1 дан 6 сахифа
«Калила ва Димна» ривоятларга кўра аслида қадим замонларда ҳинд файласуф олимлари тарафидан ёзилган. У ҳинд фолклори асосида яратилган бўлиб, «Панчатантра», «Хитопадеше» ва бошқа асарлар билан илдизи бирдир. «Калила ва Димна» Эрон шоҳи Ануширавон (531-579) даврида Ҳиндистондан сарой фузалоларидан бўлган Барзуя хаким томонидан яширинча Эронга келтирилиб, паҳлавий тилига таржима қилинган. Бу таржима йўқолиб кетган, лекин паҳлавий тилидан сурия тилига қилинган таржима (тахминан 570 йиллар, мутаржим Буд номли шахс) адабиётга нодир ёдгорлик сифатида қўшилди. «Калила ва Димна»нинг Аббосийлар халифалиги даврида ўша замоннинг энг донишманд олимларидан бўлмиш котиб Абдулла ибн-ал Муқаффа (721-757) томонидан араб тилига қилинган таржимаси унинг бутун дунё бўйлаб тарқалишига сабаб бўлди. Эски шарқ анъанасига кўра, Ибн-ал Муқаффа «Калила ва Димна»ни таржима этиш асносида фақат муқаддима ёзибгина қолмай, асарнинг асосий матнига хам бирмунча ўзгаришлар киритган. Масалан, у «Димна ишининг текширилиши» фаслини ўзидан қўшган. Х-Х1 асрларда «Калила ва Димна» Ибн-ал Муқаффа таржимаси асосида яна сурия тилига, XI асрнинг охирларида юнон тилига, XII асрда юнончадан славян тилига, XIII аср ўрталарида яхудий тилига, бир неча ўн йиллардан кейин эса лотин тилига таржима қилинган. Ана шу охирги таржима француз, италян, немис ва бошқа ғарб тилларига қилинган таржималарга асос бўлиб хизмат қилган. 1889 йилда машхур рус шарқшунослари М.Аттае ва М.Рябинин «Калила ва Димна»ни рус тилига таржима қилдилар. Рус олими И.Ю.Крачковский ўзининг ёш истеъдодли шогирди И.Р.Кузминга «Калила ва Димна»ни арабчадан рус тилига таржима қилишни топширади. Т.Р. Кузмин машхур арабшунос Л.Шайхо томонидан 1905 йил Байрутда нашр қилинган, 1923 йилда эса қайтадан тахрир қилиниб тузатилган вариантини асос қилиб олади. Т.Р.Кузминнинг бевақт вафоти таржиманинг тугалланмай қолишига сабаб бўлади. И.Ю.Крачковский уни тугатиб, Л.Шайхонинг матнига мослаштириб қайта ишлаб чиқади. Бу таржима Е.Э. Бертельс сўзбошиси билан 1957 йилда Москвада иккинчи дафъа нашр этилади. Араб ва сурия тилларига қилинган таржималардан кейин тожик адабиётининг отаси, машхур шоир Рудакий (940-941 йилда вафот этди) «Калила ва Димна»ни форс-тожик тилига назм билан, 1143-1144 йилда эса Низомиддин Абул Маолий Насруллох наср билан таржима қиладилар. XVI асрга келиб «Калила ва Димна»ни Ҳусайн Бойқаро фармони билан хиротлик шоир Ҳусайн Воиз Кошифий форс тилига қайтадан таржима қилади, асарга «Анвори Сухайлий» деб ном беради ва уни Султон Ҳусайн Бойқарога бағишлайди. Ниҳоят, Ҳиндистонда бобурийлар даврида Акбаршоҳнинг (1556-1605) вазири Абул Фазл бин Муборакшох «Анвори Сухайлий»ни қайтадан ишлайди, унинг тили, услубини бирмунча соддалаштиради ва уни «Ийёри дониш» деб атайди. XVI асрда бу ноёб ёдгорликнинг форс тилидан туркий тилга «Ҳумоюннома» номи остида қилинган таржимаси кенг шухрат қозонади. XIX аср охирларида Қозонда Габдалгаллам Файзхон ўғли бу асарни арабча аслиятдан татарчага таржима қилиб топография усулида босмадан чиқартирди. Бу ерда қуйидагиларни айтиб ўтмоқ лозим. Ғарбда таржима қилишда асл матнни мумкин қадар ўз холича сақлаб қолишга интилиш, шарқда эса аксари асл матнни эркин таржима қилиш анъанаси кучлидир, шарқда таржимон асл матнни қисман бўлса-да, ўз дунёқараши ва даври талабларига кўра талқин этиш ва шу билан бирга, хатто ўзидан қўшишга харакат қилади, бу анъана тусига кирган. Шарқ халқлари тилларига қилинган таржималарга ёндашишда шуни кўзда тутмоқ лозим. Араб, форс ва бошқа шарқ тилларига қилинган таржималар шундан далолат беради. Бу нарса «Калила ва Димна»нинг ўзбек тилига қилинган таржималарига хам оиддир. Унинг ўзбекчага қилинган биринчи таржимаси тахминан XIII асрга тўғри келади. Бу таржиманинг ягона нусхаси Лондонда «Индия оффис» кутубхонасида сақланмоқда. Мутаржими Ифтихориддин Мухаммад Бакрий. Инглиз шарқ-шуноси Эте ўз каталогида мазкур нусхасига қисқача шарх беради. 