Алишер Навоийнинг тили, сўз бойлиги тўғрисида мақола ёзиш осон эмас. Навоийнинг лисоний олами шу қадар улкан ва беҳудуд уммонки, мутахассис ҳар қанча қунт ва изчиллик билан ҳаракат қилмасин, уни бутунисича қамраб ололмайди, Шоир асарларининг тили бўйича олиб борилган, нашр этилган илмий тадқиқотлар, бу масала юзасидан туркийшуносликда қарор топган назарий қарашлар, адибнинг «Муҳокамат-ул-луғатайн» рисоласида ва бошқа асарларида ифодаланган фикр-мулоҳазалар Навоий лисоний оламининг умумий ва муҳим нуқталарини тавсифлашга ёрдам беради. Алишер Навоий ижодини ўрганиш, унинг сирли лисоний олами билан танишиш жумҳуриятимиз мактабларининг қуйи синфларида бошланиши ҳар жиҳатдан тўғри ва ўринли удумдир. Мен ҳам Навоий шеърларини дастлаб мактабда ўқиганман. Илк бора шоирнинг қайси шеърларини ўқиганим ҳозир эсимда йўқ. Лекин шу шеърлардан олган мунгли, ёруғ, енгил таассуротларимни, мисраларнинг тотли мусиқасини, қофияларнинг оҳангини, сўзларнинг сеҳрини эслайман. Кейинчалик Алишер Навоийнинг бошқа шеърларини, насрий асарларини ўқидим, унинг диний, тарихий, фалсафий-таълимий рисолаларини ўргандим, мутахассис сифатида адибнинг тил ҳақидаги фикр-қарашларини тадқиқ этдим. Буюк шоир тасаввуримда бутун қудрати, салобати билан тажассум топа борди. Алишер Навоий — бутун туркий олам, жаҳон адабиётида бетакрор сиймо. Унинг мероси, шоирнинг ўз таъбири билан айтганда мусаннафоти, фикр-қарашлари барча кишилар учун азиз ва мўътабар. Навоий мероси, айниқса, биз учун қимматли. Алишер Навоий ўзбек маданияти, адабиёти, тили, ижтимоий фикри тарихида бениҳоя катта ўрин тутади. Унинг ижоди туркий халқларнинг ватанпарварлик ҳаракати кучайган бир шароитда камрл топди. Навоий ўзбек адабиётини намуна адабиёт — классик адабиёт даражасига кўтарди. Унинг номи Шарқнинг Фирдавсий, Низомий, Жомий каби улуғ адиблари қаторида туради. Санъат-кор ўзбек адабиётини мана шу даҳолар яратган буюк адабиёт даражасига олиб чиқди. Алишер Навоий даврида туркий шоирларн.инг кўпчилиги форс тилида ижод қилар эди. Бу шоирлар ўз она тилидан кўра форс тилида ижод қилишни афзал кўришининг сабабини Навоий ишонарли далиллар билан кўрсатиб берди. Бу сабаблардан бири форс тилида ёзиш одат, анъанага айланганлиги бўлса, иккинчиси — форс тилининг енгиллиги, деб хулоса чиқаради шоир. Форс тилининг енгиллиги дейилганда унинг сайқалланганлиги кўзда тутилади. Бу тил қаршисида ишлов берилмаган, шеърхонлик оқшомларида қўлланмайдиган, тўғрироғи, жуда кам қўлланиладиган, кундалик сўзлашув эҳтиёжларига хизмат қиладиган туркий тил шоирларнинг кўзига, ҳеч шубҳасиз, оғир, шеъриятдек нозик санъатга яроқсизга ўхшаб кўринар эди. «Муҳокамат-ул-луғатайн» асарида ўзи тўғрисида гапириб, Алишер Навоий шеър ёзишни форс тилида бошлаганини айтади. Лекин тушуниш ёшига етиб, туркий тил ҳақида фикр юритиш эҳтиёжи туғилгач, унинг кўз ўнгида зебу зийнатлари сон-саноқсиз ўн саккиз минг оламдан ортиқ олам намоён бўлгани, фазилат ва етукликда чек-чагараси бўлмаган тўққиз фалакдан ортиқ фалак кўргани, дур ва гуллари юлдузлардан равшанроқ хазина ва гулшан учратгани, аммо бу оламга ҳеч кимнинг қадами етмагани ва қўли тегмагани ҳақида ёзади. Алишер Навоий туркий адабий тилни (эски ўзбек адабий тилини) тараққий