9 дан 12 сахифа
ҚОДИРИЙ ВА ҲОЗИРГИ ЁШЛАР Ҳозирги ёшларда покизалик бор, тирик қалбларига диёнат эга, гўё пок табиат ёмон кўзлардан асраб қўйганларин шуларга берган. Агар тирик бўлса, бир четда турмай, ҳозирги ёшларга сардор бўларди, гоҳ кўкдан ёғилган, гоҳ ердан чиққан туҳмату балога қалқон бўларди. Ҳозирги ёшлар ҳам турармиди жим, йиғишитириб қўйиб шахсий ҳасратин, ўз нафси йўлида ҳар нега қодир ювуқсиз каслардан уни асрарди. Синдириб ташларди унинг бўғзига ўрлаган қўлларни биттама битта, бор овози билан полончилармас, халқнинг боласиман деган йигитлар. Қодирий ўйланар юксак-юксакда, пайқамай вақтнинг тўсу тўсларин, пойига қўяди қўллари титраб қариган гулларин содиқ дўстлари... Аммо у юксалган улуғвор тошдай, кўрмас дўстларининг йиғинларини. Эшитмас жомларнинг жаранглари-ла оташин алёру йиғиларини. Билмадим, дўстларин танирмиди у, пойига барини ҳайдаб келди вақт... Бас, эй, Қодирийнинг пойидагилар, у дўстлар овозин эшитар фақат. Вақт келиб, қариса ҳозирги ёшлар, тўла узмоқ учун умрлик қарзин: вой, дўстим, жигарим, биродарим Қодирий пойида йиғласа арзир. Шунда бир сесканиб, чин дўстларига ўзининг мозийдек қучоғин очиб, юксакдан эгилар, минг бор эгилар, тупроққа теккунча нуроний боши. ГУРЖИСТОН МОЗАИКАСИ Ким сени бунчалар суйиб асраган, ўткинчи давронлар човутларидан, пориллайсан қонмас, шудринг сачраган навқирон аскарлар совутларидай?! Бунда борлиқ ўйлар гуржи тилида, шу тилда сўйлайди бунда ҳар нарса. Минг-минглаб йилларки гуржи кўзи-ла оламга қарайди саноқсиз харсанг. Гуржистон, ўйноқи дарёларинг бор, саслари жаранглар қизларникидай, минг битта ташвишнинг оғирлигидан ҳарсиллаб оқмайди бизларникидай. Беғам ва бокира далаларинг бор, юзларини тўсган ёмғир — тўрлари, Милён йил кутсанг ҳам манглайларидан оқариб, бўзариб чиқмас шўрлари. Жаннатсан — яшайсан афсоналарда. шоирлар дилидан чиқмаган шеърсан. Милёнта гуржини битта гуржидай бошингга кўтарган бақувват ерсан. Гуржистон, кўп қадим қўшиқларинг бор ҳар битта гуржининг юрак кўнжида, шодлик келганда ҳам қайғу келганда бир гуржига дўниб куйлар гуржилар. Куйлашар — ўрмондай гуркирар ўтлар. Куйлашар — минглаган қуёшлар балқар. Нақадар бахтсиздир, нақадар гўлдир ягона қўшиғи бўлмаган халқлар. Куз эди, Гуржистон бир олма каби. Мармар кўчаларда нурлар шарқирар. Кезардим, кезардим, аммо ёдимдан кузги Ўзбекистон чиқмасди сира. АМУДАРЁ ҚИРҒОҚЛАРИ Аму гулдирайди маст туялардай... Бир ваҳший қудратга тўла комлари. Кўринар ҳов олис тепаликларда Хоразм шоҳларин истеҳкомлари... Бир ёқда яшиллик кўпирган воҳа, бир ёқ саксовулзор — саҳро фарёди. Сарҳадсиз осмондай очиқ кенгликда, билмайсан, шамоллар келар қаёқдан... Ахир ногоҳ қўпган ваҳший шамоллар ўтган-ку воҳани қумларга қориб. Гўё дарёданмас, оғир ўйлардан кемамиз чайқалиб сузар юқори... Шунда бир қирғоқдан гўё ҳозироқ узилиб тушгандай Момо Қуёшдан, болалар қийқирди, оқ кўйлакларин банди оққушлардай силкитиб бошда. Болалар, мунчалар содда, тўпори, тиниб-тинчимас оқ капалаклардай... Юқори сузётган кемага қараб худди жон киргандай тепаликларга... Эй, улуғ дарёнинг болакайлари, дарёдек жўшқиндир ғайратларингиз. «Жисму жонларингиз муҳаббат бўлсин, унга қалқон бўлсин нафратларингиз». Ваҳший Амударё қорайиб борар гоҳ очиб, гоҳ ёниб ўпқон-домларин. Кўринмас энди ҳов тепаликларда Хоразм шоҳларин истеҳкомлари... Уларнинг ўрнида энди тирик саф — узилиб тушгандай Момо Қуёшдан — болалар... болалар... Оқ кўйлаклари оққушлар сингари айланар бошда... ҚИЗИЛҚУМДА БИР КУН Жайхундарё соҳилларида назарида қолиб улуғвор сувнинг, шамол эсноғидан шув этиб кўчиб, буралиб, увалиб ётибди қумлик. Улкан қуёш пастлаб, олов бургутдай қумлик тепасида айланиб сузар. Жимликни занглаган саксовуллардан йиртилган шамолнинг овози бузар. Учардинозавр — қумтепаларда ёнаркан трилён зарра йилтираб, оёқ босиб бўлмас, суяниб бўлмас — қумлик оқаверар сувдай жилдираб. Эсиз, шундоқ воҳа, эсиз, улуғ сув, эсиз, очиқ осмон, эсиз, минг карра, кенгликни қўмсаган шоир юрагим шоқолдай увлади бу кенгликларда. Эй, қум, бармоқларим ораларидан зарра-зарра бўлиб тўзғиётган қум, бирлашсанг на бўлғай, муштдек тошга ё тупроққа айлансанг бўлмасми бир зум. Эй буюк саҳронинг заррачалари, кафтимда тўзғимай турсанг бўлмасми. дил хурсанд бўлмасми, тумса бағрингда гиёҳлар потирлаб унса бўлмасми? Токай занглаб кетган бу саксовуллар тирик бир имондай туради ахир — турар Жалолиддин Мангубердининг саҳрога сочилган ўзлиги каби. ... Жайхундарё