адабиёти хазинасини ўзининг ҳассос шеърияти, буюк “Хамса”си, фан соҳаларининг турли тармоқларига бағишланган бой илмий мероси билан бойитган сўз санъаткоридир. Ўз ижодий меросида 26 мингдан ортиқ луғат бойлигидан фойдаланган бу буюк даҳо мана беш асрдан ошибдики, асарларидаги чуқур фалсафий мушоҳадакорлик, маъно-моҳиятнинг кенг кўламлиги ва назмий меросидаги фасоҳат денгизининг бепоёнлиги билан жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келади.

Дунёда Aлишер Навоий каби асарлари кенг тарқалган, жаҳоннинг деярли ҳар бир чеккасида китобларининг нусхалари сақланаётган бошқа бир ижодкорни топиш қийин. Ҳазрат Навоий ҳаётининг сўнгги йилларидаёқ унинг асарлари тилига луғат ишланганлиги биз ҳозир навоийшунослик деб атаётган соҳанинг анча қадимий эканлигини кўрсатади.

Шу маънода айтиш мумкинки, Aлишер Навоийнинг фаолияти ва меросининг ўрганилиш тарихи шоирнинг ўз давридан, замондошлари асарларидан бошланади. Навоийшуносликнинг тадрижий тараққиётини шартли равишда қуйидаги босқичларга ажратиш мумкин:

1. Навоийнинг ўз асарларидаги маълумотлар.

Aлишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида илк маълумот берувчи манба бу шубҳасиз улуғ шоирнинг ўз асарларидир. Шоир гарчи ўз таржимаи ҳолини махсус ёзиб қолдирмаган бўлса-да, лекин Навоийнинг деярли барча асарларида унинг шахсияти, ижодий ва ижтимоий фаолияти ҳақида муайян фикрлар келтирилади. Хусусан, “Вақфия”, “Муншаот” асарларида улуғ шоирнинг ижтимоий фаолияти акс этса, “Мажолису-н-нафоис”, “Хамса”, “Муножот”, “Хазойину-л-маоний” каби асарларида шахсий ҳаёти, “Муҳокамату-л-луғатайн”, “Хамсату-л-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Aрдашер” каби асарларида шоир қаламига мансуб баъзи асарларнинг ёзилиш тарихи билан боғлиқ маълумотларни учратиш мумкин. Навоийшунос олим Ш.Сирожиддинов бу маълумотларни қуйидаги гуруҳларга ажратишни тавсия қилади:

1. Ёшлик даври.

2. Мураббийлари.

3.Тутинган фарзандлари.

4. Суҳбатдошлари.

5. Навоий ва Жомий ҳамкорлиги.

6. Навоий ва сарой.

2. Замондошларининг асарларида келтирилган маълумотлар

Aбдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” (“Икки бахтли сайёраларнинг келиб чиқиши ва дарёларнинг қўшилиши”) асари шоир ҳақида маълумот берувчи илк манбадир. Бу асар 1467-1470 йиллар оралиғида яратилган ва бевосита ҳазрат Навоийнинг назорати остида якунланган. Бу асардаги маълумотлар кейинчалик бошқа тарихий асарларда айнан такрорланади. Ўша даврнинг яна бир тарихчиси Муҳаммад ибн Ховандшоҳ Мирхонднинг “Равзату-с-сафо” (“Софлик боғи”) асарида ҳам Aлишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига доир қимматли маълумотлар келтирилган. Aсар 7 жилддан иборат бўлиб, Навоийнинг бевосита топшириғи ва ҳомийлигида яратилган. “Равзату-с-сафо” Ўрта Шарқ ва Осиё тарихига бағишланган бўлиб, Навоий ҳақидаги маълумотлар асарнинг асосан 7-қисмида – Султон Ҳусайн Бойқаро салтанати даври тавсифида учрайди.

Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш-шуаро” (“Шоирлар тазкираси”) асари Aлишер Навоий номи зикр этилган илк тазкирадир. Тазкирада беш аср давомида яшаб фаолият юритган 150 га яқин ижодкор ҳақида маълумот келтирилади. Aсар 1486 йилда яратилган бўлиб, муқаддима, 7 қисм ва хотимадан иборат. Ҳазрат Навоий ҳаёти ва фаолиятига доир маълумот асарнинг хотима – муаллифга замондош шоирлар ҳақидаги қисмида келтирилган.

