5 дан 7 сахифа
- Васфий таржималари –
Бир хуш тушимда кўрдим: қўлда экан пиёла, Таъбири яхшиликка албаттадир ҳавола! Қирқ йилча дард чекдим, дерлар давоси шулдир: Икки йиллик май ичгил, қилмасдан истиҳола. Эрди чигил муродим — ечмоқ йўлини топдим: Они беркитган эрмиш ёр зулфи тола-тола. Севги хумори барбод этган эди вужудим, Бахтимни кўрки, келди май лиқ тўла пиёла! Майхонага борурман ҳар кун чекиб фиғонлар, Ҳал этгай унда чунки мушкулни оҳу нола. Ҳар дамда қон ютарман, аммо шикоятим йўқ, Зероки, қисматимда шундай экан навола. Солдим назар баногоҳ тонг чоғида чаманга, Гул ишқи бирла булбул дилдан чекарди нола. Ҳар кимки мехт қўйди, мақсад гулини термай, Елнинг йўлида бўлди пойлоқчи ул ниҳола. Гулшан насими ёқди қушлар дилига оташ, Ул доғданки, они сақларди дилда лола. Дилкаш ғазал ёзибмиш ёр мақтовига Ҳофиз, Ҳар байтига берар тан юзлаб гўзал рисола.
* * *
Кўрдинг яна, эй дилки, ғами ёр на қилди? Ўз ёри вафодорига дилдор на қилди? Жоду кўзига боқ: кўрасан не-не ўйинлар, Маст зулми аро ўйлари ҳушёр на қилди? Ёр ҳажрида кўзимдаги ёш бўлди шафақранг, Шумтоле эканманки, бу хунбор на қилди? Эй соқий, қадаҳ тут, бўлак ишни қўя қолгил Билмас кишиким, соҳиби асрор на қилди? Кўргилки, фалакка берибон зеб ила зийнат, Айланасимон санъати паргор на қилди? Тонг чоғи яшин чақнади Лайли ҳарамидан, Қайс қалбини куйдирди баякбор, на қилди? Ёндирди муҳаббат ўти Ҳофиз дилин, эй воҳ, Боқ ёри қадрдонига — ул ёр на қилди?
* * *
Зулфингиз қилса мабодо бир хато, не бўлғуси? Атр уриб, борди-ю, кўрсатса жафо, не бўлғуси? Ишқ ўтидан жандапўшнинг хирмони куйса, не бок Шохдан зулму ситам кўрса гадо, не бўлғуси? Ҳечқиси йўқ, ғамзангиз гар дилни қурбон айласа, Қилса жанжал жону жонон ўзаро, не бўлғуси? Ранжимоқ йўқдур муҳаббат маслагида — майни қуй, Ҳар кудурат бўлса қам, топгай сафоҳ не бўлғуси? Ишқбозликда керакдир сабру тоқат, эй кўнгил, Гар малол келса не бўлғай, ё хато, не бўлғуси? Бедаво ғийбатчилардан турли ғавғо қўзғалур, Суҳбат аҳли қилса ҳамки можаро, не бўлғуси? Хонақоҳдан кетди Ҳофиз, зоҳидо, айб этмагил, Топгуси эркин киши ҳар қайда жо, не бўлғуси?
- Жуманиёз Жабборов таржималари –
* * *
Мужда келди: энди ҳеч қайғу билан ғам қолмагай! Аввал-охир неки мавжуд бўлса, ул ҳам қолмагай! Хокисор ўлдим агарчи ёрнинг наздида мен, Қошида ағёр ҳам шоду мукаррам қолмагай! Бу забаржадли равоққа ёзилибдир зар ила: Яхшилик қолгай жаҳонда, ўзга олам қолмагай! Пардадорким, барчани бир-бир кесар шамшир ила, Ҳеч бир инсон даҳраро мангую маҳрам қолмагай! Неку бад нақшин кўриб, шукру шикоят не керак? Хатти борлиқда рақамлар ҳам мужассам қолмагай! Мажлиси Жамшид аро шундай қўшиқдир - мазмуни: Бода тутгил, жом узатгил, бир куни Жам қолмагай! Эй тавонгар, сен бу дарвешнинг дилини шод қил, Бу хазина ичра зар, с ганжу дирҳам қолмагай! Сен ғанимат англагил парвонанинг васлини, шамъ, Бил, қуёш чиққач, бу нозик дилрабо ҳам қолмагай! Ёрдан сен тамаъю уммидни узма, Ҳофизо Ҳам жабрдан бир нишон, нақши ситам ҳам қолмагай!