соҳилларида, икки ёқдан қисиб қудратли сувни, шамолда эланиб. қуёшда қуриб, зарра-зарра бўлиб ётибди қумлик. Орзулар сурарман энди абадий, кучли замин керак оёқларимга. Кўзларим ўнгида тўзғиган қумлик, боғлар гуркирайди хаёлларимда. Эй, қум, кучли замин ахтарармидим, шу буюк кенгликда агар қўлласанг, кўзларим узоқда тикилмаса гар, агар кифтларимда тоғлар бўлмаса. ХОРАЗМ ҚИШЛОҚЛАРИ Хоразмда деярли )ар бир туман марказида урушда урбон бўлган юзлаб аскарларнинг номи битилган тошлав)аларни кўрдим. Бўз йўллар бўйида ёз нафасидан мудраган боғларнинг паноҳларида ердан ўсиб чиққан қишлоқлар яшар қуёшнинг абадий ҳамроҳларидай. Бир қарасанг. бегам хиргойи қилиб, қайроқларин ўйнаб кўзлардан четда. Жайхундай улуғвор дарё ёқалаб, хилват кечаларнинг каъридан кетар. Танбал деб ниқтаманг бармоғингизни, кўзингизга қараб, сўкиниб кулар. Саноқсиз олифта шаҳарвойларни тинмай кийинтириб, боқади улар. Бироқ керилмас ҳам кўрсатавермас зорланиб ҳар кимга манглай шўрларин. Шу қадар тер тўкар кенгликларига, оқариб туради ҳатто гўрлари. Илондай чиройли кечалари ҳам ўйнатиб бир пудлик босқонларини, тоблар шўх қизларнинг сандонларида минглаб Жалолиддин, Ҳожихонларни... Бу пахса вужудли йўловчиларнинг умрига боқсангиз теранроқ ўйлаб, кўрасиз — кўзёши товонларида, ичкарида йиғлаб, кўчада ўйнар. Кўрдим ҳар бирининг қоқ юрагида тошга дўниб кетган оғриқ-дардларни, Ҳар бирин кўксида юзтадан Шермат, уч юз Жуманиёз, беш юз Матлари. Йиғласа бўлар-ку азалар очиб, бевақт хазон бўлган мард эрларига, йиғласа бўлар-ку азалар очиб, бошларини уриб шўр ерларига. Бироқ чаҳ-чаҳлайди қайроқ тошлари, ер ларзага тушар рақсларидан, кўзёши бўлсаям вужудларини ўн карра, юз карра ғарқ қиладиган. АРАВОН КЎРИНИШЛАРИ Турсунбой Адашбоев ва Абдуа))ор Манноновларга 1 Тоғлар — нортуялар абадий чўккан, қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб. Қани ясовуллар, туякашлари, тиллоли, жавҳарли сандиқлар қани? Бариси таланган, қароқчиларнинг изларин яшириб юборган мозий, яширган йилларнинг чангалзорлари сарбонни ўлдирган қотил овозин.
2 Музликдан юҳодек келган шамоллар туялар жисмини ялаб-ишлаган, асрлаб тоблаган темирчи Қуёш, ёмғирлар чўқиган, қорлар қишлаган. Шу қадар метинки туялар жисми, чарсиллаб қайтади отилган ўқлар. Минг йиллаб тинимсиз бўкирса ҳамки метин туяларни йиқолмас тўплар. 3 Сарбонни кўмдилар сангзор соҳилга, қабридан юксалди сўнгги сўзлари: «Элимдан ўзга бир дардим йўқ эди, элим, деб йиқилдим, эл, деб бўзладим». Хотинлар соч ёзиб «вой»лаб йиғлади. мардлар ерга ётиб ойлаб йиғлади, дўст, ёвни билмаган қур кечаларда «булутга яшриниб ойлар йиғлади». 4 Бир дарё, тепадан бўғилган дарё... шаштини синдирган метин тўсиқлар, саноқсиз тошларни оралаб оқар элнинг тилидаги ўлмас қўшиқдай. Балки шунданмикин уйлар зичлашиб дарёдан сув ичар подалар каби. Юлдузлар келади чўмилмоқ учун, бир қирғоқ туркийдур, бири — арабий. 5 Исёнкор тутзорлар ораларидан чиқар афсонавий жангчилар каби нигоҳлари ўткир, одими шаҳдам, барваста, қорача йигитлар сафи. Қишлоққа киришар, Момо Қуёшнинг энг сўнгги нурлари тўкилиб ётган гузардан ўтаркан, қиз кузатгандай суқланиб қарашар сувлаган отга. Жиддий қатъият бор чеҳраларида, мардона кўзларин қисиб қарашар... Зулматда юз йиллаб сургунда ётган заҳардай шаробдан ичмоқ ярашар. 6 Болазор, мевазор, толзор кўчалар, шохлар ерга тегар шиғил ҳосилдан. Мовий дарвозалар равоқларида тамаки барглари ипга осилган. Баркашдек соқолин силаган чоллар ўй сурар қўл ташлаб таёқларига, саслари гуллаган болакайларга тикилиб тўймайди ҳаёт қаъридан. бекинмачоқ ўйнар шўх болакайлар. Ҳозиргина сўнгган қуёш қўрлари. Ч айқалган шаббода тўлқинларида товланар қизларнинг ҳарир куйлаги. Хинодан қизарган кафти-ла қизлар ёноқларин тўсар, ерга қарайди. Ёш қонинг тўлғонар томирларингда, тилингда уйғонган булбул сайрайди. Юз оёқ, юз қўлли, минг бир иболи. пардага ўралган ёноқларида. Эҳ, қандай сеҳрли садолар ухлар бу ҳулво қизларнинг томоқларида. 7 Анжирзор оқ ойнинг шуълаларида... Қадлари майишган, гўё фалажруҳ. Йиқилар чоғида бир-бирларига мустаҳкам суянган элдир ҳалажруҳ. Улкан, дағал кафтлар — япроқларида олтин анжирларни тутар анжирзор. Кўр нурлар дайдиган бу салтанатда сабр-қаноатли қанча занжи бор. 8 Шамолзор дарада чайқалади тун, оқаришиб борар ойнинг палласи. Қонимни қонимга танитиб қўйди қоронғи тунларнинг ўт мусалласи. Энг асил дўстларим ёнимда экан, ёнимда, жонимдай жонимда экан, дўст излаб ўткардим баҳорни, ёзни, эй воҳ, улар менинг қонимда экан. Мана, юрагида диёнатини бокира қизларнинг номуси каби сўнгги нафасгача пок асрагувчи вазмин, иродали одамлар сафи. Қудратли юраклар зарбини уқдим, уқдим тоқатларин, уқдим кўзларин. Ҳар бирин дилида гўзал сўзлар бор, мўйсафид сарбоннинг сўнгги сўзлари. 