Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Темир хотин. Шароф Бошбеков
Facebook
Темир хотин. Шароф Бошбеков PDF Босма E-mail
Материал индекси
Темир хотин. Шароф Бошбеков
ИККИНЧИ САҲНА
УЧИНЧИ САҲНА
ТЎРТИНЧИ САҲНА
БЕШИНЧИ САҲНА
Ҳамма саҳифа

ЖИДДИЙ КОМЕДИЯ

Иштирок этувчилар:
ҚЎЧҚОР — тракторчи
«АЛОМАТ» — робот
ОЛИМЖОН — ёш олим
ҚУМРИ — Қўчқорнинг хотини
ШАРОФАТ — қўшни жувон
САЛТАНАТ — қўшни аёл
СУВОН — мулла
ТУРОБЖОН — Қўчқорнинг ўғли

БИРИНЧИ САҲНА

Қишлоқ. Оддий, камтарона ҳовли. Тўғрида бир неча устунли пешайвон, ўнгда ластаккина кўча эшиги, олдннроқда ёғоч каравот. Саҳнадаги ҳар бир жиҳоз, ҳар бир буюмда нимадир етишмайди: эшик-дераза ромларининг ярми бўялган, ярмннннг ранги ўчиб кетган; ёғоч каравотнинг битта оёғи йўқ, ўрнига ғишт териб қўйилган; кўрпа-ёстиққа ямоқ тушган; пиёлаларнинг лаби учган ёкн чегалакган, чойнакиинг жўмрагига тунука кийгазилган ва ҳоказо.
Пешайвон устунига ҚЎЧҚОР арқон билан чандиб ташланган, уст-боши, афт-ангорига қараб бўлмайди. Шу кўйи ухлаб қолган бўлса керак, аввал секин қимирлаб қўяди, сўиг кўзинн очмай эснайди. Оёқ-қўлинннг ўзига бўйсунмаётганига ҳайрон бўлиб, бир-икки чираниб кўради.
ҚЎЧҚОР (уй томонга). Ҳў, тирикмисан?.. (Типирчилай-ди.) Ечиб қўй дарров, ҳў-ў!.. Қумри, деяпман, жаҳлим чиқса нима бўлишини биласан-а? Яхшиликча бўшат! (Бир оз кутиб.) Ие, бир бало бўлганми бунга?.. Охирги марта айтяпман, агар ҳозир югуриб келиб, қўлимни бўшатмасанг...
Ичкаридан Қумри чиқади. У ўттиз-ўттиз бешларда, лекин ёшига нисбатан анча катта кўринади.
ҚУМРИ (аразли). Нима қиласиз?
ҚЎЧҚОР. Қўйвораман!
ҚУМРИ (хўрлиги келиб). Нима?..
ҚЎЧҚОР. Паттангни қўлингга тутқазаман!
ҚУМРИ (Бирпас эрига таьна аралаш қараб туради-да, дордаги кийим-кечакларими йиғиштира бошлайди). Ҳозир эридан патта сўраб ўтирадиган замонмас.
ҚЎЧҚОР. Ие! Бепатта кетавераман, де? (Жавоб ололмагач.) Ҳеч бўлмаса, битта қўлимни бўшатиб қўй, номард!
ҚУМРИ. Битта қўлингизни бўшатганим билан фойдаси йўқ.
ҚЎЧҚОР. Нега бўлмас экан, қашиниб оламан.
ҚУМРИ. Қаерингиз қичишяпти, айтинг, ўзим қашиб қўяман.
ҚЎЧҚОР (бу гапни кутмаган эди, довдираб қолади). Сенинг бўйинг етмайди...
ҚУМРИ. Ихтиёрингиз... (Кийим-кечакларни катта рўзғор сумкасига жойлай бошлайди.)
ҚЎЧҚОР. Менга қара, ўзинг боғладингми ё битта-яримтаси қарашиб юбордими?
ҚУМРИ. Сизга бас келиб бўларканми, бунақа вақтда трактор бўп кетасиз-ку!
ҚЎЧҚОР. Ким келди?
ҚУМРИ. Қишлоқнинг ярми келди. Бақиравериб, дунёни бошингизга кўтардингиз. Олти киши аранг эплади-я.
ҚЎЧҚОР. Олти киши? (Тўнғиллаб.) Кўпчилик яхши-да, кўпчиликдан ўргилай... Сафар ҳам бормиди? А?
Қумри индамай ишини қилаверади.
Сендан сўраяпман, гарангмисан?!
ҚУМРИ. Ҳа, бор эди.
ҚЎЧҚОР. Тағин ким чиқди?
ҚУМРИ. Нима фарқи бор?
ҚЎЧҚОР. Фарқи бор! Эртага кимдан узр сўрашимни билишим керакми? Э... бугун, деганим.
ҚУМРИ. Муҳиддин аканинг ўғли иккита ўртоғи билан армиядан келган экан. Отпускага. Аввал уч киши бўлиб ўшалар чиқишди. Ҳеч бўй бермадингиз.
ҚЎЧҚОР. Ҳм, армия ҳам бас келолмади, дегин?
ҚУМРИ. Кейин Муҳиддин ака билан Сафар акалар чиқишди.
ҚЎЧҚОР. Яна?
ҚУМРИ. Шу...
ҚЎЧҚОР. Олти киши, дединг-ку!
ҚУМРИ. Мен ҳам сал-пал қарашвордим...
ҚЎЧҚОР. «Сал-пал»миш! Ечилмаётганидан ҳам билувдим, сенинг қўлинг текканини! Мол арқонлаб ўрганиб қолгансан-да, боғлаган тугунингни матрослар ҳам ечолмайди! Э, қарашвормай кет! Бўпти, кечирдим, қўлни бўшат.
Қумри «йўқ» дегандай бош чайқайди.
Бу уйда мен кимман ўзи, а? (Бақириб.) Қўчқорманми ё Қўчқормасманми?! Қўчқорман!!! (Бирдан паст тушиб.) Қўчқор экан, деб боғлаб ташлайверадими?.. Шўри бор одам эканман ўзи... (Яна бақириб.) Ҳеч бўлмаса, сув бер, ичим ёниб кетяпти!
Қумри дастасиз кружкада сув олиб чиқиб, ичириб қўяди. (Тўнғиллаб.) Қўлдан берганга қуш тўймас... Ўтир мундоқ. Қумри итоаткорлик билан ўтиради.
Энди бир бошдан гапириб бер: ким нима деди, нима қилди? Йўқ, нима қилгани керак эмас, қилган иши бошидан қолсин! Ким нима деди?
ҚУМРИ. «Қўчқормас, ҳўкиз экансан»...