1131 (1718-19) йилларда «Калила ва Димна» Қашқарда Мулла Темур томонидан «Анвори Сухайлий» асосида таржима қилинади ва унга «Осори Имомия» деб ном берилади. 1253 (1837-1838) йилларда «Калила ва Димна» ҳевада ҳоразм хонларидан Оллоқулихон хукмронлиги даврида Мулла Мухаммад Ниёз томонидан форсчадан ўзбек тилига таржима қилинади. Мутаржимнинг таржимага ёзган муқаддимасида асарнинг Ўрта Осиёда кенг тарқалганлиги, севилиб ўқилганлиги, аввал хам бир неча бор таржима қилинганлиги айтилади. «Калила ва Димна»нинг ўзбек тилидаги таржималари орасида халқ ичида энг машхури 1898 йилда Тошкентда литография усулида нашр этилган Қори Фазлуллох (тахаллуси Алмаий) томонидан бажарилган таржимадир. Бошқа шарқ таржимонлари каби Алмаий хам аслиятни жуда эркин таржима қилади, маълум даражада асарга ўз хиссасини хам қўшади. Бу масаланинг бир мухим томонидир. Масаланинг иккинчи томони шуки, унинг (Алмаийнинг) ўзига хос таржима тили ва услуби бор. Алмаий таржимаси қисқа муддат — 1901-1913 йиллар ичида уч марта тошбосмада нашр этилади. ЎзФА Абурайхон Беруний номидлаги Шарқ-шунослик институти қўлёзмалари фондида «Калила ва Димна»нинг 1131 (1718-19) йилларда Мулла Темур томонидан Қашқарда бажарилган учта қўлёзма нусхаси (инв. 7451, 5807, 1321-сонли), Алмаий таржимасининг 1318 (1900)да кўчирилган нусхаси хам сақланади. Булардан ташқари, шу фондда бу нодир асарнинг бир неча форсий қўлёзма нусхалари ва талайгина тошбосма нашрлари хам мавжуд. Шуни қайд этмоқ лозимки, Алмаий таржима қилишда, юқорида айтганимиздек, асл матнга жуда эркин муносабатда бўлган. Бунинг устига, унинг тили оғир, форсий-арабий иборалар билан тўлган, кенг ўқувчилар оммаси аксар уларни тушуна олмайди. 1960 йилда «Калила ва Димна»нинг Р. Султонов томонидан озарбайжончага қилинган таржимаси нашр этилди. У ўз даврининг машхур олими, адиби Абулмаолий матнини асос қилиб олган. 1962 йилда мазкур таржиманинг мукаммаллаштирилган иккинчи нашри чиқди. Бу хозирга қадар туркий тилларда бўлган ва чоп этилганлар орасида энг эътиборлисидир. Китобхонларга тақдим этилаётган бу асарни таржима қилишда биз Эронда 1938 йили Абдулазим Ғариб томонидан нашр этилган матн ва озарбайжон таржимасини асос қилиб олдик. Асарни таржима этиш ва нашрга тайёрлашда қуйидаги жиҳатларга эътибор қилинган: 1. Мумкин қадар мукаммалроқ матнни ўқувчиларга тақдим этиш. Шу мақсадда, юқорида айтилганидек, асосан охирги озарбайжон нашрини олиб, унга Алмаийдан баъзи хикоятлар қўшилган. 2. Асос қилиб олган матнда кераксиз қайтариқлар, хаддан ортиқ тафсилотлар қисқартирилган. Шу билан бирга, аслиятдаги тарбияга, одобга хилоф, ғоят бехаё парча ё жумлалар хам қисқартирилди. Буни амалга оширишда хам асарнинг умумий хусусиятига путур етказмаслик кўзда тутилди. 3. Асарнинг айрим парчалари эркин таржима қилиниб, уларнинг мухтасар баёни берилди, шунинг учун бу китобга «Калила ва Димна»нинг академик нашри эмас, оммабоп нашри деб қараш керак. 4. Маълумки, «Калила ва Димна»нинг тили ва услуби фольклор тили ва услубига монанддир. Шунинг учун хам тарихий хақиқатга ва аслиятга зид иш кўрмаслик мақсадида шу нарсага риоя қилинган. Шу билан бирга, жонли халқ тилининг хусусиятлари ва бойликларидан фойдаланишга харакат бўлган. 5. Асардаги баъзи персонажлар номи турли нашрларда хар хилдир. Бунда Алмаий нусхасида берилган номлар олинган. «Калила ва Димна» узоқ вақтлардан бери ўзбек халқига маълум, унинг кўп хикматли сўзлари, ажойиб хикоялари хар хил йўллар билан халқ орасига кенг ёйилиб, оғиздан-оғизга ўтиб келмоқда. Асарнинг ўзбек халқ ижоди ва ёзма адабиётига хам таъсири катта. Бунинг изларини машхур адабий ёдгорликларимизда яққол кўриш мумкин. Асарнинг XIX асрда ўзбек тилида, тошбосмада уч дафъа нашр этилиши адабий-маънавий хаётимизда ғоят мухим ходиса бўлди. Натижада, бу шох асар ўзбек халқининг хам мулкига айланиб қолди.
Суйима Ғаниева
|