Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Девон. Ҳофиз Шерозий - 3
Facebook
Девон. Ҳофиз Шерозий - 3 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Девон. Ҳофиз Шерозий
2
3
4
5
6
7
Ҳамма саҳифа
* * *

Этдим табибға ғамларни чандон,
Мискин ғарибга қилмайди дармон.
Ҳар дам тиконнинг қўлида бўлди
Булбулга боқмай гул юзли жонон.
Биз дардимизни дилбарга айтдик,
Йўқдир табибдан ёшришга имкон.
Дўстлар юзини кўрсин яна дўст,
Ё Раб, омон тут, қил лутфу эҳсон!
Ишқ сандиғинииг қулфи бузилмиш,
Еткузмасин қўл ағёри нодон.
Эй ёр, васлинг неъматларидан
Бизга насиба афсусу армон.
Бўлмасди Ҳофиз дунёга шайдо,
Доно сўзини олганда ҳар он.

* * *

Яна риндлар сари бир айла назар яхшигина,
Яна майхона томон айла гузар яхшигина.
Мени хаққимда лабинг шул қадар этган эҳсон,
Жуда ҳам яхши бир оз ошса агар яхшигина.
Эй жаҳоннинг чигалин ечгучи доно одам,
Фикр бер, айла бу ишларни басар яхшигина.
Деди носиҳки: Недир ишқда ғамдан ўзга?
Дедим: Эй муллаи ғофил, шу ҳунар яхшигина!
Гар десам сенга қадаҳ ол-у, пиёла лабин ўп,
Мендан ўзга бера олмас бу хабар яхшигина.
Териб олгил, берадур меваки, Ҳофиз қалами,
Йўқ бу боғ мевасида бундан ўтар яхшигина.

* * *

Қоронғумизни эшикдан кириб мунаввар қил,
Шу мажлис аҳли димоғини ҳам муаттар қил.
Дилу жон этдим у жононни қош-кўзига фидо,
Кел, эй нигор, тамошойи току манзар қил.
Шу ҳусн ила шу гўзалликки, сенда бор, келгил,
Фақирлар айшига жон киргизиб, тавонгар қил!
Биҳишт хозинига айт, бу базм тупроғини
Биҳишт ичра олиб бор-у, уди-анбар қил.
Висол нақдин умид айламоққа йўқдир ҳадимиз.
Лабингга изн бериб, комимизни шаккар қил.
Чаман гўзаллари ҳуснингга бўлдилар мафтун.
Суманга ноз-у, қадинг бандаси санобар қил.
Бу ҳажр оқшоми юлдузлари ёруғ бермас.
Чиқ энди том уза — ой шамъини мунаввар қил!
Ҳикоят айлар ўзига бино қўпиб соқий,
Ишингни бузма, хаёлинг шаробу соғар қил.
Ўпиб пиёла лабин, мастларга сун ўша дам,
Ақл димоғини шу лутф ила муаттар қил!
Насиҳат этса, май ичманг, дер эрса донишманд,
Пиёла сунгил-у, этгил: томоғингни тар қил!
Юзингни шуъласидур сезги кўзига парда,
Қуёшни чодирига бас келиб, мунаввар қил!
Нигор ишрату ишқин бажо кетир, сўнгра
Ўзингга Ҳофизи Шероз шеърин аз бар қил!

* * *

Бу жандапўшлар ила бўлма ҳамдам,
Ўгирма риндлардан юзни ҳар дам.
Эрур бу жанда тўн ғоятда ифлос,
Эрур пок майфуруш кўнгли, дили ҳам.
Қилурсан мастлик, ёшрин ўтурма —
Ичирдинг бода, ютдирма заҳар ҳам.
Чидолмайсан — тананг ғоятда нозик,
Ҳазар қил — малла тўнлар мушти бардам.
Эрур бедард бу сўфийнамолар,
Май ичганлар бўлишеин шоду хуррам!
Лаби майгун-у, мастона — кўзинг оч,
Сенинг шавқингда май қайнар дамодам.
Келиб бу ҳийлагарлар ёлғонин кўр:
Қадаҳнинг бағри қон, чолғуда мотам.
Ҳайиқ Ҳофиздаги ўтли юракдан,
Қозондек кўкси қайнар, кўнглида ғам.

* * *

Хўблар шаҳи, бир боқ — бу гадойингаи ризо қил,
Куйган бош-оёқсизга карам айла, вафо қил.
Бир боқмоғинг орзуси бу йўқсил дилидадир,
Боқ ғамзадага: маст кўзинг оч — рамзу имо қил.
Баҳслашса гўзалликда жамолинг-ла тўлин ой,
Кўрсат юзунг-у, халққа танит, юзи қаро қил.
Эй сарви равон, бир нафасе боғу чамандан
Базм ичра келиб деки: тўнинг йирт-у, қабо қил!
Парвонаву шамъу гулу булбул йиғилибдур,
Ёлғузлама, жоно, келиб айшимни расо қил!
Дил бергучига токай ўлур жабру жафолар,
Бир айла вафо Тангри учун, тарки жафо қил!
Тангри ҳақи, душманларинг иғвосин эшитма,
Ҳофиз каби ўз йўқсилингга лутфу ато қил!

