Қиёлаб ўтди. Чархий - МУХАММАСЛАР |
4 дан 6 сахифа
МУХАММАСЛАР ЗЕБО ҚЎҚОН (Мушоира) Эй азамат ҳур Ватан, болангдир зебо Қўқон, Назму наср гулшани, санъати аъло Қўқон, Барча юраклар сенинг завқингга ошно, Қўқон, Қалбида чин маърифат нурлари пайдо, Қўқон, Шеърият иқлими деб айладик иншо, Қўқон, Нодира, Маҳзунанинг даврада қадри баланд, Бир неча ҳаттотлар сенга бўлиб меҳри банд, Шори Мирзо, Ғариб, Ҳамза, Замирий, Писанд, Мард элим илҳомидан шеърининг мазмуни қанд, Мадҳинг учун анжуман айлади пайдо, Қўқон. Тингламади кар давр аҳли қаламдан тониб, Бўлди Ватандан жудо Фурқат ўтиб, ўртаниб, Ҳужрада нур истабон кетди Муқимий ёниб, Завқий ёвуз бандида ётганда тўлғаниб, Берди замонам сенга эрк ила оро, Қўқон. Кунда чиройинг очар марду вафодорларинг, Олима, олимларинг, ишчи фидокорларинг, Қўшгай умрга умр яхши шифокорларинг, Янги ҳаёт дарсини берди зиёкорларинг, Ҳар бири фан машъали –бу Али Сино, Қўқон. Минг яша, юрту элим, мадҳу тарона сенга! Ҳурмати соз тарбиянг, раҳматим, она, сенга! Шеърга башар рағбати – меҳри нишона сенга! Қутлуғ пешонанг силаб боқди замона сенга! Халқ севади шу сабаб ҳуснингга шайдо, Қўқон. Пиру бадавлат ҳамма, кўрку жамолинг тилар, Фахри баланд кекса-ёш, кампиру чолинг тилар, Шарбати оби ҳаёт мавжи зилолинг тилар, Ёнида Комил билан Чархий камолинг тилар, Гуркира тўлқин уриб, нисбати дарё, Қўқон. ҚАЛАМ МУСТАЗОДИ (мухаммас) Ҳаётим ичра ўзинг олий ҳимматим, қаламим- Ки, соҳиби карамим. Кўнгилнингдардига ҳамдард, улфатим, қаламим, Ҳамон фарахли дамим. Умрнинг лаззати. Файзу шарофатим, қаламим, Хазинасан деганим. Дилимда оташи ишқу, ҳароратим қаламим, Ҳамиша истаганим. Кезарда фикрим очиб, бирга сайри боғ қиласан, Ғамим йироқ қиласан, Қоғозда йўрғалашингдан дилим булоқ қиласан, Сериштёқ қиласан. Неча гоҳи адашсам, тутиб сўроқ қиласан, Мени синоқ қиласан, Саҳифа устида нозик ишоратим, қаламим, Бинои муҳташамим. Кўзимга нур , дилимга суруру танга мадор. Ҳамиша лайлу наҳор, Сўзимга ҳусну юзимга зиё, бу ҳақли шиор, Ташаккурим минг бор, Муҳаббат аҳлининг ҳар базмида вафоли нигор, Иноқ, ҳамдаму ёр, Сенинг билан қишу ёзим ҳамишадир гулзор, Туганмагай зинҳор, Сенинг билан бу ҳузуру ҳаловатим, қаламим, Ҳаёти мунтазамим. Сени авайлаб, ўзимни қилиб фидо тутаман, Шу муддао тутаман, Ўпиб-ўпиб юзу кўзга суриб бажо тутаман. Дилимда жо тутаман, Бахилнинг илгида бўлмоқни, нораво тутаман, Унга асо тутаман, Саҳий қўлин узатур бўлса марҳабо тутаман, Билиб раво тутаман, Камина Чархийга айни саодатим, қаламим, Вафоли муҳтарамим. 1960 йил. БИР ЛАГАНБАРДОР МАЙПАРАСТГА ДАККИ Сенинг саргузаштинг баланд, гоҳи паст, Кеча сўфи эрдинг, бугун майпараст, Тинимсиз ичардинг, бўлиб маст-аласт, Юзинг заъфарону ўзинг дастма-даст, Шу ўтмишингга нима ҳам дейсан, Гапирай дейсану гапиролмайсан. Қуллоби нафасинг кенг Бухорогача, Ютардинг наҳангдан аждаҳогача, Агар Поп ўлмаса Сирдарёгача, Оқибат етибсан шу савдогача, Дилинг йўқ, тилинг йўқ, нима ҳам дейсан, Гапирай дейсану гапиролмайсан. Амал авжида иш тароққо-туриқ, Вале одамиятда сурпанг қуруқ, Чўзилса, кўпайди неча эл уруғ, Чўзилди, чўзишмас эса йўл-йўриқ, Бало иблисисан, нима ҳам дейсан, Гапирай дейсану гапиролмайсан. Ишга йўқ, улушга жуда чаққонсан, Бир куни тулкисан, бир кун қоплонсан, Сув оқар томонга қараб оққансан, Мушукдан без тилаб, безга ёққансан, Бир улуғ даргоҳда қўтир эчкидек