Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Ўгай она. Аҳмад Лутфий Қозончи - 5
Facebook
Ўгай она. Аҳмад Лутфий Қозончи - 5 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Ўгай она. Аҳмад Лутфий Қозончи
2
3
4
5
6
Ҳамма саҳифа
* * *

Бугун мактаблар очнлади. Ҳусайин ҳаяжонда. Азонлаб онаси тайёрлаган нонуштадан чала-чулпа еб, дастурхондан кўзғалди.
Есанг-чи қўзичоғим!
Еёлмадим, она. Бутун ҳаяжондаман. Фотимахоним Ҳусайиннинг кийимларини ўз кўли билан тузатди. Сумкасини кўлига тутқазди. Сўнг рўпарасига ўтнб унга қаради. Энди ўн учга кирган маъсум чеҳрали етимига бу кўриниш жуда ярашганди. «Раҳматли онаси кўрсайди... Қанчалар севинарди! — деб ўйлади. — Она, мен кетдим.
Қўлимни ўпмасданми, ўғлим?
Ҳусайин сумкасини кўйиб, онасининг қўлини ўпди. Фотимахоним уни қучиб, бағрига босди,
—    Менинг ой юзли болам, шафоатчи бўласан менга, дунёдан ўтсам ўқиб, дуо қиларсан, фарзандим. Шу кунла-рингни кўрсайдим! Шақодатни кўтариб келган кунингга етсайдим.
Фотнмахоним сўзларкан кўзларида пайдо бўлган ёш-лар кўнглидаги самимий севинчдан бошқа нарса эмасди. Ҳусайиннинг юаларидан бир-бир ўпди.
Мени уялтирма, ўғлим! Ҳусайин синфда қолди, деган гап бўлмасин, тинмай ҳаракат қил, ўқи!
Ҳаракат қиламан, она.
Ҳусайин мактабга кетди. Пешинда макггабдан қайттан боласини Фотимахоним бошланғич мактабда бўлганидан зиёда севинч ва буюк ҳаяжон билан кутиб олди. Мактабини яхши кўрншини айтганида юзларидан нур томган она уни дуолар қилди, унга икки дунё саодатини Парвардигордан сўради.
Ҳусайик ўқишни шундай ҳислар билан бошлади. Кунлар, уларнинг кетидан ойлар шундай туйғулар ичра кечди.
Имом Хатиб мактаби Ҳусайинга нима бериши мумкин?
Аввало ҳар мактаб, хар бир ўқиш ўз талабасига нима берса, бу мактаб ҳам шуни беради. Бундан зиёда Ярат-ганни ва ўзига тўғри йўл кўрсатган пайғамбарни танламоқ, унинг йўлида юришнинг ҳар хил кибр ва шуҳратдан ҳоли виқор ва вазминлик туйғуларини бахш этишини, қисқаси, комил инсон бўлишни ташвиқ этади. Ҳусайиннинг бу мактабда ўтказган илк икки йили — болаликнинг сўнги бўлиб, болаларча кечди. Қисқаси, бу икки йилда Фотимахоним Ҳусайинга бошланғич мактабда бўлгани каби имкони борича ёрдамлашди. Бундан мақсад Ҳусайинга дарс ўргатишдан кўра кўпроқ уни дарс тайёрлашга ундаш, кириштириш эди. Шу билан бирга Ҳусайиннинг касбга йўналтирилган махсус диний дарсларини ўзи ҳам талаба сингари ўрганишга харакат қилди.
Баъзан Ҳусайин мактабдошлари билан бирга уйда дарс тайёрлар, Фотимахоним уларга чой дамлар, таом чиқарар, тортинмасдан ўтиришлари учун имкон берарди. Баъзан улар ўтиришган хонанинг эшигигача келиб, қулоқ солар, дарс тайёрлаб-тайёрламаётганини назорат қиларди. Балки у гап пойлаб, мароқланиш учун шундай қилган дерсиз? Фотимахонимдек одоб ва тарбия намунаси, иффат ва фазилат обидаси бўлган бир хонимга нисбатан бу саволга «ҳа» деб жавоб берганлар гуноҳ остида қоладилар. Унинг мақсади боласининг дарс тайёрлаш баҳонасида беҳуда вақт сарфлаб, беҳуда нарсаларга берилмаслигини назорат қиляш эди. Ҳар ҳолда бундай мақсад билан ўғлининг хатти-ҳаракати оатарбнясини назорат қилган Фотимахонимнинг маъзур этилмаслигига жиддий бир сабаб топилмаса керак.
Ҳусайин икки йиллик тахсил ҳаётини онасининг эътибори ва ёрдами билан муваффақиятли адо этди.
Бу йил Ҳусайин учинчи синф талабаси — балоғат ёшига кириб, уйнинг иккинчи эркага саналиб қолди.
Янаям тўғрироғи, у ўзини шундай ҳис этмоқда эди. Ҳатто ўсмирликнинг баъзи бир табиий ҳавойиликларини кўрсата бошлади. Гоҳ мактабдан чиқнб уйга кеч келар, келар-келмас сумкасини кўйиб ҳеч ким билан гаплашмасдан, мен фалон ерга бораман демасдан чиқиб кетарди. Иззат-нафс белгилари билиниб қолди. Баъзан дўстлари билан дарс тайёрлашга кетиб, тун ярмида қайтарди.
Бомдодга уйғотмоқ учун Ҳусайиннинг ёнига кирган Фотимахоним тамаки хидини сезиб ижирғанди, эгилиб ҳидлади — аниқ тамаки ҳиди. Ўғлини уйғотиб ўзи жойнамоз узра тиз чўкди. Кўзлари деразадан элас-елас қўринаётган туманли тоғларга қарагандай. Фақат уларга томоша қилиш нияти билан қарамаётгани аниқ. Зотан томоша қилаётганнинг қўзлари бу қадар толғин бўлмайди. Кўзлардаги толғинлик қалбнинг ғайри одатий ташвишга дуч келганидан далолат. Ҳақиқатан, Фотимахоним бомдоддан сўнг охират диёрига кўчганларга оятлар ўқиб, дуолар қилишни одат этганди. Орадан олти-етти дақиқа ўтиб ҳам Ҳусайин туравермагач, яна унинг ёнига борди. Ҳалиги ҳид яна уни безовта ва хафа қилди.
Ҳусайин, қани тур, намоз ўтиб кетяпти.
Она, бу кеча кеч ётдим.
Намозингни ўқиб, яна ётаверасан.
Кўзларимни очолмаяпман, она, яна бир соат рухсат беринг.
Бўлмайди, ўғлим. Ҳозир қуёш чиқади. Намоз уйқудан хайрлидир.
Сўнгра унинг қўлндан тутиб кўтарди. Ҳусайин ҳақиқатан уйқуга тўймаганди. Кеч ётганди. Шунингдек онасининг турғазмасдан қўймаслигини ўз исмини билгандек аниқ биларди. Бугунгача кун чиққач бомдодни ўқиганини ёки кун чиқмасдан аввал ўқимаганини эслаёлмайди. Намозини ўқиди ва яна ётди. Бир соат ўтиб тургач, онасининг юзида қайғу аломатлари кўрингандай бўлди.
Тобингиз йўқми, она?
ЙЎқ, ўғлим.
Хафа кўринасиз.
Ҳа, хафаман.
Нима бўлди? Нега хафасиз? Бу гал Фотимахоним сўради:
Қайғумнинг сабабини билсанг, мени қандай ҳурсанд қиласан?
Кучим етганча сизни хурсанд этишга ҳаракат қиламан, она.
Ундай бўлса, тўғрисини айт. Мени алдаганинг билан Аллоҳни алдаёлмайсан. Шуни билиб, тўгри гапир. Сендан нега тамаки ҳиди келяпти? Нечун гул юзли боламдан бу ирганч ҳидни сезяпман? Жавоб бер менга, шу зақкумни чекдингми?
