Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Забаржад. Муҳаммад Исмоил - 4
Facebook
Забаржад. Муҳаммад Исмоил - 4 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Забаржад. Муҳаммад Исмоил
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа
* * *

Бир кун Сарвар Самандарович Шоҳруҳни чақириб, ишдан ҳайдамаслигини айтди. Гап орасида «Родопис» спектаклини ҳам онда-сонда қўйиб туриши мумкинлигини уқтирди. Бош ролга Моҳичеҳрани тавсия қилди. Шоҳруҳ, Сарвар Самандаровичнинг тавсиясини рад қилди. Бош ролда фақат Забаржад Зокирова ўйнайди – деди. Театр раҳбари Забаржаднинг номини эшитиб,  тортишиб ўтирмади. Ўзинг биласан – деди. Лекин ишхонадаги бу енгиллик Шоҳруҳнинг кайфиятини кўтаролмади. У Забаржад билан аразлашиб қолганидан сўнг, Забаржаднинг телефон қилишини кутарди. Ўзи телефон қилишга, шифохонага боришга ғурури йўл қўймас, ялиниб боришга истиҳола қилар, шифохона атрофини айланиб-айланиб кетар, тўсатдан учрашиб қолсак қандай яхши бўларди деб орзу қиларди.
Қўл телефон ҳам туну-кун ёниқ турар, Забаржад телефон қилиб қолармикин дея, жирингламаса ҳам бот-бот қарарди. Гоҳ-гоҳ унинг мендан бошқа ошиқлари ҳам бор дея, гумонсирар, бу шубҳа, жаҳлини чиқарар, шундай кезларда, шифохона скамейкаларида ўтирган кезлар, ўрнидан туриб, кетиб қоларди. Ўзига келган кезлар, хаёлан Забаржадга ўз шартларини айтарди: «Сенга уйланганимдан кейин, мендан бошқа ҳеч ким билан гаплашмайсан. Менга алоҳида вақт ажратасан. Менга ғамхўрлик қиласан. Меҳрингни аямайсан. Менга ўғиллар туғиб берасан.
Фақат меники бўласан. Фақат мени дейсан. Фақат мен билан гаплашасан. Кўзларингни олиб қочмайсан. Ширин гапларингни аямайсан. Ҳуснингга тўйгунимча ёнимда ўтирасан. Бир жойга борсанг сўраб борасан. Йўқ, яхшиси фақат мен билан борасан. Фақат мени спектаклларимдагина ўйнайсан. Фақат ижобий ролларда ўйнайсан. Мени қийнамайсан. Гап қайтармайсан. Мен нима десам маъқуллайсан ва ҳ.к. ва ҳ.к.
Бир куни уни қаттиқ соғинганида туш кўрди. Тушида унинг хархашалари, инжиқликлари аччиқ-тизиқ гаплари, инкорлари, камситишлари, ўзини катта олишлари, менсимасликлари ҳамма-ҳаммасини унутиб, бош эгиб борган эмиш. Унинг хонасига киришга юраги бетламай, ташқаридан туриб, бировдан айттириб юборган эмиш.
-    Келинг! – дебди Забаржад жиддий.
-    Келдим. Ўтган сафар келганимда, сотовойимни ғилофи тушиб қолибди. Шуни олиб кетмоқчийдим.
-    Ҳеч қанақа ғилоф қолгани йўқ.
-    Бошқатдан бир излаб кўринг, балки қолгандир.
-    Беш тийинга, унақа ғилофдан бештасини беради.
-    Менга ким беш тийинни беради. Кўчада ётган бўлса айтинг, бориб олай, олиб берадиган ошиқларим бўлмаса.
-    Ажаб бўпти.
-    Бетингизни очинг, бир кўрай.
-    Сиз менга кимсиз, бетимни кўрадиган...
-    Сизни яхши кўраман!
-    Сиз яхши кўрадиган бетим куйиб қолган.
-    Сизга уйланаман.
-    Нима-а?!
-    Мен охири шу қарорга келдим.