9 Аравон бўзарган тонг қучоғида, кўпирган боғларин тебратиб ётар, гоҳ мовий, гоҳ пушти пардаларида қуёшдай уйғониб, ой каби ботар. АВТОБУСДАГИ УЙЛАР Катта йўл бўйида гўё ўзларин олис бир саёҳат, сафарга чоғлаб, писта, қурт сотувчи чоллар сингари ўйланиб ўтирар содда қишлоқлар. Қайга борадилар, лойгарчиликда қай орзу-истаклар бағрини эзар? Бироқ йўл сездирмай ёдингда қолган нохуш сувратларни ўчирар тезда. Пахтазор бошланар, кирза этикли, юзларин қуёшлар ялаган қизлар минг бора эгилиб, минг бор ялиниб, ҳар митти ғўзани уйғотар сизлаб. Бир зум бош кўтариб, ерга ўхшаган қўлларин силкитиб ненидир сўйлар, Гўёки қўллармас, қўллар шаклида ростланиб ҳавода титрайди ўйлар. Туркона ҳовлилар кунга қараган, аччиқ мевасидан ширин боли кўп, кўримсиз эшиклар мангу ёпилмас, терагидан кўра мажнунтоли кўп... Сабр дарахтидай ўсган одамлар — саксовул сингари чидамли, чайир, ерга ботиб кетган баҳодирлардай кунларга қарайди синиқ илжайиб. Майхонага ўхшар автобус ичи, ёш-яланглар чайнар нағмаларини. Бир бутун одамни кўрмадим бунда, курдим мен одамнинг зарраларини. Кўнгил ағдарилар латифалардан, орзулар, қарашлар нақадар калта. Нега гапиришмас сепаратчилар Индира Гапдини отгани ҳақда?! Булар яшайдилар қайси кунларда, қайга борадилар, кимга юкиниб? Шулар ўйлармикин тупроғимизни, шулар кўтарарми элнинг юкини!? Қани бирортаси битта сўз айтса, сўқимлар даврасин ногоҳ тўзитиб. шоир юрагимни юлиб берардим биргина Туркистон деган сўз учун. Қарашар автобус деразасидан охирлаб қолганда ҳамки саёҳат, билишмас, не учун хўмраяр тоғлар бу азим дарёлар оқар қаёққа... Болалар, кампирлар. чоллар мудрайди, меҳнаткаш қўллари ёзиқлигича, бу доно йигитлар, бу доно қизлар ухлайди кўзлари очиқлигича.
- ГУЛЛАЁТГАН ТОШ - ЧАРХИПАЛАК Ғичир-ғичир, ғичир-ғичир, айланасан — жонинг ҳалак, айланасан кун-тун демай, чархипалак, чархипалак. Шар-шур этиб, тар-шур этиб, қуйилар сув чирик новга, не азоб-ла олган сувинг тешик новдан оқар сойга. Чанқаган ер куйиб ётар, бу аҳволни кузатмаслар, ғайрат қилиб тешик новни ямаб-ясқаб, тузатмаслар. Ғичир-ғичир, ғичир-ғичир, айланасан — жонинг ҳалак, айланасан азал-абад, чархипалак, чархипалак. АСОТИРЛАР КИТОБИ Жавшанларин ечмаёқ, ечмай қурол-яроғин, ухлаб ётар ботирлар водийларда қорайиб... Очсанггина китобни ногоҳ бари уйғонар, уйғонар булут ёлли, яшиндайин тулпорлар. Бир ғурурми ё ҳайрат пайдо бўлар кўзингда, ботирларни уйғотиб, уйғонасан ўзинг ҳам. Уйғонасан, ўзгача ёлқинланар тонгларинг, тўқсон икки томирда потирлайди қонларинг. Аммо кетар чоғингда унутмагил инсофни — болаларнинг олдида очиқ қолдир китобни. * * * Жангда ўлган эмас бирор баҳодир, бари ҳалок бўлган хиёнатлардан, тошдай ухлаганда тўшларин очиб ё заҳар қўшилган зиёфатлардан. Бирор асотирда баҳодирларни ҳаттоки юзбошли аждар емаган, минг бир синоатли ялмоғизлар ҳам, тоғларни ўйнаган, девлар енгмаган. Бари ҳалок бўлган хиёнатлардан, барига орқадан санчилар ханжар. Шундай бўлиб келган азалу азал мана шу жафокаш, кўҳна Ватанда, Ҳар гал баҳодирлар йиқилар экан куракка санчилган номард тиғидан, қайта тирилганда бўларди ногоҳ ҳар бир болакайнинг қорачиғида. ишонгил, ҳеч қачон сени алдамас софдил элатларнинг асотирлари, бирорта баҳодир ўлганмас жангда, қўрқоқлар ўлдирган баҳодирларни. ЁШ ТОҒЛАР Куч ёғилган гавдаларини саратоннинг ўтига тоблаб, очиб қўйиб хазиналарин, ухлаб ётар ўспирин тоғлар. Гўр мангу сафарга чиққан йўловчилар ҳорган кўйича ўтиргану бирпас мизғиган сирқираган сувлар бўйида. Бир нафасга кўз юмгандилар, миллион йиллар ўтди орадан, ухлаб ётар юракни ўртаб, ухлаб ётар содда болалар... СУВЛАР ИЛА МУЛОҚОТ... Улуғвор қоялар салтанатида офтобнинг йиғилган шуълаларидай сирқираб ётибсиз тошлар оралаб, бокира сувларим, гўзал сувларим. Туташди нафасим нафасингизга, узоқ титраб турди жисмим торлари, қушдай потирлади ҳовучларимда қадимги дунёнинг тирик қорлари... Тоғлардан сирғалиб тушар оҳиста чексиз воҳаларнинг қоронғилари. Қаерга шошасиз бағримни ўртаб, бинафша, нилуфар, ёронгулларим... Мен ким — эзгуликнинг элчиси шоир, Сиз ким — гўзалликнинг миллён оҳуси. Айни шу лаҳзада тангрилардан ҳам улуғдир гўзаллик тўла ҳовучим... Бироқ нега ёлғиз, нега