Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Забаржад. Муҳаммад Исмоил - 7
Facebook
Забаржад. Муҳаммад Исмоил - 7 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Забаржад. Муҳаммад Исмоил
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа
* * *
Забаржаднинг туғилган кунига бутун театр жамоаси, яқин дугоналари, ҳамкасб дўстлари ҳаммаси йиғилган эди. Ҳашаматли ресторан стол-стуллари дид билан безатилган, ресторан ўртасида, Забаржаднинг бўйи  баравар келадиган саватли гулдаста – Сарвар Самандаровичнинг совғаси тантанага алоҳида кўрк бериб турарди. Табриклар, қутловлардан сўнг, ҳамма ўйингга тушиб кетди. Сарвар Самандарович ўйинга тушмасада, Забаржаддан кўзини узмас, келган мехмонларни ҳам, назардан қочирмас, улардан қайси бирлари Забаржадга ошиқлигини, бир-бир хаёлидан ўтқазиб ўтирарди. Умуман олганда, мана шу тантанада бўлаётган воқеаларнинг ўзи битта спектаклга жамласа сиғмайдиган воқеалар эди. Кимдир кимга муҳаббат изҳор қилар, кимдир-кимнидир ғийбат қилар, кимдир-кимдандир ўчини олиш учун пайт пойларди. Ниҳоят, тантанага келган машҳур хонанда, вальсга оид қўшиқ куйлай бошлади. Сарвар Самандарович ўрнидан қўзғалиб, Забаржад сари юра бошлади. Бироқ, у ҳали икки қадам ҳам ташламай, Исфандиёр ирғиб турди-да, Забаржадни белидан ушлаб, ўйинга судраб кетди. Сарвар Самандарович, ортга қайтишга ноқулай бўлиб, гўё сигарет чекиб келишга турган кишидай, ресторан ташқарисига чиқиб кетди. Унинг қўлида тилла занжир, тилла занжирга осиғлиқ, янги икки хонали уйнинг калити бор эди. Сарвар Самандарович, бу совғаларни Забаржаднинг бўйнига осиб қўймоқчи эди. Бироқ, ҳали мавриди келмаган экан, на илож.
Сарвар Самандарович Исфандиёрдан жаҳли чиқиб, анча вақт кўчада тентираб юрди. Ташқари совуқ эди. Изғирин шамол иссиқ жойдан терлаб чиққан Сарвар Самандаровичнинг этини жунжиктирар, шамол аралаш, ёмғир-қор, кўп фурсат ўтмай аъзойи-баданини қақшатиб юборди.

* * *
Яна аввалгидек гўзал ва мафтункор бўлиб кетган Забаржад ял-ял ёнганча, ҳар бир столдаги ўтирганлар билан қадаҳ уриштиравериб, табрикларни қабул қилавериб ва уларнинг ҳар бири билан бир ҳўплам – бир ҳўпламдан ичавериб охири маст бўлиб қолди.
Ўз столига келиб ўтираркан ширакайф ҳолатда яна қадаҳ кўтаришларини сўради.
-    Келинглар, мана шу қадаҳни қисқа, аммо бетакрор ҳаёт учун кўтарамиз. Бир йил аввал ҳаммаси, худди мана шу ресторанда бошланган эди. Спектакль бир йил давом этди. Энди мен бу саҳнани тарк этаман. Анави мени (у Шоҳруҳ ўтирган столга ишора қилди) театрга олиб келди. Мана бу ҳам, (у Моҳичеҳрани кўрсатди) ҳасаддан юзимга кислота суртди. Мана бу эса (у Гулбаданни кўрсатди) ўйнашларини қизғаниб, мени спектаклдан олиб ташлади. Мана бу эса (у Сарвар Самандаровични кўрсатди) мени театрдан хайдади. Мана бу эса (у Исфандиёрни кўрсатди) отасидай юрак хасталигига йўлиқмаслик учун, мендан юз ўгирди. Лекин, мен ҳаммани кечираман. Чунки ҳаёт ўзи шундай. Келинглар, қисқа, аммо бетакрор мана шу ҳаёт учун кўтарамиз. Яшасин биз севган, аммо бизни севмаган ҳаёт! Сиз мени мағлуб бўлишимни истар эдингиз. Аммо мен ҳамиша ғолиб бўлдим. Бугун эса сизнинг оёқларингиз остига хор бўлиб йиқилишимни кўрасиз.
