Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Забаржад. Муҳаммад Исмоил - 2
Facebook
Забаржад. Муҳаммад Исмоил - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Забаржад. Муҳаммад Исмоил
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа
* * *
Сарвар Самандарович машинасини дарвоза тагига тўхтатди-да, сигнални босди. Тўғриси, шу қадар чарчаган, ҳолдан тойган эди-ки, машинасини кўчада қолдириб, киришга ҳам тайёр эди. Бироқ, ўзига Худодан озгина сабр сўраб турди. Бироздан сўнг, улкан темир дарвозани бир неча қулфларини шарақлатиб, дарвоза ёнида хотини пайдо бўлди.
- Ўғлинг, телефон қилмадими? – сўради Сарвар Самандарович, сўрига ёнбошларкан. Ҳовли ўртасида фаввора     сув сачратиб, шовқин солар, палма дарахтининг улкан барглари, салқин шабадада силкинарди. Икки қаватли баҳайбат уйнинг фавворалари қанчалик баланд отилмасин, шамол осмондан куч билан тушмаса, ҳаво айланмасди.
- Йўқ, – деди хотини.
- Нима, энди қайтиб келмасмикан?
- Қайнанаси, биттаю битта қизим, шу уйда яшайверинглар, деганмиш.
- Нима, мени ўғлим иккитами? Ё  яшириб қўйган, яна бир иккита болам борми? Бу уйларни ким учун солганман ахир?! Фалончини ўғли, хотининикига кетиб қолибди деган иснодга қолдим-ку?
- Бу гапларни урмасдан олдин ўйланг эди.
- Энди ўз боламни уролмайманми?
- Бу гапларни ёшлигида айтиш керак эди. Энди суяги қотиб қулоғига гап кирмайдиган пайтда, айтганингиз бефойда.
- Болалигида бола дедик, битта бола деб, қош-қовоғига қарадик. Мана оқибати. Ҳаммасига сен айбдорсан. Яна битта туғсанг, ўлиб қолмасдинг.
- Қон босимим бор. Баъзиларнинг битта боласи ўнта боладан афзал. Худо, берадиганини битта боланинг  орқасидан ҳам бераверади.
- Агар иккита бўлганда биттаси  кетса, иккинчиси суянчиқ бўларди.
- Шу пайтгача қаерда эдингиз, ҳой мард бола. Шу пайтгача ўйнашлардан бўшаганингиз йўқ-ку?! Мен, қон босимим бор деб важ кўрсатган эканман, нега мени дўхтирга олиб бориб тузатмадингиз. Ёшим қирқдан ошиб, элликка кетаётганида сизга энди бола керак бўлиб қолдими? Энди туғсам, бу бола йигирма йилда катта бўлиб олтмишдан ошганимда менга нима каромат кўрсатиб беради.
- Бу гапни сенга ўн беш йилдан бери айтаман. Гапга қулоқ солмайсан.
- Менга айтишингиз  эмас, шу ишни қилишингиз керак эди. Сиз аксинча, мендан аразлаб, кўчада ялло қилиб юрдингиз. Мана энди бошимиз  деворга «тақ» этиб урилгандан сўнг, ҳамма айбни менга тўнкаяпсиз. Мен кимман, мен сизнинг соянгизман холос. Ўзингиз тўғри бўлганингизда соянгизни эгрилигидан қўрқмасдингиз.
- Ўғлингга телефон қил, қайтиб келсин.
- Келади, келмай қаёққа боради. Ҳозир унга хотинининг гапи гап, сўзи сўз бўлиб турибди. Бир икки кун ўтсин, хотини бир ҳунарлар кўрсатсин.., Сарвар Самандарович хотини келтирган овқатдан истамайгина, чўқилиб-чўқилаб еди. У парҳез ҳаракатида юрарди. Семириб кетишни ёқтирмасди. Аниқроғи, унинг атрофидаги одамлар, унинг семириб кетишини ёқтирмасди. Сарвар Самандарович келишган, хушмуомала, хаётда жуда кўп одамлар билан мулоқотда бўлгани, доимо яхшилик умидида яшаб,  оғир меҳнатдан сира бўйин товламагни учун, ҳамма билан чиқишиб кетар, ҳаёти ҳам кам-кўстсиз, фаровон кечарди. Театрдан ташқари ҳам, Тошкентда, Самарқандда, Андижонда шахсий фирмалари, дўконлари бор эди. Даромад ўшалар тарафидан келар, театрдаги раҳбарлиги, обрўси дўконлар ишини юргазишга хизмат қиларди. Лекин, Худо бандасининг ҳамма ишини тўла-тўкис уюб ташламас, албатта бир томонини кемтик қилиб қўяр экан. Сарвар Самандарович, серфарзанд оилада ўсди. Ўзи ҳам серфарзанд бўлишни истаган эди. Бироқ хотини битта туққандан кейин, туғишни орқага солиб юраверди. Кейин, кейин «қон босимим бор» деган важ карсон топди. Кейин-кейин, энди қаридик, шу битта фарзанд етади деб туриб олди. Сарвар Самандарович эса бекитиқча яна  уйланишни ният қилиб юраверди. Хашакдан ўтин чиқмас, ўйнашдан хотин чиқмас деганларидек, ўйнашлар бири келиб, бири кетар, у эса уларнинг ичидан жиддий ўйлаб кўришга арзийдиганини ахтарарди.