ЙЎқ... йўқ, чекмадим она.
Унда нега уст-бошинг бунчалик сасийди?
Кеча дўстларим чекишди. Шунинг ҳиди синггандир.
Нега чекманглар демадинг?
Менга нима, она. Менга кулоқ солишармиди?!
—    Унда тўғри сўзингга қулоқ солмайдиганлар билан нега дўст бўласан? Тозароқ, туғрироқлар билан дўстлашолмайсанми? Сенга тўғри йўлни кўрсатадиган, сен тўғрисини айтганингда қабул қиладиган дўстларинг нега йўқ? Ҳақли сўзингта эътироз этсалар, нечун тарк этмайсан уларни?
Бу сўзлар Ҳусайиннинг бардошини нуратди, ҳиссиётини ранжитди.
—    Тарк этиб бўладими, она?! Тарк этсам хафа бўлмайдиларми? Дўстларни хафа қлиш тўғрими?
—    Яхши, онани хафа қилиш тўғрнлигани қайси китобда ўқидинг? Она сени эзгуликка даъват этаркан дўстларимни ранжитмай деб онани хафа қилсанг, Аллоҳ рози бўлармикан? Сенга сигарет чектириб ёки сенинг ёнингда чекишдан бошқа ҳунари йўқ, сенга инсонликни унутдирадиган, онага бош кўтартирадиган ошнани лўлиларнинг орасидан ҳам топа оласан. Аммо сен учун кеча-кундуз дуолар қилган, сендан зиёда тушунишга, ўйлашга ҳаракат қиладиган онани, тахминимча, топишинг мушкул.
Фотамахон Ҳусайинга кўзларини яхшироқ тикиб, сўзлари таъсирига тортмоқни истагандай бўлиб, давом этди:
—    Сени ҳақ йўлга йўллайдиган дўст топ, мен унинг кўлларини ўпаман. Оёқларининг чангини силайман. Фақат чекадиган, эртага бошингга бало бошлаб келадиганларни оғайним, жўрам деб менга гапирма, ўғлим.
Бу мавзу шу ерда ёпилди.Ҳусайин онасига жавоб бермади. Мактабга кетди.

* * *

Ҳусайиннинг тенгкурлари ҳақиқатан ёмон болалармиди?
Бир замонлар бу болаларнинг шу аҳволга тушишларини айтган одамни жиннига чиқарадиганлар топилар ёки унинг сўзларидан кулишар, бу покиза гўдаклар ҳақида бундай ўйлагани учун масхара қилишарди. Аммо орадан ўтган бир-икки йилда улар жуда ўзгарди, кеча фариштадай қўринган гўдаклар бугун ўзларини фаришталарга ўхшатган сифатларидан жудо қилдилар.
Ҳар кун мактабга одоб билан бориб-келадиган болаларга нимадир бўлди. Ўзларини ўзга оламда кўргандай. Тунги кўнгнлхушликлар уларни қаноатлантирмай қолди. Тунги лаззатлар тўйдирмас, энди янада қониқмоқ учун бугунгача хаёлларига келмаган йўлларни ахтариб топишарди.
Бир кун кўрилган муқовасида қиличидан қон томган қароқчиларнинг расми бўлган китоб бу болалардан бирини кира билан ижарага китоб ўқитадиган бир дўкон олдигача судради. У ердан бир китобни ижарага олиб қайтди. Ўша кундан кейин икки кунда бир, уч кунда бир ижара китоб дўкони олдида кўрадиган бўлишди. Ҳар гал янги китоб билан қайтар, уйда дам олиш баҳонасида алоҳида бир хонага кириб, дарс китоблари остига қўйиб, саргузашт романни ўқирди. Агар биров кириб келадиган бўлса, тезда дарс китобини романнинг устига қўйиб ўқийверарди. Ўғли дарс тайёрлаб чарчаганини ўйлаган она, чой дамлаб келтирганида, уни дарс китобларини ўқиб ўтирган ҳолда кўрар ва севинарди.
Бу китобларнинг моҳияти нима? Ўқиганга қандай фойдаси тегади-ю, нимани ўргата олади?!
Бу китобларни ўқиганларда ота-онасига мағрур кўринишни шараф санаш, жанжалкашликка ҳавас пайдо бўлгани сезиларди, ҳар ҳолда бу китоблар одоб ва ахлоқ ўргатмасди. Ҳали ўн бешга тўлмаган, қиёфаларини қароқчиларга ўхшатган безоричалар оғзиларида сигарет билан кўчада у ёқ-бу ёққа мағрур кезишади. Булар ўша китобларни ўқиган фалокатзода болалардир.
Бу китобларнинг номиданоқ тўғри эмаслигини, уларни хосиятсиз кўллар ҳозирлаганини, уруш-жанжал, тубанлик завқи меваси эканлигини, миллат болаларини ўша мактабга хос бўлган улуғ хусусиятлардан, буюк вазифалардан ҳали кичиклигадаёқ маҳрум этмоқ ниятида тайёрланганини бемалол билиб олса бўлади. Баъзан дунёнинг энг кучли лашкарига бош эгмаган миллатнинг болалари тафаккур, маърифий-маънавий жиҳатдан шундай бузиладики, кўриб ишонгангиз келмайди. Бу китоблар ичида қароқчилик, ахлоқсизлик ва шунга ўхшаш турли разолатлардан намуна топишингиз мумкин. Аммо инсонга инсонийлик йўлида бир одим отдирадиган, уни миллий одат ва анъаналарга бир қадар яқинлаштирадиган бирор нарсани топиш мумкин эмас. Оталар болам қувонсин дея олиб келган бу китоблар ўеларига қарши болалари кўлига тутқазилган тўппончалардир. Балки тўплардир. Энди кўчаларини шу китобларга тақлидан бир-бирига тўппонча билан ҳужум қилган ковбойлар, ниқобланган қароқчилар тута бошлайди. Булар эрта дорилфунунда билим оладиган бўлсалар, ўша бнлим-ни яхшигина шаклда талончиликда қўллай оладиган бадбахт ва заволли болалардир. Бу болаларга шу таҳдид кинолар назарий жиҳатдан ёрдам берадилар ва ахлоқсизлик жиҳатини яна тўлдиради ва қувватлайди. Бунга бепарво ота-оналар бир кун ҳақиқий, улкан совуқ қурол завқини(!) тотиб кўришлари аниқ.
Бу болалар учун кўча— одобсиз сўзлар дорилфунуни. Фақат у ерда ўқиш-ёзишни ўрганмайдилар. Икки кун ўтгач, бошланғич мактабда ўрганган ҳарфларидан фойдаланиб кўчада ўрганган фаҳш сўзларини ҳожатхоналарнинг деворларига ёзадилар. У ерларни куфрларга тўлдириб безаш уларга завқ беради...
Ҳусайиннинг дўстлари тамомила ўзларини йўқотган, ёшлик савдосига шўнғиб, мутлақо бебошлик дарёсида сузиб кетадиганлардан эмас. Ёки ҳали бу ҳолга етиб келганларича ЙЎқ. Фақат шу аҳволга етиб келиш учун «бўл-бўл» қилишиб суҳбатлашишар, чекишар, муаллимларни танқид ва мазах қилиш билан машғул бўлишар, аммо бу ишларини асосан мактабдан узоқда қилишарди...
Ўша тун Ҳусайин чекмади. Таклифни қабул қилмади. Ораларида: «Қаранглар, унинг оғзи сасиб қолармиш», — деб масхара қилганлар бўлди. Зўрлаб чектирмоқи бўлган-лар бўлди. Қўлларидан келмади.
Ҳусайиннинг жиғига тегарди. Уни мазах қилиб, кўнгил очмоқчи бўларднлар. Ўзларини катта олишиб, уни бола кўрардилар. «Йигитчилик дегани аёлларга ўхшаб чекмасдан ўтириш эмас, — дейишарди. Ҳусайин туриб кетай деса, ортидан гап қилишади. Қолаверса, бу мутлақо болаларча ҳаракат бўларди. Шунинг учун вазнятни кўнгилсиз тарафга бурмади, сабр этди.