* * *
Замон андуҳига ҳеч соҳилу поён кўрмасман, Бу дардга арғувон майдан бўлак дармон кўрмасман. Дедим: майхона пирин хизматин тарк этмагум асло, Бу аҳддан ўзга ўзимга бирор имкон кўрмасман. Хуморман — томчи майни менга лозим кўрмагай ҳеч ким, Демак, аҳли жаҳонда дўст ила ёрон кўрмасман. Ошиқ аҳли Худо билан яқин дерлар, ўзингни тий — Ки, шаҳрим шайхларида ишқдан унвон кўрмасман. Белингда кокилинг — унга дилимни боғламишман мен, Бўлибман зулмати зулфинг аро пинҳон, кўрмасман.
Сенинг қаддинг менинг кўз ёшларимдан баҳралар олгай, Бу хил оби равону ҳам сўлим бўстон кўрмасман. Бу ҳайрон икки кўзимдан, минг афсуским, минг афсуским, Икки ойнадирки, ҳусни нурафшон кўрмасман. Бу дарё мавжида Ҳофиз дили бир кемадек сузгай, Қуруқ сўзу сухандан фойдаю эҳсон кўрмасман.
* * *
Сенга изҳори дил қилмоқ ҳавасдир, Сенинг қалбингни ҳам билмоқ ҳавасдир. Рақиблардан, қаранг, ошкор дардим Ниҳон тутмоққа интилмоқ ҳавасдир. Қадр оқшоми-ку олий, муқаддас, Сенинг-ла тун бўйи бўлмоқ ҳавасдир. Нафис дурдоналарни тори дилга Меҳр-ла инжудек илмоқ ҳавасдир. Мадад бергил, сабо, тун ичра менга, Саҳарда гул-гул очилмоқ ҳавасдир. Бу лутфинг-чун кўчангни кипригим-ла Супурмоқликка эгилмоқ ҳавасдир. Ёзиб риндона шеърлар худди Ҳофиз, Даъво аҳлига бас келмоқ ҳавасдир.
- Шоислом Шомуҳамедов таржималари –
* * *
Тонг-саҳар вақти, қаранг, сабру саботим бердилар, Қоп-қора тундан олиб, оби ҳаётим бердилар. Ногаҳоно порлатиб жисмимни эзгу шуъласи, Сарбаландлик жомида янги сифотим бердилар. Не муборак тун эди ул ва не хуррам кеч эди, Ул қадр кечда менинг қутлун баротим бердилар! Сўнгида васфи жамолим кўзгуда кўз-кўз этиб, Мужда келди-ю, шул он жилваи зотим бердилар. Мен агар шодмон етибман мақсудимга, не ажаб, Бу менинг ҳаққим эди — ҳаққу закотим бердилар! Ул шараф айёми бахтим муждасин берди яна, Меҳнату қадрим баланддир — нақлиётим бердилар. Гар тилимдан кетма-кет шаҳду шакарлар ёғилур, Бу сабр инъомидирким, ул наботим бердилар. Кимёдир бир ажаб пири муғонга бандалик, Майкада тупроғидан оҳанг — баётим бердилар. Доимо Ҳофиз саҳархез субҳидам олгай нафас, Неча заҳматдан халос айлаб, нажотим бердилар.
