Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Яна олдим созимни. Чўлпон
Facebook
Яна олдим созимни. Чўлпон PDF Босма E-mail
Материал индекси
Яна олдим созимни. Чўлпон
“УЙҒОНИШ”
БУЛОҚЛАР
ТОНГ СИРЛАРИ
КЎКЛАМ ҚЎШУҚЛАРИдан
Ҳамма саҳифа

СУЙГАН ЧОҚЛАРДА

Гўзалларнинг маликаси экансан,
Буни сенинг кўзларингдан ўқидим.
Ўқидим-да истиқболим қушига
Хаёлимдан олтин қафас тўқидим.

Гунафшалар қулоғимга мадҳингни
Сўзлаб-сўзлаб чарчадилар, битмади…
Аламзада булбул йиғлаб, кечалар
Аламингнинг сўнгин тамом этмади.

Кўзингдаги ҳикоянинг мазмунин
Шоир бўлсам, айтиб-айтиб йиғлардим.
Ўшал, эски жароҳатли қалбимни
Сатрларнинг наштари-ла тилардим.

Хаёлимнинг қип-қизилдан кийинган
Парилари, ҳурларини кўрдингми?
Аламимдан гуллар эккан йўллардан
Коинотга ҳаёт сочиб юрдингми?

Йўлларингда шеър айтса сўлган барг,
Қулоғимга мусиқалар келтирур.
Қачон сенинг мусиқали овозинг
Сенинг мени суйганингни билдирур?
1921 йил.

ГЎЗАЛ

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир: “Мен уни тушда кўрамен,
Тушимда кўрамен – шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!”

Кўзимни оламен ой чиққан ёқға,
Бошлаймен ойдан-да сени сўрмоқға.
Ул-да айтадир: “Бир қизил яноқға
Учрадим тушимда, кўмилган оқға.
Оқға кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

Эрта тонг шамоли сочларин ёйиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.
Айтадир: “Бир кўриб, йўлимдан озиб,
Тоғ ва тошлар ичра истаб юрамен!
Бир кўрдим мен уни – шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”

Ул кеткач, кун чиқар ёруғлик сочиб,
Ундан-да сўраймен сенинг тўғрингда,
Ул-да уятидан бекиниб, қочиб,
Айтадир: “Бир кўрдим тушдамас, ўнгда,
Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”

Мен йўқсил не бўлиб уни суйибмен?!
Унинг-чун ёнибмен, ёниб куйибмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен.
Мен суйиб… мен суйиб кимни суйибмен?
“Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”
Тошкент, 1919 йил, Феврал.

ХАЁЛИ

Кўнглимдаги* муҳаббатнинг учқунин
Хаёлимнинг бир бурчида беркитдим.
Ул учқуннинг кучлигидан сийнамда
Ҳеч тузалмас, оғир яра бор этдим.

Қулоғимга “Ол бахт!” деб эшитилган
Азонларни шайтоний деб ўйладим,
Шунинг учун бахт берган малакка
Турли-турли афсоналар сўзладим….

Сочларини ўйнаб туриб эшитди
Ва дедиким: “Афсоналар беҳуда!”
Бул сўзлари қулоғимға етишди:
“Оқдим,- дедим,-қонли, зардобли сувда…”

“Оқ-оқ,- деди афсоналар султони, -
“Сенинг тахтинг, бахтинг унда кутадир;
Ул зардобли, қонли сувлар остида
Қора кийган жонинг жилва этадир.”

Кет, эй шайтон, босинқирадим… қўрқамен:
Кет-кет. Қилич синган, қалқон тешилган.
Кўрасанми? Мен эзилган ётамен,
Устимга-да бало тоғи йиқилган.

Сўнгги нафас, охирги дам, эй малак,
Кел, бир қара, сўнгра йиқилсун фалак.
Тошкент, 1920 йил, июл.

ЗАРАФШОН

Сафар эсдалиги

Кўз олдимда оқиб ёткан Зарафшон,
Ёш боладек эркалайдир, ўйнайдир.
Ҳовлиқма ҳам бўлса ўзи, кўп чаққон,
Унча-мунча тўсиқларни қўймайдир.