* * *
Шоҳруҳ таништириш ва у бош ролда ўйнашига изн сўраш учун Забаржадни Сарвар Самандаровичнинг олдига олиб кирди.
- Шунақа денг. Хўш, Забаржадхон малика ролини ўйнай оласизми?
- Ҳаётда ҳеч малика бўлмаганман. Қўлимдан келмаса керак.
- Агар малика бўлганингизда сизни роль ўйнаш учун чақиришга ҳаддимиз сиғмасди. 15 асрда яшаганингизда эса чақиришга янада қийналардик.
- Хафа бўлманг, мен маликалик даъво қилаётганим йўқ.
Бор-йўғи роль сўраяпман холос.
- Албатта рухсат бераман. Ҳеч қайси маликадан кам жойингиз йўқ. Одамлар сизни ҳақиқий «Родопис» дея қабул қилишларига ҳам ишонаман. Аслини олганда бу асар Шох Моренра  ва Родопис ҳақида эмас, сўнмас муҳаббат ҳақидаги қўшиқдир. Чин севгининг қисмати шундай. Одамлар келиб-кетаверади. Аммо ҳақиқий муҳаббат асрлар оша яшайверади.
- Мен ҳам шундай сўнмас муҳаббатни яратишга ҳаракат қиламан, Сарвар Самандарович.
- Марҳамат, саҳна сизники.

* * *
Орадан бир ойларга яқин вақт ўтди. Спектакл машқлари жараёнида Забаржад Родопис образини Шоҳруҳнинг кўнглидагидай қойилмақом қилиб ижро этди. Бу ролга даъвогар бўлган Моҳичеҳранинг ҳам, Гулбаданнинг ҳам талқинлари ўтмади. Забаржад бу образи орқали Моренра образини ижобийлаштириб юборган эди. Моренра ҳақиқий муҳаббат қурбони, қаҳрамони эди. Родописни бутун жон-жаҳони билан севиб қолган ҳукмдор Моренра салтанат  юмушларини, тожу-тахт сиёсатини унутиб, ўзини  муҳаббат изнига ташлаб, Родопис учун қаср қурдира бошлайди. Бундан дарғазаб бўлган коҳинлар ғалаён кўтаришади. Моренра мардларча исёнкорларга пешвоз чиқади ва ҳалок бўлади.
Моҳичеҳра талқинидаги Моренра, маишатга берилган, кайфу-сафо, ҳирсу-хавас туфайли салтанат ихтиёрини ҳокимлар қўлига топшириб қўйган ва сармаст ҳолда, ҳақиқатталаб жафокашлар тиғига дучор бўлган бебурд шоҳ образи эди.
Гулбадан талқинидаги Моренра эса,  ўзини нима қилаётганини билмайдиган, авваллари аёл қучоғидан баҳраманд бўлмагани учун, раққоса Родопис тузоғига тушиб қолиб, ўзини қўярга жой тополмай, дарғазаб иғвогарларнинг зуғуми туфайли заҳарли тиғга ўзини урган шўрлик шоҳ образи эди.
Асар сюжети ҳам, сўзлари ҳам заррача ўзгартирилмаган, асл ҳолида қолганди. Фақат талқин этиш, сўзларга жило бериш, оҳанг ва шиддат бағишлаш, жон киритиб ижро этиш ўзгарганди холос. Бу образга ҳамма ўз нуқтаи назаридан ёндошганди.

* * *
Сўнгги бош репетиция ҳам муваффақиятли ўтди. Эртага премьера. Шоҳруҳ имкон топиб Забаржаднинг қулоғига пичирлади:             
- Бугун сизни кузатиб қўяман!