* * *
То магар дунёда бор майхонадан ному нишон, Бошимиз майхона пирин йўлида хоку тўзон. Ҳам қулоқда дайр пирин ҳалқаси бордир азал, Ҳалқа бирламиз ҳамиша, ҳалқа бўлгайдир ҳамон. Қабримиз устидан ўтсанг, ҳиммат айлагил талаб, Қилгусидурлар зиёратгоҳ они ринди жаҳон. Пок пойинг кафти теккан бу замин йиллар мудом Саждагоҳи қиблаи ҳушёрдил бўлгай, ишон. Кет, йўқол, зоҳиди худбин кўзимиздан то абад, Парда ортинда жаҳоннинг сирлари биздан ниҳон. Ишқи тушган гўзалим турк қизи бул кун яна маст, Ишқида хуни дилим бўлди ёноқлардан равон. Таъна этма мастни, эй зоҳидки, ҳеч магьлум эмас, Ким нечук кетгай бу оламдан ва билмасмиз қачон? Шавқинг ичра кирса гўрга кўзларим бил, эй нигор, То қиёмат бўлажак сенга нигорон ҳар бир он. Ҳофизо, бахтинг агар шундай олар бўлса мадад, Севгилинг зулфи ҳам ўзга қўлда бўлгай бегумон.
* * *
Кетмоқда дил қўлимдан — дил аҳлидир сабабкор, Дилда ниҳон сирим ҳам бўлгуси энди ошкор. Бизнинг кема синиқдир, денгиз шамоли, қўзғал, Балки яна кўрармиз ошно юзини бир бор. Беш кунлик умр вафоси афсонаю хаёлдир, Инсонга яхшилик қил, фурсат ғанимат, эй ёр! Гул шохи узра булбул мастона қилди нола, Тонг отди, эй хумори, келтир шаробни такрор! Эй соҳиби каромат, шукрона қил — сиҳатсен, Тараннумингни дарвеш аҳлига айла бисёр. Бу оламу у олам осойиш икки ишдан: Дўстларга чин мурувват, ёвларга зарда даркор! Бизни киритмадилар аслида яхши йўлга, Хуш келмаса дилингга, қилгин қазони бекор. Аччиқ бу сувни сўфий дер: Манбаи фалокат! Қизлар лабидан аъло менга шароб — мададкор. Йўқлик чоғида, эй дўст, тарк этма ишратингни, Май — кимё, гадони айлар Қорунча молдор! Саркашлик этма шамъдек, куйдирмасин дилингни Тафтида хора тошни мум айлагувчи дилдор. Искандар ойнаси ҳам май жоми-ку — назар сол, Доро диёри ҳрлин у сенга қилгай изҳор. Форсий забонли турклар умрга йил қўшарлар. Соқий, риндона май тут, рақс айласин азмкор. Майга тегибди жанда — киймайди они Ҳофиз, Бизни кечиргил энди, эй шайхи поккирдор.
* * *
Сийна лиммо-лим алам-ку, қайда малҳамдан дарак? Яккаликдан ҳар нафас ҳалқумга жоним келажак. Соқиё, бир коса май бер — бир нафас ором олай, Кутмагил ором фалакдан — ул ўзи ҳам жонсарак. Мен дедим зийрак кишига: Кўргил аҳволин нечук? Ул деди: Олам — паришон, ишларидир чархпалак. Сабр чоҳинда куйиб ўлдик Чигил моҳи учун, Турк шоҳи ҳеч хабар олмас, қани Рустамбилак? Ишқбозлик кўйида хотиржам ўлтирмоқ хато, Минг тилинсин дардингга дору қидирган хар юрак! Нозу неъмат аҳлининг риндлик кўйинда йўқ иши, Бўлмагай йўлбошчи куймак билмаган беғам сўтак. Чин киши кўзга чалинмас — олам ичра истама, Ўзга одам, янги олам қайтадан тузмоқ керак! Тургил ўрнингдан, берайлик дилни ул махга агар, Мўлиённинг бўйи келса лабларидан бебўнак. Ҳофизо, кўз ёшидан не суд бу ишқ ғавғосида, Уммонингдан етти дарё томчидир ёки пуфак.