ҚЎЧҚОР. Ўчир овозингни! (Типирчилаб.) Ҳозир, лекин...
ҚУ МР И . Вой, Муҳиддин аканинг гаплари-да, менга нима дейсиз?
ҚЎЧҚОР. Муҳиддин ака, дегин?.. (Бирдан.) Ўзининг кўзи уккиникига ўхшайди, билдингми?! Кейин-чи?
ҚУМРИ. Сафар ака «бунга ҳеч ақл кирмади-кирмади-да» дедилар. «На каттанинг гапини олади, на кичикнинг, товуқчалик ақли йўқ...»
ҚЎЧҚОР. Ўзингдан қўшмай гапир!
ҚУМРИ. Вой, ўзимдан қўшиб, нима?..
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а?
ҚУМРИ. «Ҳукумат ичманглар, деб қарор чиқариб қўйибди, бу аҳмоққа шуям таъсир қилмайди», дедилар.
ҚЎЧҚОР. Ҳо-о, қарорниям биларканларми! Ўзи саккизинчи синфда қолиб кетган! Чаласавод! Расми йўқ экан, деб газит ўқимайди!
ҚУМРИ. Ўзингиз ҳам ўқимайсиз-ку?
ҚЎЧҚОР. Мен вақтим йўқлигидан ўқимайман, у саводи йўқлигидан ўқимайди! Сафар-ку, майли. Сен-чи, сен? Шунча гапни эшитиб, қанақа қилиб чидаб турдинг? Эрингни шуларга талатиб қўявердингми? Э, сени хотин қилиб юрган менга минг раҳмат-е! Хўп, солдатлар нима дейишди?
ҚУМРИ. «Рас, дува, взали» дейишди.
ҚЎЧҚОР. Нима-ли?
ҚУМРИ. «Взали».
ҚЎЧҚОР. «Взяли», ўқимаган! «Раз-два»миш! Нима, армияда фақат иккигача санашни ўргатар эканми? Бир мундай, юз-юз элликкача санамайдими, мен ўзимга келиб олмайман-ми! Сулайиб ётган боксчигаям ўнгача санайди-ку, шунчалик ҳам бўлмадикми? Майли, бўлар иш бўпти, қўлни еч.
ҚУМРИ (ачиниб, сидқидилдан). Ечолмайман, дадаси, мендан хафа бўлманг. Тушликдан кейин қишлоқ оқсоқоллари келамиз, бир яхшилаб гаплашиб қўяйлик, бўлмаса думини ушлатмайди, деб кетишди...
ҚЎЧҚОР. Нима, менинг думимни ушлашдан бошқа иши йўқ эканми уларнинг? Оқсоқоллармиш яна!..
ҚУМРИ (ичкарига). Туробжон, бўла қол, болам!
ҚЎЧҚОР (хотинининг тараддудга тушганини энди пайқаб). Ҳа, йўл пўстак?
ҚУМРИ. Кеча нима дедингиз?
ҚЎЧҚОР. Нима дебмиз?
ҚУМРИ (йиғламсираб).    Айтадиганингизни    айтдингиз...
ҚЎЧҚОР. Айтадиганимиз нима экан?
ҚУМРИ. Ҳали одамлар келиб, тушунтириб беришади. Мен болаларимни олиб, ойимларникига кетдим. Мактабдан тўғри ўша ёққа боришади.
ҚЎЧҚОР. Ие, жиннимисан, вей? Озгина шўхлик қилсак, қилибмиз энди. Йигитчиликда нималар бўлмайди...
ҚУМРИ  (йиғламоқдан бери бўлиб). Бу шўхликларингиз ўн олти йилдан бери (кўлини бўғзига олиб бориб) мана бу еримга келган...
ҚЎЧҚОР. Нолима, ҳў, нолима! Бола-чақанг олдингда, еб-ичишдан каминг йўқ, яна нима керак сенга?
ҚУМРИ. Биров сизга, оч қолдим, деяптими?
ҚЎЧҚОР. Нега бўлмасам, «у еримга келган, бу еримга келган» дейверасан? Келган бўлса келгандир...
Шу пайт беш-олти ёшлар чамасидаги Туробжон югурганича ҳовлининг нариги бетига ўтиб кета бошлайди. Дадасига кўзи тушиб, суюнчи олмоқчидай, ҳоалиқиб ахборот беради.
ТУРОБЖОН. Дада, биз бувимларникига кўчиб кетарканмиз! (Кўчкорнинг боғлиқ турганига ҳайрон бўлиб.) Ие, нима қилиб турибсиз дада?
ҚЎЧҚОР. Ким?.. Менми?.. Ҳа энди, бувингникига кўчиб кетадиган бўлсак, уйни ташлаб кетамизми, орқалаб опкетамиз-да, ўғилтой! Ҳозир, бирпас нафасни ростлаб олай, кейин «ё пирим» деб кўтарамиз-у, кетаверамиз.
Туробжоннинг иши шошилинч шекилли, дадасининг гапини охиригача эшитмай, югуриб чиқиб кетади.
(Қумрига.) Боланинг олдида шарманда қилдинг-ку одамни!
ҚУМРИ. Мени эл-юрт олдида шарманда қилганингиз-чи?
ҚЎЧҚОР. Ичган мен, сен нега шарманда бўласан?
ТУРОБЖОН (қайтиб келиб, томга қараганича). Кучингиз етмайди-ёв, дада.
ҚЎЧҚОР (маьюс). Битта иморат нима бўпти, ўғилтой, бу елкалар қанақа юкларни кўтармаган...
ҚУМРИ. Бўла қол, болам. (Сумкани олиб, ўғлини етаклаганича.) Яхши-ёмон гап ўтган бўлса хафа бўлманг, дадаси...
ҚЎЧҚОР. Кетсанг ечиб кет, ҳў! Инсофинг борми ўзи, қанақа одамсан?! (Қумри чиқиб кетгач.) Мастлигимда уриб, майиб-пайиб ҳам қилиб қўймаган эканман — жимгина уйда ўтирар-ди... (Атрофга чорасиз аланглайди. Алам билан қандайдир куйни хиргойи килади, сўнг кўшни ҳовли томонга кичкиради.) Бозортой! Ҳў-ў, Бозортой! Бир турқингизни кўрсатворинг, Бозортой-ҳо!..
Девор оша Шарофат мўралайди.
ШАРОФАТ. Ҳа? Вой, ўлай...
ҚЎЧҚОР. Ҳалиги... Яхшимисиз, келин?
ШАРОФАТ. Раҳмат...
ҚЎЧҚОР. Болалар яхшими?
ШАРОФАТ. Ҳа, юришибди...
ҚЎЧҚОР. Шу, десангиз... Бозортой уйдами?
