Facebook
Навоийга қайтиш - 5 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Навоийга қайтиш
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа


5
Алишер Навоий таваллудининг беш юз йигирма беш йиллиги тантанали нишонланган йили биз талаба эдик. Ўшанда Навоий асарлари билан бирга Навоий ҳаёти, ижодига бағишланган кўп нарсалар босилган эди. Биз уларни иложи борича назардан четга қолдирмаслик ва топиб ўқишга ҳаракат қилардик.
Айниқса, «Ўзбекистон маданияти» газетаси, «Гулистон», «Шарқ юлдузи», «Ўзбек тили ва адабиёти» журналларида чиққан ижод намуналарини, албатта, ўқирдик. Ўшанда «Гулистон» журналида марҳум шоир Собир Абдулланинг бир туркум шеърлари чоп этилиб, биттаси Алишер Навоийга бағишланган мадҳия эди. Шеърдаги бошқа бирор сўзни ҳам ҳозир эслай олмайман, лекин мана бу тўрт мисра ҳанузгача хотирдан чиқмайди:
Билмак Навоийни – бу зўр маърифат нишони,
Билмак Навоийни – бу юксакка элтар они.
Билмак Навоийни – бу ўз нафъи, йўқ зиёни,
Билмак Навоийни – бу ойнаи жаҳони.
Ёшлик тасаввури билан, демак, Навоийни билиш маърифат, юксаклик ва жаҳонни кўриш «ҳужжати» деган хулосага келганман. Лекин Навоий ижодиётининг моҳият ва руҳоният оламига кириш, гўзаллик сир-асрорини баҳоли қудрат англаш осон эмаслигини, рости ўйлаб ҳам ўтирмаганмиз.
Навоийни англаш «мақоми»га етиш том маъноси ила бир саодат. Фақат бунга ғоятда секинлик билан, ниҳоятда кўп мутоолаа ва мушоҳада ила, муълум бир ҳаёт тажрибасига эга бўлиш билан эришилади. Демоқчимизки, Навоий ижодиётини шошилиб ёки кундалик ҳаёт ташвишларига кўмилиб ўрганиш жуда қийин. Навоий ҳазратларининг ижод қасрларига кириш – муқаддас бир ибодатгоҳга, улкан бир санъат масканига киришдек махсус тайёргарликни талаб қилади. Навоийнинг руҳонияти шу қадар баланд, Навоийнинг тафаккур дунёси шу даражада теран ва маҳобатли.
Навоий меросини ўқиб-ўрганиш бундан ўн йиллар муқаддам ҳам алоҳида тоифа ёки гуруҳнинг эҳтиёжи эди. Бугун энди бутун бир миллатнинг эҳтиёжига айланиб бораётир. Демак, миллат тафаккур меҳнатини зиммасига олмоқчи. Руҳоният учун қайғурмоқчи, ўзлигини танимоқчи ва Ватан билан бир жону тан бўлиб яшамоқчи. Бундан ҳар қанча қувонса арзийди.
«Навоийни бугун яхши ўрганмоқ керак!» – дейилганда «Кеча нега яхши ўрганилмади?» – деган саволга ҳам жавоб топиш керак бўлади. Шу маънода баъзи фикрларга диққатни қаратмоқчимиз.
Алишер Навоий ғазалларидан бири шундай байт билан бошланади:
Кийик чарми заиф эгнимга мажнунлуғ нишони бас,
Жунун тоши синуқ бошим уза қуш ошёни бас.
Байт мазмунини унча қийналмасдан тушунса бўлади. Шеър қаҳрамонининг ташқи сувратини ҳам тасаввур этиш осон: «кийик чарми»га ўранган заиф бир вужуд. «Жунун тоши» устидаги яраланган бош. Бу ғариб бош соҳибининг бирдан-бир орзуси мажнунлик ҳолига эришиш ва «қуш ошёни»ни манзил айлаш. Демак: «нишон»дан ва «ошён»дан мурод – мутлоқ ҳурлик истагини билдириш. «Кийик чарми» ҳам, «қуш ошёни» ҳам орзуга ишорат. Лекин кўп қатори «заифлик» ва «синиқлик» нималигини билсак-да, шахсан мен, ҳолат ўлароқ уни идрок қила олмайман. Биринчидан, бундай ҳолнинг сирини билмайман. Иккинчидан, бунақа ҳолатни яшамаганман. Шунга қарамасдан, байт мазмунидан кўнгилга бир енгиллик инади. Негадир айнан «қуш ошёни» ибораси дилимга ёқимли эшитилади. Энг муҳими эса орзиқтирувчи бир кайфиятдир. Бу кайфиятнинг номи руҳоний ҳурлик. У қандай туғилади ва унга қандай эришилади – бу энди муаммо.