эттириш, уни кўпчиликка манзур қилиш, бу тилни шеърият дунёсига тан олдириш қанчалик қийин ва машаққатли иш эканини яхши тушунди. Бунинг учун ўша даврда Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳукмрон бўлган форс тилидаги адабиётга мазмун ва бадиий қиймат томонларидан тенг адабиёт яратиш зарур эди. Навоий бу улуғ вазифани тўла-тўкис амалга оширишга муваффақ бўлди. Шуни айтиш керакки, туркий ва форсий тилларнинг ўзаро муносабати ҳақида Навоий ўзининг қатор асарларида фикр юритди. Масалан, «Ҳайрат-ул-аброр» достонида шоир форс эли ўз она тилларида ёзилган асарларни ўқишдан хурсандлиги, туркийлар ҳам ана шундай бойликдан баҳраманд бўлишга лойиқ эканлиги, «Лайли ва Мажнун» асарининг охирида бу ривоятни туркча ҳикоя қилганлиги, туркийлар орасида хуштаъб, соф идрокли одамлар кўп эканлиги ҳақида ёзади. «Муҳокамат-ул-луғатайн» асарида туркий ва форсийнинг ифода қудрати бир-бирига қиёсланади, Бундай далилларга қараб Алишер Навоийни бутун умри давомида қизиқтирган, ўйлашга мажбур қилган лисоний муаммо — туркий ва форсий тилларнинг бир-бирига муносабати, туркий тилнинг ифода қудрати форсий тилнинг таъсирчанлигидан кам эмаслигини исботлашга интилишдан иборат бўлган экан, деган хаёлга бориш мумкин. Алишер Навоий асарлари тили билан, Навоийнинг лисоний қарашлари билан шуғулланган олимларнинг кўпчилиги ҳақиқатан ҳам шу йўсинда фикр юритиб, масалани икки тил баҳси билан чеклашга ҳаракат қилдилар. Ҳолбуки, Навоий даврида Мовароуннаҳр ва Хуросондаги лисоний муаммолар доираси икки тил баҳсига нисбатан беқиёс даражада кенг ва чуқур эди.
Алишер Навоий асарлари тилининг ўзига хос қиёфаси ва тарихдаги ўрни тўғрисида фикр юритар эканмиз, ўша даврда ҳукм сурган тил вазияти ва унинг Навоий тилига таъсири ҳам тазйиқи масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Навоий замонида Мовароуннаҳр ва Хуросонда бу ҳодиса ғоят мураккаб бўлганлигини кўрсатувчи далиллар кўп. Уларни Навоий асарларида ҳам учратамиз. «Муҳокамат-ул-луғатайн»да ўша даврда кенг тарқалган тўрт тил тўғрисида фикр юритилади. Булардан биринчиси араб тили бўлиб, шоирнинг таъкидлашича, фасоҳат ойини (равонлик, гўзаллик тарзи) ва балоғат тазйини (етуклик зийнатлари)да буюк ва ҳайратомуздир. Шу билан бир қаторда, Қуръони каримнинг, пайғамбар ҳадисларининг, буюк авлиё ва машойихлар ўгит-насиҳатларининг мана шу тилда ёзилганлиги ҳам муҳим қадрият сифатида айрича таъкидланади. Бу тилни мана шундай юксак баҳолаган ва қадрлаган Навоий ўз асарларида арабча сўз ва ибораларни кўплаб ишлатаверган ва буни табиий ҳол деб билган. Ўз асарларига ном қўйишда ҳам анъанага мувофиқ арабча сўз ва ифодалардан фойдаланган. Бундан англашиладики, ижод жараёнида Навоий ҳал қилган лисоний муаммолардан бири — бошқа тиллардан сўз олиш муаммоси — биринчи навбатда араб тилига алоқадор бўлган. Бунда, ҳеч шубҳасиз, шоирнинг Қуръон тилини мукаммал билганлиги (унинг арабча луғат тузганлиги маълум) катта ўрин тутган. «Муҳокамат-ул-луғатайн»да зикр этилган тиллардан учтаси туркий, форсий ва ҳиндий тил бўлиб, булар ҳам асл ва мўътабар тиллар сифатида тавсифланади. Навоий замонида Мовароуннаҳр ва Хуросонда форсийнинг мавқеи баланд бўлгани, туркийда ижод қилган адиблар ундан