Ҳусайин онаси билан бўлиб ўтган азондаги кўнгалсиз суҳбатдан сўнг минг бир ўйлар билан мактабга келди. Биринчи соат адабиёт дарси эди. Қора Ўғлоннинг шеърларини ўқишарди.   Ҳусайин  охиридан  иккинчи  қитага  диққат қилди.   Мунозара  қилаётганлар тинчланмас ва тинглашмасди: Муродим сўзламоқ бунда насиҳат, Сизга муносибдир тингламоқ фақат, Меҳрибон бўлганга кўрсатма заҳмат, Севганнинг сўзидан кечгувчи бўлма!
Термани байтма-байт изоҳлаётган синфдошларининг сўзларини эшитмасди. Ёшига муносиб бу шеър унга қаттиқ таъсир қилди, «Меҳрибон бўлганга кўрсатма заҳмат — Севганнинг сўзидан кечгувчи бўлма!» байти унга кечаси кечган тотсиз ҳодисаларни эслатди. Оғайниларини оддий тамаки чекиш учун ранжитганини ўйлади. Икки тортим тамаки учун ҳам дўстларининг кўнглини қолдирадимикин? Тўғриси Ҳусайин ўғилболага муносиб иш қилмади. Ва ниҳоят, бир чекишдан бир бало бўлмасди, уларнинг ҳам дили оғримасди. Инсон дўсти учун заҳар ютадн-ку. Масхара бўлгани-чи. Ўша ондан эътиборан ўтган бир ярим соатлик кўнгилсиз вақтни, ўзига қаратилган қочиримларни ўйлади. Бунга биргина чекишни деб ўзи сабабчи бўлганини тан олди. Ярашмаган қилиқ эди бу. Том маъноси билан хомлик қилди. Ўртада тузатилиши керак бўлган хато турарди. Бу хатони тан олиб, тенгдошларидан кечирим сўраши керак. Муаллим:
—    Ҳусайин, шу сўнгги байтни, сен изоҳла, —дейиши билан ўйлари тарқаб кетди. Ўрнидан турди ва сўнгги байтни ўқиди:
«Сени ҳар даврада ҳижолат қилар, Ёмонлар изидан кўчгувчи бўлма!»
Ҳусайиннинг миясида чақмоқ чақнагандек бўлди. Аввалги ва кейинги байтлар орасидаги боғланишдан эсанкиради. Ютинди ва бошини кўтарди:
Устоз, бу байтда Қорача Ўғлон ёмон, ахлоқсиз кимсалар билан дўст бўлмасликни насиҳат қилмоқда. Бундай дўстлик натижасида тарбиямиз бузилиб, ёмон одатлар ўрганишимизни, йиғин ва мажлисларда уяладиган ҳолга тушишимизни эслатмоқда. Бундай даврадошлар орасидаги ҳаракатлар, сўзлар дўст сифатида, албатта, бизни уялтиради. Уларнинг ошноси бўлганимиз учун одамлар назаридан қоламиз, қимматсиз инсонга айланамиз,
Яхши Ҳусайин, олдингн байтларга нима дейсан: «Меҳрибон бўлганга кўрсатма заҳмат — Севганнинг сўзидан кечгувчи бўлма!» Бизга дўстлик, меҳрибонлик қилган, бизни яхши кўрган кимсаларни нима қиламиз? Уларни тарк этсак, севганимизнинг сўзига қулоқ солгувчи бўламизми?
Ҳусайин бир-икки лаҳза ўйлаб жавоб берди:
—    Устоз, яхши кўрганнинг сўзига қулоқ солмаслик, бажармаслик инсонийликдан эмас. Дўстликка хиёнат. Фақат бу мисрада келган «севгили» сўзига алоҳида эътибор қилмоқ керак деб ўйлайман. Севгили, яъни меҳрибон дегани ўз манфаати учун ғайри шаръий ишларга бошлагувчи дегани эмас. Зеро, бундай одамни мехрибон, яхши кўргувчи деб бўлмайди. Аслида бизнинг ахлоқий савиямизни туширадиган дўст бизни севмайди. Яхши кўрган — суюклисига яхши бўлишни истайди. Қандай инсон ўзи учун қимматли бўлган кишини ноўнғай, уяладиган ҳолга келтиради? Дўстини яхши кўрган одам уни уялтирадиган ҳолга туширмайди, балки бундай ҳолда бўлса, қутқаришга ҳаракат қилади. Дўст юзига лой чаплаш эмас, унинг юзидаги ғуборни артиш бизнинг вазифамиз эмасми? Бизни ҳақ йўлдан чалғитиб, ёмонликка бошлайдиган дўстни ҳар доим, ҳатто лўлилар орасидан ҳам топа олишимиз мумкин.
Ҳусайин шу ерда сўзини тугатди. Тугатди эмас, онасидан эшитган жумлани гапиролмай, унинг фариштадай соф, нурли юзига рўбарў келгандек жим қолди. Балки давом этарди. Жим қолганини сўзини тугатди деб ўйлаган ўқитувчи ташаккур айтди. Ҳусайин ўтирди. Кейинги соат ахлоқ дарси эди. Мавзу ота-она олдидага бурч, ахлоқий вазифа. Ўқитувчи бир ҳадиси шариф ўқиди: «Жаннат оналар оёғи остидадир». Сўнг синфга мурожаат қилиб, биргаликдаҳадисниизохлашнитопширди.
—    Усмон, бу ҳадиснн қандай тушунасан? Масалан, бу оналар оеқ босган жойда жаннат бор деганими?
—    Устоз, «жаннат оналар оёғи остида», дегани жаннатга уларнинг оёқлари остига поёндоз бўлар даражада хурмат ва хизмат этиш билан кирилади деганидир. Шу қадарки, уларга ҳурматдан инсон бир нарса йўқот-майди, аксинча, Аллоҳ ҳузурида ҳурмати ортади.
Хизматига яраша жаннатга яқинлашади. Бу аслида бир мисол. Она рози қилинмагунча жаннатга киришга йўл йўқ маъносидадир.
Ҳусайин дустини тингларкан, эрталаб онаси билан бўлиб ўтган кўнгилсиз суҳбатни эслади. Олдинги дарсда дўст ҳақида ўзи айтган сўзлар хаёлидан ўтди. Виждони ўзини ҳақсизга чиқарди. Онаси айтган сўзларга эътироз билдирганини яна бир бора англади. Онаси дўст ҳақида сўзларкан, ўз манфаатини ўйладими? Ҳусайин яхши дўст орттирса, кимга фойдаю, ёмон дўст топса, кимга зарар? Аввало ўзига эмасми? Шундай экан, онаси ўзи учун эмас, ўғли учун сўзлаганлигига қандай шубҳа бўлиши мумкин? Ҳусайин ўша кун дарсда, танаффусларда ўйлади. Бир тарафда — онаси, иккинчи томонда
—    синфдошлари... Ич-ичидан онасини тан олмоқда эди, аммо уч йил бирга ўқиган синфдошларига нима дейди?
Учинчи дарсни тугатишарди. Дарс якунига ўн беш дақиқача бор. Эшик тақиллади, кутилмасдан очилди. Олдинда мактаб мудири ёрдамчиси, изма-из бошқа домла ичкари киришди. Дарс ўтаётган ўқитувчига яқинлашиб, астагина бир-икки сўз шивирлади. Ўқитувчи боши билан тасдиқ ишораси қилди. Мудир ёрдамчиси синфга мурожаат қилди: «Болалар, туринглар!» Сўнг:
—    Ҳамма қўлини бошига кўйсин! — деб буюрди. Тинтув ўтказишмоқчи эканлиги маълум бўлди. Ҳусайин ҳайратланди. Оқшом чеккан синфдошларининг иллатлари очилмоқда эди. Кўзининг ёни билан уларга қаради. Рангларида, тусларида ўзгариш, хаяжон сезилмайди. Балки ёнларида йўқдир деб ўйлади. Айни пайтда ўзи ғоятда ҳаяжонда эди.