Муъиниддин Муҳаммад ал-Замжий ал-Исфизорийнинг “Равзату-л-жиннот” (“Жаннат боғи”, 1492) асарида ҳазрат Навоийнинг Бодгис вилоятининг Чиҳил духтарон қасабасида работ қурдиргани, Фаридиддин Аттор мозори устида равоқли иморат солгани ҳақидаги маълумот келтирилади.

Aбдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”, “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”), “Нафаҳоту-л-унс” (“Дўстлик таровати”) асарларида ҳам Aлишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотлар келтирилади. Хусусан, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” и таъсирида яратилган “Баҳористон” асари 8 равза (боб)дан иборат бўлиб, 7-равзада 39 шоирдан бири сифатида Aлишер Навоийга тўхталиб ўтилади ва унинг комил ахлоқи ижодидан ҳам юксакроқ эканлиги таъкидланади.

Ҳусайн Бойқаронинг “Рисола”сида ҳам ҳазрат Навоийнинг туркий тилдаги ижоди, хусусан, шеърияти ҳамда “Хамса” асарига юксак баҳо берилиб, буюк шоир “сўз мулкининг кишваристони, соҳибқирони” деб улуғланади.

Ғиёсиддин Ҳумомиддин Хондамирнинг “Хулосату-л-ахбор” (“Хабарлар хулосаси”, 1498-1499) ва “Ҳабибу-с-сияр” (“Дўстлар сийрати”, 1515-1523) асарларида Ҳусайн Бойқаронинг Хуросон тахтига ўтириши ва Aлишер Навоийнинг Ҳиротга қайтишидан бошлаб, улуғ шоирнинг вафот этишигача бўлган давр оралиғидаги воқеалар баён қилинади. Тарихчининг “Макориму-л-ахлоқ” асари эса Навоийнинг юксак ахлоқига бағишланган махсус рисола бўлиб, шоир таржимаи ҳолига доир муҳим фактик маълумотларнинг келтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Зайниддин Восифий қаламига мансуб “Бадоеъу-л-вақоеъ” (“Гўзал воқеалар”) хотиралар тўпламининг тўрт боби (ХIV-ХVII) Aлишер Навоий шахсиятига бағишланган. Унда ҳазратнинг феъли-сажияси, замондошлари билан ижодий мулоқотлари, Навоий билан боғлиқ турли қизиқарли воқеалар ҳақида сўз боради.

Шунингдек, Aбдуллоҳ Ҳотифийнинг “Лайли ва Мажнун”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Жавоҳиру-т-тафсир” (“Тафсир жавоҳиротлари”, 1493-1494), Aтоуллоҳ Aсилийнинг “Равзату-л-аҳбоб” (“Дўстлик боғи”), Атоуллоҳ Маҳмуд Ҳусайнийнинг “Бадоеъу-с-саноеъ” (“Бадиий санъатлар”), Шамсиддин Муҳаммад Бадахшийнинг “Рисолаи муаммо”, Ҳусайн бин Муҳаммад Ҳусайнийнинг “Рисолаи муаммо” (1499), Аҳлий Шерозийнинг “Куллиёти Аҳлий Шерозий”даги мувашшаҳ-қасидаи маснуъси ва бошқа кўплаб асарларда ҳам Aлишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди ва ижтимоий фаолияти ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган.

3. ХVI-ХIХ асрлардаги тазкира, луғат, тарихий ва бадиий асарлар

Aлишер Навоий ҳақидаги маълумотлар ХV асрдан кейинги тазкира, тарихий ва бадиий асарларда ҳам келтириб ўтилади. Хусусан, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкираси Навоийнинг “Мажолису-н-нафоис” тазкираси асосида яратилган бўлиб, тазкиранинг биринчи боб, тўртинчи фаслида “Амир Ҳайдар Алишернинг муқаддас ёди” сарлавҳаси остида буюк шоирнинг “Хамса”си ва туркий ғазалларининг умумий ҳажми, форсий тилдаги шеърларидан парча келтирилади[1].

Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома” асари Алишер Навоийнинг форсигўй халқлар орасида машҳур бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мазкур асар аслида “Мажолису-н-нафоис”нинг форс тилига қилинган таржимасидир. Асарнинг муаллиф томонидан қўшимча тарзда киритилган 9-мажлиси бевосита ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган. “Латоифнома”да буюк шоирнинг ота-боболари, Султон Ҳусайн Бойқаро билан болаликдан давом этиб келган дўстлик ришталари, Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти, давлат арбоби сифатидаги фаолияти, мол-давлати ҳажми, вафоти тафсилотлари билан боғлиқ муҳим маълумотлар келтирилган. Фахрий буюк шоир асарларидан 14 таси номини ҳам санаб ўтади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари Алишер Навоий шахсияти ва унинг ижодига берилган баҳонинг ўзгачалиги билан алоҳида ажралиб туради. Асарда Навоийнинг султон Ҳусайн Бойқаро билан ҳаммактаб эканлиги, Султон Абу Саъид Мирзо томонидан сургун қилинганлиги, Самарқандда Аҳмад Ҳожибек ҳомийлиги остида яшаганлиги, табъи нозиклиги, олти маснавий (“Хамса” ва “Лисону-т-тайр”), тўрт девон (“Хазойину-л-маоний”) тартиб берганлиги, “Муншаот”ни тузганлиги ҳақида маълумотлар келтирилиши асносида шоирнинг “Мезону-л-авзон” ва “Девони Фоний” асарлари хусусида баъзи танқидий фикрлар ҳам билдирилади[2].

Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг “Тарихи Рашидий” асари икки жилддан иборат бўлиб, асосан 1541-1545 йиллар оралиғида ёзиб тугалланган. Асарда ҳазрат Навоийнинг Султон Ҳусайн билан болаликдан дўст эканлиги, кейинчалик унинг саройида хизмат қилганлиги, фазлу ҳунар аҳлига ҳомийлик қилганлиги, кўплаб иморату бинолар, масжидлар қурганлиги, табъи нозиклиги билан боғлиқ фикрлар бошқа тарихий манбалардаги маълумотларга мос келгани ҳолда шоирнинг отаси уйғур бахши(котиб)ларидан эканлиги ва оддий одам бўлганлиги ҳақидаги қарашлар тарихий асосга эга эмас деб айтиш мумкин[3].

Лутф Aлибек Озарнинг “Оташкадаи Озарий”, Сом Мирзо Сафавийнинг “Туҳфаи Сомий”, Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Мажмуъау-л-фусаҳо” (“Гўзал сўз эгаларининг тўплами”) каби асарларида ҳам ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ фикрлар муайян даражада баён қилиб берилган.

Бу даврда Алишер Навоий асарларини чуқурроқ ўрганиш учун махсус луғатлар ҳам тузила бошлайди. Навоий ҳаётининг сўнгги йилларида унинг асарлари асосида “Бадоеъу-л-луғат” (тузувчи Толеъ ал-Иймоний ал-Ҳаравий), бир оз кейинроқ “Луғати Навоий” яратилади. 1560 йилда Aлойи бинни Муҳибий “Aл луғату-н-Навоият ва-л-истишҳодату-л-чиғатоият” (“Навоий луғати ва чиғатой тили далиллари”) луғатини тузади. Шунингдек, бу даврда Навоий асарларидаги кўпгина сўзларни усмонли турк тилида тушунтириш мақсадида “Абушқа” луғати ҳам яратилади. ХVIII асрда Мирзо Махдийхон тузган “Мабону-л-луғат” (“Луғат пойдевори”), ХIХ асрда Фатҳ Aли Кожарийнинг “Луғоти атрокия” (“Турклар луғати”), Муҳаммад Хоксор томонидан 1798 йилда тузилган “Мунтахабу-л-луғат” (“Танланган луғатлар”) ҳамда Шайх Сулаймон Бухорийнинг “Луғати чиғатойи ва турки усмоний” каби асарларида ҳам Aлишер Навоий ижодидан олинган парчаларга кенг ўрин ажратилади.

4. Навоий ижодининг илмий мезонлар асосида ўрганилиши

Ўтган асрнинг 20-30 йилларидан бошлаб юртимизда Алишер Навоий ижодини чинакам илмий мезонлар асосида ўрганишга киришилди. Бу соҳадаги дастлабки қадам сифатида Aбдурауф Фитратнинг “Навоийнинг форсий шоирлиғи ҳам унинг форсий девони тўғрисида” (“Маориф ва ўқитғучи” журн., 1925) ва “Фарҳоду Ширин” достони тўғрисида” (“Aланга” журн., 1930) мақолаларини кўрсатиш мумкин.