Улар Забаржад яшайдиган кўча бошига етишганда, кун         алламаҳал   бўлиб қолган, кўчада одамлар сийраклашган, чанг-тўзон,  шовқин-сурон тинганди.
Шоҳруҳ энгашиб Забаржаднинг қўлидан ўпди, сўнг бағрига тортди.
- Ҳамма актрисаларингиз билан шундай хайрлашасизми?
- Йўқ.
- Ким сизга бу ҳуқуқни берди?
- Сизни яхши кўраман. Шунинг учун ўпишга ҳаққим бор деб ўйлайман.
- Яхши кўришингиз сизга яна қанақа ҳуқуқларни беради,
билсак бўладими?
- Сиз мени яхши кўрмайсизми?
- Йўқ, яхши кўрмайман. Мен сизни билмайман. Сиз мен учун мавҳум одамсиз. Танишганимизга ҳам бор-йўғи бир ой бўлди.
- Бир пайтлар бир қўшиқ бўларди:

Мен кетганда анча ёш эдинг,
Боғбон қизи гуллар эркаси.
Мана энди ойдек тўлибсан,
Хаёлимнинг эй арзандаси.

Хаёлимда болаликдан бирга ўсгандаймиз. Бирга улғайгандаймиз. Кейин  бир, икки ой бир-биримиздан узоқда юрганмиз-у, яна кўришиб тургандаймиз. Мен, ўзимнинг қадрдон ва жонажон дўстимни топиб олгандайман.
- Хотиржам бўлаверинг. Мен болалигимда ҳеч сизга ўхшаган дўстга йўлиқмаганман.
- Забаржад... - Шохруҳ Забаржадни қучоқлашга уринди:
Забаржад. Менга қаранг.
- Хўш, нима дейсиз?
- Сизни яхши кўраман!
- Нима бўпти? Қизиқ экансиз. Бу сўз мен учун ҳеч нарсани англатмайди. Ё шу гапни айтганингиз учун  сизни яхши кўриб қолайми?
- Забаржад, туйғуларимни хақоратламанг.
- Сиз, ҳақоратламанг. Мен нима десангиз жим тураверадиган қўғирчоқ эмасман.
- Ҳеч бўлмаса, кетишимдан олдин бир оғиз ширин сўз айтинг.
- Яхши боринг.
- Шуми?
- Шу. Майли кечирдим. Агар, спектаклда рол берганим учун,
қучоқлашга ҳаққим бор деганингизда, кечирмасдим. Ҳарқалай, ўраб гапирдингиз-ку!
- Фаросатингиз, шунга етганига раҳмат!
- Яхши қолинг. Хайр!
Шоҳруҳ то Забаржад уйга кириб кетгунча қараб турди.
Сўнгра чўнтагидан машина калитини излай бошлади.

* * *
Моҳичеҳра чуқур қайғуга чўкиб ўтирарди. Шоҳруҳни ўзига қаратмоқчи эди, бўлмади. Агар йўлини қилсам, унга тегиб оламан деб, умид қилганди, қаердандир Забаржад пайдо бўлди-ю, ҳаракатлари зое кетди. Умид ва иккиланишлар, гумон ва муҳаббат алангасида икки йиллик умри ўтди. Бу икки йил қиз боланинг айни гуллайдиган ўн саккиз, йигирма икки, қолаверса йигирма тўртга тўладиган қисқа даври учун, жуда катта муддат эди. У мана шу жуда қисқа муддатнинг икки йилини Шоҳруҳга бағишлади ва охир-оқибат, Шоҳруҳнинг хаётида Забаржад пайдо бўлди-ю, ундан қуруқ қолди. Ҳатто унга насиб этиши керак бўлган, бош рол ҳам, ундан қиялаб ўтиб, Забаржадда тўхтади. Унга эса канизак роли тегди. Мана у саҳнада Забаржадга канизаклик қилади. Ҳаётда эса ундан ҳам баттар, мағлуб бўлган маъшуқа. Газеталар ҳам театр саҳнасида Забаржад Зокирова деган янги юлдуз пайдо бўлганлиги ҳақида тинмай ёзиб ётибди. Унинг канизак ролини ўйнашга рози бўлганлиги ҳам Шоҳруҳдан умидини узмаганлиги туфайли эди. Ҳарқалай узоқлашиб кетгандан кўра кўз-кўзга тушиб тургани яхши-да.
Моҳичеҳра ойнага қараркан, унинг аксидаги соҳибжамолни кўриб: «Э, бу Шоҳруҳ деганнинг кўзи кўрми-я» - деб юборди.