андоза олгани учун, бу тилдан туркийга сўз ўзлаштиришга ҳеч ким монелик қилмаган. Ҳозирги тилимиз билан эски ўзбек адабий тили орасидаги фарқлар кўп жиҳатдан Навоий даврида, ундан олдин ва ундан кейинги асрларда араб ва форс тилларидан олинган сўз ва иборалар ҳаддан ташқари кўпайиб кетганлиги билан изоҳланади. Ўз вақтида Абулғози Баҳодирхон ҳам бунга эътибор қилган эди. «Биздин бурун туркий тарих айтқанлар, — деб ёзган эди у, — арабий лафзларини қўшуб турурлар ва форсийни ҳам қўшуб турурлар... ўзларининг ҳунарларин ва устодлиқларини халқға маълум қилмоқ учун. Биз мунларнинг ҳеч қайсисини қилмадуқ анинг учунким, бу китобни ўқуғувчи ва тинглағучи албатта турк бўлғуси турур, бас, туркларга туркона айтмак керак, то уларнинг барчаси фаҳм қилғайлар бизнинг айтқан сўзимизни». Араб ва форс тилларидан олинган сўзларнинг кўпайиб кетганлигига, уларга тақлидан тузилган жумла ва ибораларга қараб, ҳозирги ўзбек тили эски ўзбек адабий тилининг тадрижий давоми эмас, деб исботлашга уринишлар бўлди. Бундай талқин тарафдорлари ҳозир ҳам бор. Алишер Навоийнинг бевосита иштироки ва мадади билан классик тил даражасига кўтарилган туркий адабий тил қатор манбаларда чиғатой тили, Ўрта Осиё туркийси каби номлар билан аталгани маълум. Чингизхоннинг иккинчи ўғлининг исми бўлган Чиғатой истилоҳи чиғатойилар сулоласи (1242— 1370) даврида Мовароуннаҳрда яшаган туркий ва туркийлашган қабила ва элатлар ҳамда уларнинг тили, темурийлар даврида юқори нуқтага кўтарилган туркий адабий тил ва туркий адабиёт ифода-си сифатида қўлланади. Бутун бир халқнинг маънавий хазинасини якка шахс номи билан аташ мумкин эмас. Хорижий туркийшуносликда (баъзан ўзимизда ҳам) қўлланиб келаётган чиғатой истилоҳи англатадиган тил билан бугунги тилимиз айни бир тилнинг турли босқичларими ёки бошқа-бошқа нарсаларми — мана шу масала устида фикр юритиш муҳимроқдир. Темурийлар сулоласининг сўнгги йирик вакилларидан бўлмиш Ҳусайн Бойқаро вафотидан кейин Шайбонийхон бошчилигидаги кўчманчи ўзбеклар Мовароуннаҳрни, Хуросонни, сўнгра Хоразмни забт этиб, темурийлар ҳокимиятига барҳам берди. Олимларнинг таъкидлашича, юз берган тарихий воқеанинг нозик нуқтаси шундаки, номлари айтилган жойларда сиёсий ҳокимият, тўғрироғи, ҳоким сулола ўзгарди-ю, лекин маданий муҳит, тил, адабиёт, санъат жиддий ўзгаришга учрамади. Ҳокимият тепасига келган шайбонийлар, кўчманчи ўзбеклар темурийлар даврида юксак тараққий этган, чиғатой номи билан атаб келинган лисоний, адабий, маданий анъаналарнинг бевосита ворислари сифатида майдонга чиқдилар. Янги сиёсий муҳит таъсирида чиғатой истилоҳи ўрнига аста-секин ўзбек истилоҳи қўллана бошлади. Демак, чиғатой ва ўзбек истилоҳлари билдирадиган лисоний, адабий ва маданий анъаналар бири иккинчисини ҳеч қачон рад этган эмас, улар бир йўналишдаги, бир кўринишдаги анъана-ларнинг турлича номларидир. Бу мулоҳазалар қадимги тилимизни эски ўзбек адабий тили деган ном билан аташ ҳар жиҳатдан тўғри ва асосли эканлигини кўрсатади. Алишер Навоийнинг ўзбек адабий тили тарихидаги ўрнини аниқроқ тасаввур қилиш учун туркийшуносликда кўпдан буён давом этиб келаётган яна бир илмий баҳсга тўхтаб ўтишга тўғри келади. Бу — Навоий тили, Навоий даври туркий адабий тилининг