ШАРОФАТ. Бозорвой акам икки қопгина бодринг олиб, бозорга кетувдилар.
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а... Уйда бўлса ток қайчисини бериб турсин, девдим. Ишком жа тарвақайлаб кетибди...
ШАРОФАТ. Келсалар ўзларидан сўрарсиз, бўлмаса уришиб берадилар. (Ғойиб бўлади.)
ҚЎЧҚОР. Қурумсоқ! Энг яқин жўраммиш яна! (Бир-икки чираниб кўриб.) Э, худо! Сенга нима ёмонлик қилувдим-а? (Яна типирчилайди, хавотирланиб тепага қараб кўяди.) Босиб қолмасмикан?.. (Тўсатдан, кўча томонга.) Э кетсанг кетавер! Онаси ўпмаганига уйланмасам, мен ҳам юрган эканман! (Алам билан.) Ҳеч бўлмаса, кетаётганида қўлимни ечиб кетадиганига уйланаман...
Ташқаридан машинанинг келиб тўхтагани эшитилади. Кўп ўтмай, Олимжон билан шофёр одам бўйи келадиган ёғоч қутини қийнала-қийнала кўтариб киришади.
ОЛИМЖОН (шофёрга). Раҳмат, оғайни. (Пул бериб.) Мана. Яхши боринг. (Шофёр чикиб кетгач, у ёқ-бу ёкка аланглайди.) Ким бор? Қўчқор ака! Туробжон! (Ўзича.) Ие, эшик очиқ-ку... (Чақириб.) Кеннойи!
ҚЎЧҚОР. Кеннойинг онасиникида. Кетиб қолди... Хотин — жафо, Олимтой!..
ОЛИМЖОН. Э-э, Қўчқор ака, ассалому алайкум! Мана, тағин келдик-да. (Кўришмоқчи бўлиб кўл чўзади.) Ие?.. Ким бунақа қилди?
ҚЎЧҚОР. Ким бўларди, бунақа бемаъни нарса фақат бизнинг хотиндан чиқади!
ОЛИМЖОН. Э-э, чатоқ бўпти-ку... Кетиб қблдилар, денг? Аттанг... Нега боғладилар?
ҚЎЧҚОР. Э, Олимтой, суриштириб нима қиласиз, аввал қўлни ечсангиз-чи! Кечадан бери онамни Учқўрғондан кўрдим!
ОЛИМЖОН. Ҳа-я... (Ечади, унинг белидан олиб, каравотга ўтқазади). Кечадан бери турибман, денг?
ҚЎЧҚОР. Вой, жоним-ей!.. Шу, хотин зотини ким ўйлаб чиқарган экан-а, Олимтой?
ОЛИМЖОН (кулиб). Бировни биров ўйлаб чиқарадими, қизиқмисиз. Хўш, соғликлар яхшими, Қўчқор ака?
ҚЎЧҚОР. Зўр! Отдай! (Устунга ишора қипиб.) Ана, отга ўхшаб тикка туриб ухлаяпмиз!
ОЛИМЖОН. Ҳа-а, кеннойимнинг кетиб қолганлари яхши бўлмабди. Жиянларга ҳар хил ўйинчоқ олиб келувдим...
ҚЎЧҚОР (асабий). Қўявер, ўзимиз ўйнаймиз!
ОЛИМЖОН (ҳовлини кўздан кечириб). Хафа бўлманг-у, Қўчқор ака, кеннойимгаям қийин-да. Аҳволни қаранг: ҳалиям ўчоқ, ҳалиям тезак ёқилади. Прогресс йўқ.
ҚЎЧҚОР. Нима-грес?
ОЛИМЖОН. Прогресс. Тараққиёт.
ҚЎЧҚОР. Прогресс бор. Илгари тезак ёқиларди, энди тезакни солярка билан ёқяпмиз. Яхши ёняпти. Тўғри, овқатдан сал-пал ҳиди келади-ю, лекин ўрганиб кетар экан одам.
ОЛИМЖОН. Бир ҳисобга, сизгаям қийин, шунча бола-чақа... Ҳечқиси йўқ. Қўчқор ака, яқинда ҳаммаси яхши бўп кетади. Мана, ҳозир «оилани планлаштириш» деган бир гап чиқиб турибди.
ҚЎЧҚОР. Нима-лаштириш?
ОЛИМЖОН. Планлаштириш. Бу гапнинг маъниси шуки, яхши  яшаш учун болани уч-тўрттадан оширмаслик керак.
ҚЎЧҚОР. И!.. Худонинг ўзи бериб турса нима дейсан?
ОЛИМЖОН. Ҳа энди, худо бермайдиган қилинади-да.
ҚЎЧҚОР (гўё тушунгандай). Ҳа-а... Шунақа де? У... қанақа бўлади ўзи, хотинларимизни бир бало қилишадими ё биз эркакларни ахталашадими?
ОЛИМЖОН (кулиб). Оббо, Қўчқор ака-ей!..
ҚЎЧҚОР (хижолатли). Ҳа энди, тушунмагандан кейин қийин-да...
ОЛИМЖОН. Бу тадбир сиз ва сизга ўхшаганларнинг манфаати йўлида бўляпти. Бола-чақа деб умри ўтиб кетмасин, булар ҳам одамга ўхшаб яшасин, деган гап бор бунинг тагида.
ҚЎЧҚОР. Йўқ. тагидаги гап яхши экан-у, лекин бошимизга қўйларнинг куни тушмасмикан, дейман-да.
ОЛИМЖОН. Қайси қўйлар?
ҚЎЧҚОР. Билмайман, эсингда борми-йўқми, бир пайтлар СЖКми, ПЖКми деган бир бало чиқувди. Ҳалиги, қўйларни сунъий урчитиб, кўпроқ қўзи олиш учун-да. Натижа нима бўл-ди? Қўйнинг зоти айниди, қоракўлдан сифат қочди, ҳар хил касалликка чалинди. Шу, туриб-туриб олимларинггаям тушунмай қоламан-да, Олимтой. Бир қарасанг, қўйларга қараб «кўп туғ» дейди, бир қарасанг, ўзбекка қараб «кам туғ» дейди...
ОЛИМЖОН. Кечирасиз-у, Қўчқор ака, одам деган оғзига нима келса қайтармай гапираверадими! Нима деятганингизни тушуняпсизми? Ўзбек қаёқда-ю, қўй қаёқда! Э, тавба... (Куйиниб.) Бу ерда гап халқнинг турмушини яхшилаш ҳақида боряпти! Ўзингиз мундоқ бир атрофингизга қаранг, айниқса қишлоқларимизда турмуш даражаси ниҳоятда паст! Чидаб бўлмайдиган даражада паст!
