3 дан 6 сахифа
ИБН МУҚАФФА ТАРТИБ ЭТГАН КИТОБДАГИ МУҚАДДИМА
Абдулҳасан Абдулла ибн Муқаффа шундай нақл этади: Худо ўз қудрати билан оламни яратди, инсонларни ақл-идрокда бошқа хайвонлардан афзал қилиб яратди. Чунки ақл саховат эшиклари ва саодат хазиналарининг калитидир. Бу дунёнинг нозу неъматларига эга бўлиш, у дунёнинг азобу уқубатларидан халос бўлиш ақл ва идрокка боғлиқдир. Истеъдод, ақл-идрок эса икки хилдир: бири — табиий, яъни онадан туғма бўлиб, иккинчиси — касбий, яъни унга тажриба воситаси билан эришилади. Инсонларда бўлган табиий истеъдод ёғочдаги ёниш хусусиятига ўхшайди: ёғочга ўт қўйилмаса ёнмайди, шунга ўхшаш табиий истеъдод, ақл ва камол хам тажриба бўлмаса, ўзини кўрсата олмайди. Олимлар, тажриба инсон ақл-идрокини камолга етказади, деганлар. Ҳар ким табиий ақл-идрокка эга бўлиб, илму хунар касб этишга интилса, бу дунёда хам ўз орзусига етади, у дунёда хам роҳат кўради... Билмоқ лозимдирки, хар ишнинг ўз сабаби, хар сабабнинг ўз сабабчиси ва хар сабабчининг ўз макон ва замони бордир. Умр-нинг узунлиги ва давлатнинг борлиги шуларга боғлиқдир. Бу китобнинг Ҳиндистондан Форс мамлакатига келтирилишининг сабаби шуки, Оллох таоло қудратли, саодатли Ануширавон Кусро ибн Қубодни ақл нуридан ва адолат хазинасидан бахраманд этган, ишбилармон, фавқулодда ғайратли қилиб яратган. У ўзининг бу хислатлари соясида илм ўрганиб, турли сохада шундай камолот даражасига етганки, ундан аввалги шохларнинг хеч бири бунга эришолмаган. Кунлардан бир кун унинг қулоғига қуйидаги хабар етиб келди: хинд хазинасида парранда, даррандалар, ваҳший хайвонлар тилидан ёзилган бир китоб бор эмиш; бу китоб саховат манбаи, илм-хикмат калити эмиш; у шоҳларга наф келтирганидек, халққа хам фойдали эмиш; бу китобнинг номи «Калила ва Димна» эмиш. Ануширавон одил бу китобни қўлга киритиш ниятига тушди. У истеъдодли олим, фозил, форс хамда хинд тилларини яхши биладиган бир одам топишни ва бу мухим ишни унга топширишни амр этди. Анча ахтаришлардан сўнг юқорида айтилган хусусиятларга эга бўлган ва тиб илмида шухрат қозонган Барзуя отли ёш йигитни топдилар. Ануширавон уни ёнига чақириб деди: — Кўп мулоҳазалардан сўнг сенга жуда масъулиятли ва мухим бир иш топшириш қарорига келдик. Сенинг ақл-заковат, буюк истеъдод эгаси эканлигинг, ишбилармонлигинг, ғайратли ва иродали эканлигинг бизга маълумдир. Ҳиндистонда бир бебахо китоб бор, деб айтадилар. Биз ўша китобни келтириб, мамлакатимиздаги бошқа хинд китоблари қаторига қўйилишини истар эдик. Сафар тайёргарлигини кўриб, Ҳиндистонга азимат қил ва нима қилиб бўлса хам ўша китобни олиб кел. Сенга етарли даражада пул ва мол-давлат берамиз. Уларни лозим бўлган ерда керагича харжлайсан. У ерда кўпроқ қолишга тўғри келса, сенга яна пул керак бўлиб қолса, ёз, юборамиз. Сўнгра у мунажжимларга йўлга чиқиш учун яхши кун ва соат белгилаб беришни буюрди. Барзуя белгиланган куни эллик хуржун динор олиб сафарга чиқди. Бутун қўшин, саркардалар ва давлат арбоблари уни кузатиб қолдилар. Барзуя ўз устига юклатилган вазифани бажариш иштиёқида йўл босар эди. У Ҳиндистонга етиб боргандан сўнг подшохнинг пойтахтига келди ва ўша ерда истиқомат қила бошлади. У олимлар йиғилишига, аъён ва акобирлар мажлисига, фақир-фуқаро тўпланадиган ерларга борар, хар жойни кўрар, шохнинг яқин одамлари, шахарнинг мўътабар кишилари, олим ва файласуфлари хақида суриштириб, маълумот тўплар эди. У