Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Забаржад. Муҳаммад Исмоил - 6
Facebook
Забаржад. Муҳаммад Исмоил - 6 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Забаржад. Муҳаммад Исмоил
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа
* * *
Бир кун, ёз кунларининг бирида, кечки салқин тушган пайт Сарвар Самандарович, хотини, ўғлини олиб, Бўзсувнинг овлоқ бир гўшасига чўмилишга борди. У пайтлар ўғли эндигина икки-уч ёшлар чамаси, Сарвар Самандарович ҳам ҳали ёш эди. Хотини ва ўғли соҳил бўйида дастурхон тузашга қолди. Сарвар Самандарович эса ўзини сувга отди. Яхши сузишни билмаса-да, Бўзсувнинг кенг, буралиб оқадиган жойига бориб қолди. Сув ўртасига етганида, ортга қайтишни ҳам, олдинга кетишни ҳам билмай, эсанкиради, сўнгра, «чўкиб кетсам-а» деган фикр хаёлидан ўтиб, ортга қайтмоқчи бўлди. Лекин, негадир, ортга қайтишни истаган сари, сув оқими уни, ўртага тортарди. Сарвар кучи борича интилиб, ортга ошиқди ва бир неча сониялардан сўнг, барча ҳатти-ҳаракатлари зое кетаётганидан даҳшатга тушди. Буралиб оқаётган сув уни пастга тортарди. Бехосдан уни томоғига  алам ва ўкинчларга тўла хайқириқ келди: «Вой-дод! Қутқаринглар! Ёрдам беринглар, чўкаяпман!» Сарвар қирғоқда ҳеч ким йўқлигини биларди. У чўмилаётган жой, Бўзсувнинг овлоқ жойларидан бири эди. Чўмилгувчилар ҳам, кун ботиб, атроф қоронғулашаётганлиги сабаб, кетиб қолишган, қирғоқда хотини ва ўғлидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Хотини эса, қирғоқда бамайлихотир унга қараб турар, ҳазиллашаяптими дегандай, дастурхонга андармон эди. Сарвар, жон ҳолатда яна бақирди: «Чўкаяпман, вой-дод, қутқаринглар».
Шундан сўнг, у қўллари акашакдай қотиб, қимирламасдан, сув ичига кириб кетди. Оёқлари ҳам, қўллари ҳам худди музлаб қолгандай қимир этмас, фақат миясигина чарх уриб ишлаб турар, миясида турли фикрлар ғужғон ўйнарди:
«Нега дод солиб бақирмайди. Нега одамларни чақирмайди?
Нега, нега? Нега уввос солиб йиғламайди. Нега жони узулгудай югурмайди. Мен ўлаётганимни  сезиб, ҳатто, афти ҳам буришгани йўқ. Тўғрида, мен ўлсам, у нима ҳам йўқотарди. Ҳеч нарса. Тайёр уйим-жойим унга қолади. Йиққан бойликларим умрини охиригача еб ётса ҳам етади. Мен унга керакмасман. Мен кимга керакман. Ўғлим ҳам ўз кунини кўриб кетади. Фақат онамгина доғи-фироғимда адойи тамом бўлиши мумкин. Йўқ, йўқ онажон, менинг доғимни ҳеч қачон кўрманг. Мен ҳали яшайман, онажон. Мен ҳали тирикман онажон». Сарвар яна бор кучини тўплаб, сув юзига қалқиб чиқди: «Вой-дод, онажон».
Сарвар жон-жаҳди билан типирчилар, бу ҳаракатлари қирғоққа чиқиш учун эмас, бор йўғи, сув юзига қалқиб чиқиш учунгина эди.
Ўшанда уни қаердандир пайдо бўлиб қолган милиционерлар гуруҳи қутқариб қолганди. Орадан бир ҳафта ўтиб, у соғайиб кетди-ю, юрагида хотинига бўлган шубҳа ва нафрат бир умрга қолди. Энди у, хотини уни яхши кўришига ишонмасди. Ишонтиришни истаган кезлар ҳам, бўлиб ўтган ҳақиқат олдида ожиз эди.
