Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод - 2
Facebook
Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Бу дунёда ўлиб бўлмайди. Тоғай Мурод
2
3
3
4
Ҳамма саҳифа
15
Биринчи кинотеатр қурилажак бўлди. Лойиҳа тасдиқ бўлди.
Ботир фирқа кинотеатр довруғини оламга ёяжак бўлди. Республика миқёсида достон этажак бўлди.
Шу мақсадда Йўлдош Охунбобоевни таклиф этди.
Қурилиш бошида катта йиғин бўлди. Карнай-сурнай чалинди. Ўйин-кулги бўлди. Қозон осилди.
Йўлдош Охунбобоев қарсаклар остида пойдевор ора-сига эсдалик ёдномасини жойлаштирди. Ёднома устидан биринчи ғиштни қўйди. Ғишт устини андава билан лойлади. Кейин, андавани Ботир фирқага узатди.
—    Марҳамат, ўртоқ Эсонов, марҳамат! — деди. Ботир фирқа Охунбобоевни қўлидан андавани олди. Бир қўлига ғишт олди.
Ботир фирқа кинотеатрни... иккинчи ғиштини қўйди! Қарс-қарс қарсаклар бўлди. Ура-ура, ҳайқириқлар бўлди.
Ботир фирқа Йўлдош Охунбобоевни назарига тушди. Ботир фирқа Иўлдош Охунбобоевни дастурига тушди.
—    Бизга сиздек коммунистлар керак! — деди Охунбобоев. — Олдин Тошкентда ўқитамиз, кейин Москвада ўқитамиз. Биз сизни кўтарамиз!
Турмуш бахтиёр бўлди, Ботир фирқа ундан-да бахтиёр бўлди!

16
Беш-олти кундан кейин... НКВД ходимлари келди. Қурилишни айланиб қаради. Бош ирғаб-ирғаб қаради.
—    Маданий-маиший иншоотларга кенг йўл! — деди.
Кейин, теварак-атрофни айланди. Шунда, Саидхўжа эшонни хонақосини кўриб қолди.
Хонақо кинотеатрдан юз қадамлар холисда бўлди. Ариқ бўйида бўлди.
Ариқ шовуллаб-шовуллаб оқди. Суви тоза ҳам тиниқ оқди.
Ел-юрт ана шу ариқдан сув ичди. Қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув ичди.
Ел-юрт ариққа ёмон нарса ташламади. Ариқни ҳаром этмади. Сувни булғамади.
Шу боисдан-да Саидхўжа эшон ана шу сув бўйида хонақо қурди.
НКВДчилар хонақони гир айланиб кўрди. Ичкарини айланиб кўрди. Илма-тешик этиб кўрди.
—    Бузилсин! — дея буюрди. — Янги турмуш ёнида эскилик сарқити бўлиши мумкин эмас! Бузилсин!
НКВД гапи — қонун! НКВД гапи — отилган ўқ! Эл-юрт нафас ютди. Эл-юрт сув сепмишдай жимжит бўлди. Эл-юрт аза тутди.

17
Хонақони мумтоз усталар қуриб эди.
Хонақо дарвозалари нақшинкор-нақшинкор дарвозалар эди. Деразалари жимжимадор-жимжимадор деразалар эди. Ғоят оҳанжомали эшик-дарвозалар эди, дераза-пештоқлар эди. Дераза-дарвозалар қадимги Шарқ меъморчилик санъатини ноёб намунаси эди! Айниқса, мазкур оҳанжома дераза-дарвозалар... арча дарахтидан эди. Арчадан ясалиб эди. Арчадан яратилиб эди.

18
Ботир фирқа фаолларга юз солди. Фаоллардан маслаҳат сўради. Фаоллар... Биров юзини олиб қочди. Биров эшитиб-ешитмасликка олди. Фаол зоти бор — ўзини олиб қочди.
Ботир фирқа энди... яккаш ўзи ўйлади. Бир эскича ўйлади, бир янгича ўйлади. Эскича билан янгичани қўшиб ўйлади.
Ана шунда, Ботир фирқа юрак ютиб... бир ишга қўл урди.
Кечаси эл-юртни ухлатди. Тўртта ҳалол деҳқонни эргаштириб, хонақога борди. Дарвоза-деразаларни буздириб олди. Колхоз ўтинхонасига ташитди. Бир бурчакка қалатди. Устидан тут кундаларини бостирди. Кундалар устидан шох-шаббалар ташлатди. Ўтинхонани қулфлади. Калитни чўнтакка солди.
Туя кўрдиларингми-йўқ? — деди.
Йўқ, — деди деҳқонлар.
Агар ҳиди чиқса, бештамиз ҳам манави ёққа борамиз. Ботир фирқа бармоқларини панжара-қамоқхона қилиб кўрсатди. Эртаси куни хонақо бузилди. Излар бости-бости бўлди.

19
Кинотеатр кун сайин қад кўтарди. Марказдан ашё-анжомлар келди.
Ботир фирқа кинотеатр эшик-деразаларини мактабга қўндирди. Боиси, мактаб эшик-деразалари қийшайиб ётиб эди. Қиш эса, бўсағада эди.
Кинотеатр эшик-деразаларини қўндириш вақтида қурувчилар қараса — эшик-да, дераза-да йўқ бўлди.
Қурувчилар марказга хабар берди.
Марказдан тафтиш келди. Текшир-текшир бошлади. Шунда,   Ботир фирқа тафтишчиларга мактабни кўрсатди. Важ-сабабларини айтди.
Аммо-лекин ўқувчи авлодни совуқдан сақлаб қолдим! — деди. Тафтишчилар бош ирғади. Ботир фирқани қўллаб-қувватлади.
Тўғри қилибсиз, — деди. — Хўш, энди нима қилмоқчисиз?
Енди... Энди, гап бундай, — деди Ботир фирқа. — Хабарларингиз бўлса керак, анави сув бўйида бир... эскилик сарқити бўлар эди.
Ескилик сарқити?
Шундай-шундай. Хонақоми, мачитми... шундай бир бало дейилар эди. Ишқилиб, диндорлар йиқилиб-турадиган намозхона эди. Мен отам замондан қолган ана шу намозхонани буздириб ташлаб эдим. Шара-бараларини ташлатиб юбориб эдим. Эскилик сарқитини шара-бараси кимга керак, тўғрими? Ана шу шара-бараларни қоровуллар ўтин қилиш учун ўтинхонага олиб бориб ташлабди. Қоровуллар билади-да, арча ёғоч яхши ёнади.
Арча ёғочданмиди? — деди тафтишчи.
Бари ашқол-дашқол арча ёғочдан эди-да, арча ёғочдан! Энди, ана шу эски-тускилардан фойдаланиб турсак деб эдим.
Қани, ўша эски-тускилар?
Ботир фирқага жон кирди. Тафтишчиларни ўтинхонага олиб борди. Тафтишчилар энкайиб қаради. Тафтишчилар қийшайиб қаради.
Вой-бу-уй, қани, кўринмайди-ю? — деди.
Мана шуларни «тагида ётибди, — деди Ботир фирқа.