ҳазинмиз шу мангу, шу ёруғ, содда дунёда? Қачон келар экан бу қирғоқларга қачон келар экан мажруҳ одамзот. У дайдиб юрибди аллақайларда, мангуликни бўлиб, ўраб симларга, бир ваҳший шиддат-ла бузиб борлиқни, беҳуда сиғиниб аллакимларга. У ҳали бу ерга етганича йўқ, ташлагани йўқдир ҳали туғларин... Сиз эса кутасиз уни интизор бокира сувларим, гўзал сувларим. Бир куни ҳис қилиб алданганини, одамзот, албатта, йўл топиб келар, ногоҳ сизни кўриб ҳовучларида асрлаб-асрлаб йигласа керак. ОФТОБ ВА ОФТОБ НУРЛАРИ ҲАҚИДА АФСОНА Милёнта йилдирим чақнар тўсатдан, булутларга дўнар абадий қорлар. Нурларга ғарқ бўлиб, чайқалган ерга Офтобнинг бағридан тушди тулпорлар. Гуркираб юксалган бир яшил олам яшил кўлкаларин ташлар қирларга. Чўнг тоғлар уйғонар, сайрайди сувлар, дунё тўлиб кетар ёруғ сирларга. Офтоб салобат-ла, чеҳраси яшнаб, боқаркан самовий тоқдан пастларга, ногоҳ бир чайқалди бор коинотни титратган даҳшатли ўткир саслардан. Не кўз билан кўрсин, қалайи нигоҳ ҳам темир човутли қаҳҳор сайёдлар тинсиз арқон ташлар, кўкка сапчийди бир олов оқимдай айланган отлар... Наҳот кечагина ғорлар тубида бир томчи ҳарорат, бир томчи шуъла сўраб ёлборганлар, буюк Офтобни коинот қаъридан чорлаган шулар. Офтоб ўйлаганди пок ният билан бағридан бераркан мўл-кўл ҳарорат: «Ҳурликка интилсин, тулпорларимда гўзал оламларга қилсин саёҳат». Истаги пок эди, аммо қасамхўр сайёдлар қўлида айланар арқон. Заминга яхшилик, нурдай ёйилган тулпорлар изидан ёлқинланар қон... Маконлар хор бўлди, миниб отларни учқур шамолдан ҳам жадал еларкан, кўҳна кекларини туғдай кўтариб, бир-бирин шафқатсиз қирди элатлар. Офтоб айланаркан, четлаб ўтади заминга уюлган муз тоғларини... Ташлаб ҳам кетолмас буюк бағридан абадий узилган тулпорларини. Тулпорлар, ёллари тирик аланга, совуқ ярақлаган кўзлари ғамгин. Бу чексиз заминдан буюк офтобга қайтмоқчи бўлгандай чопади мангу. Неча минг йилларким Офтоб изидан тинимсиз талпиниб чопади отлар. Офтоб ўша-ўша, замин ҳам ўша, тинимсиз алмашар фақат сайёдлар... ГУМАНОИДЛАР Уларни биламан, улар пок бўлар, юраги гўдакдай беғубор бўлар, сезмасдан яшаймиз, ёнгинамизда бу олий кишилар хору зор бўлар. Бир лаҳза ўтрилиб, теранроқ қаранг, қайси бир кўзларда оғир ёш қолди, сўлиган гуллардай очиқ юраклар, кафтларга тиралиб неча бош қолди? Қаерга борасиз кунларни янчиб, йилларни тўзғитиб қайга борасиз? Юксакка қараб бу кетишингизда ҳали қанча-қанча қалбни ёрасиз. Бир қизнинг юлдуздай кўзларин кўрдим, само гулларидай қўлларин кўрдим, агар йиллаб учсам нур тезлигида, сира етиб бўлмас ўйларин кўрдим. Қанча жасад кўрдим, гўё бир куни ёруғ орзуларнинг баҳридан кечиб — шошилиб кетгандай олий кишилар азобдан буришган либосин ечиб. Нега юлдузларга қарар одамлар, қандай садоларни уқар ғойибдан. Оламни ғафлатдан огоҳлантирган валилар сингари бедор шоирлар. Улар яшагандай ёнгинамизда, ўзлари кўримсиз, диллари кабир, астойдил суяйди йиқилганингда, ўлимгача борар содиқ дўст каби. Ногоҳ тақиб кетар хаёлларингга бир куни кетар чоғ сафари қариб - бир парча осмондай пок хотирасин ўзга дунёларнинг хабаргирлари. ВАҚТ Ўлдириб қўйдингиз вақтни бугун, гўёки ўзингиз сезмаган ҳолда, тилингиз титрамай соддадилларга кулиб узатдингиз ёлғонни болдай. Сўнг қараб қўйдингиз атрофингизга, ҳеч ким сезмадими, пайқамадими? Биров қийшиқ кулиб қўйвормадими савил-павилию пойқадамини. Жуда нозик усул, тўғримасми-а, қотиллик қилганинг ҳеч ким сезмаса, сазойи қилмаса эшак миндириб, халойиқ олдида тилинг кесмаса. Ўтган асрларда шўрлик вақтни сўйиб қўйишарди қўзичоқлардай, қозиққа ўтқазиб ё осиб дорга, тириклай кўмишар эди чоҳларга. Нозиклашиб кетган усуллар бугун, қотил ҳам қурбон йуқ бир қараганда. Бироқ аён бўлар соф ақлларни бўғувчи бадбўй ҳид таралганида. Вақт келар — беҳуда гапга тоби йўқ, умид-ла қарайди одамиятга: «Башарнинг энг буюк ташвишларини шиордай кўтариб юрсин ниятлар». Биров ўлдиради бекорчиликдан, бири — жаҳолатдан, бири — тўқликдан, қопдаги мушукни сувга отгандай бировлар ўлдириб юрак шўхликдан. Гоҳо ўлдиришар кўпчилик бўлиб, шунда вақт бўялиб қора қонига, гумбирлаб қулайди ҳар куни мозий — ададсиз вақтлар қабристонига. Ўҳ-ҳу, қанча вақт чирийди унда, хўрланган, зўрланган ёки кесилган, бедарак йўқолган, бир зўравоннинг темир човутлари аро эзилган. Ўҳ-ҳу, қанча вақт, ишга солинса қанча эллар мангу яшарди озод ё қурса бўларди оддий қўлларда бундан ҳам гўзалроқ битта коинот. ОЧИҚ ҚОЛГАН КЎЗЛАР Аскарлар йиқилди — кўзлари очиқ, йўқ эди кўзларин ёпадиган қўл, на тупроқ, на фурсат қўли ёполмас, ёполмас ҳаттоки босиб ўтган йўл. Шўрлик Осиёдан Оврупо бўйлаб Олмон ерларига туташган йўллар, сўнгсиз тепаликлар, қора ўрмонлар абадий очилган кўзларга тўлган. Майсадай гуркираб ўсар нигоҳлар, машаққат-ла ёриб ернинг қатини, шамолда тебраниб, узатар гўё авлодларнинг ҳар бир ҳаракатини. Гиёҳлар кирмасми тушларингизга, безовта қилмасми кўзлар овози?! Мудҳиш бир сувратдир аччиқ Оврупо — тирик нигоҳларнинг буюк мозори. Товонларим қақшар босгандай гўё милён аскарларнинг очиқ кўзларин, жасадим кўради агарда ётсам, шеър ёзган чоғимда кўрар қўлларим. Адашар ўлганлар кўрмайди дея инсонлик номини сотиб юрганлар, ишратни суйганлар, учқур вақтдан қўрқоқ кўзларини юмиб турганлар. Юлдузсиз осмондай бу чуқур кўзлар, сўнган юлдузлардай сон-саноғи йўқ. Топилмас, топилмас абадулабад бу очиқ кўзларни ёпадиган қўл. ГУЛЛАЁТГАН ТОШ Манови қора тош — Вақт кафтларида триллион маротаба кичрайтирган тун жонсиздай ётаркан, ўткир кўзимга тобора шубҳали кўринар ҳар кун — гўёки жонлидай, гўё бир куни тўсатдан гуркираб гуллайдигандай, гўёки ҳозирча ўтмас кўзлардан сирларин яшириб ухлаётгандай. Гўёки кузатиб ўткинчиларни мангу ҳаракатнинг юкин таширкан, зўр бериб ўйлайди «қай аср қулай, сирин очса бўлар қайси асрга?..» Тош ҳам гулларми деб, минглаб калтабин гурзисин дўлайиб йиғилган пайтда, мардона илжайиб, кўрасиз, дедим, бир куни гуллайди бу тош, албатта. Балки тош ҳозироқ гуллаётгандир, минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб, балки бу гулларни кўрмаётгандир ҳатто шоирнинг ҳам ўткир кўзлари... ОҚ ДЕВОР ТАГИДАГИ СУҲБАТ Гапириб бўлмайди мозий ҳақида, мозий юки оғир, — ташлаб кетарли, ҳали бузғунчи деб, қўпорувчи деб ёқангдан олгувчи гумроҳ етарли. Яхшиси, мозийни тошбўрон қилиб, фарзанд ўстирганлар қавмига эргаш. Эслама, қачондир Яссавий каби даҳолар қай сабаб кирганин ерга. Мозий қора маскан — заррача нур йўқ. ҳайратга солувчи бирор шуур йўқ, жаҳолат, ҳамоқат — бари мозийда, дилни ёритгувчи зарра сурур йўқ. Мўъжиза юз берди, кўз ўнгимизда бирдан оппоқ девор кетди қизариб, ҳеч ким кўрмасин деб оқлаб ташладик, амаллаб яширдик қизил изларин. Эртага ҳам оқлаб қўямиз, агар қизиллик кўринса оқлик ўрнида. Агар индингача... унгача вақт бор, балки қизармайди, балки кўникар. СЎЗ ҚУДРАТИ Ариқ бўйидаги сарғиш чимзорда пашшага таланиб ётган майхўрга ўзингни валига сиғинадиган авом бир қул каби қарашга ўргат. Ичир Сирдарёдай улуғ меҳрингни ҳовучлаб-ҳовучлаб очиқ қалбингдан. Кўксингга қўл қўйиб, таъзим қилавер, буюксиз деявер ҳар бир гапингда. Синамоқчи бўлсанг сўз қудратини, ўзингни мажбур қил, ўзингга буюр, ичиб Сирдарёдай улуғ меҳрингни, эсипаст, албатта, бўлади буюк. Сўнгра ғолибона тикилишидан сен титрай бошлайсан томчи симобдай, гўё сен ётгандай куппа-кундузи пашшага таланиб сарғиш чимзорда... * * * Ҳар кун катта йўлинг сўқмоққа дўниб, тош шаҳардан сени чиқариб ташлар. Ҳар оқшом қадимги оёқларингга қўрқинчли бир кенглик очилар даштдай. Гоҳ кулгинг келади, гоҳ... йиғи келмас, кўзларинг қуриган ўзанлар каби. муштларинг оғрийди чўнтакларингда, сен ҳамон кичиксан, бу олам кабир. Кўрдинг ишқ, дўстликнинг савдоларини, Гўёки ишончни юлиб олганлар, тилингнинг ўрнига бир бўлак темир, дилингга шубҳаю гумон солганлар. Нега бундай бўлди? Бир ҳайкал каби туйғусиз тикилиб гўзал тонгларга, фақат Жумавойи бўлгани учун ҳавасларинг келар робинзонларга. Ахир қизиқмасми, иш режасимас, хаёлан ғалати қасрлар қурсанг, одамлар қайнаган катта шаҳарда одамларни соғиниб юрсанг. * * * Табиат — қўли гул ҳунарманд, Табиат — минг ҳунар соҳиби — муз эритиб, тоғ тошларига тонгга кадар лола қоқибди. Бир кечада бор дарахтларга кийдирибди яшил либослар, уйғотибди ёш жилғаларни, қушчаларнинг овозин созлаб. Тўрт раққоса — Пўйрозу Дабур, Самум, Сабо — бодин ўйнатиб, жисми асал, ишқдан қорилган бувакларни ўпиб сўйлатди. Табиат — кўли гул ҳунарманд, гавҳарларда ишлар берилиб, ойлаб ором билмаса ҳамки, минбарларга чиқмас керилиб. Кўзим тушди, корхонасида бир заргардай азобланарди, боларилар ясарди, борлиқ уйғунлигин расолар эди. Бир дақика кузатдим кулиб, мен ким — етти иқлим султони, ишчан қарол — гўл Табиатдай ҳайрон килиб қўяй дунёни. Зумда йиқдим қўпорувчидай харсангларни илдизи билан, ўрмонларни кесдим эринмай, дарёлар ҳам чиқди изидан. Ишга тушдим устахонада, аён бўлди меҳнат сирлари. Аммо минг йил ишласам ҳамки ясолмадим бир тирик ари...
