Facebook
Навоийга қайтиш - 4 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Навоийга қайтиш
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа


4
Одатда орифона ғазалларда ҳаёт воқеа-ҳодисотлари ва инсон қисматига чуқур нигоҳ ташлаш, каттадир, кичикдир, ҳар бир нарсани фано  ва бақо ҳоли ила мушоҳада қилишга даъват этилади. Алишер Навоийнинг:
Даврон гулию гулшани хориға арзимас,
Гулгун майи балойи хумориға арзимас, -
байти билан бошланган ғазалининг бирор бир байтида ҳам ҳам маъқулланган, эътироф этилган, қадрлашга лойиқ кўрилган нарса, ҳодиса  ёки ҳақиқат йўқ ҳисоби. Ҳамма-ҳаммаси учун битта  хулоса, битта ҳукм: «Арзимас!»
Бир ёқлама қараш,  ёруғликни ҳисобга омай,  зулматни инкор айлаш Алишер Навоийга бутунлай ётдир. Даврондан ҳар қанча нолимасин, даврни ҳар қанча айбламасин, одам фарзанди ўз даври ва давронидан ажралиб яшай олмайди. Бундай умрнинг маъниси ҳам,  кераги ҳам йўқ. Қолаверса, давр ва замонда ҳамма  нарса ёмон дейиш  ақлдан эмас. Навоий буни ҳам шу қадар мукммал билганки, бир ғазалида:
Давр ичинда фитна ҳам кўп, хўб ҳам, валек
Бўлмағай мингдин бир ул сарфитнаи давронча хўб,-
дея, ўқувчини даврон макр-ҳийлаларидан ғафлатда қолмасликка  чақирган. Демак,  ёмонни билиш яхшини  қадрлашга хизмат этмоғи керак. Ёки аксинча. Ана шунда:
Минг йил киши жаҳон элига қилса шоҳлиқ,
Бир дам алар иҳонату ориға арзимас –
лигини чуқур  тушунишда қийинчилик сезилмайди. Тарих не-не жаҳонгирлар мисолида шоҳлик, салтанат ишқи ҳам бақосизлигини кўп  бора исботлаган. Навоий шоҳликни дунёга боғланиш ва дунё  ишқининг энг олий шакли ўлароқ тилга олган. Ва шоҳ нақадар адолат ила ҳукм юритмасин,  тожу тахт халқу ҳалойиқ ори ва қадрининг бир дамлик камситлишига арзимаслигини ҳаққоний таъкидлаган. Шу ўринда бир  муаммога аниқлик киритиш зарурга ўхшайди.
Навоий ғазалининг замирида тарки дунё туйғусига даъват бор. Умуман, Шарқ мутафаккирлари, айниқса, тасаввуф ва тасаввуф адабиёти вакиллари тарки дунё ҳақидаги фикр-қарашларини ҳамиша очиқ-ойдин ифодалаганлар. Шўро мафкураси тасаввуф ва мумтоз шеъриятнинг айнан тарки дунёчилик тушунчаларига кескин қарши чиқди ва уларни тамоман инкор этди. Бу тўғрими, нотўғрими?