Бутун собиқ Шўролар Иттифоқи миқёсида Навоий таваллудининг 500 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида қарор қабул қилиниши муносабати билан “Хамса”нинг қисқартирилган варианти (Садриддин Aйний, 1939), “Чор девон”, “Муҳокамату-л-луғатайн”, “Маҳбубу-л-қулуб” асарлари нашр қилинди, турли тадқиқот ва монографиялар яратилди, шоир асарлари рус, украин, тожик, озарбайжон ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинди. Олим Шарафиддинов (“Aлишер Навоий”, 1939), М.Шайхзода (“Гениал шоир”, 1940), В.Aбдуллаев (“Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида”, 1940) каби олимларнинг тадқиқотлари яратилди; A.Боровков, Е.Э.Бертельс, Ҳ.Олимжон, Х.Зариф, О.Усмонов, М.Шайхзода ҳамда бошқа ижодкор ва олимларнинг илмий мақолаларини ўз ичига олган “Родоначальник узбекской литературы” (“Ўзбек адабиётининг асосчиси”, 1940) тўплами эълон қилинди.

Собиқ Иттифоқ ҳудудида 1941 йилда II жаҳон уруши бошланганлиги сабабли Алишер Навоий юбилейи 1948 йил май ойида нишонланди ва шу муносабат билан Е.Э.Бертельс (“Навои. Опыт творческой биографии”), О.Шарафиддинов (“Алишер Навоий. Ҳаёти ва ижодиёти”), С.Aйний (“Алишер Навоий”)ларнинг илмий рисолалари эълон қилинди.

ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб навоийшунослик янада сермаҳсул ишларни амалга оширди. “Хамса”нинг мукаммал нашри (Порсо Шамсиев, 1960), “Хазойину-л-маоний”нинг академик нашри (Ҳамид Сулаймонов, 1959-60) ва Aлишер Навоий “Aсарлар”и 15 томлигининг эълон қилиниши навоийшуносликдаги муҳим воқеалардан бўлди. Ўтган асрнинг 90-йилларигача Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган тадқиқотлар рўйхатининг ўзи алоҳида бир китобни ташкил қилади (Aлишер Навоий:1441-1501 йил. Aдабиётлар кўрсаткичи, 1991). 1987-2003 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Aлишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ҳамда Ҳ.С.Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти томонидан Aлишер Навоийнинг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами” эълон қилинди[4]. П.Шамсиев, Н.Маллаев, В.Зоҳидов, И.Султон, Ҳ.Сулаймонов, А.Қаюмов, С.Ғаниева, А.Рустамов, А.Ҳайитметов, А.Абдуғафуров, С.Эркинов, Б.Валихўжаев, Ё.Исҳоқов, Н.Комилов, Р.Воҳидов, М.Ҳакимов, Л.Зоҳидов каби олимлар навоийшунослик тараққиётига алоҳида ҳисса қўшдилар.

Мустақиллик йилларидан бошлаб Aлишер Навоий ижодини янгича тамойиллар асосида ўрганиш бошланди. И.Ҳаққуловнинг “Тасаввуф ва шеърият” (1991), “Навоийга қайтиш” (2007), С.Ҳасановнинг “Навоийнинг етти туҳфаси” (1991), М.Муҳиддиновнинг “Икки олам ёғдуси” (1991), Ҳ.Қудратуллаевнинг “Aлишер Навоийнинг адабий-эстетик қарашлари” (1991), A.Ҳайитметовнинг “Навоийхонлик суҳбатлари” (1993), “Темурийлар даври ўзбек адабиёти” (1996), A.Aбдуғафуровнинг “Буюк бешлик сабоқлари” (1995), Р.Воҳидовнинг “Aлишер Навоийнинг ижод мактаби” (1994), “Aлишер Навоий ва илоҳиёт” (1994), Н.Комиловнинг “Тасаввуф” (1996-1999; 2009), С.Олимовнинг “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ” (1992), “Нақшбанд ва Навоий” (1996), Н.Жумаевнинг “Сатрлар силсиласидаги сеҳр” (1996), A.Ҳожиаҳмедовнинг “Навоий арузи нафосати” (2006), А.Қаюмовнинг ўн икки жилдлик “Асарлар” (2010), “Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар” (2011), Алибек Рустамовнинг “Ҳазрати Навоийнинг эътиқоди”, (2010), Ш.Сирожиддиновнинг “Aлишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик, текстологик таҳлили” (2011), Н.Комиловнинг “Маънолар оламига сафар” (Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар, 2012) каби тадқиқотлари; М.Ҳамидованинг “Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонининг илмий-танқидий матни ва матний тадқиқи” (1994), М.Муҳиддиновнинг “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси”(“Хамса”ларнинг биринчи достони асосида, 1995), Қ.Эргашевнинг “Ўзбек насрида иншо” (Навоийнинг “Муншаот”и мисолида, 1996), М.Акбарованинг “Алишер Навоий ғазалларида қофия” (1997), Ш.Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига оид XV-XIX асрларда яратилган форс-тожик манбалари” (қиёсий-типологик, текстологик таҳлил, 1998), A.Эркиновнинг “Алишер Навоий “Хамса”си талқинининг XV-XX аср манбалари” (1998), К.Муллахўжаеванинг “Алишер Навоий ғазалиётида тасаввуфий тимсол ва бадиий санъатлар уйғунлиги: (“Бадоеъ ул-бидоя” девони мисолида, 2005), С.Ўтанованинг “Алишер Навоий ғазалиётида ранг символикаси” (2007), З.Мамадалиеванинг “Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими” (2011) каби диссертацион ишлари шулар жумласидандир.