Сурканиб қолгансан, нима ҳам дейсан. Иш берди ишингга бу елимлигинг, Шайтонни дарсидан ё билибмидинг, Айбингни яширди “патхалим”лигинг, Билинмай кетди-ку беилимлигинг, Ҳар қандай нафракнинг кир либосига Бурканиб олгансан, нима ҳам дейсан. Бир касбинг иғвогар, фасод турмушинг, Бировлар тинчини бузишдир ишинг, Ўтар ғамда ёзинг, аламда қишинг, Зарардур, зарардур бутун қилмишинг, Гапир, эй балохўр, нима ҳам дейсан, Гапирай дейсану гапиролмайсан. Оиланг, фарзандинг хижолатдадур, Мабодо одобга еткизса путур, Ўзинг бехижолат, уйинг беҳузур, Ғинг этсанг, дегайлар ўзингга гапир, Чунки, сен ичовриб, лаънат лойига Беланиб кетгансан, нима ҳам дейсан, Гапирай дейсану гапиролмайсан. КЕЧАСИ (Сурманисо ғазалига Чархий билан Комил Жўра мухаммаси) Тун қорнғусидан ўтгай шоми ҳижрон кечаси, Ёр васин топмаган ошиққа армон кечаси, Партави ҳуснингни ташлаб лутфу эҳсон кечаси, Базмдин бепарда чиқ зинҳор жонон кечаси, Оразингдин бурқа оч эй , моҳитобон кечаси. Қилгуси қаршингда таъзим у фазо Зуҳроси ҳам, Ҳар дам эл ақлини олмиш қоматинг зебоси ҳам, Эгма қошинг ханжари ҳам, кўзларинг шаҳлоси ҳам, Кўнглими ошифтаҳол айлар сочинг савдоси ҳам, Сунбулингни қилмагил эй, гул паришон кечаси. Куймасин шамъи висолингни ниҳон тут халқдин, Лабларинг устида холингни ниҳон тут халқдин, Сарв қадди бемисолингни ниҳон тут халқдин, Моҳитобоним, жамолингни ниҳон тут халқдин, Шамъи янглиғ дийдаларни қилма гирён кечаси. Дарс олур ушшоқ эли ҳар дам китоби зулфидан, Етмасин деб қаҳр кўнглимга итоби зулфидан, Шул сабаб диллар паришон инқилоби зулфидан, Ламъайи рухсори зоҳирдир ниқоби зулфидан, Гарчи бўлмайдир қуёш чиқмоққа имкон кечаси. Йўлларинг узра сочилмишдир кўзимнинг гавҳари, Тан қолиб кетгай изингдан жону кўнглим илагри, Не ажабки, йўлларингга кўзларим боққан сари, Кундузи ҳарчанд пинҳонсан кўзимдан, эй пари, Ой юзингни мен ғарибдан қилма пинҳон кечаси. Бўлмадим хушнуд ҳеч дилдор бирла май ичиб, Лоларанг юз, кўзлари хуммор бирла май ичиб, Ақлим олган ул шакар гуфтор бирла май ичиб, Субҳидам то шом сен ағёр бирла май ичиб, Мен қилурман кўзларимдан гавҳарафшон кечаси. Кўкда юлдузлар эмас, у танда қоним ўтидин, Шул сабаб осмон чақин чақмиш баёним ўтидин, Комил ишқим Чарх даврида нишоним ўтидин, Сурмасо, бахтим қаро бўлди фиғоним ўтидин, Элга кўпроқ зоҳир ўлди лек афғон кечаси. 1963 йил. НИШОН БЕРСА Кўнгил шод ўлгуси ўз тинчидан дўстлар нишон берса, Этар кўкларда парвоз ким севиб каптарга дон берса, Чиқарми яхшилик ҳеч бир ёмонга яхши ён берса, Унар ер бағридин гул ерга ким оби равон берса, Қуруқ қўймайди боғим парваришни боғбон берса. Кетишни истамас қуш яшнаган осуда маскандан, Муаттар бўй таратган гуллари озода гулшандан, Чиқар меҳнатга ғайрат иш севар ҳар битта соғ тандан, Ҳаёт устози таълим бергуси ҳар кимга ҳар фандан, Билимда шуҳрат олгай кимки аъло имтиҳон берса. Қилиб халқингга хизмат яхши ном қолдир садоқатда, Бўлиб аҳдингга содиқ, номусингни сақла ҳурматда. Расолар олдида сен ошма ҳаддингдан ниҳоятда, Узатса чўпни дўстинг, ол кўзингга суртиб албатта, Қўлидан олма олтин, бағри гар бир бадгумон берса. Жафокаш кутса ёрдам дардига меҳринг-ла малҳам бўл, Йўлингдан чиқса гар қов парчалаб от, қайтма,бардам бўл, Олу олдирма асло, ҳар бир ишда пухта, илдам бўл, Ғаразсиз, ориятли дўст топиб ўлгунча ҳамдам бўл, Кишига миннат этмас кимга у бир бурда нон