Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Девон. Ҳофиз Шерозий - 7
Facebook
Девон. Ҳофиз Шерозий - 7 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Девон. Ҳофиз Шерозий
2
3
4
5
6
7
Ҳамма саҳифа
14
Кел, қўлда тутиб қилгучи шод бодаи ноб,
Кел, сифла рақибдан яширин ҳамда шитоб.
Душман сўзига кирма сира, кетма, ўтир,
Кел, тингла бу нуктани-ю, нўш айла шароб!
15
Боғ ичра бўлиб боди сабо дояи гул,
Машшота мисоли ясатиб пояи гул,
Гар соя аро топса омонлик офтоб,
Бас, иста қуёш юзлини-ю, сояи гул.
16
Ул жомки, сафо гулшани — тут илкимга,
Ёр тимсоли соғар — ани тут илкимга.
Занжир каби ул май ўралар ўз-ўзига,
Девонаси бўлдим, қани, тут илкимга!
17
Ҳаргиз мени ёд айламадинг, шамъи Чигил,
Мушкул эса-да бу мен учун — кўнди кўнгил.
Дардеки, ғамингдан юрагимда қат-қат,
Дил билга-ю мен билгум, мен билгум-у дил.
18
Сен — тўлган ой-у, сенга қуёш банда эмиш,
То банда эмиш ўшал — равшан-да эмиш.
Бир чеҳраки, офтоб нур эмиб шуъласидан,
Ой ҳам илибон ёғду билан шаън-да эмиш.
19
Ул фасли йигитликда шароб кўп создир,
Гул юзлар ила бодаи ноб кўп создир.
Олам-ку хароб работ эрур бошдан-оёқ,
Бўлмоқ бу хароб ерда хароб кўп создир.
20
Гар биз каби сен ҳам асири дом бўласан,
Азбаски, хароби бодаю жом бўласан.
Дунёсига ўт қўйгучи ошиқлармиз,
Биз бирла ўтирма сира — бадном бўласан!
21
Ким кўрди у ёрдан вафо — мен кўраман?
Ким кўрди жафодан сафо — мен кўраман?
Умримсан-у, аммо бевафосан, не килай,
Ким кўрди умрдан вафо — мен кўраман?
22
Зулфингнинг учи каби менинг қаддим хам,
Ошуфта дилим лабингни истар ҳар дам.
Писта каби танг лабинг — дилимнинг ризқи,
Ҳолимнинг танглиги аён шундан ҳам.
23
Сендан мени бу фалак айиргандан буён,
Ким кўрди лабимда бир табассумни, қачон?
Ҳар қанчаки ҳижрон ғами бор кўнглимда —
Бир мен биламан ҳамда Худованди жаҳон!
24
Ҳажринг ўгида шамъ каби афзун йиғлай,
Жомдек тўкайин-у ашки гулгун, йиғлай,
Май жомига ўхшайман-у, дилтангликдан
Чанг ноласини тинглар экан, хун йиғлай...
25
То тонггача юммадим ғаминг ичра кўзим,
То тонггача ёш тўкдим — кўп дилда сўзим.
Дардингни бировга сира айтиб бўлмас,
То тонггача гаплашдим ўзим бирла ўзим.
26
Бу сўзи ширинлар аҳдига йўқ поён,
Орифлар улар йўлида бергайлар жон.
Маъшуқа ҳамиша ихтиёрингда бўлар,
Ишқбозлар аро бўлмаса номинг достон.
27
Ҳижрон куни бу — дўстларни ёд айлагали,
Айш вақти эмас кўнгилни шод айлагали.
Май жоми қошимда бўлса-да ҳушёрман,
Бир дўстим йўқ, чунки нашот айлагали.
28
Ишқинг ғамидан қон тўла дил кишварида,
Ҳуснинг сенинг ақл идрокидан ташқарида.
Зулфинг кўйида зору ғарибдир бу дилим,
Оҳ, ҳоли унинг не бу тун сендан нарида?..
