Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Забаржад. Муҳаммад Исмоил
Facebook
Забаржад. Муҳаммад Исмоил PDF Босма E-mail
Материал индекси
Забаржад. Муҳаммад Исмоил
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа

Сарвар Самандарович дарвоза очилишини кутиб турарди.
Икки қаватли данғиллама уйнинг темир дарвозаси жуда баҳайбат эди. Эшик очилавермагач,  машинадан тушишга мажбур бўлди. Дарвоза табақаларини бирма-бир итараркан,  шиппакларини шапиллатиб хотини келаётганини эшитди.
- Ўғлинг ҳали ҳам келмадими – деди у хотинига қарамай.
- Йўқ.
Сарвар Самандарович машинани ичкарига олиб кирди. Сўнгра сўрига  ёнбошлади. Чой кўтариб келган хотини, чойнакни бир четга қўйди-да, хонтахтанинг чанг босганидан хижолат бўлиб, арта бошлади.
- Меҳрнинг нархи қанча туришини биласанми? Унинг нархи
машинадан ҳам, мана шу уйдан ҳам қиммат тураркан. Меҳрнинг нархи ота-онадан ҳам қимматроқ экан. Биз ўғлингга ҳамма нарсани бердик. Машина ҳам, мана шу уй ҳам ўғлингники эди. Лекин унга меҳр бермаганлигимиз учун, у ҳаммасини ташлаб, бу уйдан чиқиб кетди.
- Йўқ, биз тарбия бермадик.
- Яна янглишяпсан хотин. Биз унга меҳр бермадик. Наҳотки, шунча жанжалдан кейин ҳам шуни англамаган бўлсанг. Энди бас, шовқин-сурон кўтарма. Ҳақиқатнинг юзига тик қарайдиган пайт келди. Ҳеч кимни айблаётганим йўқ. Ўғлингни ҳам, келинингни ҳам, сени ҳам.
Сарвар Самандарович бироз тин олдида, юзини терс ўгирди: - Биз боши берк кўчага кириб қолдик.
* * *
Куй-қўшиқ авжида эди. Эстрада юлдузининг туғилган  кунига мамлакатнинг  нуфузли аёнлари йиғилганди. Назардан бироз четда қолган Шоҳруҳга, шохона зиёфатнинг инжа таманнолари, киборона нашъу-намолари завқ бағишламай қўйди. Юраги сиқилиб, кетишга тараддудланди. Унинг йўлини кесиб чиққан Исфандиёр, қўлидан махкам тутиб, қўшни стол сари етаклади. Унда дугоналаридан ажралиб, биргина қиз ўтирарди.
- Салом, яхшилар!  Бу киши Шоҳруҳ Султонов. Ёшлар орасида энг зўр режиссёрлардан. Бу хоним дебъютант киноактриса Забаржад Зокирова. Албатта ғойибдан, бир-бирларингни танийсизлар, мен эса учраштирдим, холос.
- Салом, яхшимисиз!
- Салом!
- Яқинда, қайсидир кино дубляжида овозингизни эшитгандим.
- Ҳа, - деди қиз қошларини чимириб. Сўнгра ёнига худди хизматкори келгандай сўради. - Театрда нима гаплар?
- Тинчлик.
- Нега шовқин - сурон эмас.
- Шовқин кимга ёқади, ғалва кўтаришга тоқатим йўқ.
Ташаббус жазосиз қолмайди.
- Аскар ухлаяпти, хизмат ўтаяпти, денг – деди қиз ғолибона.
- Сафимизга келинг. Ухлаш ҳам катта маҳорат.
- Агар Жанна Дарк ролини талаб қилсамчи?
- Жанна Дарк бизда қўйилмаётганига анча бўлган.
- Давлатнинг ойлигини олиб, канадай семиришнинг вақти тугади деб жар солмайсиз-ми?
- Ҳеч ким семиргани йўқ. Ўзимнинг ҳам, бой бўлиб болтам йўқ, камбағал бўлиб халтам.
- Барибир, нимадир қилиш керак.  Бошқа театрлар ишлаяпти-ю. Қотиб қолишнинг ҳузурбахшлиги сизнинг қиёфангизга ярашмас экан.
- Илтимос. Ярамни тирнаманг. Маиший мавзуларнинг бадбўй ҳиди шу қадар жонимга теккан-ки, гоҳи ўзим қўяётган спектаклларнинг бўм-бўш  можароларидан  кўнглим ағдарилай дейди.
- Одамларнинг  кўнгли ағдарилиб бўлган.
- Сиз менга ортиқча баҳо бераяпсиз. Мен кимман? Қўлимдан
нима келади? Мен бўлмасам ҳам театр кам-кўстсиз ишлайверади. Бу дунёда ҳамма актёр. Юринг, яхшиси ўйнаймиз. Битимиз бир тўкилсин!