-    Қарорга келишдан олдин мен билан маслаҳатлашдингизми?! Мен рози бўламанми, йўқми? Мени шартларимни бажарасизми?  Ҳали сизни яхши кўришим учун тайёрмисиз. Биринчидан нима десам хўп дейишингиз керак.  Доим гапимни маъқуллашингиз керак. Гап қайтармаслигингиз керак. Мени қийнамаслигингиз керак. Мен ота-онамни эрка фарзандиман. Улар доимо мен билан маслаҳатлашишган. Сиз ҳам шундай бўлишингиз керак. Менга доимо вақт ажратишингиз керак. Меҳрингизни аямаслигингиз керак.
-    Бўлди, ўчир овозингни...
Забаржад Шоҳруҳнинг бақириғидан ҳайратланиб, кўзлари катта- катта очилиб кетибди.
Эсанкираб қолган Забаржадни қучоқлаб, лабларидан қаттиқ ўпа бошлабди. У Шоҳруҳни дўппослай кетибди. Анча вақт дўппослаб турибди-да, Шоҳруҳ қўйиб юбормагач, жимиб қолибди.
* * *
Театрда хаёт яна ўз измига тушиб кетганди. Сарвар Самандарович яна «Родопис» спектакли қўйилиши ҳақида топшириқ бергач, актёрлар ғимирлаб қолишди. Родопис ролида Моҳичеҳра ўйнайдиган бўлди. Қизғин репетициялар даври бошланди. Забаржад ҳақидаги шов-шувлар, миш-мишлар четга сурилди. Шоҳруҳ ҳам ҳаммасини унутаётгандай эди. Актерлар билан спектакл ҳақида мунозаралар юритар, аввалги довруғи сўнмаслиги учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Ҳатто бир куни Моҳичеҳра билан саҳна ортида гаплашиб туришганида, ариза ёзиш учун театрга келган Забаржадни кўриб, салом берди-ю, Моҳичеҳрага қараб яна гапини давом эттираверди. Уларнинг олдидан тез-тез юриб ўтиб кетган Забаржад, алам ва изтироб алангасида қолди. Сарвар Самандаровичнинг қабулига кириш учун бироз пойлади-да, кутишга ортиқча тоқати етмай қабулхонадан чиқиб кетди. Қўлидаги аризасини эса йиртиб ташлади. Сўнгра театр саҳнаси томон юриб кетди.

* * *
Театрда айнан «Родопис» спектаклининг репетицияси бўлаётганди. Ҳар бир ҳатти ҳаракати, ҳар бир сўзи ўзига таниш бўлган манзарани кўриб эти жимирлаб кетди. Театр катта даргоҳ эди. У бўлмаса ҳам театр ҳеч нарса йўқотмасди, ўз изнида кетаверарди. «Мен бўлмасам, театр ҳаёти тўхтаб қолади» - деган одам янглишарди. Нафақат, Забаржад, нафақат Шоҳруҳ, ҳатто Сарвар Самандарович бўлмаса ҳам, театр ҳаёти ўз изнида, бир маромда кетаверарди.
Лекин, Забаржаднинг юрагида  спектаклни саҳналаштиришга изн берган Сарвар Самандаровичга нисбатан ҳам ва айниқса, бу спектаклни сен учун, ҳа фақат сен учун саҳналаштираман, деган Шоҳруҳга нисбатан ҳам нафрати қўзиб кетди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам кўзига алдоқчи ва хиёнаткор бўлиб кўринди. Улар бугун театрда алдашса, эртага хаётда алдашади...
Забаржад мана шундай аламли ўйлар исканжасида у ёқдан бу ёққа юраркан,гўё ҳеч нарса бўлмагандай, гўё ҳамма ўтган ишларга қўл силтаб парво қилмаётгандай тутарди ўзини. У узоқда турган Шоҳруҳга бош силтаб, салом берди-ю, Исфандиёр билан узоқ сўрашиб кетди.
-Қандай, яхшимисиз Забаржад...
-Яхши, раҳмат. Табриклайман. Гулбаданга уйланмоқчи эканлигингизни эшитдим.
-    Ҳа. Сизга тишимиз ўтмагандан кейин, нима қилайлик,
қўлинг етган шохнинг шафтолиси ширин, дейишади-ку.
-    Йўқ, йўқ ҳеч нарса деяётганим йўқ. Таслимман. Мана икки қўлимни ҳам кўтардим. Қизил гул экканнинг хирмони бўлмас, яхшини суйганнинг армони бўлмас.
