Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод - 4
Facebook
Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод - 4 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод
2
3
3
4
Ҳамма саҳифа
60
Бўсағада кампири кутиб олди.
Кампири бошидан шляпасини олди. Елкасидан костюмини олди.
Қалай ўтди, раис бова? — деди.
Бузуқи қариса-да, ғамзаси қаримас, дейдилар! — деди Ботир фирқа. — Гап кўп. Бари маза-матрасиз гаплар.
Ўзи, майлис шундай бўлади-да, раис бова.
Бу қайта қурувчилар ҳали беш-олти кўйлак йиртиши керак. Қайта қурувчиларда ўша... кўйлакни ўзи йўқ! Қайта қурувчилар ҳали... кўйлак кўрмаган! Қайта қурувчи демократ — яланғоч қирол! Шундай, қайта қурувчи демократлар яланғоч қирол!
Гап десанг, қоп-қоп денг?
Яна-тағин, қайта қурувчи демократ зоти бор — фақат... худони номидан гапиради! Ўша худо — Яратганни ўзи ҳар бандасига бир арава беради. Демак, ҳар бандани ўз араваси бўлади. Ана шу аравасини йўлда қолдирган банда — одам бўлмайди! Бири икки бўлмайди. Шу боис, ҳар банда ўз аравасини ўзи тортиши керак. Деҳқон экинини экиши керак. Қурувчи иморатини қуриши керак. Олим фанини яратиши керак. Ашулачи ашуласини айтиши керак. Шоир... шеърини ёзиши ке-рак! Ана ўша демократлар — шоир. Демак, улар шеър ёзиши керак, шеър! Бир сўз билан айтсак, ҳар банда ўз касбий аравасини тортиши керак. Ана ўшанда... қайта қуриш бўлади! Ана ўшанда... эл-юрт обод бўлади. Булар бир оғиздан Орол-Орол, дейди. Нима, қайта қуриш демак — Орол денгизи, демакми? Қайта қуриш демак — Оролни тўлдириш, демакми? Яхшилаб эшитсам, қайта қурувчи демократларни дарди бошқа, кампир.
Нима экан, билдингизми?
Ҳали айтиб бераман.
Ботир фирқа ёнбошлади. Қайта қурувчиларни ўйлади. Хаёлидан ажаб-ажаб гаплар ўтди. «Биз учун бор эъзоз-еҳромларни нобуд этмоқдалар. Улуғ сиймоларни инкор этмоқдалар. Табаррук бисотларни тортиб олмоқдалар, — деди. — Ўзи... бисотда бирор нима қолдими? Менда, манави... кампирим қолди! Бор-йўқ бисотим — кампирим. Топган-тутган хазинам
—    кампирим. Суянган қанот-қуйруғим — кампирим». Ботир фирқа кампирига тикилиб ўйлади. Кампирига тикилиб сўзлади:
—    Кампир, шу қайта қурувчи демократлар бир кун эмас, бир кун... коммунистлар, кампирларингни топширинглар, деб қолса-я!
—    Нима-нима?
Коммунистлар, кампирларингни олиб келиб топширинглар, деб қолса... нима қиламиз? Кампири сокин кулди. Бош чайқаб кулди. Оғиз ушлаб кулди.
Ҳар нарса деяверманг, раис бова. Даққиюнусдан қолган кампир кимга керак?
Ия, ўттиз тўққизинчи йилдан қолган орденни топшир, деган қайта қурувчи... кампирингни топшир, демайдими?
Кампири кетига чалқайиб-чалқайиб кулди.

61
«Булар бунча бақиради? Оғиз фақат шуларда борми? — дея ўйлади Ботир фирқа. —
Гапингда маза-матра бўлса, бақирма. Одамга ўхшаб гапир. Одатда, бошида ақл-
фаросат йўқлар бақириб-чақиради. Бақириб-чақириш эса... ожизлик аломати!
Булар бу ожизлик билан... нимани қайта қуради? Қандай қайта қуради? Қачон қайта
қуради?
Қайта қурувчилар олдин ўтмиш-кечмишини унутди. Ўзларини кимлигини унутди. Энди эса... келажагини-да унутди! Келажак қайтиб келмайди!
Келажақда эл-юрт нима бўлади? Ўзлари келажақда ким бўлади?
Билмайди, бирови-да билмайди. Келажакни билиш учун — ўтмишдан сабоқ олиш керак. Ана шу сабоқлар заминида келажак режаларини тузиш керак. Ўтмишсиз келажак йўқ!
Ўзбек зиёлилари нега бечора бўлиб қолди? Нега ғариб-бенаво бўлиб қолди? Нега муштипар бўлиб қолди?
Боиси, зиёлилар... ўзини йўқотди! Ўзини зиёлиман деб юрувчилар оломон бўлиб қолди. Ўзини олим дея, кўкрак керувчилар сояга ўхшаб қолди. Ўзини арбоб дея, кўкрагига урувчилар қўғирчоқ бўлиб қолди.
Зиёлиларни... бир гуруҳ ўнгга бошлади. Бир гуруҳ чапга бошлади. Зиёлилар эрталаб ўнгга борди, пешинда чапга борди. Қайта қурувчилар нима деса — бош ирғаб ўтирди. Чапак чалиб ўтирди!
Оқибат, зиёли ўз юзини йўқотди. Ўз сўзини йўқотди. Ўз юзи йўқ, ўз сўзи йўқ одам... зиёли бўлармиди?
Енди нима бўлади? Қайта қурувчилар зиёлиларни чиқитга чиқариб ташлайдими? Қаерга олиб бориб ташлайди? Зиёлилар ҳали соғ-омон-ку? Соғ-саломат зиёлини чиқиндига ташлаб бўладими?»
Ботир фирқа йиғилишда бўлмиш гапларни бир-бир ёдлади. Гапларни ўзича мушоҳада этди. — Мана бу зотлар зиёли эмас! Йўқ, зиёли эмас! Булар халқдан чиққан одамлар... «Мадиев шундай дедими? Ҳа, Мадиев шундай деди, — ўйлади Ботир фирқа. — Хўп, Мадиевчасига ҳам борайлик. Чин, биз халқдан чиқдик. Чин, биз шунчаики одамлар. Хўп, одам шунчаики бўлмай, қанчаики бўлади? Хўп, одам халқдан чиқмай,
қаердан чиқади? Одам... ердан чиқадими? Одам... молдан чиқадими? Мадиевни шеърлари-да шунақа! Шеърларига: «халқ йўлида», «халқ оҳангларида», деб қўяди.
Ей, фитна шоир, халқ йўлида ёзмай, кимни йўлида ёзасан? Сигир-бузоқларни йўлида
ёзасанми? Қўй-қўзиларни йўлида ёзасанми?
Мадиевлар ўздни авангард-авангард, дейди. Илғор, демоқчи-да?
Менимча, авангард... елвизак, елвизак, демак! Адабий авангард — адабий елвизак,
демак!
Совет даврида эшиклар берк эди. Адабий елвизаклар... адабиёт эшигидан киролмас эди! Кўча-кўйда елиб-елиб... дунёдан ўтиб кетар эди.
Демократия даврида барча эшиклар баралла очилди. Адабий елвизаклар адабиёт эшигига... бостириб кирди!
Адабий елвизаклар йўлида учрамиш адабиёт дарғаларини... белидан олиб, беланги қилди. Бошидан олиб, тумов қилди. Бурнидан сув оқизди, кўзидан ёш оқизди. Оғзидан қон оқизди...
Ешикдан елвизакдай ҳуриллаб кириб... Адабиёт тож-тахтига ёпишди! Шу тож-тахтни олсак... Адабиёт бизники, дея ўйлади.
Афсус бўлсин, елвизак — ўз оти ўзи билан елвизак! Ғувв этиб ўтиб кетади! Ким асл зиёли?
Имон билан яшагувчи, ноҳақликка чидолмовчи, хўрлик — золимликдан нафратланувчи,
чин инсон бўлиб яшагувчи зот — асл зиёлидир!
Мадиевлар зиёлими? Зиёли бўлса, ушбу талабларга жавоб бера оладими?
Мана, Мадиев оғиз кўпиртириб нутқ сўзлади. Тош отмаган одами қолмади. Уртоқ
Лениндан тортиб... менгача тош отди! Тош отишидан мақсади — мансабдор бўлиш!
Ана шу тош отишини ўзи... Мадиев ор-номуссиз
еканини кўрсатади. Шон-шавкатсиз эканини биддиради. Юз-ғурурсиз эканини айтиб туради.    .
Ор-номуссиз одамга эл-юрт тақдирини топшириб бўладими? Юз-ғурурсиз одамга эл-юрт ихтиёрини бериб бўладими?
Дунёда қалтис ишлар кўп. Ана шундай қалтис ишлардан бири... тентак одам қўлига милтиқ бериш, юзсиз одам қўлига мансаб бериш! Эл-юрт учун иккови-да қалтис!»

62
Матбуотда Орол денгизини қутқариш ҳақида хабар берилди. Деворларда эълон осилди.
Йиғилишга оммавий равишда таклиф этилди. Те-лефонда таклиф этилди. Оғизма-оғиз таклиф
етилди.
Ботир фирқа телефонда таклиф этилди. Шахсан таклиф этилди! Йиғилиш хиёбонда бўлди. Хиёбон мўл-мўл одам бўлди.
Ботир фирқа меҳнат ва уруш ветеранлари қаторида ўтирди.
«Ўзи, одам йиғилса йиғилгудек ташвиш. Бундай ташвишни кўпайишиб ҳал этмаса бўлмайди, — дея ўйлади Ботир фирқа. — Орол эл-юрт дарди бўлиб қолди. Мен ҳам шу эл-юртни бир заррасиман. Аммо-лекин шахсан мен Оролга қандай ёрдам берсам бўлади? Коммунист Эсонов, сиз Оролга қандай ёрдам берасиз, десалар нима дейман? Одди-қочди гаплар билан Оролни қутқариб бўлмайди. Баландпарвоз сафсаталар билан Оролга
ёрдам бериб бўлмайди. Мен... пенсия пулимдан Оролга бераман! Мана шу ойлик пенсиямни Орол фондига бағишладим, деб айтаман». Оролпаноҳлар бирин-кетин минбарлади.
Оташин-оташин нуткдар билан Оролни... тўлдириб-тўлдириб ташлади! Лирик-лирик шеърлар билан Оролни... қутқариб-қутқариб ташлади!
Минбарга ашаддий оролпаноҳ Мадиев кўтарилди. Йиғилиш аҳлига қараб бош ирғади. Ўнг қўлини кўксига қўйиб бош ирғади. Бирдан... асл мақсадга ўтди:
—    Хонимлар ва жаноблар! — деди. — Мен умримга ачинмайман, мен марксизм-ленинизмни ўрганишга кетган вақгимга ачинаман!
Йиғилиш гувв-гувв этди. Йиғилиш қий-чув этди. Йиғилиш чувв-чувв этди. Мадиев қарсаклар остида қолди.
Мадиев кўкрак чўнтагидан бир ҳужжат олди. Ҳужжатни халққа пешлади.
—    Мана, КПСС билети! - деди. - КПСС, КПСС...
Барча тараққийпарвар мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий қонун-қоидалар инсон ҳуқуқлари манфаатидан келиб чиқади. Бизда эса, етмиш йил мобайнида ҳамма нарса ҳукумат манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқтси. Ҳукумат ким? КПСС! Чунки КПСС етмиш йил давомида ҳукмрон бўлиб келди. Коммунистик партия етмиш йил давомида мамлакатни бошқариб келди. Коммунистик партия етмиш йил мобайнида биз сизларга фаровон турмуш ато қилдик, деб қайта-қайта уқтириб келди. КПСС бизга гўзал ҳаёт тақдим этган эмиш! Буни қаранг-а! Мана шу қип-қизил билет бизга ҳаёт ҳадя этибди! Шугина билет-а! Демак, шу қизил билет бўлмаса — ҳаёт бўлмас экан-да? Шу қалин қоғоз бўлмаса — биз яшамас эканмиз-да? Буни қаранг-а! Мен энди мана шу қуруқдан-қуруқ КПСС қонун-қоидаларига қараб эмас, тараққийпарвар жаҳон мамлакатларида қабул қилинган умуминсоний қонун-қоидалар, умумбашарий хулқ-ахлоқ талаблари асосида ўз тақдиримни ўзим ҳал қилмоқчиман. Мени шу кундан бошлаб Совет Иттифоқи Коммунистик партияси аъзоси ҳисобламасликларингизни сўрайман! Гулдурос қарсак бўлди. Узлуксиз қарсак бўлди. Мадиев КПСС билетини минбарга ташлади. Халққа қарата қўл силкиди. «Наҳотки, партия ташкилотлари бефарқ қарайди? — уйлади Ботир фирқа. — Наҳотки, коммунистлар сукут сақлайди?» Минбарга Диля кўтарилди.
—    Ҳа, КПСС — партия эмас эди! — деди Диля. — КПСС ҳукмрон эди, КПСС ҳоким эди! Гўрингдан тутун чиққур Брежнев КПСС яккаҳокимлигини янги Конститутсия билан қонунлаштириб ҳам берди. Камина ана шундан кейин КПСС сафига ўтишга мажбур бўлдим. Чунки кўриб турибсиз — камина бир ожизаи заифа, КПСС эса, диктатор эди! КПСС золим эди! Биз ожизаи заифалар диктаторлик зулми остида ўз... аёллик иффатимизни йўқотиб қўймаслигимиз учун КПСС сафига киришга мажбур эдик. Биз заифалар, золим КПСС қамчиси остида... ногирону нотавон бўлиб қолмаслигимиз учун КПСС взносини тўлаб туришга мажбур эдик. Атоқли шоиримиз Ғафур Ғулом айтганларидек, бизнинг аёлларга ҳаё фазилат! КПСС учун эса — ҳаё бегона, ор-номус бегона! Мен энди КПСС сафида қололмайман! Номи улуғ, супраси қуруқ КПСС сафида қололмайман! Шундай бир жирканч партия сафига ўтганим учун мен сиз қоракўзлардан... кечирим сўрайман! Шундай бир жаллод КПСС сафида йиллаб взнос тўлаб юрганим учун мен сиз қоракўзлардан... минг бора узр сўрайман! Мени афв этинг, яхшилар! Мана, жаллод КПСС
билети!
Диля КПСС билетини минбарга ташлаб тушди.
«Буларни йўлдан қайтариш керак, — ўйлади Ботир фирқа. — Булар ҳали ёш коммунистлар. Буларга тушунтириш ишлари олиб бориш керак. Буларни партия ўқув юртларига, сиёсий курсларга ўқишга юбориш керак. Ана ўшанда кўзлари очилади. Ана ўшанда КПСС
нималигини англаб етади. КПССни лаънатлаб бўлмайди. КПССга шак келтириб бўлмайди». Мадиев боши билан имо этди — қайта қурувчилар бир даста шохча қўлтиқлаб келди. Шохчаларни ўртага тўдалаб қўйди.
Мадиев нигоҳи билан имо этди — қайта қурувчилар бир шиша ермойи олиб келди. Ермойини шохчаларга сачратиб сепди.
Мадиев қўли билан ишора этди — қайта қурувчилар гугурт қутисини оча-оча келди. Шохчалар остидан чирсиллатиб гугурт ёқди. Шохча ўтин олов олди. Олов одам бўйи кўтарилди.
Мадиев минбардан КПСС билетини олди. Олов олдига келди. Мисоли ўлик сичқонни думидан ушлаб кўтармишдай... КПСС билетини учидан ушлаб кўтарди. Мисоли ўлик сичқонни теваракка кўрсатмишдай... КПСС билетини боши узра айлантириб-айлантириб кўрсатди. КПСС... ўлик сичқон мисол шалвир-шалвир этди! Мадиев КПСС билетини... олов учига тутди!
Олов учи билан... КПСС учи учрашди. КПСС билан олов... юзма-юз бўлди!
КПСС олов олди! КПСС ёнди!
Мажлис аҳли қийқириб қарсак чалди. Мажлис аҳли ҳайқириб олди.
Ботир фирқа ўтиролмади. Сапчиб турди. Тишлари ғижир-ғижир этди. Қўллари мушт бўлди. Муштини шим чўнтагига тиқди. Халққа жовдираб боқди. Жовдираб-жовдираб боқди. Халқдан нажот бўлмади! Халқдан паноҳ бўлмади! КПСС... лов-лов ёнди!
Мадиевни қўли куйди — КПССни... ташлаб юборди! КПСС олов ичига тушди. КПСС олов ичида қолди!
Мадиев йиғилиш аҳлига қараб таъзим этди. Қўлини кўксига қўйиб таъзим этди.
Енди, Диля келди. Мадиевни қилиқларини такрорлади. Мадиев нима килди — Диля ҳам шуни
қилди.
Йиғилиш аҳли Диляни ҳайқириқ-қарсаклар билан олқишлади.
Кейин, учинчи қайта қурувчи, тўртинчи қайта қурувчи, бешинчи... эллигинчи қайта қурувчи демократ келди!
Ботир фирқа... элликдан кейин таҳликада қолди. Довдираб қолди. Эс-ҳушини йиғолмай қолди. Ботир фирқа... гимн айтаётган арбоб мисол ғоз-ғоз турди. Гимн эшитаётган коммунист мисол мағрур-мағрур турди.
КПСС... олов бўлиб ёнди! Олов бўлиб осмон ўрлади. Буралиб-буралиб ўрлади. «Ўртоқ Ленин сиймосидай мангу олов! — деди Ботир фирқа. — КПСС ғояларидай нурафшон олов! Коммунист қалбидай оташин олов! Коммунист фаолиятидай шон-шавкатларга, меҳнат жасоратларига бой олов!»
Ботир фирқа беихтиёр... чап кўкрагини ушлади. КПСС билетини... устидан ушлаб-ушлаб қўйди. Кафтини... билетлик чўнтаги устига қўйиб турди.
«КПСС яраланди! Жуда ёмон яраланди! — деди Ботир фирқа. — Аммо-лекин КПСС ўлган эмас! Йўқ, КПСС ўлган эмас... »
Ботир фирқа кетга тис бўлди-тис бўлди — йиғилишдан чиқиб олди.
Боши букик, қадам олди. Боши кўксида, қадам олди. Бехаёл қадам олди.
Уйда кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди.