берса. Топар инсон камолат бу улуғ дўстлик аҳилликдан, Кўкармас боғи асло зарра қитмирлик, бахилликдан. Чиройли яхши турмуш ҳам аҳиллик, ҳам асилликдан, Ҳамон якдил бўлу қалбингни сақла хилма-хилликдан. Ишонма душманинг макри-ла сенга минг жаҳон берса. Бировлар мулкини топташ эмас инсонга сарварлик, Тилида хайрихоҳу дилда эрса бошқа раҳбарлик. Ҳақиқат гар юракка бермагай ҳаргиз муқаррарлик, Кишига бахт эмас номард ила дўсту биродарлик, Саодат шул эрур мард олдида мардона жон берса. Ўқиб одобни ўрган элни севган жонажон элдан, Талаб айла вафони кўнгли юмшоқ меҳрибон элдан, Адолат ҳукмин ижро айлагувчи қаҳрамон элдан, Саодат нури порлоқ бахт яратган паҳлавон элдан, Қабул этма қўлингга бағри тош гавҳар нишон берса. 1958 йил. УВАЙСИЙГА МУХАММАС Фидо жоним сенингдек дилбари ширин сухан ёра, Мудом кўнглим қуши кўйинг ҳавоси узра сайёра, Кезиб оламни ҳижрон дардига топдим бугун чора, Забонингни кетургил э шакарлаб тўти гуфтора, Нечукким марҳамат бўлсин менингдек ошиқи зора. Маломат этсалар ҳолимга айб эрмас жаҳон аҳли, Ғамим йўқ дилда розим сўргали сен меҳрибон аҳли, Умид остонининг мажнуни мен ҳам посбон аҳли, Мени “Лоядҳулу” деб маҳрум этма боғбон аҳли, Азал деҳқони бағрим қонини сочмиш бу гулзора. Жамолинг кўрган ошиқларни йўқ кўнглида ҳеч армон, Керакмас ҳуру жаннат гул юзинг олдида, эй жонон, Ҳуморим ҳаддан ошди маст булбулдек чекиб афғон, Дариғ этма, харобат аҳли деб, э соқийи даврон, Паёпай тут қадаҳни ташналаб ўлган бу хуммора. Тиларман бодаи васлинг муҳаббат соридин доим. Машоми қалбима бўйи карам гулзоридин доим. Тутар кўз вола Чархий ваъдаи дийдоридин доим, Увайсий юз жафо кўрсанг ҳақиқат ёридин доим, Ўгирма юзни, ондин солма кўзни ўзгша дилдора. 1926 йил. ТУТУРИҚСИЗ БИР ШОИР ҲАҚИДА Шоир ўртоқ аввало сиз дилга завқ-шавқ пайдо қилинг, Сўнгра чин сўзни тўқинг мазмунларин зебо қилинг, Қопия танг келса ҳам дилни оқар дарё қилинг, Бир йигирма қирқ ҳунар оз ҳаммасин аъло қилинг, Айб эмас бир сурнай олиб, совти насрулло қилинг. Шеър бошвоқсиз чавандоз от эмас анжом эмас, Тўрт метрли латтадан ташлаб олур эҳром эмас, Мағзи пуч меҳмонга савлат бергувчи бодом эмас, Ёки ёз ёмғури бирлан лола очган том эмас, Халқимизга пухта манзур булғудек совға қилинг. Шоир аҳли кўча куйда юрмагай маъжун сотиб, Ноўрин даъвони алдар халтасидан ранг сотиб, Ҳар қадамда афсус олиб ўрнига аттанг сотиб, Ҳамма гап сотганда сиз ҳам сўзни тору танг сотиб, Растадан майли дўкон топиб ғазал савдо қилинг. Уста кўрмай усталик даъвосин этмай пешасин, Билмайин ўрманг тегирмонга жувозкаш тешасин, Рандалашда ҳўл ёғоч тобин билинг андишасин, Сурканиб ҳар ёнга синдирманг муҳаббат шишасин, Обрў даркор эса ҳар жойда истиғно қилинг. Гарчи истеъдодли деҳқон бўлса ҳам айлаб адаб, У Миришкор бағбондин тажриба айлар талаб, Ҳовлиқишни паккаси бор қийнаманг сочни тараб, Шоти қўймай томга интилган қолур лабни ялаб, Мисли меҳнат бирла ишланг қип-қизил тилло қилинг. Кўринур оғир табиат сувга тўлдирган челак, Чек сўзсиз савлатидан ҳеч писанд этмас элак, Тут билан қомат талошиб мевасиз қолди терак, Шул сабаб сал пал узангудан тушинг бўлса юрак, Элму ҳилму камтаринлик шевасин барпо қилинг. Жамият қалби гулистону ҳақиқат манзили , Халқ назаргоҳида доим тургуси шоир дили, Кимки адобила сўз дер синмагай ҳаргиз бели, Обжўвоз пойкўпи эрмас поймо по ўрса кели, Сизга бу дўстона пандим ҳохи қилманг ҳох қилинг. ДУМАЛОҚ ЖОНКУЯР, ЮМАЛОҚ ИМЗО Табиат олами ёқтирмаса ҳам, Йўлиқар баъзи бир мушкул муаммо. Инсонлик шарафин доғлатган, яъни Бир гуруҳ муттаҳам, бир замбар иғво. Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо. Синчалак мақсади ҳар шохни чоғлар, Зиндалак нафсини ҳар кимга боғлар, Кўрнамак мушукдек томоғин ёғлар, Туҳматдан ёшларнинг шаънини доғлар, Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо. Бадгумон, бадзабон, бадтарин киши, Муттаҳам соғни ҳам заҳарлар ниши, Суллоҳлик ҳунари, иғводир иши. Фитначи, писмиқдир, юз эмас меши, Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо. Адреси номаълум, фасоди ошкор, Номаълум эмас у манфур, бадкирдор. Умрига иқрору, эркига инкор, Халқ ундан норизо, ватан ҳам безор, Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо. Суркама бировга юзингни доғин, Шўрлатма кадрлар яшнатган боғин, Тортгунча кишининг тутиб оёғин, Бир ургин нафсингга ботинканг жоғин. Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо. Варағинг тўлганда, хатинг секинлар, Варағинг бузилса, уради жинлар. Мағзава мақсумлар, иши хуржунлар, Бурчак-бурчаклардан нони текинлар, Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо. Йўқотгин иғвони, қутул нафратдан, Сен билгил, инсонлик қадри меҳнатдан, Асрасанг ўзингни бу хил иллатдан, Улуш ҳам оласан обрў, ҳурматдан, Думалоқ жонкуяр, юмалоқ имзо. БИР ҚЎПОЛ ВРАЧГА Афсуски, фалакнинг гардиши-ла, Бемор юрагимнинг ташвиши-ла, Келдим шу кўнгилнинг хоҳиши-ла, Урдинг бу юракка сўз ниши-ла, Йўқса дилима мадор бўлардинг. Ўз қадрини билмаган бадахлоқ, Чаққай кишилар бошида ёнғоқ, Боққай киши суратига аҳмоқ, Суратга тикилма, қалбига боқ, Йўқ бўлмас эдингу бор бўлардинг. Аввалига замона танда эрди, Бир бандага неча банда эрди, Сенга бу сўзим писанда эрди. Инсон сени туғмаганда эрди, Думлик бақаларга ёр бўлардинг. Инсоний сифат кишин камоли, Ҳайвоний муомала заволи, Йўқ эрди танимни ҳеч мажоли, Бўлсанг эди хушсухан, хаёли, Бир соҳиби эътибор бўлардинг. Дардманд киши арзини эшитсанг, Яхши сўз ила дилин эритсанг, Лаънат сенга дер кишин безитсанг, Совуқ нафасингни сал илитсанг, Қиш бўлмас эдинг, баҳор бўлардинг. Ҳиммат камарин боғласангди, Хизматга ўзингни чоғласангди, Кимсан десангу сўроғласангди, Уч кунгина сабр айласангди, Инсонлиги ошкор бўлардинг. Даврим кенг ҳуқуқни сенга берди, Эркингга ҳавою сув етурди, Бахт бирла ширин ҳаёт кутурди, Иқбол юзин очмаганда эрди, То ўлгунча хор-зор бўлардинг. Қобил врач эътибори бўлсанг, Ахлоқу одобни ёри бўлсанг, Бемор дилини мадори бўлсанг, Чархий каби эл қатори бўлсанг, Бир камтару хушвиқор бўлардинг. 1970 йил. ИДОРАДАМАН (Бир бюрократ бухгалтерга дуч келиб, иши битмай сарсон бўлган киши тилидан) Бир-икки йилки, бир ишга ажаб оворадаман, Гаҳи тобоқда қолурман, гаҳи тоғорадаман, Гаҳи наводан ўтиб, най билан суворадаман, Бухгалтер ила битар деб ишим бу борадаман. Қўлимда ҳар куни бир арзаю, идорадаман. Илик узилди маҳалда бир оз толган эдим, Мен ҳам бўйинни қисишдан жуда уёлган эдим, Нетай, на чора, таноби бўшаб чувалган эдим, Бор эди ҳожатиму қарзга бир узалган эдим, Бу қарз қопига хуржун ямаб, суворадаман. На бўлди, бир нима етмай,ҳисоб чатоқлашди, Кўнгил хира, жуда бошдан ҳушум узоқлашди, Менинг билан кира ёв пул томон иноқлашди, Уришмади, лекину чўнтагимни қоқлашди. Бу мушкулимни