-    Айтаяпман-у, бўйи паст одамнинг баланд дорга
осилишининг ҳеч хожати йўқ. Биз кичкина одам бўлсак. Сиз театрда биринчи даражали юлдуз.
-    Сиз ҳам биринчи даражали бўлмаганингизда шох ролини ўйнармидингиз.
-    Йўқ, мен узоқ ўйлаб кўрдим. Мен табиатан иккинчи даражали одам эканман. Сизга қараганимда кўзим қамашиб, оёғим қалтираб кетаверади. Шундан кейин билдимки, ўзимбоп қизга уйлансам тузук экан. Сиз эса оловсиз, сизни темир қўллар ушлаб турмаса, унча-мунча қўлларни куйдириб юборасиз.
-    Қўйсангиз-чи. Келинг, ёқангизни тўғрилаб қўяй.
Исфандиёр шохона кийимда эди.
Забаржад унинг кийимларини тўғрилай бошлади. Унинг Исфандиёр билан жуда илиқ ва хушчақчақ гаплашиб турганини кўрган ва бетоқат бўлиб, у ёқдан – бу ёққа бориб келаётган Шоҳруҳнинг алами бўғзига тиқилди ва жони чиқиб кетар даражада ўзини тутолмай қолди. «Мен уни театрга олиб келдим. Уни малика қиёфасида элга танитдим. Уни машҳур қилдим. Уни жонимдан ортиқ севдим. Кечаю-кундуз фақат уни ўйлаб, унинг учун яшадим. Унинг учун ишдан ҳайдалишимга оз қолди. Уни учун уйимни сотишимга оз қолди. Бугун ҳам ҳамма ишларимни йиғиштириб қўйиб, дарди-хаёлим фақат у бўлса-ю, нега у ёнимга келиб, саломлашишни ҳам ўзига эп кўрмаяпти. Нега мен унга худди бегонадайман. Исфандиёрдан нима кўрди. Нега у билан ҳиринглашиб турибди. Наҳотки мен шунчалик аҳмоқ бўлсам. Шунчалик фидоийлигим эвазига, заррача эътибор топмасам. Нега, нега? Нега у мени бунчалик хўрлаяпти. Нега, нега?
Шоҳруҳ шахд билан улар гаплашиб турган жойга борди-да жаҳл аралаш:
-    Забаржад, бир лаҳзага мумкинми, сизда гапим бор, - деди.
-    Йўқ, ҳозир бандман. Кўраяпсиз-ку, гаплашиб турибман.
Шоҳруҳ, ғазабини босолмай, Забаржадни қўлидан ушлаб, судрай  бошлади.
-    Тортинг қўлингизни... – Забаржад қўлини тортиб олиб оҳулардай чаққон ҳаракат билан саҳнадаги тахтнинг устига сакраб чиқди. Шу топда, «Родопис» спектаклини қўйгани ва унда Моҳичеҳра ўйнагани учун Шоҳруҳни кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ эди. Буни ҳамма тушуниб турарди.
Ўртадаги вазиятни юмшатиш учун гапга Исфандиёр аралашди.
-    Қўйсанглар-чи... Нега бунча жанжал. Ўзингни бос, Шоҳруҳ.
-    Сен жим тур. Ҳозир шу қилич билан қорнингни ёраман.
Шоҳруҳ шоҳ кийимидаги Исфандиёрнинг белидаги  қилични шартта қинидан чиқарди: - Йўқол, кўзимдан.
- Ўзингни бос. Шоҳга қўл кўтаришга қандай ҳаддинг сиғди...
-    Ҳозир ҳазилнинг пайтимас... Ҳаёт сен учун ҳазилдан иборат бўлиши мумкин. Лекин мен ўз тақдиримга майнавозчилик билан қаролмайман.
-    Яхши ёр ёддан чиқмас денг. Забаржадни кўриб, ҳаяжонларингиз янгидан жўш уриб кетдими... – деди боядан бери вазиятни кузатиб турган вазир қиёфасидаги Ботир Болтаев. – Буни учун саҳнада жанжал кўтариш шарт эмасди...
-    Сен ўчир овозингни... сенга тегишли гап йўқ бу ерда.
-    Ҳа, у шу ерда жанжал кўтармаса бўлмайди. Ахир ҳаммани
олдида ўзини оқлаши, ўзини оппоқ қилиб кўрсатиши керак-ку. Гўё ҳамма қора, у оппоқ. Гўё у спектаклни қўймоқчи эмасди, ҳамма мажбурлади. У Забаржадга мана шуни тушунтирмоқчи – деди Клара Искандаровна. – Лекин шуни билингки, агар сиз истамаганингизда спектакл қўйилмасди.
-    Ўчиринг овозингизни... Менга даллолнинг кераги йўқ.
-    Бор гап шу. Агар ҳақиқатни беркитиб, жанжал тўполон, лўлилик билан енгиб чиқаман десангиз, марҳамат, жанжал кўтараверинг: Қўтир тана қўра булғар.
-    Мен эмас, сиз ва сизга ўхшаганлар Бадиий кенгашда спектаклни саҳнадан олиб ташлашган. Забаржад йўқлигида уни саҳнага қайтарган ҳам сиз ва сизга ўхшаганлар.
-    Нимани назарда тутаяпсиз. Шоҳруҳ Султонов – деди саҳнага кириб келган Сарвар Самандарович. -Нима гап ўзи, бу нима тўполон?
-    Мен, умуман ҳеч нарсани муҳокама қилмоқчи эмасман.
Сизларга айтадиган гапим ҳам йўқ. Мен фақат Забаржад билан гаплашиб олмоқчиман.
-    Мени, сиз билан гаплашадиган гапим йўқ.
-    Мен ҳозир бу ердан индамай  чиқиб кетишим мумкин.
Лекин сизга айтадиган бир оғиз сўзим бор, ўнг қулоғингиз билан ҳам, чап қулоғингиз билан ҳам эшитиб олинг: Мен сизни яхши кўраман.
-    Ёлғон. Сиз ўзингизни яхши кўрасиз. Спектаклни ҳам
ўзингиз учун қўйдингиз. Агар у мен учун бўлганда, мени ростдан яхши кўрганингизда, ҳеч қачон Моҳичеҳрани чақирмасдингиз.
-    Қўйинглар, битта рол учун талашманглар, шахсий муносабатларни аралаштирманглар – деди Сарвар Самандарович. – Забаржад, қани юринг, хонамга кирайлик.
-    Забаржад, агар ҳозир, мен билан кетмайдиган бўлсанг, сендан мутлақо юз ўгираман. Сен билан бошқа ҳеч қачон кўришмайман.
-    Менга шарт қўйишга ҳаққингиз йўқ.  -  Забаржад терс ўгирилиб, Сарвар Самандаровичнинг ортидан кета бошлади.
Клара Искандаровна пиқ этиб, кулиб қўйди:
-    Лўлининг чирмандаси ёрилса, гардиши маймунга ўйинчоқ бўларкан – деди у истеҳзо билан Забаржаднинг ортидан.
Шоҳруҳ, алам ва нафрат билан қўлидаги қилични ясама тахтга уриб, тахтни қоқ иккига бўлиб юборди. Исфандиёрнинг бошидаги тожни олиб, ерга улоқтирди. Сўнгра, найзани ғазаб билан унга санчди.

* * *

Спектакль аввалгидек гавжум бўлмасада, ҳарқалай анча одам тўпланди. Бировлар унга аввалги довруғи туфайли келган бўлса, бировлар янги кўриниши қандай экан деб, баъзилар эса, қандай бўлишидан қатъий назар  келганди.
Димоғи чоғ Моҳичеҳра спектаклдан сўнг Шоҳруҳни уйига таклиф қилди. Шоҳруҳ гапни чўзиб ўтирмади. Унга эргашиб йўлга тушди.
-    Қандай яхши бўлди. Бир кунда бутун Ўзбекистон аҳлига танилдим. Ниҳоят талантим юзага чиқди, -  Моҳичеҳра тинмай гапириб борарди: - Одамларнинг қарсагини айтмайсизми? Йигитларнинг қанчаси телефон номерларини беришди. Умрим бино бўлиб бунча гул олмагандим.
-    Сен ҳақиқатдан ҳам чиройлисан Моҳичеҳра. Бу талантинг билан жуда катта режиссерлар билан ишлашга лойиқсан – Шоҳруҳ Моҳичеҳрага худди бугун танишаётгандай ҳайратланиб қарарди.
