Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ўйларим... (Масъуд) - 6
Facebook
Ўйларим... (Масъуд) - 6 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Ўйларим... (Масъуд)
2
3
4
5
6
7
Ҳамма саҳифа


Агар муҳаббатни сувга қиёс қилсак, эркак муҳаббати дарёга ўхшайди... қанча ердан оқиб ўтмасин борар жойи денгиз... Аёл муҳаббати эса тубсиз денгизга ўхшайди... У дарёдан сув олса-да, ўзининг қанча сув олишини дарёга билдирмайди... Туб-тубида сон-саноқсиз марварид ва дурларни сақлайди... Уларни шўнғиб кириб, юқорига чиқариш учун дарё сувининг шашти етармикин, валлоҳу аълам...

Дунё синоатдан яралгани рост
Уларни тушуниб бош эгамиз жим...
Фақат биттасига йўқ жавоб ҳолос,
Фақат битта сирни билолмас ҳеч ким:
Қалбларни қийнаган - нимадир оти?
У, шаксиз, аёлнинг пок муҳаббати

Дунё гўзалликдан яралган - бешак,
Қалбларга ҳаяжон солажак ҳам у.
Баъзан беъхтиёр кўзга ёш олсак,
Киприк тўйинтирган беқарор нам - у
Нима ўртантирар ёш-қарини тенг?
У, шаксиз, аёлнинг пок муҳаббати.

Дунё яралганми, сабрданми ё?
Қаноат асабга ягона малҳам.
Бардош кўнгилларга бахш этар зиё,
У сабаб қалбларда акс этмайди гаъм...
Лекин коинотда энг катта сабр -
Бу, шаксиз, аёлнинг пок муҳаббати

"Дунё шафқат устин этгандир макон",
Деса ҳам кимлардир, этмам эътироз.
Аслида меҳрга ташна ҳар инсон,
Мурувват нури-да чин одамга ҳос.
Оллоҳнинг башарга битта шафқати:
Бу шаксиз аёлнинг пок муҳаббати.

***

Ҳаққинг бор, Лайлидек ошиқ бўлишга,
Шириндек бўлиш ҳам ўз ихтиёринг.
Яшнаса яшнашга, сўлса сўлишга,
Ўлса ҳам ўлишга,беқарор ёринг!

Мен эса...билмадим, лойиқманмикин
Мажнундек куйгани, ишқингда беун?
Фарҳод ҳам чиқмайди мендан...Гапим чин,
Чунки қалбим қашшоқ, юрагим юпун!

***

Тун...
бунда рутубат...
Атроф зим-зиё,
кўкда булут тўсган ой-юлдуз йироқ..
Бир кичик умидни этади рўё
узоқдан милтираб бир ажиб чироқ....

У – дилим севинчи, меҳр қуёши,
кўнглим ҳам у сабаб топади тиним...
У дардли оламнинг мунгли кўз ёши,
ва сирли оламим: сиртим, ботиним...

Ҳаётим чиқмоқда зулматни енгиб,
ғалати хислардан порлайди кўзим.
Мангу осмонларни нурафшон этиб,
Бўл менинг порлаган ёрқин юлдузим...

***

Кимнидир ўйлайман. Хаёллар тубсиз
Жарликлар уммонин силсиласида,
Тинмай чарх уради излаб тоғлардан,
Тополмай ноумид берар акс садо.

Кимгадир юракдан ёзилиб, қувнаб,
Суҳбат қурмоқликни насиб этсайди.
Сўнг майли, руҳимни айириб тандан,
Мангу оламга-да олиб кетсайди.

Кимдандир умидвор бу қалбга наҳот,
Топилмас заррача юпанч каломи?
Ўтинч бўлолмасми тоабад менга
Беғубор кўнгиллар алик-саломи?

Кимнингдир юраги балки менингдек,
Бир оғиз ширин сўз, суҳбатга зордир.
Бир зум бир нуқтадан кўз олмай, жимжит,
Мени ҳам ўйлаган инсонлар бордир.