ҚЎЧҚОР (оғриниб). Паст, дегин? Сенларники баландми? (Асабий.) Ўқиган, олим одамсан, кўтар-да паст бўлса! «При-грес-мригрес» қиласан бу ерга келиб олиб! Хотинларнинг қорнига осилгунча пахта терадиган машинани эпланглар!
ОЛИМЖОН. Нима, бизни ҳукуматнинг пулини шундоқ еб ётибди, деб ўйлаяпсизми? Биз ҳам қидиряпмиз, изланяпмиз, ўйлаяпмиз.
ҚЎЧҚОР. Э, битта пахта терадиган машинани эллик йил ўйлайдими! Гоҳ рулини ўзгартирасанлар, гоҳ кабинасини, гоҳ ўтирғичини — бўлди! Биз, янги машина келар экан, деб дўппимизни осмонга отиб юрамиз. Қарасак, ўша-ўша — Холхўжанинг таёғи!
ОЛИМЖОН. Тўғри, лекин бу муаммони асосий мақсаддан келиб чиқиб, комплекс ҳал қилиш керак.
ҚЎЧҚОР. Нима-плекс?
ОЛИМЖОН. Комплекс. Асосий мақсад нима? Пахтани сифатли териб олишми? Ана шу мақсаддан келиб чиқиш керак. Пахта терадиган машинанинг шакли қанақа бўлади — бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими, яхши терсин. Мен бу борада бошқа йўлдан кетяпман, Қўчқор ака. Кўпроқ масаланинг эстетик томонига эътибор беряпман. Бир тасаввур қилинг-а: пахтазордан хотин-қизларнинг қувноқ кулгиси эшитилиб турибди! Қий-чув, ҳазил-ҳузил! Кечқурунлари қишлоқ кўчаларини тўлдириб, қиз-жувонлар ўтишяпти! Кўриб кўз қувонади, дил яйрайди! «Тар-тар-тар» қилиб кўчадан трактор ўтгани қаёқда-ю, қўнғироқдай овози билан кўнгилларни энтиктириб, қизлар ўтгани қаёқда! Фарқи борми? Шунинг учун мен пахта терадиган машина эмас, пахта терадиган электрон робот устида ишлаяпман. Ташқи кўриниши одамдан фарқ қилмайди. Кўради, эшитади, гапиради! Танаси ҳам пластик материалдан ясалган...
ҚУЧҚОР. Нима-стик?
ОЛИМЖОН. Пластик. Фақат ташқи кўриниши эмас, хатти-ҳаракати, имо-ишоралари, гап-сўзи одамга максимум даражада яқинлаштирилган.
ҚЎЧҚОР. Нима-симум?
ОЛИМЖОН.  Максимум.  Масалан, бошқарув  блокига юмор ҳисси билан боғлиқ микросхема ўрнатилса...
ҚЎЧҚОР. Нима-схема?
ОЛИМЖОН. Микросхема. Ўрнатилса, ниҳоятда ҳазилкаш, қувноқ, бир оз шаддодроқ аёлга айланади. Лирик ҳисли микросхема ўрнатилса, аёлларга хос назокат, ибо пайдо бўла-ди.
ҚЎЧҚОР. Нега аёлларга хос?
ОЛИМЖОН. Ия, боядан бери нима деяпман? Робот аёл шаклида бўлиши керак-да, бўлмаса нима қизиғи бор? Кўрдингизми, бир ўқ билан икки қуённи уряпмиз: ҳам хотин-қизларимизни оғир қўл меҳнатидан халос қиламиз, ҳам пахтазордан қиз-жувонларнинг кулгиси жаранглаб туради!
ҚЎЧҚОР. Куладиямми?
ОЛИМЖОН. Бўлмасам-чи! Кулади, бақиради, шивирлай-ди! Бу микросхемаларнинг характерига боғлиқ.
ҚЎЧҚОР. Шунақа де? Хўп ўша... аёл-роботларинг ишдан кейин гаражга бориб ётадими?
ОЛИМЖОН. Шундай десаям бўлади. Лекин, гаражлар ётоқхона типида қурилади. Кейин, Қўчқор ака, бу роботлар жуда арзонга тушади, ёқилғи керак эмас — батареялардан озиқланади. Иккинчидан, уларни бетўхтов ишлатиш мумкин. Иссиқ демайди, совуқ демайди, кечасими, кундузими — ишлайвера-ди!
ҚЎЧҚОР. Ойлик ҳам сўрамайди?
ОЛИМЖОН. Албатта-да! Муҳими, буйруқни сўзсиз бажаради, «ғиди-биди» қилиб ўтирмайди. «Ҳамма пахта теримига!» деб буйруқ берилса, ҳар қандай ишини ташлаб, далага чиқиб кетаверади!
ҚЎЧҚОР. Унда чиндан ҳам одамга ўхшар экан. Мана, биз ҳам «пахта теримига» деган гапни эшитишимиз билан ҳамма ишимизни йиғиштириб қўйиб, далага чиқиб кетаверамиз. Болаларимиз ўқишини ташлайди, хотинларимиз эмизикли боласи-ни.
ОЛИМЖОН. Ана шунинг учун ҳам роботлар керак-да! Мана сиз, болаларимизнинг ўқиши нима бўлади, дейсиз, аёл-ларимиз ёш болаларини қаерга қўяди, дейсиз. Роботга бунинг аҳамияти йўқ. Тушуняпсизми? У фақат ишлайди! Ишлайверади, ишлайверади, ишлайзеради!
ҚЎЧҚОР. Биз ҳам ишлайверамиз.
ОЛИМЖОН. Лекин, сиз одамсиз! У — робот, тушуняпсизми, робот! Машина!
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а... Буни-ку дуруст ўйлабсан, Олимтой. Лекин у машинанг қачон тайёр бўлади, туянинг думи ерга теккандами?
ОЛИМЖОН. Сиз,Қўчқор ака, олимларни жа унақа ерга ураверманг. Биз ҳам бир нималар қилиб юргандирмиз. Мана, мен етти йилдан бери ўшанақа робот устида ишлаяпман. Етти йил-а! Ниҳоят, Қўчқор ака, биринчи, тажриба нусхаси тайёр бўлди! Лаборатория синовидан яхши ўтди, энди табиий шароитда, далада синаб кўрамиз! (Кутининг атрофида ҳам ҳаяжон, ҳам фахр билан айланади.) Юрагим уриб кетяпти, Қўчқор ака!..
ҚЎЧҚОР. Шунинг ичидами? Ййўғ-э...
ОЛИМЖОН. Диққат!