қаерга бормасин, хамма ерда одамларга аралашиб юрар, хамма билан дўстлашиб кетар эди. У хаммага, мен бу ерга илм ўрганмоқ ва тахсил олмоқ учун келганман, дер эди. Чуқур илми борлигига қарамай, ўзини содда тутар ва ўзини авом одамлардан деб таниттирар эди. Нихоят, у ахтарганини, истаган одамини топди. Бу одам ўз ақли, истеъдоди ва хушёрлиги билан бошқалардан ажралиб турар эди. Барзуя у билан дўстлашди, унга шу қадар яхшиликлар қилдики, охири ака-укадай бўлиб қолдилар. Оз вақт ичида Барзуя унинг хулқ-атворини ўрганиб, садоқатини синовдан ўтказди. Сўнгра ўз-ўзига деди: «Агар сирим калитини унга бериб, кўнглим эшигини очсам, нонкўрлик қилмас, дўстлик ва ўртоқлик хиссига хиёнат қилмас». Вақт ўтиб, уларнинг орасидаги самимийлик анча мустаҳкамлангач, Барзуя унинг омонатга хиёнат қилмаслигига, сирни хеч кимга очмаслигига ишонди. Бир кун унга шундай деди: «Биродар, менинг бир сирим бор, уни хозирга қадар сендан яширар эдим, лекин билишимча сен буни сезар эдинг, чунки донога бир ишора кифоядир». Ҳинд деди: «Тўғри айтасан, сен ўз мақсадингни яширишга қанчалик уринсанг хам, лекин мен баъзи бир аломатлардан уни пайқаб юрар эдим. Энди сен ўзинг сўз очиб қолдинг, мен айтиб бера қолай. Сен бизнинг вилоятнинг нафис ва қимматли бойлигини олиб бориб ўз шохининг хикмат хазинасига қўймоқ учун келибсан, буни эса макр ва хийла билан амалга оширмоқчисан. Лекин мен сенинг сабру иродангга қойил қолдим. Сухбат вақтларида бирор сўз билан сирингни фош қилиб қўярсан, деб пойлаб юрдим. Лекин бундай бўлмади, матонатинг, эхтиёткорлигинг сенга бўлган эътиқодимни оширди, дўстлик ва биродарлик хисларини кучайтирди. Чунки хеч бир зот бу қадар ирода ва ўзини тута билиш қобилиятига эга бўлмайди, бегона вилоятда, ахлоқ ва одатларини билмаган бир халқ орасида хеч ким ўзини сен каби тута олмайди. Инсоннинг ақли саккиз нарсада намоён бўлади: биринчи — назокатли ва мулойим муомалада; иккинчи — ўзи ким эканлигини билиб шунга риоя қилишда; учинчи — одил шохларга итоат этиб, уларнинг орзу-истакларини амалга оширишда; тўртинчи — ўз сирларини дўстга билдириш-билдирмасликни билишда; бешинчи — ўзининг ва бошқаларнинг сирини сақлашда; олтинчи — шохлар саройида эхтиёт бўлиб, ширин тил билан сарой одамларини қўлга ола билишда; еттинчи — тилини тийиб, ортиқча сўзламасликда; саккизинчи — мажлисларда жим ўтиришни одат қилиб, сўралмаган нарсаларни айтмаслик ва пушаймонлик келтирадиган сўзларни тилга олишдан сақланишда. Кимда бу саккиз хусусиятнинг хаммаси бор бўлса, у дўстларидан истаган нарсаларни ола билади ва орзусига ета олади. Бу хусусиятларнинг хаммаси сенда бордир. Сенинг мен билан дўстлашишдан мақсадинг нима эканлиги хам маълум бўлди. Бундай фазилатларга эга бўлган одамнинг орзу ва истакларини рўёбга чиқармоқ мурувватли одамлар наздида хато хисобланмаса-да, лекин сенинг хохишинг мени дахшатга келтирди. Бу жуда буюк ва тахликали бир ишдир». Барзуя қараса, хинд унинг макр ва хийласини тушунди. Унинг сўзларига эътироз билдирмасдан, жуда юмшоқ ва мулойимлик билан деди: — Мен бу сирни маълум қилиш учун жуда кўп хозирликлар кўрдим, айтадиганларимни қисм-ларга бўлиб, унга сарлавхалар қўйдим, муқаддимаси ва хотимасини белгиладим, ундан бутоқ ва шохчалар ўстирдим. Шояд шу йўл билан саодат сахросида мақсадимнинг жамолини қоплаган қўрқув пардасини отиб ташлаб, сенинг хурмат ва ёрдаминг соясида ватанга оқ юз билан қайтсам. Лекин