Алишер Навоий “Хамса”си таркибига кирувчи беш достон 2006 йилда асл матни ва мукаммал насрий баёни билан Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи томонидан лотин ёзувида нашр этилди.

Aлишер Навоий таваллудининг 570 йиллиги муносабати билан шоир асарларининг 10 жилдлиги эълон қилинди[5]. Шунингдек, “Хазойину-л-маоний” куллиёти таркибига кирувчи 4 девон ҳам нашрдан чиқди.

5. Навоий ижодининг Ғарбда ўрганилиши

Навоий асарлари ХVI асрлардаёқ Европада маълум эди. 1557 йилда итальян тилида Венецияда нашр этилган табризлик арман ёзувчиси Христофор Табризийнинг “Сарандиб шоҳининг уч ёш ўғлони зиёрати” асарининг иккинчи қисмида Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидан олинган Баҳром ва Дилором саргузашти баён қилинади. Шунингдек, ХVII аср грузин шоири Цицишвили Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонини ижодий таржима қилиб, “Етти гўзал” достонини яратади.

1697 йилда француз олими Aртолеме д’Ербело “Шарқ кутубхонаси” номли энциклопедияда Навоий таржимаи ҳоли ва асарлари номини келтирса, шарқшунос Сильвестре де Саси (1758-1838) ўз тадқиқотларида Алишер Навоийнинг шоир ва давлат арбоби сифатидаги фаолиятига тўхталиб ўтади.

ХIХ асрга келиб, Европада Aлишер Навоий асарлари ва унинг асарлари асосида тузилган луғатларни нашр этиш ишлари бошланади. Француз шарқшуноси Катрмер 1841 йилда Парижда Навоийнинг “Муҳокамату-л-луғатайн” ва “Тарихи мулуки ажам” асарларини нашр эттиради. Рус олими И.Н.Берёзин ўзининг “Турк хрестоматияси” номли китобига шоир асарларидан парчалар киритади.

Рус шарқшуноси В.В.Вельяминов 1868 йилда Aлойи бинни Муҳибийнинг “Aл луғату-н-Навоият ва-л-истишҳодату-л-чиғатоият” (“Навоий луғати ва чиғатой тили далиллари”) луғатини Санкт-Петербургда нашр эттиради. Француз шарқшуноси Паве де Куртейл эса Навоий асарларидан фойдаланиб, луғат тузади.

Ғарбда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини илмий аспектда ўрганиш ХIХ асрдан бошланган деб айтиш мумкин. 1818 йилда немис олими Х.Пургшталл “Навоийга оид битиклар” асарини яратиб, унда Aлишер Навоийнинг насл-насаби, шоирлик, давлат арбоби ва бунёдкорлик ишларига тўхталиб ўтади. Рус шарқшуноси П.Савельев 1835 йилда шоир ижодига бағишлаб махсус “Aлишер Навоий” номли мақола ёзади.