Моддиётчилик маъносида  нисбатан тўғри, аммо маънавий-руҳий камолот нуқтаи назаридан нотўғри. Дунё ва олам ўзига хос бир ҳукмрон –   ҳокими мутлоқ. Одам фарзанди, у билан муроса қилишга, унинг талаб, истаклари билан ҳисоблашишга мажбур. Бундан у ҳамиша ҳам ютқазавермайди. Балки, эл-юрт манфаати ва тараққиёт учун ҳисса қўшади. «Ҳар не қадар бу оламнинг ҳол ва ишлари ўткинчи бўлса ҳам, - дейди Азизиддин Насафий, - алдансак ва алданмасак ҳам бу дунёга эҳтиёжимиз бор. Шу эҳтиёж туфайли нокаслар билан суҳбатлашиш, бехабарлар билан бирга бўлишга мажбурмиз». Тасаввуф, зоҳиран дунё билан алоқани узмай, одамларга нафи етадган ҳеч бир ишга қўл силтамаган ҳолда, ботинан дунёпараст бўлмаслик, нафс «аркон»лари билан фоний дунёга боғланмаслик йўл-йўриқларини белгилаб берди. Шу учун тасаввуф  бошқа кўп касб, ҳунарлар қатори, ҳатто тижоратни ҳам қўллаб-қувватлади. Бу  ҳақда улуғ юртдошимиз Абубакр Муҳаммад бин Исҳоқ Бухорий Калобозий ёзади: «Сўфийлар зироат, тижорат ва ҳунармандлик каби шариат мубоҳ айлаган йўллар билан мол топиш ҳалол деган нуқтаи назарда ҳамфикрдурлар. Аммо мол топганда ҳушёр бўлиш, қаллоблик қилмаслик ва ва шубҳали нарсалардан қочиш шартдир. Уларга кўра, меҳнат қилиш ва пул топишдан мақсад ёрдам қўлини чўзиш, бировларнинг мол-мулкига кўз олайтириш ҳиссиннг илдизини қуритиш, пулни халқ учун ҳарж айлашни ният этиш ва қўшниларга ғамҳўрлик туйғусидир». Бундан ортиқроқ мурувват, бундан зиёд холис ният ва олий туйғуни тасаввур этиш мумкинми? Алишер Навоий бир ғазалида:
Замона аҳлиға гарчи ўюнчилиқдур иш,
Енгар ҳам охир аларни замонанинг ўюни, –
дейди. Бугуннинг тили билан айтганда, бу байтда замонасозлик найранги, шахсий ғараз ва иддаоларни кўзлаб замонга мослашиш ҳолати қораланган. Навоий буни ўз номи билан «ўюнчилиғ», деб атайди. Бироқ бундай ўюнчилиғни енгиб, «ўюнчи»ларни забун этадиган бошқа бир катта ўйин бор. Бу – замонанинг ўйини.
Инсон шуни билиш, шу шафқатсиз ўйиндан ўзини четга олишда кўпинча ожизлик қилади. Ва гоҳо хаёлга келмас дунёсеварлик машғулотларида қўли баландлигини кўз-кўз қилмоқ истайди. Ахир, манқалга оддий ўтин ёқса бўлади-ку! Йўқ, халқдан ажралган дунёдор «манқал»ига рангдор, хуш ҳид таратувчи ёғоч ёндиради:
Манқалда уду сандал агар айласанг ўтун,
Бир лаҳза дуд бирла шарориға арзимас.
Бундаги «манқал» бир тимсол. Ҳозирги даврда «манқал»нинг шакллари ўзгариб, турлари кўпайган, албатта. Камёб, қимматбаҳо «ёғоч»га ҳорисликчи? Ақл бовар қилмас даражада кучайиб, кенг томир ёзиб кетган. «Дуд» ва «шарор»дан андиша ҳисси пасайган десак, ҳакатдан кўз юмган бўламиз.
Тўғри,  инсон дунёга бир марта келади.  Елдай ўтадиган шу қисқа умрни эркин, ҳар қандай қарамлик ва муҳтожликдан фориғ, яйраб ўтказшга у тўла ҳақли.
Даҳр боғинда неча кунким тириксан, айтқил,
Ким яна топмоқ эмас маълум бу бўстон каби.