сен биргина ишора билан менинг бутун фикримни тушундинг ва мени узундан-узоқ, зериктирувчи тушунтиришдан халос этдинг. Ҳақиқатан хам мен сен билан мана шу мақсадимга етишиш умидида дўстлашган эдим... Ҳинд деди: — Ақлли одамлар учун дўстликдан азиз хеч нарса йўқдир. Дўстлик беғараз бўлмоғи керак. Лекин бутун тилсимларнинг калити сирни сақлай билишдадир. Учинчи одам билмаган сир ёйилмас, чунки учинчи одам эшитган сир оғиздан-оғизга ўтади ва бунинг олдини олиш мумкин бўлмайди. Мен сенинг дўстлигинг-дан шу қадар хурсандманки, уни хеч бир нарсага алмаштира олмайман. Лекин агар бир одам бу ишдан хабар топса, бизнинг биродарлигимиз шундай бузиладики, уни хеч қандай мол ва давлат билан тиклаб бўлмайди. Бизнинг шох жуда хушёр ва қахрлидир, арзимас нарса учун хам оғир жазо беради. Буни билиб қолса нима бўлади-а? Барзуя деди: — Дўстликнинг энг улуғ шарти сир сақламоқдир. Менинг эса бу ишда сендан бошқа сирдошим йўқдир. Мен сенинг олижаноблигингга, ақл ва заковатингга ишонаман. Бу ишнинг тахликали эканини тушунаман, лекин орамиздаги дўстлик хаққи, сен мени ўз орзуимга етишдан махрум қилмассан, деб умид қиламан. Билгинки, бу сирни мен хеч кимга фош қилмайман. Лекин сен ўз яқин одамларингдан, ёру ошноларингдан кимдир билиб қолиб шохга айтиб қўяди, деб қўрқасан. Мен кетаман, сен бу ерда қоласан, биздан бошқа хеч ким бу сирдан воқиф бўлмагач, сен рохат-фароғатда хаёт кечирасан. Ҳинд бироз ўйлаб, кейин, лозим бўлган китобларни Барзуяга бера бошлади. Барзуя зўр қўрқув ичида, эхтиётлик билан ишга киришиб, кечаю кундуз кўчириб ёзиб олиш билан машғул бўлди. Хуллас, у китобдан ва яна бўлак китоблардан нусха кўчирди. Сўнгра ишлари қандай эканлиги хақида Ануширавонга мактуб ёзиб юборди. Ануширавон мактубни ўқиб бехад севинди. Фалакнинг гардиши шодликни ғамга айлантирмасидан олдин Барзуяга мактуб ёзиб, тезда етиб келишни амр қилди. Хатда хушёр бўлиш, хеч нарсадан қўрқмаслик, китобни яхши сақлаш, тўплаган нарсаларини олиб қайтишда эхтиёт бўлиш зарурлигини уқтириб ўтди. Сўнгра мактубга мухр босиб қосидга — чопарга бердилар. Мактубнинг душман қўлига тушмаслиги учун қосидга, яширин йўллар билан бор, хеч кимнинг кўзига кўринма, деб тайинладилар. Мактуб Барзуя қўлига теккач, у дархол йўлга тушиб, Ануширавон саройига етиб келди. Унинг келганини шохга хабар қилдилар. Ануширавон ўша замоноқ Барзуяни ўз хузурига таклиф этди. Бар-зуя ичкари кириб бош эгиб таъзим қилди. Шох унинг чехрасидан хорғинлигини, ташвиш тортганлигини, хамон хаяжондан қутулмаганлигини уқиб, ачинган холда деди: — Ўзингни қўлга ол, эй бахтиёр инсон! Сен улуғ иш қилдинг, бизнинг чексиз миннатдорчилигимиз ва бенихоя хурматимизга сазовор бўлдинг. Бор, бир хафта дам ол. Кейин келасан, нима керак бўлса, хаммасини бажо келтиришни амр этаман. Етти кун ўтгач, Ануширавон аъён-ашрофини чақиртирди. Сарой аҳллари тўплангандан сўнг Барзуяни чақиртириб, китобни ўқишни буюрди. Барзуя ўқиган сари ўтирганларнинг таажжуби ортар, китобнинг гўзаллигига хайрон қолар эдилар. Ўқиш тугагандан кейин улар Бар-зуяни олқишлаб, бу ишда муваффақият қозонгани учун тангрига шукур этдилар. Ануширавон хазиналар эшигини очишни амр этди. У хазиналардаги пул ва жавохирлардан Барзуя тортинмай истаганича олиши мумкинлигини айтди. Барзуя подшохга таъзим қилиб деди: — Подшоҳнинг мархамати ва мухаббати мен учун хамма нарсадан қимматлидир. Қандай мол-давлат, қандай