Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ўйларим... (Масъуд)
Facebook
Ўйларим... (Масъуд) PDF Босма E-mail
Материал индекси
Ўйларим... (Масъуд)
2
3
4
5
6
7
Ҳамма саҳифа

Тинчлик истамайди жонсарак қалбим,
Мудом эмас танда бир ҳил ҳарорат.
Ҳаёл тиним билмас, туролмайди жим,
Юрак ҳам тополмас тўзим-ҳаловат.

Кечиккан ёшликнинг дардини туйиб,
Мўжаз дунёимни безайди ҳазон.
Ҳаёт шаробидан ичолмай тўйиб,
Тарқатдим ё сотдим сувдан-да арзон.

Лабларда табассум, ўзгалар ҳурсанд,
Бахтини топишган аллақачонлар.
Уларнинг юзида қувончни кўрсам,
Баҳрим очилади, яйрайди жонлар.

Биридан олганман завқланиш ҳиссин,
Яна бошқасидан жиндеккина ғам.
Кимдир тақдим этган ҳурлик нафасин,
Шундан, мана, тирик вужудим, танам.

Тақдирим жуда ҳам моҳир тикувчи,
Ундаги Одамлар барча-барчаси.
Бир бутун матони ташкил этувчи,
Сермазмун умримнинг битта парчаси

***

Куз...
Қалбда қандайдир жимлик ўй сурар,
Мудраб қолгандайин ҳаёт севгиси...
Деразам ортидан уйимга қарар
Кўчада баргларнинг хазонрезгиси.
Қуёш узоқлашиб борар заминдан,
Учиб кетаётган қушлар сингари.
Кундуз қисқа бўлиб боради тундан
Дарахт либос ташлар кун ўтган сари.
Сойлар шарқирамай оқмоқдадирлар,
Тоғлар хоҳламайин кутади қорни...
Сариқликни кийган кўҳна адирлар,
Лолани соғиниб қўмсар баҳорни.
Тонг билан туш вақтни ажратиш қийин.
Хаёлим мисоли тўзғир ер-осмон.
Шамол олиб келган ғуборни кейин
Ёмғир ювиб кетар аллақай томон...
Лекин кетармикин бу билан ғашлик?
Кўнгил махзунликка бўлганми сургун?
Ахир ғаниматдир бебаҳо ёшлик,
Кетдик, қалб, истиқбол тарафга юргин!

Атрофни эгаллаб олгани етмай,
Дилга ҳам хазинлик келтирмоқда куз...

***

Кетяпман келажак остонасига,
Қўлда дард туфайли сарғайган дафтар
Кетяпман тақдирим кошонасига,
Яшаган кунимдан бўлиб минг мустар…

Кетяпман…
Ортимга қарагим келмас,
Йўлимда ғам-ташвиш – сочилган тикон.
Ҳаёт тўсиқлари асло кор қилмас
Изимдан изтироб йиғлаяпти қон…

Кетяпман, узоққа… бироқ ёнимдан
Оққан сув қадрини билмасдан, забун…
Исмим ҳам чиққандек бўлар ёдимдан,
симга солади илоҳий бир ун.    

Кетяпман…
Баҳорни ташлаб фироққа,
Ва сенга айтмасдан бирор оғиз сўз…
Кетяппан бу ердан жуда йироққа,
Шерикка олмасдан бирота ҳам дўст…

Кетяпман, сўргани умр – бу нима?
Сочимга оқ нега оралар бевақт…
Билгани ёлғоннинг уйин ким қурган?
Не учун мухтасар келар экан бахт…

Кетяпман…
кўзларим очиқ бўлса-да,
Кўрмасдан ёнимдан ўтган одамни.
Қолдириб ортимдан бир мисра шеъру,
Ёлғонга кўмилган  нурсиз оламни…

Кетяпман…

***
Узоқ бир нуқтага термулганча жим
Мўйсафид ногаҳон кўзларин ёшлар…
“Замон ўзгардими, одамлар…  балким…
Не учун бебошроқ ҳозирги ёшлар?

Билмайди, оддий бир “салом” сўзини,
Қўллари кўксининг висолига зор.
Уялиш тарк этган чақноқ кўзини,
Маънисиз сериаллар айлаяпти хор.

Китоб дунёсидан йироқдир улар,
Навоийдан битта сатр билмайди…
Қизиқиб асарлар ўқишмас тунлар,
Насиҳатга асло қулоқ илмайди…   

Вақт бекор ўтгандан ачинмайди ҳеч,
Аниқ мақсадидан йўқдир нишона…
Тушунар эканми бўлганини кеч,
Деворга урилган чоғда пешона?...

Узоқ бир нуқтага термулганча жим,
Мўйсафид кўзлари тўлади ёшга
Чин дилдан истайди, имконин топиб,
Айлашни насиҳат ҳар битта ёшга:

“Ёшсан…
Қувватинг бор…
Шижоат бисёр…
Билим ол!
Илм ўрган!
Оллоҳни тани!
Қалбингни пок айла, бўлмасин ғубор,
Эгам ҳам, ҳақ йўлда қўллар бандани…

Жигарим!
Авлодим!
эртам, индиним!
Имонни бут айла,
Эътиқодни дўст!
Миллатнинг шаънини бошингга қўйиб,
Шу Юртга муносиб фарзанд бўлиб ўс!”