Катта-кичик тошлар бўлса йўлида,
Ҳеч қурамай судраб кетар илгари.
Ким биладир, жон топширмиш қўлида,
Ҳазил-ҳазил билан қанча ёш-қари?..

Унинг ўзи шу ўйноқи қилиғи,
Шу ҳовлиқма одати-ла кўп қўрқинч,
Сувларининг нозли қиздек силлиғи
Кўп танларни ағдарарлик катта куч!..

Ундан қўрқинч унинг ўткарганлари,
Салтанатлар, қонлар, улуғ тарихи.
Сийнасида бўғиб ўлдирганлари,
Кўп жонларнинг инграйиши ва оҳи!

Тарихининг қанотлари сўнг йиллар
Аллақандай қора ранг-ла бўялмиш.
Ёнларида яшагувчи кўп еллар
Қора ёзмиш қозиғига суялмиш…

Шўх-шўх оқиб, юрагида яширинча
Тарихларни, асрларни қарғамиш.
Билармикин, ўз умрида ул қанча
Яхши эрлар ёд этмиш-да, алқамиш?

Ай, Зарафшон, ўйнаб-кулиб оқа бер,
Мазлумларнинг юрагини ёқа бер…
1920 йил, Август, Самарқанд.

ҚАЛАНДАР ИШҚИ

(Эски тартибда)

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарлик йўлда қотдим-ку*.
Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай қулочни катта отдим-ку.
Ажиб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.
Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимдан ёшни жо айлаб, аламлар ичра ботдим-ку.
Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бир-ла қайтдим-ку.
Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.
Боку, 1920 йил.

ТАБИАТКА

(Саид Али Хўжага бағишлаб)

Кел, малак, кел, кел, пари, кел, кел, ўпай бир эркалаб,
Кел, қуёш чиққунча ўптир… кел, кел ўпай бир эрталаб!
Кел, қучоқлай, кел қўлингни, бармоғингни бир кўрай,
Кел, кўзингга кўз солай, кел, кўрай, сўнгра ўлай…
Келма, келма, эй пари, сен, танларинг нурдир сенинг,
Танларинг нур, юзларинг нур, тенгларинг ҳурдир сенинг…
Ёқти ойлардан қуйилган ёғдулардандир танинг,
Кўк юзида барча юлдузлар суюнчингдир сенинг…
Кўланкангдир – боқчаларга турли гулларни сочар,
Кўз қарашингдир сенинг, элга саодатлар очар…
Ўйнашингдир – ўйноқи юмшоқ шамолни қўзғатар,
Тўхташингдир – дунёда барча ҳаётни тўхтатар.
Сўзлашингдир– боқчаларда барча қушни сайратар,
Бир табассум қилмоғингдир – барча жонни яйратар,
Куйлашингдир – уйқуда қотган жаҳонни ўйнатар.
Уйқудан турган жаҳон ул куч биландир, тўй этар…
Қайғуриб қолган чоғингдир, барча жонлар қайғурар.
Ҳар томонда қайғу, ҳасрат, ҳар азиз жон оҳ урар.
Кўк юзини қоп-қора, машъум булутлардир ўрар,
Ул булутлар устига отдек миниб девлар чопар.
Ҳар уришда қамчини ўтлар ёнар, чақмоқ чақар.
Ул булутлар чопсалар девлар билан осмон бўйи,
Унда бошланса жин, алвасти ва шайтонлар тўйи
Кўк гўзалдир, сел ёғар, дўллар қучар, тўфон босар,
Қум кўчар… Тоғлар қадар қумлар кўчар… йўлни тўсар…
Зўр денгизлар наъра тортар… жон сўрар тўлқин чопар.
Катта тўлқинлар келар-да, майда тўлқинлар қочар…
Майда тўлқинлар “ўлим” рақсин этарлар куйлашиб,
Сўнгра қирғоққа чиқарлар жонлиларни йўқлашиб,
Келма-келма… мен фақир… бечора… йўқсил бир киши.
Мен каби йўқсил кишиннг ёғдуларда не иши?…
1920, Апрел 29.

