Facebook
Навоийга қайтиш - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Навоийга қайтиш
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа


2
Алишер Навойнинг ғазалларидан бирида шундай гап бор:
Дедим: назм аҳлининг сархайли ким бўлғай, деди ҳотиф:
Навоий бўлғай, улким сен тилайдурсен агар бўлғай.
Ўша ҳотиф – ғойибдан овоз бергувчи адашмаган: Навоий ҳақиқатда ҳам шоирларнинг сардори, барча давр туркий шеъриятнинг султонидир. Алишер Навоий шеърияти санъаткорликнинг буюк мактаби. Унинг ижод тажрибаларига таяниб адабиёт тараққиёти ҳақида мулоҳаза юритиш ёки «Шоир ким, унинг асосий ҳунари нима?», - деган сўроққа аниқ жавоб топиш мумкин. Мен Навоий яшаб ижод қилган даврни гоҳо ўзимча ҳаёлан тасаввур айлаб, Ҳазрат шеъриятининг ўқувчилари, мухлисларини кўз олдимга келтиришга уринаман. Улар кимлар? Энг аввало шоирлар, ижодкорлар – гўзаллик ва шеъриятнинг сир-асрорини ҳам, қадр-қимматини ҳам англай оладиган кишилар. Кейин илм аҳли – Навоийга олимларнинг – шоири, шоирларнинг – олими деб қараган, Навоийни илм-фанннинг толмас муҳофизи, буюк маърифатпарвар ўлароқ эъзозлаган олиму уламолар. Яна бир тоифа: Навоий асарларида фалсафанинг энг мураккаб, энг долзарб муаммолари шеър тили ила гўзал талқин қилинишига тан берган файласуфлар…
Хуллас, Алшер Навоий шеъриятдан баҳрамандлик кўнгил эҳтиёжи бўлиб қолган мусаввирлар, муғаннию ҳофизлар, давлат ва ҳокимият соҳиблари, ҳақ йўлчилари – дарвеш, фақир, ориф ва ошиқлар,  мадраса талабалари, дин ва шариат вакиллари,  косиблар, ҳунармандалар, деҳқонлар...
Эҳтимол бу қайдлар кимгадир  эриш туюлар. Лекин эриш туюлмаслиги керак. Оддий китобхонни қўя турайлик. Шоир – шоирнинг, ёзувчи – ёзувчининг ёзган нарсасини ўқимай қўйган замонда ўқувчининг дид,  савия  ва ички талаблари деярли унутилган бир даврда,  кўпчиликнинг Навоийга қизиқиш сабаблари тўғрисида  ўйласа асло зарар қилмайди.
Дарвоқе, бундан бир неча йил аввал матбуотда «Навоий хослар шоири», деган бир фикр айтилган эди.  «Хослар» - алоҳида тоифа демак. Одатда аҳли тасаввуфга хослар дейилади. «Аъхос» - хосларнинг хоси, «хос» - сараланган кишилар жамоаси, «авом» - саводсиз ёки саводи паст оддий халқ, «аъом» - авом даражасига ҳам кўтарилмаганлар гуруҳи. Булар тасаввуфий истилоҳлар. Шунинг учун на тасаввуф нуқтаи назаридан, на илм, савия, маданият мезонига кўра Навоийни «хос»лар шоири дейиш ҳақиқатга мувофиқ  келмайди.  Навоий шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам, ошиқнинг ҳам орифнинг ҳам – ҳамма-ҳамманинг шоири.  Навоий шеъриятидан ким нимани ахтарса, шуни топади.  Фикран ва руҳан ким нимага талабгор бўлса,  унда барчаси мавжуд. Ҳатто золим ва жоҳил, нодон ва гумроҳ ҳам Навоий шеърларидан шифо топади. Чунки Навоий  шеърятида битта бош мақсад бор – Комиллик. Битта сарбон туйғу мавжуд – камолот туйғуси. Асосий биргина нур қайноғи бор – Ишқ.
Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасин.
Икки жаҳоннинг ҳам мазмун-моҳият ва саодати шу ишқда.
Комиллик тўғрисида сўз юритилган айрим қадимий китобларни ўқиганда,  комиллик мақоми замин одамига насиб этмайдиган бир нарсага ўхшаб туюлади. Тўғри, комил инсон мартабасига юксалиш машаққатли –риёзат ва заҳматни талаб этадиган иш. Тасаввуфий мазмундаги комиллик шартлари янада оғирроқ.  Лекин Навоий масалани мураккаблаштирмайди. Аксинча, ҳар қандай мураккаблик ва қийинчиликни осон ҳал қилиш йўли ёки усулларини кўрсатади. Шулардан бири, эҳтимолки, биринчиси, комиллик даъвосини дилдан супуриб ташлаб, ноқисликка нигоҳни  қаратиш, яъни  ўз нуқсонларининг мушоҳадасига киришиш:
Ноқис улдурким, ўзин комил дегай,
Комил улким нуқсин исбот айлагай.
Ўз камолидин демас аҳли камол
Аҳли нуқсон ичрадур бу қилу қол.
Сенки нуқсон ичра комилсен, басе,
Олим айтиб ўзни, жоҳилсен басе.
«Нуқсон ичра комил»лик дегани нима? Бу – нафс дастидан халос бўлмаган ўзлик. Навоийнинг комиллик маслаги  нафс ҳукмронлигидан бутунлай озод янги бир руҳоний «Мен» салоҳиятига асосланади. Инсоннинг  иймони ва виждонини ана шу «Мен» ўз тасарруфига олмагунча, у ҳеч қачон комиллик завқига етиб боролмайди. Ҳурлик, эзгулик, ҳақиқат тўғрисидаги иддаолар шунчаки қуруқ гап бўлиб қолаверади. Шарқнинг буюк шоирларидан бири  «Оллоҳни жуда очиқ кўришни истасанг, «Мен»ни жуда очиқ кўришни ўрган», деганда нафс учун «ўлган», руҳ учун ҳаёт бошлаган ўша янги «Мен»ни эътиборда тутган.
Навоий бир ғазалида:
Руҳ раҳмоний эрур, нафс эрур шайтоний,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут,
-дер экан, худди шу «Мен» тақдири учун жавобгарликка чорлагандир. Инсон қисмати ва маънавиятида тасаввур этиб бўлмас ўзгариш, ғаройиб янгиланишлар ижодкори бўлмиш ушбу «Мен» хусусида сўзлашимизнинг яна  бир сабаби бор. 
Азизиддин Насафий «Комил инсон» номли китобида ёзади: «Билгилки, комил инсон қуйидаги тўрт нарсага мукаммал шаклда эга бўлган инсондир. Уларнинг биринчиси, яхши сўз, иккинчиси, эзгу фаолият, учинчиси, гўзал аҳлоқ, тўртинчиси, илм».  Бу  тўрт нарсага эришган киши комил бўлиши мумкин, бироқ ҳурлик шавқини қўлга кирита олмас экан. Сабаб? Чунки  у ҳали тарк ва фано ҳолининг мададига муҳтождир. Чунки у яхши аҳлоқ, яхши амал ва илмда нечоғлик илгарилаган бўлмасин, тўла маънода кўнгул тозалиги ва осудалигини қўлга киритиб билмаган. Хўш, нима қилиш керак? Фано ҳолидан нажот кутиш лозим. Навоий ғазалларидан бирида ёзади:
Дединг: «фано недур?» Мухтасар дейин: «Ўлмак!»
Ки шарҳин тиласанг юз рисола бўлғусидур.
Бизда фано шарҳида ҳатто бирор рисола ҳам йўқ. Шунинг учун ўша мухтасар шарҳ: «Ўлмак, йўқ бўлмак»дан бошқасини деярли билмаймиз. Ҳолбуки, Навоий девонларидаги неча юзлаб байтлар, бутун бошли ғазаллар фано талқнига бағишланган. Мана ўша байтлардан айрим намуналар:
Кирсанг фано тариқиға девонавор кир,
Ул важҳдинки, ақл бу йўлда  ақиладур.
ёки:
Фано майхонасида қил гадолиғ, 
Десангким, бўлмайин султонга муҳтож.
Фано тариқининг бош талаби  ва туб моҳиятини шундай шарҳлаш мумкин: инсоннинг ихтиёр ва иродаси – унинг сифатлари, бошқача айтганда, шахснинг сифатлари унинг ихтиёр ва иродасини ифода этади. Лекин  ўзининг башарий иродаси билан у Ҳақдан ажралган. Яъни, ирода ўртадаги ҳижоб. Демак, инсон ўз-ўзича ожизлик, ноқислик, кучсизликларини бутунлай енга олиш имкон ва иқтидорига эга эмас. У  фоний нарсадан кечиб,  боқийга эришмоғи лозим. Ҳақ иродаси ҳам азалий, ҳам қудратли. Илоҳий ирода эгаси бўлиш эса, юқорида айтганимиз, одамнинг барча маҳлуқотлардан буюклиги ва устунлигини намойиш этадиган қудратли «Мен»нинг туғилиши. Шу учун ҳам Навоий:
Дема жоми фано  ичра эзилмиштур ажал заҳри,
Навоий жон бериб, ул жомни чекмакдур армоним,-
деб ёзган.
Маълумки, комил инсон тушунчасини тасаввуфга биринчи бўлиб Муҳйиддин ибн Арабий олиб кирган ва назарий жиҳатдан асослаб ҳам берган. Унингча, «Инсони комилдан юқори мукаммал бир мавжудлик йўқдир. Бу дунёда «Инсонлар орасида камолга етишмаганлар ҳайвони нотиқ – улар фақат сувратда инсондирлар, холос». Бу фикрлар беихтиёр Навоий бобомизнинг бир қитъаларини хотирга келтиради:
Аҳли  маъни гуруҳида зинҳор, 
Ҳеч ор айлама гадолиғдан.
Ким буларга гадолиғ ортиқдир,
Аҳли суратға подшолиғдин.
Демак, «аҳли  маъни» – комил  инсонлар, «аҳли  сурат» – комиллик насиб қилмаган кимсалар.  Навоий шеърияти эса комиллик фазилати ва ҳақиқатларининг мислсиз бир бадиий қомусидир.