12 дан 12 сахифа
ХОМАШЁ ХУСУСИДА Ортиқча сийлаган худо бу ерни, одамдан азизроқ пахта, пилласи, асал-қанд меваси, қоракўл тери, саҳролар қаърида ётган тилласи. Унутманг, борлиғин қилганча миннат софлик обкелдик деб вайсаган каслар кўзларин ўйнатган фақат зеб-зийнат, арзон хомашёни ўйлаган дастлаб. Бу ернинг бирорта дарвозаси йўқ... Аммоки йўли кўп, харидори кўп, элининг дили оч, аммо кўзи тўқ, энг муҳим хислати — хомашёси кўп. Қайдаки сусайса эътиқод, имон, бузуқлик авжига чиқса қай жойда, ул элнинг бошига қўнмасмиш ҳумо, бўлмасмиш ул элнинг фарқи гадойдан. Ҳақиқат мендадир, қудрат ўзгада, фароғат ўзгада, ҳақорат менда... сойлардай тирилур минг бир кўчалар Тошлардай чўнқайиб йиғласам селдай. Улуғ дард чайқалган жисмим бор холос, майдонларга борсам шиор кўтариб, ҳар ёндан гуриллаб босади восвос манқуртлар резинка тўқмоқ ўқталиб. Жоним жуда арзон... Жудаям арзон, арзондир бул юртда тўкилган қонлар, сочилиб ётибди бамисли хазон тупроқнинг бағрида янги қурбонлар. Бу бошлар бош эмас, бу кўзлар кўзмас, қулларнинг бошидир, қулларнинг кўзи. Дунё золимники... Мен энди сўзмас, фарёд-ла сўйларман ўзимга ўзим: хўш, кимман, нимаман, улкан бир қуртдай ўрмалаб ўтарман замон тошидан, бутун борлиғи-ла хомашё юртда мен ҳам одамзотнинг хомашёсиман. БИР СУВРАТ ТААССУРОТИ Ҳалиям ўйнайди иғво таёғи, тугамас маломат қисирғалари, бошинг балчиқдаю кўкда аёғинг, мунчаям кўп экан ганжиналаринг. Барига ганжина, ганжина сабаб, ҳамиша шундай деб ўтган улуғлар, манглайи шўрларнинг додини асраб, бўғилиб ғўлдирар соқов қудуқлар. Ижозат бердилар, қидир дедилар, кун сайин ганжина талаб қилдилар, тилло олдилар-у, заҳар бердилар, зиғирдай айбингни шохга илдилар. Музликни маскан қил, дедим неча бор, йиғладинг шунда деб боболар қабри, қўлингни кўтариб дединг худо-ё, ниҳоят қўзидинг худолар қаҳрин. Қарагин, хешларинг орасида жанг, элатинг тўс-тўсу ит-мушук бўлди, боланг фаросатсиз, хотининг гаранг, қизларинг меҳнатдан эзилиб ўлди. Чинданам худонинг қаҳри келибди, емишинг тўппаю ичмишинг заҳар, узоқ пайт ишламай миянг эрибти, итларинг йўталар, эшакларинг кал. Эрта-кеч ўйлайсан ганжина ҳақда, метинни эритиб юборар сабринг, кўзингда юксалар ўзингдай қайсар тўқсонминг бобонгни нураган қабри. Вой, одам, вой, итнинг калта ойғи, кўзингда қайнайди ажиналаринг, худодан сўрайман эс-ҳушим оғиб, тезроқ тугасайди ганжиналаринг... * * * Ёмғирдан кейинги атиргул каби кўзларни яшнатган бокира диёр, дурру жавоҳирга тўлайди бағри, эрлари соддадил, ёвлари маккор. Ҳали заҳар-заққум тотини битмай, машриқдан мағрибга кўчган сабода, ҳарис нигоҳларни назарга илмай, ҳилолдай порларди кўм-кўк қабода. Наҳот бу ўша ер, шуми ҳар лаҳза минг битта туйғуни ўйнатган гўша, бор тиғин миллиард ниш билан чақар баҳайбат зангори чаёндай ғўза. Ҳамон эрлар содда, ёвлар маккордир, ҳамон диллар ўти кўкка ўрлайди, азалдан бу ернинг хўжаси борми, валламат эрлари қайси гўрдайди. Тупроғи эланган, тоғи туйилган, зарлари терилган заррама-зарра, фарқи йўқ чўяндан, тўқим урилган тинимсиз