ОЛИМЖОН қутининг қопқоғини очган эди, у ерда, қўғирчоққа ўхшаб кетадиган, ниҳоятда гўзал қиз турарди. Баданига силлиқ, ялтироқ мато тортилган.
ҚЎЧҚОР (ҳайратдан оғзи очилиб). Во-о!..
ОЛИМЖОН (фахрланиб). Қалай?
ҚЎЧҚОР (бирдан). Э-э, одамнинг бошини қотирасан-а! Магазиннинг ойнасига кийим кийғизиб қўядиган-ку бу!
ОЛИМЖОН (хафа бўлиб). Етти йиллик меҳнатим бу! «Магазин»миш-а!
ҚЎЧҚОР Ростдан-а? (Яқин бориб узоқ тикилади, ушлаб кўради.) Аломаат, аломат!..
ОЛИМЖОН (севиниб кетиб). Яшанг, Қўчқор ака! Э, бормисиз! Қаранг, бунга ном тополмай юрувдим ўзи. Демак, «Аломат-1»!
ҚЎЧҚОР Нега «бир»?
ОЛИМЖОН. Кейин «икки» «уч», «тўрт»лари ҳам бўлади-да! Бутун республика учун, биласизми, бунақада ҳали қанча-қанчаси керак?
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а... Худди тирикдай-а, тавба!.. Гапиради, деденгми, Олимтой?
ОЛИМЖОН. Ҳозир... («дипломат»идан гугурт қутисидай келадиган бир қанча юпқа пластинкаларни олиб.) Мана, манавилар — микросхемалар. Ҳаммаси ҳар хил мақсадда ишлатилади. (Роботнинг елкасидаги қопқоғини очиб.) Мана бу ерига керакли микросхемани ўрнатамиз. Кейин мундай қилиб, қоп-қоғини ёпиб қўямиз. Ана, тайёр! Э, худо, шарманда қилма! (Роботнинг тугмачасини босади.)
Аломат аввал кўзларини пирпнратиб қўяди, сўнг бир неча қадам олдинга юриб, тўхтайди.
А Л О М А Т. Алло, алло!.. Вой, ўртоқжон, ўзингмисан? Овозингни эшитадиган кун ҳам бор экан-ку. Бирам соғиндим, бирам соғиндим, ўлиб қолай деяпман!.. Ҳа, кечачи, ўша сен айтган зормандани Муқаддаснинг қулоғида кўрдим. Қулоқ ўлгур супрадай бўлганидан кейин ҳамма нарсаям ярашавермас экан, ўргилай!
ОЛИМЖОН (ўчириб). Э, бу секретарь-машинисткаларни-ки-ку... (бошқа микросхема олиб.) Бу нима экан? Кўрамиз... (Кўйиб, тугмачасини босади.)
АЛОМАТ (ўта жиддий). ...шундай хулоса келиб чиқадики, планлаштириш ташкилотлари ва халқ хўжалиги органлари давлат планларини ишлаб чиқишда республикамиздаги сув ресурсларини ҳисобга олишлари зарур...
ОЛИМЖОН (ўчириб). Буяммас... Шу, ёзиб қўйиш керак экан-да. (Бошқа схема ўрнатади.)
АЛОМАТ (аввал бир оз китирлаб туриб, сўнг баланд ва ёқимли овоз билан куйлайди). «Яна ўйнайлик, яна куйлайлик, иқболимиз порлоқ экан даврон сурайлик! Яна ўйнай...»
Олнмжон роботни ўчиради. Қўчқорнинг ҳайратданми, қўр-қувданми, оғзи очилиб, кўзи хонасидан чиққудек бўлиб турар-ди.
ҚЎЧҚОР. О-олимтой!.. Буям, ҳалиги, магнитофондай гап экан-да, а? Қанақа кассёта қўйсанг, ўшанақасидан айтса...
ОЛИМЖОН. Ҳа, принцип деярли бир хил.
ҚЎЧҚОР. Нима-цип?
ОЛИМЖОН. Принцип.
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а... Шералидан йўқми?
ОЛИМЖОН. Йўқ. Радиодан тажриба учун дуч келган ашуланинг икки сатрини ёзиб қўювдик-да. (Янги схема ўрната-ди.)
АЛОМАТ (кутилмаганда). Ҳа, оғизгинангдан қонинг кел-син сенинг! Сочингни битталаб юлиб, бошингни копток қилиб қўяйми?! Қирилибгина кет илойим! «Ғинг» деб кўр-чи, нима қилар эканман!
ҚЎЧҚОР (эсхонаси чиқиб). Йў-йў... «Ғингямас, «ғингвмас... Менмас... Унақамас...
АЛОМАТ. Э, қўнғизга ўхшамай ўл! «Ғинг, ғингплашниям билади шу аҳволига!
ОЛИМЖОН. Гап қайтарманг, Қўчқор ака, гап қайтарманг!
АЛОМАТ (Олимжон томонга бурилиб). Вой шўртум-шуқ-ей! Сен нега бурнингни тиқасан?
ОЛИМЖОН (шоша-пиша ўчириб). Бу йигитларимизнинг ҳазили бўлса керак, доим шунақа қилиб юришади. Яхшиям комиссия-помиссиянинг олдида қўйвормадик, шарманда бўларканмиз.
ҚЎЧҚОР (ҳамон ўзига келолмай). Шунақа ҳазилдан яна битта бўлса, Қўчқорвой аканг йўқ-да...
Олимжон бошқа схема ўрнатади.
АЛОМАТ (одоб билан). Ассалому алайкум.
ҚЎЧҚОР (кўрқа-писа). Ва... Ваалай...
ОЛИМЖОН. Сенинг исминг — Аломат. Тушундингми?
АЛОМАТ. Тушундим. Менинг исмим — Аломат.
ОЛИМЖОН. Бу киши — Қўчқор ака.
ҚЎЧҚОР (аранг жилмайиб). Шундоқ, шундоқ...
АЛОМАТ. Қўчқор ака.
ҚЎЧҚОР. Лаббай?..
АЛОМАТ. Кўнглингизга келмасин-у, нега сизга ҳайвоннинг номини қўйишган, «қўчқор» деб?
ҚЎЧҚОР (Олимжонга). Ие?..
АЛОМАТ. Қўчқор — қўйнинг эркаги-ку.
ҚЎЧҚОР. Ҳалиги... нима дейди... Ҳа энди, биз одамнинг эркагимиз-да, Аломатхон...
АЛОМАТ. Менга нима хизмат бор, одамнинг эркаги?
ОЛИМЖОН. Аломат, «Қўчқор ака» де, «Қўчқор а-ка». Тушундингми?
АЛОМАТ. Тушундим. Хўш, нима хизмат бор, Қўчқор ака?