-    Наҳотки шу гапларимга ишонади деб ўйласангиз?
-  Ишонасиз. Сиз ўзингизни гўзаллигингизни ҳам биласиз.
-    Йўқ-йўқ. Сиз бу гапларни Забаржадга айтинг. Уни кўриб телба бўлиб юрганларингиз эсимда. Мана шу спектаклни ҳам, аслида Забаржад учун қўйдингиз.
-    Қўйинг, у билан иш бўйича гаплашардим. Орамизда ҳеч қандай жиддий гап бўлмаган.
-    Агар Забаржадни юзи куйиб қолмаганда, у бугун ҳам шу спектаклда ўйнарди.
-    Йўқ. Бош ролда у ўйнагани учун, спектакл Бадиий Кенгашдан ўтмади. Спектакл мана энди ўзининг бош қаҳрамонини топди.
-    Агар мени ҳам юзим ўшандай чандиқ бўлиб қолса, мендан воз кечиб кетмайсизми?
-    Йўқ.
-    Агар, сизни менга қайтишингиз учун, ўша ишни мен қилгандим десам-чи?
-    Бўлиши мумкин эмас.
-    Бўлиши мумкин. Ўша ишни мен қилганман. Бўлмаса бугун сиз менинг ёнимда бўлмасдингиз. Лекин, ёнимдан кетмаслигингиз учун, ўзимнинг юзимни ҳам ўшандай куйдиришга тайёрман.
-    Қўйинг, керакмас. – Шоҳруҳ ҳайратдан донг қотиб қолганди. - Балки  ҳазиллашаётгандирсиз.
-    Йўқ, бу ҳазил эмас. – Моҳичеҳра тўхтаб Шоҳруҳни кўзларига тик боқди: - Мен сизни яхши кўраман.
-    Қасам ичинг.
Моҳичеҳра сумкачасидан кичкина шиша идишни олди:
-    Ҳоҳласангиз, нафақат юзимга суртишим, ичишим ҳам мумкин.
-    Қани ичинг-чи?
Моҳичеҳра, қўлида шиша билан бироз иккиланиб турди. У нима қилишни билмасди. Шишани Шоҳруҳни юзига отишни ҳам, ёки уни ичишни ҳам билмасди.
Моҳичеҳра қўлида кислота  шишасини стол ўртасига қўйди.
-    Хўп, майли. Лекин менинг ҳам бир шартим бор.
Мен сизни яхши кўришимни  биласиз. Лекин, қизболанинг яхши кўриши ҳеч қанақа аҳамиятга эга эмаслигини, у ҳатто яхши кўришини ҳам очиқ айтолмаслигини ҳам биласиз. Лекин, мен бугун сизга бу гапни очиқ айтмоқчиман: Мен сизни яхши кўраман. Бу бугун, ёки кеча пайдо бўлган гап эмас. Бу сиз билан биринчи бор учрашганимиздан бери бор гап. Ва ўйлайманки у менинг сўнгги нафасимгача давом этади.
Моҳичеҳра шишани қўлга олиб гапни давом этди. Унинг важоҳати, севги изҳор қилаётган кишидан кўра аламзада одамнинг асабий, кўнгил фарёдларини эслатарди:             
-Айтингчи, сиз кимни севасиз?
Шоҳруҳ Моҳичеҳранинг титраётган қўлидаги шишага тикилиб турарди. Ҳозир у Забаржаднинг номини аташи билан, бу кислота юзига сепилишини сезиб, юрагида ваҳима ўрмаларди. Ниҳоят, жим туришга тоқати етмай гап бошлади:
- Моҳичеҳра, балки театрда актёр севишганлар қиёфасини ярата олиши мумкиндир, лекин қалбида севгини ўзини ярата олмайди. Инсон ўз қалбига мана шу одамни севгин деб буйруқ бера олмайди. Инсон ҳали биронта тирик жонзотни ярата олмагани каби муҳаббатни ҳам ўз қўли билан ярата олмаган. Кишига ҳақиқий муҳаббатни ҳам Худо беради. У киши юрагига олов бўлиб келади ва олов бўлиб бир умр юракда яшайди. Мен Забаржадни мана шундай муҳаббат билан севаман ва бир умр унга фидо бўлиб яшайман. Сени ҳеч қачон севмаганман ва ҳозир сенга ёлғон ҳам гапира олмайман.