минилган қўтир бир хардан. Лаълмас, шўриш кўрдим шўр манглайида гуландом, гулназар, гулрухсорларнинг, золимнинг зулмини тугал англадим, англадим қайғусин кўҳна торларнинг. Буюк тупроқ ўлди, ўлди жимгина, энди бу маконда битмас тозагул, энди заққум-заҳар бағридан инграб, фақат юксалажак милён-милён қул. Вой, инсон қонига қорилган замин, тупроққа айланган жигарим, бағрим. Чўнқайиб ўтирдим, ёлғиз бўриман, ишқимни ғажиган бўридир қаҳрим. Ичимдан анқийди тупроқнинг ҳиди, тупроқ соя солмиш ранги рўйимга. Тупроқранг кўзларим, тупроқранг тилим, тупроқ ҳазинлиги сингмиш ўйимга. Тупроққа ўхшайсиз дегувчи кўпдир, севинчдан сиғмаймиз зард теримизга, тупроққа ўхшаймиз... хўш, нима бўпти, ўхшасак ўхшабмиз ўз еримизга. БОЗОРДАГИ АФҒОНБОЛА СУВРАТИ Ғазабдан юзлари қорайиб кетган, қадди эгилмаган... эгилган бозор... Гўёки бир сирнинг тагига етган, битта у жафокаш, бошқалар айбдор. Кулфат оловида қайралган кўзи, ўқраяр мусулмон тоғлар йўқсули. Дунё бир томонда, бир ёнда ўзи, одамнинг қулимас, Оллоҳнинг қули. Яшнаган нигоҳлар нурин сўндирар кўзида ўн йилдир жамланган ғазаб, тутгандай катта бир иғво ўлдирган бир ярим милёнта афғонга аза. Энди бор кулфатга сўрагандай қон, минглаб нигоҳ аро совуқ ярақлаб, бу нигоҳ кўзингга тушгани заҳот, бутун бор тиғингни кетар чавақлаб. Эй, афғон, маломат кўпдир бошимда, юртингни босганлар, отганлар бошқа. Бир халқнинг дилини ёқут тошидай майдалаб-майдалаб сотганлар бошқа. Одамзот қайнаган бозорда афғон, хўмрайиб турибсан мисли тирик дор, худди бошлагудек бирорта ғавғо, ичингда Гулбиддин Ҳикматёринг бор... Балки бундаймасдир, балки бу бола афғон даштларининг тирик суврати, таниш савдоларни хотирга солган бозорга тикилиб ўйлар суради. Оний суврат бўлар... ҳатто мен ўзим кўпинча юрсам-да хоксору ғариб, гоҳида саломга узатган қўлим порлар-ку Алининг қиличи каби. ЖЕЗ ОТЛИҚ Ҳамон улуғ келбат, ҳамон боши тик, ҳамон тоғни бўлар қиличин зарби, қутурган бу ҳанги айғир-да тетик дунёга ташланар кўзи оч ҳарбий. Икки юз йилдирки улашиб шўриш, мағлублар бошида қаҳқаҳа отар, ҳаттоки мангу эрк тимсоли бўлмиш осмон ҳам кўникиб қолди бу зотга. Озми бу денгизлар, озми бу ерлар, озми тожларини узатган юртлар, ўз қонин симириб чириган эрлар, байланган ҳурлару таланган дурлар. Туёқлар янчмаган нималар қолди, айтарми қайтадан тиритган ёдлар, Турондай сарғаймиш от пешобидан самовий хитоблар, азиз китоблар. Бас, телва сувори, ҳаддингдан ошма, қутурган айғирнинг жиловини торт, икки юз йилдирки эллар бошида туёғини қайрар бу даҳшатли от. Адолат изладим сўнган йиллардан, агар шундай бўлса зиёпарварлик, қайдан униб чиқди милён дилларда ҳасаду хусумат, хиёнат, ғарлик. Жез отлиқ ўзини уради ҳар ён — машъум салтанатнинг соҳибқирони, чайқалар бўғилган бир баҳри фарёд, бўридай эргашар эл интиқоми. ... Саҳрода кўринар тағин Тўмарис, тағин бир қўзғатар сабр тошини, бу сафар мешгамас, қон денгизига отар бу зобитнинг оғир бошини... ЁМҒИР Бир ёмғир истарлар... чексиз зулматдай чексиз ёғадиган ёмғир истарлар. Ялаб соб қилмади буюк