Текшириш бошланди. Учаласи баробар излашарди. Навбат чекадиган ўртоғига келганда Ҳусайинға бир нарса бўладигандай юраги тез уриб кетдн, ҳаяжонланди. Ҳақиқатан унинг орқа чўнтагидан тамаки қутиси олиниб олдига кўйилганда Ҳусайин уялиб бошини эгди. Ўртоғи-чи, уялдими? Асло. На уялди, на ҳаяжонланди. Ўзини худди чўнтагидан қўрғошин қалам ёки кундалик дафтар топилгандек тутарди.
Ертўғон, бунима?
Сигарет, жаноб.
Яхши, бу ҳолингдан ҳижолат чекмаяпсанми? Уялмансанми?
Тамаки отамники. Уйда унутиб қолдирибди, тушки дам олишда элтиб бермоқчиман. Агар уялиш керак бўлса, отам уялиши керак.
Шу жавоб билан иш битдими? Албатта, йўқ. Тартиб-интизом мажлисида масала кўрилиб, ҳал этилади. Диққатга сазовор жиҳати шуки, берилган жавоб олдида Ҳусайин қип-қизариб кетди. Ўртоғида топилиши шарт бўлган тўғрилик ва ҳаё туйғуларининг йўқлиги қизартирди уни. Эртўғон сигарет отасиникилигини айтганда, бошини буриб қаради. Парта устида турган тамаки қутиси кечаги, тунги хотираларни уйғотди. Танаффусга чиққанларида Ҳусайин унга яқинлашди:
—    Нега сигарет отамники дединг, Эртўғон?
Ертўғон Ҳусайинни эсли-ҳушли кўришни истагандай ачиниб қаради.
—    Гўдаксан, Ҳусайин, — деди ва кетди...

* * *

Изма-из келган бу воқеалар гўё тнл бириктириб, Ҳусайинни онасидан узр сўратиш учун содир бўлгандай. Эртўғондан тўғри гапирмаганининг сабабини сўраганда берган жавоби ярага сепилган қалампир бўлди. Ҳусайин уни бугунгача яхши билмагани, у ва унга ўхшаганлар билан дўст бўлгани учун уялди. Бу дўст Ҳусайинни мажлисларда уялтириши, ахлоқий бузуқ йўлларга йўллаши мумкин. Тутиладиган энг тўғри йўл — тўғриликдан қайрилганни тўғри йўлга келтирмоқ... Ҳеч қачон ким биландир дўстлашиш мажбурият бўлмаган. У ёки бу кимса билан дўстлашиш, ёки дўстлашмаслик тавсия этилиши мумкин, ҳолос. Ҳусайин ҳам Эртўғон билан дўст бўлишга мажбур эмасди, шуни англаган ҳолда уни тарк этишга қарор қилди.
Ертўғоннинг хатолари туфайли мактабдан ҳайдалиши бу қарорнинг хато эмаслигига далил бўлди.

* * *

Ўша кун тушдан кейин боғда суҳбатлашаётган дўстлари ёнидан ўтаркан эшитилган бир-икки сўз уни тўхтаб тинглашга мажбур этди. Икки синфдоши бахслашар, беш-олти синфдоши тинглашарди. Ёзма имтиҳонда нусха (шпаргалка)дан фойдаланиш тўғрисида сўз борарди. Икки дўстининг бири:
—    Нусха талабанинг ҳаққидир, — дерди. Ким нима деса-десин, мени фикримдан қайтаролмайди. Ўзларингиз уддалай олмагач, тарбиясизликдан лоф урасиз. «Пишак қуйруққа етолмагач, «пуф, сассиқ» деркан», деган оталаримизнинг тилига шакар. Эпласанг, бу гапларни айтиб ўтирмасдинг.
Иккинчиси жавоб берди:
Бундай қилмаслигимиз бу ишни нотўғри, чиркин бир ҳаракат деб билганимиздандир. Ҳа, биз бу ишни қилмаймиз. Чунки одобимиз, тарбиямиз бунга йўл қўймайди. Уй-ингизда ўтириб дарс қилишга қучингиз етмайди, сабр қилолмайсиз, ялқовликка, ишламасдан, чарчамасдан дам олишни, кўнгил очишни истаган нафсингизга ҳоким бўлолмайсиз, натижада ҳаққингиз бўлмаган нусха кўчиришга, яъни нотўғри ишга қўл урасиз. Бу ишни ҳам талабанинг зарурати, эҳтиёжи деб қабул қиласиз. Эхтиёж — илм, за-рурат — билмоқдир. Қўшни дўкондан молўмариб олиб, сотиб пул топган ва ёнидаги синфдошининг билими билан баҳо олган икки кишининг орасида қандай фарқ бор?! Балки бир кун келиб кўшнининг молини ўғирлаш ёмонлиги тўрисида миллатга насиҳат қиларсиз. Бошқаси гапга суқилди:
Хўп, сен шу қадар тўғрилик билан нимага эришдинг? Кеча жуғрофнядан тўрт олган зоти олийлари, ўзларимиди?!
Олишим мумкин. Мен учун ҳийла билан ўн олгандан, тўғриликча тўрт олиш хайрлидир. Ҳақиқатан, қимор, ўғирлик, риёкорлик билан миллионлар топмасдан тўғрилик, пешона тери билан озроқ пул топган ва яхшилигига кўнгли хотиржамлигини далил келтирувчи қанчалаб виждонли одамлар бор.
Кўзбўямачилик қилма!
Кўзбўямачилик қилаётганим йўқ. Кўзбўямачилнк далил бўлмаслиги аниқ нарсани далил қилиб кўрсатишдир, Мен шундай қилдимми? Шундай дедимми?
Уларнинг юзларига бир лаҳза тикилгач, давом этди:
—Дўстлар, ўз билими билан имтиҳондан ўтишнинг шундай ҳузур ва завқи борки, бу ҳаловатни кўчирмакашлар билмайди.
Сен ўзинг ҳеч нусха кўчирганмисан? Нусхадан фойдаланганмисан?
ЙЎқ.
Ундай бўлса, сен ҳам бунинг завку ҳаяжонини билмайсан.
—    Мен ўша завқу ҳаяжонни биламан. Бировнинг молини ўмараётган, ўмарганини еяётган ўғри шундай ҳаяжонланади, айнан шундай завқланади. Фақат бу завқу ҳаяжонни ҳалол деб даъво қилолмайсиз. Эшитинг, мисол келтирайин. Бир одам ўғлига: «бугун бир лира топиб келтир», дебди. Ўғли «хўб бўлади», деб онасидан олиб, кечаси отасига келтириб берибди. Отаси пулни деразадан улоқтирибди. «Ертага яна келтир», дебди. Ўғли иккинчи кун яна онасидан олиб келтирган пулнинг улоқтиришини жимгина кузатибди. Кейинги куни ҳалиги киши хотинига пул бермасликни тайинлабди. Учинчи кун меҳнат қлиб топишдан бошқа иложи қолмаган ўғил, келтирган пулини улоқтирмоқчи бўлаётган отасининг билагидан тутиб:
—    Нима қиляпсиз, ота? Мен бу лира учун оқшомгача заҳмат чеқдим, бундан хабарингиз борми, —дебди.
Менинг бу ҳикояга қўшимчам йўқ. Ҳар ким хоҳлаганини тушунсин. Истаган маъносини олсин. Тинглаётганлардан бири:
—    Шунақаси ҳам бўларканми? — деб эътироз қилди. Бошқаси чидаб туролмади.