УЙҚУ

(“Бормаймен деди” куйига)

Жим туринг, шовқинламанг, уйқу ичида ул пари,
Юрма, тек тур, эй шамол, юрсанг-да юр, бироз нари!
Кўкда бир тўп қиз-малак уйқу куйини бошлади.
Илгари чалган тирик, жонли куйини ташлади.
Бош учида айланар бир тўп фаришта жимгина;
Кўк элининг тангриси – ой ҳам қарайдир тинчгина.
Ул олос кўзлар юмулган… куйни ёндиргачгина,
Кўп гўзал кўзларни юмдиргач, уялдиргачгина…
Чарчаган, толган, умидсиз кўзларим тўймай қарар,
Ҳар қарашда кўнглима минг турли ўйларни солар…
Бу ётиш, бу уйқу, бу қандай ширин, қандай гўзал,
Жонланар, юз кўрсатар синган ва ясанган амал.
У ётиш, уйқу на ерда, на хаёлий кўкда бор,
Бу гўзал сирли томоша менда, мен ўксукда бор.
Жим туринг. Шовқинламанг, уйқу ичинда ул пари,
Кўзларим тўймай қарар, борлиқ кўринма, тур нари…
Тошкент, 1921, Феврал.

БОКУГА ШАРҚ ҚУРУЛТОЙИГА КЕТКАНДА

Йўлимизда чўллар, сувлар, денгизлар,
Босувчисин таниб бўлмаслик излар,
Шул изларни босиб, денгизлар кечиб,
Буюк амал билан борамиз бизлар!
Юракдаги сақлаб борган амаллар,
Йўллардаги денгизлардан улуғроқ;
Эзилганлар тилак тилар бу йўли
Аввалгидан тўлуғроқ.
Маҳкам қилиб боғланилган камарлар…
Шарқнинг эски чигалини ечайлик.
1920 йил, 10 Август, Тошкент.

ПАРЧА

Мақтадим, кўкка кўтардим сизни мен,
Энди менга сизга етмаклик қийин.
Мақтамоқға бир киришгач мақтайин,
Тўхтасам, сўнгги тинимда тўхтайин!…
1920 йил.

ЁРУҒ ЮЛДУЗГА

(Ҳазар эсдалиги)

Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла.
Оталарнинг тарихдаги хатосин,
Шул хатодан осуфланиб товларнинг
Эл кўксида сурган ишрат, сафосин.

Сўзла, англат ўтгандаги турмушнинг
Бутун қонли, шонли, жонли ерларин.
Кўз олдимда жилваланур юрт учун
Жонлар бериб, қонлар тўккан ерларинг.

Ўнат, қўзғат, тўлқинлантир, ҳовлиқтир
Кенг Ҳазарнинг кўм-кўк, юмшоқ сувларин,
Сўзлаттириб, чарчат, ҳорсин, чарчасин,
Тери оқсин, кўкка чиқар буғларин.

Кўпиклантир, майда, оппоқ кўпикдан
Кўйлак кийдир, ясантир сув бетларин,
Ул сувлар-ла пардоз қилдир, кийинтир
Тоғли, тошли қирғоқларин, четларин.

Нега жимсен, нега жавоб бермайсен,
Нега кўзинг қизаринди, ёшланди?
Нега юзинг сўлган каби юмшарди?
Нега сенда бир талваса бошланди?

Биламен мен, сўзламайсен шунинг-чун –
Сўзлайдирган яхши сўзинг йўқ эрур.
Оғиз очсанг, йўқсил элни эзмакка,
Қон қилмоққа ҳасратларинг кўп эрур.

Майли, майли, қандоқ аччиқ бўлса ҳам,
Тўғри сўзни яширмасдан сўзлай бер,
Ҳар қанчалар юрак ёрғич куй бўлса,
Ботир бўлиб секингина куйлай бер.

Ўтганларнинг заҳари ҳам бу кунда
Кўнгилларга тегмай ўтар кабидир.
Кечмишларнинг йиғиси ҳам шу кунда
Йўқсил дилни суюнтирар кабидир.