этник-лисоний замини ҳақидаги илмий баҳс. Қатор олимлар — булар орасида В. В. Радлов, Ф. Е. Корш каби таниқли туркийшунослар бор — чиғатой тилини қорахонийлар даври китобий-адабий тилининг давоми сифатида талқин этдилар. Бу талқинда жон бор, албатта. Лекин Навоий тилини қорахонийлар даври тилининг давомидангина иборат дейиш, ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу муаммони адолатли ҳал қилиш учун Навоий замонида Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаган туркий аҳолининг мавқеи, маърифий даражаси ва таркиби ҳақидаги манбаларга мурожаат қилиш лозим. Навоий даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда туркий аҳолининг мавқеи жуда юқори бўлганини кўрсатувчи далиллар кўп. Сиёсий ҳокимият туркийлар (темурийлар) қўлида бўлганлиги ҳам шундан далолат беради. Иккинчи томондан, туркийлар яйлов, қишлоқ ва шаҳарларда етакчи, кўп ҳолларда асосий ёки бутун аҳолини ташкил этарди. Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида Андижон тўғрисида гапириб, унинг аҳолиси туркийлар бўлганлигини айтади. Андижон «Эли туркдир, — деб ёзади Бобур. — Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур». Навоий даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаган туркий аҳолининг саводхонлик даражаси ва маданий-маърифий савияси қандай бўлганлиги ҳали махсус ўрганилгани йўқ. Лекин мавжуд маълумотларга таяниб, бу ҳақда маълум хулосаларга келиш мумкин. Алишер Навоийнинг қатор асарларида туркий аҳолининг шоир ва олимлари, билимдон ва ғазалхон вакиллари тўғрисида қимматли маълумотлар бор. Е. Э. Бертельс ўзининг тадқиқотларида юксак маърифатли бутун-бутун туркий оилалар ҳақида ёзади. Бу маълумотларга туркигўй шоирлар ва шеър ҳаваскорлари томонидан тез-тез ўтказиб турилган ғазалхонлик оқшомлари ҳақидаги маълумотларни қўшсак, Навоий даврида туркий аҳолининг саводхонлик даражаси, маданий-маърифий савияси юксак бўлган, туркий зиёлилар тўлақонлик, қизғин ақлий ва маданий-маърифий ҳаёт кечирган, деган хулосага келиш қийин эмас. Бу маданий-маърифий муҳит, туркий зиёлилар фаолияти ва нутқи, олий ҳокимиятнинг хайрихоҳлиги Навоий ижодий фаолиятига, унинг асарлари тилига жиддий таъсир этган омиллардан бўлганини тўла ишонч билан айтиш мумкин. Навоий даври туркий адабий тилининг этник-лисоний замини ҳақидаги масаланинг яна бир томони бор. Туркий тилнинг ифода қудратини намойиш қилиш учун «Муҳокамат-ул-луғатайн» асарида келтирилган 100 та феълнинг бир қанчаси Навоий асарлари тилида ҳам, бошқа манбалар-да ҳам учрамади. Бу далил Навоий халқнинг жонли тилига жиддий қизиқиш ва ҳурмат билан қараганидан, халқ тили бойликларини тинимсиз ўргангани, тўплагани ва улардан фойдаланганидан далолат беради. Навоий тилининг этник-лисоний замини ҳақида гапирганда, адабий-китобий анъана, туркий зиёлилар нутқи, шуларга ўхшаш бошқа омиллар билан бир қаторда шоирни қуршаган туркий халқ ва қабилалар, қавмлар тилини, Навоий асрида Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ирқий ҳамда шевага хос манзарани эътибордан соқит қилиш мумкин эмас. Бу масала дастлаб Навоий асарларида тилга олинган. «Муҳокамат-ул-луғатайн»да етти иқлимнинг ҳар бирида неча мамлакат ва вилоят борлиги, ҳар қайси мамлакатда қанча