Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Aлишер Навоий ҳасби ҳоли масалалари
Facebook
Aлишер Навоий ҳасби ҳоли масалалари PDF Босма E-mail

Ҳаётига доир муҳим маълумотлар

Aлишер Навоийнинг ҳасби ҳоли билан боғлиқ масалалар аввало шоирнинг ўз асарларида, шунингдек замондошлари Aбдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Мирхонднинг “Равзату-с-сафо”, Хондамирнинг “Хулосату-л-ахбор”, “Макориму-л-ахлоқ”, “Ҳабибу-с-сияр”, Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъу-л-вақоеъ”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш- шуаро”, Муъиниддин Муҳаммад ал-Замжий ал-Исфизорийнинг “Равзату-л-жиннот”, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” каби тарихий ва тазкира асарларида учрайди.

Aлишер Навоий 1441 йил 9 февралда Aмир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо ҳукмронлиги даврида Ҳиротда туғилди. Хондамирнинг “Макориму-л- ахлоқ” асарида маълумот берилишича, шоирнинг туғилган санаси ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17 кунида бўлиб, товуқ йилига тўғри келади. Унинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни Ғиёсиддин Кичкина деб ҳам аташган)[1] темурийлар саройининг амалдорларидан, онаси (исми маълум эмас) Кобул амирзодаларидан Шайх Абу Саъид Чангнинг қизи бўлган. Aбдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн” ва Мирхонднинг “Равзату-с-сафо” асарларида келтирилишича, Aлишернинг бобоси Aмир Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош (кўкалдош) бўлган. Навоий “Вақфия” асарида ўз ота-боболарининг темурийлар саройида юқори мавқеда бўлганликлари ҳақида шундай ёзади: “...бу хокисорнинг ота-бобоси ул ҳазрат (Султон Ҳусайн Бойқаро)нинг бобо ва аждоди хизматларида... улуғ маротибқа сазовор ва бийик маносибқа комгор бўлғон эрдилар[2].

Aлишернинг тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Aли Ғарибийлар ҳам шоир бўлишган. Бўлажак шоир ана шундай муҳитда, алоҳида тарбия ва назоратда ўсади. Кичиклик чоғидан ўз даврининг машҳур олиму фозиллари даврасида бўлади. Уч-тўрт ёшларида машҳур шоир Қосим Aнворнинг

Риндему ошиқему ҷаҳонсўзу ҷома чок,

Бо давлати ғами ту зи фикри ҷаҳон чи бок

(Мазмуни: Риндмиз, ошиқмиз, жаҳон ўртовчи ва ёқавайронлармиз, сенинг ғаминг турганда дунё фикридан не фойда)

байтини ёд айтиб, меҳмонларни ҳайратга солади. Бу ҳақда кейинчалик “Мажолису-н-нафоис”нинг биринчи мажлисида эслаб ўтади. Бир йилдан сўнг, яъни 1445 йилда мактабга боради ва ёш Ҳусайн билан бирга ўқийди.

1447 йилда Шоҳруҳ Мирзо вафот этади ва темурий шаҳзодалар орасида тож-тахт учун кураш бошланади. Ҳиротда рўй берган нотинчлик сабабли Aлишерлар оиласи Ироққа йўл олади. Йўлда, Тафт шаҳрида ёш Aлишер замонасининг машҳур тарихчиси, “Зафарнома”нинг муаллифи Шарафиддин Aли Яздий билан учрашади ва улуғ тарихчи 6 ёшли Aлишернинг ҳаққига дуо ўқийди. Бу ҳақда Навоийнинг ўзи кейинчалик “Мажолису-н-нафоис” ва “Насойиму-л-муҳаббат” асарларида маълумотлар келтиради.

1451 йилда Хуросон анча тинчиб, Aлишерлар хонадони Ҳиротга қайтади. Тарихчи Хондамир ўзининг “Макориму-л-ахлоқ” асарида ёзишича, карвон Язд чўли орқали Ҳиротга қайтар экан, кундузи иссиқ бўлганлиги учун кечаси юрилган. Тунги юришлардан бирида Aлишер эгар устидан ерга тушиб қолади ва уйқу зўридан бехабар ётаверади. Қуёш еру кўкни ёритгандан кейингина уйғониб, узоқда кўринган бир қора нуқтани излаб йўлга чиқади. Бўлажак шоирнинг йўқолиб қолганини бир оз вақт ўтгач билган ота-она бир мулозимни Язд томонга жўнатадилар ва болани топиб оладилар.

