Facebook
"ЭЙ КЎНГУЛ, КЕЛКИМ..." PDF Босма E-mail
Эй кўнгул, келким, бало базмида жоми ғам тутай,
Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай.

Йиғлабон бошимға оҳим дудидин чирмаб қаро,
Мотамим эл сўнгра тутқунча, ўзум бу дам тутай.

Олам аҳлиға неча қилдим вафо, кўрдум жафо,
Эй кўнгил, кел-келки, тарки жумлаи олам тутай.

Эмдиким, ишрат сурудидин очилманг, эй жўнгул,
Навҳа оҳангин тузуб, бир дам сени хуррам тутай.

Мастлиғдин ўзга йўқ дардим иложи, соқиё,
Май кетурким, ҳам ичай, бир лаҳза они ҳам тутай.

Қўйғил, эй носиҳки, муғ дайрида ўз аҳволима,
Масти лояъқил ёқам йиртиб суруди ғам тутай.

Чун жаҳон бирла жаҳон аҳлиға йўқ эрмиш вафо,
Эй Навоий, мен фано сарриштасин муҳкам тутай.

Маълумки, йигитлик фасли - инсон умрининг энг гуллаган, ҳаётга шодлик, умид билан нигоҳ ташлайдиган, унча-мунча ғам-қайғуни кўнгилга яқин йўлатмайдиган бир фасл. Йигитлик умр баҳори ва уни баҳор гўзалликларидан ажратиб бўлмаслиги учун ҳам Мирзо Бобур: Баҳор айёмидур дағи йигитликнинг авонидур, Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур, -деб ёзган эди. Аввал "Бадоеъ ул-бидоя", сўнгра эса "Ғаройиб ус-сиғар" девонидан ўрин олган Алишер Навоийнинг юқоридаги ғазали ҳам шоирнинг йигитлик даврида ёзилган. Бироқ унда "шароби ноб" эмас, "жоми ғам", қувонч эмас, хаёлга келавермайдиган "мотам" хусусида сўз юритилган. Айтиш керакки, ғазалнинг руҳи оғир ва қайғули. Оддий шеърхон нари борса, ғазалнинг бир-икки байтидан сўнг ўқишни тўхтатиши мумкин. Ахир, одам "ўз қатиқ ҳолиға ўлмасдан бурун" мотам тутадими - йўқми, бундан қатъи назар, вақт-соати етганда, у ўлади. Бас, шундай экан, тирикликни ғанимат билмай, унинг шодликларидан дилни яйратмай ўлим хаёлларига берилиб оҳ-воҳ қилиш нега керак?
Гап шундаки, Навоий ғазалининг мазмун моҳиятини тўғри англаш ва талқин этиш учун, энг аввало, шоир кўзда туттан ирфоний мақсаддан хабардор бўлмоқ керак.
Биринчи байтни ўқийлик:

Эй кўнгул, келким, бало базмида жоми ғам тутай,
Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай.

Шоир бунда кимга мурожаат этаётир? Кўнгилга. Чунки, кўнгил ошиқнинг суянган тоғи, ишонган боғи. У ўз кўнглининг ҳукми ила яшайди. Унинг измидан нари кетолмайди. Энди у ўзи учун одатий маросим бўлиб қолган "бало базмида" кўнгилга ғам қадаҳини тутмоқчи. Зеро, унинг ҳоли ниҳоятда оғир. Шу қадар оғир ва қайғулики, ўлимини кутмасдан ўзи учун мотам ҳам тутмоқчи. Бу гаплар юракка ёмон таъсир ўтказиши табиий, албатта. Лекин Навоий замонидаги шеърхон, хусусан, ҳақ ошиқлари ва орифлар қалбида ушбу сўзлар ҳасрат эмас, шодлик бағишлаган.
"Бало базми" қандай базм, дея ўзингизга бир савол бериб кўринг. Дафъатан жавоб тополмайсиз. Бало сўзининг луғавий маъноси - офат, мусибат, фалокат, бахтсизлик, азоб, ғусса демак. Бало калимаси худди шу маъноларда ҳам Навоий шеърларида кенг ишлатилган. Шу билан бир қатор-да, улуғ шоир шеъриятида бало ирфоний ҳақиқатлар ифодаси учун ҳам хизмат эттирилган. Демак, матндаги асосий ғояга асосланиб, бу сўзнинг рамзий-мажозий мазмуни ҳисобга олинмаса, зоҳирий маъно ботиний маъно учун бир "парда" эканлигига диққат қилинмаса, хато мулоҳаза ва хулосаларга кенг йўл очилаверади. Навоийнинг бошқа бир ғазали матлаъида ўқиймиз:

Бало дашти аро Мажнун менингдек кўрмамиш даврон,
Қуюндек ҳар замон бир кўрмаган водийда саргардон.