* * *
Жон бежамоли жонон майли жаҳони йўқдир, Майли жаҳони йўқдир, демакки, жони йўқдир. Ҳеч кимда дилбаримнинг тополмадим нишонин, Ё мен хабарсиз омий, ё ҳеч нишони йўқдир! Ҳар шабнами бу йўлнинг оташли баҳри уммон, Ҳар дарди бир муаммо — шарҳу баёни йўқдир. Қўлдан чиқора кўрма фароғатин дамин ҳеч, Эй сорбон, жилов торт — йўлнинг поёни йўқдир. Чанг қомати эгилган — ишрат аро чалурлар, Чол сўзига қулоқ сол — асло зиёни йўқдир. Дил, риндлик тариқин сен муҳтасибдан ўрган, Ичиб юрар-у, элнинг ундан гумони йўқдир. Қорун йиғибди бойлик, замон этибди барбод, Зар йиғмагил, дея айт, вафо ҳаёни йўқдир. Агар рақиби шамъдир — ундан сирингни беркит, Билгилки, шўх дилафрўз, банди забони йўқдир. Ҳар кимсанинг жаҳонда Ҳофиз каби қули йўқ, Ҳеч кимсанинг сенингдек шоҳи замони йўқдир!
- Эркин Воҳидов таржималари –
* * *
Ёрим қўлига қадаҳки олгай, Бозори санам касодга қолгай. Ҳар кимки, кўзини кўрса дейди: Бу — маст, қани муҳтасиб, тутолгай? Ашк баҳри аро балиқ бўлибман, Қармоғини ёр чу сувга солгай. Зор ила аёғига йиқилдим, Уммид этамен: қўлимдан олгай. Ҳофиз каби хуррам ул кишиким, Жоми азали(й)ни нўш этолгай. Кеча достон бўлди ошиқ даврада гисуларинг, То ярим тун баҳсга боис бўлди анбар мўларинг. Кипригинг новакларидан қонга айланди кўнгил, Ваҳ, яна қўмсар, ажабким, ул камон абрўларинг. Авфилиллоҳким, сабо келтирмаса сендан хабар, Ҳеч насиб бўлмасди кўрмак бизга кўча-кўларинг. Бехабар эрди жаҳон аввалда ишқ ошубидин, Қолди ғавғога у кўргач ғамзаи жодуларинг. Мен ҳам авваллар эдим дарди жунундин бехабар, Қўйди домин йўлларимга кокили ҳиндуларинг. Тугмаларни ечгил-у, дил мушкулин айла кушод Ким, ечилмоғимга боис дилкушо кулгуларинг. Кел вафо айлаб, қадам қўй Ҳофизингнинг хокига Ким, бу оламдан олиб кетмиш мени орзуларинг.
- Жонибек Қувноқ таржималари –
* * *
Бир умр майхона бурчи хонақоҳимдур менинг! Пири майхўрлар ҳамиша қиблагоҳимдур менинг! Тонг чоғи май бўлмаса — ҳеч бир хатарли жойи йўқ, Тонгдаги қилган фиғоним узрхоҳимдур менинг. Шукр этурман — йўқ эрур шоҳу гадо бирла ишим, Дўст даргоҳин гадоси подшоҳимдур менинг! Масжиду майхонадан мақсад фақат дийдор кўриш, Ўзга йўқ фикрим — Худовандим гувоҳимдур менинг! Остонаиг бошга сстиқ бўлди-ю бир тахт каби, Офтобинг тожу тахти такягоҳимдур менинг! Етмагунча то ажал тиғи бошимга, шубҳасиз, Юз ўгирмак эшигиндан иштибоҳимдур менинг. Носавоб ишларга йўқ, Ҳофиз, сенинг майлинг вале Хушодобликдан дегинким: бу гуноҳимдур менинг!