* * *
Бир кун Забаржад Шоҳруҳга телефон қилиб, эрта-индин шаҳардан бутунлай кетишини айтди. Унинг бу сўзини эшитиб, Шоҳруҳ хапқириб кетди.
-    Забаржад, ҳозир қаердасиз?
-    Уйда. Ижарадаги уйимдаман. Йўқлигимга бу ер ҳам ҳувиллаб қопти.
-    Бирон жойда учрашсак нима дейсиз?
-    Кетар жафосигами?
-    Ҳа.
-    Балки кераги йўқдир.
-    Керак, керак.
-    Шунча учрашдик, шунча гаплашдик. Етар энди.
-    Забаржад, сизни яхши кўришимни биласиз-ку, нега мени ёмон кўрасиз.
-    Чунки, сизда ҳақиқий муҳаббат борлигига ишонмай қўйдим. Сиз мен излаган одам эмассиз. Сизга меҳр бердим-у, кўнгил беролмадим. Гарчи осон бўлмаса-да, иродамни ишга солиб, меҳр беришни ҳам тўхтатмоқчиман.
-    Забаржад, бизни кўнгил боғлаб турмаганмиди?
-    Бир ҳамдард дўст сифатида сизга боғланиб қолгандим. Сиз мени юпатардингиз, яшашга ҳам, саҳнада ҳам куч берардингиз, энг асосийси келажакдаги ёруғлик ҳақида уқтирардингиз. Гарчи кўнгилда, доғ қолса ҳам, бу ипларни узишга мажбурман. Мажбурман !!!
-    Забаржад, нега сизда бу тушкунлик бирдан пайдо бўлиб қолди. Нега ёлғиз ўзингиз иккаламизнинг муносабатларимизга хулоса чиқараяпсиз?
-    Соф муҳаббатга ҳеч қайси эркак қодир эмас экан. Мен ўзим излаган инсонни топаолмаганимдан, бунинг ҳеч иложи йўқлигидан ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Мана театр ҳам тугади, жар ёқасига ҳам бир бориб, зўрға омон қолдим. Ота-онам ҳам, шаҳарда қачонгача ёлғиз, дайдиб юрасан деб қўйишмаяпти.
-    Агар ҳозир сизга севги изҳор қилсам ишонасизми? Бу, сизни қолишингизга дастак бўлаоладими?
-    Мен, кафолат бераманки, сиз ҳеч кимни ҳақиқий севмагансиз. Севги изҳорини ҳам осонгина уддалашингиз аниқ. Учраган қиз олдида буни бажара олишингизга аминман. Жумладан, менинг олдимда ҳам.
-    Қўйсангизчи, шунақа гапларни. Агар сизни алдаётган бўлсам, авваламбор ўзимни алдаётган бўламан-ку? Шу ҳақда ҳеч ўйладингизми?
- Шифохона, менга жуда катта мактаб бўлди. Сиз, одамларга театр қўйиб берган бўлсангиз, мен шифохонада одамларни томоша қилдим. Мен томоша қилган саҳна, мени  чилпарчин қилди. Сиз мени ўз сафингиздан жуда тез чиқариб юбордингиз. Албатта, сизнинг ижодингизга ҳисса қўшмайдиган одам сиз билан ёнма-ён юролмайдиган одам, сизга мутлақо керак эмас. Буни тушунса бўлади. Лекин мен ҳали ўлганим йўқ. Ҳали, сўниб ҳам тугаганим йўқ. Энди, муҳаббат масаласига келсак, муҳаббат бу сиз учун, - ижод. Мен учун эса ҳаёт-мамот. Сиз кимнидир севасиз, илҳомланиб ижод қиласиз, ҳаётингиздаги изтироблар майдонида туриб кураш олиб борасиз. Мен эса ундай қилолмайман. Сиз мени эмас, менинг театрдаги қиёфамни яхши кўрардингиз. Энди эса бу қиёфа йўқ. Шундан сўнг мени севмаслигингиз аниқ бўлиб қолди. Мен энди сизга ишонмайман. Сиз яна кимнидир топасиз. Ижод давом этаверади. Ўз туйғуларингизни ўйнайсиз, ривожлантирасиз, малакали севгибозга айланасиз. Пластинка тўхтамайди: Танишув, телефон қўнғироқлари, аврашлар, хушомадлар, кўкка кўтариб мақташлар, севиб қолгандай кўрсатишлар,ёлғон қийноқлар, изтироблар...