—    Бўлиш-бўлмаслиги сенга алоқадор эмас. Ҳикоядан чиқадиган қулоса сенга алоқадор. Одам пешона териниг тўкмасдан мулкнинг қийматини билмайди, машаққат билан топганини қадрлайди, деган хулоса чиқариш даркор.
Бу савол берилаётганда Ҳусайин мийиғида кулиб қўйди, фақат бу истеҳзо, камситиш, мазахлаш ёки кибрнинг белгиси эмасди.
Ҳусайин сўнгги дарсда ёзма назорат ишини тошпириши керак. Бугунгача нусхага ҳавасманд бўлмагани сайин баъзан эсда сақлаёлмаслигини ўйлаб бир-икки сўзни партага енгилгина қайд этиб кўяр, бундан фойдаланган пайтлари ҳам бўларди. Бу сафар шу ишни қилмади, бунга сабаб бир соат аввал тинглаганларининг таъсири эди, Сигарети олинган, унинг отасиники эканлигани юзи қзармасдан айта олган Эртўғон бу дарсда нусха кўчира туриб қўлга тушиши ҳам Ҳусайинда қатгиқ, манфий бир таъсир қолдирди. Оқшом уйига кирар-кирмас онасининг кўлини ўпмоқни, узр сўрамоқни, ўзининг ҳақсизлигини эътироф этмоқни ўйларди. Уйига шундай хаёл ва шундай ният билан борди. Қуръони Карим олдида Аллоҳнинг қули эканини ҳар ҳужайраси, ҳар зарраси, бор вужуди билан ҳис этган, тавозели ҳолда сокин ва сассиз бир адо билан ўқиётган Фотимахоним... Инсония тучун ҳидоят бўлиб келган бу китобдан уфурган нур, унинг одоби билан адабланмоқни энг буюк мақсад деб билган бу хонимнинг юзида акс этар, ифодаси имконсиз, моддий жиҳатдан қўл етмас бир гўзаллик тажаллий этарди. Тасвири бир жумлада мушкул бўлса-да, ундаги бу ҳол — кўзи Китоби Каримда, кўнгли самода. Яъни кўзи Қуръонга, кўнгли бу шарафли китобни юборган Аллоҳга йўналган, боғланган. Бу шундай бир ҳол эдики, бу ҳол хузурини фақат бир мўмин бутун борлиғи билан боқийга боғланиб, фонийни унутиб — дунё машғулотини кўнгилдан кувиб ўқиган намозида топиши мумкин.
Ҳусайин онасининг тиловати тугагунча кутди. Уйга ки-иб, онасини фариштасифат қиёфада Қуръон ўқиётган ҳолда кўриши янада кучлироқ таъсир қилди. Эрталаб ўзи ранжитган онасини бу ҳолда кўрган қўзлари ёшланди.
Китоби ёпилди. Қўллар кўтарилди. Тиловат савоби муҳтожларга бағишланди. Каломини ўқиганга, ҳурматлаганга буюк мукофотлар ваъда этган Аллоҳга чин дилдан дуолар қилинур. Шу онда унинг юзларига боққан киши, софлик ва покликда ҳудди икки томчи ёшнинг одоб ва ҳаё билан тўлиқ юзлардан сизиб ўтганини кўрган бўларди. Аммо кўришнинг ҳожати йўқ. Чунки у — Фотимахоним кўрсинлар деб йиғламас, буни йиғи ҳам деб бўлмасди.
Қўллар юзга сурулди. Китоби Каримни кўтариш учун узалган қўллар муаллақ қолди. Чунки ўнг тарафдан узатнлган бир жуфт кўл китобни олди ва ўрнига қўйди. Сўнгра ҳануз жойнамоз устида ўтирган Фотимахонимнинг ўнг қўлини олиб бағрига босди. Ҳурмату меҳр билан ўпди ва пешонасига сурди. Бироздан сўнг узрини айтди:
Она, мени шу Китоби Карим ҳурмати авф этинг! Сўнг онасининг оёқларини қучди. Тўхтатмоқчи бўлган она, навбатдаги ёлворишни эшитди:
Онажон, рухсат беринг, бир бор юзларимни сурайин! Эрталаб онасига исён билан қараган юз, Пайғамбар ифодаси билан остида жаннат бўлган она оёғига сурилмоқла юкланди. Фотимахоним ўғлини турғазди. Кўзларидан ўпиб, бағрига босди:
—    Чароғим, тўғри, ҳалол, покиза инсонларга ошнолик қилсанг дейман, бир дона Ҳусайинимдан, гул юзли боламдан ўша заққумнинг ҳиди келмаса дейман?!.
Ҳусайин ўша кунги ҳодисаларни бир-бир нақл этгач:
—    Она, сўз бераман, ҳаётда ёлғиз қолсам-да, мени ҳақ йўлдан айирадиган билан дўст бўлмайман. Сизнинг дўстлигингиз менга етарли, —деди.
Орадан икки ҳафтача вақт ўтди. Кўқда ер юзига енгил ва майин ёмғир доналарини юллашга лойиқ булутлар пайдо бўлди. Қуёш гоҳо кўриниб, атрофни илитар, фақат бу орада ўртага тушган ва қуёш нурларини тўсган бир булут фуқарога садақа қабнлида бир неча лаҳзалик ёмғир севалар, сўнгра шошиладиган жойи йўқ йўловчидай оғир-вазмин узоқлашарди.
Ўша қун бир неча дўстлари билан айланишга чиққан Ҳусайин секин-секин кинохонага яқинлашганларини билмай қолди. Жўраларидан бирининг:
—    Вугун кинога тушайлик, — деган таклифини ҳаммалари тасдиқлашди. Ёшлар— шунақа. Кўпинча қилаётган ишларини олдин ўйлаб кўришмайди. Улар олдин хаёлларига келганини қиладилар, сўнг ўйлашни бошлайдилар. Лекин Ҳусайинга ҳам айнан шундай таъриф бериш ҳақсизлик бўларди. Чунки чипта олмасдан аввал «кирсамми-кирмасамми», деб бир муддат тараддудланди. Сўнгра бундан ҳам бир ибрат оларман дея чипта олди.
Ҳали ўн беш дақиқа бор. Ҳар ким ёнидаги билан суҳбатлашар, атрофдан келган овозлар бирлашиб юксалар, гаплар эшитилмас, шунинг учун ёнидаги суҳбатдошга бироз овозни қутариб гапиришга тўғри келарди.
Ҳусайин мактабга келган вақтларда кинонинг ноҳуш ҳолатларига унчалик тобу тоқати йўқ эди. Аввал ўзи билан бирон китоб олмаганига ранжигандай бўлди. Ўн беш дақиқа ўқидим, деб ўйлади. Вақтни беҳуда ўтказишни хушламасди. Масалан, муаллим келмаган бўш дарсларни ўртоқлари беҳуда ўтказса, Ҳусайин ўқитувчи келиб қолса, қандай жавоб бераман қабилида иш тутиб, шунга асосан ўқиб-ўрганиб ўтирарди.
Тан олиш керакки, унинг бу хусусиятида ўз қобилияти билан бирга онасининг ҳам катта ҳиссаси бор. Мактабга бориб келаркан фурсат бўлган тақдирда хаёлида дарсларни таҳлил қилишни, бу орада «Ихлос» сурасини уч, «Фотиҳа» сурасини бир карра ўқиб раҳматли ҳоласига бағишлашни одатлантирган ҳам онасидир. Айтишларига қараганда Ҳусайинга ҳоласининг кўп меҳнати сингган. Кичиклигида онасидан кўпроқ ҳоласи қараган. Исми — Хайрия. Онасининг ҳам ҳоласининг ҳам исми Хайрия деб илк бор эшитганда ғалати тасодиф эканини ўйлаганди. Кейин онасидан сўраганда, Фотимахоним:
—    Ўғлим, менинг отим ҳам Хайрия, аммо кўряпсанки кўпинча мени Фотима деб чақиришади. Олдинлари ҳаммага иккита исм кўйишарди. Отам Хайрия исмнни жуда яхши кўрганларидан мени ҳам, уни ҳам Хайрия деган. Сен энди бу гапни қўй-да, мактабга бориб келгунча ҳолангга бағишлаб ўқишни унутма. Ҳам вазифангни ўтаган, ҳам бориб-келгунча вақтни беҳуда кетказмаган бўласан,—деганди.
Енди Ҳусайин буларни тушунади, шунинг учун бу ердаги бўш вақтнинг қадрига етаяпти. Бироз ўтиб бу ғашлиги ўринсизлигани англади. Чунки, бу ғала-ғовур ичида ўқигани билан тушунмасди.
Атрофда суҳбатлашаётганларнинг ҳаракатлари умуман олганда дуруст ҳолат эмас. Туғрироғи, Ҳусайиннинг фикрича, булар ақл ва мантиқ тарозисига тортиб кўрилса, натижа — нохуш. Суҳбатлашаётганларнинг фикрича эса, аксинча, суҳбатлари зарурийдир. Камдан-кам кишиларгина беҳуда, фойдасиз гаплашаётганлигини англашга қодир, уларнинг йчидан камдан-камларигана бундай фойдасиз сўзлашдан кўра сукутни афзал билишади. Қулоқларни гаранг қилгудек ғала-ғовур орасида кучли ҳаяжон билан гаплашаётган орқа қатордаги икки ёшдан бири бундан олдинги филмга икки марта тушганини ва фалон артистнинг шоҳона роли бўлганлиги сабабли яна бир марта тушишга ҳам тайёр эканлигани сўзлар эди. Қайсидир артистнинг аллақайси кўшиқчи билан дон олишиши энди ҳеч кимдан яшириб бўлмайдиган ҳолга келган, гўёки иккисининг ўртасида янги бир ишқ можароси бошланганмиш. Ҳатто яқинда фарзандли бўлишлари кутилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқатилади. Фалон артист аскарликка кетаётганмиш. Ажабо, аскарликда ҳам унга ўз касбига алоқадор бирон вазифа берилармикан? Агар шундай йўл тутишса, айни муддао бўларди, чунки ҳам санъаткор санъатини ривожлантиради, ҳам бу билан аскарларда жанговор руҳ уйғотиб, қўшинга катта ёрдам берарди... Шу каби оғиз чарчатишдан бошқа сифати бўлмаган сўзлар қатори ва ора-сира бу ерда ёзишимизга одоб тамойиллари йўл қўймайдиган каломлар эшитилади. Хусайиннинг фикрича, бу тарзда вақт ўтказиш одоб ва масъулнят туйғусининг етишмаслиги ва ёки умуман мавжуд эмаслиги билангина изоҳланиши мумкин. Бу сўзлардан кимга қандай фойда бор ёки улар айтилмай қолган тақдирда кўриладиган зарар не чоғли?
Атрофда эндигина ўн беш ёшини қаршилаган олифтачалар селтанглаб юрар, йўтала-йўтала еқилган сигаретларини чекишга ҳаракат қилардилар. Қўллари билан оғзини беркитишлари тамакининг ўта аччиқ эканини ва шу сабаб йўталаётганларини англатарди. Бу орада парда очилди. Уч маротаба янграган огоҳлантирувчи қўнғирокдан сўнг филм бошланди. Намойишдан олдин кўрсатиладиган филмлардан парчалар тақдим этиларди. Уларда акс этган шармандали бир саҳна кўриниши томошабинларнинг юракларидан қайнаб чиққан инқиллаш юксалишига, янада кучайиб, ҳайвоний хириллашга ўхшаган ҳаяжонли овозларнинг чиқишига сабаб бўлди. Ҳуштак чалганлар, ҳатто ўзини тутолмасдан бор овозда наъра тортганлар ҳам йўқ эмасди. Бундай филмларни кўргандан сўнг ёшликнинг қандай маҳв этилишини, иффат ва номус туйғуларининг қай тарзда илдизларидан айрилганини англамоқ учун хўкизнинг ақли ҳам кифоя қилади. Асосий филм бошланди. Унинг ҳам кўрсатилган парчалардан фарқи йўқ эди. Ху сайин ҳафтанинг икки-уч кунини кинотеатрда ўтказадиганлар сирасига мансуб эмаслиги учун филм техникаси ҳақида айтадиган гапи йўқ. Унинг одоби эса ўзи билмайдиган соҳада сўз айтишига тўсқинлик қиларди. Фақат ўз соҳасидан келиб чиқиб, бир-икки оғиз сўз билан баҳсга аралашишга ҳам кишининг ҳадди сиғмайди.
Бундай филмлар ахлоқсиз, одобу тарбиясиз кимсалар учун кўнгил очиш воситаси бўлиши мумкин. Лекин булар Хусайин каби оила тарбияси ва Имом Хатиб мактаби таҳсилини ўзаро уйғунлаштирган, шарафли бир мусулмон бўлиш орзуси билан урган ўспиринга кўнгилхушлик воситаси бўлиши қийин. Бу филмлар адаб ва ҳаё йўлидан узоқлаштириши ва дарслардан чалғитиши мумкин. Ҳусайиннинг бу филмдан олган ёлғиз сабоғи: бошқа қайтиб бундай филъмларга келмаслик ва вақтни зое кетказмаслик бўлди. Бу разолатни томоша қилиш учун кетган пулчи? Бу пулга бир фақир тушлик қилиши мумкин эди. Филмни ярмида тарк этмоқчи ҳам бўлди, аммо ўртоқлари билан филмни танқид қилиш учун кутди, сабр қилди.
Қолаверса, бир неча кишини «кино» касаллигидан қутқариш ҳам ёмон иш эмасди. Лекин бутун Туркияда ҳар кун икки юз мингдан зиёд киши вақтини кинода ўтказиши назарда тутилса, Ҳусайиннинг ўртоқларига қиладиган яхшилиги денгнздан томчи дейиш мумкин. Шунча одамни кинодан қайтариш хаёлий бир гап эди. Ёшликнинг гўёки сел каби кинохоналарни, майдонларни тўлдирадиган 6у даврида мазкур мақсад йўлида уринишлар сувдан ёғ чиқазишга уринишдек бир гап эди. Қанийди, ақлли ва ўзига тўн; мусулмонларнинг бир гуруҳи дин, диний ва ахлоқий мавзуларда филм ишлаб чиқарадиган ширкат тузсалар. Кўпчилиги масжидга фақат ўлганида бир неча кишининг елкасида зиёрат қлиш учун биринчи ва сўнгги марта келадиган бу кишиларга кинотеатрларда кўрсатиладиган филмлар орқали дин ва ахлоқ туйғусини яхшироқ юқтириш мумкин. Бундай йўл тутиш қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмайдиган кўплаб ёшларга йўл кўрсатган ва уларни ҳалокатдан қутқарган бўларди.
Чиққач, филм таъсири билан суҳбатлашган дўстларнинг ҳаяжони босилди. Ҳусайин тенгдошлари бемалол тинглашига кўзи етгач, сўз бошлади ва фикрларини англатди. Тинглаётганлар   қаторида   юзида    мамнуният   акс   этганлар   бор   эди.    Ҳеч хушламаётганларини билдираётганлар, англатаётганлар ҳам топиларди. Сўзларини тугатганда илк эътироз баралла эшитилди:
Хўш, Ҳусайин, биз ҳеч дам олмаймизми, кўнгил очмаймизми? Ҳусайиннинг жавоб беришига ўрин қолмади, Бир жўраси:
Дам олишга ҳаққимиз бор. Аммо дам оляпмиз деб бунақа одоб ва ахлоқ йўлларига пистирма қўйган филмларни кўриш ҳам ҳар ҳолда дам олиш бўлмаса керақ Дам олиш фақат филм томоша қилиш деганими?! Кўнгил очиш-чи? Менинг ахлоқимни бузмайдиган, номус ва иффат туйғуларимни орттирадиган, меҳнатга нисбатан кишида куч-қувват, ғайрат, муҳаббат уйғотадиган филмлар бўлсин, биз ҳам кўрамиз, биз ҳам қутлаймиз. Ҳусайин бу суҳбатнинг фойда бераётганини кўриб мамнун бўлди. Бундан кейин кинога ҳафтада бир боришга қарор қилинди. Кино учун кетадиган қолган пулга китоб олиниб, ҳаракатчан, тарбияли ва фақир бир дўстга ҳадя қлинди. Ҳадя этганлар кўнглида пулни беҳуда харжламагани, яхши иш қнлганидан ҳузур бор эди.