Моҳичеҳра ўз қоматига ўзининг суқи келиб, ойна атрофида гир-гир айланиб, ошифта бўларкан, телефон қўнғироғидан чўчиб тушди.
- Алё.
- Алё, Моҳи,,,
- О, Сарвар Самандарович! Хайрият, хайрият, бехато нишонга олувчи назарингиз ён дафтарингиздаги тўтигуллар рўйхатидан ортиб, бизга қадалганидан беҳад бахтиёрман.
- Бўлди, бас қил. Давлатнинг жуни билан ўзингни жунингни аралаштирма. Биласан ишли одамман. Бош қаший деб бошимни, ош ошай деб оғзимни тополмайман. Сени ҳам туну-кун менга кўзингни қадаб турган жойинг йўқдир.
- Сарвар ака, мен бўлмасам ҳам буни куни ойдай ўтаверади деб ўйлайсизда-а?
- Кунингиз менсиз, нафақат ойдай ўтади, қуёшдай ёруғ ўтаверади.
- Қўйсангиз-чи, сизсиз ўтган куним қурсин. Маймунлар ҳам ҳолимга йиғламай қўйган, ўзим уларнинг олдига бориб, хўнг-хўнг йиғлаб келаяпман.
- Олдингизга, бугун бир маймун борса, қабул қиласизми?
- Кўз ёшимни артишгами ёки сочимни силаб, ўйнашгами?
- Ўйнашга. Очинг эшигингизни.
Моҳичеҳра югуриб бориб эшикни очди. Ташқарида қулоғига қўл телефонини қўйиб, Сарвар Самандарович турарди
- Вой, келинг, шунча гапни кўчада айтиш шартмиди?
- Бу ерга келганда лабларим лаззатли юмушга тушиб кетади,
эсим оғиб гап тополмай сармаст бўламан.
- Вой бў, кўрамиз неча марта сармаст бўларкансиз.
Моҳичеҳранинг ғамзаси юракни ўртаб юборарди.
- Бу, сизни маҳоратингизга боғлиқ-да.
- Бизда ҳеч ёмони бўлмаган.
- Ўзингизни эҳтиёт қилинг, очкўз эшак тўрва тешар. Сарвар Самандарович костюм, галстукларини ечаркан, Моҳичеҳрани бағрига босиб, эркалай бошлайди. Узоқ ўпичдан сўнг, Моҳичеҳра унинг қучоғидан силтаниб, нари сурилди.
- Мен сизга ётганда яхшиман, бошқа пайт ёмонман, шундайми?
- Ҳа, яна нима бўлди?
- Театр раҳбарисиз. Бир оғиз айтганингизда менга бош ролни беришарди. Кўчадан келган анови қиз, театрда ишламай туриб, э йўқ, бе йўқ, бош ролни илиб кетди. Мен бурнимни тишлаб қолдим. Сиз нима бўлаётганига қарамайсиз ҳам. Шоҳруҳ Султонов бўлса бугунги замонда шаҳватпараст шоҳлар ҳақида спектакл қўйиб юрибди. Ҳозир шу керакми? Нима демоқчи, нималарга ишорат қилаяпти? Шунча йил театр остонасини ялаб, тажриба орттириб, устозлардан ўрганиб, бирим икки бўлсин, битим сирка бўлсин деб, жоним халак юрсам-у, қаёқдаги Шоҳруҳ Султонов кўчадан ўйнашини  етаклаб келиб, мени унга канизак қилиб қўйса! Лаллайган ўртоғи Исфандиёр шоҳ ролини ўйнармиш. Таниш-билишчилик, ошно-оғайничилик, ҳамтовоқлик  ҳам эви билан-да?! Раҳбар бўлиб, қаёққа қараяпсиз? Мен бечора бу ерда яхшиман, у ерда кўриб кўрмаганга, таниб танимаганга оласиз, ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқман.
- Ўзингизни босинг. Зокировага шунча ҳасадми?
- Ҳасад - қўғирчоқларга қилинмайди!
- Буниси бўлмаса, бошқа спектаклдан бош ролни олиб берарман? Шунга шунчами?
-  Йўқ. Мен Родопис бўлишни орзу қиламан, Родопис.
- Мен кетдим. Ўтиришни ҳам расво қилдинг. Менга ҳеч жойда шавқат йўқ.
- Сарвар Самандарович, тўхтанг. Раҳбар бўлгандан кейин, халқни дардини эшитиш керак-да. Индамай жуфтакни ростлаш, ҳар дангасанинг қўлидан келади.
