5 дан 7 сахифа
Сени кутиб-кутиб чарчадим ғоят, Соғинмасдан қўйдим висолингни ҳам. Армонларни туйиб, мана, ниҳоят, Тақдирга тан бердим. Кўзларимда нам.
Кўзим эмас, менинг йиғлайди қалбим, Юрак ҳам бир меъёр урмайди сира. Сенга аён эмас сўнгсиз дардларим, Билмасдинг эканинг хислар бокира.
Севгандим...Иложсиз ишқимдан кечдим, Ҳаётга қизиқиш йўқолди тугал. Севганим – гуноҳим, умидим – айбим, Ноумид хаёллар бошимда чигал.
Сен бошқа келмайсан – бу менга аён, Сени эслаганда дардга тўламан. Кун келиб сен мени қўмсаган чоғинг, Хижрон азобида ўлган бўламан.
***
Киприкка тонг саҳар бехос қўнган нам, Юрагу бағримни тиғсиз тиғлайди... Ажаб, ҳеч нарсадан топмайин малҳам, Қайдадир бир кўнгил унсиз йиғлайди.
Йиғлайди, йилларки ёлғизлигидан, Атрофда ҳеч кимса бўлолмас далда. Хатто ўз ўзини тушунмай қолган, Меҳрга жуда ҳам ташна маҳалда.
У сузиб кетади хаёл кўкида, Қушга айланишни ўйлайди гоҳи. Ёлғонга кўмилган дунё кўшкида, Чин ишқин қидирар ўтли нигоҳи.
У кутар... У ютар изтиробларин, Азобин ёстиққа тунлар сўзлайди. Гарчи оҳларини эшитмаса-да, Кўнгилчан ва дилкаш қалбни излайди.
Излайди, ўзига яқин жуфт кўзни, Сабрдан жон ясаб, бардошидан қон. Ҳеч кимга айтмайди дилдаги сўзни. Маюс қарашидан қийналади жон.
Йўқ, бундай қарама, дилим ўртанар! Дийдамни юмшатма, дийдоринг йироқ. Ичимда нимадир оловсиз ёнар, Жудаям қийнади бу ўтли фироқ
Не қилай, тушда ҳам сени йўқласам? Дардинг ҳам ўзиман, қувончинг ўзим. Кўрасан, қачондир, худо хоҳласа, Йиғлаган кўнглингдан топаман тўзим
***
Нега қайғуларга берасан имкон? Нега кўз ёшларинг асло тинмайди? Ғурбат дунёсини этибсан макон, Қалбинг умид хиссин асло билмайди?
Рухингни чўктирма, бос олға қадам, Дунё гўзаллиги – қалбингга далда. Ғамлардан қувонч-ла олгин сен алам, Ва ҳаёт бошлагин айни шу дамда...
Мен эса... Билмайман қайда бахтсизлик, Бахт билан чегара жойда туради. Тушунмам қалбимни хатто ўзим ҳам Нима у, кўксимда доим уради???
***
Баҳор гулларидек тўкилиб кетдим, Қуёш нурларидан қовжирар танам, Оёқ ости бўлдим... жизғанак бўлдим, Лек қалбда битта хис, кўзда эса нам... Сени соғиндим...
Ҳар кеча хижроннинг янги бир йили, Охири йўқдайин тотли азобим. Қийналиблар кетдим... Бу умр йўли - Шундаймикин-а, Айтгин, офтобим? Сени соғиндим...
Хаёлим юради тунда тентираб.. Туби йўқ кўчанинг чиқар бошига. Бақириб, чақириб, сизлаб, сенсираб... Пойингни қидирар, излар, ошиқар... Сенга.
Неча ойдан бери дардли изтироб, дастидан бир зумга қалбим тинчимас Атрофда одамлар – ҳаммаси сароб... Қара, уларнимас,бошқаларнимас - Сени соғиндим...
Чидайман... умидим висол лаҳзаси, Юрагим осмоннинг энидан ҳам кенг, Балки шудир асли ишқнинг лаҳжаси Ажаб...ғалати... Сен мени эмас, мен - Сени соғиндим.... Жуда соғиндим...
***
Сени кутиб-кутиб чарчадим ғоят, Соғинмасдан қўйдим висолингни ҳам. Армонларни туйиб, мана, ниҳоят, Тақдирга тан бердим. Кўзларимда нам.