Мен уни кутганман, ҳамон кутаман,
Қанча умрим бўлса шунча чидагум.
Ҳаётим сўқмоғин дадил ўтаман,
Розини айтгунча мурғак юрагим.



Танишув...
Суҳбатлар...
Кўникиш...
Кутиш...
Муҳаббат...
Чин изҳор...
Синовлар...
Хижрон...
Аламлар...
Қийноқлар...
Хатто, қон ютиш...
Сўнг, кечирим???
Айт, сўзларинг эканинг ёлғон!!!
“Ёлғон”,  де,
Беҳуда тўкилган ёшинг!
Ишонтир,
Юрагинг безовта эмас!
Азобдан наҳотки
Оқарди сочинг?!
Нега бу икки кўз
Ҳеч нарса демас?
Сўйла,
Ишқимизга нелар бўлди ғов?
Вақтми ёки сабаб
Иккиланишга?
Сенсизлик юракка
Ёқади олов,
Чидайман:
Тишимни қўяман тишга...
...Сени деб дунёда
Ўтаман танҳо.
Ёнингда фироқда
Яшамоқдаман.
Кўзимга қоронғу
Кўринар дунё,
Зиёни қидирар
Руҳим покдамон...

Ҳеч узр сўрама
Кетиш олдидан
Кечириб бўлганман
Севиб қолган чоғ!!!

***
Юрагим тубидан ҳайқирар нидо,
Туғёнлар қалбимга беролмай бардош.
Бақириб сўзласам чиқмайди садо,
Гўзалим, соғиндим, сени жуда ҳам.

Не қилай? Дилимга қилолмам амр.
Умрбод айрилиқ биз учун, наҳот...
Борлиғим, вужудим руҳимсан ахир,
Соғинчни яшириб бўларми, ҳайҳот.

Соғиниб яшайман, сени ҳар нафас.
Соғиниб, охири кетгум дунёдан.
Севгимиз хотирин сақлаб муқаддас,
Висолинг топгум-ми арши-аълодан.

Сенинг номинг билан тирикман фақат,
Соғинчим, асалим, шеърим , ғазалим.
Сен мен чун умидсан, абад-ул абад,
Қалбимнинг эгаси-эрка гўзалим.

***

Дилимда тасвирлаб бўлмас бир сурур,
Ўзгача завқ берар олган нафасим.
Зуҳро юлдуз мисол таратгувчи нур
Табассум юзларга келар ҳавасим.

Борлиқ гўзаллигин атрофга сочган,
Ифорлар келтириб эсади насим.
Хаёлим ўғирлаб ойларга қочган,
Зулфинг торларига келар ҳавасим.

Ўйланиб қоламан...Гоҳ ўйим рўё,
Гоҳида нуқтага тикиламан жим.
Ҳаётдан миннатдор, ҳам меҳридарё,
Қалби бутунларга келар ҳавасим.

Юрагим орзиқиб, ўртанар жоним,
Қувончли кунларим ёдга солиб зум...
Бу ёруғ оламда ҳеч йўқ армони,
Бахтли инсонларга келар ҳавасим.

Юзландим неча бор минг турли кўзга,
Зор бўлдим бир оғиз дармонли сўзга,
Ҳар эрдан изладим, топмадим ўзга,
Сенинг кўзларингга келар ҳавасим...

***

Сизни билиш менга кутилмаган бахт,
Сиз билан учрашиш - буюк тасодиф.
Шу кундан қалбимда қилиб қўйдим аҳд, 
Ўшал тасодифни кутавераман.

Майли, фаслларга боқмайман асло,
Йилларни қадамлаб ўтавераман.
Бир мақсад доимо дилимга ошно:
Қанча керак бўлса, кутавераман.

Кўз тикиб, интиқиб, йўлингиз пойлаб,
Дардларимни ичга ютавераман.
Ҳар бир учрашувни ҳафталаб, ойлаб,
Орзиқиб, энтикиб, кутавераман.

Ҳижрон азоблари қийнайди дилни,
Соғинч уммонига ботавераман.
Мен учун яралган беғубор гулни,
Бир умр кутаман, кутавераман.