Тайёр жиҳозниям шундай қиладими-а? — дея бош чайқади тафтишчи.
Бу ўзи бир... эскилик сарқити бўлса, нимасини аяйди? — деди Ботир фирқа. — Бу иш халқни эскиликка нафрати-ю, совет тузумига ҳурматидан!
Тўғри, лекин шундай жиҳозлар бекордан-бекор ўтин бўлгандан кўра... фойдаланса бўлмайдими?
Бўлади, бўлади.
Ўзи, қайта тикласа бўладими?
Жуда бўлади-да! Шундай қўли гул усталаримиз бор, боплаб ташлайди.
Унда, ўша усталарингизни чақириб, дарҳол тузаттиринг! Кейин, фойдаланишга топширинг!
Ботир фирқа учун шу гап керак эди. У юқорини буйруғини бажарди.

20
Ботир фирқа Тошкентда тўққиз ойлик сиёсий ўқишни тамомлаб келди.

21
«Гитлер уруш бошлашдан олдин... мағлуб бўлди. Ўз-ўзига гўр ковлади. Ўз бошини ўзи еди.
Гитлер СССР армияси имкониятларини билди. 1-фронт кучларини тош-тарози этиб кўрди. 2-фронт қудратини-да ўлчаб кўрди.
Аммо-лекин 3-фронт ҳақида ўйлаб кўрмади. Оқибат, 3-фронтни ҳисобга олмади. 3-фронт... фронт орти бўлди. Меҳнаткаш халқ бўлди. Чол-кампирлар бўлди. Бева-бечоралар бўлди. Етим-есирлар бўлди. Майиб-мажруҳлар бўлди. Бир сўз билан айтсак, тонгдан шомгача... фронт учун тер тўкувчи жафокаш халқ бўлди».
Ботир фирқа иккинчи жаҳон урушидан кейин ана шундай ўйлади. Ғалабани ана шундай шарҳлади.
—   Аммо-лекин Гитлер... мени сезмади, — деди Ботир фирқа. — Фронт ортида... мен меҳнат қилаётанимни Гитлер билмай қолди!

22
Туман ижроия қўмитаси биноси икки қаватли бўлди.
Ботир фирқа бино хоналарини айланди. Ҳар бир хонани алоҳида қараб кўрди. Деворларни кўрди. Эшикларни кўрди. Деразаларни кўрди.
—    Отасига раҳмат, — деди. — Ҳамма ишни партиявий аниклик билан бажарибди. Кейин, қўмита ҳовлисини айланди. Бино теварак-бошини қаради.
Фавқулодда қаққайиб қолди. Энсаси қотди. Пешонаси тиришди. Лабларини бурди. Теварак аланглаб, елка қисди. Ажабланиб, қучоғини бир очиб олди.
Қурувчилар қани? — деди.
Қурувчилар бинони топшириб кетди.
Енди қачон келади?
Қурувчи келармиди, фирқа бова. Бинони топши-риш қоғозига қўлимизни қўйдирди-ю, жўнаб қолди.
Олдинги раисларингиз шундай қабул қилиб олдими?
Ҳа-да, мана тайёр бино. Ўзингиз ҳам отасига раҳмат, деяпсиз-ку. Ботир фирқа кескин бош чайқади. Кескин ҳай-ҳай, деди.
Боиси, бинони йигирма гектарча ҳовлиси... бийдай бўм-бўш бўлди. Қуп-қуруқ дала бўлди. Теп-текис дала бўлди.
Ақалли бир ниҳол бўлмади. Ақалли бир... янтоқ бўлмади!
«Қасам урган ерга ўхшайди, — дея ўйлади Ботир фирқа. — Қарғишга учраган ерга ўхшайди».
—    Бугун қандай кун? —деди Ботир фирқа.
Бешинчи май, — деди бир ходим.
Вақт пича ўтибди, — деди Ботир фирқа. — Пичагина ўтибди. Аммо-лекин ҳалиям кеч эмас.
Ботир фирқа бир ҳафта қўмита биноси ичига кирмади.
Ҳовлида ходимлар билан хандақ қазиди. Ходимлар билан турли-туман ниҳол экди. Ўрик экди. Олма экди. Гилос экди. Дераза остида атиргул экди. Бўсаға олдида намозшомгул экди.
Ботир фирқа улкан дарвоза олдида ўйлаб қолди. Кетмон суяниб ўйлади. Теварак аланглаб ўйлади.
«Ҳовлини тўлдириб мевали дарахт экдик, — деди. Энди, дарвоза олдига-да мевали дарахт
ексак. Масалан, олма эксак. Олмани сояси ўзига яраша бўлади. Берса, беш-олти
кишига соя беради. Бу дарвоза ўз оти ўзи билан ижроқўм дарвозаси бўлади. Келим-кетим
кўп бўлади. Халқ дарвоза олдида йиғилади. Ичкари кириш учун навбат кутади. Олма қайси
бирига соя беради? Йўқ, беш-олтита улкан дарахт керак, улкан!»
Ботир фирқа ўилади-ўйлади — дарвоза олдида... ёнғоқ экар бўлди. Ёнғоқ ҳам мевали
дарахт, ҳам улкан дарахт, дея ўйлади. Кейин, ушбу фикридан-да қайтди.
«Ёнғоқ ўзидан одам учун зиён ҳид чиқаради, — деди. — Ижроқўмга кўзидан ёши
оққанлар келади. Бирортаси йиғлаб-йиғлаб, ёнғоқ остида... ухлаб қолса нима бўлади?»
Ботир фирқа тағин ўйлади. Ниҳоят, чинор экажак бўлди.
—    Ўн туп чинор керак, — деди Ботир фирқа. — Бирдан униб ўсадиган, дадил-дадили керак.
Ходимлар машинада колхоз-совхозларга йўл олди. Яхши-яхши чинор топиб келди. Ходимлар чинор томирини хандаққа солди. Чинор бўғзидан бир қўллаб ушлади. Ботир фирқа чинор остига бир сатил сув солди. Устидан нураб тушган девор тупроғини солди. Чинор томирларини девор тупроқ билан кўмди. Устидан енгил-енгил тепкилади. Тағин бир сатил сув солди. Энди, хандаққа ўзидан чиққан тупроқни солди. Тепкилаб-тепкилаб текислади. Ботир фирқа шу қабилда ўн-ўн бештача чинор экди.
—    Насиб бўлса, қулф уриб ўсади! — дея кулди у. — Насиб бўлса, бу чинорлар бутун туманга соя беради! Ботир фирқа эртаси куни ижроқўм раиси креслосидан жой олди.

23
1956 йил бўлди.
Ўзбекистонда телевизор жорий бўлди. Ўзбек халқи телевизор кўражак бўлди. Шу боис телевизор отлиққа йўқ бўлди.
Ушбу антиқадан бир донаси туман хотин-қизлар қўмитаси ихтиёрига келди.
Қўмита фаоллари мазкур мужда отини тополмай қийналди. Тўпорироқ, фаол «қути», деди.
Илғорроқ фаол, «ойна», деди. Ўқимишлироқ фаол «дилбузар», деди.