шаҳар, қасаба (қишлоқ), кент мавжудлиги, бу жойларда, даштларда, оролларда, дарё соҳилларида турли улус ва қабилалар яшаши айтилиб, «ҳар жамоат алфози (нутқи, сўзлари) ўзгаларидин ва ҳар гуруҳ иборати (иборалари, матни) ёналаридин мутағаййир (фарқли) ва бир неча хусусият била мутаммайиздурки (айрича) ўзгаларда йўқтур» дейилади. Бу ўринда Алишер Навоий турли оила тилларидан кўра туркий тиллар, туркий лаҳжа ва шевалар тўғрисида гапираётганини пайқаш қийин эмас. Навоийнинг бошқа асарларида, хусусан «Мажолис-ул-нафоис»да хоразмийча туркий тил ифодаси ишлатилгани ҳам шундан далолат беради. «Муҳокамат-ул-луғатайн» асарида умумий тарзда зикр этилган улус, қабила, жамоат ва гуруҳларнинг қайси қабила, уруғ, халққа мансублиги очиқ кўрсатилмаган. Лекил Навоий асарлари тилининг этник-лисоний таҳлили бу масалага ойдинлик киритишга ёрдам беради. Тадқиқотлар кўрсатдики, Навоий асарларида қорлуқ унсурлари билан бир қаторда ўғиз ва қипчоқ унсурлари ҳам сезиларли миқдорда учрайди. Бу фикр Навоий сиёсий вазиятига ҳам тўғри келади. Темурийлар давлатларида қорлуқлар билан бир қаторда ўғизларнинг етакчи ўрин тутганини, вақт ўтиши билан қипчоқлар таъсирининг ошиб борганини кўрсатувчи далиллар кўп. Алишер Навоий даҳосининг қудрати шунда намоён бўлдики, у мана шу турли тил, лаҳжа ва шеваларда гапирувчи туркий аҳоли учун бирдан-бир тўғри лисоний ечим топа олди. Лаҳжалардан бирини танлаб, ўзини бошқа лаҳжа ва шевалардан чеклаш йўлидан бормади. Шоирнинг ўз таъбири билан айтганда, турк назмида алам тортиб (байроқ кўтариб, юриш қилиб) мамлакатни (турк оламини) бутунлигича, тўлалигича забт этишга, якқалам қилишга (бир хил гапирадиган, бир адабий тилда сўзлайдиган қилишга) жазм этди ва бунга муваффақ бўлди, Шунинг учун ҳам қатор шарқшу-нос ва туркийшунос олимлар бу адабий тилни Ўрта Осиё туркий адабий тили сифатида талқин этдилар. Навоий тилининг ҳозирги ўзбек адабий тилига муносабатини ҳал қилишда адабий-лисоний анъаналар, яъни ёзма манбалар билан бир қаторда икки даврнинг этник-диалектологик вазиятла-рини бир-бирига қиёслаш катта аҳамиятга эга. Агар биз Навоий асарлари тилида кучли адабий-китобий анъана, араб ва форс тилларининг таъсири билан бир қаторда қорлуқ, ўғиз ва қипчоқ лаҳжаларининг излари очиқ-ойдин мавжуд эканини, бу лаҳжалар ҳозирги ўзбек тилининг таркибий қисмлари эканини ҳисобга олсак, бу хусусда икки хил фикр юритишга ўрин қолмайди. Алишер Навоийнинг бевосита иштироки ва ҳомийлигида классик адабий тил даражасига кўтарилган туркий адабий тил билан ҳозирги адабий тил айни бир тилнинг турли босқичларидир. Эски ўзбек адабий тили, хусусан Навоий тили халқимиз ижодий қудратининг бебаҳо маҳсулидир. У ҳозирги адабий тилимиз шаклланишида замин ва таянч манба бўлди. Шу билан бир қатор-да, эски ўзбек адабий тили, жумладан Навоий тили, бу тилда ёзилган ва сақланиб келаётган ада-бий, тарихий, илмий ва бошқа манбалар халқимиз учун битмас-туганмас маънавий хазинадирк Бу хазинадан оладиган руҳий озуқамиз бугунги ва келгуси ақлий-маънавий ҳаётимизнинг тўлақонли ва соғлом кечишига ёрдам беради. Навоий лисоний оламининг биз учун қиммати ва аҳамияти мана шунда.
Иристой ҚЎЧҚОРТОЕВ, ЎзФА мухбир аъзоси, филология фанлари доктори, профессор
|