Мингта бўлмайди-ку тасодиф, жоним,
Сиз ҳам ягонасиз, мен ҳам биттаман.
Ҳаётим мазмуни, жумла-жаҳоним,
Исмингиз тилимда тутавераман,
Ёниб, васлингизни кутавераман.

***

Кутяпман...
Фақатки, вақт кутмас экан,
Йиллар армонимга қўшади армон.
Ҳаёт махзунлигин олмаса-да тан,
Кўникиб бормоқда бу хисларга жон...

Кутяпман кимнидир, интиққанча, жим...
Узоққа термулиб, тун ўтар бедор.
Ҳеч ким тушунмаган дилдаги дардим,
Айтолмай юрагим йиғлаяпти зор...

Кутяпман, шу хаёл ҳеч этмайди тарк,
эрталаб ишга бор, кечқурун уйга...
Умрим ҳам куздаги мисли ҳазон барг,
Ўрганиб бормоқда тушкун туйғуга.

Кутяпман... Кутганман... кутаман яна,
Кўникиб ҳам қолдим кун ўтган сайин...
Соғиниб, энтикиб қалбим ўртана
Шу зайл дунёдан ўтмоғим тайин...

***
Майли, кулаверинг туйғуларимдан,
Мажнунга чиқаринг номим майлига.
Мен эса ҳеч кимга билдирмай зимдан,
Бош эгиб яшайман қалбим амрига.

Олган нафасимда шукрона айтиб,
Шу оппоқ кун учун ёд этиб Ҳақни.
Ҳар тонг умид ила қайта ва қайта,
Янгидан очаман оппоқ варақни.

Тирикман, илинж-ла яшайвераман,
Баҳор гулларига бўлиб маҳлиё.
Кўрасиз, бу хислар гуллайди чаман,
Туйғулар жўш урар мисоли дарё.

Яратган берган нур – йўлимда маёқ,
Бахш этган ғайрати – ёрқин машъалам.
Кўнглимда имоним тутиб ки байроқ,
Бир зумга бўлса-да тортмайман алам

(Яна ҳайрон бўлманг, бошқалар шеърим
Ғалати чиқди, -  деб хандон кулсалар.
Тўгри-да, ишқ нима қаёқдан билсин,
Завқнинг нималигин билмас кимсалар.)

Афсус надоматдан йўқ энди зарра,
Изтироб, ғамларни  кўмдим тупроққа.
Дарду азобимнинг устидан чизиб,
Қолган ҳаётимни кўчирдим оққа

Энди ишонч билан, нафосат билан,
Дилимда қуёшдек ҳарорат билан,
Юракда эҳтирос, тароват билан,
Олдинга қадамим ташлайвераман...
Мен барибир шодон яшайвераман.

Майли кулаверинг...

***

У қизда юрак ҳам асли бўлмаган...
Йигит эса билмас ишқнинг отини...
Гўзалликни шам деб кўрган парвона,
Қайдан ҳам биларди гулнинг тотини?

Уларга муҳаббат керакмас асли,
Бир-биров устидан турар кулишиб...
Нургамас, оловга талпиниб охир,
Ҳудди парвонадек қолар куйишиб...

***

Бинойидек юриш-туриши,
Суҳбати ҳам сермазмун жуда.
Гоҳи мафтун қилар  кулиши,
Ром  этади хатто уйқуда.
Киприкларин ёйи қалбингиз
Тўғри нишон олади бехос.
Кўнгли, - дейсиз  - катта бир денгиз,
Дарёсидан қуйилади ноз.
Кокиллари мисли мажнунтол,
Қуёш янглиғ табассумлари.
Сўзидан чак-чак  томади бол,
Гул баргида шабнам сингари.
Рўмолини қўймас бошидан,
Узун кўйлак қоматин безар.
Ўсма қўйиб етти ёшидан,
Буюк санъат асарин чизар.
Қултум сув-ла ютаман дейсиз,
Бунча гўзал бўлмаса, Худо!
Фақат битта айби бор, эсиз...
Унга юрак этмаган ато!