ечишда топурга чорадаман. Наинки бир йил ўтиб ҳам жавоб:”Эрта келинг”, Дедимки, айлама бундай хуноб эрта келинг, Дедики, иш бугун кўп, шитоб эрта келинг, Дедим, тугарми ҳисобу китоб эрта келинг, Мен ҳам бу эрта келингдан чўчиб, канорадаман. Биров қўшиб еса қўйса, бирор хуришми эдим, Жиримни қирса-ю олса, мўмай улушми эдим, Илинсаму тузоғига туширса қушми эдим, Пайики тулки етолмас баланд қанорадаман. Ёронлар, учраса айтинг, бу не бало демасин, Ўзини оқу, бировни сира қаро демасин, Ҳамиша бюрократлик қилур вафо демасин, Бу ерда мартабам ортиқ, казо-казо демасин, Бу ҳажв сурнагим эрса, яна нагорадаман. БЕЗОРИГА Яхшига ёндашсанг аввал, наросо бўлмас эдинг, Норасодан юз ўгирсанг, бевафо бўлмас эдинг, Занглаган макруҳ қозондек қоп-қаро бўлмас эдинг, Бангу кўкнору ароққа мубтало бўлмас эдинг, Беадаб, беюз бундай беҳаё бўлмас эдинг. Овладинг ҳар луқмани безорилик қармоғида, Улфатинг қузғун эди-: кездинг “Маишат” боғида, Гоҳ улар шоҳ узра сен юрдинг дарахт япроғида, Онаи зор туғмайди билса тулғоқ чоғида, Зимзиё бўлснгди, бошига бало бўлмас эдинг. Мард киши мардлик нишони меҳнати деб айтдилар, Меҳнати-асло туганмас шуҳрати деб айтдилар, Меҳрибонлик шеваси ўз иззати деб айтдилар, Орият инсоннинг олий ҳислати деб айтдилар, Сўзни ўқсанг, ушбу кулфатга раво бўлмас эдинг. Сен ёмонларнинг бузуқ кирдорига ёндашмасанг, Элга ноҳақ жабр ила озорига ёндашмасанг, Хавфли ҳидлар анқиган гуфторига ёндашмасанг, Оқ падар хилватнишин безорига ёндашмасанг, Бетайин, бемаслагу бемуддао бўлмас эдинг. Юзқаролар суҳбатида турмайин жилсанг эди, Оқибат шармандаликлар доғини билсанг эди, Дард кучаймасдан даво сорига қайрилсанг эди, Неча-неча дакки еб, инсофга бир келсанг эди, Яхши фарзанд, оилангдан ҳам жудо бўлмас эдинг. Сен каби ёшлар билимдон маърифат бўстонида, Ҳар бирин оламча фикри мардлар майдонида, Олмадинг ибрат улардан бу ҳаёт уммонида, Бўлсанг эрди тарбиятда яхши инсон сонида, Ору номусдан бу янглиғ мосиво бўлмас эдинг. Бўлмади ҳаргиз касофат ғафлатингдан уйғотиб, Тепса тебранмас балога учрагансан гап сотиб, Билмайин текканни силтиб, тегмаганга тош отиб, Юрмасангди ҳар тавоқдан бу текин деб туз тотиб, Соврилиб кунда сазовори жазо бўлмас эдинг. Баъзи беномус аёллар сен билан паймон тақиб, Қўлда иблис сози, бошга чамбарак қасқон тақиб, Макрила бўйнингга “сиртмоқ” солдилар “маржон” тақиб, Сен агарда юрмасанг ит искаган райҳон тақиб, Уй бузар, кўнгил бузарга маҳлиё бўлмас эдинг. Элдан ажралган неча мардуд шумлардан қочиб, Изғиган шиллар, заҳар, чиркин удумлардан қочиб, Эскилик чилдирмасин чалгучи думлардан қочиб, Юрсанг эрди шаъни ифлос, номи гумлардан қочиб, Ичмаган сув, емаган ошга гувоҳ бўлмас эдинг. Қилмишингдан сен бугун суд олдида мулзам бўлиб, Ўлтирибсан юз эса шалғам, бошинг-чи хам бўлиб, Эт-этингни тирнамоқда ютган ошинг ғам бўлиб, Ҳукм этишди адл ила одил кишилар жам бўлиб, Хайф ёшлик чоғи маҳкуми қазо бўлмас эдинг. ПУЛ ЎЛСИНА-ПУЛ ЎЛСИН! (Чархий ғазалига Собир Абдулла мухаммаси) Пулдан чиқар ғавғолар, Пул ўлсина-пул ўлсин! Пасту баланд даъволар, Пул ўлсина-пул ўлсин! Яхши ёмон маънолар, Пул ўлсина-пул ўлсин! Пул деб оқар дарёлар, Пул ўлсина-пул ўлсин! Оғдар тўнтар дунёлар, Пул ўлсина-пул ўлсин! Биров бир пул билан шод, Бирови мотамсаро, Биров бунга мубтало, Биров унга мубтало. Пул кўп бўлса, бир бало, Пул оз бўлса, бир