29
Эй, тимқора зулфинг қуёшга соя,
Гўёки ниқоб кулоҳинг янги оя.
Шом бўлса яловбардор мушкин хатишта,
Тонг чокар сен каби қамарсиймоя.
30
Жон зулфини ҳалқаси аро истар жой,
Зероки, бало бандини очгай ул ой.
Ёр қоши учун жонимни пешкаш қилдим,
Кўрсатса юзин зора ўшал қоши ёй.
31
Гул сўйлар эди: «Оёқ-қўлим бўлсайди,
Қочиб қутулар эдим — йўлим бўлсайди.
Айбим йўғ-у, шунча куйдим, оҳ, яхши эди —
Айбим боридан кўра ўлим бўлсайди...».
32
Создир неча дилни май билан шод этсак,
Ўтган билан кетганни-да кам ёд этсак
Ҳам бир йўла зиндоний омонат жонни
Бир лаҳза ақл илкидан озод этсак...
33
Бул кеча ғамингдан қон аро ётгумдир,
Ранж бистарида ҳижрон аро ётгумдир.
Гар шубҳа этарсан, ўз хаёлингни юбор,
Кўрсин ўша не афгон аро ётгумдир...
34
Гул ғунчаси то бодага ҳамроз бўлгай,
Май майлида наргис қадаҳсоз бўлгай.
Фориғ дили ул кимсаниким мисли ҳубоб
Майхонага йўл тутиб, сарафроз бўлгай!
35
На давлати дунёни(нг) ситамга арзир,
На лаззати мастликни(нг) аламга арзир,
На шодлиги дунёни неча минг йиллик
Ул бир неча кун меҳнату ғамга арзир.
36
Улфатлар аро қай куни дил қилди хитоб:
Гул мавсумида тарк этайин бодаи ноб.
Булбул чаман ичра қичқириб берди жавоб:
Ғофил, бу нима — фасли гулу тарки шароб?!
37
Мен ҳақдаги фикрингни, сабо, сўзла ниҳон,
Оз бўлса-да ишқ изҳорига мингта забон,
Оҳиста сўз оч сўз орасинда, токи
Севгимни малол олмасин ул қоши камон.
38
Ҳарчанд фироқ сендан узоққа солсин,
Сабримни юзинг ҳажри дилимдан олсин,
Бир бор назарим тушса бўлак юзга агар,
Ҳуснинг тузи ҳаққи, қўзларим кўр бўлсин!
39
Ич боданиким, мангу ҳаёт шу асли!
Беш кун бу тирикликда нажот шу асли!
Гул мавсумию дўсту яқинлар сармаст,
Шод бўл, бу жаҳонда чин нашот шу асли!
40
Ўлдим бўса бирла қучоғинг орзусида,
Улдим ўша жонбахш дудоғинг орзусида.
Чўзиб нетаман қиссани, бас, қисқа қилай:
Ўлдим, яъни бошдан-оёғинг орзусида!
41
Чеҳрангки, латофат ичра ойинаи руҳ,
Тонгларда хаёлинг қадами берса шукуҳ.
Тортишга кўзимга қўрқаман киприкдан:
Бўлмасми хаёлингнинг оёғи мажруҳ?
42
Мазмуни бўлай, дединг, хаёл-ўйингнинг,
Сабр айла-ю, кўнглингни мудом тутгил кенг.
Оҳ, сабр қани-ю, дил нима? Аслида дил —
Қондир ўзи бир қатра-ю, андишаси минг.
43
Кўзингдан макру афсун ёғилади,
Важ излаб жангга қаҳру кин ёғилади.
Кўнглинг яна қолди ҳамнафаслардан тез,
Бераҳм дилингдан тош тайин ёғилади.
44
Ғам ичра мисоли бода қайнаб нетасан?
Ғам лашкарига қарши нечук жанг этасан?