* * *

Дилим зулфинг учида тутди маскан,
Қуйи солма, синур, дилбарлик эт фан.
Агар зулфинг каби тортса кўнгул бош,
Қўлингга ол, оёққа солма бошдан.
Агар тунда келур бўлсанг чароғдек,
Кўзим бўлгай жамолинг бирла равшан.
Гулистон энди менга завқ бермас,
Юзингни кўрсам — олам менга гулшан.
Қадинг сарвини васфига тутинсам,
Таним бори тил ўлгай мисли савсан.
Қачон қўнгай шакар солган идишга,
Чибин андиша қилса ёлпиғичдан.
Қилолмас ишқбозлик можаросин
Жаҳонда кимса Ҳофиздек муайян.

* * *

Эй кўзларимни нури, эшитгил сўзим бу дам,
Ичгил тўлиқ пиёлани, бер сўнгра менга ҳам.
Айтдимки, тажриба била сўзлайди кексалар,
Тингла насиҳат, ўғлим-у, бўл пири муҳтарам.
Эслик киши оёғига ишқ урмади кишан,
Ошиқ бўлишни истасанг, ақлингни айла кам.
Бермайди мастлик кайфини тасбеҳу малла тўн,
Бу ишда май сотувчига бўйнингни айла хам.
Жон бирла молни дўст қилур дўстга фидо,
Сўз тинглагучи ёрга юз жонни берса кам.
Севги йўлида девларнниг иғвоси кўп эрур.
Ақлингга кел, хато сарига қўймагил қадам.
Сарғайди баргу қолмади шодликни чолғуси.
Тош, айла нола, доира, ғавғони айла зам.
Бўлсин ҳамиша тоза манинг жом ила тўла,
Соқий, шароб қолдиғини бизга қил карам.
Зарбоф тўн ичра мастлик ила тушса гар йўлинг,
Назр айла бўса Ҳофизи эски чопонга ҳам.

* * *

Хирқамни гаров қўйгум — бир коса шароб авло!
Бемаъни насиҳатдан менга майи ноб авло!
Ҳар қанчаки кўз тутдим — беҳудага умр ўтди,
Бас, менга фақирлик-ла бир кунжи хароб авло!
Зоҳидни юрак сиррин халққа демагайман хеч,
Бу қиссани айтмоққа чанг ила рубоб авло!
Шундай фалак ахволи: бош ҳам сўнгги йўқ, бундан —
Соқийнинг хаёли-ла қўлларда шароб авло!
Бир сен каби дилбардан кўнглимни узолмасман,
Сендан бош агар тортсам, бўйнимга таноб авло!
Кексайдинг, аё Ҳофиз, тарк эт маю майхона,
Ёшликда хдваскорлик, риндлик, майи ноб авло!

* * *

Сен, эй зоҳид, ўз орзуйинг сари бор,
Менинг ҳам худди шундай мақсадим бор.
Қадаҳ бўш доимо лола қўлида,
Кел, эй соқий, кетур ҳар нарсаки бор!
Мени торт энди девона сафига,
Шу мастлик яхшидур бўлгунча ҳушёр!
Ҳазар қил мендан, эт, эй сўфий, парҳез,
Ки парҳездан қилибман тавба минг бор.
Кел, эй кўнгил, унинг зулфига боғлан,
Халос бўлмоққа гар бўлсанг ҳаваскор.
Қўйиб тур тавбани гул мавсумида,
Давом этмас — ўтар гул фасли ночор.
Чаман атрофидан ел ўтганидек,
Умрнинг кўклами ўтмоқда, эй ёр.
Кел, эй Ҳофиз, эшит аччиқ насиҳат,
Нечун ғафлатда ўтсин умр бекор.

* * *

Бу юрт тўла ҳарифдир, ҳар бир тарафда дилбар,
Қўшгайсиз ишққа ҳисса, ишланг бу ҳақда, дўстлар!
Чарх кўзи кўрган эрмас бундап қизиқ ҳарифин.
Ҳеч овчи қилмагандир бундай бир ов мусаххар.
Боғ ичра барча гулдан ҳусн ила нозанинсан,
Пок этагинга асло ёпишмасин тиканлар!
Кимнинг кўзи кўрибдур, ким жондан ишлаган тан,
Гард юқмаган танига бир ёри ҳур пайкар.
Мендек дили яримни қувдинг нега ёнингдан?
Бўлгайми бўса ёхуд қучмоқ менга муяссар?
Тез кел, кўнгил очар май, шодлик нафас ғанимат,
Келгуси навбаҳордан кимда умиду бовар?!
Бўстонда тенгу тўшлар гул бирла лола янглиғ,
Ҳар бирлари тутиб жом, ёр исми тилда аз бар.
Гар бу тугунни ечсам, бу сирни фош қилсам,
Ишлар чатоғ-у, дардлар эзмакда то баробар.
Ҳофиз танида ҳар тук ул шўх нари қўлида,
Мушкул туриш бу янглиғ бир юртда, э биродар!