бало, Қўлга келтирган дунё, Усти асалдир, аммо Таъми зуққум ҳалволар! Пул ўлсина-пул ўлсин! Пулсизмисан, эй дўстим? Дўстлар келмас қошингга?... Узоқ бўлиб туйилдинг Яқин қариндошингга! Агар пулинг кўп бўлса, Ҳеч ким тегмай ғашингга, Назар солмай ёшингга, Чиқиб олиб бошингга, Солар не-не савдолар! Пул ўлсина-пул ўлсин! Пулсизга:-Чиқинг-чиқинг, Пулликка:-Киринг-киринг, Пулсиз дўстни қидирманг, Пуллик дўстни қидиринг, Пулсизга ғиринг-пиринг, Пулликка ҳиринг-ҳиринг, “Дунё ҳаром!” деганнинг дардидир муллажиринг, Кумуш қубба асолар! Пул ўлсина-пул ўлсин! Текин пул кўп қай ерда: Кўнгил бошлар шу ёққа, Ғунажинлар кўз сузмас Пулсиз новвос бузоққа, Ҳамён агар қоқ бўлса: Кирмайди сўз қулоққа, Кетолмасдан узоққа, Пул деб тушар тузоққа, Енгил-елпи ”Лайло”лар! Пул ўлсина-пул ўлсин! Баъзи пуллар бўлғайки, Оро кирар кўп жонга, Баъзи пуллар бўлғайки, Жонни олар нишонга, Ачинасан, афсус еб, Баъзи қизу жувонга, Учиб ёлғон виждонга, Тушар аблаҳ инсонга Нозик адо, шаҳлолар! Пул ўлсина-пул ўлсин! Юз борма-ю, бир бор бор Ўзинг қилма овора, Иш битмайди, юз ёлбор, Юрагинг қил юзпора, Иш битару ёғар қор, Қўлингда бўлса пора, Сен эмас, пулинг даркор, Эй, содда дил, бечора. “Дардинг” топар даволар, Пул ўлсина-пул ўлсин! Рақс арзон, ялла сероб, Қистиргувчи кўп бўлса, “Репертуар” шунга боп, Қистиргувчи кўп бўлса, Серпул тўйни истаб топ: Қистиргувчи кўп бўлса, Буни ташлаб, унга чоп: Қистиргувчи кўп бўлса, Эй, “отар”чи шайдолар! Пул ўлсина-пул ўлсин! Кам қуяди сувни ҳам, Ҳатто “газ вода” фуруш Хўмрайиб “таксис” акам: Бермасанг-жанжал, уриш, “Нон кўпмаса” ема ғам, пул унга хамиртируш, Ўлтиролмай хотиржам. Пул дардида югуриш, Кўп хуржунсиз “гадолар”! Пул ўлсина-пул ўлсин! Меҳнатсиз тўпланган пул: Хавфу хатар қўзғайди, Собирнинг истаги шул: Ҳалолидан бўлсайди, Нашриёт топиб маъқул, Гонорарлар кулсайди, Пулсиз ҳаёт бўлмайди, Аммо хуржун тўлмайди, Чархий ёзар иншолар: Пул ўлсина-пул ўлсин! ФАРҒОНА ПАХТАКОРИ Гуллаган диёримнинг ифтихори – Фарғона, Яшнаган шу гулшаннинг гулбаҳори – Фарғона. Тўла нозу неъматли мевазори – Фарғона, Меҳнату маҳоратда жон нисори - Фарғона. Баркамол буюк сафнинг тенг қатори - Фарғона. Сувлари шифобахшу соф ҳавоси-ла машҳур, Нефту олтину пилла, атласи билан манзур, Ҳар тараф чароғондир, водийларда порлаб нур, Тинч ҳаётидан доим баҳраманд элим масрур, Ўзгача “оқ олтин”га эътибори, Фарғона. Келди келмаган нурлар қанча шаҳру қишлоққа, Етди етмаган сувлар ташна чўлу тупроққа. Дарёлар жиловланди, урмас энди қирғоққа, Қўю мол тўйиб ўтга, тўлди суту қаймоққа. Кун сайин ривожланди чорвадори, Фарғона. Тер тўкиб баҳор, ёзи неча марди майдонлар, Қиз-жувонлар, ўғлонлар, кексалар, қадрдонлар, Сиз билан чаман бўлди дашт билан биёбонлар, Маррага етиб ҳосил, юз ёруғ, йўқ армонлар, Қаҳрамон баҳодирлар ҳур диёри, Фарғона. Шу улуғвор ишларни айлаган қадрдон халқ, Донг таратган оламга қудрати намоён халқ, Кўнгли кўнглига пайванд, бир-бирига дармон халқ, Ваъдаю қарори бир, чунки тоза виждон халқ, Минг яшаб камол топсин пахтакори, Фарғона. 