Моҳичеҳра қўлидаги шишани баланд кўтарди.
-Эссиз, хор бўлган умрим, хор бўлган ёшлигим, хор бўлган туйғуларим, изтиробларим, орзуларим. Мен, бир кунмас бир кун барибир менга қайтасиз, деб ўйлагандим. Афсуски, сиз маккор, тошбағир ва қайсар бўлиб чиқдингиз. Энди сиз билан бизнинг орамиздаги муносабатларга сўнгги нуқта қўйиладиган пайт келди. Сиз бу ўйинда ғолиб чиқдингиз. Лекин мен ҳам мағлуб бўлганим йўқ. Мен бу ҳодисага шунчаки бефарқ қаролмайман. Яшасин қасоскор ва бевафо ҳаёт! Яшасин, ичганинг сари заҳри тўйдирмайдиган муҳаббат! Мен, ушбу заҳарни сизларнинг орангиздаги буюк муҳаббат учун ичаман!
Шоҳруҳ, Моҳичеҳра кислотани унинг устига сепиб юборса керак, деб жон ҳовучлаб турганди, бироқ ўз оғзига олиб бораётганини кўриб, эсанкираб қолди ва бир зумда унинг қўлига отилди. Кислота Моҳичеҳранинг бўйнига, кийимларига, Шоҳруҳнинг қўлига сачради. Кислота теккан ерлар бир зумда жизғанак қилиб куйдира бошлади. Шоҳруҳ, дод солиб унинг бўйинларини, иягини артишга шошилди.
Шоҳруҳ Моҳичехранинг ҳамма кийимларини ечиб ташлади. У қип-яланғоч бўлиб қолди. Шоҳруҳ унинг оппоқ сийналарига қараркан, нима қилишини билмай, тек туриб қолди. Моҳичеҳра, кулиб, унинг истиқболига пешвоз чиқа бошлади ва қўлларини, унинг бўйнига қўйиб, таманно билан жилмайди.
Шоҳруҳ, секин ортга ўгириларкан:
- Мени кечир- деди ва хонадан чиқиб кета бошлади. У ўзини қўлга олиш, эҳтиросларини жиловлаш учун, лабларини шу қадар қаттиқ тишлаганидан, оғзининг бир четидан қон сизиб чиқа бошлади.

* * *
Забаржад қишлоққа кетиш учун, ҳамма кийим-кечакларини йиғиштира бошлади. Ижара ҳақини тўлади. Театр жамоаси билан хайрлашишга борганди, лекин кетиши ҳақида ҳам ҳеч кимга ҳеч нарса дея олмади. Театр бир дарё мисоли ўз ўрнида сокинлик билан тўлиб тошиб оқиб ётарди. Забаржад ундаги бир балиқча каби юзадан қараганда бор-йўқлиги ҳам билинмасди. Мана шу нарса, уни «Мен театрдан кетаяпман» дейишга йўл қўймади. Кетса, нима ўзгарарди. Унга ким «кетма» деярди. «Кетма» дегани билан, унга ким кетмаслиги мумкинлигини тушунтириб бераолади. Тушунтиргани билан, тушунишга арзирли нарса топилармикан? Забаржад Шоҳруҳни ўйлади. Театрда Шоҳруҳ бўлмаганида ҳам қолиши мумкин эди. У Шоҳруҳга қасдма-қасд кетишга шайланди. Ахир Шоҳруҳ эмасми, уни кўкка кўтарган, унинг муҳаббатини қозонган, унинг юрагига изтироб ва шижоат солган ва охир-оқибатда, муҳаббат чўққисидан ташлаб юборган. Мана, бу театрдан абгор ва мағлуб кетар экан, кўз тиккан, ишонган ва севган бир одамнинг олдига бориб, яна ўзининг мағлубияти ҳақида гапиролмасди.
Исфандиёр эса бу ҳолатдан мустасно эди. У Шоҳруҳ билан танишишга, демакки театрга келишига сабаб бўлган. Исфандиёр билан хайрлашмай кетаолмасди.
Исфандиёр оқшомга яқин келди.
-    Нима бўлди?
-    Уйга қайтмоқчиман. Мабодо битта-яримта мард чиқиб қоладиган бўлса эрга тегиб, оила қурмоқчиман.