ҚЎЧҚОР. Хиз... Хизмат йўқ... (Каравотга ишора қилиб.) Қани, бу ёққа ўтинг, Аломатхон... Йўқ, йўқ, кўрпачага, кўрпа-чага...
АЛОМАТ (каравотнинг бир четига қимтинибгина ўтириб). Раҳмат, яхши ўтирибман.
Қўчқор ҳалиям ўзига келолмас, лекин оғзи қулоғида — гўё юзида кечаги табассум қотиб қолгандай эди. Кашфиётининг унга шу қадар таъсир этганидан Олимжон ҳам хурсанд.
ОЛИМЖОН. Бўлмаса, Қўчқор ака, сиз бемалол гаплашиб ўтираверинг, мен нарсаларимни жойлаштирай. Ўша ҳужра бизники-да, а?
ҚЎЧҚОР (беихтиёр «сизилашга ўтиб). Ие, сўраб ўтирасизми, ўзингизнинг уйингиз-ку, Олимтой!..
Олимжон йиғма каравот, сумка ва бошқа анжомларини кўтариб, ичкарига кириб кетади.
(Анчадан кейин.) Ҳа-а... Зап келибсиз-да... (Довдираб.) Ичкарида муздай айрон бор, бир косагина олиб чиқайми?
АЛОМАТ. Айрон? Уни нима қиламан?
ҚЎЧҚОР. Ичасиз... Ҳа-я, эсим қурсин... Хўш... Ишларингиз яхшими?
АЛОМАТ. Қайси ишларим? Ҳали ҳеч иш қилганим йўқ-ку.
ҚЎЧҚОР. Ҳа энди, гап-да... (Бир оздан кейин.) Оббо, Ало-матхон-ей, шунақа денг?..
Сукут.
Ҳа-а, ишқилиб омон бўлайлик... Бу, Олимтой жа ажойиб йигит-да, лекин. Шу, денг, шаҳарда, қайсидир бир институтда ишлайди. Олим, Колхозимизда ўша институтнинг тажриба участкаси бор. Қирқ гектар. Қудрат қуёнчиқнинг бригадасига шундоқ туташиб кетган. Олимтой ҳар келганида бизникида туради. Уй кўп... Ўзимизнинг укадай гап бўп қолган. Йўқ, яхши бола. Ҳа-а, шунақа гаплар...
Сукут.
(Хижолатли.) Бугун, денг, кеннойингиз билан сал ғижиллашиб қолдик... Энди, рўзғор экан-да — гоҳ ундай, гоҳ мундай... Болаларини олиб, онасиникига кетиб қолди. Келади-да, қаёқ-қа борарди шунча бола билан, нима дедингиз? Ҳа-а... Бу, ўзингизнинг болаларингиз яхши юришиб... Ҳа-я... Йўқ, ўзи дуруст аёл. Энди, жа сизчалик бўлмасаям... хотин-да, ишқилиб. Лекин айтдим — олдидан ўтиб қўйдим-да — агар, дедим, яхшиликча қайтмасанг, дедим, шартта бошқасига уйланвораман, дедим. Тўғри-да, қаттиқроқ йўталсанг ҳам аразлаб кетиб қоладиган хотин кимга керак, нима дедингиз? Э-э, ишқилиб, замон тинч бўлсин... Чой қўйворайми? Э-ҳа... Сиз ҳам гапириб ўтиринг, Аломатхон, нуқул мен сайраяпман...
Аломат кўзларини бир нуқтага қадаганича жим ўтирарди.
Олимтой, лекин, жа савоб иш қиляпти-да. Ракатопсин. Мана, хотин-халаж, бола-чақа йил бўйи даладан бери келмайди. На дам олиш бор, на байрам бор, эртадан кечгача — иш, иш, иш! Қор демайди, ёмғир демайди, иссиқ демайди. Бу ёқда иссиқ деганингиз қирқ бўлса, пахтанинг ичида эллик! Э, темир бўп кет-э, ҳалиям чидар экан одамзод! (Узрли.) «Темир» деганимга хафа бўлманг тағин, оғзимдан чиқиб кетди-да... Олимтой шуларни кўриб чидолмади. Одамларнинг оғирини енгил қиламан, деб кечалари ухламайди. Ўзига-ўзи гапирадими-ей, бир балоларни чизади, бировларни сўкиб-сўкиб ўчиради, яна чиза-ди! Бир, мен номиниям билмайдиган идораларга қатнайди, кимлар биландир жанжаллашиб, асаби қайнаб келади. Тинмайди-да, тинмайди! Ёмо-он яхши бола лекин! Ракатопсин!
Олимжон чиқади.
Олимтой, сени гапиряпман. Ҳеч тиниб-тинчимайдиган бола, дейман.
ОЛИМЖОН (Аломатга караб туриб). Ие, бу ўчиб қопти-ку... (Роботнинг елкасидаги блокни кавлаштира бошлайди.)
ҚЎЧҚОР. И!... Ўчиб қопти, деганинг нимаси?! Мен шунча гапни кимга гапирдим бўлмасам? Бутун ўзбекнинг дардини дастурхон қилиб ўтирибман! (Хафа бўлиб.) Доим шу — бизга ўхшаган одам гапирса, ё ҳеч ким эшитмайди, ё эшитадигани темир чиқади...
ОЛИМЖОН. Шу блокни алмаштириш керак экан-да, қаеридадир контакт бўлмаяпти.
ҚЎЧҚОР. Нима-такт?
ОЛИМЖОН. Контакт. Ўқтин-ўқтин тутиб қоляпти. (Бошқа схема қўяди.)
АЛОМАТ (нозли). Унақа қараманг одамга... Бирам нигоҳингиз ўткирки...
ҚЎЧҚОР (довдираб), Ким?.. Менми?.. Йў-йў, қараганим йўқ... Ўлибманми, сизга қараб... Мен томга қараяпман...
АЛОМАТ. Доим шунақа дейсиз, одамни хижолат қилиб қўйиб... Ёмонсиз, Қўчқор ака...
ҚЎЧҚОР (жонҳолатда). Шунисини қўй, Олимтой, шунисини қўй, ука! Ўчирма, ўчирма!.. (Роботга.) Аломатхон!.. Гапиринг, Аломатхон!.. Шунақа гапларингиздан гапиринг!..
АЛОМАТ. Вой, ануви кишимни!.. Нима дейман?..
ҚЎЧҚОР. Э, майли-да, нима десангиз ҳам!.. Сиздай аёлга гап қаҳатми, Аломатхон!.. Ишқилиб, овозингизни эшитсам бўлди!..
АЛОМАТ. Э, боринг-е..
ҚЎЧҚОР. Олимтой!!! Сен — худосан! Яратиб қўйганингдан айланай! Энди мундоқ ўтир.