Кейинроқ ҳам Ҳусайин синфдошлари билан бу мавзуда макггаб ичида кенгроқ ташвиқот юритишга киришди. Кино пулларини хайрли йўлга сарфламоққа рози бўлганларнинг ғайрати билан кутубхона ташкил этиш қарорлаштирилди. Китоб жавони усгига «Бу китоблар кинога бериладиган пулга олинди деган ёзув илинди.
Ҳусайин кинога борганини бир ҳафта ўтгач, онасига айтди. Ҳодисани бир бошдан гапириб берди. Сўзларини тугатганда Фотимахоним ўғлининг сочларини силади:
—    Мамиун бўлдим, ўғлим, ҳурсанд бўлдим. Умид қиламанки, ҳар кун бир янги яхшилик эшигани очгайсан. Шу йўлда машғул бўласан. Ҳар яхшиликни ёлғиз Аллоҳ ризоси учун адо этишга ғайрат қилгайсан. Фақат сендан истаганим бир яхшилик қилганингда, нега кўпроқ қилмадим, нега кеч қилдим дея Аллоҳдан кечирим сўра. Мен ўғлимни шундай кўрмоқни истайман. Шундай кўрсам, қувонаман, болам.
Ҳусайин онасининг бу юксак туйғуси, нозик ҳислари қаршисида эриб кетди. Сўзлари гўзал, ўзи сўзидан яхши бўлган онасининг Қуръон ахлоқи билан нурланган юзига шукрона ва миннатдорлик ҳислари билан боқди. Бу из умр бўйи Ҳаққа қул бўлмоқ шарафи билан порлаб, фақат Ҳақ неъматлари қаршисида лойиқ ибодат этолмаганининг, муносиб қул бўлолмаганининг ранжидаси билан ёнарди.
Ҳафта давомида яхшилик қилгани учун севинган, ўзига сиғмай юрган Ҳусайин энди қаршисига хар кун янги фазилат билан чиққан онасига лойиқ ўғил бўлмагани учун куйинарди. Унинг кўк кўзларига тикилиб бир он ўйга толди. Ҳар нарсага ибрат назари билан боққан, самимийлигига тўлиб-тошган 6у кўзлар унинг бепоён уммонларни тамсил этган покиза руҳига таржимонлик қилгандай. Толғин кўзларидан сизган икки томчи ёш Ҳусайинда сўз билан тушунтириш мушкул бўлган ҳис ва ўйларнинг долғаланганини билдиради. Бирдан ўз кўзларининг ҳам бу кўзлар каби мовий бўлмаганидан ранжигандай бўлди. Қандай ғалати ҳолки, онанинг кўзлари мовий, ўғилники қора! Сўнгра Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодирлигини, куруқ тупроқдан юзлаб тур мева, гиёҳ ва гуллар етиштирган Аллоҳнингбу ишда ҳам бир ҳикмати борлигини ўйлади. Кўз ранги жиҳатидан эмас, ахлоқ ва тушунча тарафидан унга ўхшши кераклигини хотирлади. Неча кўзлари кўк одамлар борки, покиза ахлоққа дахлдор эмас.
Ҳусайин шуларни ўйлаганда азон овози аср кирганини, ҳар хил машғулотларни қўйиб, Яратган ҳузурида туриш кераклигини эълон этарди.

* * *

Имом Хатиб мактабининг тўртинчи синфига ўтганда дарс татбиқоти сифатида ҳутба ўқиш вазифаси топширилади.  Ҳусайин  қандай мавзуни  олиш  кераклиги  ҳақда  бир қарорга келолмасди. Илк дафъа хутба жуда ҳам ҳаяжонли эди. Хаёлида баъзи мавзулар жонланар, лекин ҳеч бирига кўнгли чопмасди.
Асрдан сўнг мактабдан қайтаркан кўзи ерда, хаёли мавзу танлаш билан машғул. Ўйлай-ўйлай оғир-вазмин одимларди. Ёнидан ўтаётганларнинг аёл, эркаклигини фарқламасди.
Хусайин, йўл бўлсин! Бошини қўтарди.
Қалайсан, Ҳусайин?!
Худога шукур. Тинчлиқ Ўзинг қалайсан?
Аллоҳга шукур. Ўйчан экансан.
Шукур, яхши. Ёмон эмас.
Аллоҳ яхшиликдан айирмасин.
Омин.
Ажрашдилар. Ора-сира кўришиб турадиган самимий дўсти. Юришда давом этди. Эски ўйчанлик тарқалиб кетди.
Бугун чоршанба, Чўрим бозори қизғин. ЙЎллар одатдагидан кўра тиқилинч. Яқин қишлоқлардан келганлар энди кетмоқчилигини маълум қилгандай магазинлари олдига қўйган юкларини ҳозирлашмоқда. Доира (айлана дўкон)лардан бир оз эрта чиққан аёл-еркаклар қўлларида тўрхалта олиб бозорга шошилиброқ кетишмоқда. Эски ҳокимият биноси бўлган тарафдан Қуббали Жомъе йўналишида келган автобус ёмғир сувларини сачратмасин дея бир четга чекиниб, ўтиб кетишини кутиб турди.
Жомеъ рўпарасидаги магазиннинг ёнида чўккалаган кампир Хусайиннинг диққатини тортди. Устидаги либослар фақирлигига, юзидаги ажинлар умр бўйи машаққат чекканига далолат эди.
Олдида бир сават бор эди. Бир кўли билан сават тутқичидан ушлаб, шу қўли устига пешонасини суяб турар, чуқур-чуқур нафас оларди. Олдидан ўтган автобус сачратган сувлари безовта қилмас ёхуд чекинмоққа тоқати ва мажоли йўқ эди. Бошини кутарди. Атрофдан ўтаётганларга ёрдам умидида бокди.
Шу орада олдидан ўтаетган очиқ-сочиқ хотин уни туртиб, четга итарди ва йўлида давом этди. Уч қадамча юриб, яна қайтди, сумкасидан ҳамёнинн олнб, ундан кампирга пул узатди. Бу пайт Ҳусайин ҳам уларга уч-тўрт қадамча яқинлашиб қолганди, Момо аввал қўлига тушган пулга, сўнг уни берган аёлга қаради, пулни қайтарди:
—    Тиланиш учун ўтирганим йўқ, чарчадим, — деди. Покиза инсонларга ярашадиган муомала эди бу. Тиланадиган аҳволга тушмагунча бу йўл билан қорин тўйдиришни муносиб кўрмаслик доим ҳам учрайдиган фазилат эмас. Бу пул олинса не бўларди? Берган ҳам, олган ҳам зарар қилмасди. Аммо «мендан муҳтожроқлар бордир» дея зирқираган виждонга не деймиз?
