Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ўйларим... (Масъуд) - 7
Facebook
Ўйларим... (Масъуд) - 7 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Ўйларим... (Масъуд)
2
3
4
5
6
7
Ҳамма саҳифа


Тақдирингдан бугун кетаман абад,
Бошқа йўлга буткул бўлгум равона.
Юрак ҳисларига этмай итоат,
Шу кундан мен сенга тамом бегона.

Ҳа! Севаман. Буни этмайман инкор,
Беҳуда эмасди кўнгил изҳорим.
Шубҳалар ҳаммаси, ҳаммаси бекор,
Сабаби бу эмас қатъий қарорим.

Бугун тушундим мен тақдир ҳазилин,
Бугун менга аён зим-зиё сирлар,
Бугун билдим тенгинг эмаслигимни,
Бугун кўз ёшларинг қалбимни тирнар.

Йўқ! "Тақдир" аталмиш муҳташам сарой,
Бизлар иккимиз чун кўтармаган қад.
Баҳор ҳам шунчалар берса-да чирой,
Бирга кўролмайди бизларни фақат.

Узр сўрамайман кетиш олдидан,
Чунки севиш, ахир, эмас-ку гуноҳ,
Бош олиб бу ердан, сенинг васлингдан,
Қаердан, билмайман, топаман паноҳ?!

Хўп, майли, уз энди севгинг риштасин,
"Ўз бахтинг топгин", -деб қиламан нидо.
Ягона тилагим: Қайғу нелигин,
Билмасдан яшагин.
Хайр! Алвидо!!!             

***

Мен сени бахтиёр кўрмоқ истайман,
Қувончдан кулишинг, яйрашинг чиндан.
Кўнглимда барини бермоқ истайман,
Эзгу ниятларим айтиб кунгилдан.

Мусаффо осмоннинг мовий рангини,
Ва туннинг малаги ойнинг - янгини,
Тоғлар шалоласин шўх жарангини,
Сенда мужассамлигин туймоқ истайман.

Кўнгил кўчаларим, йўлим шаҳримни,
Бағишлаб дилимда бори сеҳримни,
Бир ака берганча бериб меҳримни,
Ўзимнинг синглимдек суймоқ истайман.

Ҳаётнинг мушкулин енгиб ҳамнафас,
Ноумид ўйларга қўйиб мен қафас,
Бахтли инсонларга қилиб чин ҳавас,
Сен бирла бир йўлдан юрмоқ истайман.

Доимо маст бўлиб бахт суруридан,
Ажратиб жой сенга юрак тўридан,
Қуёшнинг энг азиз, ёрқин нуридан,
Қалбингда жаннатни қурмоқ истайман.

Мен Сени бахтиёр кўрмоқ истайман...

***

Ҳар тонг қуёш уфқдан чиқиб,
Нур улашса олам кулади.
Термуламан унга интиқиб -
Сизни жуда кўргим келади.
Соғинаман...хўрсиниб бесас, 
Чарх уради бошда минг савол.
Гоҳ чақириб тушда уйғонсам,
Илинжимни учирар шамол.
Уйқу келмас саҳаргача то,
Хонам зулмат… чироқ ёқмайман.
Асаблар ҳам бўлгандир адо.
Энди бир зум мижжа қоқмайман.
Пешонамни қўлимга тираб,
Тунда узоқ ўтираман жим.
Қайлардадир унсиз тентираб
Талпинади Сизга юрагим.
Майли менга битта сўз айтманг,
Имо қилманг хатто кўз билан.
Ҳеч бўлмаса бегоналардек,
Дийдорлашгим келар Сиз билан.

***

Бошим олиб дуч келган ёққа,
(Ўзим билмам хатто қаёққа),
Хуллас кетмоқчийдим узоққа,
Кўзингизни кўзим қиймади.

Мудраб қолган қалбим уйғотган,
Йиллар юрак тубида ётган,
“Соғиндим”, деб оҳиста айтган,
Сўзингизни кўзим қиймади.

Хаёлимдан кетмайсиз нари,
Фақат орзу бўлмасин бари,
Кўз тикканим қанчадан бери -
Изингизни кўзим қиймади,

Изтироблар тўла оламда,
Хижрон жуда қийнаган дамда…
Кулиб турган кўнглингиз ҳамда
Юзингизни кўзим қиймади.

Қорачиқда умрим мужассам -
Кўзингизни кўзим қиймади…

***

Қалбим вужудимга тутмайди қулоқ,
Вужуд эса кузнинг мудроқ парчаси.
Совуқ тун ёлғизлик ҳиссидан сабоқ,
Елвизак хаёллар чиқиш дарчаси.

Ўйларим юлдузлар қўйнида хорғин,
Зулмат дарпардаси тўсган кўзимни.
Ёруғлик, қанисан, мен билан юргин.
Келмасанг унутгум буткул ўзимни.

Ярқ этган нур - йўлим ёрутгувчи шам,
Рутубат зулмидан хаста юрагим.
Муҳаббатга ташна киприкларда нам,
Гўёки ҳеч кимга йўқдир керагим...

Васлингни кутгандим асрлар, йиллар,
Азобу қийноқлар одатий ишим.
Чидаму бардошдан супурги қўллар,
Сенинг нафасингдан иборат ҳушим.

Қоронғулик ичра машъала бўлиб,
Ўтли нигоҳларинг минг куйга солди.
Ва кейин танам ҳам нурларга тўлиб,
Умрим ҳам қуёшга айланиб қолди

***