Фаоллар муждани қўйиб кўражак бўлди. Тўпори фаол мужда қоғоз халтасини, йиртди. Илғор фаол муждани халтадан суғуриб олди. Ўқимишли фаол муждани «қизил бурчак»ка кўтариб қўйди.
Бўлди — ундан уёғига бировини-да ақли етмади!
Телевизор шу туришида ойлаб турди. «Қизил бурчак»ни безаб турди.
Бегим кунлар — 8 март келди.
Қўмита совға-саломлар тайёрлади. Хайр-еҳсонлар тайёрлади. Ана шу телевизор Обод Мирзахўжаевага совға этилар бўлди.
Қўмита фаоллари телевизор қўйгич уста топиб келди.
Уста телевизорни бир аравачага босди. Аравачани ўзи тортди.
Фаоллар туман ижроқўми раиси Эсонов бошчили-гида Мирзахўжаеваларникига кириб борди.
Дастурхон турланди, турланди!
Кўнгилтортарлар дастурхон теварагидан жой олди.
Уста телевизорни қўйиш билан машғул бўлди. Уйга кирди-уйдан чиқди. Томга чиқди-томдан тушди. Охири телевизорни қўйиб берди. Телевизор бинойидай кўрсатди. Барча чапак чалиб юборди.
—    Яшасин, меҳрибон шўро ҳукумати! — деди Ботир фирқа. — Озод Шарқ хотин-қизларига алангали саломлар бўлсин!
Тағин чапак бўлди.
Еркаклар ёнма-ён хонадан жой олди. Ўрта дераза очиб қўйилди. Эркаклар ана шу деразадан телевизор кўриб ўтирди. Ботир фирқа билан уста қиттай-қиттай олди.
Ботир фирқа деразага қараб қадаҳ кўтарди. Деразага қараб тантанавор сўзлади:
—    Ҳурматли ўртоқ Обод Мирзахўжаева! Биз, шонли совет халқи, халқаро хотин-қизлар байрами 8 мартни бутун халқимиз, жонажон коммунистик партиямиз, меҳнаткаш колхозчи деҳқонларимиз, қаҳрамон ишчилар синфимиз, қўйингки, жамики шонли совет зиёлиларимиз КПСС ХХ съезди тарихий қарорларини улкан ғайрат-шижоат билан турмушга тадбиқ этмоқда бўлган бир вазиятда кенг байрам қилмоқдамиз. Ҳа, шонли коммунистик партиямиз ХХ съездидан кейин ҳали ҳеч қанча вақт ўтганича йўқ. Аммо-лекин биз совет халқи шугина қисқа вақт мобайнида оламшумул муваффақиятларни қўлга киритдик, бу билан бутун совет халқи, шу жумладан, озод Шарқ хотин-қизлари ҳар қанча фахрлансалар арзийди...
Ботир фирқа қишлоқ хўжалиги, халқ хўжалиги, саноат соҳасида эришилган ютуқларни рақамлар билан санаб берди.
Еркаклар ана шу шонли ютуқлар учун қадаҳ чўқиштирди. Аёллар... чой чўқиштирди. Шу вақт аёллар давраси ғимир-ғимир этиб қолди.
Вой, ўлдим, вой! — дея овоз эшитилди. — Вой, шарманда бўлдим! Эшиклар қарсиллаб ёпилди. Аёллар бири қўйиб, бири овоз берди:
Нима гап?
Тинчликми?
Ботир фирқа деразадан қарашдан орланди. Дастурхондан кўз олмай сўради:
—    Нима бўлди, ўртоқ Мирзахўжаева?
Жавоб бўлмади. Ичкаридаги вой-войлар ташқарилади. Ичкаридаги ҳа-ҳулар ҳовлилади. Ботир фирқа жойидан қўзғолди. Эшикни ярим очди. Ҳовлига мўралади. Ҳовлида бир паранжилик аёл бўлди. Паранжилик аёл қўлида ҳасса бўлди. Аёлни букчайишидан — момо бўлди.
Ана шу момо ҳовли дарвозасига қараб талпинди. Дарвозага қараб юлқинди.
Бир аёл момони тирсагидан олди. Бир аёл елкасидан олди. Бир аёл паранжи бурчидан
ушлади.
Мирзахўжаева момони йўлида тўғоноқ бўлди.
Ҳа, борасиз-да, эна, — деди Мирзахўжаева. — Аллақайтиб айланиб кепсиз, борасиз-да.
Қоч, йўлимни бер! Қоч дейман!
Хўп, ичкари киринг. Одам ҳоврини одам босади!
Бетингни мурдашўй кўргурлар! Қари-қартанг бир момони гуноҳга ботирган сенларни худо кўтарсин!
Ена, у бир ойна, эшитяпсизми, ойна!
Ҳа, ойнанг бошингдан қолсин, бошгинангдан қолсин!
У бир дилбузар, хола, дилбузар!
Қариган чоғимда юрувсиз бўлдим-а, юрувсиз-а!
Хола, анави ичкарида фирқа бовалар ўтирибди, кўп жавраманг.
Ичкариланг. Икки пиёла чой ичинг. Нон эгаси билан чучук!
Шунда, момо уй тараф қаради. Ботир фирқага қаради. Ҳассасини уй тарафга қўйиб дўқиллатди. Оҳиста изига бурилди.
—    Майли, туз тортган экан, кираман, — деди. — Лекин бировингниям бетингга қайрилиб қарамайман!
Ботир фирқа момони таниди. У Мирзахўжаевани кекса онаси Зайнаб момо бўлди. Зайнаб момо ҳассасини дўқ-дўқ уриб ичкарилади. Остонада ҳассасини деворга суяб қўйди. Бўсағада тик турди. Теваракка разм солди.
Телевизор қиблагоҳда — Зайнаб момони чап тарафида бўлди. Шу боис, Зайнаб момо чап тарафидан юзини бурди. Рўмолини пешонасига тортиб қўйди. Рўмоли чап тарафи бурчидан ушлади. Рўмоли бурчини юзи узра кўтариб... юзини яширди. Телевизорда сўзловчи диктордан... юзини яширди.
Зайнаб момо шу ҳолда ичкарилади. Ҳали ўзи ўтирмиш тўрдан жой олди. Сандиққа қараб ўтирди. Рўмоли бурчини ушлаб, телевизорга... елка буриб ўтирди. Телевизордан юзини бекитиб ўтирди.
Узатилмиш чойни енги ичида олди. Рўмолини қўйиб юбормай олди. Қайрилиб қарамай
олди.
Дастурхонга қараб ўтиринг, хола, — деди бир фаол.
Йўқ, қарамайман, — деди. — Номаҳрамларга қарамайман!
Дастурхон номаҳрам эмас-ку?
Дастурхон бўлмаса, анави қутида жавраётган бетавфиқ номаҳрам! Фаоллар оғиз ушлаб кулди. Бир-бирини туртиб кулди. Бир-бирини чимчилаб кулди. Ботир фирқа барини билиб ўтирди. Зимдан кузатиб ўтирди. Кўнгли, Зайнаб момо билан саломлашай, деди. Пиёла гардишига тикилиб гап бошлади:
Зайнаб момо, маза қандай? — деди. — Ўйнаб-кулиб юрибсизми? Суяк дадилми?
