Facebook
Навоийга қайтиш - 3 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Навоийга қайтиш
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа


3
Тасаввуфга бағишланган мўътабар китобларда такрор-такрор келтириладиган бир ҳикоят бор: нақл қилинишича,  Шайх Самъуннинг мажлисида бир одам унинг ёнига келиб ўтириб ундан «Муҳаббат недур?» - дея сўрабди. «Бугун бу масалани тушунмоққа қодир бирор-бир кимса йўқдур», - дебди Самъун. Шунда  унинг ёнига бир қуш келиб қўнибди. Шайх қушни тиззасига олиб,  «Муҳаббатни англаган бирор жонзот бўлса, мана шу қуш эрур», - дебди-да унга юзланиб сўз бошлабди: «Сўфийлар ишқ ва муҳаббатда шу, шу... даражаларга юксалдилар. Шундай, шундай сирларни мушоҳада этдилар...»  сингари бир қанча гапларни айтибди. Самъун ишқ ҳақида шу қадар таъсирли гапирибди-ки, бир пайт унинг тиззасидаги қуш ўлик ҳолида ерга қулиб тушбди. Ва бу ҳол мажлис аҳлини ҳайрону лол этибди. Ҳазрат Навоийнинг айрим ғазалларини ўқиганимда мана шу ҳикоят тез-тез ёдимга келаверади. У ғазалларнинг сир ва таъсир қувватини таърифлаш қийин. Баъзан уларнинг башар хайлига мўлжалланганлигига ақл ҳам унча бовар этмайди. Чунки Навоийнинг аксарият ғазалари, ақлусти бир туйғу ва завқи руҳоний ила битилган.
Нажмиддин Кубронинг таъкдлашларича, «Муҳаббатнинг интиҳоси ишқнинг ибтидоси эрур. Муҳаббат қалб учун, ишқ эса  руҳ учундир».  Шунингдек, Ҳақ сифатларининг мушоҳада этлишига муҳаббат, Ҳақ феъллари нурининг идрокига ишқ ва Ҳақ зот нурининг мушоҳадасига унс дейилмиш.
Навоий:
Хилвате топиб, сени жисмим аро жон айласам,
Балки жон хилватсаройи ичра меҳмон айласам,
деган мисраларни ёзганида қарилик фаслига етган ва руҳида унс ҳоли ғолиб эди. Буни байтнинг умумий мазмунидан, хусусан, хилват орзусидан илғаш қийин эмас.
Хилват – халқдан узоқлашиб, улардан айри яшаш учун бирор-бир гўшага чекиниш  демак.  Тасаввуфий маънода хилват ёки узлатдан кўзда тутилган аосий мақсад ёмон аҳлоқдан ажралиш, тубан ишлардан воз кечиш,  қалбни жилолантириб, руҳни ҳузур ва фароғатга етиштириш. Бу узоқ давом этидиган ҳодиса эмас. Лекин шу қисқа муддатда маъшуқа ошиқнинг жисми аро жонга айланиши мумкин. Навоий эса ошиқлар учун доимий орзу бўлиб келган ёр ила хилват хусусида сўзлаётир. Аммо бу хилват моҳияти тамоман бошқача. Чунончи: ошиқ ёрни жисми ичра жон этиб  «хилват саройи ичра меҳмон» қилиш билан кифояланмасдан, «танда жон янглиғ» уни жон бағрида пинҳон тутмоқчи:
Хилват элдин ёшурун, хилват аро тан ёшурун,
Танда жон янглиғ сени жон ичра пинҳон айласам.
Маълумки, жон  форсий сўз бўлиб, руҳ, кўнгил, тириклик нафаси сингари маъноларни ифодалаган. Тасаввуф ва тасаввуф адабиётида жон тушунчаси жуда кенгайтирилиб, калима таркибига янги маънолар киритилган. Масалан, эндигина сайри сулук йўлига кирган дарвешларга мавлавийлар «жон» дейишган. Кўп тариқатларда эса жондан мурод меърожи маънавий бўлган. Бундай юксалиш ҳолидан йироқ шеърхон висолни яшириш, махфий сақлаш учун «жон пардаси»ни имкони бўлгани қадар ҳар томонга осиш ёки қандай осишни умуман тасаввур қила олмайди:
Анда ҳам жон пардасин ҳар сари осиб сатр учун,
Васлинг ихфосин  нечаким, бўлғай имкон, айласам.