-    Забаржад, сизда менга нисбатан бунча нафрат қаердан пайдо бўлди? Тўғри, кўп гапларингизга қўшиламан. Лекин, сиз воқеалар ривожини тезлатиб юбораяпсиз. Сиз балки, сизга уйланаман дейишимни кутаётгандирсиз ва бу гапни айтмаганим учун, мендан нафратланаётгандирсиз. Ишонинг, менинг сизга бўлган ишқий муносабатим самимий ва ҳеч қандай ўйин асосига қурилмаган. Шуни яхши билингки, мен сизни севишим, сизга уйланишим учун етарли асос бўлолмайди. Сиз ҳам мени севишингизни истайман. Сиз ҳам мени жон-дилдан яхши кўриб қолганингиздан кейингина, мен бу таклифни айтмоқчи эдим. Айтинг-чи, сиз ҳам менга бирор маротаба ўз муносабатингизни очиқ-ойдин билдирдингизми? Сиз мени севишингизни бирор марта кўриб, кўнглим тўқ бўлдими? Ахир, мен сизни, мени севинг деб мажбурлай олмайманку? Мени севмаган одамга, сизга уйланаман деб айтаолмайман-ку. Сизнинг олдингиздаги, биттаю, битта айбим, сизга уйланаман деб айтолмаганим, фурсат келишини кутганим холос. Хоҳласангиз, яна бир бор такрорлайман: Сизни яхши кўраман.
-    Бу ўша, пластинкага ёзилган гаплар. Балки жавоб беришимни ҳам кераги йўқдир. Аммо, хайрлашишда, яна айтсам айтақолай. Тўғриси, бошда танишганимизда Сиздан умидим катта эди. Менга ҳайриҳоҳ ва севимли инсон топилганидан осмонда юрардим. Сизни, мен кўпчилик ёмонларнинг орасидан ажратиб олгандим. Хаётимдан жой бергандим. Кейин билсам, сиз ҳам ўша ёмонларнинг бири экансиз. Энди, таассуфларимнинг ниҳояси йўқ. Яхши инсонни топиш қийин экан. Гарчанд сиз бунга даъвогарлик қилсангизда, яхши инсонлик даражасига назаримда ҳеч қачон эришолмайсиз.
- Забаржад, бўлди бас. Мен ҳақимда шунчалик хаёлга борган экансиз, демак, орамиздаги муносабатлар сўнггига етибди. Нима ҳам дердим. Хайр. Шуни яхши биламанки, мени бу қадар таҳқирлашингиз учун, сизда ҳеч қандай асос йўқ. Модомики, бу сўнгги суҳбатимиз экан, мен ҳам сизга очиқ айтиб қўяқолай. Сиз, тенги йўқ гўзалсиз. Сизни яхши кўраман. Сизнинг юрагингизни, оташин қалбингизни, фикру-ўйларингизни яхши кўраман. Агар сиз истаганингизда, сиз менинг туйғуларимга пешвоз чиққанингизда, сиз менга қалбингизни очганингизда, сиз ҳеч иккиланмай, мени ўз хаётингизга олиб кирганингизда, сизнинг бир илтифотингизга минг илтифот билан жавоб берардим. Мен бутун жону-жаҳоним билан Сизнинг измингизга тушиб кетардим. Ҳолбуки, энди ҳаммаси тугади. Сиздан нафратланаман. Хайр!
Шоҳруҳ телефон трубкасини нафрат билан жойига қўйди. Асабий ҳолатда хона кеза бошлади.

* * *
Сарвар Самандарович Забаржад билан танишганида дастлаб бир талантли актрисага қарагандай қаради. Кейинчалик, унинг гўзаллигини, латофатини, унинг ақлу-фаросатини шу билан бирга у Сарвар Самандаровнинг ёрдамига муҳтож эканлигини кўргач, уни ўзига ўйнаш қилиб олишни истади. Забаржад, маъшуқа бўлмаслигига кўзи етгач, унга уйланиш тараддудига тушди.
Сарвар Самандарович Забаржадни яхши кўриб қолдими, йўқми ўзи ҳам билолмас, кўрса қувониб кетар, йўқ бўлса қайғу ботқоғига чўкарди. Фақат шуниси аниқ эди-ки, қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, Сарвар Самандарович Забаржаднинг ҳамма истакларини руҳан бажаришга тайёр, Забаржаднинг унга бўлган муносабатини эса билиб бўлмасди.

* * *
Забаржад театрдан кетаролди Сарвар Самандаровичнинг қабулига кирди.
-    Келинг Забаржадхон! Сизни яна театрда кўрганимдан бехад хурсандман.
-    Раҳмат! Лекин мен сиз билан ҳам, театр билан ҳам хайрлашиш учун келдим.
-    Нега?!
-    Мана мен ўйнайдиган ролни ҳам олиб қўйишди. Менга қасд ҳам қилишди. Бадиий Кенгашдан ҳам ўтолмадим.
-    Қўйинг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Бу роль бўлмаса бошқаси. Ҳали ёшсиз, калтак еб-еб катта бўлиб кетасиз... Мен энди сизга ёрдам бераман.
-    Қанақа ёрдам.
-    Сиз театрнинг паст-баландини билмайсиз. Муомалани билмайсиз, муроса-ю мадора қилишга ўрганмагансиз. Қолаверса, Тошкентда уй-жойингиз ҳам йўқ. Еб-ичишингиз, яхши кийинишингиз керак.
-    Эвазига нима сўрайсиз...
-    Мен билан бўлинг. Мен ҳамма нарсангизни қилиб бераман.
-    Иккинчи хотин бўлишим керакми... Ўйнаш бўлишим керакми ёки яширин ошиқ-маъшуқми...
-    Бунисини ўйлаб кўрамиз... Биз ўзимизни тақдир ҳукмига ташлаймиз. Қани, муҳаббат тўфони бизни қай манзилларга бошлар экан.
-    Буни айтиш сизга осон. Сиз нима йўқотасиз. Ҳеч нарса.
Сизнинг оилангиз бор. Фарзандларингиз бор. Мен бадном бўлсам, кейин мени ким олади. Ҳатто шон-шуҳрат чўққисида турганимда ҳам, менга тоза кўнгил билан уйланадиган мард топиладими? Йўқ. Мен болалигимда қанчалик беғубор орзулар билан санъат йўлига қадам ташлаган эдим. Афсус, орзуларим сароб бўлиб чиқди.
Мен буни энди тушуниб етдим ва бу соҳадан кетишга қарор қилдим.
-    Ўзингиз биласиз. Сиз кетганингиз билан театр ҳеч нарсани йўқотмайди. Ўрнингизга бошқаси келади.
-    Хўп, хайр! Навбат кутиб турганларга, шу ўринни инъом қилганим бўлсин.
Сарвар Самандарович Забаржаднинг қатъийлигидан юраги ўртаниб кетди. Сўнгра, «Мен излаган қиз мана шу» - деган қарорга келди ва уни уйигача кузатиб қўйишга аҳд қилди.

* * *
Сарвар Самандарович кўча бошига етганида машинани тўхтатди. Хайрлашиш учун, машинанинг олдинги ўриндиғида ўтирган Забаржадни ўпмоқчи бўлди. Забаржад ўзини обқочди.
-    Нега ўпишимни истамаяпсиз, Забаржад.
-    Хоҳламайман.
-    Нега?
-    Хўп, ҳозир ўпасиз, кейин нима бўлади?
-    Кейинини гапириб нима қиласиз?
-    Нега энди келажакни ўйламаслигим керак?
-    Келажакка етиш учун, бугундан ҳаракат қилиш керак.
-    Сизни яхши кўришимни биласизми...
-    Билмайман.