Шукур, фирқа бова, шукур. Ўзингиз қандай, бола-бақра катта бўляптими...
Шукур, шукур. Аммо-лекин овозингиз баланд-баланд чиқяпти, тинчликми?
Тинчлик бўлмай нима бўларди, фирқа бова. Худога шукур, қизларим ўзидан тинган. Шу қизлари қурғур, ўйламай-нетмай, номаҳрам эркакларга рўпара қилади-да. Ўлганимни кунидан ўтираман-да.
Енди, у телевизор-да, Зайнаб момо, телевизор.
Ҳа... қутиси бошидан қолсин! Бир сурбет... қутидан бошини чиқариб қарайди денг. Гуноҳларга ботиб ўлдим, гуноҳларга-я!
У бир диктор-да, Зайнаб момо, дикгор.
Ҳа... Ундай эркакни оти ўчсин, отгинаси ўчсин! Эркак зоти бунчалик сурбет бўлмайди-да! Шундай келиб ўтиришимни биламан — менга кўзини лўқ қилиб... гап отиб қолса бўладими?
Шундай туюлади, Зайнаб момо. Аслида, диктор ҳаммага қараб гапиради.
Қирчинингдан қийилгур, менга қараб гапирди! Кўзимга бақрайиб гапирди! Ишшайиб кулди ҳам!
Шу вақт телевизор бир куй чалди. Бир фаол Обод Мирзахўжаевани етти-саккиз ёшли кўҳликкина қизини силаб-сийпади.
Отинг нима? — дея сўради.
Диля! — деди қиз.
Йўқ, ўзингни отинг нима?
Дилбарчик.
Ҳа-а, Дилбар. Мана шу меҳмонларга бир ўйнаб бер, Дилбар. Ашула билсанг, ашула айтиб ўйна, хўпми?
Диля ашула айтиб-айтиб хиром этди:
Мунча уйқу босди сизи, оналар, Фикр этингиз, ўйлаб у пешоналар, Илм, маориф била бегоналар, Болдингиз оламга сиз афсоналар, Мазлумалар, жонлара жононалар, Қизларингизни ўқитинг, оналар!
Аёллар қарс-қарс қарсак чалди. Қийқириб-қийқириб олқишлади.
—    Қизлар... эркаклаб кетди! Ана, қизлар эркаклаб кетди! — деди Зайнаб момо. Зайнаб момо 8 март давраси давомида телевизор диктордан... бетини бекитиб ўтирди!

24
Ботир фирқа олий партия мактабида ўқиб келди.

25
Юқоридан катта келса — фаоллар йиғилишидан қайтар эди. Юқоридан катта келса — боғлар қўйнидан қайтар эди. Юқоридан катта келса... балиқ овидан қайтар эди. Бир саратонда Шароф Рашидов келди.
Қуёш шарқ буржидан... фалак гиламига қадам қўяр бўлди. Оламни содиқ зотлар қалбидай равшан ҳам мусаффо этар бўлди.
Шароф Рашидов туманма-туман айланди. Колхозма-колхоз айланди. Далама-дала айланди.
—    Енди, мана буёққа ҳайданг!
Шароф Рашидов шундай дея, адир тарафни кўрсатди.
Майда машиналар карвони адир оралаб йўл олди. Машиналар адир оралаб юрди-юрди... бийдай чўлдан чиқиб қолди!
—    Мана шу ерда тўхтатинг! — буюрди Шароф Рашидов.
Шароф Рашидов машинадан тушди. Теваракка назар солди. Кафтини пешонасига соябонлаб қаради. Кўзларини қисиб қаради.
Қиблаи олам бийдай чўл бўлди. Дунё мисоли чўлдан иборат бўлди. Кунботар-да кўриниб турди, кунчиқар-да қўриниб турди.
Саратон... ошиқ юрагидай ёнди! Маъшуқ юрагидай ёнди!
Бир чақиримча олисда оппоқ бир тасма узала тушиб ётди. Оппоқ тасма бир... машина йўл бўлиб кўринди, бир... сўқмоқ йўл бўлиб кўринди. Бу — Амударё бўлди.
Амударё сокин-сокин оқди. Шу боис, оқиб кетяптими ё тўхтаб турибдими — билиб бўлмади.
Шароф Рашидов фаолларга қараб-қараб юрди, оёқлари ости қум-тупроқларга тикилиб қолди. Тупроқдан кўз олмай бош чайқади.
—    Ишламабсиз, ўртоқ Ражабов, ишламабсиз, — деди.
Вилоят партия қўмитасини биринчи котиби Ражабов каловланиб қолди.
Енди, ўртоқ Рашидов... Мен обкомга якинда келдим, — дея манқаланди. — Ҳали-ҳозирча, областни яхши ўрганганим йўқ. Шу сабабли, ҳамма ишни келган жойидан давом эттириб турибман.
Сиз ишни келган жойидан давом эттирманг! — овозини кўтарди Шароф Рашидов. — Биласизми, совет ҳокимияти келгунича бу ерлар кимга қарашли эди?
Бухоро амирлигига қарашли эди.
Ҳа, Бухоро амирлигига қарашли эди. Бухоро амири ким эди?
Амир Олимхон эди.
Ана шу амир Олимхон... ҳарамидан нари кетмасди. Дейдиларки, қавми Лутни ишини ҳам қилган фурсат топса. Нима, энди сиз ҳам амир Олимхонни ишларини... келган жойидан давом эттирмоқчимисиз?
Мен... мен...
Совет ҳокимияти ўрнатилганига неча йил бўлди? Жавоб беринг?
Мен... ҳалол коммунистман, Шароф Рашидович, ҳалол! — дея қути ўчди Ражабов.
—    Чин коммунист сўзим. Мен баъзи бировлар юрган йўлларидан юрмайман. Мана, обком аъзолари гувоҳ.
Мен сизни охирги амирга тенглаштирмоқчи эмасман. Мана, сиз фарғоналиксиз. Боғ-роғлар водийсидансиз, қўли гул боғбонлар юртидансиз. Шунинг учун ҳам партия сизни мана шу воҳаларни боғ-бўстонларга айлантирсин, деб юборди. Мана шу эл-юртни обод қилсин, деб юборди. КПСС Марказий Комитетининг чўлларни боғ-бўстонга айлантириш ҳақидаги қарорига неча йил бўлди? Жавоб беринг?
Виноват, Шароф Рашидович, виноват. Мен... тушунмабман.
Ишни келган жойидан давом эттиряпман эмиш. Қанақа ишни? Амирларга ўхшаб, чўлларни чўллигича қолдириш, даштларни даштлигича қолдириш ишиними? Хонларга ўхшаб, фақат ўз нафсини қондириш, ўз қорнини тўйдириш ишиними?
Шароф Рашидов нега йўлини чўлга бурди? Нега чўл ўртасида тўхтади? Нега дабдурустдан бундай гап бошлади?
Ражабов бу бурилиш тасодиф эмаслигини энди билди. Бу гаплар олдиндан ўйлаб қўйилганини энди билди.