Хўш, бу гаплар кимга қаратилган ва уларнинг ҳақиқатини ким тўғри англай олади? Ўзлик масаласида бош қотирмаган, ўзликдан кечиш йўл-йўриқларидан бехабар ҳеч ким. Мосиводан (Ҳақдан бошқа ҳаммасидан) бутунлай фориғ бўлиб Ҳаққа боғланган чин ошиқ ёки ориф мана бу байтда гап  нима тўғрисида эканлигини тез ва хатосиз билиб олади:
Чу бу хилват ичра не ўзлук эрур маҳрам, не мен,
Ҳар не номаҳрам дурур, ўздин паришон айласам.
Аслида «Ўзлук» ҳам бир мен.  Аммо Навоий  шундай бир «ҳилват»дан баҳс юритаётирки, унда ўзликдан нисбатан ажралган, анқроғи ишқ оташида тобланган иккинчи «мен» ҳам ёрга тўла  маҳрам  бўлишга қодир эмас. Бироқ, «ҳар не номаҳрам» бўлса, барча-барчасини ўздин йироқлаштиришга қасд қилган худди ана шу «мен» ғазалнинг бош қаҳрамонидир. Нафс ва нафсоний майллар унга ағёр бўлганидек, Ҳақдан йироқ қолганлар ва воқиф бўлмаганлар ҳам ағёрдир. У ишқ изҳорига тил нечоғлик ожиз деб билса, ҳижрон дарди шарҳида ҳам «безабонлиғ» «усули»ни танлайди:
Дафъ ўлуб ағёр, топсам бор ул хилват аро,
Безабонлиғ бирла шарҳи дарди ҳижрон айласам.
Тасаввур қилингки, ошиқнинг хилватга дахлдор ва байтма-байт таъкидланиб келинган деярли барча истак ёҳуд ҳоҳишлари рўёбга чиқди. У энди мутлақ фоориғ ва сокин одам. Бундай ҳолнинг ҳикмати нима? Биринчи ҳикмати, лаҳза мазмуни, лаҳза сурурини ўзида мужассамлаштирган ва лаҳза нуридан мунаввар ҳолга соҳиб бўлиш. Зеро, боқий умр асрори «бир лаҳзалик ушбу ҳол аро» яшириндир. Шу боис ҳам ошиқ ҳеч иккиланмасдан, «Умри боқий топқамен, бир лаҳза ушбу ҳол аро», дейди. Иккинчи ҳикмат, ошиқлик камолини белгиловчи бехудлик ёки беҳушлик «мақоми»га кўтарилиш. Бу мақомда тил ишқ асрорига маҳрам эмаслигини англаган ошиқ бир умр жамол завқи ила нфас олишни истайди:
Умри боқий топқамен, бир лаҳза ушбу ҳол аро,
Ўзни бехуд, кўзни рухсорингға ҳайрон айласам.
Сиртдан қаралганда, ғазал мақтаъсидаги фикр олдинги байтлардаги гаплар билан мантиқан унча боғланмайди. Чунки ўқувчи ишқ тарки иқрорини хаёлга ҳам келтирмайди. Аксинча, султоний бир ҳолга етишган ошиқликннинг истиқболига  ўзича инонгиси келади. Аммо ғазалда талқин этилган «хилват» туйғусини ҳамма ҳам идрок қилишга қодир эмас. Айниқса, ўздин кечиб, ҳайрат водийсига етган «бехуд» ошиқ аҳволига кўпчилик бошқача нигоҳ билан қараши табиийдир. Шоир масаланинг шу жиҳатини ҳам ҳисобга олади ва ишқ йўлидан чекинишга асло иложи йўқлигини шундай тарзда баён этади:
Эй Навоий, дема иқрор айла ишқи таркини ,
Ким инонғай, гар ўзумга буйла бўҳтон айласам.