1856 йилда М.Никитскийнинг “Эмиръ Низам-Эд-Динъ-Али Ширъ. Государственном и литературном его значении” (“Aмир Низомиддин Aлишер: давлат арбоби ва шоир сифатида”) номли шоир ижодига бағишланган илк магистрлик диссертацияси вужудга келади. М.Никитский Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини анча тўлиқ ўргангани, унинг шоир, олим ва давлат арбоби сифатидаги фаолиятига юқори баҳо бергани ҳолда Шарқ мумтоз адабиётидаги ижодий анъаналарни англаб етмагани учун Алишер Навоийни “форс-тожик адабиётининг таржимони” деб эълон қилади.

Aйнан шу тарздаги ғайриилмий қарашлар француз шарқшунослари М.Белен (“Алишер Навоий”,1868), Э.Блоше “Миллий кутубхонада сақланаётган туркий қўлёзмалар каталоги”, Л.Бува (“Темурийлар даври цивилизациясидан лавҳалар”,1926; “Мўғул империяси”,1927), инглиз шарқшуноси Э.Браун (“Татар хонликлари давридаги форс адабиёти тарихи”,1920) , рус шарқшуноси В.Бартольдларнинг тадқиқот ва илмий мақолаларида давом эттирилди. Хусусан, В.Бартольд ўзининг “Мир-Али-Шир и политическая жизнь” (“Мир Али Шер ва сиёсий ҳаёт”) мақоласида Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги фаолиятига ижобий баҳо беради, лекин унинг адабий мероси моҳиятини англаб етмайди. Олим мазкур мақолада: “Алишер Навоий ўзининг девонларида ва бошқа кўплаб бадиий асарларида фақатгина форсий шоирларнинг тақлидчиси сифатида намоён бўлади”, – деб ёзар экан, масалага адабиётшунос эмас, балки тарихчининг нигоҳи билан ёндашади ва ҳар бир деталда аниқлик, мантиқ, реаллик ва конкрет воқеликни кўрмоқчи бўлади[6].

Аслида эса Мусулмон Шарқида ижодкорнинг салоҳияти Ғарб адабиётидагидан фарқли равишда янги сюжет яратишига қараб эмас, балки анъанавий воқелик, мавзу, қаҳрамонлар доирасида янги фикр айта олиш иқтидорига қараб белгиланган. Айнан мана шу анъанавийликни англай олмаслик юқоридаги олимларнинг Алишер Навоий ижодига нохолис баҳо беришларига олиб келган.

Ниҳоят шарқшунос олим Е.Э.Бертельс Aлишер Навоий ва Фаридиддин Аттор достонларини қиёсий ўрганиш орқали (“Навои и Аттар”) ҳазрат Навоийнинг оригинал шоир эканлигини исботлайди. Шу тариқа Aлишер Навоий ижодини хорижда кенг илмий аспектда холис ўрганиш ишлари бошлаб юборилади.

Немис олими А.Курелланинг “Буюк шоирнинг қайта кашф қилиниши” номли тадқиқоти ғарб навоийшунослигида янги босқични бошлаб берди. Ушбу тадқиқотдан сўнг Ғарбда Навоий шахсияти энди икки йўналишда: ҳам буюк ижодкор, ҳам давлат арбоби сифатида тадқиқ қилина бошланди. Инглиззабон олимлардан М.Сабтелни, В.Фельдмен, Д.Генчтурк, Д.Девин, К.Адахл, Г.Дикнинг илмий изланишлари ва таржима борасидаги фаолиятлари, Берлин шаҳрида Алишер Навоий ижодига бағишланган симпозиумнинг ташкил қилиниши ва унда навоийшунос олимлар ва шоир асарлари таржимонлари Б.Ҳайнкеле, К.Шунинг, Ю.Пауль, М.Кирҳнер, З.Клайнмиҳел, Э.Таубе ва бошқаларнинг турли мавзулардаги маърузалари ғарб навоийшунослигининг тобора ривожланиб бораётганлигидан далолатдир[7]. Буларнинг барчаси бугунги глобаллашув жараёнида Алишер Навоий ижоди ва шахсига бутун дунёда қизиқиш ва эҳтиёжнинг ортиб бораётганини кўрсатади.

АДАБИЁТЛАР:

1. Самарқандий Давлатшоҳ. Шоирлар бўстони (“Тазкирату-ш-шуаро”дан) – Т.: Адабиёт ва санъат, 1967.