Фалокатлар кўрган ота-боболар
Истиқболнинг қимматини билмаган.
Эл ва юртни сақлар учун сўнг хонлар
Тузуккина чора, тадбир қилмаган.

Биз, йўқсиллар, бошқаларга қул бўлиб,
Чет оёқлар томонидан эзилдик.
Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида
Алам ортган, жабр кўрган биз эдик.

Етар, бўлди. Мени гапга солдинг-да,
Ўзинг унда тинглабгина турасан:
Яна, тағин таъсирланиб сўзимдан,
Оҳ-воҳ қилиб, ўзни ҳар ён урасан.

Сўзла, сен-да тилларингни ўйнатиб,
Эски алам ичра бизни олиб бор.
Яширин ётган пардаларни, зулматни
Қараб турма, нуринг билан йирт-юбор.

Ялинтирма, бошқаларга ялинган
Каби сен хам ялинтирмоқ истайсен,
Эзилганни эзишликка сен, гўзал.
Озроқ шарм, озроқ ҳаё қилмайсен?

Сўзла, англат, гўзал юлдуз, тез сўзла,
Мен-да сенингдек чиройли сўйлармен.
Ҳазардаги кўпикларга бирлашиб,
Сени мақтаб ширин куйлар куйлармен.

Оғиз очдинг, товшинг келди, эй юлдуз,
Сўзла, сўзла, ёт киши йўқ, иккимиз…
Баҳри Ҳазар, 19 Август, 920 йил.

ПЎРТАНА

Пўртана қўзғалди, пўртана юрди,
Пўртана ўзини қирғоққа урди.
Пўртана олдида бир кема кўрди;
Ичида зич одам… ўйнатди, сурди.

Ул кучли, ул ботир, ул қўрқмас, юраклик,
Ул мағрур, керилган ҳам мажнун, ҳовлиқма,
Фарёд дер қирғоқлар ундан, шу туғролик –
Шаҳардек кемалар унга бир луқма…

Ул ўзи қон ичар, қон олур бўлса-да,
Бағрида севгиси кучли,
Бақириб, ўкириб, югуриб юрса-да,
Гўзални суювга ўчли…

Сув қизи:
Чиройли, сочлари қоп-қора,
Бўйнидан сочилган, тарқоқ,
Кўзлари дил тортар, четроқдан бир қара.

Илиндинг… раҳмсиз ул тузоқ…
Кўзлари кийикни кўр қилди кўрмадинг,
Сўзлари – булбулни тутқин;
Юзлари ойларни ботирди билмадинг,

Булутлар остига қочиб кирди кун!
Ана шул гўзални, ана шул малакни
Йўқ , янглиш… фалакни,
Пўртана кўксида сақлар,
Ерлар сарф этар ғайратни, амакни
Иш қилиб малакни,
Йўқ… жаҳон, фалакни
Оқ кўпик ичида оқлар.

Баъзида ҳисобсиз оқ кўпик ичига
Султондек тутқизар уни,
Дам кўкка ирғитиб, дам тортар кўксига.
Шу йўлда ўйнатур қизни,
Кулдириб у нурли юзни.
Суйдириб у оҳу кўзни,
Қул қилиб сизни ҳам бизни…

Кўпиклар… у оппоқ, саноқсиз кўпиклар
Юлдуздек жимирлаб туралар,
Кўпиклар… у кичик, чиройлик кўпиклар
Ошиқнинг кўнглидан уралар…

Қичқирар, бўкирар, бўкирар йўлбарсдек,
Югурар, секирар, отилур девдек.
Олдида ҳеч тўсиқ. Ҳеч моне қўймасдек
Интилар… ўнг-сўлни кўрмай…

Кўтарса бошини, кўкларга тегадир.
Булутлар, чақмоқлар даҳшатда,
Эгса ул бўйнини, кўп вақт эгадир,
Сув тегин кўрасан даҳшатда.