- Сизни бир хурсанд қилмоқчи эдим, аммо начора, битмаган савдога  ширинкома йўқ.

* * *
Спектакл ижроси жуда муваффақиятли тугади. Томошабинлар ўринларидан туриб, ижрочиларни роса олқишлади. Шоҳруҳ одамларга  назар ташлар экан, юраги ғурурдан гупириб кетди. Спектакл қаҳрамонлари қайта-қайта саҳнага чиқиб таъзим қилишди. Отилган қип-қизил гуллар гиламдай уларнинг оёғи тагига поёндоз бўлди. Театр раҳбари, янги спектаклнинг барча қатнашчиларига, жамоа оқсоқолларига зиёфат беришга ваъда қилди. Актёрлар, бу хушхабар учун яна чапак чалиб, шодон қийқиришганча, гримхоналарига отилишди.
Забаржад ҳам, ўзига биркитилган хонага отилди. Кўзгуга қараб,  маликалик қиёфасидан кўзлари чақнаб кетди Сўнгра кийимларини алмаштирди. Яна оддий либосларга қайтиш, эриш туюлди. Начора, театр ҳаёти шундай. Саҳнада шоҳсан, ҳаётда яна ўз ҳолингга қайтасан. Яна эл қатори қорин тўйдириш ташвишига тушувчи, уйга қайтиш учун автобус кутувчи, шилқимларнинг телба-тескари гапларига жавоб қайтаришга мажбур йўловчига айланасан.
Забаржад мана шу хаёлларда,  упа кетқазувчи латтани юзига суртганди, даҳшатли оғриқдан чинқириб юборди. Нима бўлганини билиш учун, кўзига тўлган ёш билан кўзгуга қараганди, қулоғининг олди, чакаги остидан то иягигача териси қип-қизил бўлиб, шилиниб тушганини кўрди. Фалокатнинг хунук жароҳатидан яна ваҳимага тушиб, баттар бақириб юборди. Хона бирпасда одамга тўлди. Кимдир, упа латтани хидлаб, кислота эканлигини аниқлади. Кимдир «Тез ёрдам» машинаси чақирди. Кимдир Забаржад ҳушидан кетмаслиги учун сув сепиб турди.

* * *
Кунларнинг бирида Забаржадни кўриш учун шифохонага Сарвар Самандарович келди.
- О, Забаржадхон. Ётаверинг, ётаверинг, ҳеч безовта бўлманг.
- Салом, яхшимисиз?- Забаржад  дик этиб, ўрнидан турди:
- Кечирасиз. Бироз кўзим илинибди.
- Кўринишингиз яхши. Кўз тегмасин. – Сарвар Самандарович, Забаржадга яхшироқ разм солар экан, ичида ўйлади: «Қиз бечора, анча талофат кўрибди-ку. Буни, бу ҳолатда кўрган одамнинг афти буришмай иложи йўқ. Бу чандиқларни гриммда ҳам бекитиб бўлмаса керак.»
- Дори-дармонлардан танқислик йўқ-ми, Забаржадхон, биздан нима ёрдам. Лекин, ўша-ўша гўзалсиз. – Сарвар Самандарович юзида табассумини қўймасди, ичида эса:  «Спектаклни бекор тўхтатган эканман, гоҳ-гоҳ қўявериш керак, Моҳи ўйнайверади. Сал шошилибман, энди бу менга тўғри келмайди. Меникини, тирноғида ҳам доғи бўлмаслиги керак». – дея ўйларди.
- Ўзингиз чарчамай ишлаб юрибсизми, Сарвар Самандарович,театрингизда бир жонимни бериб ишлай девдим, бўлмади. Сизга қойил, бир-бирини кўришга кўзи йўқ шунча одамни бошини бирлаштириб турибсиз, маҳоратингизга тан бердим.
- Э, ҳали ишлайсиз. Сиздай гўзал қизлар, дунёга минг йилда бир келади. Соғайиб кетинг, ҳали кўп кўришамиз. Энди мен борай.
Сарвар Самандарович Забаржадни қўлини ўпди:
- Бош рол сизники.Чиққунингизча кутамиз.  Сарвар Самандарович ҳовлига етмай яна ўйлади: «Хотин қилмасам,ўйнаш қиларман. Даргоҳимни бир четида юрса, юрибди-да. Асл айнимас, деганлари шу бўлса керак, ҳуснини йўқотмабди.»