Сабза каби лабдан бодани тутма узоқ,
Сабза бўйида май ич — беҳинпта етасан!
45
Қар кун дилим оғрийди бўлак қайғу билан,
Ҳар кун уради кўзга фироқ ўзга тикан.
Мен жаҳд этаман вале қазо қайтаргай:
«Иш бошқа сен ўйлагандан унда умуман!»
46
Сув кетди тагига умр вайронасининг,
Тўлмоқ ғами босди умр паймонасининг.
Эй хожа, кўзингни оч, замон ҳаммоли
Рахтини қўпормоқда умр хонасининг...
47
Эй, тортинади ғунчаи мастур сендан,
Ҳайрону хижил наргиси махмур сендан.
Гул тенг кела олмас сенга, ул моҳтобдан —
Гар ёғду эмар, олади ой нур сендан.
48
Ҳеч бир умидингни оқламас чарх — олчоқ,
Ҳар айланишидан титра мисли япроқ.
Дединг: «Қорадан кейин бўлак ранг бўлмас,
Бўлди нега унда қора сочим оппоқ?!»
49
Ғамдан ўзга менинг мададкорим йўқ,
Ғамдан ўзга ишқ ичра ҳам ёрим йўқ.
Бас, топмадим ўзга ҳамдаму ҳамрозни,
Ғамдан ўзга дўсту вафодорим йўқ.
50
Мақсад йўлида умрни зоеъ қилдим,
Нафъ кўрмаганимни бу замондан билдим.
Ҳар кимга деган эсам сени дўст тутдим,
Бўлди ўша душманим — бағрини тилдим...
51
Эй ёр юзи ишқи, мени кўп зор этма,
Дилхаста бу ринд аҳлини хуммор этма.
Расмини йўловчиларнинг, сўфий, биласан,
Ринд аҳли ҳақинда сўзни бисёр этма.
52
Келмайди хаёлимга ўйингдан ўзга,
Йўл борини билмадим кўйингдан ўзга.
Ҳар дийдага уйқу ёқар, аммо менинг
Кўзимга кўринмайди бўйингдан ўзга.
53
То ҳукми илоҳий бунда мангу бўлгай,
Ҳамроҳинг абад қувончу кулгу бўлгай!
Қўлингдан агар мен бир қадаҳ нўш этсам,
Бас, мангу ҳаёт сармояси шу бўлгай!
54
Май майдалаб ўлтирса, на соз, сув бўйида,
Дунё ғаму ташвиншни қўй — беҳуда.
Гул умри каби ҳаётимиз ўн кундир,
Бил ҳар дамини унинг ғанимат жуда.
55
Шодлик қушининг наволари келмоқда,
Ё Боғи Эрам ҳаволари келмоқда,
Ё ёр лабидан сабо хабар келтирмиш,
Алқисса, ажиб садолари келмоқда.
56
Аввалда вафо қилди тутиб жоми висол,
Маст этди-ю, ҳажр аро сўнг отди у ҳилол,
Ҳар икки кўзим ёшга, дил оташга тўла,
Тупроқ каби жоним йўлида бўлди увол...
57
Офтобдек ул ой юзи мунаввар бўлди,
Хатти бўйида чашмаи кавсар бўлди.
Дилларни у солди чоҳига кулгичининг,
Чоҳ теграси буткул мушку анбар бўлди.
58
Сепган каби юз тилим жигар устига туз,
Ҳажринг ғами тутди хаста кўнглим сари юз.
Қўрқиб яшаган эдим мудом ҳижрондан,
Ҳайҳот, ўша айрилиқ етиб келди бу кез...
59
Кўйингда менингдек киши йўқ бехона,
Наздингда менингдек киши йўқ бегона.
Зулфинг дорига осишгани бежиз эмас —
Ишқингда менингдек киши йўқ девона.