63
«Тўйдим, мен энди кетаман!»
Ботир фирқа ётди-ётди — ана шундай хулосага келди.
«Бўлди, мен яшашдан чарчадим, — деди. — Меҳр-оқибат, ҳурмат-иззатлардан
чарчадим. Мансаб-амал, шон-шуҳратлардан чарчадим. Қаҳр-ғазаб, нафрат-аламлардан чарчадим. Майли, мендан нафратлансинлар, мендан жиркансинлар. Мендан ҳазар қилсинлар. Тўйдим, мен яшашдан толдим.
Ҳар бандани ўз сиғинажак қиблагоҳи бўлади. Ўз сиғинажак улуғ зоти бўлади. Сиғиниш эса — эътиқоддан бино бўлади. Эътиқодсиз яшаб бўлмайди!
Мен пионерга эътиқод қўйиб яшадим. Мен комсомолга эътиқод қўйиб яшадим. Мен партияга эътиқод қўйиб яшадим.
Ўртоқ Ленин улуғ зотим бўлди! Жонажон КПСС қиблагоҳим бўлди!
Мен улуғ зотим Ленин учун ички-ташқи ғанимлар билан курашдим. Жон олиб, жон
бердим. Мен ўртоқ Ленин ғанимини ўз ғанимим деб билдим!
Мен қиблагоҳим КПСС учун неча-неча беш йилликларни ошириб-ошириб бажардим.
Неча-неча ўн йилликларни бажариб-бажариб ташладим. Мен қиблагоҳим КПСС учун
миллион-миллион тонналаб пахта териб бердим!
Қиблагоҳим КПСС барча ютукдарим илҳомчиси ва ташкилотчиси бўлди! Инсонда ватан битта бўлади. Ватан ёлғиз бўлади. Шу боис — ватанга оҳанжома тақиб бўлмайди. Ватанга упа-сурма қўйиб бўлмайди. Ватанга гард юқтириб бўлмайди. Ватан ўз оти ўзи билан — ватан!
Жуда бўлса — ватанга она сўзини қўшиб айтса бўлади. Боиси, ватан билан она айрилмасдир. Ватан билан она мангудир. Шу боисдан — она-ватан, деймиз. Она-ватан! Аммо-лекин мен — коммунист Эсонов, ватанга... сотсиалистик сўзини қўшиб айтдим! Сотсиалистик ватан! Она қолиб... сотсиалистик номини қўлладим! Она қолиб... сотсиалистик ватан, деб айтдим!
Бирдан... бари хароб бўлди. Бари сароб бўлди.
Ёмондан-ёмони — энди бу харобани тиклаб бўлмайди. Энди бу саробани тўлдириб бўлмайди».
Ботир фирқа чап ёнига ағдарилиб ўйлади, ўнг ёнига ағдарилиб ўйлади. Чалқанча ётиб ўйлади. Қарори қатъий бўлди: «Тўйдим, мен энди кетаман!»

64
Одам қариса... умидини йўқотади. Умидини бой беради. Келажақдан умидини узади. Одамни ана шу... одам қилиб туради. Одамни ана шу умид... суяб юради. Шу боис, одам... умидсиз яшай олмайди!
Одам ҳамиша... уфққа қараб яшайди. Уфққа қараб юради. Уфққа қараб хаёл суради.
Уфққа қараб орзу қилади. Уфққа қараб... дуои фотиҳа ўқийди.
Умид — одам учун мисоли уфқ. Умид — одамзот учун одамзот уфқи.
Оламни охири — уфқ. Одамни охири — умид!
Оламни сўнгга таянч нуқтаси — уфқ. Одамни сўнгги таянч нуқтаси — умид! Олам уфққа бориб тамом бўлади. Одам умидини йўқотиб тамом бўлади. Одам қариса, ана шу таянч нуқта — умидини йўқотади!
Шу боисдан, қари одам юрса — оёғи остига қараб юради. Қари одам ўтирса — ерга қараб ўтиради.
Ботир фирқа-да ана шундай бўлди!
«Ўзи, пешонам шўр экан, — деди Ботир фирқа. — Бир донишманд айтиб эди: худо ёмон кўрган бандаси-ни... қайта қуриш даврида яратади, деб эди. Худо шўри қуриган бандасини... ўтиш даврида яратади, деб эди. Шу гап чин экан. Мен шўрпешона эканман. Мана, умрим қайта қуриш билан ўтди. Қайта яратиш билан ўтди.
20—30-йилларда ўртоқ Ленин қур-қур, деди. Мен совет давлатини қурдим. 30—40-йилларда ўртоқ Сталин ярат-ярат, деди. Мен сотсиализм жамиятини яратдим. 40—50-йилларда Йўлдош Охунбобоев барпо эт-барпо эт, деди. Мен завод-фабрикалар барпо этдим. 50— 60-йилларда ўртоқ Хрушчев чўлларни ўзлаштир-ўзлаштир, деди. Мен чўл-биёбонларни боғ-бўстонга айлантирдим. 70—80-йилларда ўртоқ Брежнев билан ўртоқ Рашидов мўл-мўл пахта бер-пахта бер, деди. Мен ҳар йили олти миллион тонналаб «оқ олтин» териб бердим, олти миллион!
Партия-ҳукумат нима деса — лаббай, деб жавоб бердим. Эл-юрт учун қўлимдан келган барча ишни қилдим. Қайта қурдим, қайта туздим, қайта яратдим! Қайта, қайта, қайта... умрим ана шу «қайта» сўзи билан ўтди! Таржимаи ҳолим ана шу «қайта» сўзи билан тўлди!
Мана энди, тағин... қайта қуриш! Нимани қайта қураман? Қарийб бир аср... қайта қурдим! Бир аср... қайта яратдим! Бир аср йўқни бор қилдим! Бир асрлик меҳнатим кам бўлдими?
Енди нима қилсам — тинч бўламан? Нима қилсам — қур-қур, деган гаплардан қутулиб... ором оламан? Нима қилсам — ярат-ярат, деган гаплардан қутулиб... оёғимни узатиб ётаман?»
Ёлғиз бир йўл қолди. Ягона йўл қолди... У умрида барини кўрди: ХХ асрни бош-адоқ кўрди. ХХ асрни ўз кўзи билан кўрди. ХХ асрни қўли билан ушлаб кўрди. ХХ асрни ўз бошидан кечирди.
Ҳаётда маъно қолмади. Турмушда мазмун қолмади, Яшашда мақсад қолмади. Фақат бир йўл қолди. Энг қийини қолди. Энг ёмони қолди.
Ана шу ёмон йўлга... қандай етса бўлади? Қачон шу... ёмон кун келади? Қачон шу... қайта қурувчилардан қутулади?
Одамда ички бир руҳ-қудрати бўлади. Уни ўз-ўзини балогардонлардан ҳимоя этиш ички руҳ-қудрати деса бўлади. Ўз-ўзини бало-қазолардан авайлаш руҳ-қудрати деса-да
бўлади.
Бу руҳ-қудратни енгиб бўлмайди. Бу руҳ-қудратни даф этиб бўлмайди. Аммо бу руҳ-қудратни улуғ мақсадлар йўлида фидо этса бўлади. Масалан, эл-юрт йўлида фидо этса бўлади. Эл-юрт йўлида садақа этса бўлади. Эл-юрт йўлида қурбон этса бўлади. Айнан... ўлим инсон ким эканини кўрсатади! Инсон тош-тарозисини... тарозига қўйиб кўрсатади. Инсон қиёфасини ойнага солиб кўрсатади. Инсон қадр-қимматини... оппоқ қоғозга битиб кўрсатади.
Асл инсонни асл баҳосини... ўлим беради! Шу боис, асл инсон учун ўлим писанд эмас! Асл инсон ўлимни очиқ юз билан кутиб олади. Асл инсон ўлимни табассум билан кутиб олади. Боиси, асл инсон эл-юрт учун қўлидан келмиш эзгуликни бажариб бўлади. Асл инсон эл-юрт олдида ўз бурчини адо этиб бўлади.
Ана шунда, асл инсон ўз ҳаётидан кўнгли тўлади. Асл инсон ўз яшашидан кўзи тўяди.
Теварак-бошига мунис-мунис боқади. Тўқ кўнгил билан боқади. Тўқ кўз билан боқади. «Мен энди... кетақолай», дейди.
Инсон дунёга келди, дейдилар. Чин, инсон дунёга келади. Аммо инсон дунёга ўзи келмайди. Ўз оёғи билан келмайди.
Боиси, инсон онаси кўкрагида юролмайди. Оёқлари бўлади, аммо юролмайди. Шу боис — инсон онаси кўкрагидан ёруғ дунёга қадам босиб тушолмайди. Инсон туғилса: «инга-инга — мен келдим», дея овоз беради. Инсонни биринчи бўлиб... энага кўтариб олади! Энага бағрига босади. Энага инсонни ўраб-чирмайди. Энага инсонни йўргаклайди.
Енагадан кейин... ҳамширалар инсонни айланиб-ўргилади. Дўхтирлар инсонни кўз қорачиғидай авайлайди.
Енди, инсон: «дод, дунёдан кетаман», деса-чи?
Биров... отинг нима, демайди! Биров... ҳолинг нима, демайди. Ҳатто, биров... итмисан-ешакмисан, демайди!
«Ҳай, номард дунё, номард дунё! — деди Ботир фирқа. — Дунё нотанти экан, нотанти! Одам дунёга келаман деса... Инга-ингани эшитиб... қулоқлар динг бўлади! Энага, ҳамшира, дўхтирлар қучоқ очиб келади! Одам: «дунёдан кетаман», деса... Бирор зот итмисан-ешакмисан, демайди! Одам... дардини кимга айтишини билмайди! Кампирга айтсаммикин? Ҳай-ҳай, ув-вос солиб йиғлайди! Дунёни бошига кўтаради! Дўхтирдан маслаҳат сўрасаммикин? Йўқ, чол айниб қолибди, дейди. Унда, инсонни дунёдан ким кузатиб қўяди? Энага тоифа бир зот борми? Кимга мурожаат этса бўлади? Кимдан маслаҳат сўраса бўлади?»
Ботир фирқа ўйлади. Бирдан тан-жони илиқ-илиқ бўлди. Юз-кўзлари ёруғ-ёруғ бўлди. У шундай маслаҳатчини топди. У шундай энагани топди: «Гўрков! Қари одамни энагаси — гўрков!»