- САНЪАТ - ОВОЗИМ Наҳот, шеърлар айтдим бўшлиққа қараб, наҳотки, соврилди олов сўзларим, наҳотки ҳақ бўлса, эл-у юрт асли, қуруқ сўзлар деган гумроҳ дўстларим?! Наҳот, бекор ўтди гулдай умримнинг минг йилга татирлик олтин чоқлари, наҳот бирор руҳни уйғотолмади шоир юрагимнинг қалдироқлари?! Наҳотки, бирорта дилга етолмай, беҳуда сарфланиб қанча куч-чидам, келиб кетаверар ёруғ дунёга, келиб кетаверар мендай куйчилар?! Менга минбар эмас, унвонлар эмас, латта чечаклару эҳсонлар эмас, олов бир саҳрони, юртим хаёли нурга гуркираган саҳро беринг, бас. Эрку муҳаббатнинг мухтор элчиси — ётмасман тупроққа дўниб, тинчланиб, жасадим тирикдир ёруғ дунёда, ойнинг синиғидай чақнар синчларим. Агар етти қават ернинг қаърида ётсам-да ларзага солиб ҳавони, элимнинг юрагин топар барибир жисмимни куйдириб учган овозим. * * * Энди жим турасиз, сира илож йўқ — дунё ўзгармади сиз айтган сўздан, сиз қурган қасрлар вайрона бўлди, алафларга тўлди сиз оққан ўзан. Энди жим турасиз, оғир, биламан, аммо ҳар кимсага тақдир насибдир, билмоқчи бўлсангиз агар, шоирлик жасорат сўзининг таржимасидир. Энди жим турасиз, Эшитинг элни, эл асло демайди, зоғлар куйласин, энди кенгликларда ҳақ сўрамасдан, ерни безаб ётган боғлар куйласин. Куйласин, келди-да куйламоқ гали, куйласин мангулик қўшиқларини, бузсин-да сиз каби ақли қисқалар хатарсираб турган тўсиқларини. Ана... қулоқ солинг... эшитяпсизми, куйлар шоир шамол, куйлар шоир қор, шоир қоронғилик, шоир тоғларда шоир дарёларнинг шовиллаши бор. ЎГИТ Қўрқоқнинг кўзига тик қара доим, бирор сўз демасдан узоқроқ қара, титроқ етиб борсин нигоҳларингдан юзлаб аждодининг жон-жони қадар. Етсин, аждодлари тирилсин қайта, тирилсин, сўнг яна қайтадан ўлсин, сенинг нигоҳингда аждодларингнинг кескир нигоҳлари жамулжам бўлсин. Қўрқоқ лозим бўлса қадаминг бўлар, энг яқин дўстинг ё одаминг бўлар, қўрқоққа тик қара — одамиятга бу сенинг энг зарур ёрдаминг бўлар. Қўрқоқ ойлаб, йиллаб, ҳатто бир умр кўз-кўзлаб минг турлик сувратларини, энг нозик — энг ожиз жойингни кўзлар, ожиз жойинг эса куракларингдир. Шу ёруғ дунёга бўлиб орзуманд, қонингдан бақирар қанчалаб доҳий. Қўрқоққа кўрсатма куракларингни, кўзига тик қара, тик қара доим. ҚАСИДА
Дарахтлар заминнинг очиқ жонлари, заминга булутдай соясин ташлар, дарахтлар осмоннинг бошланишида қўрқувдан кейинги умрини яшар. Дарахтлар қўрқмаган метин шамолдан, кимдир кесиб кетар демай кўкарган, улуғвор бошларин она-заминдан кучи етганича юксак кўтарган. Дарахтлар — хатарга очиқ очунда қуёш қаршисида расмга тушар. Узоқ-узоқлардан хилват шохларин соғиниб келади толиққан қушлар. Кўп кўрдим, кимсалар бўғизларида мумдек қотиб кетган сасларни кўрдим, минг йиллаб улуғвор бошларин ердан кўтаролмай ётган касларни кўрдим. Қанча синоат бор, қанча тилсим бор нурлар салтанатин ҳар гирватида, маъниси жамики тирик зот борким, хиёнат қилмасин табиатига. Дарахтлар — мен итдай сездим ўзимни, гўё тирик жонмас, кесилган дастман, бошимни кўтариб сизга қарайман, нақадар баландсиз, нақадар пастман. ТИЛГА КИРГАН БАЛИҚЛАР... Балиқ тутаймикин энди умрбод, ўйласам, шоирга жуда соз иш-да, ҳар ҳолда тузукроқ каттабинларнинг ғашига тегувчи шеърлар ёзишдан. Ўйладим: «шеър билан дунё ўзгармас, ўзгармас ҳар тошни босган сарварлик, ҳар бир ҳайқириқда таъмаи нафс бор, баъзан жўн ниқобдир одампарварлик». Ҳар ҳолда балиқдай жимжит яшасам, кимдир хурсанд бўлар, кимдир — хотиржам. Ҳаттоки қаттиқроқ эслаб қолганлар исмимни ўчириб ташлар хотирдан. ...