-    Театр нима бўлади? Ахир шу соҳада беш йил ўқидинг, диплом нима бўлади? Дипломни ҳам қўя турайлик, ахир актриса бўлиш бир умрлик орзуинг эди-ку, орзуларинг нима бўлади. Наҳот хаётингни бутунлай ўзгартирмоқчи бўлсанг?!
-    Мен қаттиқ адашган эканман. Мен санъат соҳасига гўзалликни, меҳр-муҳаббатни, фидоийликни, инсондаги барча буюкликларни тарғиб қилиш учун кириб келгандим. Лекин афсуски, мен санъаткорлар орасида фақат разолатга, хиёнатга дуч келдим. Мен аввало  инсонлардаги буюкликларни ўз бошимдан кечириб,  уни кейинчалик саҳнага олиб чиқмоқчи эдим.
Мен саҳнада ёлғондан ўйнолмайман. Ўзим бахтни кўрмай, ёлғондан бахтиёр қиёфасида чиқолмайман. Ўзим севилмай севишган ёр қиёфасида чиқолмайман. Хиёнаткор, қасамхўр, ёлғончи одам бўлатуриб, ҳалоллик, ростгўйлик, мардлик ҳақида гапиролмайман. Мен театрда разолатнинг ҳамма турини кўрдим. Сизларнинг олдингизда қолсам, эртага Худонинг олдида жавоб беришга қўрқаман. Бу ботқоқда чўкишга ортиқча тоқатим йўқ.
-    Кетсанг кетавер. Билиб қўй, театр ҳам чангалзор қонунига бўйсунади. Унда фақат кучлилар ғолиб чиқади. Айёр бўласанми, аблаҳ бўласанми, мард бўласанми, ҳар қандай қиёфага киришингдан қатъий назар, яшаб кетолсанг, кучлисан ва бир куни маррага етасан. Сенга ўхшаган ожизлар, йиғлоқилар, ҳардамҳаёллар, нима қилишини аниқ билмайдиганлар, ўз мақсади йўлида аёвсиз курашишни билмайдиганлар ўз-ўзидан бу чиғириқдан чиқиб кетадилар. Театрдан кетишинг бу сени мардлигинг эмас, заифлигингдандир.
-    Бу жавоб, сизнинг ўз юрагингиздан чиққан жавоб эмас.
Сизда юракнинг ўзи йўқ. Сизнинг юрагингиз, мана шу жамоага аллақачон кушанда бўлиб, бўлган. Сиз энди жамоанинг умумий юраги билан яшаяпсиз. Сизнинг мардлик ҳақидаги тушунчангиз ҳам бошқа. Инсонийлик тушунчасини ҳам, бу бошқаларга ўргатиладиган тушунча деб қабул қилгансиз. Сиз, ҳатто муҳаббатни ҳам китоблардаги  нарса деб қабул қилгансиз ва ўзингиз ҳаётда ҳеч кимни севишга интилмагансиз, сизни севганларни ҳам тушунмагансиз. Шунинг учун менинг саволларимга ҳам сизда ҳеч қандай жавоб йўқ. Жавобингиз, фақат инкор этиш, камситишдан иборат.
-    Ҳар кимнинг гўри бошқа-бошқа. Мен нимаики қилган бўлсам ўзим жавоб бераман. Бошқалар ҳам шундай.
-    Сиз ҳам, бошқалар ҳам бир кун жавоб беришни унутиб қўйгансизлар. Ташқарида кўрган одам сизни машҳур одам дейди. Ҳавас қилади, лекин ўз ҳаётингизда қилаётган ишларни бир кунмас бир кун, билиб қолса, энг ярамас одам ҳам бу қадар тубан бўлмаслигини кўриб ёқа ушлайди.
-    Сен бундай хаёллар билан, бизнинг орамизда яшолмайсан.
Тўғри ўйлабсан, битта-яримтаси сени ўлдириб қўймасидан бу ердан кетганинг маъқул. Эр топ, оила қур, бола-чақа ўстир. Сенга энг яхши йўл шу.
Хайр, мен ҳам кетдим. Яхши қол.
-    Хайр.
Исфандиёр терс бурилди-да, ўгирилмай хонадан шаҳд билан  чиқиб кетди.