* * *
Лабларингнинг шарбатидан чиқмади комим ҳануз, Лаъл жоминг орзусида бўш турар жомим ҳануз. Кеча ғорат бўлди диним икки зулфинг домида, Ушбу савдода не тус олгай саранжомим ҳануз. Янглишиб тунда Хўтан мушки, дедим, зулфингни мен, Тиғдайин ботгай сочинг, қон сочгай андомим ҳануз. Юзларингни шуьласин хилватда кўрди офтоб, Тиғига бўлди нишона эшигу томим ҳануз. Бир куни номимни тилга олди жонон янглишиб, Барча ошиққа мисоли жон эрур номим ҳануз! Лабларингнинг соқи(й)си берди азалдан қатра май, Кетмагай мастлар тилидан ному пайғомим ҳануз! То бўлай ороми жонинг, ўт, дединг, жон бахтждан, Ғамларингга жонни бердим — йўқдир оромим ҳануз. Ёзди Ҳофиз мех ила лаъли лабингнинг қиссасин, Чашмадур оби ҳаётга шеъру илҳомим ҳануз.
- Олимжон Бўриев таржималари –
* * *
Мудомим маст тутғайдир насими жаъди гисуйинг, Хароб этгай мени ҳар дам фириби чашми жодуйинг. Неча сабру тоқатдан сўнг туни, ё Раб, кўролғаймен Кўзим шамъини ёқмоғини бир меҳроби абрўйинг. Саводи лавҳи кўрмоқни анинг-чун мен азиз тутгум: Жонимға нусхае бўлғайми нақши холи ҳиндуйинг. Агарда жовидон дунёни яшнатмоқни истарсан, Сабоға айт, кўтаргайким замоне бурқаъи рўйинг. Ва гар расми фано истарсан оламдан буриб юзни, Ки силкиб ер уза тўксин минглаб жонни ҳар мўйинг. Ману боди сабо мискин — ики сарсони беҳосил Мен афсун маст кўзингдин-у, у масти бўйи гисуйинг! Яшаб ҳиммат-ла Ҳофизингни дунёю охиратдан, Кўринмас ҳеч кўзига жуз ул хоки сари кўйинг.
* * *
Дардимизга йўқ дармон, алғиёс! Ҳажримизга йўқ поён, алғиёс! Дину дилни олди-ю, жон олғуси, Алғиёс, эй жабри жонон, алғиёс! Ўптириб бир — эвазига жон сўрар, Бағритош ул шўхи хубон, алғиёс! Бевафолар қонимизни ичди-ку, Эй мусулмонлар, не дармон, алғиёс! Мисли Ҳофиз кеча-кундуз тинмайин Йиғладигу йиғладик қон, алғиёс!
- Эргаш Очилов таржималари - * * * Бир дилбари жононимиз олди-ку дилу жонимиз, Олди-ку дилу жонимиз бир дилбари жононимиз. Берса ўпич жононимиз қайта тирилгай жонимиз, Қайта тирилгай жонимиз, берса ўпич жононимиз. Чин равзаи ризвонимиз ёр эшигин тупроғидир, Ёр эшигин тупроғидир чин равзаи ризвонимиз. Бизнинг дили ҳайронимиз ошуфтаю шайдосидир, Ошуфтаю шайдосидир бизнинг дили ҳайронимиз. Ул Юсуфи Канъонимиз ҳусн иқлимининг шоҳидир, Ҳусн иқлимининг шоҳидир ул Юсуфи Канъонимиз. Сарви боғу бўстонимиз зебо, келишган қомати, Зебо, келишган қомати сарви боғу бўстонимиз. Шу Ҳофизи хушхонимиз фазлу камол тимсолидир, Фазлу камол тимсолидир шу Ҳофизи хушхонимиз.
* * *
Қайтади Канъонга ул Юсуфи сарсон, ғам ема! Бир куни ғам кулбаси бўлгай гулистон, ғам ема! Бўлма бадбин —ғамзада кўнглинг иши ўнглангуси, Тоабад савдоли бош қолмас паришон, ғам ема! Бошга тортарсан яна гул пардасин бўстон аро Келса умринг кўклами, булбули хушхон, ғам ема! Бу фалак биз истагандек бир нафас айланмади, Лек мудом бир хилда қолмас чархи гардон, ғам ема! Ноумид бўлма, илоҳий сирга ақлинг етмаса, Кўп ўйинлар, билсанг, ул пардада пинҳон, ғам ема! Гар фано сели ҳаётингнинг асосини йиқар, Нуҳ паноҳинг бўлса, келсин, майли, тўфон, ғам ема! Каъба шавқида бисбонларни қатъ эсанг агар, Шох-тикан тилса оёқни, айласа қон, ғам ема! Бизга ёр ҳажри, рақиб озори, бас, қисмат эмиш, Ҳолимиздан бохабар аслида Яздон, ғам ема! Кимки саргардон бўлиб, оламда ғамхўр топмади, Оқибат бир меҳрибон топгай ул инсон, ғам ема! Гарчи манзил кўп хатарлик, гарчи мақсад ноаён, Йўқ бирор йўлки, унга бўлмаса поён, ғам ема! Бу фақирлик гўшаси, тун хилватида, Ҳофизо, То ишинг зикру дуо, таҳсили Қуръон, ғам ема!
* * *
Дўстлар базму висолин ёдда тут! Ўтган ул кунлар хаёлин ёдда тут! Бир вафоли дўст тополмайсан бу кун, Ул вафо аҳли камолин ёдда тут! Қилди ғам аччиғи оғзимни заҳар, Жом жаранги, май зулолин ёдда тут! Мен-ку ғамга чора топмай ёнаман, Чорасиз ҳоли маҳолин ёдда тут! Гарчи дўстлар мен фақирни эсламас, Ҳар нафас дўстларни ҳолин ёдда тут! Мен бало домига бўлдим мубтало, Ҳақпарастлар саъй-жидолин ёдда тут! Қолди Ҳофизнинг сири айтилмайин, Сирдош улфатлар жамолин ёдда тут!
* * *
Жаҳонда бўлди одат бевафолик, Бировда йўқ нишони ошнолик. Ҳунар аҳли фақирлик ҳасратидан Хасислар қошида қилгай гадолик. Бу кун ҳар кимки донишманд жаҳонда, Унга қисмат аламга мубталолик. Киши жоҳилу нодон бўлса қанча, Бу бозорда унинг моли баҳолик. Ўқиб шоир чиройли шеърларини Кўнгилларга улашса рўшнолик. Тариқча хайру эқсон айламаслар, Саноийдек агар шеъри сафолик! Кеча ақлим қулоғимга шивирлар: Чида, кетмас бошингдан бенаволик! Кел, эй Ҳофиз, бу пандни тингла жондан, Адо қилгунича шеърга фидолик.
* * *
Эй шом, кўйимиз сари гузар қил! Эй тонг, қолимизга бир назар қил! Тун зулматида эзилди жисмим, Ё Раб, қора тунларни саҳар қил! Эй тонг ели, ул санамга айтгил: Қурбонларинг сари гузар қил! Ҳажринг ғамида агарчи ўлдим, Эй ёр, мени ўқингга сипар қил! Қошини камонидан хазир бўл, Ноз-ишваси ўқидан хазар қил! Мақсадга етолмасанг, аё дил, Жим бўл-у, сўзингни мухтасар қил! Ёр васлини, Ҳофиз, истар эрсанг, Жон бер йўлида-ю, тарки сар қил!
* * *
Ёр ишқи менга ниҳрли ҳайрат, Ёр васли менга камоли ҳайрат. Васли майига чўмиш бас, охир — Кўрсатгуси юз жамоли ҳайрат. Бас, қолғуси на висол, на восил, Ҳар қайдаки бор хаёли ҳайрат. Тутмиш еру кўкни бир овоза, Эшитдим эса: саволи ҳайрат. Тан берди улуғлигига буткул, Ким англади не жалоли ҳайрат! Ҳофизни вужуди бошдан-охир Ишқ ичра эмиш ниҳоли ҳайрат.
|