Билди-ю... Ўзбекистонни барча катталарига хос баҳонани қўллади. Ўзбекистонни барча катта зоти дастак этиб олмиш баҳонани қўллади:
—    Сув йўқ, Шароф Рашидович, сув йўқ! — деди.
Ражабов Ўзбекистон катталарини қўллаб-қувватлаб келмиш сув баҳонасини айтди-ю... балоларга қолди!
—    Сув? Анави сув бўлмай, нима?!
Шароф Рашидов шаҳодат бармоғини Амударёга ниш этди.
—    Анави сув бўлмай, нима? Кўз борми?!
Ражабов мунғайиб-мунғайиб қолди. Ражабов бошини елкалари ичига олди.
Сув, тўғри, сув... — дея минғ-минғ этди. — Лекин Орол... чекиняпти.
Нима-нима?
Амударё суви тўлалигича етиб боролмаётганлиги учун Орол денгизи қурияпти.
Орол денгизи? Энди, шу баҳонани топдингизми? Орол сиз билан биздан олдин ҳам бор эди, сиз билан биздан кейин ҳам бўлади! Суви камаяди, аммо қуримайди. Суви камайса, сиз билан биз айбдор бўлмаймиз. Амударё билан Сирдарё ҳам айбдор бўлмайди. Чунки Орол ҳамма тарафдан ёпиқ бир... кўл. Денгиз океанга чиқиши керак. Орол эса, океанга чиқмайди. Демак, Орол — кўл. Океан билан туташмайдиган, океан суви тушиб турмайдиган ҳар қандай сув — қуриш хавфи остида бўлади. Ўнта Амударёни олиб бориб қуйсалар ҳам суви камайиб бораверади. Орол ҳам шундай. Сиз, чўл-биёбонда ҳаёт
кечираётган халқни ўйланг! Сиз, оёқларингиз остида чўллаб ётган тупроқни ўйланг! Қаранг, ер қақраб ётибди, қақраб! Ер чатнаб ётибди, чатнаб! Асрлардан буён чўл-биёбон бўлиб ётибди. Сиз билан биз мана шу чўл-биёбонларни инсон яшайдиган маконга айлантирмасак... коммунист бўлиб нима қилиб юрибмиз? Жайдари тил билан айтганда... одам бўлиб нима қилиб юрибмиз? Қани, Ўзбекистон гимнини айтинглар-чи? Қани-қани?
Вилоят катталари тасбеҳдай-тасбеҳдай тизилиб турди. Катталар ер чизди. Катталар қизариб-бўзарди.
Ҳали, Ўзбекистон гимниниям билмайсизларми? — дея димоғида кулди Шароф Рашидов. — Ўзбекистон гимнини-я? Ана, холос! Чўл ўзлаштиришни эплай олмасаларингиз, гимн айтишни билмасаларингиз... коммунист бўлиб нима қилиб юрибсизлар? Ана шунда, райком Эсонов жонланди. Ўз жойидан овоз берди:
Мен пича айта оламан, ўртоқ Рашидов.
Пичами, тўлиқми?
Ҳа, энди, гимн бўлгач, тўлиқ бўлади-да, ўртоқ Рашидов.
Унда, иккаламиз айтамиз. Қани, келинг!
Райком Эсонов чопқиллаб-чопқиллаб борди. Шароф Рашидовни ёнида банда мисол-банда мисол турди. Шароф Рашидовга кўз қири билан қараб-қараб турди.
—    Қани, ўртоқ райком, иккаламиз мана шуларга бир намуна бўлайлик!
Шароф Рашидов қўлларини ёнларига босди. Қоматини мағрур керди. Бошини адл кўтарди. Шароф Рашидов бепоён чўл-биёбонга боқиб-боқиб... Шўролар Ўзбекистони гимнини айтди:
Серқуёш ўлкада қўмасдик зиё,
Дарёлар бўйида эдик сувга зор...
Уфқларга туташ чўл. Сап-сариқ чўл. Бийдай чўл.
Ана шу сап-сариқ чўл қўйнида гимн янгради.
Бари катта ғоз турди. Гимн айтар бўлиб, оғиз пичирлатди.
Шароф Рашидов катталарга мурожаат этди. Сўзни қалин-қалин қилиб айтди:
—    Ана, эшитдиларингизми? Дарёлар бўйида эдик сувга зор... Бу, ким ҳақида? Сиз билан биз ҳақимизда!
Ўзбекистонда яшовчи барча қоракўз халқ ҳақида. Лекин қоракўз халқда айб йўқ. Халқ саратон сариғида чанг ютиб, қаҳратон совуғида муз қотиб меҳнат қилади! Айб сиз билан бизда! Қаранг, асрлар мобайнида Амударё, Сирдарё деган азим дарёлар бўйида яшаганмиз. Аммо сувга зор бўлиб яшаганмиз. Асрлар давомида азим-азим дарёларнинг шундайгина қирғоғида яшаганмиз. Аммо сувга ташна бўлиб турмуш кечирганмиз. Бу нимадан? Бу, сиз билан бизнинг... Гап келганда, отангни аяма, дейдилар. Мана шу бийдай чўлда айтай, норасмий равишда айтай, қулоқларингизга айтай: бу сиз билан бизнинг ювошлигимиздан, ҳа, қўймижозлигимиздан! Бегона тиллар бизни «баран-баран», дейди. Мана, баранлик! Энди, буни қаранг: бутун бошли област раҳбарияти, ўнлаб раён раҳбарияти... Ўзбекистон гимнини билмайди! Ана, қўймижозлик! Райком Эсонов шунча зот орасида битта ўзи Ўзбекистон гимнини айта олишидан қувонди. Аммо Шароф Рашидовни гапларидан ғоят таъсирланди. «Ўзи, ўртоқ Рашидов куюнганича бор-да,— деди райком Эсонов. — «Баран» бўлмасак, Амударё бўйида сувга ташна яшаймизми? «Баран» бўлмасак, эл-юрт йўлбошчиси бўла туриб, Ўзбекистон гимнини билмаймизми?»

26
Тушдан кейин қабулга кирувчилар адо бўлди.
Райком Эсонов керишиб-керишиб яйради. Эмин-еркин бўлди.
Бир чойнак чой буюрди.
Чойни котиба қиз эмас... Обод Мирзахўжаева кўтариб кирди.
Райком Эсонов ажабланиб қолди. Жойидан туриб борди. Мирзахўжаевани қўлидан чойнакни олмоқчи бўлди.
Аммо Мирзахўжаева кўнмади. Чойни ўзи олиб келди. Чойнак қошида ўтирди. Райком Эсонов Мирзахўжаева билан юзма-юз ўтирди. Ундан ҳол сўради. Мирзахўжаева чой қайтара-қайтара бош ирғади. Чой суза-суза жавоб берди. Бир пиёла чойдан кейин мақсадга ўтди.
Бир бола бор, Ботир Эсонович, — деди_. — Ўзи Москвани битириб келган. Газетада ишлайди. Ўсадиган бола. Шоир!
Шоир? Зўр-ку!
Зўр бўлгандаям, улай-булай зўр эмас. Лаббайгўй эмас. Саркаш шоир. Янги оқим шоири. Франтсуз аван-гардизми... дейдими... Ана шундай авангард шоир!