Олимжон ўтиради.
Олимтой! Жигарим! Гап мундоқ. Шу... (Аломатга караб қўйиб.)  Аломатхоннинг  олдиларида   ноқулай   бўляпти-ку...
ОЛИМЖОН. Унда ўчириб қўямиз. (Роботни ўчириб.) Хўш?
Қўчқор ўчдими-йўқми, деб Аломатга тикилади, кейин унинг кўзи олдида қўлини у ёқдан-бу ёққа ўйнатиб кўради. Аломат тек қотиб тураверади.
ҚЎЧҚОР. Гап мундай, Олимтой. Укаммисан?
ОЛИМЖОН. Албатта.
ҚЎЧҚОР. Жонажон укаммисан?
ОЛИМЖОН. Бўлмасам-чи.
ҚЎЧҚОР. Агар жонажон ака-ука бўлсак... (Аломатга қараб кўйиб.) Эшитмайди-а?
ОЛИМЖОН. Эшитмайди.
ҚЎЧҚОР. Агар жонажон ака-ука бўлсак, битта укалик қиласан, ука.
ОЛИМЖОН. Хўш?
ҚЎЧҚОР. Биласан, кеннойинг кетиб қолди. Шу, десанг, хотинсиз уй — уймас-да. На кийинишингда тартиб бор, на иссиқ-совуғингда тайин бор, қидирган нарсанг топилмайди, падарига лаънат! Хуллас, қийин. Шу, Аломатхон рўзғорга сал мундай... нима дейди, қарашиб турса-а, девдим-да.
ОЛИМЖОН. Бемалол. Нима иш буюрсангиз ҳам қилавера-ди.
ҚЎЧҚОР. Тўғри-ю, лекин... (Аломатга қараб кўйиб.) Эшитмайди-а? Шу, десанг, уй ишларини-ку қилаверади, гап ундамас. Ишдан чарчаб келганингдан кейин мундоқ ёстиқларга ёнбошлаб, дунёнинг паст-баландидан суҳбат қурсанг, а? Ҳалигидақа икки оғиз ширин сўз билан чой узатса, а? Чарчоғлар ёзилиб, дилдаги ғуборлар фориғ бўлармиди-и, деган гап-да бизники. Вей, яхши гапнинг гадосимиз, Олимтой!
ОЛИМЖОН. Майли. Қўчқор ака. Қайтанга ишлаб тургани яхши, баҳонада мен ҳам у-бу камчилигини кўриб оламан. (Турмоқчи бўлади.)
ҚЎЧҚОР (енгидан тортиб). Ўтир. Гап, Олимтой, Аломатхоннинг менга кўрсатадиган хизматида эмас. Гап — кўнгилда! Битта овқат-у сигир соғиш бўлса, қўшниям қилиб бераверади. Лекин эрталаб ишга кетаётганингда «яхши бориб келинг, дадаси» деса, а?
ОЛИМЖОН. А?..
ҚЎЧҚОР. Майли, «дадаси» керак эмас. «Яхши бориб келинг» деса. ёки кечқурун чарчаб келганингда «яхши келдингизми» деса, а? Мана буни, Олимтой, қўшнинг қилиб беролмайди-да! (Илмоқли.) Англаяпсанми?
ОЛИМЖОН (бепарво). Майли, дедим-ку, Қўчқор ака. Ишдан қочмайди, гапингиздан чиқмайди. Бемалол. (Турмоқчи бўлади.)
ҚУЧҚОР. Э, ўтир! Энди, Олимтой... (Аломатга қараб қўйиб.) Эшитмайди-а? Энди-и, Олимтой, ўзингдан қолар гап йўқ. Бу ёғи — қишлоқчилик» биров у дейди, биров бу дейди — эл оғзига элак тутиб бўлмайди, хўпми. (Олимжоннинг ҳайрон бўлиб турганини кўриб.) Йўқ, йўлигада, ёлғондакамига... Шу, бир-иккита мўйсафидни чақириб, бир ошамгина ош билан фотиҳага ўхшаган гап қиворсак, а? Ўзбекчилик-да...
ОЛИМЖОН . Ие, ўйлаб гапиряпсизми, Қўчқор ака? Нима, эл-юртга кулги бўлмоқчимисиз? Ҳамма ишингизни қилса — сигир соғишми, кир ювишми, овқат-повқатми — фотиҳага бало борми? Қизиқ гапни гапирасиз-а! Э, тавба!.. Хўп, эрта ё индин терим бошланади, Аломат синовга чиқиши керак. Унда нима бўлади?
ҚЎ Ч ҚО Р (Олимжонни таслим бўляпти, деб ўйлаб). Йўқ, пахтага гап йўқ, гап йўқ. Аёл зотининг-чи, вей, жони темирдан бўлади — уйниям эплайди, даланиям! Кўриб юрибмиз-ку.
ОЛИМЖОН. Биров эшитса нима дейди, Қўчқор ака, ўйлаяпсизми?
ҚЎЧҚОР. Менам шуни айтаман-да, Олимтой. «Уйингиз-да бир заифа пайдо бўп қопти, Қўчқорвой, ким бўлди у?» деб сўрашса, нима дейман? Аммамнинг қизи, дейманми? Одамларнинг қайси бирига тушунтираман, бу шунақа, одам эмас, Олимтой яратган робот, деб? Битта мулла чақириб, йўлига никоҳга ўхшаган нарса қиворсак — бўлди. Юраверамиз, гап йўқ, сўз йўқ. Шу билан бир нима бўп қоладими?
ОЛИМЖОН . Ахир бу одам эмас-ку, Қўчқор ака, темир-ку, нега тушунмайсиз?! Ичи тўла сим, пластмасса, ярим ўтказгичлар! Бу — машина! Э, гапираверадими ҳар нарсани! Эртага синовдан ўтолмаса-ю, бузиб ташласам нима бўлади? Бир уюм темир қолади!
ҚЎЧҚОР. Ҳа энди, бузманг-да, Олимтой. Шундай нарсани бузсангиз, уволи тутиб, қўлгинангиз акашак бўп қолмайдими! Э-э, етганлар бор, етмаганлар бор... Хўп де, Олимтой, дил кетди-да энди. Сенга нима, бу бўлмаса бошқасини ясаб олаверасан, бизга ўхшаган сўққабошга қийин... (Бечорасифат.) ёлғизлик ёмон, Олимтой, буни бошига тушган билади...
ОЛИМЖОН (тоқати тоқ бўлиб). Э, билганингизни қилмайсизми!.. (Туриб.) Мен идорага бориб келаман. Билай-чи терим қачон экан. (Чиқиб кетади.)