ғурбатда очилган қонларни този итлар-да. Бир ёмғир истарлар... ювса ғассол сув тақирдай ёрилиб ётган мозийни, бузилган баҳрдай қўзғолмаса руҳ, кўтариб милёнлаб қонсиз ғозийни. Бир ёмғир истарлар... келмас ул қайсар, жимдир кўп синоат гувоҳи — осмон, қуёшдан отилган милярд найзалар ҳали тегмасидан пориллайди қон. Ёнар қон... ёнар қон... ёнар фақат қон... Ботқоқдай товланиб ёвуз чайқалар, қўрқинчли сувратин қилур намоён жаллод қароргоҳи бўлмиш салтанат. Темир дарвозалар... темир пардалар... чўян кундаларни беркитган садлар, хаёл дурбини ҳам етмас қаърларда қонли тиллоларни ўйнар муртадлар. Бўғилган ўрмонлар, синган дарёлар саслари шиддат-ла қилганда меърож, тағин-да қизарар унган фарёддан сўзамол ҳукмдорнинг бошида ол тож.. Бир ёмғир истарлар... ғассол истарлар... ювиб олмоқ учун қонли қўлларни, қалъалар ғиштлари тағин бистарлар, мармар зиналарда битган йўлларни. Илтижо қилди кўп саноқсиз қассоб, қолмасин мозийнинг бу қизил доғи. Топди кўп синоат гувоҳи — осмон қайси бир кунжидан озгина ёмғир. Осмон тешилгандай... замин чайқалди, бир неча кун ёғди ёққандай қўрга. Дунёнинг ёмғир битта ҳайкалнинг чанг босган юзини ювганди зўрға... ХИРГОЙИ Ҳаммамиз қуёшда куйган жиззамиз, қачон тиз чўкувдик, ҳамон иззамиз, сирқираб оғрийди шишган тиззамиз, ўриндан озгина турсак майлиму? Ўтганлар бари бек, қолган жавдирар, гардинда кўринмас ғуллар шалдирар, меҳнатдан ёрилган қўллар қалтирар, ўз беким ерида юрсак майлиму? Насимлар гулламиш озод тоғларда, озодлик муждаси сўлу соғларда, боболар қийналиб тиккан боғларда ағанаб бир хаёл сурсак майлиму? Неча минг аллома, жўмардлар ўлган, тафаккур сасиган, руҳлари сўлган, уруғлар айниган тап-тақир чўлда ўз беким давлатин қурсак майлиму? Юз эллик йилдирки мана шу ҳолат, ҳануз давом этар маккор тижорат, билмадим, қаердан ушбу жаҳолат, нега сиз бўлмайсиз сира хижолат? Нега мен сўрайман сиздан ижозат?! ОРОЛ ДЕНГИЗИНИ САҚЛАШ БОРАСИДА ОЛИЙ РАҲБАР МАСЛАҲАТИ Тадбиркор бўлайлик, ўзни тергайлик, калови топилса ёнармиш қор ҳам, эртадан ҳар томчи сувни тежайлик, ўлётган денгизга берайлик ёрдам. Қанийди ҳар кимса киришса қаттиқ ахир тома-тома кўл бўлур дерлар, ахир кўкариши, гуллаши шартми пахта экилмаган бекорчи ерлар. Олайлик, узоғйил қор кўп ёғганди, қор тагида колди Фарғона тараф, ўн минг булдозерда ўша қорларни сурсак бўлмасмиди Оролга караб. Сираям камайтиб бўлмас пахтани, янги имконларни кўрайлик ўйлаб, чўмилмай йилда бир марта баданни артсак бўлмайдими сочиқни ҳўллаб. Халқимиз меҳнатга хўп чидайдиган, истаса, кўп ишлар бўлиб кетар ҳал, қанийди бир ойлаб сув ичмайдиган туянинг хислатин ўзлаштирса халқ. Қанийди, ҳаммамиз ишлатмасак сув, пахтамиз йигирма милён бўларди, қисқаси, омманинг онги ўсган кун Орол ҳам, албатта, сувга тўларди. Отангизга балли, таклифлар создир, бошингиз тилладан бўлсин-э, раҳбар, қўйдай халқ фаҳмида саёзлик бордир, шу оддий нарсани билмапти, аҳмақ. Раҳбарлар амрига лаббай деганмиз, қани, енг шимариб тушайлик ишга, бирорта фуқаро, тирик эканмиз, журъат қилолмайди сув-пув ичишга. Бўлди, нос чекарлар, раҳбар сўзлайди, оғзингни чайгину Оролга тупур, сен ҳам, эй намозхон, ол-да кўзани таҳорат олгани Оролга югур. ҚАЙСАР БУЛБУЛ