Алишер Навоийга кўра, агар кўнгилда ишқ оташи ёнмаса, кофирлик билан мусулмонликда фарқ қолмайди. Ишқ бўлмаса зуҳду тақво қуруқ даъводир:
Ишқ кўнглунгга солиб дард, они қон этмиш,
Ол  кисват била кофирни мусулмон этмиш.
Яъни, ишқ кўнгулга дард солиб уни қон этмиш. Лекин шу қон кўнгил либоси бўлганлиги туфайли кофир мусулмонга айланмиш.
Албатта, бунда назарда тутилган «кофир» – нафс. Уни мусулмон айлаш «тажриба»си эса соф тасаввуфий тажриба. Бу «тажриба»нинг талаб, эҳтиёж, шарт ва мажбуриятларини инобатга олмай, Навоийнинг руҳ, кўнгул, фано, бақо, ҳурлик ҳақидаги фикр ва тасвирларини умуман тўғри машоҳада этиб бўлмайди, Чунки, Навоийнинг лирик қаҳрамони Ҳақни ичкин ўлароқ нафсда мушоҳада айлагани учун у ниҳоятда кучли руҳий, ҳиссий салоҳият соҳибидир. Унинг кўнгил ва руҳ оламига яқинлашишининг бир неча йўли бор. Шулардан бири –  тасаввуф.
Тасаввуфни қоралаш, унинг ҳақиқатларини нотўғри талқин қилиб, мутасаввифларни бадном айлашни шўро мафкураси равнақи учун бел боғлаб хизмат қилган олимлар бошлагани йўқ. Бу иш ўнинчи асрлардаёқ бошланган. Тасаввуфдаги Ҳақ нарса ботил сифатида кўрсатилгач, Калобозийнинг айтишича, «тасаввуф ҳақиқатини биладиганлар бир гўшага бекиниб, билганларини бошқалардан сир тутганлар. Оқибатда халойиқ кўнлида тасаввуфга нисбатан нафрат уйғониб, кўнгиллар сўфийлардан совиган.
Шўро даври адабиётшунослигида Навоий ижодиётини имкони бўлгани қадар тасаввуфдан узоқлаштириш  ёки ажратиш нуқтаи назари ҳукмронлик қилган бўлса, қайта қуриш ва ошкоралик замонидан сўнг  бунга мутлақо тескари ҳаракат бошланди. Яъни, Навоийнинг деярли ҳар бир  шеъридан тасаввуфий маъно ахтариш, қандай қилиб бўлса ҳам ирфоний ҳақиқатларни «кашф»  этиш умумий бир интилишга  айланди. Кечагина тасаввуфга ёт бир назар билан қараган ёки бу таълимотнинг куч-қуввати ва мавқеи билан ҳисоблашишни истамайдиган олимлар ҳам тасаввуф ҳақида  ижобий фикр-мулоҳазаларини баён қилишга киришдилар. Мустақилликдан кейин сўфийлик ва тариқатлар тарихи, тасавуф ва адабиёт  муаммолари эркин ўрганишга киришилди. Тасаввуфни  пухта тадқиқ этмасдан мумтоз адабиётни текшириш самара бермаслиги  равшанлашди. Бу ҳодиса баъзи навоийшуносларга  ҳам ички бир енгиллик бахш этди. Чунки улар айнан ўша шўро мафкураси талабларини ифодалайдиган ва тасаввуф маслаги Навоий  дунёқараши учун ҳам, шеърияти учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмаган, деган ҳукм ва баҳоларининг тасдиғини кўргандай бўлишди. Ҳолбуки, айрим саёз ва шошма-шошарлик билан амалга оширилган ишлардан ташқари кўпчиликнинг диққатини ўзига жалб этган ва Навоий ижодиётига янгича қарашни тасдиқлашга қодир тадқиқотлар ҳам яратилди. Тўғри, бу ишларниг ўзига яраша