-    Менга сизнинг қалбингиз ёқади. Биз иккимиз, бир одамнинг икки кўзига ўхшаймиз. Мен хаётимда жуда кўп одамларни кўрганман. Лекин аёллар ичида қалби юрагимга бу қадар яқин бирорта аёлни учратмаганман.Сизни учратганимдан сўнг бир пулга қиммат хаёт кечирганимни тушуниб етдим. Ортимга қарасам гўё ҳеч нарса йўқдай. Битта-ю битта фарзандим ҳам мени ташлаб қайнонасиникига кетди. Хотинимга минг ёлвордим, яна битта туғиб бер деб ялиндим. Йиллар давомида пойи-патаги бўлдим. Битта калишга шунча ялинганимда, менга аллақачон туғиб берарди. Аммо, йиллар давомида мен бутун жону-жаҳонимни аямаган хотиним менга бегоналик қилди. Лоақал заррача меҳри бўлганда, мени заррача яхши кўрганда, ҳолимга ачинганидан ҳам туғиб берарди. Аммо у, бағритошлик қилди. Бошқа туғишни истамади. Ҳаётим эса совурилиб бораяпти. Агар истасангиз сизга уйланаман. Яна фарзанд кўришни истайман. Мен сизни севаман. Танимдаги ҳар бир хужайра фақат сизнинг ишқингизда оловдай гуркираб турибди. Менга бахтли хаёт ато этинг. Мени боши берк кўчадан олиб чиқинг. Мен, сўнгги нафасимгача сизни бахтли қилиш учун яшайман.
-    Сарвар ака, мен ҳозир бу ҳақда бир нарса деёлмайман.
Лекин, ростини айтсам, менга  театр ҳам, спектакллар ҳам керак эмас. Уйда ўтиришни, фарзандларим бўлишини истайман. Дунёда аёллик бахтидан, оналик бахтидан улуғроқ бахт борми? Фарзанд одамнинг шоҳ асари бўлади. Чунки уни Худо яратади. Театрда мен асар яратганимда, образ яратганимда ҳам нимани яратардим. Лекин, сизнинг таклифингизга келадиган бўлсак, мен бу ҳақда ўйлаб кўришим керак. Ўйлашимнинг сабаби, мен сизга ишонмайман. Сиз мени яхши кўришингизни биламан. Лекин бу нарса бизнинг бахтимизга кафолат бўлолмайди.
-    Сизни ишонтириш учун нима қилай? Бир кўзимни ўйиб берайми?
-    Ишонч кўзда эмас, юракда бўлади.
-    Юрагимни суғуриб берайми?
-    Қўлингиздан келмайди.
-    Агар қўлимдан келмаса, шу қўлларимни синдираман.
-    Қўйинг, кичкина дарддан, катта фожеа ясаманг.
-    Ишонмасангиз буни исботлайман.
-    Майли, яхши боринг. Бу ҳақда яна гаплашамиз. Ахир бугун
хаётимизнинг сўнгги куни эмас-ку.

* * *
Сарвар Самандарович ўша кун туни билан ухлолмади. Ўз-ўзига гапириб чиқди: «Забаржад, то сени кўргунимча, менда бундай хаёллар йўқ эди. Сени илк бор кўрганимдаёқ, юрагим ток ургандай ўртаниб кетганди. Ва охир-оқибатда сени бутунлай севиб қоламан дея ҳеч ўйламагандим. Сен, умримнинг баҳорисан. Сен хаётимнинг энг гўзал фаслисан. Мен сени ишқингда, юрагимга ханжар санчилиб, юрагим типирчилашдан ҳам, қимирлашдан ҳам махкум, чорасиз, ярадор бемор ҳолатидаман. Нима қилай, сенсиз на нафас олишга қурбим етади, на сен томонга қўл чўзишга мадорим бор. Сен шундай бир юксакликдасанки, сен томонга қараб, сени излаб топай десам, кўзларимнинг нури етмайди. Сенга қараб сўрай десам, томоғимдан сўз ўрнига жоним чиқиб кетадигандай, талвасадаман. Забаржад, сени бир марта қарашингга шунчалар зорман-ки, юз йил зулматда ётиб, қуёшнинг чиқишини юз йил кутиб, унинг чиқиб келишини ҳам бу қадар соғинч ва илҳақликда, жонсарак кутмасам керак. Айт, нима қилай? Сени кўзларингга тўйиб-тўйиб термулишим учун рухсат беришинг учун, нима қилай. Сени сўзларингни, сенинг меҳрингни қозонишим учун нима қилай? Менинг қуёшим чиқиб, ботар чоғи томон тобора шиддат билан кетиб бормоқда. У ҳадемай уфқига ботади. Сўнгра оламни зулмат қоплайди. Кейин яна қуёш чиқади. Лекин у қуёш менсиз чиқади. Ҳаёт ўз изнида давом этаверади. У ёруғ оламда эса мен бўлмайман. Менинг сенга бўлган муҳаббатим эса тилларда достон бўлиб абадул-абад яшайди. Бундай муҳаббатни ҳали тарих кўрмаган.»
