Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Темир хотин. Шароф Бошбеков - БЕШИНЧИ САҲНА
Facebook
Темир хотин. Шароф Бошбеков - БЕШИНЧИ САҲНА PDF Босма E-mail
Материал индекси
Темир хотин. Шароф Бошбеков
ИККИНЧИ САҲНА
УЧИНЧИ САҲНА
ТЎРТИНЧИ САҲНА
БЕШИНЧИ САҲНА
Ҳамма саҳифа
П А Р Д А
БЕШИНЧИ САҲНА

Учинчи кун. Қўчқор яна устунга боғлаб ташланган. Ҳовлида бошқа ҳеч ким йўқ. У ўзига келиб, атрофга разм солади.

ҚЎЧҚОР (қийналиб). Вой, жоним-ей... Кеча яна бўпти-да, падарига лаънат!.. Аломат! Аломат, деяпман!.. (Хўрлиги келиб.) Буям боғлаб ташлабди!.. Бу хотин зотининг ҳаммаси бир гўр экан. Мен аҳмоқ, бу робот-ку, одам эмас-ку, эси бордир, деб ўйлабман!.. Ҳў, тирик жон борми?! Э-ҳа, кеча терим бошланган-ку, далага кетган... Вой-ей, ичим ёниб кетяпти... Қумри ҳам тузик экан, ҳеч бўлмаса сув-пув бериб турарди... (Бир-икки чираниб кўради.) Бозортой! Ҳў, Бозортой!
ШАРОФАТ (девор оша мўралаб). Ҳа?
ҚЎЧҚОР. Бозортой уйдами?
ШАРОФАТ. Бозорвой акам ўрт қопгина турп олиб, бозорга кетувдилар. Нима эди?
ҚЎЧҚОР. Сўрамоқчи эдим... Ҳалиги, кеча яна космонавтлар учибдими?
ШАРОФАТ . Хабарим йўғ-а.
ҚЎЧҚОР. Кеча радио «учди» дедими, «учиб қолди» дедими, ишқилиб, бир нима деди-да...
ШАРОФАТ . Э-э, иш кўп, ким радио эшитади, дейсиз... (Ғойиб бўлади.)
Эшикдан оғир сумкани судраганича Туробжон кириб келади.
ТУРОБЖОН (сумкани ўша ерга ташлаб, югуриб кела-ди), Дада, биз яна қайтиб кўчиб келяпмиз!
ҚЎЧҚОР. Ўғилтой!.. Келдингми-а, жигарим!.. (Талпиниб.) Соғинтириб қўйдинг-ку, ўғилтой!..
ТУРОБЖОН. Сиз нега бормадингиз, дада? Кутавердик, кутавердик.
ҚЎЧҚОР. Менми?.. (Тепага қараб қўйиб, изтиробли.) Елкамни босиб турган юк оғирлик қилди-да, ўғилтой...
Тугун кўтариб олган Қумри ҳовлига кириб, эрига кўзи тушиши ҳамон қўрқиб кетади ва тугунни улоқтирганича югуриб келади.
ҚУМРИ. Вой, шўрим!.. Вой, ўлиб қўя қолай!.. Ҳалиям боғлиқ турибсизми, дадаси?!
ҚЎЧҚОР. Турибмиз — биз бир сўзли одаммиз.
ҚУМРИ (шоша-пиша арқонни еча бошлайди). Одамлар-даям инсоф қолмабди, ўлиб қоладиям дейишмайди-я!.. Бунақалигини билганимда ўзим ечиб кетардим... Вой, шўргинам қурсин-а!.. Белингиз ҳам қотиб қолгандир, дадаси?
ҚЎЧҚОР. Қотмай-чи! Уч кундан бери Исо пайғамбар бўп турибман!
ҚУМРИ. Қишлоқнинг оқсоқоллари, кап-катта одамлар-ку, деб мен эсини еган ўшаларга ишонибман-а! Инсофсизлар!.. Келинг, елкамдан ушлаб олинг... (Суяб, каравотга ўтқазади.) Қўрқитиб қўяй, деб бир-икки кунга кетувдим-да, дадаси, буна-қа бўлишини ким билибди, дейсиз...