Кўзим эмас, менинг йиғлайди қалбим, Юрак ҳам бир меъёр урмайди сира. Сенга аён эмас сўнгсиз дардларим, Билмасдинг эканинг хислар бокира.
Севгандим...Иложсиз ишқимдан кечдим, Ҳаётга қизиқиш йўқолди тугал. Севганим – гуноҳим, умидим – айбим, Ноумид хаёллар бошимда чигал.
Сен бошқа келмайсан – бу менга аён, Сени эслаганда дардга тўламан. Кун келиб сен мени қўмсаган чоғинг, Хижрон азобида ўлган бўламан.
***
Гоҳи ўйлаб, чарчаб кетаман, Хотиралар билмас охирин ... Не ажабки дилдан кутганда Қалбим менга ёрмайди сирин...
Ўйларимдан толган юрагим, Ҳеч нарсадан топмайди тўзим... Имкон бўлса сен ҳақингдаги, Хаёлимни ўчирар эдим..
***
Нечун, жоним, кўзларингда нам? Нечун йиллар қийнадинг ўзинг? Дардларингни кўрамиз баҳам, Ҳақиқатдан юммагин кўзинг.
Қанча кутдим гоҳида чидаб, Гоҳи сендан қилиб андиша. Мажбур бўлдим ўзимни алдаб, Яшаб юрдим кулиб ҳамиша.
Қалбим-чи, у йиғлар эди жим, Қайғуларин этмасди ошкор. Фақат розинг кутди юрагим, Қадамингга бўлиб интизор.
Кўзларингни яширма мендан, Сўзинг тинглаб, қараб тўймайман. Меникисан. Энди ҳеч қачон, Ҳеч кимсага бериб қўймайман.
*** Сир
Мен Сизга изҳорим этмайман ошкор, Юрак-юрагимдан кулмайман ортиқ. Дунё юзин кўрмас беҳисоб ашъор. Қучоқ гуллар бошқа қилмайман тортиқ.
Тушларим бугундан сизники эмас, Тўлин ой кечалар келтирмас илҳом. Кўзингиз сеҳрига қилмайман ҳавас, Самимий сўзингиз этолмайди ром.
Маҳлиё бўлмайман ҳуснингизга ҳам, Майли Сиз дунёда якка-ягона. Дардингизга ҳатто қўймайман малҳам Шу кундан бизлармиз буткул бегона.
Сабаби айтмайман...сўраманг асло, Хиссиз кўнглингизги қийнаб нетаман? Оллоҳим билгувчи бу сирни танҳо, Ўзим-ла қабрга олиб кетаман...
** Ошиқсан? Наҳот тушунасан севги каломин? Қалбинг муҳаббатга бўлмиш ошино? Музлик дунёсини тарк этиб бугун, Сўзлайсан бевафо эканин дунё?
Кечирим сўрамам – қалбим покиза, Севганим эмас-ку, ахир гуноҳим. Воз кечиб ишқингдан, меҳрибонгинам, Бошқадан топгумми энди паноҳим?
...Севиш, севилишдан бўлганман маҳрум, Билмам...недан юрак ишққа совуққон? Шеъримда уни мен этиб тараннум, Аслида бегона яшайман, ҳайрон....
...Ҳаётим бугунин сўзладим, мана, Эртасин қуришини ўйлайман махзун, Ишқнинг китобини оламан яна, Яна мен Фарҳодман...Яна мен Мажнун!
***
Яна қиш…яна қор…яна изғирин, Дарахтлар ўй сурган маюс келинчак. Қуёш ҳам эриниб сочади нурин, Гўё ёруғликни қарз берган фалак.
…Ҳеч ким тушунмайди қалбим тилини, Баъзида ўзим ҳам қоламан ҳайрон. Қўлдамас белгилаш тақдир йўлини, Бугун гуллаб турса, эртага вайрон.
Кўнглим бузилган уй, хароба мисол. Ҳеч ким йўламайди… Ҳувиллаб қолган… Гоҳи ўз-ўзимга бераман савол: “Нимадир ҳаётим бу куйга солган?”
Билмам нима истар бу мўъжаз юрак, Кимга у сабрсиз талпинар тинмай. Ёлғизлик хиссидан ёки бу дарак, Унум йўқ кунимда, нима иш қилмай.
Балки “соғиниш”, деб аташар буни, Ёр васли шу кеча хаёлим олди. Соғиниб, энтикиб кунию туни, Танам ҳам юракка айланиб қолди.