65
У улкан дарвоза олдида оёқ илди.
Дарвоза ўнгида турмиш тошга чўкди. Ўткинчи-кеткинчиларга қараб ўтирди. Бирорта таниш-билиш учратмади. Кўнгли тинч бўлди. Оҳиста қўзғолди. Темир дарвозадан ичкарилади.
Ана шунда, ажаб бир синоатни кўрди: сонсиз қабрлар. Панжара билан ўроғлик қабрлар. Ҳовли мисол ўроғлик қабрлар. Ялт-юлт сағаналар. Мармар плиталар. Оҳанжома тошлар. Ёлғизоёқ йўллар...
«Шаҳар, мисоли шаҳар! — деди Ботир фирқа. — Бу шаҳар абадий уйқуда ётади. Мангу оёқ узатиб ётади. Бу шаҳар кўзларини юмиб ўйлайди. Фақат ўйлайди. Ана, одамзотни ибтидоси! Ана, одамзотни интиҳоси! Одамзотни сўнгга манзили — бир парчагина ер. Одамзотни сўнгги макони — бир сиқимгана тупроқ. Барча инсон ана шу маконга келади. Инсон қип-яланғоч келади. Инсон шип-шийдам келади. Мен... ҳаммадан олдин келаман! Ўз оёғим билан келаман!»
Ботир фирқа марҳумлар шаҳри оралаб юрди. Марҳумлар йўлаги бўйлаб юрди. Теварак-
бошга кўз солиб юрди. Бўш жой... бўш жой тополмади!
Марҳумлар шаҳри шу қадар сераҳоли бўлди, шу қадар тиғиз шаҳар бўлди!
У марҳумлар шаҳри оралаб юрди-юрди, бир кулбага дуч келди. Кулба эшигани қия очиб
қаради: ичкарида бир одам устачилик қилиб ўтирди.
Уста Ботир фирқага бош ирғади. Асбоб-анжомларини ёнига қўйди. Ботир фирқани ичкари
таклиф этди. Бир думалоқ кундани қўрсатди.
Ботир фирқа думалоқ кундага ўтирди. Устадан ҳол-аҳвол сўради.
Уста бош ирғаб-бош ирғаб жавоб берди. Ботир фирқага бир пиёла чой узатди.
Ботир фирқа кулба ашқол-дашқолларини томоша этди. Бош ирғаб-ирғаб томоша этди.
—    Хўш, келинг-келинг? — деди уста.
Шундай... Ўтган-кетганларни ёдга олиб дегандай? — деди Ботир фирқа.
Яхши, яхши. Ўтганларни хотирлаш савоб иш. Баъзи бировлар ўз ота-онасини қабри қаердалигини билмайди. Ана, обод қилиб қўйдик. Айланиб кўришингиз мумкин.
Айланиб кўрдим. Хўп обод шаҳар бўпти!
Қанақа бўпти-қанақа бўпти?
Обод шаҳар бўпти!

Шаҳар? Ҳа, тилингизга бол, тилгинангизга бол-а! Шаҳар қилиб қўйдик-да, ҳа, шаҳар! Баъзи бир қабристонларни кўриб, одам ҳам тириклар шаънига ачинади, ҳам марҳумлар ҳолига ачинади. Деворлари нураб тушган супуриб-сидирилмаган, моллар оёқости қилган. Ўшанақа қабристонларни кўриб, одам... ўлишгаям қўрқади! Одам ўлишиниям билмайди, қолишиниям билмайди! Ана, бизни шаҳримиз — ярақлайди! Бизни шаҳримизни кўрган одам... ўлгиси келади! Ўлган сайин, ўлгиси келади! Бизни шаҳримизни кўрган одам... тезроқ омонатимни топшириб... шу шаҳардан макон топсам дейди!
Раҳмат, раҳмат...
Ботир фирқа бош ирғади. Ботир фирқа дудуқланди.
«Биз ҳам келадиган бўлдик, ука», дейишига бир баҳя қолди!
Аммо нафасини ичига ютди. Гапни бошқа ёққа бурди. Асл мақсадга ўтди:
Сиз бу шаҳарда кўпдан буён ишлайсизми, ука?
Шу, йигарма йиллар бўп қолди-ёв. Нима эди?
Ҳалиги... гўрков, дегич одамлар ҳам бўлар эди?
Бор, гўрков бор. Гўрковни кулбаси мана буёқда. Шаҳарни ўнг бурчагида. Бирор иш бўлса айтаверинг, хизматингизга тайёрман.
Сиз...
Мен тошга битик битувчиман. Олдин тош қўювчи эдим. Кейин, маҳоратим ошди. Тошга шакл берувчи бўлдим. Ҳозир, тошга битик битувчи бўлиб хизмат қиляпман. Охир-оқибат, шу шаҳарлик бўлиб қолдим. Худога минг қатла шукур, менча бўлган ҳам, бўлмаган ҳам бор.
Чин, чин. Тошга битик битишни ўзи бўладими? Мана шу қабр тошлар тайёр мармарга шакл берилиб килинадими ё бирор-бир қолипга солиб тайёрланадими?
Асл сағаналар соф мармардан бўлади. Шунчаки сағаналар тсементдан бўлади. Қум ва мармар увоқлари аралашмасидан бўлади. Барчаси тайёр ҳолга келтирилгач, мармар плитаси ёпиштирилади. Ана ундан кейин, марҳумни исми шарифи ҳуснихат билан ўйиб-ўйиб битилади.
У-у-у, ташвиши кўп экан!
Ҳа-да! Ўлишни... ўзи бўладими? Ўлишни... чидаганга чиқарган!
Чин, ўлишни ўзи бўлмайди. Ҳозир танқисчилик даври. Ашқол-дашқолни қаердан топяпсиз?
Бир инсон жон бериб келади-ю... тош топмаймизми? Топамиз! Тошларни мармар заводидан сотиб оламиз. Арматура билан тсементни дуч келган қурилиш иншоотларидан олиб келамиз. Шағал-қум деганларни ариқлардан оламиз.
Шундай қимматбаҳо тошлар, сағаналар, панжаралар... Менимча, бу нодонлик, манманлик аломати деб ўйлайман. Дунёдан ўтганлар кетидан шон-шуҳрат, обрў олмокчи бўлиш, деб ўйлайман.
Енди, манави беш қўл баравар эмас, отахон. Ҳаётда ҳаром пулини қаёққа қўйишни билмай юрган тентаклар кўп. Аслида, эскичада... қабр тош қўйиш гуноҳ! Ҳа, қабр тош қўйиш гуноҳ! Мусулмончиликда қабрни тошлар билан бостириб қўйиш ман этилади. Аслида, мусулмончилиқда қабрлар ер билан бир текис бўлиши керак. Қабрлар ер билан баравар бўлиши керак. Пайғамбарларимиз ҳам ана шундай йўл-йўриқ берганлар. Пайғамбарларимиз қабрлар устига фақат биттагина белги қўйишни буюрганлар. Сабаби, Расулуллоҳ алайҳиссалом Усмон ибн Мазъун қабри бошига биттагина тош қўйганлар. Бу тош: «Биродарим қабри қаердалигини билишим ва бошқа қазо қилган уруғларимни ана шу қабр қабатига олиб келиб дафн этишим учун белгидир», деган. Расулуллоҳ алайҳиссаломимизни ўз қабрлари ҳам ердан бор-йўғи бир қаричгана баланд, холос. Шу сабабдан ҳам қабрлар бошига ғиштин бинолар қуриш, бетон оҳанжомалар ўрнатиш, суратлар ўйиб солишни асло буюрмаганлар.
Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Қайтанга совет даврида яхши эди.
Тўғри, совет даврида халқ қонунлардан қўрқиб... камтарона яшар эди! Совет халқи инсоф билан иш қилар эди. Совет халқи оғзини катта очмас эди.
Совет халқи кўп сабр-қаноатли халқ эди. Совет халқи бор бўлсаям, йўқ бўлсаям... борига шукур қилар эди! Совет халқи қорни оч бўлсаям... борига шукур қилар эди! Боиси, совет тузуми кўп халқпарвар тузум эди, кўп мехр-оқибатли тузум эди. Совет тузумини байналминаллигини айтмайсизми, байналминаллигини!
Лекин совет давриниям ташвишлари кўп эди. Шу бугунгидай эсимда: совет раҳбарлари сиёсий тафтиш учун келар эди. Сағаналардаги: «Худо раҳмат қилсин», «Жойи жаннатда бўлсин», деган битикларни ўчиртириб ташлар эди. Мармар тошлардаги ярим ой шаклларини ўйдиртириб ташлар эди. Қабрларни ном-нишонсиз қолдирганлари камдай, «Яна шундай такрорласам, жиноий жавобгарликка тортинглар», деган тилхат ёздириб оларди.
Мабодо ўшалар орасида... мен йўқмидим?
Йўқ, сиз йўқ эдингиз. Бўлсангиз, танир эдим. Раҳбарлар ҳам ҳар хил бўлади. Ичида бир... худо безориси бор эди! Худо йўқ-худо йўқ, деб дўқ урар эди. Мана, худо бор экан, бечорани... жинни қилиб қўйибди!
Жинни? Йўғ-е?
Ҳа-да! Савдойи бўлиб, жиннихонада ётган эмиш! Фамилияси... ҳа, фамилиянг қурсин... ҳа-ҳа, Ражабов, Ражабов! Падарингга лаънат, бир келиб: «Тошлардаги дуои фотиҳаларни ўчир», деди. Икки келиб: «Сағаналардаги байт-ғазалларни ўчир», деди. Жонга тегиб эди! Ана, худони ўзи кўрсатди. Жинни қилиб қўйди, жинни!
Ражабов... Ражабов... ҳа, таниш фамилия, таниш. Жинни эмасдир-е?
Енди, психболнитсада ётгандан кейин... ким бўлади? Имом-хатиб бўладими? Албатта, жинни бўлади-да!
Ражабов, Ражабов...
Ана ўша: «Барча қабр тошлар устида беш қирралик юлдузлар порлаб турсин», дея буйруқ бериб кетар эди. Буёғига нима дейсиз?
Ботир фирқа нафас ютди. Қилт этиб ютинди. Деразадан ташқари қараб олди. Бирдан сергакланди. Бирдан жонланди.
Бизга... беш юлдуз яхши! — деб юборди.
Хўп, сиз омонатингизни бемалол топшириб келаверинг. Буёғини бизга қўйиб беринг.
Нима қилай-нима қилай?
Сиз олдин омонатингизни бериб келинг. Буёғини биз боплаймиз!

66
Одамзотни ёши қайтса... маросимма-маросим юради. Маъракама-маърака юради. Чақирса-да боради, чақирмаса-да боради. Орқаворатдан эшитиб қолса-да, боради. Гап йўқ, сўз йўқ — қўли кўксида кириб боради.
Одамзот мартаба-мансабда эканида... ана шу даргоҳларга қўй сўйиб чақирса-да бормайди! Одамзот оёғи узангида эканида... ана шу маросимларга ялиниб-ёлворса-да бормайди!
Ботир фирқа-да ана шундай бўлди.
Бир профессор қазо қипти, дейишяпти, — деди кампири.
Худо раҳмат қилсин, нечада кетибди?
Ҳали пайғамбар ёшига етмаган экан. Бир бало касал экан, дейишди.
Худо раҳмат қилсин. Дард ёмон, ўз вақтида қаратмаса ёмон. Ёнбошлаб ётмиш Ботир фирқа қўзғолди. Маросим учун тайёр бўлди. Кўчага йўл
олди. .
Марҳумни оти нима — иши бўлмади. Марҳум кими бўлади — иши бўлмади. Сўраб-суриштириб кириб борди.
Ҳовли тўла... сонсиз оладўппи бўлди! Сонсиз беқасам тўн бўлди. Сонсиз белбоғ бўлди. Ҳовли қилт этмас сокин бўлди. Пашша учмас сокин бўлди. Нафас билинмас сокин бўлди. Ушбу сокинлик оти... мотам... мотам бўлди!
Мотамда... кўз билан кўриб бўлмас бир товуш кезиб юрди. Қулоқ билан эшитиб бўлмас бир товуш учиб юрди.
Ушбу товуш... ҳовли узра учди. Дарахт япроқлари бўйлаб учди. Тўн-дўппилар узра учди. Маъюс юзлар аро учди. Мунгли кўзлар аро учди. Ёшли ёноқлар аро учди. Ушбу товуш оти... унсиз йиғи... унсиз йиғи бўлди!
Ботир фирқа ҳовли бўсағасида манзил олди. Қўл қовуштириб ўтирди. Гап-сўз орасида марҳумни билиб олди.
«Ҳа-а, институт декани экан-да, — дея ўйлади Ботир фирқа. — Декан бозори чаққон одам бўлади, оғзи ошдаги одам бўлади. Деканни қўлида бутун бошли факултет бўлади. Ҳа-а, шу боисдан ҳам одам тумонот экан-да».
Тумонот қўзғолди: ичкаридан тобут қалқиб-қалқиб чиқиб келди. Катта кўчага қараб йўл
олди.
Ана шунда, Ботир фирқа бир савоб олмоқчи бўлди: тобутни бир четидан беш-ўн қадам кўтариб бормоқчи бўлди... Шу мақсадда тобут кетидан эргашди. Тобутга қўл узатди. Тобутга бармоқ ўйнатди.
Аммо қўли етмади — тобут қадам сайин олислаб борди. Ботир фирқа қўл узата-узата қолди. Тобутга қўли етмагани учун ёшидан ўпкаламади. Қувватсизлигидан-да ўпкаламади. Одам тумонот бўлди, тумонот! Ботир фирқа тумонот одамдан кўнгли ёруғ бўлди.
«Қайсики марҳумни жанозасига тумонот одам йиғилдими, бўлди, ана шу одам жаннати бўлади! — ўйлади Ботир фирқа. — Ана, тумонот одам, ана! Демак, профессор жаннати бўлди, жаннати!»
Ботир фирқа тобутга эргашиб борди. Тумонот одамни оралаб борди. Кўнглидан манави гаплар ўтиб борди:
«Менгаям... шунча одам келармикин? — деди. — Келмайди, келмайди! Совет даврида партия-совет органлари барчани сафарбар этар эди. Пионерлар фахрий қоровулда турар эди. Комсомоллар орден-медаллар кўтариб юрар эди. Коммунистлар оташин нутклар сўзлар эди. Энди, комсомол ҳам йўқ, партия ҳам йўқ. Аммо-лекин ўлим бор! Ана ўлим, ана... »
Катта кўчада одам тағин-да кўпайди. Одам тумонотдан-тумонот бўлди! «Мен бечорани жанозамга ҳеч ким келмайди! — деди Ботир фирқа. — Кизил эди, деб келмайди. Коммунист эди, деб келмайди. Ўз оти ўзи билан Ботир фирқа эди, деб келмайди. Шундай экан, мен бечораям... шу бугун омонатимдан қутулиб олсам бўларди! Ана, тайёр тумонот одам. Мен бечораям... шу бугун кетақолсам бўларди! Ана, ўз оёғи билан келган тумонот. Ана, тайёр тумонот одам, тайёр... »

67
«Сиз омонатингизни топшириб келаверинг. Буёғини бизга қўйиб беринг».
Ботир фирқа тош битикчини ушбу гапини ўйлади. Чалқанча ётиб ўйлади. Радиодан
музика эшитиб ўйлади.
«Омонатни топшириш кераклигини биламан, — деди. — Аммо-лекин шу омонатни қандай
топшираман? Ана шуни билмайман! Доно бўлсанг, айт? Омонатни узиш йўлини айт».
Радио хўп музика чалди. Мумтоз-мумтоз музика чалди.
Ботир фирқа музика оғушида ётди-ётди — руҳи ором олди. Қалби роҳат олди.
Қалбида мунислик давр сурди. Тан-жонида мунтазамлик давр сурди.
Жойидан оҳиста қўзғолди. Ўзига оро берди. Ташқарилади.
Йўл бўлсин? — деди кампири.
Оёғимни ёйиб келаман, — деди. Тағин қабристон йўл олди. Ўткинчи-кеткинчилар билан салом-алик этмаслик учун — йўлини четлардан олди. Одамларни кўриб-кўрмасликка олди. Тикка қараб юрди.
Қабристонга-да тикка кириб борди. Тош битикчини кулбасига-да тикка кириб борди.
Тош битикчи билан кўришиб-сўрашди. Тош битикчини ёнидан жой олди. Юзларига фотиҳа
суртди.
Марҳумларни йўқлаб келибсиз-да, отахон? — деди тош битикчи. — Марҳумларни йўқлаб туриш савоб иш. Кўп савоб иш. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, дафн этилган марҳумни ҳоли бамисоли сувга ғарқ бўлаётиб, ёрдам сўраётган инсонни ҳолига ўхшайди. Борди-ю, ота-онаси, ёр-биродарларидан дуо ёхуд истиғфор бориб қолса, бу марҳум учун дунёдаги барча нарсалардан маҳбуброқ бўлади. Дарҳақиқат, Оллоҳ таборака ва таоло қабрларга аҳли тирикларнинг дуоларини етказади. Тирикларнинг марҳумларга қиладиган ҳадяларини талаби ғуфрон ва раҳмат ҳамда истиғфордир...
Шу мақсадда келдим, ука... — дея манқаланди Ботир фирқа.
Яшанг, отахон, яшанг. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам нақл қиладиларки, инсон қабристон ёнидан шунчаики ўтиб кетаётганда ҳам: «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта айтиб, марҳумларга унинг савобини бағишласа, марҳумлар одатича, ўша инсонга ҳам савоби тегади.
Ботир фирқа бош ирғаб маъқуллади. Кафти билан лабларини силади. Томоғини қирди. Нимадан гап бошлашини билмади.
Шу, биз партия-совет органларида ишлаб, шу... намозхонликка вақтимиз бўлмади, ука... — дея чайналди Ботир фирқа.
Ия, ҳали намоз ўқишни билмайсизми?
Партия-совет ишларини биламиз, ука. Ўзингиздан қолар гап йўқ. Кабинет, кресло, телефон, мажлис, нутқ... Умримиз ана шундай ўтди, ука. Увол-савоб ишларидан бебаҳра қолдик.
Намозхонликни фойдаси катта, отахон. Намоз ўқиш вақтида намозхонни асаб томирлари мулойим бўлади, диққат-еътибори бир нуқтага жам бўлади. Намозхон руҳияти тирикчилик ташвишларидан холи бўлади. Ҳордиқ-ором олади. Зеҳн-заковати пешланади, фикр юритиш учун соғлом бўлади. Намозхонлик еттилик рақамига имон келтиради. Яъни, намозхон ерга сажда қилганда — намозхонни ташқи аъзоларидан еттита жойи ерга тегиб-тегиб олади. Бурни-пешонаси, иккита қўли, иккита тиззаси ва иккита оёғини иккита учларидир. Намоз вактида намозхонни ички аъзолари чўққидан само сари талпинган... бургут мисол парвоз туйғуларини ҳис этади! Шу сабабдан донолар: «намоз ўқиш — меърожга чиқиш демакдир», дейдилар. Боиси, намозхонни ички аъзолари билан илоҳий дунёни ички мулоқотда бўлиши — меърожни бир кўриниши, демакдир.
Тош битикчи деразадан марҳумлар шаҳрига қаради. Кейин, Ботир фирқага қаради.
—    Увол-савоб ишларини билмасангиз, унда қийин экан, — деди. — Савоб ишларни ҳадисларга қараб қилмасангиз, марҳумлар уволига қоласиз, отахон. Яхшиси, бундай қиласиз: шундай бориб, қабрни бир четига ўтирасиз. Асло, қабр устига оёқ босмайсиз. Ҳадисларда: қабр устида ўтиришдан кўра чўғ устида ўтириб... кийим ва баданларингиз куйса, яхшироқдир, дейилади! Қабр бошига борганингизда, марҳумдан бирор нарса сўраманг. Овоз чиқариб йиғламанг. Қабр бошида чироқ ёқманг. Қабрни бир
четгинасида ўтириб, дуои фотиҳа ўқинг. Ҳали дуониям билмайсизми? Унда, ён дафтарингизни олинг. Қани, ёзинг...
Ботир фирқа ён дафтарини кўкрак чўнтагига солди. Ручкасини жойига қистирди. Оҳиста қўзғолди.
Келиб туринг, келадиган жойингиз, — деди тош битикчи. — Ҳа, келадиган жойингиз!
Келадиган жойимиз, шундай, келадиган жойимиз!

68
Ботир фирқа марҳумлар шаҳри аро равона бўлди.
«Биламан, келадиган жойим, биламан, — деди. — Аммо-лекин қандай қилиб келаман?» Ботир фирқа марҳумлар шаҳрини сайр этди. Шаҳар йўлаклари бўйлаб сайр этди. Марҳумлар шаҳри обод ҳам саришта бўлди. Марҳумлар шаҳри хушҳаво ҳам хушманзара бўлди.
У шаҳарни сайр этди-етди — қайтиб кетмоқчи бўлди.
Шунда, оппоқ панжарали бир қабрга кўзи тушди. Мармардаги марҳум сиймоси кўзларига иссиқ-иссиқ кўринди.
У ана шу қабр олдида оёқ илди. Чўнтагидан қўлларини олди. Кўзойнагини пешлади. Мармардаги сиймога тикилди...
Ана, ўша райком бўлиб ўлмиш, аммо... жанозасиз кўмилмиш Тўрақулов! Ана, ўша райком бўлиб дафн этилмиш, аммо... жанозасиз дафн этилмиш Тўрақулов! Ана-ана, ҳамон райком бўлиб ётмиш, аммо ҳамон... жанозасиз ётмиш Тўрақулов! Ботир фирқа райком Тўрақуловга тикилиб қолди... Қалби қон бўлди! Қалби қоп-қора қон бўлди!
—    Ей, парвардигор! — дея кафтларини очди. — Сен раҳмдил ва кечирувчи зотсан, эй, парвардигор! Биздан олдин ўтган мана шу зотларни гуноҳ-айбларини мағфират айлагин! Ана шу зотларга нисбатан қалбингда гина-кудуратинг бўлса, ювиб ташлагин, эй, парвардигор!
Ботир фирқа юзларига фотиҳа суртди.
Шунда, ён дафтари эсига тушди. Кўкрак чўнтагини пайпаслади. Ён дафтарини олди. Бармоқларини тупуклади. Дафтарини варақлади. Ҳали ёзиб тўлғизмиш бетини топди. Қабрни кунботар тарафидан келди. Панжара олдида чўнқайди. Дафтарчани панжара орасига қўйди — дафтарча силжиб тушди. Тағин олиб қўйди. Дафтарча панжара тирқишида жойлашди. Ботир фирқа дафтарча бошида жойлашиб ўтирди. Оёқларини ичига қайирди. Тиззаларига тирсак тиради. Кафтларини очди. Кафтлари узра дафтарчага кўз тикди. Мачитда ўтирмиш мулла қиёфасини олди. Қабр бошида оят ўқиди.
Сўзлар Қуръондан бўлди, овоз... партиявий бўлди! Овоз... райкомона бўлди! Сўзлар пайғамбардан бўлди, оҳанг... партия съездида сўзловчи оҳанг бўлди. Сўзлар охиратдан бўлди, оҳанг... райком бюросида дағдаға этувчи оҳанг бўлди:
—    Ассаламо алайкум аҳлад диёри минал мўъмина ва муслимийна ва инна иншоллоҳу бикум лоҳикун.
Антум фаратуна ва наҳну лакум табаъун...
Ана шу жойда Ботир фирқа чидаб туролмади. Ботир фирқани кўнгли бузилди. Ботир фирқани кўнгли вайрон бўлди.
Ботир фирқа... ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қўя берди! Ботир фирқа... ўкириб-ўкириб йиғлаб қўя берди!
—    Ув-ув-ув!.. — дея йиғлади.
Кўзларини қўллари юзи билан артиб-артиб йиғлади. Бурунларини тортиб-тортиб йиғлади. Юз-кўзларини костюми этаклари билан артиб-артиб йиғлади.
—    Ей худо, мен бир нотавон бандангман! — деди. —
Мениям... йиғиштириб ол! Мен ғариб бандангниям йиғиштириб ол-да қўй! Ботир фирқа костюми ёқаларига юз-кўзларини артди. Ҳиқ-ҳиқ эта-ета, пешонасини билакларига кўйди. Ўпкасини босолмай — ҳиқ-ҳиқ этди. Елкалари силкиниб-силкиниб — ҳиқ-ҳиқ этди. Кўзларини юмиб... оғир тин олди.
Шунда, чала қолмиш оятни эслади. Тағин бошини кўтарди. Дафтарига қаради. Кафтларини дуо учун очди. Оятни давомини ўқиди. Оятлар... сукунатга сингиб-сингиб борди:
—    Насъалуллоҳа лана ва лакамул офията. Оллоҳум мағфир лаҳум, Оллоҳу марҳам ҳум...
Шу вақт турли-туман овозлар эшитилди. Овозлар тобора яқин келди.
У елкаси оша қаради. Кафтлари муаллақ кўйи қаради. Кўзларини пирпиратиб қаради.
Орқа тарафда бир-иккита қора кўринди. Қоралар яқин-яқин келди. Бировини бошида... ҳарбий
каска бўлди. Бировини бошида... қизил аскар телпаги бўлди. Икковини-да қўлида... милтиқ
бўлди! Улар... милтиқ пешлаб-милтиқ пешлаб келди!
Ботир фирқа юзларини ўнглаб олди. Муаллақ кафтларига тикилиб қолди.
«КГБ-КГБ! — дея ўйлади. — Булар КГБ! Кўза кунда синмайди, кунида синади,
деганлари ана шу бўлади. Мен ўртоқ Ягода қиличларини айланиб ўтдим. Мен ўртоқ Ежов
ўқларига чап бердим. Мен Лаврентий Берия қамоқларидан эсон-омон ўтдим. Ана, ана
енди қўлга тушдим! Ниҳоят қўллик бўлдим».
—    Тур жойингдан, тур!
Ботир фирқа олдин бир тизза бўлди. Кейин, икки тизза бўлди. Кафтларини ерга тиради. Оҳиста қўзғолди. Елкаларини қисиб, турди. Ғарибона турди.
—    Қўлингни кўтар!
Ботир фирқа қўлларини оҳиста кўтарди. Елкалари оша қўтарди. Бошп узра кўтарди.
—    Қимирлама, отиб ташлайман!
Ботир фирқа қотиб қолди. Райком Тўрақуловни сиймосига қараб қотди. Икки кўзи Тўрақуловни сиймосида бўлди, бор эс-ҳуши орқа тарафда бўлди.
«Мен бу ерда оят ўқиётганимни КГБ қаердан билди экан? — деди. — Айтмоқчи, тош битикчи! Падарлаънат тош битикчи! Демак, тош битикчи КГБни агенти экан! Тош битикчини эжакилаб-ежакилаб гап ковлашидан билиб эдим. Бир гапи бор, деб ўйлаб эдим. Аниқ, тош битикчи КГБни агенти, аниқ! Энди нима бўлади?»
Пих-пих-пих!
Пақ-пақ-пақ!
Ботир фирқани ёнидан бирови чопиб ўтди. Изидан иккинчиси қувиб ўтди. Бировини бошида ҳарбий каска-товоқ бўлди. Бировини бошида ҳарбий телпак — чойнакхалта бўлди. Қўлларида милтиқ — шохчўп бўлди. Болалар... уруш-уруш ўйнади!
Ботир фирқа... ҳаммомдан чиқмишдай енгил бўлди. Ботир фирқа... елкасидан бир қоп унни ташламишдай енгил бўлди.
Қўлларини оҳиста-оҳиста туширди. Болаларни кетидан қараб-қараб қолди. «Турқ-тароватидан... қайта қурувчи демократларни боласи! — ўйлади Ботир фирқа. — Шундай, тана бузоқни турқи туққанидан тамға!»
—    Т-фу! Итдан бўлган қурбонликка ярамаслар! — деди.

69
Бир инсон таваллуди нишонланар бўлса... халқ юбилярни кўкларга кўтариб мақтайди. Юбилярни хизматларини улуғлайди. Савоб ишларини бармоқ билан санаб беради. Юбилярга... ҳайкал қўяди!
Ана шу зот бандачилик этса... ҳайҳот, марҳум эрта кетди, дейди. Ҳайҳот, марҳумни кўп ишлари чала қолди, дейди.
«Биламан, мен ҳақимда-да шундай дейди, — ўйлади Ботир фирқа. — Хўш, қайси ишим чала қолди? Узи, кексалик... бир умрлик меҳнат самараси, демак. Кексалик... бир умрлик азоб-уқубат, демак. Кексалик... бир умрлик ғам-андуҳ демак. Шу боис, кекса одам... ҳаминқадар эъзозга лойиқ. Ҳаминқадар марҳаматга лойиқ. Боиси, кекса одам... яшамайди, яшамайди! Кекса одам... сўнгги маросимига ҳозирлик кўради. Кекса одам... дафн маросимини пойлайди! Дафн маросимини... узи-киб-узикиб пойлайди...»

70
«Бу сафар дангал гаплашаман, — деди Ботир фирқа. — Ўзиям, тош битикчи билмаган бало йўқ экан. Шундан бир иш чиқади. Ҳинд чойни кўрса, тағин-да очилиб гаплашади».
Ботир фирқа токчадан бир юмалоқ ҳинд чой олди. Кампирига билдирмай, костюм чўнтакка солди.
Бахмал шляпани бошга қўндирди.
Фотиҳага бориш инсон учун ҳам қарз, ҳам фарз! — деди.
Фотиҳали жой бор эдими? Айланай, раис бовамдан, айланай... У хаёллар оғушида марҳумлар шаҳрига кириб келди.
Кулба очиқ бўлди. Аммо тош битикчи йўқ бўлди. Вазиятдан, тош битикчи шу теваракда юрмиш бўлди.
Ботир фирқа тош битикчи келгунича марҳумлар шаҳрини сайр этди. Қўлларини орқасига қўйиб сайр этди. Тўхтаб-тўхтаб сайр этди. Фавқулодда... тош битикчини олдидан чиқиб қолди!
Тош битикчи бир қабр панжарасини тузатар бўлди. Панжарани динг-динг уриб кўрсатди.
Манавини қаранг, отахон, — деди. — Шундай темирни майиштириб кетибди-я! Ёш боладан ҳеч бало қолмайди-я!
Ёш бола, ёш бола-да, — деди Ботир фирқа.
Бошқа нарса қуригандай, шу панжарани майиштириб олиб, қиличбозлик ўйнайди-я! Бировини қулоғидан чўзиб, панжара ичидаги қабрни кўрсатдим.
Манави нима, дедим. Анави суратдаги одамни ҳовлиси, дейди! Унда, бировни ҳовлисида ўйнама, бор, ўзингни ҳовлингга ўйна, дедим.
—    Бинойи қилибсиз, хўп бинойи қилибсиз.
Ботир фирқа шундай дея, панжара олди скамейкага чўкди.
Тош битикчи панжарани тузатиб бўлди. Асбоб-анжомларини халтага солди. Ботир фирқани ёнидан жой олди. Нафасини ростлади.
Ҳа-а, келинг, отахон? — деди. — Оламда нима гаплар, энди?
Олам тинч-осойишта. Шу, қайта қурувчилар бақириб-чақириб юрибди, холос.
Мен қайта қурувчилардан қўрқмайман, отахон. Қайта қурувчилар мени ишдан бўшатолмайди. Мен ишсиз қолмайман. Чунки одам бор — ўлим бор. Ўлим бор — мен бор! Ўлимни иши — менсиз битмайди.
Ишқилиб, қайта қурувчилар ҳаммани ҳайдаяпти.
Ўзбек ўзагини қирқади, отахон, ўзбек ўзагини қирқади!
Шу боис, ишдан ҳайда-ҳайда, штат қисқаришлар авж оляпти.
Мен штат қисқаришлардан ҳам қўрқмайман. Юзлаб иш жойлар тақа-тақ ёпилиб қолади. Аммо... ўлим иши тақа-тақ ёпилмайди! Дунёда ҳамма штат қисқаради. Аммо... ўлим қисқармайди! Дунёда ҳамма нарса тамом бўлади. Аммо ўлим тамом бўлмайди! Ўлим мангу яшайди! Ўлим барча тузумлар учун абадийдир! Яшасин,
ўлим!
Шундай, ишингиз зўр, касбингиз ноёб касб, шундай.
Ҳа-да, ҳа!. Мен ноёб одамман, отахон, ноёб! Иш жойим ҳам ноёб. Мана иш жойим — шаҳримизда барча шароит муҳайё. Шаҳримизда... жондан бошқа нарса бор! Шаҳримизда фақат... жон йўқ, жон!
Ботир фирқа ана шунда мақсадга ўтар бўлди. Мақсадини айтиш учун сўз излади. Партиявий сўз излади. Илмий сўз излади. Халқона сўз излади. Охири, медитсина сўзида бир тўхтамга келди.
Шу, суитсид... суитсид... — деди.
Ким-ким?
Суитсид, дейман...
У ким?
Суитсид... мана шу шаҳарга ўз ихтиёри билан ташриф буюриш, демак.
Ҳа-а, ўз жонига ўзи қасд қилиш, денг! Тинчликми, отахон?
Тинчлик-тинчлик. Шу, биттаси бор. Шуни ҳаётида суитсид содир бўлмаса эди, деб қўрқаман.
Еси жойидами, ўзи?
Жойида, эси жойида. Ақл-заковат бобида... ул зотга тенг кам топилади! Юксак интеллектуал, шундай, юксак интеллектуал!
Унда, нега... ҳалигидақа ҳолатга тушади?
Ботир фирқа... ярасини ёрди! Мадда олиб кетмиш ярасини ёрди:
Одамга алам қилар экан, ука. Қарийб бир аср мобайнида ўртоқ Ленин доҳий, дедилар. Ўртоқ Ленин улуғ, дедилар. Шундай деб ўқитдилар, шундай деб тарбия бердилар. Энди, бирдан... Ленин жаллод, Ленин фашист, деб бошлади! Совет тузуми бир аср мобайнида ҳур замон бўлиб келди, тўкин-сочин замон бўлиб келди. Энди, бирдан... Совет тузуми қамоқхона, деб бошлади! Совет тузуми дўзах, деб бошлади! Идеал қолмади, ука, идеал қолмади! Идеалсиз яшаб бўлмайди, ука, идеалсиз яшаб бўлмайди! Идеалсиз ҳаёт — ҳаёт эмас, ука. Мана, идеалсизлик окибати — совет халқи бир-бирини итдай талаб бошлади. Совет халқи бир-бирини жаллоддай отиб бошлади!
Тузум алмашяпти, отахон, тузум алмашяпти. Тузум алмашиш даври энг ёмон давр эмиш. Тузум алмашиш даври уруш даври билан баравар эмиш.
Аммо-лекин одамга алам қилади-да, ука. Газеталарни очиб қарайсиз: уруш қатнашчиси ё меҳнат ветерани қазо қилган бўлади. Бечоралар, қайта қурувчиларни дағдағасига юраклари бардош беролмай... оламдан ўтмоқда!
Бўламан деган эл бир-бирини ботирим, дейди, бўлмайман деган эл бир-бирини этини ейди!
Буёғи қимматчилик. Гўшт қиммат, дори-дармон ундан-да қиммат. Пенсия пул дори-дармонга етмайди. Ваҳоланки, кекса одам дори-дармон билан тирик. Пенсия... арпага упоқ бўлмайди! Оқибат, кексалар бирин-кетин кетяпти. Газетани энг сўнгги четида — қора рамкага ўралиб-ўралиб кетяпти. Ана ўша қора рамкага ўроғликлар — уруш ва меҳнат ветеранлари. Мана шу ХХ асрни яратган зотлар! ХХ асрни қурган зотлар! Бу зотлар урушда полк-полк бўлиб жон берди. Армия-армия бўлиб жон берди. Энди эса... битта-битта бўлиб кетяпти! Якка-ёлғиз бўлиб кетяпти! Эни бармоқдайгина рамка ичида кетяпти! Тўрттагина рамка ичида кетяпти! Бечораларни қетаётганини биров биляпти,
биров билмай қоляпти. ХХ асрни яратган зотларни қадри шу бўлдими? Билсам, таъзиянома бериш учун — газетага яхшигина пул тўлаш керак экан. Арпага упоқ бўлмас... пенсия қайси бирига бўлади? Ҳадемай, уруш ва меҳнат ветеранларидан фақат хотира қолади, холос. Ҳали, шу хотира қолса! Замон шундай кетса, ХХ асрни бино этган зотлардан хотира-да қолмайди...
Ўз жонига ўзи қасд қилувчилар ёмон одам бўлмайди, дейишади.
Бўлмасам-чи, ука, бўлмасам-чи! Суитсидлар доно одам бўлади, ука, суитсидлар ҳалол одам бўлади! Эразм Роттердамский: фақат мутафаккир зотларгина ўз жонига ўзи қасд қила олади, деб эди!
Совет даврида ўз жонига ўзи қасд қилиш жуда кўп бўлар эди. Биров ўзини осар эди, биров ўзини томдан ташлар эди. Тағин биров йўғон томирини кесар эди, уксус ичар эди. Бир инсон нима учун ўз жонига ўзи қасд қилгани билан совет раҳбарлари шуғулланмас эди. Шуғулланса ҳам... бечора марҳумни ўзини айблашар эди.
Ўзимиз ҳам... бундан мустасно эмасмиз, ука.
Ўзингиз ҳам?
Беайб парвардигор, дейдилар, ука. Совет даврида... биз коммунизм қурамиз, бизда суитсид бўлиши мумкин эмас, деб келдик. Шу билан суитсидга барҳам бердикми? Аксинча, ўз жонига қасд қилувчилар сони йил сайин кўпайди. Ҳар йили минглаб инсон ўз жонига ўзи қасд қилди. Биз бу ҳолатни совет турмуш тарзига зид, деб баҳоладик. Суитсид ҳолларни бекитиб келдик. Мабодо ошкор бўлиб қолса, ўша суитсидчини... ўзини айбладик! Ўз жонига ўзи қасд қилувчиларни... бадном қилдик! Чунки энг яхши гувоҳ — ўлик гувоҳ, дейдилар. Кўзи юмуқ инсон сукут сақлаб ётаверади. Кўзи очиқ инсонлар эса мазза қилиб яшайверади. Бўлмаса, биттагина кўзи юмуқ инсон учун ўнлаб раҳбар ҳайфсан олади, партиядан ўчади, ишдан ҳайдалади. Ваҳоланки, совет суд-жамоат кодексида: «Инсонни ўз жонига қасд қилишига олиб келганлар беш йил муддатгача жиноий жавобгарликка тортилади», дейилган. Мен ҳалигача бирор раҳбарни ана шу модда билан жавобгарликка тортилганини эслай олмайман.
Унда, сиз ҳам чатоқ экансиз, отахон.
Беайб парвардигор, ука, беайб парвардигор.
Унда, сиз билан мулоқотда бўлиш хавфли экан...
Ия, ундай деманг, ука, ундай деманг. Ботир фирқа довдираб қолди. Жойидан лик этиб турди.
Апил-тапил ўнг чўнтагини ковлади. Чап чўнтагини ковлади. Шошиб, ҳинд чойни олди. Тезлик билан тош битикчини кафтига қўйди. Тош битикчини бармоқларини юмиб, чойни ушлатди.
Мана, ука, мана. Ҳақимизга дуо қилиб ичасиз, деб олиб келдим.
Бу, хинд чойми?
Шундай, яхши чой, шундай.
Нима қилардингиз, отахон, ўзингиз ичсангиз бўларди?
Енди, сиз эл-юртни савоб ишларини қиляпсиз, ука. Эл-юрт хизматини қиляпсиз. Шу боис, кўнгилдан чиқариб олиб келдим.
Раҳмат, раҳмат. Илоҳи омин, умрингизга умр қўшилсин, Оллоҳ-акбар! Мен сизга айтсам, отахон, бандачилик — худойи таолонинг даргоҳига меҳмон бўлиб бориш, демақдир. Марҳумлар шаҳрига сайёҳ бўлиб бориш, демакдир. Шундай экан, инсон меҳмон бўлиш учун шошилмаслиги керак. Меҳмон бўлишни эрта-кечи бўлмайди. Қолаверса, ўз жонига ўзи қасд қилишни ёмон томонлари кўп. Авваламбор, ўз жонига ўзи қасд қилиш — худо олдида жиноят қилиш, демакдир. Маълумки, бандасига иссиқ жонни худойим таоло ато этади. Ол, қулим, дейди! Иссиқ жон — энг ноёб бисотдир. Иссиқ жон — энг ширин неъматдир. Ўз жонига ўзи қасд қилиш — худойим таолони ноёб мулкига қасд
қилиш, демакдир! Ўз жонига ўзи қасд қилиш — худойим таолони неъматига қасд қилиш, демақдир! Шу боис, ўз жонига ўзи қасд қилиш — худога қўл кўтариш, демакдир! Албатта, худойим таоло бундай бандаларини лаънатлайди. Эй инсон, сен менинг бандам эмассан, дея лаънатлайди. Шу боис, ўз жонига ўзи қасд этган бандасини... ювмай кўмишни буюради!
Нима қилади-нима қилади?
Ўз жонини ўзи олган инсонни... ювмайдилар. Марҳумни тобутга солишдан олдин... ювиб-чаймайдилар.
Ботир фирқа сесканди. Баданлари увишди. Кўзлари пирпиради. Кўзойнаги устидан олайиб-олайиб қаради.
Бир инсон-а? — дея ҳайратланди. — Ўз ихтиёри билан тарки дунё этаётган инсон-а...
Худойим таоло: бу менинг бандам эмас, лаънатини ювиб-чаймасдан... кўмиб ташланглар, дейди. Садқаи инсон номи кетсин, дейди. Ҳаромлайин... ҳаромлайин кўмиб ташланглар, дейди.
Инсонни ювмасдан кўмиш? Инсон... мол эмас-ку?
Бандасиям эмас-да? Бандасиям эмас эканки... ўз жонига ўзи қасд қилади!
Инсон-а, бир инсон-а...
Худойим таоло ўз жонига ўзи қасд қилганлар учун... жаноза ҳам буюрмайди, жаноза! Суф сенга жаноза, суф, дейди!
А-а?! У-уҳ! У-у-у...
Ботир фирқа... ҳир-ҳир товуш чиқарди. Пиш-пиш нидо чиқарди. Шир-шир ҳуштак чиқарди. Аммо... тили айланмади! Тили калимага келмади. Бир сўз-да айтолмади. Беихтиёр-беихтиёр жойидан қўзғолди. Қўлларини ён чўнтакларига солди. Марҳумлар шаҳрига қараб серрайиб қолди. Марҳумлар шаҳрига қараб қотиб қолди... Ботир фирқа ана шуларни... билмас эди! Дафн урф-одатлари барча мўмин-мусулмонлар учун бир хил, дея ўйлар эди. Марҳумлар бир хил расм-русумда дафн этилади, дея ўйлар эди. Марҳумми, бўлди — кўп қатори дафн этилади, дея ўйлар эди.
—    Бирдан туриб кетдингиз, отахон?
Ботир фирқа тош битикчини овозидан ўзига келди. Сергак бўлиб, теварак-бошига қаради.
А? Оёқларим уюшиб қолди, ука, оёкларим! — деди.
Ҳа-а, мениям оёқларим қотиб қолди. Хўп, отахон, мен энди борай. Мени йўқлаёттан бўлишлари мумкин. Ботир бўлинг: ўзбек — ўзагини қирқади! Бўламан деган эл бир-бирини ботирим, дейди, бўлмайман деган эл бир-бирини этини ейди! Келинг, келадиган жойингиз!
Келаман, албатта келаман!
Худойим таоло қуёшни зиё, ойни нур қилиб яратган, отахон. Эмишки, худойим таоло одамзотни зуваласини лойдан пишитиб бўлгач... одамзот устидан атиги бир кун... бир кунгина қувонч ёмғирини ёғдирибди! Кейин, одамзот устидан... қирқ кун, ҳа-ҳа, қирқ кун... ғам селини ёғдирибди! Ана шу ғам селига бардош бериш... бандаси учун ҳам қарз, ҳам фарз, отахон!

71
Қабристон дарвозасидан... бир соя чиқиб келди. Шундай, бир соя чиқиб келди.
Сояда ҳаёт аломати бўлмади. Жон аломати бўлмади. Юзларида ранг бўлмади. Кўзларида
нур бўлмади.
Соя... силжиб-силжиб қимирлади. Шундай, соя силжиди, соя қимирлади.
Боиси, соя тор-тор қадам босди. Оҳиста-оҳиста қадами босди. Оқибат, оёқлари кўринмади. Қадамлари билинмади.
Шу боис, соя юряптими ё силжияптими, билинмади. Юряптими ё қимирлаяптими, билинмади.
Соя қулоч отмади. Соя қўл кимирлатмади. Қўлларини ёнларига босди.
Соя бош кўтармади. Юзларини кўксига эгди. Иякларини ёқасига босди. Кўзларини
туфлисига тиқди.
Соя бирдан... силжимай қолди. Жойида турди-турди — йўл чети скамейкага чўкди. Соя — Ботир фирқа бўлди. Коммунист Эсонов бўлди.
У оҳиста чапига — марҳумлар шаҳрига қаради. Ўнгига — тириклар шаҳрига қаради. У марҳумлар шаҳри билан тириклар шаҳри ўртасида ўтирди. Музтар бўлиб қолди. Муштипар ҳам нотавон бўлиб ўтирди.
Ўтирди-ўтирди... унсиз-унсиз йиғлади. Пешонасини ушлаб-ушлаб йиғлади. «Нима кунларга қолдим-а? — дея йиғлади. — Бу қандай замон бўлди? Қарийб бир аср меҳнат қилдим. Бир умр тер тўкдим. Бир умр эл-юрт хизматини қилдим. Мен учун меҳнат шон-шараф бўлди. Мен учун меҳнат ғурур ҳам фахр бўлди. Мен ҳаётни меҳнат деб билдим. Мен яшашни меҳнат деб билдим. Мен яратдим, мен бино этдим. Мана шу ХХ асрни... мен яратдим, мен!
Ана шундай зот кетса — мен ўлсам, мени... ювмайдилар, ювмайдилар! Ҳаром ўлган
мол мисол кўмиб ташлайдилар! Сассиқ маслиқ мисол кўмиб ташлайдилар!
Мендай бир зот ўлса... Менга... жаноза ўқимайдилар, жаноза ўқимайдилар! Оёғимдан
судраб... кўмиб ташлайдилар! Ном-нишонсиз кўмиб ташлайдилар. Отинг нима демай,
кўмиб ташлайдилар. Итмисан-ешакмисан демай... кўмиб ташлайдилар!
Демак, шариат бўйича... ўлиб бўлмайди! Урф-одатлар билан ўлиб бўлмайди. Эскичасига
ўлиб бўлмайди.
Мен чин коммунистман. Ленинчи коммунистман. Мен эл-юртга партиявий назар билан меҳнат қилдим. Мен эл-юртга марксизм-ленинизм ғоялари билан хизмат қилдим. Бир сўз билан айтсак, мен меҳнат қилдим, меҳнат!
Мен бола-бақрам демадим — жамиятим, дедим. Мен бола-бақрам учун меҳнат қилмадим — жамиятим учун меҳнат қилдим. Бир сўз билан айтсак, совет жамияти бор бўлсин, дедим. Коммунистик жамият бор бўлсин, дедим.
Шундай бир оташин коммунист ҳаётдан кўз юмса... Шундай бир содиқ ленинчини юраги уришдан тўхтаса...
Тобутим тепасида... ҳарбий оркестр мотам марши чалмайди! Комсомоллар орден-медалларим тўла бахмал ёстиқчаларни кўз-кўз этиб ўтмайди. Коммунистлар тобутим кетидан гулчамбарлар кўтариб юрмайди. Партия-совет арбоблари билакларига қора ленталар тақиб, тобутим бошида фахрий қоровуллиқда турмайди.
Емондан-ёмони... партия-совет арбоблари қабрим бошида: «У асл коммунист эди», дея оташин нутқлар сўзламайди!
Демак, коммунистчасига-да... ўлиб бўлмайди! Партиявий ўлиб бўлмайди. Бир сўз билан айтсак, эскичасига-да ўлиб бўлмай-ди, янгичасига-да ўлиб бўлмайди!» Ботир фирқа унсиз-унсиз йиғлади. Оғиз-бурнини кафти билан артиб-артиб йиғлади. Кафтига йўталиб-йўталиб йиғлади. Кафтига ўксиб-ўксиб йиғлади.
«Чин, мен коммунистман, коммунист. Аммо-лекин мен ҳам одамман, одам. Мен жаннат билан дўзахга ишонаман. Кўплар ҳамма гўр — бир гўр, дейди. Йўқ, ҳамма гўр — бир гўр эмас, йўқ! Гўр билан гўрни фарқи бор. Айтайлик, бир инсон дунёдан кўз юмади. Уни олиб бориб қабрга кўмадилар. Бўлди, шу билан у зотни унутадилар, отини атамайдилар. Боиси, у зот бу дунёсида бирорта эзгулик яратмаган бўлади. Бирор нима қурмаган бўлади. Бирорта боғ яратмаган бўлади. Шу боис, у зотни номи зим-зиё
йўқолади. Бир сўз билан айтсак, у зотни... бу дунёси йўқолади! У дунёси эса... дўзах бўлади! Гўри гўр эмас — ўра бўлади! Гўри гўр эмас — дўзах бўлади! Мазкур ўрада одамзот ётибди ё маслиқ ётибдими — эл-юртни иши бўлмайди. Дўзах — ана шу гўр! Ўзи, бу дунё ажаб дунё экан. Одам ўзини дўзахи ё жаннатилигини билиши учун... ўлиши керак экан, ўлиши!
Масалан, Шароф Рашидов ҳаётлигида жаннати меҳнат қилди, жаннати яратувчилик қилди, жаннати ишлар қилди. Шароф Рашидов... чўл-биёбонларни боғ-бўстон этди. Шаҳар-қишлоқлар яратди. Зилзиладан кейин Тошкентни қайта қурди. Ўзбек халқи номини жаҳонга ёйди. Тошкентда метро қурди...
Аммо-лекин ўртоқ Рашидов ўзини жаннати зот эканини билмай ўтди. Ўзгалар-да... билиб-билмасликка олди!
Ўлим... Шароф Рашидов жаннати зот эканини тасдиқлади!
Бу дунёдан Шароф Рашидов ўтди — демак, бу дунёдан ҳамма ўтади!
Мана, мен яратдим, мен бино этдим. Энди, бемалол оёқ узатсам бўлади. Аммо-лекин
қайта қурувчилар қандай қилиб... ўлади? Демократлар қайси юз билан ўлади?
Шариатпешво муллаваччалар билан ювуқсиз отинчалар қайси имон билан ўлади? Қайси
шон-шараф билан ўлади?
Қайта қурувчи муллаваччаларни кўмиб... одам ўлишини-да билмайди, қолишини-да билмайди! Ўлай десанг... қайта қурувчи муллавачча-отинчаларга бу дунёни ташлаб кетиб бўлмайди. Қолай десанг... ирода бардош бермайди. Майли, бир жон бўлса — бераман! Бир жон — бошдан садақа!
Аммо-лекин қайси ғоя учун жон бераман? Мен бир умр ғоя деб яшадим. Ғоя деб меҳнат қилдим. Ғоя деб пешона тери тўкдим.
Мен бир умр ғоя деб эзилдим. Ғоя деб азоб чекдим. Ғоя деб... жон олиб-жон бердим!
Боиси, коммунист учун ғоя — бирламчидир, бирламчи!
Шундай экан, мен қайси ғоя учун жон бераман? Шундай азиз жонимни қайси ғоя
учун садақа этаман? Мени жоним унча-мунча жонлардан эмас. Кимсан — Ботир
фирқани жони! Коммунист Эсоновни жони! Кўчада қолган жон йўқ!»
Ботир фирқа оёқлари остидан бир сиқим тупроқ олди. Тупроқни кафтида ёйиб кўрди. Кўзлари
олдига олиб келиб кўрди. Ҳидлаб-ҳидлаб кўрди. Димоғида... ер ҳидини туйиб-туйиб ўйлади...
«Мана, одамзотни отаси. Мана, одамзотни онаси. Мана, одамзотни бешиги! Дунёдан
неча-неча жамиятлар ўтди — фақат ер қолди. Неча-неча партиялар ўтди — фақат ер
қолди. Неча-неча сиёсатлар ўтди — фақат ер қолди.
Демак, бу дунёда-да, у дунёда-да... ердан бошқаси бекор экан!
Биз ана шу ердан яралдик. Биз ана шу ердан одам бўлдик.
Айтайлик, она ўз боласини тупроқ ерга қўйиб юборади. Яланг оёқ қўйиб юборади.
Бола ер чангитиб ўйнайди. Ҳолдан тойгунча ўйнайди. Мадори қуригунча ўйнайди...
Кейин, она боласини яна қайтиб ўз бағрига олади. Она боласини яна қайтиб ўз кўксига
босади...
Ер ана шу она мисол. Инсон ана шу бола мисол. Инсонни ўтмиши-да ер, инсонни келажаги-да ер.
Ана, мени-да онам келди. Онам: кунинг қайтди, деяпти. Кетар вақтинг бўлди, деяпти. Кунинг тўлди, деяпти...
Шундай, кетар вактим бўлди. Шундай, куним тўлди. Яшашдан мазмун қолмади. Яшашдан мақсад қолмади. Боиси, эл-юртга фойдам тегмай қолди. Эл-юрт хизматига ярамай қолдим. Эл-юртга яхшилик қилиш қўлимдан келмай қолди. Оқибат, эл-юртга керак бўлмай қолдим. Эл-юртга керак бўлмаслик — жуда ёмон! Одамзотни ибтидоси-да ғойибда бўлади, интиҳоси-да ғойибда бўлади. Ғойибдан йўлга чиқиб, мана, яна ғойибга кетдик.
Енди, фанодан бақога рихлат этамиз. Энди, руҳимиз танамиздан ажралади. Фоний дунеда покланмиш руҳимиз фаришталар ҳамроҳлигида Оллоҳ таоло маконига сафар этади. Руҳимиз ноклана олмаса — фаришталар тазйиқида азоб чекамиз.
Мана, мен поклана олмадим. Боиси, қандай покланишни билмадим. Шу боис, фаришталар исканжасида азобдаман!
Ҳаёт мисол бир боғ бўлади. Боғда дарахт мўл бўлади. Гул мўл бўлади. Ана шу боғни сара муаттар гули — одамзот бўлади. Серҳосил дарахти — одамзот бўлади. Одамзотда дарахт мисол уруғдан унади. Ниҳолдан ўсади. Дарахт бўлиб етилади. Мева тугади. Эл-юртга мева пишириб беради. Ниҳоят, куни битади. Оёғи ердан узилади. Боқийлик сари равона бўлади.
Яратганни ўзи одамзотга жон ато этади. Жон одамзотни олдин ҳалқумига киради.   Кейин, кўзларига киради. Ундан кейин, танани бошқа жойларига киради. Жон энг охирида одамзотни... оёқларига киради. Шу боисдан-да, одамзотни жони энг олдин... оёқдан узилади. Кейин, танани бошқа жойларидан жон узилади.
Одамзот қачон жон бёради? Қачон кўз юмади? Одамзот айни куч-қувватга тўлиб, жон бермайди. Одамзот айни пишиб, етилиб кўз юммайди.
Одамзот... жисман ишлаб бўлиб жон беради. Одамзот... руҳан меҳнат қилиб бўлиб кўз
юмади. Одамзот... қалбан ҳам жисман ҳориб-толиб жон таслим этади.
Мана, мен қалбан қаридим. Мен жисман толидим. Сафарим қариди, сафарим қариди!
Биз... ўлишдан қўрқамиз! Ўлик сўзидан қўрқамиз. Тобут сўзидан қўрқамиз. Марҳум
сўзидан қўрқамиз. Қалбимиз музлаб қолади. Тилимиз айланмай қолади. Бошимиз эгилиб,
елкаларимиз чўкиб қолади. Бир кун эмас, бир кун... ўламан, дея қўрқамиз.
Биз... ўлишни билмаймиз, ўлишни билмаймиз!
Шу боис, кўп одам... ўлишдан қўрққанидан... ўлиб қолади! Шундай, ўлишдан қўрққанидан ўлиб қолади. Уҳ, ана ўлдим-мана ўлдим, дея ўз ўлимини ўзи тезлатади. Ўлим даҳшатидан қўрқиб — ўз жонини апил-тапил топшириб қўяди. Аслида, табиий ўлим... тонг вақти келади, тонг вақти! Боиси, одамзот туни билан тиниқади. Туни билан ҳузур олади. Туни билан роҳатланади.
Ниҳоят, тонг вақти сўнгги бор... ирода билан энтикади. Сўнгги бор... озод ҳам оғир энтикади.
Шундай, ўлим ҳақ, шундай... Шундай экан, худо мен бечорага-да раҳм этса эди. Худо мен бандасини-да ўз раҳматига олса эди!
Олмайди, худо мени ўз раҳматига олмайди! Худо мени гапимга... қулоқ-да солмайди! Боиси, мен умримда худони отини атамай яшадим. Мен умрим мобайнида худога тош отиб яшадим. Мен умрим давомида худога шак келтириб яшадим! Шундай экан, худо мени... итмисан-ешакмисан, демайди!»

72
Марҳумлар шаҳри... жимжит бўлди. Жон аломати бўлмади. Ҳаёт нафаси бўлмади. Марҳумлар шаҳридан... мотам нафаси уфурди.
Тириклар шаҳри... ҳайқириб турди! Ашула айтиб турди. Ханда отиб турди. Тириклар шаҳридан... палов ҳиди анқиди. Кабоб ҳиди анқиди. Ўртада... Ботир фирқа бўлди. Коммунист Эсонов бўлди. Осмон йироқ, ер қаттиқ бўлди!
У тириклар шаҳрига қараб ўйлади. У марҳумлар шаҳрига қараб ўйлади. У осмонга қараб ўйлади.

«Бу дунёда ўлиб бўлмайди! Бу дунёда яшаб бўлади. Шу боисдан-да, бу дунё отини ҳаёт, дейди. Ҳаёт — яшаш, демак, қуёш — яшаш, демак. У дунёда... ўлса бўлди! У дунёда қуёш йўқ.
У дунёда сув йўқ. У дунёда нон йўқ. Шу боис, у дунёда яратиб бўлмайди. У дунёда экин экиб бўлмайди.
У дунёда... КПСС йўқ, КПСС йўқ! У дунёда сотсиализм қуриб бўлмайди!. У дунёда коммунизм қуриб бўлмайди.
У дунёда... орден-медал йўқ, орден-медал йўқ! Қўша-қўша унвонлар йўқ. У дунёда... гимн айтиб бўлмайди! У дунёда «Интернатсионал» айтиб бўлмайди! У дунёда... пенсия бермайди! У дунёда пенсия йўқ!
У дунёда... кампири нозик таъб билан боқмайди. Силаб-сийпаламайди. Саранжом-саришталамайди.
Шу боис, у дунёда ўлса бўлади! У дунёда оёқ узатиб ётса бўлади! Кўз юмиб ётса бўлади!
Бу дунёда эса... яшаса бўлади! Бу дунё — яшаш учундир! Сен яшагувчи дунёга келдинг. Сен ҳаёт завқини тотувчи дунёга келинг. Сен умр гаштини сурувчи дунёга келдинг.
Бу дунёга кеддингми? Энди яша! Тишни тишга қўйиб-қўйиб яша. Муштни тугиб-тугиб яша. Алп-алп одим отиб яша. Чидаб-чидаб яша. Яшашни чидаганга чиқарган!
Бу дунёга келдингми? Энди чида! Дунё — чидаган-ники! Охиригача чида, худо берган кунгача чида!»

73
У тушлик уйқуда ётди, ғарқ уйқуда ётди. Уйқусида телефон жиринг этди. Узун жиринг этди.
Ботир фирқа жирингни эшитиб, ётди. Кўзларини очиб ётди. Шифтга тикилиб ётди. Турай дея ҳафсала этмади.
«Телефон айвонда, — деди. — Айвонга бориш учун ким қанча йўл? Дивандан туриш
керак. Уст-бошни кийиш керак. Уйқухонадан йўл босиб ўтиш керак. Айвон эшигини
очиш керак. Зинапоядан тушиш керак. Ана ундан кейин телефонни кўтариш керак.
Ким қанча йўл, ким қанча азоб».
Телефон бетиним жиринг этди. Ётиш учун қўймади.
Ботир фирқа инқиллаб қўзғолди. Эснаб керилди. Уйқучил кийинди.
«Падарлаънат, бундай телефонни! — деди. Овози қайта қурувчи демократларни овозига ўхшайди-я? Билмайман, телефонлар ҳам қайта қурувчи демократ бўлиб қолдими?» Ботир фирқа имиллади-имиллади — телефонни олди. Телефон этувчи ўзини танитди. Ҳол сўради. Мақсадини айтди:
—    Отахон, эски горком — ҳозирги ҳокимият биноси олдидан Буюк ипак йўли ўтади, демоқдалар.
Ботир фирқа уйқучил пиш-пиш этди.
Йўлингиз унсин, ўртоқ ҳоким, йўлингиз унсин, — деди.
Гап шундаки, отахон, ҳокимият биноси олдида беш-ўнта ўриси дарахт бор.
Ўриси дарахт? Чинор денг, чинор.
Хўп, чинор, чинор. Гап шундаки, отахон, Буюк ипак йўли ана шу чинорлар жойидан ўтар эмиш. Ҳокимият маъмурияти кенгашиб, ана шу ўриси дарахт... чинорларни ҳашар йўли билан олиб ташламоқчи бўлди. Беш-олтита оқсоқолни ҳашарга айтмоқчи бўлди.
Қуллуқ, ўртоқ ҳоким, қуллуқ. Бизни ёшимиз тўқсонни қоралаб қолди. Энди, ҳашар бели бақувват ёшларни иши.
Кўпни дуоси кўл, дейдилар, отахон. Сиз оқсоқоллар фақатгина дуои фотиҳа берасизлар, бўлди. Ҳашарни ёш авлодни ўзи боплайди.
Бўпти, борганимиз бўлсин. Соат учга? Бўпти, борамиз.
Ботир фирқани умрида кўнгилсиз вазиятлар мўл бўлди. Хижил дақиқалар мўл бўлди. Ўзини ўзи эзувчи вақтлар мўл бўлди.
Аммо... кундузги уйқудан кейинги вазият! Одам тарс ёрилиб кетай дейди. Кўнгилга қил
сиғмайди. Одам ўртаниб кетади. Одамни пашша ғинғиллаши эзади. Ғинг-ғинг
пашшани милтиқ билан отсам дейди. Кундузги уйқу ёмон!
Кундузги уйқудан сўнгги ҳолатдан қутулишни билмовчилар кўчага чиқади.
Кўнгилочар ҳолат излайди. Кўнгилёзар мулоқот излайди.
Ушбу ҳолатдан қутулишни билувчилар аччиқ чой ичади.
Ботир фирқа кофе ичади. Бу сафар кофе ичмади.
Уйқуси бирдан очилди. Тан-жони жимир-жимир этди. Вужуд-вужуди лов-лов этди. Ич-ичи қизиди. Ботир фирқани кўнгли... кулди. Ботир фирқани юзи... кулди.
—    Кампир... улар мениям дуои фотиҳамни олар бўпти... — деди.
Афсус, кампири йўқ бўлди. Тўйда келинкўрди учун кетди. Ҳали қайтиб келмади. Ичига чироқ ёқса ёнмайди, дейди эл. Бу гап ичи қора одамлар учун айтиладими? Ичимдан топ, дегич одамлар учун айтиладими? Зиқнадан-зиқна одамлар учун айтиладими?
Ботир фирқа ушбу гап мазмунини тушунмас эди. Элни топган гапини қаранг-а, дер эди. Одамни ичи бир уй ё кўчамидики — чироқ ёқади, дея ўйлар эди. Кулгиси келар эди. Муштдай лампочка оғзига сиғмайди — қандай қилиб одамни ичига ёқиб бўлади, дея ўйлар эди.
У мазкур гап мағзини ана энди чақди. Айни шу вазиятда чақди.
Ботир фирқани... ичи ёнди! Ичи... ёруғ-ёруғ бўлди. Ичи... ойдин-ойдин бўлди. Кўзлари-
да равшан-равшан бўлди. Равшан кўзларидан равшан-равшан ёшлар оқди...
—    Кампир, улар мениям... одам ўрнида кўрибдилар... — деди.
Ботир фирқа аланг-жаланг бўлди. Кампири келинкўрдидан қайтмаганини билди. Оҳиста диванга чўкди. Елкаси билан суянди. Бошини чапга чалқайтди. Кўзларини юмди... Унсиз-унсиз йиғлади. Ич-ичидан йиғлади. Кўзларини қўл юзаси билан артиб-артиб йиғлади...
Кўнгли хиёл босилди. Тани сокин бўлди. Руҳи вазмин бўлди. Оғир тин олди.
Дарвоза тарафга қаради. Бедарак кампирини айблади. Кампирини койиди. Кампирини оқлади:
«У бечора бунақа телефон бўлишини қаердан билибди? Бечорани умри мени қобоқ-
тумшуғимга қараб ўтяпти. Майли, бир тўй-тўйласа тўйлабди-да».
Ботир фирқа бет-бошини ювди. Бет-бошини атирлади. Бет-қўлини мойлади.
Тағин дарвоза тарафга қаради. Кампиридан ҳамон дарак бўлмади.
—    Ўзим кийинаман, кампирни қараб ўтираманми.
Шундай дея шифонерни очди. Кийим-бошини кўздан кечирди. Бўқоқлик шимни олди. Украинча кўйлакни олди.
Ана шунда... кампири йўқлиги билинди. Ўта билинди.
Ботир фирқа украинча кўйлакни... костюм деб ўйлади! Украинча кўйлакни жимжимадор гулларини... костюм ёқаси деб ўйлади!
Шифонерда осиғлик костюмларни ушлади-ушлади — орден-медали бор қора костюмни суғуриб олди. Чўнтагидан партбилетни топди. Силаб-силаб, украинча кўйлакни кўкрак чўнтагига солди.
У орден-медалларига тикилиб қолди.
«Беш-олтита оқсоқол деяпти. Демак, танлаб-танлаб таклиф этибди, — дея ўйлади. — Ундай казо-казолар оддига бор топган-тутганни тақиб бориб бўлмайди. Танлаб-танлаб тақиб бориш керак».
Ана шунда... кампири йўқлиги тағиндан-тағин билинди!
У украинча, кўйлакни ҳамон... костюм дея ўйлади. Ҳамон... костюм кияяпман, дея ўйлади.
Ботир фирқа украинча кўйлакка... орден тақиб бошлади! «Бир... икки... уч. Мановни-да кўнгли қолмасин». Тақир бошига похол шляпа қўндирди. Кўзойнак тақди. У ўзини ойнага солди. Димоғ ҳам ғурур билан томоқ қирди. Эшик-дарвозаларни қулфлади. Ҳокимият сари йўл олди.

74
Ботир фирқа қўллари кетида қадамлади. Оҳиста қадамлади. Тантанали қадамлади. Бетон кўприқдан ўтди. Пастлаб энди. Оёқ тираб-тираб энди. Оёқ илиб-илиб энди. Нафас ростлаб-ростлаб энди.
Ҳокимият биноси олдида қаторланмиш машиналарни қоралаб келди. Машиналарга суяниб турмиш шофёрлар билан салом-алик этди.
Шофёрлар Ботир фирқани бош-адоқ қаради. Украинча кўйлакдаги... орденларга қаради. Бир шофёр оғзини ушлаб кулимсиди. Бир шофёр бетини бурчакка буриб кулимсиди. Бир шофёр чаппа бурилиб... чучкирди. Баҳонаталаб шофёрлар чучкурикдан... яйраб кулди.
Ия, саломат бўлсинлар, саломат бўлсинлар! — дея кулди. Ботир фирқа-да... қўшилиб кулди! Бош ирғаб-ирғаб кулди.
Биз-да шу тилакка ёрмиз! — дея кулди. Кўзидан кўзойнакни олди. Рўмолча билан артди.
Ҳокимият боғига қаради. Эътибор билан қаради. Синчковлик билан қаради.
Боғ... йўқ бўлди. Куюқ-қуюқ боғ йўқ бўлди. Ям-яшил боғ йўқ бўлди.
Ҳар-ҳар ерда кундалар юмалаб ётди. Шохлар тўда бўлиб ётди. Тупроқлар уюм бўлиб
ётди.
Арралар қирр-қирр бориб келди. Болталар тарс-тарс ёрди. Шохлар қарс-қарс синди.
Боғ марказида битта чинор омон қолмиш бўлди. Уям бўлса, бир ёнбош қийшайиб
ётмиш бўлди.
Чинор теварагида одам мўл бўлди. Сариқ-сариқ уст-бошларидан — қурувчилар бўлди. Бир қурувчи чинор шохига арқон бойлаб тортди. Бирови чинор шохи айрисига арқон ташлаб осилди. Бирови чинор томирини болталади.
Чинорни белига тросс солиб, анави самосвал билан тортиш керак, — деди Ботир фирқа.
Тросси йўқ экан-да камбағалларни, — деди бир шофёр. Ботир фирқа бошидан шляпасини олиб силкитди: хайр, ишорасини берди.
Йўл бўлсин, отахон? — деди бир шофёр.
Мана шу боғ ҳашарга таклиф қилиб эдилар, — деди.
Ҳа-а, расмий қисми ўтиб бўлди, отахон.
Ия-ия! — деди Ботир фирқа.
Лекин сизни кўп қарадилар.
Ҳамма бўлди, фақат сиз бўлмадингиз.
Ия-ия, шунақа денг?
Ботир фирқа бир келган йўлига қаради. Бир шофёрларга қаради. Бир оёқлари остига қаради. «Чин-да, битта мени кутиб ўтирадими? — деди. — Энди, қайтиб кетаверсаммикин?»
Отахон, озиб-ёзиб келибсиз, — деди бир шофёр. — Энди бир бориб, қурувчиларга ҳорманг-бор бўлинг этиб келинг.
Шундай денг, аммо-лекин шундай денг?
Ботир фирқа йўлида давом этди. Ҳокимият олди йўлақдан юрди. Йўлакдан боққа борди. Боғ айланаси арғамчи ип билан ўралмиш бўлди. Арғамчини ҳар-ҳар ерида қизил байроқчалар илиғлик бўлди. Огоҳ этувчи ёзмалар илиғлик бўлди.
Ботир фирқа арғамчи остидан ўтмоқчи бўдди. Бир ўнгига қаради, бир чапига қаради. Бир қўли билан шляпасини бошига босди. Бир қўли билан арғамчини кўтарди. Арғамчи остига эгилди.
—    Ҳай-ҳай! — дея овоз келди. Ботир фирқа қаддини кўтариб қаради.
Сариқ кийимлик киши шаҳодат бармоғи билан янди. Арғамчида илиғлик ёзмага ишора
етди.
Ботир фирқа бошидан шляпасини олиб, кишига қарата силкитди: узр-узр, демиш бўлди. Шляпасини бошига қўндириб, арғамчи-девор ёқалаб юрди. Шаҳодат бармоғини боши узра ниш этди.
—    Чин, техника хавфсизлиги! — деди. — Ўртоқ Эсонов, техника хавфсизлиги!
Арғамчи-девор ёқалашда давом этди. Боғни чап тарафига келди. Оёқлари толди. Йўл бўйи скамейкага чўкди. Шляпасини тиззасига қўйди. Чуқур нафас олди. Тақир бошини рўмолча билан артди. Ҳокимият майдонига тикилди: худди ўзини бошидай теп-текис майдон. Ўзини бошидай тап-тақир майдон.
«Совет даврида ҳар шаҳарни ўз Ленини бўлар эди. Ўртоқ Ленин шаҳар бош майдонида тикка турар эди, — деди Ботир фирқа. — Бизни Ленин мана шу майдонда тикка турар эди. Ўртоқ Ленин қўлини мана бундай узатиб, йўл кўрсатиб турар эди. ХХ аср ўзбек халқи доҳийси Шароф Рашидов байрамларда келар эди. Оталарча қучоқ очиб турар эди. Энди ўртоқ Ленин йўқ. Энди ўртоқ Рашидов йўқ...» Шу вақт бир нима қарс этди.
Ботир фирқа сапчиб оёқлади. Ўпкасини қўлтиқпади. Воҳ-воҳ этди. Ичига туф-туф этди.
Теваракка аланглади. Биров милтиқ отди-ёв, дея ўйлади.
Йўқ, боғда... боғда сўнгги чинор қулади!
Бирдан моторлар ўчди. Қурувчилар овози тинди. Ола-тасир босилди.
Ботир фирқа уёққа аланглади, буёққа аланглади. Соатига қаради: иш вақти тамом бўлди. Шляпани бошга қўндирди. Шими кетини қоқди. Шимини тортди. Украинча кўйлак ёқани тузатди. Боғ сари юрди.
Бу сафар арғамчи-девор олдида эгилиб ўтирмади. Арғамчини шундай кўтариб, ичкари кирди.
Шохчаларни қисир-қисир босиб борди. Шохлардан ҳатлаб-ҳатлаб борди. Япроқларни эзиб-езиб борди.
Сўнгги... сўнгги чинор олдида оёқ илди.
Бир уй ичи жой ўра бўлиб ётди. Ўра одам бўйи чуқур бўлди. Ўра гирди уюм-уюм тупроқ бўдди. Ура ичи патила-патила томир бўлди. Бармоқдай томир бўлди. Билақдай томир бўлди. Одамни сонидай томир бўлди. Ўқтомири... одамни белидай бўлди! Чинорни ўзи... ўра ёнбошида суяниб ётди. Ҳайбатли шохлари эллик қадам олисларда тарвақайлаб ётди...
Ботир фирқа энтиқди. Ботир фирқа қизиди. Ботир фирқа лов-лов этди.
Қўллари қалт-қалт этди. Юзлари дир-дир этди. Кўзлари пир-пир учди. Кўз олди туман бўлди.
Кўз олди зим-зиё бўлди.
Оёқ олди бир кундага... шилқ тушди.
Бирдан... олам ёруғ бўлди. Дунё тиниқ бўлди. Ҳаёт тирилди.
Ботир фирқага... дунёни энди кўрмиш одам мисол ўрага мўлтайди. Уйкудан энди
уйғонмиш одам мисол чинорга мўлтайди. Мунис-мунис мўлтайди.
Мўлтайди-мўлтайди... ҳўнграб йиғлади. Ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Нотавон-нотавон йиғлади.
Хокисор-хокисор йиғлади.
Ёноқларидан дардлари дув-дув тўкилди.
Фавқулодда кулимсиди! Тотли-тотли кулимсиди. Энди... кулимсиб-кулимсиб йиғлади.
— Кампир, бизни боғларимиз... халқаро йўл бўлар эмиш, — деди. — Бизни боғларимиз...
Буюк ипак йўли бўлар эмиш. Биз энди Буюк ипак йўлидан юрамиз.
Ботир фирқа кундадан қўзғолди. Оёққа қалқди.
Шунда, ўра лабидан тупроқ кўчди. Кўчар тупроқ Ботир фирқани оёқлари олдида бўлди. Шу боис, Ботир фирқа мувозанатни бой берди. Қулочлари ёйилди. Кетига чалқайди. Шашт билан ўзини ўнглаб олди.
Орденлари жаранг-журунг этди. Нимадир бир нима... лип этиб ерга тушди. Кўчар тупроқ билан ўра остига силжиб кетди.
Ботир фирқа энкайиб қаради. Синчиклаб қаради. Нима экан — билолмади. Боиси, ўра чуқур бўлди, тупроқ қора бўлди. Ботир фирқа орденларини қаради. Орденларини ушлаб-ушлаб санади. Орденлар... тугал бўлди!
Кўкрак чўнтакни пайпаслади. Ана шунда англади.
Партбилети... партбилети ўрага тушиб кетибди! Коммунистик партия билети ўрада ётибди! Ўртоқ Ленин сиймоси тупроқда қоришиб ётибди!
Ботир фирқа сувга калла қилажак чўмилувчи мисол қулоч ёйди. Қулочини битта жамлади. Боши баравар этди. Ўрага ниш этди. Ўрага бош эгди. Ўра чуқур бўлди, ўра қалтис бўлди.
Қалтисдан-қалтис жойи — ўрага ташловчи... қари бўлди! Тўқсонларни қоралаб қолган мунис чол бўлди.
Шу боис, қария шайтонга ҳай берди. Қария шаштидан қайтди.
Аммо қария аҳдидан қайтмади. Ўра лабига кафтларини қўйди. Олдин ўнг оёғини ўрага солди. Кейин чап оёғини ўрага солди. Қария ўрага тушиб бошлади. Шунда, оёғи ости тупроқ кўчди. Кўчки оҳиста энди. Уям кўчки билан энди. Кўз очиб юмгунча ўра остида бўлди.
Ботир фирқа қаддини қоматлади. Кафтини кафтига уриб қоқди. Орденларини ушлаб-ушлаб кўрди. Сокин тин олди.
Теварак-бошга қаради. Энкайиб қаради. Томирлар орасини мўралаб қаради: партбилет кўринмади.
«Ё мен тушиб келгунимча сичқон тортиб кетдимикин? — деди. — Энди қазилган ўрада сичқон нима қилади?»
Ботир фирқа серрайиб турди. Энди, ўзи эниб келмиш тупроқни ковлади. Партбилет ана шу кўчки остида бўлди!
Ботир фирқа партбилетни қўшқўллаб ушлади. Пуфлаб-пуфлаб тозалади. Кўзлари олдига олиб келди. Мисоли олис айрилиқдан кейин тикилди. Соғинч-соғинч билан тикилди. «Бу партбилет мени ўқитди, хат-саводли этди, — деди. — Шу партбилет туфайли ўсиб-ундим, катта мартабаларда ишладим. Еганим олдимда бўлди, емаганим кетимда бўлди. Мана, қарилик пенсияси олиб ётибман. Бир сўз билан айтсак, ушбу партбилет мен учун нон-насиба бўлди. Ушбу партбилет ризқ-рўзим бўлди».
Ботир фирқа партбилетни тағин пуфлади. Силаб-сийпади. Эҳтиёт учун галифе шим киссасига солди. Энди, ошкора айтди:

—    Ўртоқ Елтсин шундай бир табаррук партбилетни ташлади, — деди. — Яна-тағин, Кремл саройида ташлади. Минг қилса-да, ўртоқ Елтсин... насроний-да, насроний, ўртоқ Елтсин насронийлигига борди. Худога шукур, мен мусулмонман, мусулмон. Мен мусулмон фарзанди... мени боққан партбилетни ташламайман. Мен мусулмон фарзанди, партбилетни ташлаб... нонкўр бўлмайман!
Ботир фирқа юзага чиқиш йўлини ўйлади. Тушиб келмиш йўлидан... тўрт оёқ бўлиб ўрмалади. Ўра белигача юқорилаб борди. Ўра белидан тупроқ билан қайтиб тушди. Кафтларини артди. Шляпасини босиб кийди. Теварагига боқди. Томирларни тутамлаб, чинор кундага чиқди. Кунда устидан ўрмалади. Тўрт оёқ бўлиб ўрмалади. Ўрмалади-ўрмалади — юзага чиқиб олди.
Ўзини тап этиб ерга ташлади. Елкасидан нафас олди. Уст-бошини тузатди. Галифе шимини қоқди. Боя ўтирмиш қундага чўкди. Осойишта тин олди. . Ўрага қараб ўтирди-ўтирди... ўзига-ўзи қойил бўлди:
«Ерни етти қатига тушиб келдим-а, ерни етти қатига-я? — деди. — Ақл бовар этмас жасорат! Шу жасоратимни кампир бир кўрса эди? Кампир ҳар гапини ўролида мени камситади. Шартинг кетиб-партинг қолди, дейди. У дейди, бу дейди... Мана, мен кимман, мана! Тили бўлса, мана шу чинор айтсин!»
Ботир фирқа юмалаб ётмиш чинорга қараб хаёл сурди. Хаёллари бир жойларга кетди. Хаёллари қаерларгадир кетди...
Хаёллар оғушида ўтирди-ўтирди... тағин йиғлади. Ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади. У ушбу чинорларни... ўз қўли билан экиб эди. У ушбу чинорларни... ўзи парваришлаб ўстириб эди. Мазкур чинорлар остида эл-юрт учун жон фидо этди. Яхши-ёмон кунлари мазкур чинорлар остида ўтди.
Умри мазкур чинорлар остида адо бўлди. Олдин баҳор — охир хазон бўлди. Умр йўли — борса келмас йўл бўлди.
Ботир фирқани жони ачиди. Ботир фирқани тани куйди. Ботир фирқани тан-жони... шодланди.
—    Ўртоқ Рашидов... — дея энтиқди. — Шароф Рашидович, биз эккан чинорлар... Буюк ипак йўли бўлди, Буюк ипак йўли!
Ботир фирқани ичи куйди. Ботир фирқани ичи кул-ди...
Ўртоқ Рашидов... биз яратган боғлар... Буюк ипак йўли бўлди, Буюк ипак йўли! Ботир фирқани кўзларида қайғу бўлди. Ботир фирқани кўзларида байрам бўлди...
Ўртоқ Рашидов... биз энди Буюк ипак йўлидан юрамиз. Буюк ипак йўли бизни жаҳонга олиб боради. Истанбул, Париж, Лондон...

1994-1998 йиллар