ҚЎЧҚОР. Болаларинг қани?
ҚУМРИ. Мактабда. Чиқиб, тўғри шу ёққа келишади. Туробжонингиз кўчага чиқиб олиб, фақат сизни кутади. Қолганлариям «дадам-чи, дадам» дейверишиб, одамни қон қиворишди. Болаларимга қараб туриб, жаҳл қилмай мен ўлай, дедиму, югуриб келавердим. Уч кун—минг кун бўп кетди... (Йиғлайди.)
ҚЎЧҚОР (хотинига ғалати синчковлик билан тикилиб). Аёл кишининг ҳар замонда йиғлаб тургани яхши... Менга қара-чи.
ҚУМРИ. Ҳа?..
ҚЎЧҚОР. Кўзларинг нимадан ясалган, Қумри?..
ҚУМРИ. Вой, у нима деганингиз?
ҚЎЧҚОР. Далага овқат оборганингда мени қанақа қилиб топардинг?
ҚУМРИ. Билмасам... (Эрининг қаршисига чўкиб.) Бирон нарса бўлдими, дадаси?
ҚЎЧҚОР (чуқур тин олиб). Бўлди-да, Қумри, бўлди... (Хотинининг қўлларини олиб бирпас тикилиб туради, сўнг юзига босиб, кўзларини юмади.)
ҚУМРИ. Вой, нима қилганингиз бу, Қўчқор ака, боладан уялсангиз-чи... Уч кун ўтиб ҳам кайфингиз тарқамадими? Туробжон, бор, болам, кўчага чиқиб қара-чи, акаларинг келяптимикан.
ТУРОБЖОН. Хўп. (Югуриб чиқиб кетади.)
ҚУМРИ. Нима бўлди ўзи, дадаси?
ҚЎЧҚОР. Шу, Қумри, ўқиган яхши экан-да. Мана, масалан, мен кейинги пайтда жа кўп ўқияпман.
ҚУМРИ (кулимсираб). Ростдан-а? Қизиқ бўпти-ку...
ҚЎЧҚОР. Биласанми, дунёдаги бор тирик жон ўзидан электромагнит тўлқинлари тарқатади. Одам ҳам тарқатади. Сен билан мен ҳам тарқатамиз. Бола-чақамиз ҳам.
ҚУМРИ (жилмайиб). Хўш кейин-чи?
ҚЎЧҚОР. Нима, кейин? Тарқатади — тамом.
ҚУМРИ. Ҳа, кўп ўқибсиз. Яхши экан, қисқагина.
ҚЎЧҚОР. Электромагнит тўлқинларини-ку тарқатяпмиз, лекин уни қабул қиладиган бошқа бир аппарат ҳам бўлиши керак экан-да, Қумри. Бўлмаса нима фойдаси бор, тарқатсак тарқатиб ётаверамиз-да. Ўша аппарат... Оти нима эди?.. Ҳали-ги, каттакон патнисдай Олимтой бир бало девди-я... Локат... Локатор! Локатор бўлиши керак! Мана, масалан, идоранинг тепасида нима бор?
ҚУМРИ. Колхознинг идорасини айтаяпсизми? Ёввойи каптарлар бор, гала-гала бўлиб учиб юради.
ҚЎЧҚОР. Байроқ бор, ўқимаган! Ана ўша байроқнинг ёнига битта локатор ҳам ўрнатиш керак, деяпман. Бўлмаса, ўзинг ўйлагин, Қумри, мен электромагнит тўлқинлари тарқат-япман... қирқ йилдан бери. Сен электромагнит тўлқинлари тарқатяпсан... туғилганингдан бери. Тошмат тарқатяпти, Эшмат тарқатяпти, Абдурайим, Мамарайим тарқатяпти — қабул қиладиган аппарат йўқ! Шунинг учун, Қумри, ҳар бир идоранинг тепасида биттадан локатор бўлиши керак! Битта байроқ, битта локатор! Битта байроқ, битта локатор! Ҳозир-чи? Фақат байроқнинг ўзи турибди. Э-э, дунё кўрган одаммиз-да, Қумри, биламиз. Икки марта ўша Тошкентинггаям борганман, керак бўлса!..