Сиз франтсуз авангардизмини қаердан биласиз, ўртоқ Мирзахўжаева? — дея жилмайди райком Эсонов.
Мен тушунмайман, Ботир Эсонович. Қизимдан эшитаман, қизимдан.
Айтгандай, қизингиз шоира бўлди-а?
Ҳа, шеър ёзади. Шеърлари қўшиқ ҳам бўлди.
Райком Эсонов кўзларини пирпиратди. Кўзларини олиб қочди. Деразага қаради. Ундан чинорларга қаради. «Шеърлари қўшиқ бўлибди. Қизингизни ўзи ким бўлибди?» — дегиси келди. Боиси, Мирзахўжаевани ана шу кизи ҳақида узун-калта гаплар эшитди. Яхши-ёмон гаплар эшитди. — Аммо-лекин шундай фаолларимизни қизи ишқбоз бўлса, бошқалардан нима умид, нима хайр? — деди райком Эсонов. — Кимсан, илғор фаол Обод Мирзахўжаевани қизи нопок йўллардан юрса. Ўзидан сўрасаммикин? Уят, минг қилса-да, онаси. Ҳартугул, бир илмоқли гап отиб кўрай. Қизидан хабари бўлса — ярасини ёради».
Ҳозирги ёшлар... ўйинқароқ бўлиб қолди, ўртоқ Мирзахўжаева.
Замони келибди, ўйнаб-кулсин-да, Ботир Эсонович.
Чекиш, ичиш...
Бизни Диля ҳам чекади. Ичишини билмадим. Тўй-маъракаларда ичади, дейишади. Мен ҳали кўрмадим.
Совет хотин-қизлари чекмаслиги керак, ўртоқ Мирзахўжаева. Чекиш-ичиш совет хотин-қизларини ахлоқ-одоб нормаларига тўғри келмайди.
Хотин-қизларни чекиб-ичиши эскичагаям тўғри келмайди, Ботир Эсонович. Диляга кўп айтдим. Чекма-чекма, дедим. Қайда, фойдаси бўлмади.
Бир сўз билан айтсак, хотин-қизларимизда коммунистик ахлоққа зид қилиқлар кўпайиб кетмоқда.
Райком Эсонов шундай дея, кўз қири билан Мирзахўжаевага разм солди: Мирзахўжаевада ўзгариш сезмади.
«Демак, қизини... ишқбоз эканини билмайди, — деди райком Эсонов. — Қизидан хабари йўқ. Бўлмаса, қизариб-бўзарар эди. Ганини йўқотиб қўяр эди. Майли, ишқбозлик дарди шахсий масала».
Майли, ёшларни ўзи билади. Хўш, шу қизингиз?
Шу қизим тушунтириб туради. Шу бола етук авангард шоиримиз, дейди.
Тушундим, хўш?
Шу бола неча йилдан бери партияга ўтолмай юрибди экан. Ўрин йўқ, дейишар экан.
У бола сизга ким бўлади?
Қизим билан бир жойда ишлайди. Қизимни шеърларини ўрисчага сўзма-сўз таржима қилиб беради. Ўрисчани сувдай ичади.
Ўрисчани сувдай ичади? Шундайлар керак.
Жуда керакли бола. Шу болага... ҳидоят қўлингизни узатсангиз, деб эдим?
Бошидан ўтмаганни қошидан ўтма, дейдилар.
Қани ўзи?
Ташқарида. Чинорни остида ўтирибди. Чақирайми? Мирзахўжаева қабулхонага чиқиб келди.
Котиба қизга айтдим, чақириб келади, — деди. Райком Эсонов ўз креслосига бориб ўтирди. Мирзахўжаева... чойни оқлаб келди.
Остонада бир йигит қора берди: дароз-дароз. Соч-лари елкаларида. Қулоқлари остида. Райком Эсонов йигитни ичкари таклиф этди. Кўришиб-сўрашди. Гапни нимадан бошлашни ўйлади.
«Дароз одамни эси камроқ бўлади, — дея ўйлади.— Шу боис, фақат бўйига ўсади. Буни эси қанақа экан?»
Қани, ўзингизни таништиринг-чи?
Мен Мадиев... Ленин раён, Ленин совхоз, Ле-нин участкасида туғилдим. Ленин номли мактабда ўқидим, Ленин номли университетни тамомладим. Ле-нин комсомол сафига ариза бериб кирдим.
Енди, Ленин партияси сафига кирмоқчисиз, шундайми?
Ҳа! — деди Мадиев тантана билан. — Мен Ленин шанбаликларида қатнашаман. Ленин ҳақидаги шеърларни ёддан биламан. Лениннинг болалик ҳаётидан иншолар ёзганман. Ленин асарларидан диплом иши ёклаганман. Мен Ленин сиймосини кўксимда олиб юраман!
Мадиев шундай дея, кафти билан ёқа силади. Ёқасида Ленин расми бор думалоқ значок
бўлди.
Кўрдим, кўрдим, — деди райком Эсонов. — Кўкрагингиздаги расм, ўртоқ Ленинни ёш вақти бўлса керак?
Ҳа, доҳиймиз Ленин ҳамиша ёш! — деди Мадиев. — Ленин ҳамиша навқирон! Ленин тириклар ичра: тирик! Ленин ҳамиша биз билан!
Ўртоқ Ленин ҳақида шеър ёзганмисиз?
Ешлик қилдим, тажрибам етмади, — деди Мадиев. — Ленин ҳақида албатта шеър ёзаман!
Райком Эсонов партиявий-ташкилий ишлар бўлим мудирини чақирди. «Ўзингдан баланд амалдор нима деса — ана шуни бажар. Сўзсиз бажар. Аҳмоқона бўлса-да, бажар. Аблаҳона бўлса-да, бажар. Кўр-кўрона бажар. Ана шунда — ўсасан! Ўзингдан баланд амалдордан... қўрқиб яша. Ўзинг-дан катта амалдор.. етти пуштингни ҳақорат этиб сўкса, сен... кечирим сўра!
«Ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз» қўшимчаси билан аталувчи амалдорни... Мункар-накир деб бил! «Муҳтарам зот», «улуғ зот» «вич-вич» қўшимчалари билан аталувчи амалдордан қўрқ. Қўрқмасанг-да, ўзингни қўрққанга ол. Боиси, амалдор зоти... ҳайиқиб турувчи одамни ёқтиради. Амалдор зоти қўлини кўксига қўйиб турувчи одамни яхши кўради.
Бир қудратли амалдор... оталиғида бўл. Ана шу амал-дорга қўл бер. Ана шу амалдорни пирим — шефим, деб бил. Ана шунда — кўтариласан!»
Ботир фирқа коммунист бўлибдики — ана шу ҳаёт мантиқларини шиор этиб олди. Ана шу ҳаёт мантиқларига амал этиб яшади.
Оқибат — ҳузур-ҳаловат кўрди. Ботир фирқани тағин нималар кутарди?