Мана, қармоқ ташлар кўҳна сувларга кеча тўс-тўпалон шеър айтган шоир, бироқ сал қўзғолган кўл тубларидан ғалат саслар келар: «хоин, о, хоин». Бир чўкиб кетгандай орқадош тоғлар, дарахтлар кетгандай мендан нарига, юрагим бир куйди: «хоин, о, хоин», тинмай садо келар кўлнинг қаъридан. Ўтлар ўсмай қўйди, униқди қуёш, сув чақа бошлади оёқларимни, «хоин, о, хоин» деб бир гала балиқ бақирар, тортқилаб қармоқларимни. Ёқамни ушладим шунда илк бора: ё тавба, балиқлар... балиқлар ҳатто... «Қармоқни ташлагин, о, шоир, о-о...» Сувдан бош чиқариб қарашар қатор: «Қайтаргил тоғларнинг салобатини, ўстир майсаларни, қайтсин, дарахтлар, қуёш қийналмасин, эзгулансин сув, қайтиб кет, қайтиб кет, ўзингга қайтгин...» ... Қармоқни ташладим, бирдан гумбирлаб, ердан ўсиб чиқди тирик тоғларим, тағин тилим қонар кескир сўзлардан, бағримни эзади эски доғларим. Қайтаман, ер тинглар одимларимни, қувончим ичимга сиғмас ҳали ҳам, бир янги сўз айтгум одамиятга: «гапира бошлабди ҳатто балиқлар»... ОТГА ҚИЁСИЙ ҚАСИДА Шаклга қамалиб қолган аланга, жисмида чайқалиб пишган қони бор, қуввату ғуссанинг қоришмасидир, баҳайбат нафасли, ҳорғин жонивор. Сувлиқдан йиртилган оғзи тегару майсалар қовжираб қолар адирда... Учолмас юкининг оғирлигидан — улкан қанотлари бўлган қадимда. Мен сени эсладим катта гўдак ҳам тўрт бола ташвишин кифтига ортиб, ҳамиша парвозни қўмсаб яшаган, кўзлари ғуссали, чиройли отим. Ўзим ҳам анови қорабайирдай, қоним-да совиган, ўйчан, беқанот, яғир кифтларини пашшалар талар, кимларнинг юкини тортмаган бу от. Сағриси ялт этар хира ойдинда... оқарган далалар, куйган адирлар, улар ҳам қачондир парвозлар қилган, улкан қанотлари бўлган қадимда. Ўхшатиб... ўйласанг ойлар етмайди, от каби ўтласанг жойлар етмайди, ўлгудай ташнасан, чанқоқ босдига чат-чил синиб оққан сойлар етмайди. Оҳ-ҳ, кўнгил, бир нафас отга айлансак, энг кўркам байталга маҳкам бойлансак, бир шоир келсаю унинг шеърида энг бахтли, энг эркин зотга айлансак. Ҳўй, от деса, ҳўй, бахтиёр от, сиз — шоир, мен отга айлансак деса, оҳ-ҳ, кўнгил, ҳаҳ, кўнгил, яна нималарни тусайсан бесар. Буюк тун тўлади ҳансироқларга, уларга қўшилар шоир саси-да, айланар, айланар, мангу айланар нафаслар тўрт фасл доирасида. ҚАЙТАР ДУНЁ Эссиз, шундоқ умр, уқиб етмабсиз, азалдан нодонга дунё торлигин, лоақал кексани ҳурмат қил деган оддий бир мақолнинг борлигин. Кеча итлик қилиб, донолигидан сиздайин нодонга пастдан қараган нуроний одамни абгор қилдингиз, қилдингиз нодонга хос бир ҳаракат. Энди хавфсирайсиз орқага қараб, не бўлди, бошдан ё ҳумо учдими? Юрса, юрибти-да изларингиздан саноқсиз болалар тугиб муштини. САНЪАТ Содиқ қолдим табиатимга, яшамадим юз хил турланиб — кўрган эдим бир пайтлари ҳимоясиз атиргулларни. Гарчи гуллар кўркини тўкиб, қовжиратиб, тўзғитса-да, куз атиргуллар ичига ўткир пичоқларни жойлайман ҳануз.