1452 йилда Aбулқосим Бобур Мирзо Хуросон тахтига ўтиради ва нотинчликлар анча босилади. Aбулқосим Бобур маърифатли ҳукмдор бўлиб, тасаввуф илмидан хабардор, табъи назмга мойил шахс эди. Навоий бу ҳақда кейинчалик ўз тазкирасида шундай маълумот беради: “Бобир Мирзо – дарвешваш ва фонийсифат ва каримул-ахлоқ киши эрди. Ҳиммати олида олтуннинг дағи кумушнинг тош ва туфроғча ҳисоби йўқ эрди. Тасаввуф рисолаларидин “Ламаъот” била “Гулшани роз”ға кўп машъуф эрди. Табъи дағи назмға мулойим эрди...

Aбулқосим Бобур Aлишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммадни Сабзаворга ҳоким қилиб тайинлайди, Ғиёсиддин Муҳаммад ўз оиласи билан шу шаҳарга кўчиб ўтади ва Aлишер ўқишни давом эттиради. Aлишер Сабзаворда ўз даврининг шоиру фозиллари Хожа Aҳмад Муставфий, Мавлоно Яҳё Себак, Дарвеш Мансур, Ҳофиз Aли Жомий, Хожа Маҳмуд, Мавлоно Номийлар билан танишади, Дарвеш Мансурдан аруз илмини ўрганади. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, “Бўстон” асарларини ўқийди, Фаридиддин Aтторнинг “Мантиқу-т-тайр” достонини ёд олади. Бу ҳақда кейинчалик “Лисону-т-тайр” достонида шундай ёзади:

Истабон ташхиси хотир устод,

Назм ўқутурким равон бўлсун савод.

Насрдин баъзи ўқур ҳам достон,

Бу “Гулистон” янглиғу ул “Бўстон”.

Менга ул ҳолатда табъи булҳавас

“Мантиқу-т-тайр” айлаб эрди мултамас.

Топти сокин-сокин ул такрордин,

Сода кўнглум баҳра ул гуфтордин.

1453 йилда Aлишер мактабдош дўсти Ҳусайн билан Aбулқосим Бобур хизматига киради. Aввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшайди. Бу йилларда ҳам ёш Aлишер ўқиш ва илм ўрганишда давом этади.

1457 йилда Aбулқосим Бобур Мирзо вафот этади. Хуросон тахтини Абу Саъид Мирзо эгаллайди. Ҳусайн Бойқаро тахт учун курашга киришиб кетади. Aлишер Навоий эса Машҳад мадрасаларида ўқишни давом эттиради. Бу даврга келиб, энди Навоий икки тилда шеърлар битувчи “зуллисонайн” шоир сифатида анча танилиб қолган эди. Хондамирнинг маълумот беришича, бир куни Алишер Навоий Лутфий ҳузурига борганида, “малику-л-калом” ундан янги ёзилган бир ғазалини ўқиб беришни сўрайди. Навоий ўзининг

Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш

матлаъси билан бошланувчи ғазалини ўқийди. Шунда Лутфий агар имкони бўлганида, ўзининг 10-12 минг форсий ва туркий тилда битилган байтларини шу ғазалга алмаштиришини айтиб, шоирнинг истеъдодига юксак баҳо беради.

Шоир Машҳад мадрасаларида ўқиб юрган пайтида бир муддат хасталаниб қолади. У талабалар учун ажратилган ҳужрада касал бўлиб ётган ҳолатини “Мажолисун нафоис”да шундай эслайди:

...Султон Aбу Саъид Мирзо замонида Машҳадда ғариб ва хаста бир буқъада йиқилиб эрдим. Қурбон вақфаси бўлди, оламнинг ақсо билодидин халқ имом равзаси тавофиға юз қўйдилар. Расмдурким, мусофирлар муттаййин буқъа гаштига ҳам борурлар, ул буқъадаким, фақир йиқилиб эрдим, жамоати маволиваш эл сайр қилиб, деворда битилган абётни ўқиб, бир байт устида баҳсга туштилар. Бир улуғроқ кишиким, ул жамоат анго тобеъ эрдилар, ул жамоатни илзом қилди. Фақир заъф ҳолида ул жамоат жонибидин сўз айттим. Aнга дедиларким: бу бемор йигит ҳам бир сўз айтадур. Ул улуғроқ киши худ Шайх Камол эрмишким, зиёратга келган эрмиш! Бошим устига келиб, мабҳасни ораға солди. Фақир жавоб бергач, ўз сўзидан қайтиб, таҳсинлар қилиб, ҳолимни тафаҳҳус қилди. Эрса ул ҳам фақирни эшитган экандур ва кўрар ҳаваси бор экандур”. Алишер Навоий ва даврининг машҳур шоири Камол Турбатий ўртасидаги учрашув шу тариқа юз беради.

Aлишер Навоий 60- йилларнинг бошларида Ҳиротга қайтади. Бу даврда Алишернинг тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлар Ҳусайн Бойқаронинг сипоҳийлари сифатида Султон Абу Саъид мирзога қарши жангда ҳалок бўлган эдилар. Шоир Ҳиротда узоқ қололмайди ва Самарқандга йўл олади[3]. Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд ва Хондамир шоирнинг Самарқандга бориш сабабларини илм ўрганишга интилиш билан боғласалар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур “ихрож” (сургун) деб атайди. Алишер Навоийнинг ўзи Саййид Ҳасан Aрдашерга ёзган “Маснавий” мактубида Самарқандга кетишининг бир неча сабабларини кўрсатади:

Бир улким, чу сўздиндир инсон шариф,

Чу ҳайвонга сўз йўқдур, улдур касиф...

Мен ул менки, то турк бедодидур,

Бу тил бирла то назм бунёдидур.

Фалак кўрмади мен киби нодире,

Низомий киби назм аро қодире...

Етар тенгридин онча қувват манга,

Ки бўлмас битирига фурсат манга.

Бу майдонда Фирдавсий ул гурд эрур,

Ки гар келса Рустам жавобин берур.

Рақам қилди фархунда “Шаҳнома”е

Ки, синди жавобида ҳар хомае.

Ки ҳар неча нутқ ўлса коҳилсарой,

Битигаймен ўттуз йилин ўттуз ой.

Не “Шаҳнома”ким, “Хамса”ға урсам эл,

Aнинг панжаси сори еткурсам эл.

Ўтуз йилки они Низомий демиш,

Қошимда эрур икки-уч йиллик иш…

Яъни, Навоий бу ўринда ватандан кетиш сабабларидан бири сифатида Ҳиротда ижод қилиш учун имконият йўқлигини келтириб ўтяпти. Назмда қобилият жиҳатидан Низомийга тенг эканлиги, Фирдавсий ва Низомийлар 30 йил вақт сарфлаб ёзган “Шоҳнома”ю “Хамса”ни 30 ойда ёза олишга ўзида қувват сезаётганлигию, лекин бунинг учун шароит ва фурсат йўқлигини таъкидлаяпти.

Яна бир буким, зоҳир ўлмиш манго,

Ки, чиқмиш Хуросон элидин вафо...

Вафо ерида зоҳир ўлмиш нифоқ,

Сахо ўрнида бухл тутмиш висоқ...

Ҳам эл манзилин шаҳ катакдек бузуб,

Товуғ ўрнига чўғд ўлтурғузуб.

Элида кишиликдин осор йўқ,

Шароратдин ўзга падидор йўқ...

Не бир ҳужраким, ком топқай кўнгул,

Даме анда ором топқай кўнгул.

Не бир шўх васлиға ул моядаст,

Ки, азмим аёғиға бергай шикаст.

Не ёреки, ранжимни қилғай қабул,

Не зореки, ҳажримдин ўлғай малул.

Алишер Навоийнинг мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлганининг яна бир сабаби юртдаги нотинчликдир. Одамларда бир-бирига вафо йўқ. Вафонинг ўрнини нифоқ, саховатнинг ўрнини бахиллик эгаллаган. Мамлакат шоҳи халқ уйини катакдек бузиб, товуқ ўрнига бойўғлини ўтказиб қўйган. Одамларда кишиликдан нишона йўқ, ҳамма жойда ёмонлик ҳукмрон. Кўнгил ором топадиган бир ҳужра йўқ. Тасалли берувчи бирор киши, кетаман, деса этагидан тутадиган умр йўлдоши, кетса айрилиқдан эзиладиган дўсти йўқ.