Алвидо!
Забаржад қўлидаги қадаҳни даст кўтарди. Бундан бир ҳавфни ва даҳшатни сезган Шоҳруҳ яшин тезлигида, столларни йиқитиб унга ташланди ва унинг қўлидаги заҳарли маргумуш солинган қадаҳни четга суриб юборди. Қадаҳ ерга тушиб, чил-чил синди.  Ҳамма, саросима ва ваҳшат ичида бақириб юборди.
Шоҳруҳ Забаржадни кўчага судради. Баъзилар кетишга шайланди. Бу воқеадан бехабарлар эса бамайлихотир еб-ичишар, тантана сеҳридан маст бўлиб, дунёни унутишганди.
Шоҳруҳ эса, бир сўз айтмас, ташқарида ёмғир-қорга қарамай, ҳозиргина ўлим чангалидан сақлаб қолинган Забаржадни юз кўзларидан тинмай ўпар, уни бағрига босганича, ўкириб йиғларди.
Сарвар Самандарович ресторанга кираркан, ҳамма гуррос-гуррос ўйинга тушаётганини кўрди. Лекин ўйнаётганлар орасида Забаржад йўқ эди. Бундан хафсаласи пир бўлган Сарвар Самандарович, ўз ўрнига бориб ўтирмоқчи эди, Моҳичеҳра уни ўйинга тортиб қолди. Сарвар Самандаровичнинг ўйнагиси йўқ эди. Айниқса, Моҳичеҳра билан ўйнашни  истамас, у билан ўйнаса, худди ўтган кунлар, у билан бўлиб ўтган воқеалар яна такрорланадигандай ўзини олиб қоча бошлади.
-    Янги ёр топилганда, эскисидан тонмоқ керак денг.
-    Ўтган ишга саловат. У кунларни унутиб юбор.
-    Биз билан яна бир ўйнашсангиз, асакангиз кетмайди, Сарвар Самандарович. Ўйнашингизни бир кўриб қўйишсин. Қани туринг, мен ҳам ўйнашимни бир кўрсатай.
-    Бўлди бас. Сени ўйнашинг кимга керак.
-    Юрагингизни кўп сиқманг. Мен ҳали кўксимдан итарадиган даражада кераксиз бўлиб қолганим йўқ. Ишонмасангиз, юринг буёққа.
-    Бўлди бас. Ҳозир мавриди эмас.
-    Ҳозир айни мавриди. Биласизми, сиз кўзингизни тикиб ўтирган Забаржад ҳозир қаерда. Юринг кўрсатай.
Сарвар Самандарович дик этиб турди-да, Моҳичеҳрага эргашди. Унинг юраги бирдан безовта бўлиб ура бошлади. Моҳичеҳра эса унинг қўлидан ушлаб, шиддат билан, ресторан ташқарисига юриб кетди. Сарвар Самандарович ҳали ўзини ўнглаб олмаган ҳам эдики, ресторан ташқарисида, бурчакда, қоронғулик қаърида бир-бирининг пинжига суқулиб олган икки қорани кўрди. Уларнинг бири Шоҳруҳ, бири Забаржад эди. Шоҳруҳ Забаржадни қаттиқ қучоқлаб олган, уни ютақиб ўпар, Забаржад ҳам унинг бағрига синггиб кетганди.
Моҳичеҳра Сарвар Самандаровични уларни олдигача олиб бориш учун, қўлларидан зўр бериб тортар, аммо Сарвар Самандарович бир қадам ҳам ташлолмай, жойида қотиб қолганди. Сўнгра, Моҳичеҳра, - Мана кўринг уларни – дея бақирди. Унинг бақириқини эшитиб, Забаржад ҳам, Шоҳруҳ ҳам ялт этиб қарашди.