Зоғлар орасида булбулни кўрдим, беш-ўн қўтир зағча бошин чўқиган, юраги ёрилиб ўлсин деб шўрлик, булбул ҳақида кўп иғво тўқилган. Эмишки, хониши доим аразли, йўқотиш керакмиш сохта булбулни, саҳар чоғларида вайсаб ғаразли, атай ухлатармиш неча қизгулни. Бу ҳам етмагандай комил замонда салтанат қасрига пешоб тўкармиш, тағин ул миллатчи эмиш ашаддий, қайда сайраса эл исён кўтармиш. Иғволар ёғилур, беш-ўн қўтир зоғ янги арслоншоҳга тинмай хат ташир. Шотирлар ишидан юрар кайфи чоғ қора кўзойнакни таққан каттаси. Арслоншоҳ алмашар, вазир алмашар, борлиқни қайтадан қурмоқда авом. Зоғлар қағиллашиб бирам яйрашар, тағин иғвохатлар ёзилар равон. Эмишки, бу булбул айбин яширар, ҳар наҳор ўн каклик гўштини ермиш, палон йил писмадон кавакда бирдан саккизта айиқни зўрлаган эмиш. Тағин бир айби бор, ўқирмиш намоз, ислом байроғига қилармиш сажда, ҳар қандай жазони берсангиз ҳам оз, ҳаммани қон қилиб бўлди бу аждар. Иғволар ёзилур, беш-ўн қўтир зоғ янги арслоншоҳга тинмай хат ташир. Шотирлар ишидан юрар кайфи чоғ қора кўзойнакни таққан каттаси. Ажаб ҳангомалар бўлар қайтадан, зоғларнинг кўзида қайнар ажина. Зоғлар орасида сайрар атайлаб, бу булбул ўзиям жуда ғажир-да. Ҳой, булбул, Ўзингга бир оз раҳм қил, бўлмасми дамингни чиқармай турсанг. Ахир қайта қуриш... бўлмасми бир йил зоғлар орасида зоғ каби юрсанг... ОММАНИНГ АҲВОЛИ Қандай давр ўтди, ҳамма бахтиёр — бошини урарди ҳайкал пойига, байрам кунларида осарди шиор ҳаттоки нураган халажойига. Кун кўзин очмасдан очиқ пайкалда баравар энкайиб турарди ҳамма, ҳамду саноларни айтиб ҳайкалга, бир хилда севиниб қиларди нағма. Ким нишон оларди, ҳамма-чи — пишон, шалдироқ қарсаклар оларди тағин, тилидан оқарди фақат шараф-шон, жилпиллаб сайрарди бир тўп андалиб «Осмондаги юлдуз»ни айтарди қизлар вайрона тунларда вайроналардай, эрлар қайтар эди итларни сизлаб, оталар чириган майхоналардан. Давр ўзгардими? Қўзғолди омма, ҳайкал обрўсиям бўлди бир пуллик, кентлар кундасига ҳаттоки ёрма ўқлардан ҳайиқмай бош қўяр қуллик. Бу дунё маккордир... бир-икки сўздан қариндош элатлар ит-мушук бўлар, гул каби ўсмирлар ётар юзтубан, ўн йилга етгулик мозорлар тўлар. Уйи куйган омма тўяди эркдан, тўйдирар ғойибдан келған адоват, мол-жони таланиб, номаълум ердан қидириб топмайди сира адолат. Оқибат, жимгина ҳайкал пойига қайтару барини қайтадан бошлар, камаяр номаълум аршдан ёғилган туҳмату иғводан ясалган тошлар. Хуллас, ушбу қолар янги даврдан: тағин тут тагида бувак биғ-биғлар, ҳамманинг ҳолига ҳар ёқдан қараб, эшаклар кулару хўтиклар йиғлар... МАЙДОН ТАЪРИФИ Ҳеч қачон ишонма — бу майдон маккор, неча хил ғалаён тарихин кўрган, адолат қидириб бош урган хоксор милёнлаб инсонни жўнатган гўрга. Қандай маҳобатли! текис сатҳи ҳам қатл кундасидай қорамтир порлар, қурбонлик соатин санаб хотиржам, сеҳрли гирдобдай домига чорлар. Чорлар, жодуланган