ҚУМРИ. Хўп, сиз айтгандай бўлдиям, дейлик, кейин-чи?
ҚЎЧҚОР. Кейин... Кейин ҳеч адашмай ишлаётган жойингга овқат обориб беришади. Ундан-бундан йўл сўраб ўтирмайди, Эшматвой қайси қартада ишлаяпти, деб. Ўқимайсан-да, Қумри, ўқимайсан. Ўқишда гап кўп.
ҚУМРИ. Вой, ўлай!.. (Туриб.) Сиз билан гап сотиб ўти-ришимни қаранг. Шунча кундан бери туз тотганингиз йўқ... Ҳозир бирон нарса қивораман. (Ошхона томонга кетади.)
Ҳовлиққанича Олимжон югуриб киради, ранги ўчган, ҳовлини гир айланиб, талмовсираб кимнидир қидиради.
ОЛИМЖОН (Қўчқорни кўриб). Қўчқор ака!.. Та-мом!.. Тамом, ҳаммаси тугади!..
ҚЎЧҚОР. Нима тугади, Олимтой?
ОЛИМЖОН. Шўрим қуриб қолди, Қўчқор ака, шўрим қуриб қолди!..
ҚЎЧҚОР. Мундоқ тушунтириброқ гапир, Олимтой. Унақа кўкрагингга муштлаганинг билан биз тушунавермаймиз, бир оми одам бўлсак...
ОЛИМЖОН (унинг елкасига бошини қўйиб, йиғлагани-ча). Қўчқор ака, Аломатдан ажраб қолдик!..
ҚЎЧҚОР (даҳшатда). Ёпирай!.. Нега?.. Қачон?..
ОЛИМЖОН . Ҳозир... Борсам, қартанинг бошида тутаб ётибди... Куйиб кетибди!..
ҚЎЧҚОР. Вой, бечора-ей!.. (Юзига фотиҳа тортиб.) Май-ли, бардам бўл, Олимтой. Бу энди, ҳамманинг бошида бор савдо, ука. Биров эрта, биров кеч, дегандай...
ОЛИМЖОН (йиғлаб). Етти йиллик меҳнатим, етти йиллик умрим барбод бўлди, ҳавога учди!..
ҚЎЧҚОР. Қўй энди, фойдаси йўқ, бўлар иш бўпти... Ишқилиб, имонини берсин... Энди нима қиласан, Олимтой?
ОЛИМЖОН. Нима қилардим, соғ қолган қисмларини олиб, запчаст қиламан.
ҚЎЧҚОР (сидқидилдан). Ҳа, омон қолган жойларини олиб қўй, ёдгор-да... Бўлмаса, мен одамларга хабар қилаверай, а? (Кета бошлайди.)
ОЛИМЖОН (асабий). Нимасини хабар қиласиз?
ҚЎЧҚОР. Ҳа энди, жаназа дегани кўпчилик билан-да, Олимтой.
ОЛИМЖОН (портлаб). Вей, сиз сал жиннироқмисиз-а, жиннироқмисиз? Ҳали никоҳ ўқитасиз, ҳали жаназа дейсиз!
ҚЎЧҚОР. Энди, тирик одамдай бўп қолувди-да...
ОЛИМЖОН (ҳужумга ўтиб). Аломатнинг нимадан ўлганини биласизми?
ҚЎЧҚОР. Йўқ...
ОЛИМЖОН.  Зўриқиб ўлди!  Уни...  сиз ўлдирдингиз!
ҚЎЧҚОР. Ёпирай!..
ОЛИМЖОН. Ҳа, сиз ўлдирдингиз! Кеннойим кетиб, жуда тўғри қилганлар, сизнинг қўлингизга тушган ҳар қандай аёл ҳам албатта нобуд бўлади! Сиз учига чиққан феодалсиз!
ҚЎЧҚОР. Нима-дал?..