Забаржад уни кузатаркан: - «Афтинг қурсин, қари туллак, бетингдаги тиришлар, меникидан хунугу, бужмайтирганига ўлайми – дерди ичида:  - Мен нимани ўйлаётганимни билмайди деб ўйлаяпти, шекилли. Мендан воз кечиб юборгани шундоққина кўриниб турибди-ю. Мендан-а, мендан!».
Забаржад, кўзгуни қўлига олди. «Мен шунчалик хунукман-ми?» У юзидаги битиб бораётган тиришни силаб қўйди. Мендан воз кечди-а?! Саҳнада Родописни ким ўйнашини кўрасиз! Ўйнаш қанақалигини бир кўрсатиб қўяй!»
Кун кеч бўлганда, Моҳичеҳра ва Гулбадан кириб келди.
Иккаласи ҳам шодликларини яширолмасди.
- Вой, Забаржад, сенга нима бўлди-а. Юрагим бир ачиди, бир ачиди. Келиб, келиб шундай гўзал қизни, Худо уриб қўядими? Кел, энди, чин    дўст бўламиз. Сенга яқин дугона бўламан. – Шундай деяр экан, Моҳичеҳра Забаржадни юзини ўпиб қўйди. Ичида эса «Ҳа, Шоҳруҳга осилмоқчи эдинг. Баттар бўл. Энди унга яқинлашиб бўпсан. Чалпакка ўраб, олдига ташлашса сенга қарамайди. Бировни ошига қўл узатганнинг аҳволи шу. Шоҳруҳ акам, энди ўз-ўзимга қолди».
- Вой, Забаржад опа, ҳалиям бир чиройлисиз, бир чиройлисиз. Қанийди шу чирой менда бўлса, шу чандиққа ҳам рози эдим – деди  Гулбадан.
Қизлар қийқиришиб кулишдилар.
- Қўйинг, ҳеч кимга кўргулик қилмасин. Душманимга ҳам раво кўрмайман – деди Забаржад.
- Шу чандиқни ҳам бир силашга зор йигитлар қанча ахир.
Гулбадан яна қийқирди. Ичида эса, «Ҳа, Исфандиёр акам ўзимга қолиб кетди. Кеча мени излаб боришининг сабаби бу ёқда. Сендан қочади энди, қочганда ҳам бетинг қурсин, деб қочади. Ва,- ҳаҳ-ҳа». Гулбадан ич-ичидан шодланиб қийқирарди. – Силатманг, силийман деб, қувласалар, қочинг!
- Жа-а, узоққа қочиб кетмасинлар, – Гапга – гап кийгизди Моҳичеҳра:  - Барибир кимгадир силатиш керак, сен нима бу парини ҳамма жойи куйган деб ўйлаяпсанми? Куймаган жойлари ҳам бор.
-Майли, майли энди куймаган жойлари билан куйдираверсинлар – яна қийқирди Гулбадан.
Забаржад уларнинг бу қадар безбетлигидан ҳайрон қолди. Сўнгра, юзини буриштириб «Оҳ – деди-да ётиб олди: - Қизлар узр, миямга ҳам таъсир қилган шекилли. Бошим зирқираб қолди.
- Э, ётинг, ётинг – деди иккаласи ҳам бараварига.
Ўзингизни яхшилаб қаратинг. Мия кетса чатоғ-а. Яна бизни таниёлмай ўтирманг.
Улар кўнгиллари хотиржам хайр-хўшлашиб чиқиб кетишди.

* * *
Келмаганлар орасида, Исфандиёр қорасини кўрсатмай кетганди. У  шифохонага тушганининг биринчи куни келди-ю, шу билан йўқ. Унинг келмаётгани, нима фикрда юрганидан далолат берарди. Лекин, Исфандиёр, Фиръавн ролини ўйнаган, одамлар кўзига қатъий фикрли, мард ва шиддаткор бўлиб кўринган ва ана шу ролни қойилмақом қилиб ўйнаган Исфандиёр нега бунчалик тез ўзгарди, юз ўгирди. Ахир, у эмасмиди, «тўйни тезлатайлик» дея шоширган. Ахир у эмасмиди «спектакл тугагач, биринчи куниёқ, мен шоҳ либосида, сен малика қиёфасида одамлар онгидан кетмай турибоқ, тўйни бошлаб юборамиз. Розилик берсанг бас, ўша кун уйингга совчи жўнатаман» - деган. Мен унга нима деб, жавоб беришни билмаганим учун, унинг самимийлигига шубҳаланганим учун, индамагандим. Бу ер шифохона эмас, ҳақиқий театр экан.
Шомга яқин бир даста гул билан Исфандиёр кириб келди.