Мўйсафид узоққа термулар, бесас…

***
Ўзбек қизлари...

Рўмолни бозорда сотмай қўйишди,
Излайман совғага зарур кезлари.
Ё балки нархими шунчалик ошди?
Нега тақмай қўйди ўзбек қизлари?

Катталар ҳурматин айтмайин майли,
Ерга қарашни ҳам билмас кўзлари
Сақичин эринмай чайнайди кулиб,
Қаёққа кетяпти ўзбек қизлари?

Қаерда юрмасин хаёлда сериал,
“Упа-элик, кийим....”- шулдир сўзлари.
Билимга, зиёга хаттогина сал,
Қизиқмай қўйишди ўзбек қизлари.

Терс жавоб қайтарар, нени сўрсангиз,
Уятдан қизармас гулгун юзлари.
Тарбия сўзидан йўқ бирон бир из
Шаддодроқ чиқдими ўзбек қизлари?

Саҳарлар қўймайди ўсма қошига,
Ҳовлидан келмайди райҳон ислари.
Каломи мос эмас асло ёшига,
Мозийни эсламас ўзбек қизлари...

Балки танқидларим , ранжитди бироз,
Ҳурмат этгум, албат қалбнинг хисларин.
Гапларим барисин этманг эътироз,
Чини ҳам бор жиндек, ўзбек қизлари.

Йўқ, аввали Оллоҳ инсофни берсин,
Кўзимга суртаман босган изларин
Ҳаё, ибо, иффат, одоб дунёсин,
Қайтадан забт этса ўзбек қизлари.

...Рўмолни баҳона қилдим, аслида,
Аччиқроқ туюлар дўстнинг сўзлари
Миллатнинг шаънини тутмоқ васлида
Уни қалбга ўранг, ўзбек қизлари!

***

Ёлғизоёқ йўлда ҳорғин, ўй суриб,
Барча хўрликларни дилдан олиб тан,
Ҳақиқат шаҳридан қадамин буриб,
Тубанлик сориға кетмоқда Ватан.

Гарданда юк катта... Паймонаси лим,
Ортига қарашга юрак бетламай,
Танбеҳ, ҳақоратга қулоқ солиб жим,
Ҳар онда заққумни ютмоқда Ватан

Уфқ-чи, ҳеч кўринмас....Ҳукм сурар тун,
Қоқ саҳро бозорга айланмиш, хайҳот!
Сотувчи – фирибгар, харидор - малъун.
Қадрини арзонга сотмоқда Ватан

Гуллашни ўрнига, ҳар баҳор сўлиб,
Томирдан бир қатра сув ҳам келмасдан,
Фақат Яратгандан умидлар қилиб,
Ҳақиқий эгасин кутмоқда Ватан

***

Сен кимсан?
Ҳеч ҳисоб бердингми ўзинг
Ҳаққа - Яратганга...ё виждонингга?
Ё соқов бўлишга қилдингми қарор?
Тегдими олам ғамлари жонингга?

Сен Кимсан?
Туну кун тиним билмасдан,
Ишлайсан ўқийсан одамийликка.
Баъзида илож йўқ кўзни юммасдан,
Баъзан ҳақиқатга боқасан тикка...

Сен кимсан?
Тарихинг йиғлайди ортдан.
Чанг босган китоблар айланди гунгга.
"Зиё" каломи ҳам рангин йўқотган,
Оналар алласи айланди мунгга.

Сен кимсан?
Аёлни чиқариб бозор,
Орни ҳам бир йўла туҳфа этдингми?
Ёки даюсларга эгилиб ҳазор,
Номус дунёсидан чиқиб кетдингми?

Сен кимсан?
Тарбия аталмиш қонун,
Қўлланма бўлмайди ўғил қизингга.
Шунчалар маккорми наҳотки, шайтон?
Хатто тик қарайди фарзанд кўзингга...

Сен кимсан?
Қўлингда қуръонинг борми?
Қалбингда бахт нури - имонинг борми?
Сени қийнамасми миллат тақдири?
Айт!
Жавоб бер саволга!
Забонинг борми?

Сен кимсан?
Ўзингга бердингми ҳисоб???

***
Заҳар оқар томирим узра,
Нафасимни сиқади ҳаво.
Рухим, билмам, қайларда кезар,
Ўз дардига тополмай даво...

Ўз ўзимни қўйдим унутиб,
Нафсу, бойлик билан йўқолдим...
Бу дунёнинг қўлидан тутиб,
Гуноҳларга ўралиб қолдим...

***
Дунё ташвишларин зумга унутиб,
Тикилмоқ истайман оппоқ саҳарга,
Ва шу он вужудда урган туғённи,
Ҳаттоки алишмам дунё жавҳарга.

Тингламоқ қўмсайман сокин тун сасин,
Ойдинда орзулар тиламоқ дилдан.
Чин қалбдан туяман баҳор нафасин,
Шундан, ҳаётимни севгум кўнгилдан.

***