ОЛИМЖОН. Феодал! Аломат бечоранинг бошига не кунларни солмадингиз! Нима азобларни кўрмади бу ерда! Шўрликни беаёв эксплуатация қилдингиз!
ҚЎЧҚОР. Нима-платация?
ОЛИМЖОН. Эксплуатация! Эрталабдан кечгача тинмади-я! Бир минут дам олгани йўқ, бечора, бир минут! Юв, тозала, тик, яма, супур! Бир чақирим наридан сув олиб келиб, кир ювади! Манави тезак ёқиладиган лаънати ўчоғингизда овқат қилади! Еб тўймайдиган очофат молларингиз бор: эрталабдан кеч-гача ўт бер, ем бер, сув бер! Хамир қоради, сигир соғади, куви пишади! Э, бу уйингизнинг иши тугайдими ўзи, йўқми?! Бундан ташқари, далага чиқади! Минг чаноққа минг эгилиб пахта теради! Қирқ-эллик кило нарсани кўтариб, хирмонга олиб боради! Ахир, бу дўзах азобларига қандай дош берсин, қандоқ чидасин?! (Меҳр билан.) Ахир, у темир-ку, Қўчқор ака, темир!.. Уни авайлаш керак, эҳтиёт қилиш керак!.. У ўзини ўйламайди, қийналиб кетдим, дейдиган тили йўқ. Индамас экан, деб эшакдай ишлатавериш керакми, ахир?! «Пақ» этиб жони чиқиб кетгунча эзавериш керакми?! Йў-ўқ, сиз юраги тош одамсиз, Қўчқор ака!
ҚЎЧҚОР. Ҳеч ким меҳнатдан ўлмайди, Олимтой...
ОЛИМЖОН. Ана, ўлди-ку!!! Яна нима керак сизга?! Шундаям кўзингиз очилмадими, қанақа худо қарғаган одамсиз ўзи?! Сиз — инквизиторсиз!
ҚЎЧҚОР. Нима-зитор?..
ОЛИМЖОН . Инквизитор!
ҚЎЧҚОР. Йўғ-э, Олимтой, инквизатор эмас, механизатор, де...
ОЛИМЖОН. Ҳамма замонларда ҳам инсон ақлу заковатининг маҳсули — буюк кашфиётлар сизга ўхшаган жоҳиллар туфайли барбод бўлган! Сиз тараққиётнинг душманисиз! югуриб чиқиб кетади.)
ҚЎЧҚОР. Тавба... Аломатга бирон-бир ортиқча юмуш юрган бўлсам, тил тортмай ўлай... Нима иш қилиб қўйибди .?.. Ҳали қаторлаштириб етти-саккизта болани туғиб қўйгани йўқ, кечалари ухламай бешик қучоқлаб чиққани йўқ, ҳар боласи билан минг бор касал бўлиб, минг бор соғайганиям йўқ... Ахир у битта ўзбек аёли қиладиган ишнинг ярмини қилди, холос-ку!.. Қанақасига мен ўлдирган бўлай?..
Каттакон тоғара кўтариб Қумри чиқади.
ҚУМРИ. Ғўнғир-ғўнғир қилиб ким билан гаплашаяпсиз, дадаси?
Қ ЎЧҚОР (ўта жиддий). Худо билан.
ҚУМРИ (ҳазил билиб). Ростдан-а? Хўш, худо сизга нима деди?
ҚЎЧҚОР. Эй, эси йўқ бандам, шукроналар келтирким, хотинингни одам қилиб яратганман, деди, бўлмаса аллақачон запчаст бўп кетарди, деди!..
Кумри бу гапга шунчаки кулиб қўяди-да, яна одатий, кундалик юмушларига шўнғиб кетади. Қўчқор ўша кўйи, хаёлга ботганича туриб қолади. Қаердандир — қўшни ҳовлида бўлса ажаб эмас — бизга таниш қўшиқ эшитилади: «Яна ўйнайлик, яна куйлайлик, иқболимиз порлоқ экан даврон сурайлик. Иқболимиз порлоқ экан, даврон сурайлик...»

ТАМОМ