- Забаржад,  тузукмисиз?
- Раҳмат. Сиз сўрадингиз, энди бутунлай тузалиб кетсам керак. Фақат бироз бошим оғриб турибди.
- Бу ҳавонинг ўзгариб туришидан бўлса керак – деди
Исфандиёр.  Ичида эса «Бошинг тузалгани билан бетинг тузалмайди. Сендан Гулбадан чиройлироқ. Энди Гулбаданга уйланганим маъқул. Клара Искандаровнанинг зуғуми ҳам босиларди, қоларди. Нервимни бузиб юраманми? Дадамга ўхшаб ётиб қолсам, бизни ким боқади. Сабр қилиш керак. Қайғуриш кимга зарил. Бунга уйланиб, умрим ҳасратда ўтсинми? Агар бунга уйлансам, Клара Искандаровна мени театрдан ҳайдаб юбориши аниқ».
- Ўзингизни ишларингиз яхшими, Исфандиёр ака – деди Забаржад самимий оҳангда. Негадир Исфандиёр билан озгина дардлашгиси бор эди.
- Ойим, тўйни тезлат деяптилар!
- Тезлатинг, нега тўхтаб турибсиз.
Исфандиёрнинг рангги оқариб кетди: - Сиз касалсиз-ку.
- Соғ қизлар кўп-у!
Исфандиёр енгил нафас олди.
- Мен сизни кутай десам, ойим тўйни тезлат деяптилар.
адам касал.
- Адангизни ўртага қўшманг. Ҳамма ҳам касал бўлавермайди. Юраги ёниб турган одамларгина касал бўлади. Сизнинг уйланишингизга қарши жойим йўқ. Мени кутманг.
–Сиз, ақлли қизсиз, Забаржад. Латофатли, дилбар қизсиз. Айниқса юрагингиз гўзал.
- Майли, энди боринг. Бахтли бўлинг. Тўйингизга айтсангиз, жон деб борардим-у, одамларнинг кайфиятини бузиб нима қиламан.
- Йўқ, йўқ бораверинг. Рўмол ўраб боринг. Рўмол ўраш ҳозир урфга кираяпти.
- Балки, бир амаллармиз,,,  - Забаржад, чуқур хўрсиниқ олиб, ютинди.
* * *
Премьерадан бир ҳафта ўтгач, театр Бадиий кенгашининг «Родопис» спектаклига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш турли-туман баҳсларга сабаб бўлди. Театрнинг кекса режиссерларидан бири шундай деди:
- Ёш режиссер Шоҳруҳ Султонов жуда қизиқ мавзуни кўтариб чиққан. Мен уни бу муваффақияти билан табриклайман. У асарга оригинал ёндошган. Айниқса, бош қаҳрамон ролига Забаржад Зокирова яхши танланган. Кекса режиссер мана шу тарзда узундан узоқ гапирди. Гапни таниқли актриса Клара Искандаровна давом эттирди:
- Биз ёшларимизга бу қадар эрк бериб юборишимиз тўғри эмас. Ахир театримизга улуғ устозларимиз мустаҳкам тамал тошини қўйиб кетганлар. Мен ҳирс-ҳавас ботқоғига ботган раққоса Родопис сингари салбий образни бош қаҳрамон даражасига олиб чиқиб, муқаддас театримиз саҳнасини таптаётганлари учун, улуғ устозларимиз руҳи олдида ҳижолат тортаяпман.
- Тўғри айтдингиз, Клара Искандаровна – деди унга кўзини сузиб ўтирган Ботир Болтаев.- Мен ҳайрон қолдим. Солиқдан тушган пуллар, ўйнашининг оёғи остига ташланса-я! Буни қандай тушунса бўлади. Театримизга дам олишга келган азиз томошабинларимизнинг кўнглига ғулғула  тушмайдими? Кейин, анови бош қаҳрамон қизимиз Забаржад Зокирова, жа-а қаттиқ муқом қилиб, ўзини маликалардай тутворган.   
- Ахир у малика эмас, бор йўғи шоҳнинг ўйнаши холос-
Сўз навбати актриса Гулбадан Зуннуновага тегди:
- Забаржад  Зокирова сира ўйнолмаган. Бу режиссер Шоҳруҳ Султоновнинг хатоси. Биз дебьютант актрисанинг гарданига оғир юкни, у кўтараолмайдиган юкни қўйиб хато қилдик. Томошабинларимиз эснаб, қарсак чалиш ҳам эсларидан чиқиб кетганини кўрган Забаржад охири тақдирга тан берди. Юзига кислота тортди. Мана энди жабрини чекиб, шифохонада  Оллоҳдан мадад кутиб ётибди. Балки ҳозир у, кислота эмас қора сурсам бўларкан деб ўйлаётгандир, аммо энди кеч.