Бу байтдаги "бало дашти" модаий-жисмоний ҳаётга дахлдор азоб-уқубат ёки кулфат мазмунида қабул қилинса, ғазал қаҳрамонининг аҳвол-руҳиясини тўғри шарҳлаш имкони бой берилади.
"Бало" - истилоҳий мазмунда ошиқлик ҳолининг камоли учун ҳақнинг содиқ қулига азият етказиши, оғир қийинчиликлар билан синовдан ўтказиши, яъни илоҳий имтиҳондир.
Шу боис қулдаги "бало" нақадар кўп ва қудратли бўлса, унинг Ҳаққа яқинлиги шу қадар ортади, деб ўйланган. Зеро, "авлиёнинг либоси, асфиёнинг (покланганларнинг) бешиги ва анбиёнинг ризқи балодир". Шу учун ҳам қадим китобларда, "Ҳақнинг шундай дўстлари бордурки, бир лаҳза балосиз қолсалар, неъматдан маҳрум бўлганлар каби оҳ ва фарёд чекурлар", дейилади. Шарқ шоирларининг завқ-шавқ ила балодан такрор-такрор баҳс юритишлари, сидқ ила Оллоҳдан бало тилашларининг замини ҳам ана шунда. Фузулий ёзади:

Ё раб балойи ишқ ила қил ошно мени,
Бир дам балойи ишқдин қилма жудо мени.

"Балойи ишқ ила" ошно киши учун ночорлик, бағри чоклик, кўз ёши тўкишлар мусибат эмас, балки мақсад манзилига яқинлашув ҳисобланади. Акс ҳолда Навоий "бало базми"дан шавқланиб сўзламасди. Энди иккинчи мисрага келсак:

"Ўз қатиқ ҳолимға ўлмастин бурун мотам тутай".

Ҳазрати пайғамбарнинг "Ўлмасдин бурун ўлинг!" деган машҳур ҳадислари бор. Бунда, албатта, жисмоний ўлимга эмас, нафсни енгишга даъват қилинган. Бу "ўлим" башарий ноқислик ва ожизликлардан фориғ бўлган янги бир маънавий туғилиш, илоҳий ирода соҳиби бўлиш мазмунига эга. Тасаввуф шеърятида бу ҳақда ниҳоятда кенг баҳс юритилган. Шу маънода Аҳмад Яссавий ҳикматларидан бирини келтириш мумкин:

Ихлосимни кўруб маъшуқ қўлум олди,
Файзу футуҳ тўла бериб йўлға солди.
Бўйнум эгиб моумонлик яксон қилди,
Туфроқ бўлуб ўлмас бурун ўлдум мано.

Инсоннинг иккинчи маънавий туғилишидан олдинги ҳаёти, ундан кейинги ҳаётидан бутунлай фарқ қилади. Шунинг учун у олдин кечган умридан кўп афсуслар чекади, пушаймонликларини сўзлашдан мароқланади. Зулматдан ёруғликка чиққан одамга ўхшаб, ғафлат, нодонлик пардалари билан бурканган башарий "мен"и билан гўё видолашади. Ўзича унга мотам тутади. Худди шу эҳтиёж сабабли Навоий ҳам:

Йиғлабон бошимға оҳим дудидин чирмаб қаро,
Мотамим эл сўнгра тутқунча, ўзум бу дам тутай,

-деган эди. Бундай ҳолатда фикр-қарашлар, ички изтироб ва азоблар тамоман ўзгаради. Инсон ўзини бошқа бир нигоҳда кўриб, олий бир мақсадларда сийратини тафтишдан ўтказади. Саломатликни - маломатда кўради. Руҳий ҳаётдаги шиддатли эврилиш, гўзаллик туйғусининг фавқулодда ўткирлашуви уни дунёдан йироқлаштиради. Деярли ҳамма нарса кўнглида азоб қўзғайди. На ўзидан, на дунё ва аҳли дунёдан қониқади. Шунинг учун:

Олам аҳлиға неча қилдим вафо, кўрдум жафо,
Эй кўнгул, кел-келки, тарки жумлаи олам тутай,

-дейиш нечоғлик табиий бўлса, ишқ баҳрига чўмиш, комил бир муршид қўлидан "май" - ишқ шаробини ичиб мастликка берилиш шунчалик заруриятга айланади. Аммо лаҳзаларда кечадиган ва юз очадиган фараҳли ҳол ошиқ кўнглига зоҳирий шодлик бағишламайди, аксинча, уни мисли кўрилмаган ғам-ғуссадан туғилажак қувонч оҳанглари бағрига тортади:

Эмдиким, ишрат сурудидин очилманг, эй кўнгул,
Навҳа оҳангин тузуб, бир дам сени хуррам тутай.

"Мастлиқдин ўзга йўқ дардим иложи, соқиё" дейди ғазал қаҳрамони. Ҳақиқатан ҳам шундай. Унинг эркинлиги ва ҳуррияти мана шу "мастлик"да. У ҳушёрликда билмаганини шу мастликда англаган, "Соқий" ҳиммати ва марҳамати ила ўзининг ишқ ва маърифатдан туғилган ва ҳар қанча ибрат олса арзийдиган янги "Мен"ини топган. Бу - ишқ доялик қилган шундай бир шахсиятки, у тош отганга гул отади, қаҳрга меҳр билан жавоб бера олади. Ҳар қанақа ғанимликни дўстлик билан таслим айлайди. Жаҳон ва жаҳон элининг вафосизлиги бошига бало бўлиб ёғилганида ҳам, "фано сарриштасин", яъни вафо маслагин маҳкам тутишга доимо содиқ қолади:

Чун жаҳон бирла жаҳон аҳлиға йўқ эрмиш вафо,
Эй Навоий, мен фано сарриштасин муҳкам тутай.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ ("Навоийга қайтиш" китобидан)