бойлик шаҳаншоҳнинг менга кўрсатган навозишига арзийди? Менга шоҳнинг саломатлигидан бошқа хеч нарса керак эмас. Лекин зоти олийнинг таклифи ерда қолмасин деб, шаханшох хузурига келганда кийиладиган ва Хузистон кимхобидан тикилган шохона маросим либосидан олайин. — Барзуя сўзини давом эттириб деди: — Менга топширилган вазифани бажаришда дуч келган қийинчиликлар, хавф-хатар ва изтироблар кутилгандан оз бўлди. Бандаларда садоқат билан хизмат қилмоқдан бошқа орзу йўқдир. Вазифанинг яхши бажарилиши, муваффақиятлар ёлғиз шохнинг бахт-саодати ва толеи соясида содир бўлади. Бу ерда бўлмаган пайтимда сенинг оиламга кўрсатган мехрибонлигингга нисбатан қилган хизматим хечдир. Лекин мен ўзим учун шохнинг лутфи карами олдида кичкина саналган бир нарсани истардим. Агар шох шу истагимни бажарса, мени хам бу дунё, хам у дунёда рози қилган бўларди ва бахтиёр шохнинг номи хамиша яхшилик билан ёдланадиган бўларди. Ануширавон деди: — Сен менинг шоҳлигимга шерик бўлмоқни истаган тақдирингда хам тилагинг қабул бўлур. Нимаики хохласанг, очиқ айт! Барзуя деди: — Шох агар маслаҳат кўрса, Бузуржмехр бу китобга менинг хақимда махсус бир фасл илова этсин ва унда менинг ким эканлигим, насл-насабим, санъатим, қайси дин ва мазхабдалигимни ёзсин. Шох бу хақда амр берса, менга қилган яхшиликлари кишилар хотирасида абадий сақланиб қолар, менинг шохга қилган хизматим унутилмаган бўларди. Бу сўзларни эшитиб Ануширавон ва унинг атрофидагилар хайрон қолдилар. Барзуянинг ўткир ақл ва истеъдод эгаси эканлигини эътироф этиб, хаммалари унинг бундай хохиш билдиришига хаққи бор, деган қарорга келдилар. Ануширавоннинг амри билан Бузуржмехрни чақирдилар. У етиб келгач, Ануширавон шундай деди: — Сен Барзуянинг қанчалик содиқ ва фидокор эканлигини, бизнинг амримизни бажо келтириш учун ўз бошини нақадар катта тахлика остига қўйганини, қандай изтироблар чекканлигини биласан. Биз Барзуя хизматлари эвазига истаганича мол-дунё олишини таклиф этган эдик. Лекин у буни рад этиб, хазинадан хеч нарса олмади. Сенинг бу китобга Барзуя хақида махсус боб илова қилиб, унинг таржимаи холини ёзишингни илтимос қилди. Биз хам шунга рози бўлдик. Энди сенга шундай бир боб ёзишни ва у тамом бўлгач, жамоатни йиғиб ўқиб беришингни топшираман. Лекин шундай қилиб ёзгинки, сенинг нималарга қодир эканлигингни мамлакатнинг барча катта-кичиги билсин. Барзуя шохнинг буйруғини эшитгач, таъзим этиб ташаккур билдирди. Бузуржмехр ушбу бобни ёзиб, уни гўзал ибора ва хикматли сўзлар билан безади ва шох тайин қилган куни Барзуя ва мамлакат ахолиси олдида ўқиб берди. Подшо ва йиғилганларнинг хаммаси Бузуржмехр-нинг услуби ва маҳоратига қойил қолдилар. Подшо хизмат хақи эвазига Бузуржмехр-га олтин, кумуш, қимматбаҳо жавоҳирлар ва зарварақ тўн таклиф қилди, лекин Бузуржмехр тўндан бошқа хеч нарса олмади. Сўнгра Барзуя Ануширавоннинг қўлини ўпиб деди: — Оллох шоҳимнинг умрини узун, бахтини порлоқ қилсин, бу дунёда хам, у дунёда хам фароғат кўрсин. Подшохнинг бу илтифоти унинг нақадар мархаматли эканлигини яна бир карра бутун дунёга намойиш қилди, унинг шухратини оширди ва мен бандасини бехад мамнун этди. Китобхонлар бу бобни ўқир эканлар, унинг нима учун ёзилганини тушуниб, энг фазилатли иш одил шохларга хизмат этиш эканлигини, инсонларнинг энг шарафлиси давр подшохи томонидан тақдирланиб, ўзига яраша мавқега эришган кимсалар эканлигини англаб оладилар...
|