* * *

Шоҳруҳ эрталаб чўчиб уйғонди. Лаблари аламли пичирларди: «Истамайман, истамайман, истамайман! Наҳотки яхши кўриб қолган бўлсам. Йўқ, керакмас, керакмас! Э, Худо...»
Улар бугун кўришишлари керак эди. Забаржад театрга соат учларга яқин  келди. Шоҳруҳ унинг қўлига  сценарий тутди.
- Нажиб Маҳфузнинг «Родопис» асари. Родопис образини талқин қилиб кўринг-чи...
- Асар нима ҳақда?
- Махенра ва соҳибжамол раққоса Родопис ҳақида: Ёш ва навқирон Махенра тахтга ўтираркан, кунларнинг бирида самода учиб юрган бургут, унинг оёқлари остига, дуру-жавоҳирлар билан зийнатланган бир шиппакни олиб келиб ташлайди. ғойибдан юборилган бу ишоратнинг не сир-синоати бор эканлигига қизиққан шаҳзода мафтункор Родопис яшовчи қалъага йўл олади ва қаршисида гўзалликнинг мислсиз тимсолини кўриб...
Шу пайт Забаржаднинг қўл телефони чириллаб қолди.
- Алё, ҳа театрдаман. Гапни кўпайтирмай, олиб кетади одам
деган...  Ҳа, ўн беш минутдан кейин чиқаман. Ҳа, давом эттираверинг... Кечирасиз.
- Давом этмайман. Энди, хонамга телефонни ўчириб киринг.
Бу ер сиз учрашув белгилайдиган жой эмас.
- Вой-бў укам-у – дея Забаржад лабини чўччайтирди.
- Укага истиғно оҳанги билан гапиришмайди.
- Шунақа гапириш мавриди эди.
- Мен ёлғонни ёмон кўраман.
- Кейин нима бўлди?
- Учрашувни бекор қилсангиз айтаман.
- Йўқ, кетишим керак.
- Агар сиз ,,, агар сиз кўзимга яхши кўринмаганингизда бу қилиғингиз учун ҳеч қачон кечирмаган бўлардим. Тўппончам бўлса...
- Ҳа. Ана саҳнада тўппонча пайдо бўлди. Станиславский назарияси бўйича, спектакл давомида энди у отилиши керак. Ҳа, илтимос у отилганда ҳақиқий отилсин. Ўқ ўрнига пахта отилиб чиқмасин. Ўқ товуши ўрнига мусиқа чалинмасин. Хўш, сиз мени қайси спектаклга чақираяпсиз ўзи? Ижодингизда Родопис бўлишим керакми? Ё хаётингизда? Очиқ айтаверинг. Мен ҳаммасини ижро этавераман. Мен бор маҳоратимни аямайман.
- Аввал асарни ўқиб кўринг. Катта кетманг. Ҳали синовдан
ўтасизми, йўқми Худо пошшо...
- Ҳоҳишингиз... Фармон сиздан ижро биздан. Хўп, хайр.

* * *
Шоҳрух бир ҳафтадан буён телефон қилмагани учун Моҳичеҳранинг кўзларига ёш тўлди. Бир ҳафтадан буён аламли бир ҳақиқат аён бўлиб бораётганди. Авваллари Шоҳруҳ унга кунда бир, икки телефон қилар, гоҳо ҳар соатда ҳолидан хабар олар, шунчаки ҳам валақлашиб ўтирарди. Телефон қилмаётгани ундан воз кечганидан далолат эди. Изоҳлашнинг, нега, нега, нега деган савол-жавобларнинг ҳожати йўқ эди. Шундай бўлсада, аёллигига борди. Бағрикенглик қилди. Телефон гўшагини кўтарди.
- Алё, Шоҳруҳ ака, яхшимисиз?
- Ҳа, Моҳи, қалайсиз?
- Кўринмайсиз? (ичида ўз саволига ўзи жавоб айтиб ўтирарди: Янги ёр топилганда эскисидан кечмоқ керак).
- Э, бироз ишларим кўпайиб кетди. (Кўринмайсиз эмас, Родопис ролини таклиф этмоқчи бўлиб юрувдингиз, нега индамай кетдингиз).
- Ҳа, мен ўйлабман, биздан билиб-билмай бироз хатолик ўтган бўлса, кечирим сўраб қўйсаммикан. (Ишларим кўпайиб кетганмиш! Керак бўлса Олий Мажлис кенгашини ташлаб келардингиз-у, дангалини айтиб қўя қолсада эркак деган).
- Э, хато сизда нима қилади? Онангиз ҳам сизни бетахорат эмизмаган (Родопис ролига нега раво кўрмаяпсиз демоқчи. Уни сенга берсам, исёнкор муҳаббат маъбудаси эмас, ҳис-туйғуларга қул бўлган ва шу сабабли Моренрани ҳалокатга учратган фоҳиша қиёфасини яратиб берасанми? Раҳмат, керак эмас).
- Бугун кечқурун спектаклим бор эди. Ҳафсалам бўлмай турибди. (Спектаклдан кейин бўшман, сиз нима қилмоқчисиз, Шоҳруҳ ака. Бир илиқ сўз айтсангиз-чи, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшиб жўштирадиган. Шунчаям интиқ қиласизми?)
- Мениям негадир ҳафсалам йўқ. (Энди қармоғингга илиниб бўпман. Чақирсанг ҳам бормайман.) Бўпти, бўлмаса. Сал ишларим саранжом бўлсин, ўзим телефон қиларман. (Керак бўлсанг, ўзим топиб оламан. Ҳадеб телефон қилиб, жиғимга тегма.)
- Бўпти. Хайр, Яхши ишланг! (Нозу-карашмани сал оширишим керак шекилли, унча-мунча гап таъсир қилмаяпти. Ҳали кўрамиз, бир югуртирай, ўзинг келиб, оёғим тагига ётиб оласан.)
- Бўпти. (Ҳайрият, осонликча қутулдим. Бу билан ҳисоб китобимиз охирлаб қолган кўринади. Вақт – олий малҳам. Кунлар ўтиб, ҳаммаси унутилиб кетади. Хафа бўлма, Моҳичеҳра).