* * *
Сарвар Самандарович Забаржад ўз туғилган кунини
нишонламоқчи эканлигини театр жамоасига берилган таклифномадан билди. Таклифнома Сарвар Самандаровичга ҳам алоҳида берилган бўлсада, нега Забаржад унга ўзи айтмаганлигига ҳайрон қолди. Ходимлардан Забаржад қаердалигини сўраган эди, ҳеч ким аниқ жавоб беролмади. Бироздан сўнг хонасига унинг ўзи телефон қилиб қолди.
-    Таклифномани олдингизми?
-    Ҳа. Нега бу ҳақда шу пайтгача индамагандингиз?
-    Тўғриси, мен туғилган кунимни нишонламоқчи эмасдим.
Умуман олганда, ҳали ҳам шу фикрдаман. Мен туғилган кунимда, театр билан хайрлашув кечасини ўтқазмоқчиман. Сўнгра, Тошкентдан бутунлай кетаман.
-    Йўқ. Мен бунга йўл қўймайман. Сизни энди ҳеч кимга, ҳеч қачон хўрлатмайман. Сизни кўз қорачиғимдай асрайман. Театрнинг энг тўри ҳам сизники бўлади.
-    Энди кеч. Қарорим қатъий. Мен кетаман. Сиз бу сўзларни менга жуда кеч айтаяпсиз.
-    Мен ахир нима дейишим мумкин эди. Сиз мени яхши кўрасизми, йўқми ҳалигача билмайман. Ҳозир, бир оғиз айтинг, сизни яхши кўраман денг, ҳозироқ олдингизга етиб бораман.
-    Энди кеч. Фойдаси йўқ, Сарвар Самандарович.
-    Менга сўнгги имконни беринг. Майли, бу сўнгги учрашувимиз бўлақолсин. Лекин хўп денг.
-    Хўп, майли. Сизга сўнгги имконни бераман.
-    Унда, туғилган кунингизни, мен айтган жойда, энг зўр ресторанда қиламиз.
-    Буни кармоним кўтармайди.
-    Бу менинг ҳисобимдан бўлади.
-    Сарвар Самандарович... Сиз мени севишингизни биламан.
Лекин сизнинг оилангиз бор. Мен учун улардан воз кечолмайсиз-ку.
-    Бу ҳақда кейин гаплашамиз. Бизга муҳаббатнинг ўзи йўл кўрсатади. Агар бизнинг севгимиз ҳақиқий ва мустаҳкам бўлса, энг тўғри йўл ўз-ўзидан топилади.
-    Сарвар ака, мен ўз қисматимни, келажагимни тақдир измига ташлаб қўёлмайман.
-    Сиз таклифномадаги манзилни ўзгартиринг. «Silк Poad Hotel» деб ёздиринг. Ва илтимос сиздан, бир оғиз айтинг. «Сизни севаман» денг. Мана шу сўз, менга барчаси учун кифоя қилади.
-    Айтолмайман.
-    Илтимос, сиздан, бир оғиз айтинг.
-    Хўп, яхши айтдим.
-    Йўқ, «Сизни севаман» деб айтинг.
-    Сизни севаман Сарвар ака!
-    Мен ҳам сизни севаман.
-    Хўп, хайр. Қўнғироқлашамиз.
-    Албатта.