- ВИСОЛСИЗ ИШҚ - ПОКИЗА ГИЁҲЛАР Бир ойким арчазор тоғлар бағрида бир ўктам арчадай яшнадим қасддан. Бир синиқ булоқдай кунга қарадим, файласуфлик қилдим бамисли харсанг. Майсалар селида кўрдим ўзимни, руҳимнинг ҳурлиги ҳақда ўйладим. Дилимнинг дилидан чиққан сўзимни тилимга қўндириб, равон суйладим. Зулмсиз боладай беғубор кунлар. на ғийбат, на ҳасад, на бор хиёнат. Бузмасдан табиат расолигини, мангулик юргизар одил сиёсат. Қарасам — йўл бўлди. одимларимдан йиғлаб чинқирмади бирорта майса, додлаб бўкирмади қоя ортимдан. улуғвор тоғларга бермади хабар... Бошим-да минг бора фалакка тегди, нурдан тўқилгандай бутун борлигим. Бир йилдир соғиниб. яшайман энди донишманд тоғларнинг улуғворлигин. Бир йилдир хаёлим бўшлиқларида оний йилдиримдай чарақлар роҳлар, шовиллар мангулик қўшиқларидай юмалоқ хат ёзмас гўзал гиёҳлар. ДЕНГИЗ БИЛАН УЧРАШУВ Нафасини туйдим, жисмимга юрагимдан таралар титроқ. Сангин ғафлат аро қисилган бу денгизда яшар қалдироқ. Гўё бузиб ернинг ҳаддини, етгандайман бошқа оламга, гўё бунда ташлаб қалбини ўтиб кетган жўмард одамлар. Сангин қирғоқ гангиб туради зарбалардан тоши ёрилиб. Мунча қаттиқ урдинг, юрагим, танигандай ошиёнингни. ...Ярқираған эркнинг соҳили, қудрати-ла этаркан сархуш, ёвуз осмон сари отилиб, қафасида уринар бир қуш... ЖОДУ Чалғиб қолдим бир зумга — ногоҳ кўзларимга ранглар урилди, ҳовлилардан кўпирган оппоқ, пушти гулли боғлар кўринди. Кун товланиб айланар экан, ранглари-ла боғлаб кўзимни, ғўзаларнинг қулоғин терган қизлар аро кўрдим ўзимни. Қийиқ қизлар қаҳқаҳаларин лаблари-ла зўр-базўр ушлар. Кўтарганча сал даҳанларин, ҳозир титраб учгучи қушдай. Ялт-юлт этар ноёб сувратлар, яшил... яшил... вой, жоним яшил. Амонатман бир ютим сувдай, баҳор, яшил кўзларинг яшир! Бир сескандим, айтган сўзимдан, тошдай оғир гуллари-ла бот, сездирмасдан асло ўзимга, хотирамни безарди ҳаёт. БЎСАҒА Сўнгги томчимгача ўзимни бедор саҳродай чўллаган дунёга бердим. Қанча оғир бўлса, шунча телбавор куладиган бўлдим яқиндан бери. Энди олов баланд — музларни ёқсам, нигоҳимдан юмшар ёвуз тошлар-да. Баҳор ҳақда ўйлаб, қай томон боқсам, айни қиш чоғида баҳор бошланар. Энди қўним топмай боғчаларида мўмин мусичалар, кўркам каптарлар — очиқ деразамнинг токчаларида мажлис қиладиган бўлди ҳафталаб. Ўй суриб дунёнинг камоли ҳақда, минг бир фидо бўлиб, ўзим ўзгардим. Гўёки руҳимнинг ботин қаъридан умрлик қувватим бирдан қўзғалди. Энди маъшуғининг бир нигоҳидан ойгача югурган тентак ошиқман. Энди бир юракман, хомуш жоҳиллар кўзлари ўнгида буткул очилган. Паноҳ сўрадимми боримни ечиб, ўзни урдимми ё бирон эшикка? Қалтис лаҳзаларда оримдан кечиб, кирдимми сичқонлар кирган тешикка?!. Қалтис лаҳзаларда синалар пайтим, тўғри сўзи учун ўлган қайсардай, дунёнинг кўзига қарадим қаттиқ, жисмимга санчилди минглаб найзалар. Болам, жоним болам, бу гўзал ҳурлик, унутма, бу ҳурлик, унутма, бу ҳурлик тўралган кунни — ёнётган саҳрога юзимни бурдим, баҳайбат чечаклар потирлаб унди... ҚИЗАЛОҚНИНГ ЭРМАКЛАРИ Дунё тез ўзгарар, одам ўзгарар... Кечагина ҳар хил эрмак топарди. Узоқ жим туришдан гаров ўйнаймиз, деб гулдай кафти-ла оғзин ёпарди. Ахир, билмасди-да додлайдиган пайт сукутнинг мозийдан қолган қасрида дунёнинг аксига тикилиб лоқайд, яшаш мумкинлигин ҳатто асрлаб. Жимликни хушлардим, барсий фарёдни яшира билардим бир табассумда. Чидолмай бу қадар жимликка доим қизалоқ ютқазиб қўярди зумда. Дунё тез ўзгарар, Одам ўзгарар... Бузар қасирғалар сукут қасрини. Энди жим туришдан ўйнар ўзгалар, ҳайратга солганча сурон асрини. Кўзида даҳолик нури барқ урган қизалоқ эрмаги бўлдими сабаб, жимлик лангарида чайқалиб турган кунлар сувратидан қақшайди асаб. Ў, бу кунлар, ҳар бир лаҳза қаърига ўлим ё ҳаётни жойлаган кунлар, нур, зулмат, рангларнинг гирватларини соғиниб тошларга айланган унлар. Мен энди дунёнинг аксига эмас, кўзига қарарман девона бўлиб, оташин бўрондай айланар нафас, ҳар лаҳза ҳаётдир, ҳар лаҳза — ўлим. Безовта руҳдайман ўзга ёқлардан... Ғафлат тўрларида қолганда борлиқ, бир нолам янграйди сукутгоҳларда: ҳой, одам, бормисан, овозинг борми?! ШАБИ ХАЁЛ Жисмингда жон бўлса, ундан ҳазар қил, ҳақорат — хотирга санчилган найза. Сезаман — поёнсиз қоронғиликда чинқириб ўсади хўрланган майса. Сезаман — бевақт кесилган дарахт баттар кўкаришни ўйлаб шайланар. Сезаман — не йилдир заҳардан карахт замин ўз ўйида даштга айланар. Хавфлидир хотирот ўрамалари, не-не ҳақоратни ютса қаъриға, жим ютиб юрсаю минглаб йилдан сўнг юзага чиқарса анча наридан. Ҳазар қил ҳақорат зарраларини мукофот санаган хотирасиздан. У қайси томонга юрса, барибир, дод ёки ҳақорат қолар изидан. Мана, хотирасиз, хаёл кучини бутун борлиги-ла топтаган дажжол, у гулдек аёлнинг ўт оғушига ҳақорат уруғин экар бемалол. Дунё нима ўзи, дунё — юксаклик, юксак манзилига қайтади хаёл ва лекин бу аёл хокисор нега, нега ҳақоратга чидар бу аёл?! ...Юлдузлар бақраяр... Ёғду бодида солланиб чайқалар қамар — беланчак Ўҳ, қандай ҳақорат, ўҳ, шаби золим, овозсиз чинқириб келар келажак.
|