Жонворлар қўрқадир… даҳшатда титрайдир.
Балиқлар ўлимни куталар.
Кучлиги кучсизни ютмайдир, ситмайдир.
Қўрқудан оғулар юталар…
Денгиз тинч, қўрқув йўқ. Қиёмат ухлайдир.
Пўртана жим-житдир уйда.
Шамолни пўртана қўзғатмай сақлайдир
Қўзғалмоқ деган сўз йўқ унда.

Бу – маҳшар, қиёмат, пўртана. Тўлқинлар –
Ҳаммаси йўқсилнинг кўнглида.
Бир дамда дунёни куйдирур вулқонлар
Ожизнинг у ўтли дилида…

Ўйна, эй тўлқинлар, пўртана даҳшат сол.
Қирғоқлар титрасин, қўрқиб,
Кўк юзи; ер ости тинч бўлса – ваҳшат сол
Дарёдан сув ташлаб, пуркаб.

Бу менинг кенг кўнглим ғавғони, жанжални,
Тўполон, қўзғалиш, чувалаш,
Исёнли, тўфонли
Суядир; шунинг-чун дунёни, жаҳонни,
тоғ ва тош
Ҳаммасин ағдармоқ истайдир,
ёнадир, куядир…

Ўйнат, эй, пўртана, тўхтатма, қувват ол.
Чоғ’ келгач, эриниб ётма, ухлама,
бўлмасин йўқлама.
Кўп эзган душмандан,
паст ёндан
Ўчни ол, ўчни ол, ўч ол!…
Тошкент, 1920 йил, май.

ТОРТИШУВ ТОНГИ

Енгган қўшин бошлиғидек гердайиб
Ботган қуёш булутларнинг остидан
Бош кўтариб чиқмоқ учун тириша.
Шунинг учун бери ёқда иржайиб
Кулишурлар.
Унга қарши, қаршидан
Йиғлов, сиқтов, товуш, ғавғо, хархаша.

Суюнингиз:
кўпдан бери зиндонда
Қуёш кўрмай, захлаб қолган кўнгиллар.
Чиқар кунлар етди сизга ундан-да,
Мунда ечиб юборилган тугунлар.

Қайғурингиз:
Кишанларни ясовчи
усталар.
Бошқаларни тубанлар деб атовчи
хўжалар,
Сизнинг учун ёз бошининг қоридек
Эрув кунлар келадир,
Сизнинг учун алвастининг зоридек
йиғлар кунлар келадир…
Чиқадирган қуёшни сиз беҳуда
Этак билан тўсмоқ учун тиришманг,
Ахмоқ бўлиб Азроилнинг олдида
Жон талашинг, то ўлгунча беришманг.
Тошкент, 1920 йил, Октябр.

ШАРҚ НУРИ

(Мулла Нур Воҳидов руҳига)

Сўнг даврда йўқсул Шарқнинг тарихи
Бир бет бўлсун, оқ сатрни кўрмади.
Дунё тарихини ёзған муаррих
Яхшиликға қаламини бурмади.

Шарқнинг қайси бурчагини қарасанг,
Йўқлик, ўлим, зулм, қарғиш кўрардинг.
“Томуғ’” деган сўзни билмак истасанг,
Шарқни бошдан оёққача юрардинг.

Бир замонлар ер юзинда ўз бошли
Улуғ, шонли маданият туғдирган
У гўзал Шарқ, ширин тупроқ сўнг замон
Бўлди четлар панжасида кўз ёшли…

Унинг бундай қизғаничли ҳолига
Ҳар кимдан кўп қон йиғлаган сен эдинг.
Уни эзғон йиртқич қўлли маъзинга
Сен улуғ ёв, сен муяссам кин эдинг.

Инсонликға саодатнинг бирдан-бир
Тўғри йўлни кўрсаткучи Марксди:
Бироқ Шарққа қутулишнинг йўлини
Кўрсаткувчи улуғ доҳий сен эдинг.
Сендек киши Шарқ элига тансиқди.

Пок сийнангга ўқ отгувчи душманлар,
Ўйламаки, бир ўзингнинг душманинг,
У душманлар бутун Шарқнинг душмани,
Кўпдан ичиб келган қонларин унинг.