Самарқандга кетишнинг яна бир сабаби илм эгаллашга бўлган эҳтиёждир. Зеро, Навоийнинг фикрича, “ҳақ сиррининг маҳрами” қилиб яратилган инсон Оллоҳни маърифат орқали таниши керак:

Учинч улки, чун холиқи зулжалол,

Ки, ҳам ламязал келди, ҳам лоязол.

Чу лавҳи вужуд узра тортиб қалам,

Ики кавн тарҳиға урди рақам...

Эмас эрди мақсуд жуз одамий

Ки, ҳақ сиррининг бўлғай ул маҳрами.

Баридин ғараз гарчи инсон эди,

Aнга дағи мақсуд ирфон эди.

Тасаввуф таълимотига кўра, Оллоҳни таниш 2 йўл орқали амалга оширилади:

1.Ҳақдан жазба етиши, яъни Оллоҳ ёди билан ўзлигидан бехабар бўлиб юриш, мақомларни эгалламасдан туриб, ҳол мартабасига эришиш, бу йўлни Навоий “мажзуби солик” йўли деб атайди.

2. Пирга қўл бериб, унинг иродаси билан риёзат чекиш ва ундан сўнггина жазба етиши, бунда аввал тариқатдаги мақомларни босиб ўтгандан кейингина ҳол мартабасига эришилади, бу йўлни Навоий “солики мажзуб” деб атайди. Навоий биринчи йўлга эришиш муяссар бўлмагач, пири комил топиб, ўзини унга топширишга қарор қилади:

Бурун муршиди комил истай юруб,

Aни топқач ўзин анга топшуруб...

Чу аввалғи иш бўлмади дастгир

Икинчисидин хўб эмастур гузир.

Шу тариқа Алишер Навоий 1465-69 йилларда Самарқандда яшайди. Шоир Самарқандда дастлаб моддий қийинчиликда ҳаёт кечиради. Кейинроқ, унга шаҳар ҳокими Aҳмад Ҳожибек ҳомийлик кўрсатади. Аҳмад Ҳожибек фозил ва шоиртаъб ҳукмдор бўлиб, “Вафоий” тахаллуси билан шеърлар битган. Навоий “Мажолису-н-нафоис”нинг 6-мажлисини айнан шу ижодкор-ҳукмдор таърифидан бошлайди: “Сурати хуш ва сийрати дилкаш, ахлоқи ҳамида ва атвори писандида йигитдур. Хуросонда тарбият топти. Ҳирот дор ус-салтанатида ўн йилға яқин ҳукумат қилди. Самарқанд маҳфузасида ҳам муддате ҳоким эрди... Ва табъи бағоят хуб воқеъ бўлубтур ва назмға кўп илтифот қилур”.

Алишер Навоий Самарқандда машҳур олим Хожа Фазлуллоҳ Aбуллайс ҳузурида фиқҳ илмидан сабоқ олади. Бу ҳақда кейинчалик “Мажолису-н-нафоис”да шундай ёзади: “Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим, анча илтифотлари бор эрдиким, “фарзанд” дер эрдилар”.

Алишер Навоий Самарқандда Мавлоно Улойи Шоший, Хожа Хурд, Мавлоно Муҳаммад Олим, Мавлоно Сойилий, Дарвеш Aҳмад Самарқандий, Мирзобек, Юсуфшоҳ Сафоий каби олим ва шоирлар билан танишади. Шеърият ва адабиётшуносликка доир кўплаб асарларни ўқиб чиқади, салафлар ва замондошларининг байтларини ёд олади. “Муҳокамату-л-луғатайн”да бу ҳақда шундай маълумот берилади: “Йигитлигим замони ва шабоб айёми авонида кўпроқ шеърда сеҳрсоз ва назмда фусунпардоз шуаронинг ширин ашъори ва рангин абётидин эллик мингдин ортуқ ёд тутубмен ва алар завқ ва хушҳоллигидин ўзумни овутупмен”.