***

Бугун Сени кўрдим баногоҳ,
Шул он юрак тўхтади зумга...
Мунгга тўла эканми нигоҳ?
Ўтиб кетдинг боқмай кўзимга...

Ўн йил ортга қайтгандай ҳаёт.
Қийнар қалбни эски дардларим.
Айт-чи ростин, этмайсанми ёд,
Йўқотганинг ёшлик дафтарим?

Қайда қолди шод, ҳазилкаш қиз?
Қани ўша шўхчан табассум?
Қаён учди порлаган юлдуз?
Қани ўша қарашлар-маъсум?

Жиз этди-ю, ичимдан бир тор,
Хушим йиғмасимдан узилди…
Онда этиб дилимни абгор,
Кўнгилгинам ёмон бузилди…

Бугун Сени кўрдим баногоҳ,
Тўхтатгани топмам тоқатим...
Бошқа сафар учрармисан ё,
Кўришмасмиз, илк муҳаббатим?

***

Соғинмаган дилда муҳаббат қани?
Соғиниш – кўнгиллар боғловчи ришта.
Не афсус яшайди хис қилмай буни,
Беҳиштда беармон юрган фаришта.

***

Бошни чулғаб олар хаёллар,
Ўйлашимга бермайин имкон.
Чалкаш шохлар каби саволлар,
Сочларимни этибди макон.

Қайга кетдинг? Нима қиляпсан?
Қай аҳволда экансан ҳозир?
Қайси боғда ҳандон куляпсан?
Ёки кимга айтаяпсан сир?

Қачон қуёш бўлиб улгурдинг?
Қандай чиқдинг қалбим тўрига?
Сен қандайин сўқмоқда юрдинг?
Зор этдинг-ку шамсинг нурига.

Кимларгадир тикилиб зимдан,
Қаерлардан излайсан паноҳ?
Ё тўйдингми тергашларимдан?
Қидиришим санама гуноҳ.

Баъзан шундай қилиқларим бор,
Ранжимагин сўроқ-сўзимдан.
Чунки севгум жонимдан бисёр,
Рашк қиламан ҳатто ўзимдан!

***

Минг турли хаёлга бормангиз эркам,
Мен Сизни жудаям яхши кўраман.
Ҳадя дастрўмол-чи, жудаям кўркам,
Доимо кўксимда олиб юраман.

Шу кичик совғага бори меҳрингиз,
Бағишлаб, сўнг кейин тикканмидингиз?
Четига сув мисол жило беридсиз,
Ё ипга кўз ёши тўкканмидингиз?

Ёки араз қилиб, менга айтмай сўз,
Бу ажиб матога ёрдингиз кўнгил?
Ёки қувончданми намланиб жуфт кўз,
Рўмолча баҳона ором олди дил ?

Унга тўлдирибсиз юрак тасвирин,
Қалбингиз ташнами, меҳрга шунча?
Айтингиз яширин ишқингиз сирин,
Гулзорда очилмай сўлмасин ғунча...

Шубҳалар ўринсиз, тергашлар бекор,
Кез келди изҳорим айтайин юзга.
Сўнг қўшиб мана шу дастрўмол турган,
Чап кўксим бутунлай берайин Сизга!

***

Қалбимни дастурхон этдим ёнингга,
Ҳаётим айладим пойга пояндоз.
Баъзан ҳазилларим тегар жонингга,
Баъзида сўзимга бўларсан ҳамроз...

Гоҳи устозимсан, қалб – меҳрирадё,
Гоҳда-чи гапимга кирмас шогирдсан.
Дилинг ҳам рўмолга оръанган,
Гўё
Ҳеч ким тусунмаган бир ажиб сирсан...

Кимнинг қалб ашъори кимларга таниш,
Ахир шеър бўптими кўнгил тўлмаса?
Наҳотки мумкиндир оловсиз ёниш?
Сирларинг бунчалар қаттиқ бўлмаса?

Очил...
Баҳор ахир, кўрмаяпсанми?
Кейин мендан қилиб юрмагин гина
Ягона тилагим, ёлғиз тилагим:
Хисларинг музлатиб қўйма қизгина!

***