Кун ҳам Шарқдан, ой ҳам Шарқдан чиқадир,
Бироқ бир сен Ғарбда чиқдинг ва ботдинг;
Шунинг учун меним шарқлик руҳимда
Ажиб мудҳиш, қўрқунч туйғу уйғотдинг!

Шарқнинг куни кирса булут остига,
Сенинг сўнук кунларингни ўйлайман;
Ботиб борган ойга қараб: “Ай, йўқсил,
У улуғ нур сенмасму?”- деб сўраймен.

Эҳтимолдир, сени ҳар бир нарсадан
Азиз кўрган, у сен суйган йўқсил Шарқ,
Руҳларингни ой ўрнига қўйгандир,
Балки бизнинг кўзларимиз қилмас фарқ…

Меним шарқлик кўзим сенинг руҳингни,
Шарқнинг ҳар бир бурчагида кўрадир;
Тўғри, сенинг у шарқсуяр руҳларинг
Алжумларда, саробларда юрадир.

Энди ундан учиб ўтди Мисрнинг
Сирлар тўлиб оққан Нили бўйига;
Нилни бўйлаб келиб, кирди у руҳинг.
Фаллоҳларнинг* қашшоқларча тўйига,

Ундан ўтиб Суриянинг Шомига
Аср кўрган кўчаларни айланди.
Шу минутда Ҳимолоё тоғида
Ҳинд қизига йигитликка сайланди.

Кеча кўрдим уни; будда ёнида
Риёзатнинг фойдасини ўқурди,
Ўткан куни Нишопурда – боқчада
Ҳайём билан ишқий шеър тўқурди.

Ўткан ҳафта Чин-мочиннинг юртида
Конфутсиу фалсафасин эшитди.
Бу ҳафтада Эрон бориб зардаштга
Нича билан қалайсиз деб тегишди…

Ҳиндистонда Бедил билан юрганин
Меним шарқлик кўзим аниқ кўрмишди.
Аламутнинг***** тепасида юрганда
Меним руҳим орқасида юрмишди…

Шунинг учун суяр сени бутун Шарқ.
Сен Шарқмисан, Шарқ сенмидир била фарқ.
1918.

“ЎЗБЕК ҚИЗИ” УЧУН

(Усмонлича)

Гўруёрум: Ҳер бир элинг гогунде,
Йилдузлари парил-парил янриёр,
Йилдизларинг ере сачан нурини
Ҳер бир инсан иче-иче каниёр.

Гулшан йў ки кадин гули ачмасун.
Бакча йўқ ки кадин булбул отмесин.
Ер йўқки кадин иси сачмасун.
Гонгул йўқки кадин мафтун этмасун.

Хер миллетинг гулшанида гуллари
О миллетинг кадинлери, кизлари:
Хер миллетинг хақ суйдиги бир ёлу
Кадинлигин басмиш олан изидир.

Ҳич миллетда кадинларин о гўзел
Чеҳрелери перделере гирмиёр.
Ҳич миллетде ……… хаъин ел
Кадинлара ғазаб ила эрмиёр.

Ҳер нерейе гирдим исем: каршимда
Кадинлари ачик юзде булурум;
Хатирларим: Капахдир юрдумда,
Ўзбек кизи кайғулара доларим,
Боғулурум
Ўлурум…
Сияҳ перде билир мисин? – О алчак
Эски дуня сени бизе биракмиш.
Эркли олан кадинларин башина
Дин исминден эсирлиги о тақмиш.

Кўз алдинда эски дуня о буюк
Салтанати шевкет иле ўлиёр.
Ўлмесине иблислердир ағлаян
Мелеклерсе гўк юзинде гулуёр.

Сен де онунг мирасисин эй перде,
Каламазсин азад олан бу ерде,
Анд ичрим: Эсир Ўзбек киз ичун,
Шимде бурда ялниз мезар сенингчун.
Бир мезар ки, ташлариндан яш дамлар
Таш ичинде Ўзбек кизи – хеп ағлар.
1920 йил Август, Баку.

****