Қўрқув! Кимдандир қўрқув, нимадандир қўрқув: гап тегиб қолмаса эди. Шов-шув бўлиб кетмаса эди. Хўжайин билиб қолмаса эди. Ревизия келиб қолмаса эди. Охири вой бўлмаса эди...
Ботир фирқани тағин нималар одам қилди? Ҳужжатлар! Партиявий-сиёсий ҳужжатлар. Ҳуқуқий ҳужжатлар. Молиявий ҳужжатлар...
Ботир фирқа... тирик инсонга ишонмади. Ботир фирқа... қоғоз-ҳужжатга ишонди. Ботир фирқа... юз-хотирга ишонмади, қасам-лафзга ишонмади. Ботир фирқа... қоғоз-ҳужжатга ишониб яшади.
Оқибат — Ботир фирқа қоғоз-ҳужжатлардан... таянч-садоқат кўрди!
Ана шундай бир муҳтарам зот телефон этиб қолди. Ётар вақти... ётар вақти партиявий
топшириқ бериб қолди.
Оқшом вақти Тўрақулов вафот этиб эди. Тўрақулов собиқ райком секретари эди. Марҳум
ертага дафн этилар эди.
Партиявий топшириқ ана шу ҳақда бўлди.
Ботир фирқа ётолмади. Ётиш учун юрак бетламади. Уйқуси йўқолди. Партиявий топшириқни бажариш учун шайланди. Машина буюрди. Тўрақуловни хонадонига йўл олди. Машина хиёлда йўл танобини тортди.
Хонадон... мотамхона бўлди. Зим-зиё қоронғизор бўлди. Жимжит зулмат бўлди. Мунгли ҳам қайғули бўлди. Хонадондан ажаб-ажаб ис анқиди.
Ботир фирқа бўсағада машинага суяниб турди. Тўрақуловни тўнғич ўғлини айттириб
келди.
Мана шу анқиётган нима? — деди Ботир фирқа.
Исириқ.
Исириқ, исириқ... қирқинчи йилларда мана шу исириқ учун одамлар сургун бўлган, қатағон бўлган. Шуни биласизми?
Исириқ тутатиб, отамни... инс-жинслардан қўриқлаяпман.
Ана гап, ана! Ким айтади сизни райком секретарини ўғли деб? Инс-жинс эмиш! Сиз ўзи қайси жамиятда яшаяпсиз?
Ичкарида... отам ётибди. Гигиена дегандай, гигиена...
Гигиена керак бўлса... дезодорант сепинг, дезодорант! Исириқ... эскилик сарқити! Шундай, исириқ эскилик сарқити!
Хўп, ўчириб ташлайман, хўп.
Бу, бир. Иккинчи: эртага дафн маросимида партия-совет арбоблари келади, обком секретарлари келади. Бир сўз билан айтсак, жамиятни қаймоғи келади. Аммо-лекин дафн маросимида жаноза ўқилмайди.
А?
Ўртоқ Тўрақуловга жаноза ўқилмайди! Тўрақулов райком секретари эди, депутат эди, қўша-қўша орден-медаллар соҳиби эди. Бир сўз билан айтсак, асл коммунист эди. Асл коммунист эскилик саркитларидан юксак туради! Шундай экан, биз ўртоқ Тўрақуловни асл коммунистчасига дафн этамиз. Ҳарбий оркестр мотам маршини чалади. Партия-совет арбоблари фахрий қоровул бўлади...
Отам...
Катта гапирганда, жим туринг! Қанақа одамсиз, ўзи? Сиз қайси жамиятда яшаяпсиз, ўзи? Мана, куни кеча ўртоқ Хрушчев катта нутқ сўзлади. КПСС программаси қабул қилинди. Программада: совет халқини ҳозирги авлоди коммунизмда
яшайди, деб айтилди. Дунё бўйлаб бир шарпа — коммунизм шарпаси кезиб юриб-ди, дейилди. Сизни хонадонингазда эса... исириқ кезиб юрибди, исириқ! Қанақа одамсиз, ўзи?
Хўп, узр.
КПСС программасида коммунизмга таъриф берилди. Коммунизм — эркин ва онгли меҳнаткашларни юксак даражада уюшган жамиятидир, тараққий этган жамиятидир, дейилди. Ана шундай жамиятда... жанозага бало борми?
Тўғри, лекин... мусулмончилик, увол-савоб, деган гаплар бор.
Машинага киринг. Мана, ручка, мана, қоғоз. Ёзинг: тилхат... Тўрақулов... жанозасиз кўмилди.

28
Жамоат суди шаҳар маданият уйида бўлди.
Суд раиси — маданият уйи директори саҳна тўрида ўтирди.
Суд ҳайъати аъзоси Ботир фирқа раисни қабатидан жой олди.
Айбдор саҳна билан зал оралиғида ўтирди.
Зал деярли тўлди.
Ана шунда раис жараённи бошлади. Расмий бўлимдан кейин мақсадга ўтди. Айбдорга сўз берди.
Ўртада ўтирмиш айбдор жойидан қўзғолди. Бир саҳнага қаради, бир залга қаради. Вазмин-вазмин сўзлади. Сипо-сипо сўзлади:
—    Мен, журналист Мадиев... редактсия топшириғи билан командировкага бориб эдим, қайтишимда об-ҳаво ёмонлашиб, самолёт учолмай қолди. Аеропортда уёққа югурдим, буёққа югурдим. Нима қилишимни билмадим. Редактсияга телефон қилдим. Ўша куни ҳамма пахтага кетган экан, ҳеч ким телефонни олмади. Пахта вақтида бундай юриш ёмон оқибатларга олиб келишини ўйладим. Бир ўртоғимга телефон қилдим. «Шаҳар ҳувиллаб ётибди, ҳамма пахтага кетган», деди ўртоғим.
«Бирор-бир раҳбарга узримни айтиб қўймоқчиман», дедим мен. «Шаҳар бўйича фақат обком секретари Ражабовни деразаси ёруғ бўлиб турибди. Бошқа раҳбарлар далада юрибди», деди ўртоғим. Мен ўйлаб-ўйлаб, аеропортдан област партия комитетини биринчи секретари Ражабовни қабулхонасига телефон қилмоқчи бўлдим. Лекин тортиндим. Обком секретарини телефонда безовта қилиш одобдан эмас, деб ўйладим. Кейин, ўртоқ Ражабов номига срочний телефонограмма бердим.
Нега айнан ўртоқ Ражабовга телеграмма бердингиз? Ахир, ўртоқ Ражабов сизнинг редакторингиз эмас-ку? — деди раис.
Бош редакторимиз пахтада экан-да. Қолаверса, газетамиз обкомни органи. Ўртоқ Ражабов бизнинг энг катта бошлиғимиз ҳисобланади. Шу сабабли, катта бошлиғимизга телеграмма бердим. Бошлиққа телеграмма бериш айб эмас-ку? Қайси айбим учун мени жамоатчилик судига қўяяпсизлар?
Қайси айбингиз учун? Ҳали, айбингизни билмайсизми?
Раис бир телеграммани боши узра кўтарди. Телеграммани тантанали суратда чапга кўрсатди, ўнгга кўрсатди. Кейин, телеграммани ўқиб берди:
—    «Я, корреспондент Мадиев... задерживаюс!» Зал бирдан жонланди.