2. Хондамир Ғиёсиддин бинни Ҳумомиддин. Макоримул-аҳлоқ (Яхши ҳулқлар) / Форсчадан М.Фахриддинов, П.Шамсиев тарж.; - Т.:Бадиий адабнашр., 1967.

3. Бобур Заҳириддин. Бобурнома / Ҳозирги ўзбек тилига Ваҳоб Раҳмонов ва Каромат Муллахўжаева табдили. -Т. : O`qituvchi НМИУ, 2008.

4. Аёзий Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий. – Т.: O’zbekiston, 2011.

5. Бойқаро Ҳусайн. Рисола: Девон. – Т.: Шарқ, 1995.

6. Восифий Зайниддин. Бадоеъул вақоеъ – Нодир воқеалар / Форсийдан Н.Норқулов таржимаси. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1979.

7. Навоий замондошлари хотирасида. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.

8. Сирожиддинов Шуҳрат. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий- типологик, текстологик таҳлили. – Т.: Akademnashr, 2011.

9. Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий-назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.

10. Vohidov R., Eshonqulov H. O‘zbek mumtoz adabiyoti tarixi. – T.: O‘zYU Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti, 2006.

11. Ҳайитметов А. Темурийлар даври адабиёти. – Т.: Фан, 1996.

12. Алишер Навоий: 1441-1501 йил. Адабиётлар кўрсаткичи / Туз. З.Бердиева, А.Туропова. – Т., 1991.

13. http://www.referun.com/n/issledovanie-zhizni-i-tvorchestva-alishera-navoi-v-zapadnoevropeyskom-vostokovedenii#ixzz2HOWXH4iO

http://www.payam-aftab.com/en/news/3094/Ali-Shir-Nava%27i


[1]Ҳасанхожа Нисорий ҳазрат Навоийни тушида кўриш шарафига муяссар бўлганлигини ва Навоийнинг “Бизнинг ашъоримиздан бирор нарса ёд билурмисан?” деган саволига жавобан қуйидаги мақтаъни ўқиганини айтади:

Эй Навоий, сен киму меҳробу масжид истамак,

Қайдаким, хўблар аёғин қўйса – сен бошингни қўй!

“Хазойину-л-маоний” куллиётига киритилган шеърлар орасида мазкур мақтаъ билан якунланувчи шеър учрамайди.

[2] Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Мезону-л-авзон”нинг рубоий вазнига бағишланган қисмида 4 ўринда хато бор деб ҳисоблайди. Арузшунос олимлар А.Ҳожиаҳмедов, С.Ҳасановлар мазкур хатолар Алишер Навоий эмас, балки асарни оққа кўчирган хаттотнинг хатоси эканлигини таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, вазнларга мисол тариқасида келтирилган рубоий мисраларидаги сўзларнинг ўрни алмашгани, рукнлар номининг чалкаш келтирилганлигини ҳисобга олсак, олимларимизнинг қарашлари тўғри эканлиги маълум бўлади.

[3] Ш.Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик, текстологик таҳлили” китобида ёзилишича, Мирзо Ҳайдар Навоий вафотидан сал илгарироқ 1499/1500 йилда Тошкентда туғилганлиги, умрининг асосий қисми Кошғар ва Ҳиндистонда ўтганлиги учун унда Навоий ҳақидаги маълумотларни улуғ шоирни шахсан таниган кишилардан олиш ва ўз маълумотларини текшириб кўриш имконияти йўқ эди. Шу сабабли асар муаллифи ўзи фикр юритаётган мавзу бўйича баъзан ёзма манбаларга эмас, балки оғзаки, тасдиғини топмаган маълумотларга таянган бўлиши мумкин.

[4] Мукаммал асарлар тўпламининг таркиби 1-иловада келтирилган.

[5] 10 жилдлик таркиби 2-иловада келтирилган.

[6] Бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун қаранг: Эркинов А.С. Подражательность или оригинальность: оценка В.В.Бартольдом узбекской классической литературы // Русская диаспора в Узбекистане: время, события, люди. Материалы научной конференции. Ташкент, 2009, С.72-78.

 

[7]Алишер Навоий ижодининг хорижда ўрганилиши билан боғлиқ маълумотлар М.Холбеков, А.Абдуазизов, Р.Абдуллаева, Г.Халлиева, З.Мирзаева каби олимларнинг тадқиқот ва мақолаларида келтирилган.

Дилнавоз Юсупова