***
Бинойидек юриш-туриши, Суҳбати ҳам сермазмун жуда. Гоҳи мафтун қилар кулиши, Ром этади хатто уйқуда. Киприкларин ёйи қалбингиз Тўғри нишон олади бехос. Кўнгли, - дейсиз - каттакон денгиз, Дарёсидан қуйилади ноз. Кокиллари мисли мажнунтол, Қуёш янглиғ табассумлари. Сўзидан чак-чак томади бол, Гул баргида шабнам сингари. Рўмолини қўймас бошидан, Узун кўйлак қоматин безар. Ўсма қўйиб етти ёшидан, Буюк санъат асарин чизар. Қултум сув-ла ютаман дейсиз, Бунча гўзал бўлмаса, Худо! Фақат битта айби бор, эсиз... Унга юрак этмаган ато!
***
Ботинни қўриқлар метин зоҳиринг, Зоҳиринг оламни олмаяпти тан. Нима, сен аслида жумбоқмисан, айт? Қалбинг яралганми сир-синоатдан?
Кўзларинг ортига яширинган мунг, Гоҳ дилинг ошкора этмоқликка шай. Иста, дардларингни ўзимга олиб, Сенинг азобинг-ла ёнма-ён яшай.
Э, воҳ, яшашимга берганди изн, Қалбимни яратдинг бунча таъсирли? Бир савол қийнайди туғилганимдан: Аёл муҳаббати бунча ҳам сирли?
***
Қизга фарқи йўқдек кетяпти кулиб, Йигит ваъда берди унутишликка. Ўртада муҳаббат қадди букилиб, Тақдирнинг кўзига боқмоқда тикка. Чой тўкилган қоғоз каби заъфарон, Юзлари бир кунда тўлди ҳасратга. Қай тараф кетишни билолмай ҳайрон, Висолни кузатмоқ бўлди рихлатга. Энди фақат ундан қилишар гина, Энг катта гуноҳкор бўлиб қолди-ку? Оҳ, бечора севги, бечорагина, Аросатда қолиб сўлиб қолди-ку? Сўлма, парваришлай, сен айбдормас, Кўрасан барчаси тушади изга. Фақат раҳмим келар сени тушунмай Яшаган йигитга, бевафо қизга…
*** Ошиқлик кўнгилда, зоҳирда тилсим - Қандайин сирларга қалбинг ўралган? Гунча лаб сўз жуфтлаб очилади ним, Менимча, дилинг ҳам гулдан яралган...
Шабнам томчисига интиқиб саҳар, Кутмоқлик ишқида яшайди ғунча. Умид-чи гулзорда тинмайин кезар, Бахти топилгунча - гул очилгунча.
Ҳар битта гул барги - орзунгми сенинг? Ҳар битта тиконинг - ишванг, нозингми? Муаттар исларинг пиёласиз май - Ё боғда таратган шўх овозингми?
Бунча чиройлисан – нафис капалак, Бир зумда инсоннинг ақлин оласан... Фақат битта тилак - фақат бир истак: Музга талпинмагин - музлаб қоласан!
***
Қайтгим келар болалигимга, Сой сувидек беғубор, тоза. Чанг кўчада югуриб, елиб, Бахтим этар эдим овоза. Дўстим билан ўйнардик чиллак, Зув-зув, дея, кулишиб, яйраб Гоҳ адирда учириб варрак, Гоҳи қушдай чуғурлаб, сайраб. Боғлар аро айлардик “сафар”, Меваларга тўлдириб қўйин. Боғбон билса, қувса Олапар, Бизлар у –ла ўйнардик ўйин. Зовурларда балиқ тутардик, Капалакдан қилардим тўплам. Тол шохидан от ясаб дик-дик, Тулпор мисол босардик қадам. Эрта тонгдан намозшом қадар, Онажоним қидирар кўча. Кенг даладан топиб мен “тўзим”, Югурардим ҳолдан тойгунча. Ёмғирларда обдон чўмилиб, Усти-бошим хўлу шалоббо. Гоҳ чаманда гулга кўмилиб, Бошлар эдим яна бир ғавғо. Суяр эдим ҳар бир япроқни, Ялпиз ҳиди этар эди маст. Сезмасдим мен чангу тупроқни... Катталарга қилардим ҳавас. ...Йиллар ўтди, хотира –тарих, Ҳаёт ўтар қайтмайди ортга. Энди билдим, қалблар беғубор, Энди дилим қўмсар болалик...
***
|