Facebook
Навоийга қайтиш PDF Босма E-mail
Материал индекси
Навоийга қайтиш
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа

Мана беш юз йилдан ортиқ муддатки,  Алишер Навоий халқ фахри, тилимизнинг байроқдори, шеърият мулкининг султони, маданият ва маънавиятимизнинг порлоқ қуёши бўлиб келмоқда.

Навоийга ўхшаш доҳий шоирлар тасодифан дунёга келмайди. Бунинг учун жуда яхши шаклланган ижтимоий-маданий муҳит ва ривожланган иқтисодий-сиёсий шароит зарурдир. Навоий ўн бешинчи аср фарзанди. Лекин унинг ижодий шахсияти Амир Темур асос солган буюк салтанат билан, шу салтанатдаги маърифий-маънавий кўтарилишлар билан чуқур боғлиқ. Амир Темур Мирзо Улуғбек тақдирида қанчалик муҳим ролни бажарган бўлса, темурийзода Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийнинг Навоий бўлишида алоҳида ҳисса қўшган. Шунинг учун Амир Темур ҳукмронлиги даврларида шаклланган ва ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида ибратли натижалар берган давлатчиликдаги Бирлик туйғуси Навоийни кўп илҳомлантирар эди. «Хуросон ва Мовроуннаҳр тарихида, - деб ёзганди академик Иззат Султон, - «Темур ва темурийлар даври» деб аталмиш палла Навоийнинг таҳсин ва ғурурини уйғотар эди, чунки бу давр «турк улуси» зодагонларининг ҳокимият бошига келиши ва миллий манадият ҳам адабиётнинг тараққиёти даври бўлди. Зотан, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг бу давр тарихи гениал шоирнинг бунёдга келишига замин ҳозирлаган ва Навоий ўз тақдири ва тарихий миссияси билан бу давр орасида узвий, чамбарчас алоқа борлигини сезар эди». Шу боисдан ҳам Навоий фикри очиқ, руҳонияти соғлом, тўғрилик, ростлик ва ҳақиқатни умр моҳияти деб билган эл учун ижод қилиш заруриятини чуқур ҳис этган. Сўз билан одамни алдаш, сўз билан ёлғонни ҳақиқатга айлантиришга уриниш миллат манфаати учун катта зиён ва кечирилмас қабоҳат эканлигини Навоий ҳар нарсадан ортиқроқ тушунган. Улуғ шоир бутун ижодиёти мобайнида «Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил», деган талаб ва шиоридан мутлақо чекинмаган. Бу – ижод тажрибасида жуда сийрак учрайдиган ҳодиса.
Навоий ўн бешдан зиёд шеърий шаклларда қалам тебратган.   У ғазал, рубоий ва бошқа турдаги шеърларида  инсонга хос  жамики  гўзал ҳис-туйғулар, эзгуликка чорловчи маъноларни тасвирлаб берган деса, муболаға бўлмайди.
Навоийнинг ўзбек тилида илк маротаба «Хамса» яратиши чинакам ижодий жасорат эди. «Хамса» - беш улкан достонни ўз ичига олган мукаммал асар. Ҳар достоннинг  ўзи бир оламдирки, ундаги ғоялар,  ҳақиқатлар, неча ўнлаб қаҳрамонлар тақдири инсоният қалбини  абадулабад завқлантиришга қодир.
Алишер Навоийнинг буюклиги  ва халқимиз тарихидаги хизматлари  мутафаккир шоирлиги билангина белгиланмайди, албатта. Навоий бадиий ижод жабҳасида қанчалик тенгсиз бўлса, илмда, яъни олимликда ҳам  шунчалик  беназир. Навоийнинг тилшунослик, адабиётшунослик, тарих ва тасаввуфшуносликка бағишланган асарлари ҳанузгача ўзининг илмий қимматини бой бергани йўқ. Тилимиз,  адабиётимиз муаммоларини ҳал  қилишда бу нодир тадқиқотларга қайта-қайта мурожаат қилишимиз, айниқса, ёш авлод улардан пухта хабардор бўлиши зарур.
Алишер Навоийнинг ҳаёти, адабий, илмий меросини ўрганиш олижаноб меҳнат. Унинг таржимаи ҳоли, меросига қизиқиш XV асрдан бошланган. Навоий асарлари ўз замонасидаёқ моҳир хаттотлар  томонидан қайта-қайта кўчирилиб, халққа етказилган бўлса-да, навоийшунослик йигирманчи асрда янгича шаклланди. Албатта, шўро даврида  Навоий асарлари нашри ва тадқиқи бўйича кўп ишлар қилиниб, маълум ютуқларга эришилган. Аммо улар эркин ёки озод бир миллатнинг талаб ва  эҳтиёжларини қондира олмасди.  Чунки, Навоий тўғрисида баҳс юритган ҳеч бир олим шўро мафкураси томонидан белгиланган чизиқдан четга чиқа олгани йўқ. Айтиш зарур бўлган фикр-мулоҳазаларнинг аксарияти тадқиқотчиларнинг  кўнглида  қолиб кетганлиги энди сир эмас. Шоирнинг айрим асарлари нега мустақиллик замонигача тўлиқ нашр этилмади? Улуғ шоир ижодиётининг ирфоний моҳияти, илоҳий ҳақиқатлари хусусида деярли баҳс юритилмаган? Бунинг сабаблари мушоҳада қилиниши лозим.
Ёшларимиз Навоийни қанчалик чуқур ва пухта билса, маърифат, эзгулик, комиллик сирларини ўшанча кенгроқ эгаллайди. Навоийнинг сўзлари дилига ўрнашган одам, ўзи истасин-истамасин одамийлик шарафи ва куч-қувватини идрок этади. Навоий сабоқларига амал қилган киши ўз-ўзидан халқ дарду ташвишларини енгиллатишга бел боғлайди, фикрни – фикрсизликка, илм-маърифатни – нодонликка ва жаҳолатга қарши қурол ўрнида ишлатади. Навоийни етарли даражада билиш – адолат, диёнат ва имон-эътиқоднинг кучига ишонч демак. Кўнглида шу ишонч ғолиб бўлган одамлар сони жамиятимизда қанча кўпайса, инсоний муаммолар ҳар қалай камайиб боради. Энг муҳими, диний ҳаётдаги маҳдудлик ва чалғишлар ёш авлод онгидан тезроқ барҳам топади. Бунга сира-сира шубҳаланмаслик лозим.
Алишер Навоий мумтоз адабиётимизнинг марказий сиймоси. Туркий адабиётнинг энг илғор ва безавол ютуқлари шоир шеъриятида мужассамлашган. Буни Озарбойжоннинг беназир шоири Муҳаммад Фузулий, туркман классиги Махтумқули, қозоқ оқини Абай, қорақалпоқ ёзма адабиётининг асосчиларидан бўлмиш Бердақнинг эътирофларидан ҳам англаш мумкин. Демак, Навоий ижоди қардош халқлар билан бўлган асрий алоқалар, дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва янги поғоналарга кўтаришдаги ўзига хос муҳташам асосдир. Навоий ва Жомий ўртасидаги устозу шогирдликни эса ҳар қанча ибрат қилиб кўрсатса, ўшанча кам. Чунки бундай ҳодисалар кўҳна тарих учун ҳам камёбдир.
Хуллас, кейинги йилларда биз Навоийнинг тилимиз, маданиятимиз,  адабиётимиз ривожидаги тарихий хизматларини нисбатан чуқур англай бошладик. Навоийнинг қудратли шахсияти, бетакрор ижодиёти, ижтимоий, сиёсий фаоллиги, бунёдкорлик ғайрати хусусидаги тасаввурларимиз нисбатан ўзгарди.