Бир партия активи бош чайқади. Бир партактив лабларини чўччайтирди. Тағин бир партактив ҳуштакнамо овоз чиқарди. — Қандай наглост!
Валакисаланг, валакисаланг!
Этика йўқ, этика!
Сиёсий кўрлик бу, сиёсий кўрлик!
Бундайларга партия сафида ўрин йўқ!
Мадиев чучуксўз-чучуксўз бўлди. Мадиев тавалло-тавалло этди.
—    Хўп, устозлар, хўп. Тавба, устозлар, тавба, — деди. — Ўзи, нима гап? Мен тушунмаяпман, ўзи, нима гап?
Суд раиси ручкасини Мадиевга ниш этди.
—    Судланувчи, қора курсингизга ўтиринг! — деди. Айбдорни шахсий иши муҳокама бўлди.
Биринчи бўлиб област партия комитетини идеология секретари сўз олди:
—    Ҳурматли жамоатчилик суди, муҳтарам раис, партия активлари! Марксизм-ленинизм сотсиал-сиёсий тарақкиёт соҳасида шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги, жисмоний меҳнат билан ақлий меҳнат ўртасидаги муҳим тафовутларни бартараф этиш, сотсиалистик миллатларнинг бир-бирига янада кўпроқ яқинлашуви, маориф системасини такомиллаштириш ва маданиятни ўстириш, давлатни мустаҳкамлаш, сотсиалистик демократияни такомиллаштириш соҳасидаги проблемалар — актуал проблемалар бўлмоқтса. Буржуа ва ревизионистик идеологияга қарши муросасиз кураш масалалари, меҳнаткашларни коммунистик руҳда тарбиялаш, уларнинг марксча-ленинча дунёқарашини шакллантириш масалалари биринчи даражали муҳим проблема бўлмоқда... Ана шундай бир шароитда, коммунист Мадиевнинг хатти-ҳаракати — буржуача хатти-ҳаракат бўлиб қолмоқда. Коммунист Мадиевнинг хатти-ҳаракати — партия-совет раҳбариятига, шахсан ўртоқ Ражабовга нисбатан ҳурматсизлик бўлиб қолмоқда!
Мадиев сапчиб турди. Мадиев тутақди. Мадиев жиғибийрон бўлди.
—    Қанақа буржуазия?! Қанақа ҳурматсизлик?! Айтсаларингиз-чи, ўзи, нима гап?! — дея бобиллаб-бобиллаб берди.
Мадиев Ботир фирқага кўз тикди. Илтижо билан кўз тикди. Паноҳ сўраб кўз тиқтси. Ботир фирқа... залга тикилди. Ботир фирқа... пинак бузмади. Ботир фирқа... киприк қоқмади!   -Залдан орден-медаллик бир кекса киши қўл кўтарди. Сўз беришларини пойламади — қўл кўтариб чиқиб келди. Мадиевни елкасидан босиб ўтирғизди. Жеркиб-жеркиб ўтирғизди.
—    Пича тийилсанг-чи, қанақа боласан, ўзи? Онанг-ни ичида қанақа ётгансан, ўзи? — дея жеркиди. — Мана, қулоқ сол: партия-совет раҳбарларига, особенно, биринчи шахсга бунақа телеграмма жўнатиш мумкин эмас. Биринчи шахсга: «Я задерживаюс», дейиш ўта ҳақорат бўлади, ўта сурбетлик бўлади. «Началство не опаздивает, а задерживается», деган гап бор-ку? Ҳамма гап шундан келиб чиқмоқтса! Сен ўзи кимсан-ки, «задерживат» қиласан? Сен билан биз фақат «опазднват» қиламиз, фақат айб қиламиз. Партия-совет раҳбарияти, особенно, биринчи шахс кечикмайди, айб ҳам қилмайди! Сен: «Я задерживаюс», деган телеграмманг билан ўзингаи... биринчи шахс қилиб қўйгансан. Биринчи шахс ўртоқ Ражабовни эса... пешка қилиб қўйгансан, пешка! Энди тушундингми?
Област комсомол комитетини биринчи секретари гапирди. Област газетасини бош редактори гапирди.
Айбдорни жазолаш учун таклифлар муҳокамаси бўлди. Гап... ўзгача тўн кийди:
Строгий виговор берилсин!
Ишдан ҳайдалсин!
Мадиев чидаб ўтиролмади. Важоҳат билан турди. Те-варакка олазарак қаради. Хунибийрон қаради. Пиш-пиш энтиқди. Пиш-пиш нафас олди.
—    Шу иккита сўз учун ишдан ҳайдайсизларми? — дея пишиллади, — Шу иккитагина сўз учун-а?
Мадиев чучук сўз тилаб... Ботир фирқага мўлтиради. Муте-муте мўлтиради.

Ботир фирқадан... садо бўлмади.
Енди, Мадиев суд аҳлига қаради. Бежо-бежо қаради. Ғазабнок-ғазабнок қаради... Энди, чапарасталабча-парасталаб сўқди:
—    Унда, сен чиновникларни.. ! Чиновниклар тўнка! Чиновниклар баран! Чиновниклар чўчқа! Т-фу, чиновниклар, т-фу!
Мадиев бот-бот тупурди. Ичидан балғам тортиб-тортиб тупурди. Қақириб-қақириб тупурди. Ичида тупуги тугагунича тупурди. Мадиев шаҳд билан ташқари отилди.
Кетидан партактивлар чикиб келди. Бири қўйиб, бири хитоб этди:
Ушланг бандитни, ушланг!
Хулиган кетди, хулиган!
Милитсия чақиринг, милитсия!
Мадиев милитсияни эшитиб, тўхтади. Партактивларга шиддатли қайрилди. Қулочларини ёйди. Партактивларни ўзига чорлади. Қаҳр ҳам алам билан бобиллади:
—    Кел, кел! Кел, буржуазия вакилини ушла! Кел,
совет ҳукумати душманини ушла! Кел, чет эл разведкачисини ушла, кел! Партактивлар жойида қолди. Бир одим олдин босолмади. Аксинча, кетига тис-тис бўлди. Мадиев бир партактивни ушлаб, иккинчи партактивга олиб бориб урди. Унисини бунисига урди. Тўс-тўполон бўлди. Тасир-тусур бўлди. Қий-чув бўлди. Шу вақт зинапояда милитсия кўринди.
Мадиев милитсиячилар чангалида талпинди. Мадиев милитсиячилар чангалида бақирди:
—    Қўйиб юборинглар, мен разведкачиман! Мен чет элга кетаман! Милитсиячилар Мадиевни қўлларини асир мисол кетига қайирди. Асир мисол ташқари олиб чиқди. Асир мисол — олдиларига солиб кетди.

29
Ботир фирқа Мадиевни кетидан қараб қолди.
«Туз-қалампир бола экан, туз-қалампир. Энди, орган штраф олади ё ўн беш суткага ётқизади, — дея ўйлади. — Ҳартугул, орган жиноий иш қўзғамаса бўлди. Болапақир, шоирлигига боради. Ўзига жавр этади».