кўйи бир овсар қудратдай йиғилиб келар ғалаён, майдонлар дунёга сафсата сотар, урди деб бошини тошга аламон... Ҳеч қачон ишонма — майдонга борма кўксингни ёрсаям дарду ҳасратинг! Бу маккор майдонлар сергак ҳар доим, салтанат қасрини шундоқ асрайди. Атвонлар — ажойиб, ҳаммаси — ёлғон, бу ерга инсонмас, келар жонивор, майдонлар тошида қорайиб қолғон милёнлаб алданган одам қони бор. Майдонлар қонхўру аламон — анди, илдизи майдонда — яшнаб турар тож. Бу ерда ясанган оғочлар банди, гар банди бўлмаса ўсмасди оғоч... ГИРЯ Бу осмон осмонми, темир пардами, бу ёғду синчлари тизизлган дорми? Мунчалар эгилди қора гардани... жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?! Бу замон кимники, макон кимники, қатрон-ла ёпилган йўллар кимники?! Анордай сочилган қонлар кимники, бу қонли билаклар, қўллар кимники?! Ваҳшат кечасида диллар тўкилди, юзминг бағри вайрон бирдан ўкирди, жасадга ёлғондан кафан тўқилди, жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?! Мовийранг равоқли зиндон аршидан оятлар маржони узилиб кетди, тағин қон сачраган туннинг авжида чирқираб йиғлади бир тўда етим. Вақтнинг шарпадай гунг ғассоллари сойларнинг йўлларин буриб юборди, тарқади тамуғнинг шум дажжоллари, жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?! Ғафлатда кулганлар, кўксин керганлар, ёрларин зулматга қўйиб берганлар, фаришта буваклар кулин терганлар номус доғин ювар майхоналарда. Мол-дунё ишқида чандон ўлганлар, ишратдан юзлари салқиб сўлганлар, занглаган кишанга меҳр қўйганлар, димоғин хушлайди райҳоналардан. Имоним деганлар, Миллат деганлар, ёвга терс қараган иллат деганлар, ўзликка хиёнат қилма деганлар зор қақшаб йиғлайди вайроналарда. Йиғласин — сўнгаклар қисирлаган пайт — даҳшатдан сарғайган ўт-ўланлардай, жон қуши байланган иссиқ лабларда лаҳзани музлатган гўяндалардай. Тўрт фасл қоришиб ўтди ёруғдан, бағримни чаёнлар чақди андуҳим, жўмардлар деганим кечган оғриқдан дарвешга айланди зулфиқор руҳим. Неча бор муножот қилдим худога, нечун сен мунчалар ёлғиз яратдинг, дилимга бахш этиб тошдай ирода, кўзимни баҳайбат дардга қаратдинг. Нечун ўзгаларнинг шандир хаёли — настарин очилган, сайрар қумрилар?! Нечун етимларнинг ўткир фарёди шажардай чайқалур тасаввуримда?! Тўрт фасл — осилган кулфат аршига, гўёки мудҳиш бир манзилга келдим. Куйган кечаларнинг қалтис авжида чирқираб йиғлайди бир тўда етим. СИНОВ МАЙДОНИ Улуғвор даранглар даврон соати, соатлар милларин унга тўғрилар. Қизил шинаклардан чўчиб боқади ҳалокат шамолин сезган ўғрилар. Бу шамол ёмондир, йиллар қаърида кўмилган милёнлаб мурдани очар, сочар жиноятнинг милён сирларин, лаънатлар ёғилар, қарғишлар босар. «Сиёсат қилинмас тоза қўл билан, курашда ҳар қандай усуллар яхши. Тағин бир чидайди аввал ўқ билан, кейинроқ дўқ билан олинган машриқ». Шундоқ бошланувди кеча фалокат, сиёсий фитналар гувоҳи — холиқ, сассиқ бир жаладай босди маломат, тағин бир чидади шўрлик халойиқ. «Буҳронга дуч келди иқтисодиёт, тақчиллик кучайди, қадри йўқ пулнинг, маблағни тўплаган