-    Мана кўринг, сиз севган, сиз жонингизни бермоқчи бўлган одамнинг қиёфасини. Забаржад кел, яқинроқ кел. Сен ҳам бу одамнинг кўзига тик қара. Тик қараганда, ростини гапир. Бу одамнинг юрагида ҳеч қачон ёнмаган муҳаббат, энди бир марта ёнган эди. Мана шу муҳаббатни сен хор қилдинг.
Сарвар Самандарович сирт бурилиб, оёқ остига қарамай қадам ташлаган эди, қоронғуликда чуқурариқни кўрмай, юзтубан йиқилди. Ҳамма унга қараб энгашди.
Сарвар Самандарович бошига теккан қаттиқ зарбадан ҳушини йўқотди. Оғзи-бурнига тўлиб қолган ариқдаги сув, Бўзсувдаги чўкиб кетган ҳолатини ёдига солди. У ўшанда ҳам мана шундай, сувга чўккан ва ҳушини йўқотган эди. У пайтда, қирғоқ бўйида, дод солиб, ҳеч кимни ёрдамга чақирмаган, эрини чўкиб кетиши мумкинлигига ишонмаган хотини, ўғли билан турарди. Ҳозир эса, қирғоқда Забаржад ва Шоҳруҳ туришибди. Ҳозир Забаржад ҳам дод солмайди, бақирмайди. Сарвар Самандаровичнинг ўлиб кетиши мумкинлигига ишонмайди. Майли, ишонмаса ишонмас. Ҳақиқатан ҳам, ҳали ўлмайман. Худо ҳоҳласа ўлмайман. Мен ҳам яшашим керак. Мен ўлсам, менинг доғимда куйиб адо бўладиган онам  учун  ҳам ҳали яшашим керак. Мен учун, ҳали жонини беришга тайёр меҳридарё бир қиз борлиги учун ҳам ҳали яшашим керак. Нега бир умр  меҳрга бунчалик зор  ўтаяпман.  Эй, Худо мени ҳам севадиган бир инсонни рўбарў қилсайдинг! Мен унга бутун жону-жаҳонимни бермасмидим. Ўшанда нега мени қутқариб қолдинг.  Бир умр ўзимнинг қалбимдаги ёнаётган дарёда азобланганларим етмасмиди? Ўзимнинг қалбимдаги дарёга неча бор чўкканларим етмасмиди. Мен сенга нима ёмонлик қилдим, Забаржад. Сен учун ҳамма яхшиликларни қилмоқчи эдим-ку. Ишон, сени соф ва беғубор муҳаббат билан энди-энди сева бошлаган эдим. Агар қўлларимдан тутганингда, сен билан сен истаган муҳаббат диёрига бош олиб кетардим!
Эй, ҳаёт! Бир умр суйганимга яраша, сен ҳам мени бир бор суйганингда эди, бир бора шавқат қилганингда эди, эй мени бир умр ўзига бегона билган, мени доимо ўз меҳридан дориғ тутган, ҳаёт! Лекин, билиб қўй, мен сендан бир умр умидвор, яшайвераман, бир умр сендан имдод кутаман, бахт кутаман, муҳаббат кутаман, эй азиз ҳаёт!
Сарвар Самандарович, кимлардир унинг қўлтиғидан олиб, машинага миндираётганини ғира-шира илғади. Томоғига нимадир қаттиқ тиқилиб, нафас олишга қўймасди. Орадан анча вақт ўтиб, машинанинг қаттиқ-қаттиқ босилган сигналидан, бироз  ҳушига келиб, кўзини очди. Кўзи олдида, ўзининг баҳайбат темир дарвозаси намоён бўлди. Сўнгра, зулфларни шарақлатиб, хотини дарвоза табақаларини оча бошлади.