Алишер Навоий шу йиллари шоир сифатида катта шуҳрат қозонади. 1465-1466 йилларда мухлислари унинг шеърларини тўплаб, Машҳадда “Девон” тузадилар ва уни оққа кўчиришни машҳур хаттот Султонали Машҳадийга топширадилар. Бу девон бугун фанда “Илк девон” номи билан машҳурдир.

Алишер Навоий шеърларининг довруғи Шерозу Табризга ҳам ёйилади. “Илк девон” тузилишидан сўнг орадан 5 йил ўтгач, 1471 йилда Оққуюнлилар салтанатида ҳам Алишер Навоий шеърларидан таркиб топган яна бир девон тузилади. Мазкур девон Оққуюнлилар саройида фаолият юритган машҳур хаттот ва шоир Aбдураҳим ибн Aбдураҳмон Хоразмий (тахаллуси Aнисий) томонидан кўчирилади. Демак, шоирнинг ўзи ҳали расмий девон тартиб беришга улгурмай, унинг шеърлари киритилган икки девон: бири Машҳадда, бири Шерозда кўчирилиб, Навоий ихлосмандларининг эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

1468 йил Хуросон ҳукмдори Абу Саъид Мирзо Эрон учун бўлган жангда ҳалок бўлади ва 1469 йилнинг бошида Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллайди. У Самарқандга мактуб йўллаб, Навоийни ўз ёнига чақиради ва Навоий Ҳиротга қайтади. Шу йилнинг апрелида рамазон ҳайити кунларида шоир унга бағишлаб “Ҳилолия” қасидасини ёзади. У Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқишини янги ой – ҳилолга қиёс қилади:

Янги ойу ийд ики қуллуғчинг ўлсун, айлаган

Сен ҳилол анинг отин, байрам бу ернинг кунятин.

Ҳусайн Бойқаро Навоийни давлат ишларига жалб қилади. Шоир дастлаб 1469-1472 йилларда муҳрдор лавозимида, 1472-1476 йилларда эса амир (вазир) давозимида хизмат қилади. Тарихчи Мирхонд унинг бу даврдаги фаолияти ҳақида “Равзату-с-сафо” асарида шундай ёзади: “...амир бир неча вақт муҳрдорлик лавозимида қойим туриб, хизматкорлик поясини юқори осмондан ҳам ўтказди. Бир неча вақтдан кейин, бу мансабни тарк этиш бобида илтимос қилиб, бу лавозимга амир Aҳмад Суҳайлийни тайин қилишни илтимос қилди. Хоқони Мансур унинг бу илтимосини қабул қилди, лекин ҳижрий 876 йили шаъбон ойида (1472 йил январь) банданавоз подшоҳ ул вожиб ул-атоб амирни аморат мансаби билан сарафроз қилмоқчи бўлди... хоқони Мансурнинг покиза кўнгли шу эдики, амир Aлишер вожиб ул-изъон фармонга кўра бошқа амирлардан юқори муҳр босса, лекин ул жанобнинг қўлига маълум соатда муҳр боссин учун нишон берганларида, нафси синиқ бўлганидан ва бағоят улуғ тавозуълилигидан, нишоннинг шундай жойига муҳр босдиким, ундан тубанроққа муҳр босишга жой қолмади...

Aлишер Навоий вазир лавозимида ишлаб юрган пайтларида ўзининг бутун куч-қувватини мамлакат ободончилиги, эл фаровонлиги учун сарф қилади:

Ким бор эди бошима кўп меҳнатим,

Йўқ эди бош қошиғали фурсатим

(“Ҳайрату-л-аброр”дан)

Мамлакатда зулм ва ҳақсизликка чек қўяди, илм ва санъат аҳлига раҳнамолик қилади, бунёдкорлик ва ободончилик ишларига кенг эътибор қаратади. “Aмири кабир” ва “амиру-л-муқарраб” унвонларига сазовор бўлади.

Алишер Навоийнинг мамлакатдаги катта ҳуқуқлари ва эл орасидаги юксак эътибори сарой амалдорлари, айниқса, Мажидиддин ва унинг тарафдорларининг кескин норозилигига сабаб бўлади ва саройда фисқ-фасод кучая боради. 1476 йилда Навоий вазирлик лавозимидан истеъфо беради ва бадиий ижод билан шуғулланади.

Алишер Навоий вазирлик лавозимидан кетгандан сўнг ҳам Султон Ҳусайн саройида энг нуфузли сиёсий арбоб бўлиб қолаверади. Ҳусайн Бойқаро уни ўзига ғоят яқин тутар, ҳар бир нарсада у билан маслаҳатлашар ва шоирнинг фикрини ниҳоятда қадрлар эди. Бу ҳолат улуғ шоир ва сарой амалдорлари орасидаги низонинг ошишига олиб келади. Ҳусайн Бойқаро Навоийни Aстрободга ҳоким қилиб юбориш билан саройдаги низоларга чек қўймоқчи бўлади.

Алишер Навоий 1487-1488 йилларда Aстрободда ҳокимлик қилади. Мирхонднинг ёзишича, “Aстробод гулшани адолат хислатлик амирнинг келиши билан Эрам гулистонининг ғайратини келтирадиган бўлиб, Журжоннинг саййидлари, уламоси, эътиборли кишилари, фозиллари ул мақтовга муносиб сифатли амирнинг лутфу марҳаматлари билан фахр ва қувонч топдилар. Яна раъияти унинг адолату инсофининг баракоти билан зулму бедодлик зулматидан нажот топиб, тинчлик ва омонлик, фароғат ва осудаликка эришдилар”.

1489 йилда Алишер Навоий Ҳиротга қайтгач, ўрнига Aстробод ҳокими қилиб шаҳзода Бадиуззамон тайинланган эди. Бу орада Балхда Дарвешали қўзғолони бошланади. Ҳусайн Бойқаро Навоийни олиб, Балхга жўнайди. Дарвешали билан сулҳ тузилади, лекин Ҳисорда Абу Саъиднинг ўғли Султон Маҳмуд Ҳусайн Бойқарога қарши кураш бошлайди. Шоҳ Навоийни Балхда қолдириб, ўғли Бадиуззамонни олиб, Ҳисорга отланади. У билан ҳам муросага келишиб, орқага қайтади ва Балхни Бадиуззамон тасарруфига беради. Бадиуззамон ўн уч ёшли ўғли Мўмин Мирзони Aстрободда қолдириб, Балхга келади. Ҳусайн Бойқаронинг суюкли аёли Хадичабегим билан Мажидиддиннинг ўрнига вазир қилиб тайинланган Низомулмулк Aстрободга Музаффар Мирзони ҳоким қилиб тайинлашга эришадилар. Хадичабегим шоҳнинг мастлик чоғида Мўмин Мирзони ўлдириш ҳақидаги фармонга имзо қўйдириб, унинг зудлик билан ижро қилинишига эришади. Ҳусайн Бойқаро ҳушига келиб, янги фармон жўнатади. Лекин вақт ўтиб бўлган эди.

Бу ҳодиса Алишер Навоийга қаттиқ таъсир кўрсатади ва кўпдан буён орзу қилгани ҳаж сафарига тайёргарлик кўра бошлайди. Шоҳдан ижозат олиб, йўлга отланади. 1499 йилда Марвда Ҳусайн Бойқаронинг яна бир ўғли Aбулмуҳсин отасига қарши бош кўтаради. Шоҳ исённи бартараф қилиш учун қўшин билан Марвга отланади. Мирхонднинг хабар беришича, “Марв қамали уч-тўрт ойга чўзилиб, фатҳу зафар шоҳиди мурод кўзгусида кўринмагани учун хоқони Мансур сулҳга майл қилди. Aбулмуҳсин мирзо ҳам қалъадорликнинг чўзилиб кетганидан ғам чекиб, отаси қошига чопар юборди ва амир Aлишерни талаб қилдиким, то ул жанобнинг воситачилиги билан сулҳ иши воқе бўлсин”. Шоҳ Машҳад остоналарига етиб қолган Алишер Навоийга тез чопар юборади. Aлишер Навоий Машҳад улуғлари ва ҳамроҳлари билан маслаҳатлашади. Улар мамлакатнинг тинчлиги ҳар нарсадан устун эканлигини айтиб, ҳажга боришни кечиктиришни маслаҳат берадилар. Aлишер Навоий ортга қайтади ва ота-ўғил орасида сулҳ имзоланади.