60
Кўнглим қуши то тушди ғаминг домига-ей,
Бўлди у йўлиққан каби тиғ комига-ей,
Дунё қадаҳин шарбатидан безорман,
Тўлди жигарим қони ғаминг жомига-ей.
61
Вақт етди, хуморлар аста қўзғолгайлар,
Ёру маю соз ёнидан жой олгайлар,
Ўткинчи ҳаётга қасдма-қасд ул дамда
Жом бирла қадаҳга қора қон солгайлар.
62
Ер сочини тутдим: «Эй ҳаётим нақши,
Ўнглагил ишим, дилимнинг фараҳбахши».
Деди: «Қўй-у сочимни, лабимни иста,
Бир лаҳзалик айш узун умрдан яхши!»
63
Жонон, сени тарк айламак эрмас осон,
Зумрад хатинг қошида то бермай жон.
Жонимни ғизосидир у ёқут лаблар,
Келмайди тенг унга икки юз минг маржон.
64
Дерларки, беҳишт эшигига етгаймиз,
Май — қўлда, малак — қучоқда айш этгаймиз.
Бас, биз маю маъшуқни десак, не бўпти?
Иш оқибати шундай экан, нетгаймиз?!
65
Гул бахти жуда кулган экан гулшанда,
Йиғлайди булут, гул-чи, қилади ханда.
Мақтанса-да озодлигидан ҳарчанд сарв,
Тик қадди билан бўлибди гулга банда.
66
Важ топади, ким бодани инкор қилади:
Шундай тирилар, ҳар киши қандай ўлади!
Бизлар яшадик маъшуқу май бирла мудом,
Бас, ҳисса: қиёматда-да шундай бўлади!
67
Шўр бахтим агар бўлмаса ёр, мен на қилай?
Кўнглимни қувонч айласа зор, мен на қилай?
Кўзимнинг у гавҳари эди — тарк этди,
Бу гавҳари йўқ кўз энди хор, мен на қилай?
68
Қай дам назаринг бу дили ғамнокка етар,
Гўёки қуёш шуъласи хошокка етар.
Сўз қотма, эсам-да гар йўлинг тупроғи,
Минг ҳайфки, оввозинг агар хокка етар...
69
Гар кўйлагини ечса у ой юзли пари —
Мотдир бу жаҳондаги гўзалларнинг бари!
Қалби кўринар кўксида нозиклигидан
Соф сувда кўринган каби тош зарралари.
70
Шоҳ тахтида ўлтирса-да тўкиб ёшини
Гул зорланади: «Кўринг бу дунё ишини:
Гар шунча куяр мен каби шаффоф хилқат,
Вой, ҳолига минг вой гуноҳкор кишининг!»
71
Токайгача бу элга жафо қилгайсан?
Озурда кўнгилларни яна тилгайсан?
Дил аҳли қўлида қонсираган тиғ бор,
Қонинг сени бўйнингда эрур билгайсан?..
72
Тонг ели, ўшал сулувга хушторлигим айт,
Бир кўргали ой юзини минг зорлигим айт,
Тунларни ширин уйқуда ўтказгучи ул —
Беғамга қачондан бери бедорлигим айт.
73
Дедимки: «Лабинг?» Деди: «Лабим — оби ҳаёт».
«Оғзинг-чи?» — дедим. Деди: «Бу — бир дона набот».
Дедимки: «Сўзинг?» Дедики: «Ҳофиз айтмиш:
«Сўз пирларини дуо билан айланг ёд!»
74
Мардликни сўра фотиҳидан Хайбарнинг!
Химмат сирини хожасидан Қамбарнинг!
Ҳақ файзини, Ҳофиз, тиласанг астойдил,
Сўр манбаини соқийсидан Кавсарнинг!
75
Эй дўст, ғаним жафосига қўл силта!
Майдан ўзга сафосига қўл силта!
Ҳақни бил-у, ўзингни — бу олам элининг
Ҳар яхши-ёмон баҳосига қўл силта!

Эргаш Очилов таржималари