1963 йил. ЎЛКАМ Яшаш бизга сенинг кўйнингда роҳат, жонажон ўлкам, Ватан бағрида бир кўркам чаманзор, меҳрибон ўлкам. Енгилмас, жангда ғолиб, мард ўғилларга макон ўлкам, Ҳисобсиз пахта майдонинг ўсар, олтинга кон ўлкам, Фидокорлик билан ишлаб, кетирдик сенга шон, ўлкам. Илмнинг равнақи, эл дўстлиги меҳру вафолардан, Шифо етди танамга тоғларинг берган даволардан, Кўз узмак мумкин эрмас кўзларим топган жилолардан, Чароғон водийлар қўйнида ҳар кўркам бинолардан. Яша, чўли гулистон, дашти боғу бўстон ўлкам. Топиб файз хислатингдан одаму олам тутар ёдинг, Киши иқболига нурлар сочар ҳар қайси бунёдинг, Унутмас шафқатингни парвариш топган ҳур авлодинг, Ширин сувларни қазган чарчамай бағрингда фарҳодинг, Бугун кўксига тақди, офарин, олий нишон ўлкам. Асрлар қақраган чўл бағрига оби равон келди, Ҳазон, пажмурда бўлган лола-ю, гулларга қон келди. Муқимий, Завқий, Фурқат истаган олий замон келди, Ҳасад қилгувчилвр олдингда ожиз, нотавон келди, Қаратдинг шуҳратинг-ла барчани бизлар томон, ўлкам. Юракка нақш этилди акси гулзор, боғ-роғингни, Танамдан тапти кетмас умрбод қайноқ қучоғингни, Умр гулзорига келди баҳор дейман бу чоғингни, Юрак орзуси шулки, кўрмайин хеч зарра доғингни, Саодат қўйнида доим яша, бўлгин омон ўлкам. МУҚИМИЙНИ ХОТИРЛАБ Эй, шоир элин зубдайи даврони, Муқимий, Жон булбулининг қалби, гулистони, Муқимий, Ҳаққоний кўнгилларнинг азиз жони, Муқимий, Муштоқ ҳамма дил шамъи шабистони, Муқимий, Озод элимиз фахри шараф-шони, Муқимий, Ўт сочди зулм даврига ижоду овозинг, Мазлум фуқаро ҳамдам ўлиб муниси розинг, Эл истагига жўр эди дил лавҳида созинг, Энди абадий асрагувси халқ баёзинг, Зебо асаринг даврнинг девони, Муқимий. Зикринг ҳамма дам суҳбату базми шуародир, Ёдинг яна дил завқига қўшмоқда жилодир, Бу бизнинг ҳаёт истагани сидқу сафодир, Авлодинг учун қолса бу мероси раводир, Эл қалби ҳақиқат дурининг кони, Муқимий. Ёдинг кечаси сўҳбату кенгошларинг ҳам, Жам бўлди бутун қавму қариндошларинг ҳам, Тайёр бу зиёфатда ширин ошларинг ҳам, Обидча, Ғарибий ила Йўлдошларинг ҳам, Бизлар дейишур эски қадрдони, Муқимий. 1949 йил. НИГОР СЕН Ноз офарин пари сену, ширин нигор сен, Гўё латофат олами, хусни баҳор сен. Кўнглим баҳори сен, чаман-у лолазор сен, Лутфу карамда марҳамати бешумор сен, Ҳолий дилимга айла бугун эътибор сен. Ойинаи жамолинг эрур боғу гулшаним, Шоми алам кетар сен ила, кетмас равшаним, Токай ёнар ғамингда куйиб жон ила таним, Сен бирла жон қарори-ю, обод масканим, Бор демадинг кел, ошиқи маъюсзор сен. Саҳро юзи чаман-чаману, боғ-роғ ажиб, Гул шохида тараннум этар шод андалиб, Хушдур ҳаёти бўлса висол жомидан насиб, Сенсан умр чироғи, юрак дардиға , табиб, Пинҳон сиримни айламагил ошкор сен. Андуҳу ғам ўтиб бугун, айёми навбаҳор, Сайри чаман қилурга гулим, айла ихтиёр, Ташрифингга ёзурда паёндоз лолазор, Кел-кел вафоли жон севарим, Чархинг интизор, Мен бад хумора бир қара, кўзи хумор сен. 1935 йил. МУХАММАСИ ЧАРХИЙ БАР ҒАЗАЛИ НУСРАТ Мавж урмаса дилики у дарё бўлармиди, Кўнглида ишқ оташи пайдо бўлармиди, Дарду муҳаббат бўлмаса шайдо бўлармиди, Дил кўзгусида ёр ҳувайдо бўлармиди, Ҳар гул очилгани билан раъно бўлармиди. Қолдирмаса киши жаҳонда хуш сифотини, Мазмун билан бойитмаса кўнгил бисотини Тўти бўлурму зоғ бўяб икки қанотини, Лайло қўйилгани билан ҳар кимнинг отини Юз минг карашма ноз ила Лайло булармиди. Тут сарнагун ўлан каби шомшод олдида Хусрав забони гунг эди Фарҳод олдида, Вайрона ҳам ҳижил янги бунёд олдида Ҳар бехирад кириб дўкон устод олдида Асбоб ушлаган билан усто бўлармиди. Ким бериёзат истаса ҳар муддао хато Ҳар касбу ҳар умид машаққат била бажо, Ҳар шохга бир қўниб, неча бемаънию садо