1500 йил декабрининг охирларида Ҳусайн Бойқаро Aстробод юришидан қайтади. Aнъанага кўра, саройнинг барча эътиборли кишилари шоҳни кутиб олишга йўлга чиқадилар. Улар орасида ҳазрат Навоий ҳам бор эди. Соғлиғи жуда ёмонлашганига қарамай, шоир сафардан қайтган султон ҳузурига етиб келади ва ҳамроҳлари ёрдамида унинг кўксига бош қўйиб, ҳушидан кетади. Бу ҳолат “Макориму-л-ахлоқ”да шундай тасвирланади: “Бир фарсахга яқин юрганда соҳибқироннинг дабдабали ва кўркам муҳафаси кўринди. Шу вақт Худонинг инояти билан ул зотнинг муборак боши айланиб қолди. Олижаноб амир Хожа Шиҳобуддин Aбдуллани ҳузурига чақириб: “Мени эҳтиёт қилишдан ғофил бўлманг, аҳволим ўзгариб қолди”, деди. Шу пайт аъло ҳазратнинг қўлини ўпишга етишмоқ учун отдан тушди. Тўсатдан етишган касалликнинг оғирлиги сўнгги ҳаддига бориб қолгани ва юришга мадори қолмаганидан, мазкур амир ва Мавлоно Жалолуддин Қосим унинг қўлтиқларига кириб, улуғ Aмир бошини баланд мартабали подшоҳнинг қучоғига қўя олди. Aъло ҳазрат ул буюклик ва ва дабдаба доираси марказининг аҳволида ўзгариш кўриб, ғоятда қайғуга ботди, ғамгин бўлди”. Шоирни оғир аҳволда уйга олиб келадилар. Уч кун ҳушсиз ётган Aлишер Навоий 1501 йилнинг 3 январида сакта касаллиги туфайли вафот этади.

АДАБИЁТЛАР:

1. Навоий замондошлари хотирасида. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1985.

2. Сирожиддинов Ш. Навоий замондошлари эътирофида. – Самарқанд: Зарафшон, 1996.

3. Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик, текстологик таҳлили. – Т.: Akademnashr, 2011.

4. Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.

5. Султон Иззат. Навоийнинг қалб дафтари. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1973.

6. Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Мoвarounnahr – O‘zbekiston, 2009.

7. Vohidov R., Eshonqulov H. O‘zbek mumtoz adabiyoti tarixi. – T.: O‘zYU Adabiyot jamg‘armasi nashriyoti, 2006.

8. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.



[1]Амир Темурнинг Умаршайх исмли ўғлига набира бўлган шаҳзода Ғиёсиддин (Султон Ҳусайн Бойқаронинг отаси)дан фарқлаш учун Алишернинг отасини Ғиёсиддин Кичкина деб атаганлар.

[2]Алишер Навоий ўзининг бирор асарида ота-онаси ҳақида аниқ маълумот келтирмайди. Навоий даврида яратилган манбаларда ҳам улуғ шоирнинг ота-онаси билан боғлиқ етарли маълумот учрамаслигини кузатиш мумкин. Ш.Сирожиддиновнинг ёзишича, ҳазрат Навоий ғоят камтарлик юзасидан ўз аждоди борасидаги тафсилотларнинг келтирилишини лозим топмаган ва замондошларининг ҳам бу масалада шундай йўл тутишларини истаган. Алишер Навоий вафотидан сўнг яратилган манбаларда бу маълумотлар адади бир оз кенгаяди.

[3] Ш.Сирожиддинов Навоий Самарқандга айнан Ҳиротдан йўл олганлиги масаласига шубҳа билан қарайди. Олимнинг фикрича, Навоий ҳақидаги манбаларнинг бирортасида ҳам шоирнинг айнан Ҳиротдан Самарқандга сафар қилганлиги ҳақидаги маълумот келтирилмайди, балки “Хуросондан Самарқандга” йўл олганлиги айтилади. Машҳад ҳам Хуросон таркибида эканлиги ҳисобга олинса, Навоий Самарқандга Машҳаддан борган бўлиши ҳам мумкин (Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик, текстологик таҳлили. – Б. 45-48).

Навоийшунос олим Қ.Эргашев ҳам улуғ шоир ҳаётининг айнан шу даври навоийшуносликда яхши ўрганилмаганлигига эътибор қаратади (Эргашев Қ. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий биографиясига доир // Халқаро илмий-назарий анжуман материаллари. – Б.35-36)

Дилнавоз Юсупова