нуқсон ва камчиликлари бор. Дастлабки уриниш ва изланишлар учун бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Биз истаймизми, истамаймизми, навоийшуносликда маълум бир саёзлик, якранглик ва турғунлик кўзга ташланиб турибди. Уни бартараф этиш осон эмас. Бунинг учун биринчи навбатда Навоий шеъриятининг руҳоният ва туйғулар оламига қарашларни тубдан ўзгартириш лозим, янгича тадқиқ усул ва йўлларини жорий этишга уриниш керак. Навоий шеърларида санъаткорлик билан тасвирланган маъно ва тимсолларнинг зоҳирий «қатлам»лари хусусида баҳс юритиш билан чегаралнмасдан, уларнинг ботиний «қатлам»ларини ҳам очиш лозим. Буни эса тасаввуфий илмга эга бўлмасдан юзага чиқариш жуда-жуда душвордир. Албатта, юқорида қайд этилганидек, Навоийнинг ҳамма шеъридан тасаввуфий моҳият излаш ва уларни атайин тасаввуфлаштириш тамоман номақбул ишдир. Айни пайтда, шуни ҳам унутмаслик керакки, Навоийнинг аксарият шеърларида тасаввуфнинг ё зиёси, ё сафоси, ё маъноси ёки истилоҳ ва тимсоли эркин ўрин эгаллаган. Буни ҳам инкор этиб бўлмайди. Фақат ишқ, фақат ҳақиқатда эмас, аҳлоқ-одоб, руҳ, тафаккур, маърифат, шахс тарбияси ва дунёга муносабат масалаларида ҳам тасаввуф Навоий дунёқарашини машъалдай ёритиб турган. Гап бунда Навоийнинг нақшбандийлик тариқатини расман қабул қилганлиги ва инсон қисматига доир бир қанча ахлоқиий, маънавий ва фалсафий муаммоларни ушбу тариқат талаб ва кўрсатмалари бўйича ёритганлигида эмас, албатта. Навоийнинг тасаввуфга ёндошуви ва бу таълимотдан кўзда тутган мақсади – шахс ва миллат тиқдирига масъул, юрт тараққиётига сув ва ҳаводай зарур тушунчаларнинг истиқболи учун ёниб курашган, ҳақиқатни фақат таниш эмас, ҳақиқатни севиш салоҳиятини ҳам кўзлаган мутафаккир санъаткорнинг ёндашув ва мақсади эди. Навоийнинг тасаввуф чашмаларидан чуқур баҳраманд бўлганлигини исботлаш учун ташқаридан «ҳужжат» ахтаришга эҳтиёж йўқ: улар шоир ижодиётиниг ўзида мавжуд. Тасаввуфий тажрибада туйғу ва  ҳаяжон фавқулодда муҳим рол бажарган. Фано мақомида  толиб-матлуб ёки ошиқ-маъшуқ бирлигини акс эттирган завқу-сурурнинг асоси ҳаяжон унсуридир. Зеро, ишқ сурури ва ёруғ туйғулардан маҳрум ошиқнинг йўли таҳликалидир.
Жалолиддин Румийда  шундай байт бор:
Илмро бар тан занй, море бувад,
Илмро бар дил занй,  ёре бувад.
Яъни: Илмни танга сингдирсанг, илон  бўлади. Илмни дилга жо этсанг, ёр бўлади. Навоий меросини ҳар томонлама теран ва ҳаққоний ўқиб ўзлаштиришда, ҳеч шубҳасизки илм керак. Лекин у илон  тимсолидаги илм бўлмаслиги лозим. Ақл,  юрак, руҳ ва илмни ҳамжиҳат  -  уйғунликда ишлата олган одам Навоийнинг ижод галшанига ортиқча қийинчилик сезмай, яйраб кириб боради ва сўнгги нафасигача ундан ажралмайди.

Иброҳим Ҳаққул