Facebook
Ёр аксини майда кўр PDF Босма E-mail

Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-ҳудо,
«Ёр аксин майда кўр»деб, жомдин чиқти садо.

Ғайр нақшидин кўнгул жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.

Эй, хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синған сафол,
Жом ўлур гетинамо Жамшид, ани ичкан гадо.

Жому май гар буйладур, ул жом учун қилмоқ бўлур,
Юз жаҳон ҳар дам нисор, ул май учун минг жон фидо.

Дайр аро ҳуш аҳли расво бўлғали, эй муғбача,
Жоми май тутсанг мени девонадин қил ибтидо.

Токи ул майдин кўнгул жомида бўлғач жилвагар
Чеҳраи мақсуди маҳв ўлғай ҳамул дам моадо.

Ваҳдате бўлғай муяссар май била жом ичраким,
Жому май лафзин деган бир исм ила қилғай адо.

Сен гумон қилғандин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.

Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин
«Ишрабу, ё айюҳал-атшон» келур ҳар дам нидо.

Жом қуёшидан ҳидоят нурлари таралмоқда.
«Ёр аксини майда кўр» деб жомдан садо чиқди.

Эй соқий, кўнгул жомида рақиб акси туфайли ғам занги пайдо бўлса, ваҳдат майидек бу ғамдан халос қилувчи нарса топилмайди.
У майни синган бир сафолга қуйиб ичилса, жом жаҳоннамога, уни ичган гадо эса Жамшидга айланиши аниқ.
Жом билан май шундай бўлса, у жом учун ҳар дамда юз жаҳонни бағишлаб, у май учун минг жонни фидо қилсанг арзийди.
Эй, май ташувчи бола, дайр ичида ҳуш аҳлини расво қилмоқ мақсадида май жоми тутсанг, уни мен девонадан бошлайқол.
Токи ўша майдан кўнгул жомида маҳбуба чеҳраси жилва топса, ўша ондаёқ Оллоҳдан бошқа ҳамма нарса маҳв бўлгусидир.
Жом ичидаги май билан ваҳдат муяссар бўлади. Инсон жому май сўзларини бир сўз билан ифода этади.
Эй зоҳид, сен гумон қилганингдан ҳам ўзгачароқ жому май мавжуддир. Билмай туриб бу майхона аҳлини инкор этма, қоралама.
Эй Навоий, сен ташналаб бўлма, чунки ҳар дам азал соқийсидан «Ичинглар, эй ташналар!» деган хитоб келади.

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан