5 дан 12 сахифа
- УЧИНЧИ ФАСЛ - ОДАМДАРАХТ Ўсаётган кучли дарахтман, шохларимда пишар сўзларим, ўйчан кузак келгувчи йўлга икки тоғдай боқар кўзларим. Фурсат эса — шошқалоқ бола, меваларнинг хуш бўйин туйиб, атрофимда тинмай айланар, гоҳ кундузни, гоҳ тунни кийиб... * * * Узум йиғлар, йиғлар буралиб, йиғлайверар қишгача дилдан, биллур каби мўлдир турланиб, кузда дўнар олтин шингилга. Поёни йўқ куз оғушида қандай гўзал йиғлайди узум! Шундай бўлар ҳақиқий йиғи. кўриб қўйгин, эй, ношуд кўзим! * * * Сафсарлашар оқшомги осмон, кун чекинар қорли тоғларга, сукунатнинг мунис қушлари учиб келар кузги боғларга. Келар қора ридо кийган тун, сукунатнинг қушларин суяр, суронлардан ҳорган шаҳарни силаб-сийпаб ухлатиб қўяр. Сўнг пойида вафодор итдай эркаланган шамол-ла бирга, ёндирмасдан фонуси — ойни чиқиб кетар поёнсиз қирга. Ухлар кўҳна оғушда борлиқ, фақат гоҳо йироқ-йироқдан ҳуриб қўяр дайди итлардай қоронғида ётган қишлоқлар. * * * Бобочинор сергак мудрарди кар, вайсақи шериги билан. Аллақайдан келар судралиб, кузак — худди уч сариқ илон. Бобочинор уйғонди чучиб, таниб қолар илонларни, оҳ, тунги елга сийнасин очиб, дам оларди ҳомиладор боғ. Ғижирлайди безовта чинор, огоҳ этиб шовиллайди: ку-у-з, аммо учта сап-сариқ илон оғочларга ўрларди, афсус. Ожиза боғ уринди ҳар ен, изиллатиб сўнгсиз тонгларни. Ногоҳ қутилар кўтарди фарёд — оғочларнинг пгўрлик жонлари. МАВЗУ Болталарнинг бўғиқ зарбаси, сирқирайман ургандайин барқ. Оғочларнинг улкан шарпасин ой нурлари қилолмайди ғарқ. Болталарнинг бўғиқ зарбаси... етиб келди бу ерга душман. Ҳалок бўлар фақат бир лаҳза ерга қўнган баҳайбат қушлар. Болталарнинг бўғиқ зарбаси... яйдоқ чўлга ташлайман одим. Оғочларнинг додин кўтариб, изларимдан келар зил едим. Хотирамдан чиқмайди душман, ҳар зарбадан гўё барқ урар. Потирлайди бағримда қушдай илдизлари қирқилган юрак... * * * Ой гуллади. Осмон тоқига юлдузларни кимдир қоқади. Ўзанларда сокин тўлғаниб тағин қуюқ кундуз оқади. Осмонларда ўтлаган булут подасини шамоллар ҳайдар. Суронлардан ҳориган дала ибтидоий жимликка қайтар. Юрак сокин қарар атрофга, синдирмайди энди қафасин, фақат сезар поёнсизликда ўлаётган кузнинг нафасин. Ҳувиллаган сариқ водийда қариган куз ётади беҳол — кўзларига осмонни жойлаб, ўлса бўлар энди бемалол... ЛАҲЗА Хазонга айланди кунларим... Мотамда тургандай боқаман. Фасллар тўқнашган лаҳзада хазонлар тўпини ёқаман. Кўзларим ачишар, бехосдан юрагим, қўлларим тутрайди. Аланга олмайди кунларим, тутайди, оҳ, мунча тутайди. ИШҚ Бир кун осмон олмазорида уйнаётган фаришта қизлар икки дона қизил, тотори олма отиб ўтгандай бизга... Пориллади кўзимизда нур, боғланди жон ришталарига. Ўхшар эдик иккаламиз ҳам ўша маҳал фаришталарга. Олмаларни ичи қора вақт олиб қўйди қўлларимиздан, шундан бери чақиртикандай фироқ ўсар йўлларимизда. Ўша онлар ҳамон порлайди, ҳамон тирик ўша нашида, ҳамон сузар қизил олмалар хаёлимиз ёйилмасида... ФАРИШТАЛИ... Чолу кампир шошилмай салкам бир асрни ҳам яшаб қўйишди. Кунжарага, зоғора, патир, томошага роса тўйишди. Кампирини эшитмайди чол, эшитмайди чолни кампири. Бир-бирига суяниб қолган, бири кетса, йиқилар бири. Лек кўзлари ҳамон кулади, юзларида айланар зиё. Бузилади дунё тасвири чолу кампир бўлмаса гўё. Ҳар нарсага қодир табиат асрамагин бундай қаришдан! Иккисининг кифтидан кетмас, саксон йилдир икки фаришта.