Навоийнинг бу ўгитлари нақадар донолик ва ҳаётсеварлик билан айтилган. Лекин ақлни таний билиш чоғлариданоқ билмоқ керакки, ҳаёт бўстонида айш қилиш – нафсоний ва шаҳвоний қувватларга эрк бериш дегани эмас. Мол-мулк йиғиш пойгаси, мартаба баландлиги, «тотлиғ-тотлиғ» емоқ, «турлик-турлик» кийиб, ҳашаматли қасрларда роҳатланиб яшаш – булар ҳам умр моҳиятини акс эттирмайди. Навоийга кўра, тириклик айши, аввало, нафсни руҳга таслим айлаш, ишқ, маърифат, гўзаллик нури ила кўнгулга зийнат беришдир. Шундагина инсон дунё фатҳи учун лашкар тортмоқ «сипоҳ гарди ғубориға» арзимаслигини ҳам, одамлар орасидаги бир фурсатлик нифоқу жанжаллар асрларга чўзилган умр фароғатини буткул йўққа чиқариш эҳтимолини ҳам англаб  одим ташлайди:
Юз қарн олам аҳли аро айламак нишот,
Бир дам алар нифоқу ниқорига арзимас.
Навоий шеърларини киши қанча кўп ўқиб, маъно маоҳиятини қанча кўпроқ англай бошласа, фикр-мушоҳада меҳнатидан ўшанча ҳузурланадиган, руҳнинг қудрати ва сеҳрига ортиқроқ ишонадиган бўлиб бораверади. Аста-секинлик билан бўлса-да, тубан майллар, қаҳрли туйғулар, саёз ва қиймати ҳаминқадар тушунчалар қалбдан чекина бошлайди. Энг муҳими, сиз ўз ғафлатингиз «чегара»сини кўриш, Навоий талаб қилганидек, ноқисликларингиз исботидан чўчимайдиган ҳолга кўтарилишга уринасиз. Бу умидбахш уриниш жараёнида ўзингизча бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятини аниқроқ, теранроқ кашф этишга жаҳд қиласиз. Бу – фано ҳоли, фано йўли ва фақру фанолик орзуси эрур. Чунки, Навоий қайта-қайта фано хусусида сўзлайди, фано сирларини шарҳлашдан, фано водийсига сайр этишга чорлашдан тўхтамайди. Фикр юритганимиз ғазал мақтаъида ҳам ўқиймиз:
Киргил фано йўлиға, Навоийки, даҳри дун,
Бу умри бесаботу мадориға арзимас.
Навоий дунёқарашида комилликни кафолатловчи ҳол – фано ҳоли, дилни яйратувчи, толиқишлар, ториқишлар, жабр-жафолардан халос этгувчи маскан – фано майхонаси, Ҳақ висоилга етказгувчи йўл – фано йўли.
Абу Наср Саррожга кўра, фано, нафснинг ёмон сифатлардан халос бўлиши ва поқланиши. Фано уч турлидир: биринчи, қулнинг ўз нафси ва сифатларидан фано бўлиб, Ҳақ сифатларига эга бўлиши. Бу – фанои афъол. Иккинчиси, қулнинг Ҳақни билиш билан Ҳақнинг сифатларидан ҳам фано бўлиши. Бу – фанои сифот. Учинчиси – қулнинг Ҳақ борлиғига фанолиги, яъни фанои зот. Фанои афъол шартларини бажаришнинг ўзиёқ инсон аҳлоқини гўзаллаштиради. Чунки Ҳужвирий айтмоқчи, жаҳолат фано бўлгач, илм боқий бўлади, ғафлат кетгач – маърифат, меҳр ва муҳаббат муқимлашади. Навоийнинг кўрсатмаси бўйича, фано расмин забт айлашни истаган киши зинҳор-базинҳор нафс ила руҳни қориштирмаслиги зарур:
Гар фано расмин қилмоқ тилар эрсанг мазбут,
Нафс ила руҳни зинҳорки қилма махлут.
Хуллас, шоир фано тариқига зўр ишонч билан қарайди. Шу тариқ орқали, хирқа, тасбиҳ, мусалло каби воситаларсиз ҳам ишқ ва руҳ илмини эгаллаб, висолга восил бўлишни алоҳида таъкидлайди:
Фоний ўлғил, тиласанг васлки, бу йўлда эрур,
Хирқау дафтару тасбиҳу мусалло офат.