ички савдо бор, сувнинг хлори кўп, ҳиди йўқ гулнинг. Калбаса йўқолди, қолдик ғафлатда, гуриллаб ёнади қипчоқ даштлари, бостириб келмоқда буюк давлатга марғилон дўппилик Темур лашкари». ... Шўрлик халойиқнинг ярми қамалар, кун сайин кўпирар ўзбеклар иши, номусдан ярмиси ўлар қамалда бошга қон қуйилиб, жигари шишиб. Фош бўлиб қолганда қора жиноят, қизил шинаклардан боққан ўғрилар, тағин бир найрангни топиб ниҳоят Ўзбеклар бошига қўяр тўғрилаб. Сиёсат — ўзингга келган зарбани ўзгага бурвормоқ санъати бўлса, қулдай халқ бошига тушган ғалвани қайси бир ёвига бурворсин, кўрсат! Ёвлик ёвлик чорлар, қаҳат — қаҳатни, ҳаттоки болалар давлатни сўкар, ўзбеклар ўғрилар отган ахлатни ошириб-тошириб марказга тўкар. Начора... уйғониш... ғафлат ғафлат-да, зўр келса манглайга кифоя бир ўқ. Минг афсус, яшаймиз шундоқ давлатда жиноятлар кўпу жиноятчи йўқ. КУТИЛМАГАН СИЙЛИҚЛАР Бегона ўлкага келгандай эдим, севинган етимдай кўзим ёшланди. Сираям ўзгариш бўлмайди дердим, ёритди зулмнинг метин тошлари. Зиндонлар очилди, сочилди сирлар, темир пардалардан омоч қуйилди, тошларга айланиб қолган ботирлар наъраси қулоққа келиб урилди. Ёпирай, ҳамманинг бор экан тили, кечаги читтаклар бўлди қаҳрамон, ҳамманинг ичига шайтонлик қилиб, кирганга ўхшайди маккор Ахрамон. Мулойим гул тутар зулм жинлари, музлаган ичингдан қайноқ ёш келар, гўёки минг бошли аждар сингари қон ичиб тўймаган хоқонлик ўлар. Тарихин сўйлайди бузилган ўлка, даҳшатдан тош қотар зиёратчилар, отилган, чопилган, бузилган бўлса, қаерга гум бўлди жиноятчилар?! Чексиз ҳурмат билан сўйлашдан олдин ким гўштдор қўлини қўяр елкангга, гўёки отангни ўлдирган қотил бошқача ниқобда таскин бергандай. Ғалати бир ҳолат, жўшар ёш қонлар бу янги доҳийлар сўзлар айтганда, гўёки молингни талаб қочганлар бошқача ниқобда тағин қайтгандай. Умидсиз шайтондан ҳаргиз алҳазар, мардларга не учун бўлмай дарёдил, одамий қадрим деб йиғласам агар, кўзимнинг ёшини артар жаллодим. Қонунлар кўпайган вайрона юртда, қонуний кунлардан юрагинг ўйнар, истаган томонга тайёр бошпутлар, истасанг Олмонга, Парижга жўна. Мендайин фақирга шунча манзират ва тағин исмимга қўшадилар бек. Воҳ, шунча сийловдан буткул гангиган фақирни ўлдириб қўймаса бу эрк. Чинданам, бундай эрк оғирмасми кўп одамга эргашиб қаттиқ алданган, ўлимдан ўзга бир насибаси йўқ, бир умр қамоқда ётган одамга... * * * Душманим кўпайди, ҳатто, ўликлар баҳорни соғинган қутлуғ ойлари, хилватда йиғилиб юрди шўрликлар чангалда бўҳтону иғво лойлари. Одамдай яшаса бўлар-ку яйраб, уларни қийнарди ғалати бир дард, бирорта марди йўқ кўзингга қараб, юрагинг тагига тиғ урувчи мард. Бор айбим, ҳақиқий ёвни кўра бил, адолат тобласин дедим бурдларни, Шайбоний лашкари сингари бедил, ўзимга ташланди миллат қуртлари. Булар обрўй излар, манфаат излар, иғволар тўқиру кутар баракат, йўқса бир шоирни туҳматлар билан оғзини ёпишга мунча ҳаракат, неча бор ўзимга ғазабингдан кеч, пасткашлар арзимас дедим ўйлашга, аслида, худодан ҳақим борми ҳеч бирорта муносиб душман