- ТЎРТИНЧИ ФАСЛ - АРМОН Куйлолмадим, япроқлар каби, қуруқ шохдай титрар овозим — сўлиб қолди баҳорим тағин, сувга чўкди яна бир ёзим. Кузак келди бағримни доғлаб; қўлин чўзди гиёҳга, гулга, сайрадилар сўнг бора, боғлар тўлиб қолди ўлик булбулга... Қорлар ёғди, оғриди жоним, ухлаётган боғлар пойида куйлолмасдим, ундан ёмони яшил эдим қантар ойида... ВАҚТ Вақт сенга қул бўлмас асло, ундан кутма мурувват, таъма. Сиғин унга, ёлворгин, авра, бир амаллаб вужудга қама — Қул бўлолмас сенга, барибир, вақт ҳамиша ҳушёр, жангари - ериб ташлар жисмингни ногоҳ, чиқиб кетар сендан ташқари. * * * Алдаб қўяр кўзларим сени, гоҳо ўйнар, гоҳ термилар жим, сокин кўлга ўхшайди гоҳо, гоҳ тубида чақнар йилдирим. Бу алдоқчи ўсмир кўзларим ёдгорликдир яқин дўстимдан — кўзёшини кўрсатмай мангу йиғлайдиган кўзим кўксимда... * * * Кун сайин озади юрагим, кун сайин вужудим семирар. Юракни ёлғизлик эзади, вужудни лаҳзалар кемирар. Соғинчлар шамолдай оқади юракка кўринмас роҳлардаи. Қайси бир қаватда — вужудим, юрагим тунайди тоғларда. * * * Совқотдим, қўлларим музлади, осмондай сидирға ялангда гулханга қўлларим қалайман кўккача ўрласин аланга. Ёнмоқлик мунчалар ёқимли! Аланга, ўсавер, ўс тағин. Ачинма, чинакам дўст бўлсанг, нари тур, шамолни тўсмагин. ЁЛҒИЗЛИК Уч ажойиб ўғли бўларди қачонлардир бечора чолнинг - бири шуҳрат ортидан кетди, бири ҳақнинг, бири хаёлнинг. Қандай эрта кетишди улар! кетди қўрси, шўхи, дилбари, чол бир умр кутди қовжираб сувсиз қолган ўзан сингари. Кутавериб чарчар, ниҳоят ўйлаб қолар илк бор ўзини, чақирволар кўпдан кўчада йўл пойлаган икки кўзини... ...Ухлаб қолар, болалик чоғи. қишлоқ пайдо бўлар тушида, дўсту ёрнинг таниш юзлари, келинчакни кўрар тушида.
Уч ажойиб ўғли қиқирлаб, тиззасида ўйнаб-куларди. Бирдан улар улғайиб кетди, сўнг йўқотиб қўйди уларни... Волидаси оппоқ рўмолда енги билан артармиш кўзин: «Болам олиб кетгани келдим, қийналибсан бунда бир ўзинг...» Ва уйғонди, юрак тобора узоқлашиб кетётган эди, чол кўксига кафтини босиб, «раҳмат сенга, оғайни», деди. Сўнг яшамай қўйди, чарчади, чол юзгача яшарди, бироқ ёқтирмасди, истамасди ҳам битта ўзи яшашни узоқ... САФАР ОЙИ Сен ётасан юмшоқ тўшакда, деразангдан кўринар юлдуз. Ҳамон ўйчан кўзинг олдидан оқиб ўтар баҳору ёз, куз. Даданг эса улкан адирда — тўшаксиз, тор, қоронғи жойи. Ҳатто парча осмони йўқдир, йўқ офтоби, юлдузи, ойи. Ўн йил аввал сени дунёга берганди у ранжиб, оғриниб, хавотир-ла кузатди ўн йил, ўн йил сени кутди соғиниб. Шамолларга бердинг ёшликни ерга эмас, боқдинг осмонга, бир одамга зарурроқ эдинг, керак эмас эдинг жаҳонга. Минг бор сени кечира олар, кўзларингни вазмин нигоҳи чавақлашга ҳақли бўлса ҳам ҳамон турар меҳрли боқиб.
Ўйланасан, ўйлаган сайин оғирлашган хотиранг оғрир, бу меҳрибон, бу теран нигоҳ оғир, оғир, нақадар оғир! Ҳамон сени севар самимий азобланар тўккан ёшингдан. Кечалари сездирмай келар, саҳаргача турар бошингда. У шу қадар улуғ, камтарин, унга ҳамон ярашар хўрлик — тинч ухласин ўғлим деб ҳатто тушларингга кирмайди, шўрлик. ОЙИММОЗОР Адирлар, адирлар, адирлар — ҳорғин, оқ туялар карвони. Судралиб йўл олар мозийга, олдинда оқ кийган сарбони. Олислаб борадир бу карвон, изидан боқарман тош бўлиб. Оғзимни ёпарман, кўзимдан лаҳзалар қуйилар ёш бўлиб. Янги қор қоплайди атрофни, кўмилар карвоннинг излари. Мен энди юраман олдинга — мозийга қадалган кўзларим. АВЖ Мен, шубҳасиз, парчаланаман, — шундай тугар буюк хизматим. Кимга, кўзим, кимга пешонам, кимга тегар қизиқ қисматим. Ғалаёнга тўла вужуддан охир дунё бўладир халос. Ер остига кириб кетарман барча мўмин бандаларга хос... Бироқ ерда мангу яшайдир кўҳна юзим, ўйчан кўзларим, — демак, ўлмас бу дунёда ҳеч худо берган эзгу сўзларим. Улар янграб тинмай айланар разолатнинг теварагида. Мен-чи, мангу кулиб ётарман қулоқ солиб ернинг тагида. ХОТИМА Хотиржамлик, вазминлик керак чизган маҳал олам тасвирин, ҳар бир рангда ҳақиқат бордир, ҳар чизиқда сирлар яширин. Худо яшар ҳар бир гиёҳда, ҳар дарахтда бордир диёнат. Айирмагин ранглардан рангни, сен рангларга қилма хиёнат. Дунё қизил, дунё сариқ деб, бекор бизга беришган сабоқ. дунё азал рангиндир ва биз ўйлагандан кўра рангинроқ. Чиза олсанг рангин дунёни, рангин бўлса қуёши, ойи, сендан буюк мусаввир бўлмас, бўлмас сендан буюкроқ шоир.
|