* * *

Бўлди яна гул бирла чаманлар биҳиштосо,
Гулгун май ила жомни тўлат, соқийи зебо!
Ғам зангини дилдаи йўқотар ушбу қизил май,
Қутлар эди бу сўзни баланд табъли доно!
Манъ айлагучи май қовоғин тош била урса,
Сен хишт ила ёр бошини — раҳм айлама асло!
Онгсизлигими — илмингга боқмайди фалак ҳеч,
Чунки кўзи йўқ: яхши-ёмон унга муаммо.
Ҳур ила биҳишт нақд бўлибдир менга, зоҳид,
Нечун қилайин нася ҳикоят сари парво?
Ул хожа камол аҳлидур, айлаб йўлини пок,
Олтун йўқ эса, хишт-ла йўлин бергумиз оро.
Тарсобачае кечагина дердики: Ҳофиз,
Афсуски, бутхона аро айлади маъво.

Эй бод, нишони ёр эрурсан,
Дилбар соридан чопор эрурсан.
Зинҳор қўлингни чўзма, сақлан —
Зулфин силаб, айбдор эрурсан.
Эй гул, юзига не нисбатинг бор?
У мушку тиканга ёр эрурсан.
Райҳон, нимасан, қаро хатин кўр:
У тоза-ю, ссн ғубор эрурсан.
Наргис, қанисан, у маст кўзлар
Кайфин сурар-у, хумор эрурсан.
Эй сарв, у баланд қад олдида сен
Боғ ичра камэътибор эрурсан.
Эй ақл, унинг ишқига берилдинг,
Бу чоқда беихтиёр эрурсан.
Ҳофиз, сенга васл ўлур муяссар
Гар сабрда барқарор эрурсан.

* * *

Умид ила минг уриндимки, ёр бўлсанг деб,
Бу беқарор дилимга қарор бўлсанг деб.
Кел энди ишқ эли ғамхонасига — будир умид,
Бу ғамли кўнглима шояд мадор бўлсанг деб.
Тилайман уйқуси йўқ кўзларим чароғи бўлиб,
Умидли кўнглима ҳамдам нигор бўлсанг деб.
Менга ярим кечада уйқудан мурод шудир,
Кўзим ёши каби кўкрактумор бўлсанг деб.
Юрак ақиқ лабинг ишваси билан қондур,
Шикоят айлар эсам, ғамгусор бўлсанг деб.
Малоҳат иқлими шоҳини қулгадур нози,
Бу ишда сендан умид — сулҳкор бўлсанг деб.
Вазифа айладинг икки лабингдан уч бўса,
Вазифани қил адо: Ол, хумор бўлсанг! — деб.
Гўзаллар ишқ элини қўллаган чаман ичра,
Умид ила боқаман менга ёр бўлсанг деб.
Шаҳарда Ҳофиз ўлуб, арзимасман арпага ҳам,
Карамларинг кутаман ғамгусор бўлсанг деб.

* * *

Бордим саҳарда боғ сари гул териш учун,
Ногоҳ қулоққа келди — чекар эрди булбул ун.
Бир гулнинг ишқига у бўлиб мен каби асир,
Ғавғо қилар эмиш бу чамаи ичра ушбу кун.
Сайр айлар эрдим ул чаману боғ аро фақат,
Уйлар эдим у булбулу гул ҳаққида бутун.
Гул ёр этиб тиконни-ю, булбулда йўқ қарор,
На гулда ўзгариш, на у булбулдадир сукун.
Булбул фиғони қилди дилимга оғир асар,
Қайтдим, чидолмадим жуда ҳолим бўлиб забун.
Гулшанда гуллар очилар — асло ҳисоби йўқ,
Қўймас тикан балоси бирор гул узиш учун.
Ҳофиз, суюггч умидини тутма замонадин,
Минг айб бор, фазилатидир макр ила фусун.

* * *

Ўтпараст дайрида ҳам мен каби йўқ бир мафтун,
Бўлди ҳар жойда гаров хирқаю дафтар май учун.
Айладим бода сотувчи қўлида минг тавба:
Ёрсиз томчи май ичмай, демайин базму ўйин!
Борладим кўз ариғини этагим бирла агар,
Кошки ёнимга ўтиртилгуси сарви мавзун.
Балки бу сир ҳақида сарв тили сўзлағуси,
Йўқса паршишда тил йўқ, ўзи ғоятда забун.
Менга бода кемасин тезда кетур, дилбарсиз
Ғамдан оқмоқда кўзим бурчида наҳри Жайхун.