сўрашга. Ахир кимман ўзим, мангуликка сал агар қиёсласак Шавкат Раҳмон ким? Ким дея борлиқдан сўрайман ҳар гал, макон жим, замон жим, парвардигор жим. МУНОЖОТ Фақат ишқ... Фақат ишқ... Бошқаси сароб, бошқаси шамолнинг оний сурони. Қирқта тар гулимни айладим хароб, қирқта қул кўзи-ла кўрдим дунёни. Қирқта қора қул ётар мозийда, қирқта черигини йўқотган бекман. Абадий айрилдим қирқта ғозийдан, бошимни тошларга урсамми дейман. Бу дунё нимадир? Барини кўрдим, султону гадонинг қаърини кўрдим, Ғаззолий сиғмаган тубан оламда шайтондан тўралган ғайирни кўрдим. Фақат ишқ... Ишқ гули... Самовий гулим... бир нафас дилимга посибон бўлсин, токим шул нафасда қирқ биринчи қулнинг ёруғ лабларида хўрсиниқ сўлсин. Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан, иғволар қуртлаган шўрлик диёрда замону маконин буткул йўқотган бир улуғ фарёднинг боласи зорман. Ай, қиличдай туйғу, ай, қотил туйғу, бас, ортиқ қийнама кимсасиз даштда, юзимга юзини қўйсин ўшал гул, дилимнинг қаърини чавақлаб ташла! ИҚРОР Рубобий шеър ёзсам... қайтсам бир нафас... ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам, қорайган чўққилар қорига қараб, бир нафас хаёлчан ўснирга дўнсам. Воҳ, ўшал лаҳзалар... ўтдими буткул гунафша атирли тансиқ туйғулар, саҳарги боғларни уйғотган булбул, ойларнинг нурларин элаган сувлар. Яшил шажар эдим... Қандоқ соғиндим... кўзимни яшнатса рубобий ранглар. Қайси бир дунёга бунча оғриндим, дилимни қаритди бесамар жанглар. Мен жангчи эмасдим, мен шоир эдим, ниҳоят шоирдан кўра зобитман, ҳар нафас мусулмон миллатим дедим. нафсига куйганлар келди оқибат. Ҳаромни хуш кўрган малакфурушлар зиғирдай ҳимматин қилганда миннат, япроқдай сарғордим буюк урушда мусулмон йўқ эди, йўқ эди миллат. Бас, қушлар сайроқи, япроқлари мўл яшил шажар каби турай мушаккал, илҳомим ҳақида сўйласинлар хўб, заҳарли тилимдан тўкилсин шаккар. Рубобий саболар руҳимдан эсинг, қайтадан уйғонсин илоҳий туғён. Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир, бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон. ЭНГ ОХИРГИ ШЕЪРЛАРИДАН * * * Нодиражон, Шоиражон, танам қимир этмайди, олис-олис воҳалардан тоғларимни чақиринг, осмон тўла ҳаволар фақат менга етмайди. Нодиражон, Шоиражон танам қимир этмайди, кўзимда бир томчи ёш, сойлар ювса кетмайди. Нодиражон, Шоиражон, танам қимир этмайди, пешонамнинг шўридан бино бўлган бу дарё... осмон тўла ҳаволар фақат менга етмайди. Нодиражон, Шоиражон, танам қимир этмайди, боринг, қорли тоғларга: бир шоир ётибди денг, Худонинг ҳовлисида... Осмон тўла ҳаволар фақат менга етмайди... * * * Айт, эй, хаста булбулим, Ўшга қачон етамиз? Яшил боғлар сарғарди, Мағиз бўлди ғужумлар. Оҳ, вой, мунча йўл оғир, Булбулим... Улкан соат ўртасида Мадорим йўқ юрмоққа, Қашқирлар даврасида Судраламан турмоққа. Шунда қолиб кетсам гар нетамиз? Абадият оралаб Ўшга қачон етамиз? Қорли тоғлар бағрида Бегим — Ўшим кўринди, Султон — Ўшим кўринди... 1996 йилнинг сентябрь ойи.
Жамоатчи муҳаррирлар: Набижон Боқий Асқар Маҳкам
|