Қўчқор Олимжондан розилик олдим, деб ўйлаб ўзида йўқ шод. Секин Аломатнинг орқасига ўтиб, эҳтиётлик билан тугмачасннн босади. Аломат жонланади.
ҚЎЧҚОР. Зерикмайгина ўтирибсизми, Аломатхон?
АЛОМАТ (ҳеч гап бўлмагандай). Раҳмат.
ҚЎЧҚОР. Энди-и, Аломатхон, мана шу рўзғорнинг оғир-енгили икковимизнинг бўйнимизда, хўпми. Яхшисини ошириб, ёмонини яшириб, дегандай, тебратаверамиз. Бирпас туриб мулла Сувонни чақириб чиқаман, никоҳ ўқиб қўяди. Майлими?
АЛОМАТ. Нима ўқитсангиз ўқитаверинг, ихтиёрингиз.
ҚЎЧҚОР (эриб кетиб). Қаранг, вей, одамлар гап қайтармайдиган хотин йўқ бу дунёда, дейишади! Мана! Бу катта холангми? Вой, омилар-эй! Вой, дунё бехабарлар-эй!.. Ракатопинг, Аломатхон, ракатопинг! (Яйраб.) Шу, туриб-туриб Олимтойгаям қойил бўлмай кетаман-да, лекин. Сизни, дейман, илгарироқ ясамайдими... э, ҳалиги, олиб келмайдими! Ҳа, эси йўғ-а, эси йўқ... Лекин, Аломатхон, сизнинг омадингиз бор экан. Нимага, денг.
АЛОМАТ . Нимага?
ҚЎЧҚОР. Насибангиз мендай одам билан қўшилган эканми, омаднинг келгани шу-да! Қўчқор ака, десангиз, қишлоқнинг етти ёшдан етмиш ёшигача «ҳў, ана уйи» дейди! Колхозда обрў ёмонмас. Неча йилдан бери суратимиз «Ҳурмат тахтасиидан тушмайди. Анови куни қарасам, сарғайиб ҳам кетибди. Келаётиб кўргандирсиз, шундоқ идоранинг олдида-да... Ҳа-я... Хуллас, идоранинг олдида. Эсимни танибманки, трактор ҳайдайман. Ёмон бўлганимиз йўқ, бировдан олдин, бировдан кейин, дегандай..а (Хижолатли) Бир марта, денг, райондаги байрам намойишида минбарда турганман, катталар билан. Ғалати бўлар экан... Хўш, деганингиздан билсак, икки марта Тошкентгаям борганман! Шаҳармисан шаҳар-да лекин! Э, кўраман деганга дунё кенг экан, Аломатхон. Ана, битта колхозчига бундан ортиқ яна нима керак? Хуллас, мен билан кам бўлмайсиз. Ҳа, айтгандай, мулла келса, нима дейишни биласизми?
АЛОМАТ. Гапига қараб жавоб қилавераман.
ҚЎЧҚОР. Йўқ, ҳамма гапигаям жавоб қилманг-да. «Фалончи писмадончи қизи, сиз фалончи писмадончи ўғлига эрга тегишга...» Эрга тегишгами, турмушга чиқишгами, ишқилиб, шунга ўхшаш гап бўлади-да. «Эрга тегишга розимисиз?», деб биринчи марта айтганида индаманг. Иккинчи марта сўрайди, яна индамайсиз. Учинчисида секингина «розимаан» деб қўя-сиз. Хўпми?
Аломат жим тураверади.
(Кўрқиб кетиб.) Аломатхон... Аломатхон!
АЛОМАТ . Лаббай, Қўчқор ака?
ҚЎЧҚОР. Э, хайрият-э... Мен тағин ўчиб қолдингизми, дебман.
АЛОМАТ (биқинини ушлаб). Ичимда бир дардим бор-да, Қўчқор ака.
ҚЎЧҚОР (капалаги учиб). Йўғ-е?.. Унда нима қилдик?.. Дўхтир чақирайми? Э-ҳа, бизнинг қишлоқда дўхтир нима қилади... Ҳозир, ҳозир, бир йўлини топамиз... Оғайнимнинг машинаси бор, илтимос қилсам обориб ташлайди. Касалхона яқин, ўн километр ҳам келмайди, шундоқ идоранинг олдида... (Қўшни ҳовли томонга.) Бозортой! Ҳў, Бозортой! (Аломатга.) Айтгандай, сизга дўхтир керакми ё механикми? Ие, бу ёғини ўйламабмиз-ку... Яхшиси, Олимтойни кутамиз, идорага кет-ган, ҳозир келиб қолади...
ШАРОФАТ (девор оша мўралаб). Лаббай?
ҚЎЧҚОР.  А? Ҳа... Бозортой келдими?
ШАРОФАТ . Бозорвой акам келувдилар, икки қопгина савзи олиб, яна бозорга кетдилар. Нима эди?
ҚЎЧҚОР. Йўқ, сўрамоқчи эдим-да, ҳалиги... сизлар ўтган йилги налогни тўладингларми?
ШАРОФАТ . Менинг хабарим йўқ, Бозорвой акам биладилар. (Ғойиб бўлади.)
ҚЎЧҚОР (Аломатга, ачиниб).  Жа  қаттиқ оғрияптими?
АЛОМАТ. Оғриётгани йўқ, нимамдир ўқтин-ўқтин ишламай қолади.
ҚЎЧҚОР. Ҳа, оғримаса яхши...
АЛОМАТ. Сизнинг ҳам баъзан бирор жойингиз ишламай қоладими?
ҚЎЧҚОР. Масалан, қаерим?
АЛОМАТ (елка қисиб). Энди-да...
ҚЎЧҚОР. Иссиқ жон — касал-пасал бўп турамиз, лекин ҳамма жойим ишлайди.
АЛОМАТ. Қўчқор ака, мен ҳам одамга ўхшаб кийинсам, девдим.
ҚЎЧҚОР (севиниб). Яхши дебсиз, Аломатхон! Тарбия берган ота-онангизга раҳмат! Ракатопинг! Йўқ, шу кийимингиз ҳам яхши-ю, энди, ўзингиздан қолар гап йўқ, бу ёғи қишлоқчилик... Юринг, уйга кириб кўрайлик-чи, хотиннинг кўйлак-пўйлаги бормикан. Э, анови кетиб қолган хотиннинг-да! Қани... (Уйга таклиф қилади. Унинг кетидан қараб.) Бай-бай-бай, жаннат, жаннат! Шу, жаннатдаги ҳуру ғилмонлар аслида ўзимизнинг зовудларда тайёрланиб, кейин ўша ёққа жўнатиладими, дейман-да... (Ичкарига кириб кетади.)