Гулшанда айласинки минг тил билан наво, Жинқарчадурки булбулигўё бўлармиди. Одоб учун ҳаё била ҳар кимга сўзла сўз, Сўз пардасини йиртма, эсанг соҳиби рамўз Оройишнинг ўзингга ҳаво билан кимга кўз. Пардоз айлаган билан хушрўй бўларми юз. Зоҳир ясатганинг билан зебо бўлармиди. Инсон агарчи қобили ноқобили хатар, Худбину кажхаёл кишилардан алҳазар На элга холис, на иш сарбасар, Тафтики анда бўлмаса пўлодин асар, Оҳангга ишлаган билан бурро бўлармиди. Меҳнат била топар киши иқболу бахтини, Зое қилурму ашрафи деҳқон вақтини, Ҳосил ҳазина бермаса ким қўлда нақдини. Парвариш айлаган билан олу дарахтини, Боғбонга они меваси хурмо бўлармиди. Ҳар бир расодан ибрат олиб топгил обрў, Доим ҳалол қадамни қўйиб иста обрў Чархий ҳаёт чашмасидан қониб ичди сув Нусрат кўзингни очгину дилдан ғуборни юв, Кетмай ғубори дил мусаффо бўлармиди. ВАФОДОР ЭЛИМ Вафодор элим кўп вафо қилдилар, Кўнгил кўзгусини сафо қилдилар. Ватан йўлида жон фидо қилдилар, Ажойиб бинолар бино қилдилар, Вафодорлардир, вафодорлар. Бири кўкда сайёра юлдуз каби, Бири Зуҳра, иқболи феруз каби, Бирин меҳридан кеча кундуз каби, Улуғ халқ бири қош, бири кўз каби, Зафардорлардир, зафардорлар. Бу гулшаннинг фаровон фарзандлари, Муқаддас ҳаётнинг шакархандлари, Баҳодир элим ёру пайвандлари, Буюк ҳалқимизнинг жигарбандлари, Бу ҳушёрлардир, бу ҳушёрлар. 1962 йил. ДЎСТИМ МАРҲУМ СОБИР АБДУЛЛА ХОТИРАСИГА Яна жудолик тушди танга: жон кетди. Яна не қайғу эрур, йўлчи сорбон кетди. Самимий дўст, садоқатли меҳрибон кетди, Ёнар чироқ ҳам эди, фикри бир жаҳон кетди, Ширинлик оламидан бир ширин забон кетди. Ҳаётида яратиб неча гулшанни жаннат, Шу жаннат ичра униб ниҳоли беминнат, Асарларики унинг меваси эди шарбат... Қани тафаккури равшан, ҳалиму хушсуҳбат? Қадрли ҳамдамим, афсус, жонажон кетди. Не офат эрди унга заҳмати аламноки, Сўкилди дард ила бевақт, эсиз, юрак чоки, Ватан учун, Эл учун хизмат этди идроки, Не тонг, шу хизматидан нурга тўлса чун хоки, Вужуди файзу фараҳбахш нуктадон кетди. Киши на қилгуси аҳли вафодин айрилса, Расолар ичра тағин бир расодин айрилса? Тани шикаста нетарким, даводин айрилса? Умр чироғи ўчар, қуш ҳаводин айрилса, Учиб чаманнинг қуши қайси ошён кетди? Муҳаббати ила ёзган хати-нишоналари, Рақам чекарди тиниқ фикри одилоналари, Фасоҳат ичра назмин дона-доналари, Жаҳонда янграр абад ҳам ширин тароналари, Ниҳоясиз асарин қолдириб қаён кетди? Тасаввур айлар эди ҳар дами ҳаловатини, Ёзарди васфин уқиб ҳур замон салобатини, Бир ўйга толди, кечирди дақиқа соатини, Соғинди ё магар ул Собирим Саодатини, Ниҳоят умри ўтдию безиён кетди. Қани у қалби қуёш шоиру карамли нигоҳ?! Қани ҳаётда мудом ҳамнафас азиз ҳамроҳ?! Ҳамиша дўстларидан, Чархиё, бўлиб огоҳ, Жаҳондин ўтди Ватан ўғли – Собир Абдуллоҳ, Ёмону яхшини хўп айлаб имтиҳон кетди. 1972 йил. |
Адабиётшунослик
Адабиёт нима учун керак?1. Тарбиявий аҳамияти: Адабиёт инсон қалбини бойитади, унга эзг... |
Ўзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамиятиЎзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамияти қуйидаги жиҳатла... |
Адабиётда композицияАдабиётда композиция — бу бадиий асарнинг тузилиши, яъни асар қ... |
Фильмни таҳлил қила билишФильм таҳлили сценарист таьлимида муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда ... |
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |