Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод
Facebook
Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод PDF Босма E-mail
Материал индекси
Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод
2
3
3
4
Ҳамма саҳифа

Абдулла Қодирий номли Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг «Бу дунёда ўлиб болмайди» романи ХХ аср ўзбек зиёлиларининг кўргиликлари, дард-аламлари, фожиалари ҳақидадир. Бу асар ёзувчининг сўнгги романи бўлиб, коп йиллик
ижодий изланишлари инъикосидир.



Таги кўрмаганга гилам битмасин.
Қодир қулни чевараси, Холмат малайни невараси, Эсон хизматкорни боласи Ботир қўшчи тумандан айниб келди.
Қўшчи калондимоғ-калондимоғ қадам босди. Кибор-кибор қулоч отди. Керма қош-керма қош боқди.
Колхоз идораси қошида оёқ илди. Идора томига сердимоқ назар солди. Гап йўқ, сўз йўқ —    нарвондан томлади.
Томда қўлларини кетига қўйди. Том бош-адоғилаб қадамлади. Вазмин-вазмин қадамлади. Олисларга доно-доно боқиб қадамлади.
Бирдан қозиқдай қоқилиб қолди. Мисоли ҳайкал бўлиб қолди. Ерга шаҳодат бармоқ ўйнатди. Лик-лик ўйнатди. Қоровулни имлади.
Қоровул ҳадаҳа-ҳадаҳа келди. Нарвон пойида ҳайрона-ҳайрона турди. Қоши узра кафт соябон эта-ета мўлтайди.
Чақиргандай бўлдингизми? — деди. Қўшчи ҳокимона-ҳокимона сиёсат этди.
Халқ йиғилсин! — деди. — Халқни йиғинг! Қўшчи қўллари кетида тағин қадам олди. Мағрибга боқиб қадам олди. Машриққа боқиб қадам олди. Қоровул гапни кулги-мутойибага йўйди.
Ҳа, халқ келади! — деди. — Тайинлаб қўйиб эдим, халқ ҳализамат келиб қолади!
Халқ йиғилсин, дедимми, йиғилсин!
Қоровул ҳайрондан-ҳайрон бўлди. Туриб-туриб... ғаши келди.
«Ўзинг бир қўшчи бўлсанг, — демоқчи бўлди. — Сенга ким қўйибди идорани томига чиқишга?»
Яна-тағин, шайтонга ҳай берди.
Халқни нима қиласиз? — деди. — Мана мен халқ, ўзимга айта беринг!
Йўқ, халқ йиғилсин!
Шу вақт дарвоза олдида беш-олти деҳқон қора берди. Деҳқонлар нарвон пойига тўп бўлди. Кулги-мутойибага ўтди:
Син-симбатингизни даладан кўриб келдик.
Туманда нима гаплар бор, гапиринг, қани?
Қани, тумандан гурунг беринг, қани?
Қўшчи томдан тушди. Ҳовуз бўйлаб юрди. Ҳовуз супада тик турди. Қўлларини орқа этди. Йўқ қоринни олға сурди. Йўқ қоринни олға сураман дея... кетига чалқайиб қолди. Йўқ қорин олдинда қолди... Кети ич-кари кириб йўқолди. Ўзи кетига чалқайиб қолди! Қўшчи деҳқонларга бармоқ ниш этди.
Шундай туринглар! — деди. Деҳқонлар супа пойига тўп бўлди. Қўшчи супага бармоқ бигиз этди.
Ўтиринглар! — деди.
Деҳқонлар чўк тушди. Чордана қуриб ўтирди.
Қўшчи белқарсдан билак ўтказди. Белқарс тутамлади. Иўқ қоринни тағин-да олға сурди. Кети тағин-да ичкари кириб йўқолди.
—    Аммо-лекин! — деди. — Айтинглар, қани, мен кимман?
Деҳқонлар ўзаро қарашиб олди. Биламиз демишдай, бош ирғади. Ҳазил демишдай, мийиқларида кулди.
Ким бўлардингиз, ўзимизни Ботир қўшчи-да, — деди. Қўшчи йўқ қоринни олға силтади.
Йўқ! — деди. — Аммо-лекин тополмадиларинг!
Деҳқонлар бурчакка бет буриб келди. Деҳқонлар оғиз ушлаб кулди.
—    Колхоз тузилгани қачон эди? — деди қўшчи. — Сизларга қачон ақл киради? Топинглар, мен кимман?
Деҳқонлар юзидан кулгич қочди. Бари ўйлаб қолди. Охири чидаб ўтиролмади.
Унда, ўзингиз айтинг?
Биз бир далада юрган деҳқон бўлсак?
Сиз туман бориб келдингиз, сиз айтинг?
Қўшчи икки қўлини кўксига қўйди. Кўкрагини олға шиширди.
—    Мана шу... мен-а? — деди. — Мана шу мен! Айтинглар, қани, мана шу мен кимман?
Деҳқонлар тағин бир-бировига қаради.
Ҳа, шу сиз, шу сиз! — деди.
Унда, сизларга топшириқ: боринглар, мени ким эканимни билиб келинглар! Қўшчи шундай дея, супадан тушди. Кўчага равона бўлди.
Бир деҳқон қўшчини изидан етди. Қўшчини билагидан тутамлади.
—    Менга қара, Ботир, — деди. — Отангни кўрдим, аҳмади фориғ, энангни кўрдим, товони ёриқ, дейдилар. Отанг шул, энанг шул, нима қиласан, осмонга чиқиб? Туш пастга, туш!
Қўшчи қайтиб келди. Қўшчи кўкрагига кафт қўйди.
Мен! — дея кўкрак урди. — Мана шу мен, Ботир фирқаман, Ботир фирқа! Деҳқонлар ўзаро қарашиб-қарашиб олди.
Ким-ким? — деди.
Бир сўз билан айтсак: Ботир фирқа!
Қўшчи шундай дея, супа бош-адоғилаб одимлади. Деҳқонларга қараб-қараб одимлади.
—    Бир сўз билан айтсак, мен шу кундан бошлаб
Ботир фирқа бўлдим! Айни вақтда, қишлоқ шўросини раиси-да бўлдим! — деди. — Кимда-ким мени Ботир фирқа демас экан, ўзидан кўрсин! Деҳқонлар бақа бўлиб қолди.

2
Қўшчини Ботир фирқа демагичлар бўлди.
Биров — фирқа сўзига тушунолмай айтмади. Биров — қўшчи сўзига ўрганиб қолиб айтмади. Тағин биров — қўшчига фирқа сўзи ярашмайди, дея айтмади. Ана шунда, Ботир қўшчи... чилласида чироқ кўрмаган бўлди.
Қўшчи бировни меҳнат ҳақини қирқиб ташлади. Бировни томорқасини сувдан қисди. Бировни мол-ҳолини емишдан тортди.
Отига «фирқа» сўзини қўшиб айтмагичларни: «Халқ душмани», дея айблади. Шу-шу, қўшчи бир оғиздан — Ботир фирқа бўлди.

3
Ботир фирқа Ўзбекистон пойтахти Самарқандда олти ойлик сиёсий ўқишни битириб келди.

4
1933 йил тўлди.
Нон чучук бўлди. Нон ширин бўлди. Ота ўз ўғлини бир зоғора нонга алмашди. Она ўз қизини бир ҳовуч кепакка алмашди. Одамзот кунжара ейишгача борди.

5
Она бир эшакли ўткинчига кафтларини узатди.
—    Мана шу қизалоқни олиб кетинг, катта бўлса, эшигингизни супуради! — деди. — Бир ҳовуч кепакка бераман, бир ҳовучгина!
Ўткинчи ўзини эшитмасликка олди. Бозор учун нарх-навони сўрамади. Бошли-кўзли болани сўраб-суриштирмади.
Она ўнгга қаради, она чапга қаради. Бозорда ўзидан бошқа қолмади.
Шунда, она боласига боқиб ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Боласига боқиб увв-увв йиғлади.
Она энкайди. Бўйин эгди. Боласини бўйнига миндирмоқчи бўлди.
Аммо боласи ўзини орқага олди. Йўқ, ишорасини берди.
Шунда, она, боласини елкаларига қўйиб-қўйиб олди.
Боласи овози борича йиғлади.
Она ўнг гапирмади — чап гапирди:
—    Ўчир, бозори касод! Ўчир, зоғора нон!
Она энди боласини қулоқ-чаккаси аралаш қўйиб-қўйиб олди.
Ниҳоят, таёқ ўтди. Боласи жонҳолатда турди. Жонҳолатда онаси елкасига осилди. Бўйнидан қучоқлаб олди.
Она рўмоли учига тутиклик бир нимани қўлтиғига олди. Тугунни эҳтиётлаб-еҳтиётлаб қўлтиқлади. Ё пирим, дея, жойидан қўзғолди. Оеқлаётиб, қалқиб-қалқиб олди. Ўзини ўнглаб олди. Бир-икки қадам босди.
Она елкасида бола, йўл олди. Она қўлтиғида тугун, йўл олди.
Бола онаси бошини опичлаб борди. Овоз бериб, йиғлай, деди. Онасидан қўрқди. Онаси оёқларини чимчилаб олишидан қўрқди. Бола бор-йўғи инг-инг этиб борди. Барибир, она кўксида шалвираб боражак боласи оёқларидан ўйиб-ўйиб олди. Она ўнг гапирмади — чап гапирди:
—    Ўчир, бозори касод! Сидирға ўтир, бозори касод, сидирға ўтир!
Бола ингилламай қолди.
Она ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб юрди. Қишлоқни мўлжаллаб юрди. Қишлоқ бир қадам кўринса-да, хийла олис бўлди. Бир илон сўқмоқни кесиб ўтди.
Она таққа тўхтади. Сесканиб олди. Ўзини орқага олди.
Шунда, елкасидаги боласи кетига чалқайиб кетди. Кети билан йиқилиб тушай деди. Она боласини оёқларидан ушлаб қолди.
Она ёқасини кўтариб, ичига «туф-туф» этди. Илон юрмиш ўт-ўлан шитир-шитир тингунича
қимирламади. Жойида турди.
Тағин йўлида давом этди.
Бола онасини бошини опичлаб-опичлаб олди.
—    Ена, нон... — деди.
Она парво этмади. Бир маромда одимлади. Қош қорайиб борди.
Она қадамини катта олди. Аммо қадами ўнгмади. Боши айланди. Кўз олди тебранди.
—    Ена, но-он...
Елас-елас бир ит ҳурди. Ит кимга ҳурди? Ит нима-га ҳурди? Она оёқ илди.
«Ит менга ҳуряпти, менга! — дея ўйлади. — Ит бир нимани ҳидини олди. Ит нон ҳидини олди, нон. Ит ана энди чопиб келади!» Она ит ҳуришини... боласидан кўрди.
«Болам нон-нон деяпти. Ит «нон» сўзини эшитди», дея ўйлади.
—    Нон дема-я, қирилиб кетгур! — дея, боласи сонини ўйиб-ўйиб олди. — Ана, ит келяпти, нон дема-я!
Боласини нафаси ичига тушиб кетди. Она тағин йўлида давом этди. Ит яна бир ҳурди. Она ана шунда ит бор тарафга қараб кетаётганини англади. Йўлини чап солишни ўйлади. Аммо сўқмоқ ёлғиз бўлди. Ўз оти ўзи билан, ёлғиз. Она: «Ит нон ҳидини олди-ёв. Чопиб келиб ёпишмаса-ёв», дея ўйлади.
—    Она, но-он...
Она йўлини сўқмоқдан чап солмоқчи бўлди. Беш-олти одим босди. Аммо оёқлари чирмовуқларга илашиб қолди. Ёввойи бедаларга илашиб қолди.
Шундай кетса, оёқлари чалишиб йиқилишидан қўрқди. Ёмондан-ёмони... ўт-ўланлар ичида боягидай илонни босиб олишидан қўрқди.
Она яна қайтиб сўқмоққа тушди. Қўлтиқ тугунини маҳкамроқ босди.
—    Ена, но-он...
Она елкаларини учирди. Боласини силкиб-силкиб олди. Жеркиб-жеркиб олди. Оёқларини шапиллатиб-шапиллатиб уриб олди.
—    Нон дема! — деди. — Нонни отини атама! Она ҳамон ҳадик билан қадамлади.
Ит ёпишади, дея ҳадиксиради. Кун ботиб борди.
Кунботар алвон-алвон шафақ бўлди. Ҳаводан салқинлик уфурди. Ҳаводан оқшом нафаси уфурди.
—    Ена, но-он...
Ит тобора яқин бўла борди.
Она эҳтиёт учун... ит тараф қўлтиғи — ўнг қўлтиғи-дан тугунни олди. Авайлабгина... чап қўлтиғига қистирди. Кўнгли хиёл ором олди. Дадил одимлади. Боласи ич-етини тирнаб зорланди:
—    Ена, но-о-он, но-о-он...
Она итдан эллик-олтмиш қадам беридан ўтди. Батамом бемалол ўтди. Боиси, ит... боғлоқлик
бўлди.
Қош қорайиб-қорайиб қолди.
Она кулбасига етиб келди. Ўчоқ бошида чўнқайди.
Боласи елкасидан сирғалиб тушди. Жойида ўтириб қолди. Ўрмалаб-ўрмалаб олди. Оёққа қалқди. Той-той юрди. Атак-чечак юрди. Тетапоя-тетапоя юрди. Оёқларини ёйди. Теварак-бошга сер солди: қаерларда нон бўлади?
Бола ана шу жойларни титкилади. Дастурхонни очиб қаради. Тўнтариқлик тобоқлар остини қаради. Ўроғлик супрани ёйиб қаради...
Онани энка-тенкаси қуриди. Энтикиб-ентикиб на-фас олди. Ўзини ўнглади. Узига келди. Сўғин, қўлтиғидан тугунни олди. Ўчоқ бошига ёйди: тугунда кафтдай зоғора нон бўлди!
Узалиб, обтовани олди. Жўмрагидан ерга икки том-чи томизди. Жўмракни оғзига қўйиб кўтарди. Кўтариб сув ичди. Энтикиб сув ичди.
Зоғора нонни олиб... чаппа бурилди. Нонни катта-катта тишлади. Нонни катта-катта чайнади. Нонни кат-та-катта ютди... Зоғорадан ушоқ-да қолмади! Тағин... ўнг бурилди...
Боласи ҳали-ҳамон тобоқлар остидан... нон қидирди! — Бери кел! — деди она. — Бери кел, мана нон! Бола ҳадаҳалаб келди.
Она боласини бағрига олди. Она боласи оғзига... кўкрак солди. Боласига кўкрак берди.

6
Оналар... тасбеҳдай-тасбеҳдай тизилиб ўтирди. Она бир йўловчига қўл чўзди.
—    Мана шу қизалоқни ола кетинг, сизга қиз бўлади! — деди. — Бир кулчага алмашаман, бир кулчага!
Она бир йўловчига боласини кўрсатди.
—    Мана шуни зоғора нонга алмашаман! — деди. — Кафтдай зоғора нон бўлса бўлади!
Мазкур йўловчи... Ботир фирқа бўлди. У эътибор бермади. Бепарво ўтди.
Беш-ўн қадам ўтиб, оёқ илди. Боиси, овоз таниш туюлди. Кетига қайрилиб қаради. Кетига
қайтиб келди.
Чин, туюлганича бор бўлди. Боласини олдига олиб ўтирмиш она... Мирзахўжабойни беваси
бўлди.
Ботир фирқа қўлларини белига қўйди. Бевага қараб турди.
Она ерга қаради. Боласини бутлари орасига тортиброқ ўтирди. Боласини елкаларидан қучоқлаб ўтирди. Пешонасини боласи бошига қўйиб ўтирди. Она бетларини бекитиб ўтирди.
—    Изимдан юрилсин!
Ботир фирқа шундай дея, йўлида одимлади.
Она жойидан қўзғолди. Боласини уст-бошини қоқди: боладан хас-чўп тушди. Боладан чанг-тупроқ тушди. Бола... гупиллаб-гупиллаб чангиди!
Она ўз уст-бошини тузатди. Этагини қоқди. Желагини бетига тортиб қўйди. Боласини қўлидан етаклади.
Ботир фирқа кетига қайрилмай қадамлади. Ердан кўзини олмай қадамлади. Холилатиб-холилатиб оёқ илди. Онага қайрилмай гап очди. Ердан кўз олмай гап очди. Оҳиста-оҳиста гап очди:
Сиз Мирзахўжабойни кенжа заифаси... Зайнаб... Зайнаб хотинмисиз?
Шундай, шундай.

Қизалоғингизни оти нима?
Обод.
Обод, Обод... Мирзахўжабойни қизими?
Шундай, Обод... ўша кишидан!
Сиз кимни зурриётини бозорга олиб чиққанингизни биляпсизми? Кимсан, Мирзахўжабойни зурриёти!
Она миқ этмади. Она ерга тикилди.
—    Мирзахўжабойни зурриёти-я! — деди Ботир фирқа. — Чин, Мирзахўжабойлар совет ҳукуматини тан олмай, Афғонистонга қочиб кетди. Лекин у киши Саидхўжа эшонни тўнғич ўғиллари. Бир сўз билан айтсак, эшонзода, эшонзода!
Ана шунда, она тилга кирди. Желаги ёқаси билан оғзини ушлаб тилга кирди.
Бир норасидани товонига қолмайин деяпман-да, фирқа бова, — дея йиғлади. — Шугина норасида пешонамга сиғмаяпти!
Шугина бир... гўдакни боқиб бўлмай қолдими?
Йўқ-да, фирқа бова, йўқ-да. Хонумонимиз куйди! Биз куйиб-куйиб... кул бўлдик!
Мирзахўжабойни гўдаги учун-а?
Кунжара берсам, емаса нима қилайин? Зоғора нон отлиққа йўқ бўлса, нима қилайин?
Бир бориб айтсангиз... қадамингиз кира тилайдими? Ботир фирқа умид сувлари сепиб, умид сувлари сепиб кетди.

7
Ботир фирқа оқшом вақти аёлига тайинлади:
Мирзахўжабойни бевасига битта кулча олиб бо-риб бер, — деди. — Фақат биров билмасин, замон ёмон.
Битта кулча нима бўлади? — деди аёли.
Ҳар тандир ёпишингда биттадан кулча бериб келасан, тушундингми? Бевасига айт, биров билмасин. Замон ёмон, жуда ёмон...

8
1934 йил оёқлади.
Нон чучукдан-да чучук бўлди. Нон шириндан-да ширин бўлди. Илик узилди!

9
Кулбаларда бекаси билан хўжаси узала тушиб ўлиб ётди. Бекаси бағрида қизалоғи ўлиб ётди. Хўжаси қўйни-да ўғилчаси ўлиб ётди. Одамзот йўлларда ўлиб ётди. Ариқ бўйларида ўлиб ётди. Дарахт тагларида ўлиб ётди. Биров зоғора нондан шишиб ўлди. Биров кунжара-дан шишиб ўлди. Биров шуларни-да тополмай — очидан ўлди!
Қабристонлар лиқ-лиқ тўлди. Жасад қўяжак ер тугул, оёқ босажак ер қолмади.

10
Шунда Ботир фирқа бошлиқ фаоллар туман йўл олди. Катталарга мурожаат этди.
Мозористонда соғ жой қолмади, — деди Ботир фирқа.
Бутун туманда шундай, — деди катталар. — Биз юқорига хабар бердик, ёрдам берамиз, деди.
Унгача жасадларни қаерга қўямиз?
Топилади, тирикка топилган ер, ўликкаям топилади!

11
Қиш қариди.
Ел кўкламни пойлади. Интиқ-интиқ пойлади. Ўт-ўлан амал олишини қаради. Ўт-ўланлар билан кун кечиришни ўйлади. Кўкат еб, қорин тўйдиришни ўйлади.

12
Чин, юқоридан ёрдам келди. Полуторка миниб кел-ди. Учта НКВД ходими келди. Учовини-да белида мау-зер бўлди. Туман вакили НКВДчиларни танитди.
Бу ўртоқлар очарчиликка қарши курашиш учун келди! — деди.
Очарчиликни тугатиш учун! — дея тузатди НКВД командири.
Виноват, ўртоқ командир, виноват, — деди туман вакили. — Сиз фаоллар, мана шу ҳукумат вакиллари очарчиликни бартараф этишлари учун яқиндан ёрдам берасизлар!
Биз, сиз фаолларга суянамиз! — деди командир. — Сизлар қанчалик кўп ёрдам берсаларингиз, биз очарчиликни шунчалик тез тугатамиз. Биз бу борада етарли тажрибага эгамиз. Йигирманчи йилларда Украинада худди шундай очарчилик авж олиб эди. Миллион-миллион қурбонлар бўлиб эди, миллион-миллион! Москва бизни Украинага сафарбар этди. Биз жуда қисқа муддат ичида Украинада очарчиликка нуқга қўйиб келдик!
Биз учун келибсизлар, қўлимиздан келган ёрдамни берамиз, — деди Ботир фирқа. — Мана, тушунчали-тушунчали фаолларимиз ўтирибди.
Бизга тушунчали одам керак эмас, — деди ко-мандир. — Бизга юк ташувчи одам керак!
Хўп, мана фаолларимиз, танлаб олинг. НКВДчилар олтита фаолни танлаб олди.

13
Айтилмиш маҳкамани ўз қабристони бўлди. Ўз мо-зори бўлди.
НКВД ҳрдимлари ўр-жарларни кўрди. Сой-қирлар-ни кўрди. Ўйдим-чуқурларни кўрди.
Хароба-чолдевор-ларни кўрди. Ниҳоят, ана шу... қабристонни топди!
Қишлоқтсан беш-олти чақиримда эски бир ҳовуз бўлди. Гир айланмиш толзор ҳовуз бўлди.
Кўпдан буён қаровсиз ётмиш ҳовуз бўлди. Сув тўлдирилмаса-да, таги сернам ҳовуз
бўлди.
—    Мана шу жойни танладик, — деди командир.
Ботир фирқа тушунмади. Бир ҳовузга қаради, бир командирга қаради. Қишлоқ қибласида ёйилиб ётмиш қабристонга қаради.
—    Аммо-лекин ҳар юртни ўз қабристони бор, — деди.
Бор, тўғри, бор, — деди командир. — Лекин ана шундай буйруқ ҳам бор!
Қабристон кўчирилсин, дегич буйруқми?
Йўқ, бошқачароқ буйруқ, бошқачароқ...
Хўп, айтинг, қандайчикин буйруқ экан? Мен қишлоқ шўроси раисиман, билишим керак? ;
Қизиманг, ўртоқ раис, қизиманг. Биз ишимизни билиб қиламиз. Биз Украинада очарчиликка қарши курашиб, роса тажриба тўплаганмиз. Биз ана шу тажрибаларимиздан келиб чиқиб иш қиламиз.
Хўп, қани, тажрибаларингизни айтинг?
Тажрибаларимиз бундай: сиз айтган анави қабристон ўз ажали билан ўлганлар учундир. Фақат... очлиқдан ўлганлар учун эмас!
Нима фарқи бор, ўз ажали билан ўлди нима, очликдан ўлди нима? Бариям ўлим-да, бариям гўрга киради-да?
Барибир эмас-да, ўртоқ раис, барибир эмас-да. Ахир... нега очлиқдан ўлади? Совет замонида-я? Нега сиз билан биз юрибмиз, улар эса очликдан ўлади? Совет замонида-я? Буни совет тузуми душманлари эшитиб қолса нима дейди? Жар солиб ёяди, карнай қилиб чалади-ку! Ўзингиздан қолар гап йўқ, ёш совет тузумининг душманлари кўп. Улар совет тузумини бўғиб ташламоқчи, ҳа, ёш совет тузумини йўқ қилмоқчи. Сиз билан биз фирқамиз. Шундай экан, сиз билан биз совет тузуми душманларига қарши кўкрагимизни қалқон қилишимиз керак.
Фирқамиз, фирқа! — деди Ботир фирқа ғурур билан. — Ҳа, фирқамиз!
Ҳа-а, ана, ана! Оғзинг тўла қон бўлсаям, душманинг олдида тупурма, дейдилар. Шунинг учун сиз билан биз очарчиликка қарши шафқатсизларча кураш олиб боришимиз керак. Яъни очликдан ўлганларни ҳеч кимга билдирмасдан... ими-жимида... мана шундай ўраларга... кўмиб ташлашимиз керак.
Ботир фирқа бирдан сергак бўлди. Қулоғи динг бўлди. Кўзлари пир-пир бўлди.
Манавигами? Бу... ҳовуз-ку? — деди.
Нима фарқи бор, ўртоқ раис, нима фарқи бор? Тайёргина чуқур! Биров билади, биров билмайди. Билмаса, ҳовузни кўмиб ташлабди, дейди-қўяди. Шу билан гап тамом бўлади. Биз мана шундай йўл билан очарчиликка қарши курашамиз. Қарабсизки, тез кунда очарчиликни тугатамиз.
Буни... буни туман катталари билан бир маслаҳатлашиб кўриш керак.
Туман катталари уёқтса турсин, бутун совет ҳукумати катталари билади, ўртоқ раис. Бу ҳақда буйруқ бор. Очарчиликка қарши ана шундай курашилсин, деган буйруқ бор. Украинада очарчиликни ана шундай йўл билан бартараф этдик. Насиб бўлса, Ўзбекистонда ҳам очарчиликни ана шундай услубда тугатамиз. Ана иккитасини олиб келдик, ана.
Ботир фирқа гап билан андармон бўлиб билмади. Эътибор этмади. Ана энди эътибор берди. Ҳовуз тагига қаради. Қунт билан қаради.
Ҳовуз тагида... иккита қора нарса устма-уст тахлаб қўйилди. Иккита қора нарса узала-узала тахлаб қўйилди.
Ботир фирқа анграйиб қолди. Бир нарсаларга анг-райиб қаради, бир командирга анграйиб қаради.
Булар... одам... — дея дудуқланди Ботир фирқа. — Булар... одамми?
Йўқ, улар очдан ўлганлар, — деди командир. — Улар... совет ҳукуматига қарши очдан ўлганлар!
Ботир фирқа беихтиёр... беихтиёр ҳовузга тушиб борди.
Тахланиб ётмиш жасадларни қаради. Юзларни очиб қаради. Икковини-да таниди: бирови Ашир момо бўлди, бири Чори бобо бўлди.
Ботир фирқа марҳумларга тикилиб турди-турди... бе-ихтиёр қўлларини кўтарди. Марҳумлар ҳақига дуо ўқимоқчи бўлди.
Бирдан эсини йиғиб олди. Фирқа эканини ўйлади. Шўро раиси эканини ўйлади. Энг ёмони — тепасида НКВДчилар қараб туриши бўлди.
Ботир фирқа қўлларини туширди. Ҳадик билан НКВДчиларга кўз қири ташлади: йўқ, улар ўзларича гапиришиб турди.
«Хайрият, қўлларимни кўтарганимни кўриб қолмади, хайрият», деб хотиржамланди. Ботир фирқа тахланиб ётмиш марҳумларга тикилди... ичида фотиҳа ўқиди, ичида қуръон ўқиди.
Сўғин, юқорилади. НКВДчилар олдига бориб турди.
Рангингиз оқариб кетибди, қўрқдингизми? — деди командир.
Йўқ, нега қўрқаман, йўқ... — дея минғиллади Ботир фирқа.
Рангингиз докадай оқариб кетибди? Яна-тағин, дудуқланяпсиз?
Ҳа, энди... эл-юртчилик, ўртоқ командир, эл-юртчилик. Ўз эл-юртингиз эмасми, одамга пича ботар экан. Унча-мунча малол келар экан.
Ўртоқ раис, бу ҳақда буйруқ бор, буйруқ! — дея овозини кўтарди командир. — Буйруқ! Совет ҳукуматининг буйруғи! Совет ҳукуматининг хоҳиш-иродаси!
Ёки совет ҳукуматидан норозимисиз?
Ана шунда, Ботир фирқа бир сесканиб олди. Тева-ракка олазарак-олазарак бўлиб олди.
Ундай деманг, ундай деманг... — дея каловланди. — Ахир, мен... фирқаман, фирқа!
Фирқа бўлсангиз, нега иккиланасиз?
Ботир фирқа бирдан... қаддини ростлади. Қоматини адл-адл этди. Бошини тик-тик тутди.
—    Яшасин, шўро ҳукумати! — деди тантанавор. — Шўро ҳукуматига шон-шарафлар бўлсин!
Ботир фирқа шу қўйи қотиб турди. Мижжа-да қоқма-ди. Нафас-да олмади!
—    Ана бу бошқа гап! — деди командир.
Анаглундан кейин Ботир фирқа ўзини... одам ҳис этди. Ўзини эркин ҳис этди.   Одамга ўхшаб нафас олди.

14
Шу вақт сўқмоқ йўлда полуторка кўринди. Полуторка ҳовуз кемтиги олдида кўндаланг бўлди.
Машинадан бир НКВДчи «тап» этиб тушди. Машина орқасини очди. Машинага елка тутиб турди.
Машина устидагиси шолчага ўроғлиқ бир нарсани бурчидан судраб келди. Ўрам бир учини шериги елкасига қўйди. Ўрам иккинчи учини ўз елкасига қўйди. Иккита НКВДчи ўрамни елкалаб, ҳовузга тушди. Ўрамни бояги устма-уст жасадлар устига қўйди. Шолчани бир четидан тортди. Шолча ичидан... учта жасад... жасадлар устига юмалаб тушди!
НКВДчилар шолчани қоқиб-қоқиб тахлади. Ҳовуздан чиқиб келди. Шолчани машина устига ташлади. Командирлари олдига келди.
Тағин учтасини олиб келдик, — деди бирови.
Иккита десаям бўлади. Битта майдагина болача, — деди иккинчиси. — Менимча, боласи бўлса керак, бағрига босиб ётибди.
Боласи ўғилми-қизми? — сўради командир.
Ким қарабди, ўртоқ командир. Ишқилиб, бир гўдак одамча-да.
Шунда, Ботир фирқа ажабтовур бир овоз эшитди. Фирқа аланг-жаланг бўлди. Овоз кўкдан келяпти ё ердан чиқяптими, билолмади. Бир кўкка қаради, бир теваракка қаради, бир НКВДчиларга қаради. Командир ияги билан ҳовузга имо этди.
—    Ўрадан келяпти, ўрадан, — деди.
Ботир фирқа ҳовузга тикилди. Чин, овоз ҳовуздан келмиш бўлди. Назарида... назарида, жасадлар қимир-қимир этмиш бўлди.
Ботир фирқа ёқа тутамлаб-ёқа тутамлаб, анграйди. Ботир фирқа ёқа туфлаб-ёқа туфлаб, анграйди.
—    Ия! — дея командирга қаради. — Ия-ия... Ўз-ўзидан... ҳовузга тушиб борди. Қўрқа-қўрқа борди. Овоз қадам сайин яқин эшитилди.
Ботир фирқа жойида қотиб қолди. Қадам босишини-да билмади, кетига қайтишини-да билмади. Овоз тобора яқиндан келди.
Ботир фирқа ёқасини маҳкам тутамлади. Кўзларини ярим юмди. Ҳам қўрқув, ҳам шижоат билан юмди. Ичида пичир-пичир калима қайтарди. Дадил-дадил қадам қўйди. Жасадлар бошига борди. Кўзларини чирт юмиб турди-турди... бирдан ялт-ялт очди. Шунда... шунда, Мирзахўжабойни бевасини кўрди! Мирзахўжабойни зурриётини кўрди! Ботир фирқани ичидан... бир нима ўпирилиб тушди. Тан-жони жимир-жимир этди. Тан-жони увишиб-увишиб олди. Сочлари орасида мисоли қумурсқа юрди. Кўзларини тағин чирт-чирт юмди...
—    Уларни танидингизми, ўртоқ раис?
Ботир фирқа ана шунда кўзларини очди. Ёнларида НКВДчиларни кўрди.
Ботир фирқа танидим, демишдай бош ирғади. Тағин жасадларга тикилди.
Ана шунда, Мирзахўжабойни беваси кўзларини ярим очди! Бошидагиларга ўлик нигоҳ
билан боқди.
Ботир фирқа... биқинини чангаллаб-чангаллаб инқиллади.
У-у-уҳ!.. — дея оҳ урди. — Тирик, тирик! Ўртоқ командир, улар тирик! Командир шерикларига юз солди.
Дарҳақиқат, улар ҳали нафас олмоқда-ку? — деди.
Тўғри, тирик, тўғри! — деди бирови. — Лекин ҳозирча тирик, ҳозирча!
Барибир... ўлади! Бугун, бугун бўлмасаям... эртага ўлади! — деди иккинчиси. Мирзахўжабойни беваси жонсарак-жонсарак боқди. Мўлт-мўлт боқди.
Йўқ, йўқ... — дея пичирлади. — Фирқа бова, нон йўқ. Бўлмаса, келмас эдим... Гапидан, Мирзахўжабойни беваси қаерга келиб қолганини билмади, қаердалигини билмади.
Тағин битта кулча беринг, фирқа бова, — деди бева. — Боламга берайин, нон деяпти...
Бераман, бераман... — Ботир фирқа шундай дея, командирга юз солди.
Уртоқ командир, тирикларни кўмиш қандай бўлади?
Енди, нима қилайлик, ўртоқ раис? Замон шундай! Очарчиликни бартараф этмасак бўлмайди.
Аммо-лекин... тирик-да, тирик! Ана, бағридаги боласи-да тирик! Шўро ҳукуматига ишчи кучи керак, ўртоқ командир, улар ҳали иш беради.
Тушунаман, ўртоқ раис, тушунаман. Аммо улар барибир... ўлади-да, ўлади! Нима еб, жон сақлайди?
Мен уларга биттадан кулча бериб турар эдим, ўртоқ командир. Бундай бўлишини билсам, иккитадан кулча берар эдим, ўртоқ командир. Мен энди уларга иккитадан кулча бериб тураман, ўртоқ командир, иккитадан!
Командир Ботир фирқага ўсмоқчилаб-ўсмоқчилаб қаради. Бир кўзини қисиб-қисиб олди.
—    У билан... апоқ-чапоқмисиз дейман? — деди. — Балки қўлидаги боласиям... ўзларига қарашлидир, ўртоқ раис?
Йўқ, йўқ, ундай хаёлга борманг, ўртоқ командир, ундай хаёлга борманг. Гап шундаки...
Хўш, гап нимада?
Гап шундаки, ўртоқ командир, улар жуда азиз зотларни беваси, жуда табаррук зотларни зурриёти.
Ўртоқ раис, сиз айтгандек, казо-казоларга қараладиган бўлса, очарчиликни тугатиб бўлмайди. Украинада генералларнинг бола-бақрасини кўмдик, генералларнинг! Кўпларини тириклай кўмиб ташладик, тириклай! Бўлмаса очарчиликни тугатиб бўлмас эди! Мирзахўжабойни беваси Ботир фирқага мўлтиради.
Сув, сув... — деди. — Боламга сув беринг.
Учир! — дея ўшқирди бир ходим. — Ўладиган одамга... сув нима керак?
Тўғри, ўликка... сув нима керак? — деди иккинчи ходим.
Мирзахўжабойни беваси ана шунда қаерда эканини билди. Олазарак бўлди. Ботир фирқага ёлворди.
Фирқа бова, мени олиб кетинг, — дея инқиллади.
Ўзимга эн бўлолмайман, сизга қандай бўй бўла-ман? — дея ўксинди Ботир фирқа.
Мен отасини ёлғиз тирноғини одам қилишим керак... Бир ходим бирдан ҳушёр бўлди. Аланг-жаланг бўлди.
Нима-нима?! — деди. — Уйга кетасан? Кетасан-а, кетасан, кетиб бўпсан! Энди, сенинг... ўлигингни орқалаб келиш учун яна борамизми? Нима, сенинг... ўлигингдан бошқа ишимиз йўқми?
Уликларга дўқ қилманг, ўртоқ, ўликларга дўқ қилманг, — дед Ботир фирқа.
Дўқ қилмай бўладими? Ўзи, аллақачон ўлиб бўлган. Яна-тағин, уйга кетаман, дейди.
Олдин ўлсин... — деди Ботир фирқа.
Ўлади! Ўлимга маҳкум этйдган, ўлади! Ана, рангида ҳаёт асари йўқ. Биргина шу... ўлик учун тағин борамизми? Бунақада очарчиликни қачон тугатамиз?
Йўқ, улар ўлимга маҳкум этилмаган, — деди Ботир фирқа. — Мен олдин уларга биттадан кулча берар эдим. Энди, иккитадан кулча бераман...
Командир шерикларига назар солди.
—    Ана, ўртоқ раис, иккитадан кулча бераман, деяпти, — деди. — Битта шу... ўликка раҳм-шафқат қилайлик? Келинглар, уйига олиб бориб қўйинглар.
НКВДчилар ўзаро қарашиб-қарашиб олди. Ноилож қолди.
Биттаси машинадан шолчани олиб келди. Алам би-лан ёйди. Биттаси она-болани оёғидан олди, биттаси бошидан олди. Аччиқ ҳам зарда билан шолчага ўради. Ўрамни қўлтиқлаб, машинага йўл олди.