- Тарихий асарга бу тарзда замонавий ёндошмаслик керак, ўрнидан туриб кетди Исфандиёр. – Шоҳ асар дунёга келган. У театримизда ҳар куни ўйналса арзийди. У ҳар куни олчоқлар қулоқлари остида жаранглаб туриши керак.
- Э, мунча бақирасиз – дея гапни бўлди Клара Искандаровна  – Сиз фиръавн Моренра эмассиз-ку. Бор йўғи Шоҳруҳнинг ўртоғи, ҳамтовоғисиз. Забаржад ҳам Шоҳруҳга бегона эмас. Янги танишларидан. Моҳичеҳра эса эскиси эди. Оғиз-бурун ўпишишлар театримизда нега бу қадар илдиз отиб кетди, Сарвар Самандарович!
Ниҳоят гапга театр раҳбари Сарвар Самандаровичнинг ўзи аралашди.
-Ўртоқлар, мен билмаган эканман. Актёр маҳоратига, саъйи ҳаракатига тўғри баҳо бермаслик, таниш-билишчилик кучайиб кетганини билмаган эканман. Раҳмат сизга Шоҳруҳ Султонов. Мени бундан ўз вақтида огоҳ этдингиз. Ҳамма гаплар деярли айтиб бўлинди. Хулоса,,, спектакл  театр режасидан олиб ташлансин. Ёш режиссер Шоҳруҳ Султоновга саҳналаштириш учун спектакл берилмасин. Унинг ишда қолиш-қолмаслиги кўриб чиқилсин. Бу таклифга розилар қўл кўтарсин.
Йиғилганлар Сарвар Самандаровичнинг авзойига қараб туришди. У қўлини кўтаргач, бирин кетин бошқалар ҳам қўшилди.

* * *
Сарвар Самандарович уйга келса, ҳовлида шовқин сурон авж,
болалар югуриб-ўйнар, қийқиришар, оналарига ҳам қулоқ солмай, ўтларни, гулларни пайҳон қилишарди. Унинг қораси кўринганидан болалар, «тоғам келди» - дея, унинг этагига ёпишишди. Сарвар Самандарович уларни бирма-бир даст кўтариб, юзларидан ўпди. Қишлоқдан синглиси, болалари билан келган экан. Синглиси ҳам, ўтирган жойидан ирғишлаб туриб, унинг истиқболига пешвоз чиқди. Сарвар Самандарович дастурхон ғариблигини кўриб, хотинига бошқатдан қозон осишни буюрди. Ўзи эса, дастурхон бошида ўтиришга сабри чидамай, ўз хонасига кириб кетди. Синглисининг икки ўғли, бир қизи бор эди. Куёви эса учма-уч рўзғор тебратар, вақти келганда, Сарвар Самандарович қўли билан, ўрни келганда тили билан синглисининг кемтик рўзғорига қарашиб турар, унинг шамоли билан, синглисининг ҳам бир куни амал-тақал ўтиб турарди. Лекин бу сафар синглисининг ташрифи ҳам, жиянларининг хархашалари ҳам ортиқча ҳузур бағишламади. Қайтангга, юрак-юрагининг тубида яшириниб ётган аламларини юзага чиқариб юборди: «Қани энди мени ҳам шундай яна бир фарзандим бўлса, мана шу улкан ҳовлида ўйнаб юрса. Болали уй бозор, боласиз уй мозор деганлари рост экан. Наҳотки, ҳаётим шоми бошланган бўлса. Наҳотки, энди мен тугаб бўлдим. Наҳотки  умримни шамолларга совурдим. Наҳотки, энди  одамлар олдида юзим шувут. Болаликда, фарзандларим кўп бўлишини  орзу қилардим. Наҳотки, орзуларим армонга айланса. Нега бу ҳақда жуда кеч ўйлаяпман. Нега хаётимни ўйнашлар оғушида саробга айлантирдим. Нега, қайта уйланиш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмадим. Нега ҳамма нарсада, ҳамма ишда ютиб чиқишга ўрганган одам, энг муҳим нарсани, ҳаётимни бой бердим. Уйим бор, давлатим бор, шон-шуҳратим бор, Худо яна бир-иккита фарзанд берганида, бу дунёдан беармон ўтмасмидим.»