Кўча бошларида ўтириб келган-кетганга қўл очганларни, кечгача зшикма-ешик кезганларни ўилади Ҳусайин... Бу одамлар ўртаҳол ҳунарманд ёки дўкондорни ортда қолдирадиган пулнн қўлга киритишмоқда...Ҳатто булар орасида бозорма-бозор кезадиганлари ҳам бор. Бир неча кун бурун бир баққол битта тиланчини душанба куни Мажидўзуда, сешанба куни Сингурлуда, Чоршанба куни Кўҳна (Сўргун)да, пайшанба куни Олачада, жума куни Чўрумда кўрганини айтганди. Бундай маблағ тикиш талаб қилинмайдиган «санъат»ни ким ҳам севмайди. Сармоя йўқ, солиқ тўлаш йўқ, «бўш турган қўлни Аллоҳ севмайди», дея эшиқдан-ешикка санғиб, дўкондан-дўконга изғир ва бир-иккита дуони минғнрлашдан иборатми бу «санъат». Бундай тиланчиликнинг қандай қийинчилиги бор?
Хўш, топталган ор-номус, йўқотилган одоб ва иффат туйғусиға нима дейсиз? Буларнинг ҳеч қандай қадри юқми?
ЙЎқ, асло йўқ!.. Уятнинг кўчаларига аллақачонлардан буён қадам босмаган, «Худо берсин!» —деган жавобни эшитгач ҳам кетишни хаёлига келтирмаган, шилимшиқ каби ёпишқоқ, кўз остига олган одамини зулук каби сўрмагунича кўнгиллари жойига тушмаганидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, юқорида қайд этилган туйғулар улар учун бир неча ҳарфларнинг йиғиндиси — қуруқ сўз, ҳолос.
Аммо инсонликнинг асл моҳиятини англаганлар учун одоб ва иффат сўзларининг маънолари дунёдан ва дунёдаги барча нарсалардан бениҳоя қимматлидир.
Мана, момонинг берилган садақани олмаган пайтда ҳис этган руҳий ҳолати. Агарда бу пулни олса, иккинчи марта берилган садақани олиши осонлашади, бу эса учинчисини олишга хоҳиш уйғотади ва шу тариқа поёнига етишига жуда оз фурсат қолган умр тиланчилик билан якун топади. Бу эса умр бўйи хаёлига ҳам келтиришни истамаган мудҳиш бир якун.
Яланғоч хотин бир сония турди, сўнг йўлида давом этди. Ҳусайиннинг ёнидан ўтар экан: «Булар одам бўлмайди», дея ғудранмоқда эди. Хусайин чидаб туролмади:
Хоним афанди, одам бўлишлари учун тиланчилик қилишлари керакми? Хотин ҳайрон бўлиб, Ҳусайин томонга қайрилди:
Бир нима дедингизми?
Одам бўлишлари учун тиланчилик қилишлари керакми, дегандим.
Хотин саволга «ҳа» деб жавоб беролмади. Гапни чўзмаслик учун бўлса керак, йўлида давом этди. Ҳусайин кекса хотиннинг ёнига келиб:
—    Ҳола, истасангиз ёрдамлашай, саватингизни уйингизгача олиб бориб берақолай, — деди.
Аёл бошини кўтарди. Қаршисида очиқ чеҳрали йигитча турарди. Унга миннатдор нигоҳ ташлади:
—    Аллоҳ сендан рози бўлсин, болам. Мадорим бутунлай қуриди. Озроқ ёрдамлашиб юборсанг, яна ўзим оламан, — деди.
Саватдан қўлини олиб, икки тиззасига таянди. Бутун кучини қўлларига ва тиззаларига тўплаб, кучаниб ўрнидан турди. Ҳусайин саватни олди. Жуда оғир эмасди. Лекин кампирни бемалол чарчата оларди. Бирга маҳалла оралаб юрдилар. Кампир ора-сира «Аллоҳ муродингга етказсин!», деб дуолар қилиб борарди. Лекин Ҳусайин саватни дуо учун эмас, диннинг муҳтожларга ёрдам этиш йўлида берган амрини бажариш, инсонлик вазифасини адо этиш учун кўтариб борарди, Албатта, унинг дуо этишига ҳам қарши эмасди. Ёшликда Аллоҳ ризоси учун бир кексага ёрдам берган киши, ўзи кексайганда ёрдам берадиган ёшларнинг топилишига ишонарди.
Бу аёл ўрнида ўз онаси бўлганда, бу азиятни у чекканида нима қиларди? Унинг шу аҳволда эмаслигига шукр қилишнинг ягона йўли бу аёлга ва у кабиларга ёрдам бермоқдир. Бундайларни кўриб, ўзикинг аҳволига шукр этиб ўтиб кетмоқ ўйсизлик, бепарволик саналиши керак. Агар бойларнинг молида фақирлар учун Аллоҳ тарафидан белгиланган ҳақ бўлса — Ҳусайин бу ҳақнинг борлигига ишонарди — худди шундай ёш ва соғломларнинг куч-қувватида кексалар ва ожиз-заифлар учун тайин этилган ҳақ ҳам бор. Бу ёрдам тан куч-қувватининг закотидир. Бу мурувват ва инсонлик туйғусининг юксак нуқтасидир.
Уйим шу ерда, ўғлим, Аллоҳ сендан рози бўлсин! Бу сўз Ҳусайиннинг хаёлини бўлди. Саватни эшик олдига қўйди. Эшикнинг туриши уйнинг хароблигидан хабар берарди.
Ўғлим, сенинг отинг нима? Кимлардансан?
Нима қиласиз, ҳола?
Бир йўлим тушса, уйингизга кириб, сендан кўрган яхшилигимни онангга айтардим.
Шарт эмас, ҳола. Мен онам эшитиши учун эмас, Аллоҳ ризоси учун ёрдамлашдим. Онамни хурсанд этишни истасангиз, ҳақ йўлдан айрилмаслиги учун дуо қилинг.
Ҳусайин кетди. Эшикдан ичкари кирган момонинг кўзлари ёшли эди. Бу ёшнинг сабаби ўзининг кучи етганда бошқаларга ёрдам этолмаганлик пушаймонидан эди. Бошқа биров бу ешларнинг сабабини яхшнлик қилишни севадиган бир инсонни учратганидан пайдо бўлган туйғулар туфайли деб тушуниши мумкин. Ҳеч танимаган бнр бола юкини кўтариб келтириб бергани ва ўз неварасидан бундай олижаноблик кўрмагани назарга олинса, инсонийликдан узоқ бўлган неварадан ҳақорат кўриши, оғир сўзлар эшитиши, катта она ўрнига «сассиқ кампир!» дея бақириши, ўзининг шу аҳволига рози бўлиб шукр этиши ҳисобга олинса, иккинчи қарашни олдинга сурганни ҳақли дейиш ҳам бемалол мумкин.
Ҳусайин кекса аёлдан ажрашгач, уйга келди. Кўз олдида кечган ва икки аёлнинг баҳси яхшилик ва ёмонлик курашига ўхшаган бу ҳодисани ўйламасдан бўлмасди. Уйимда бир ҳафтага етгулик егулигим бор деб берганни олмаслик буюк фазилатдан дарак бўлса керак. Момонинг ўша юқори табақага мансуб кибор хотинни шарманда ва паришон қилишига нима дейсиз?! Булар бир замонда яшаган икки гуруҳга мансуб аёллар тимсоли. Бир тарафда эрининг кўз ўнгида очиқ-сочиқ ҳолда кўча кезган ва ўзидан баландга эгилиб, заифни суриб ўтадиган, амал-тақал қилиб турмушга чиқиб олган ҳаёсизлар; иккинчи тарафда оғзидаги нонни бировга илинган, тиззасидаги ярани ўз туғишганига қўрсатмоқдан ор қилган, уялган, номусини бошига кўтарган, номус учун ҳаётини сева-сева фидо қилишга тайёрлар...
Ҳусайиннинг онаси иккинчи гуруҳга мансуб. Бу гуруҳнинг тимсоли — муносиб қобилиятли, қиладиган ишини ўйлаб, мутлақо Аллоҳ ризоси учун адо этадиган бир она... Бу йил ўн олтига кирган Ҳусайим, шу чоққача тасодифан бўлсин, онасини боши очиқ ёки яланғоч ҳолда кўргани йўқ.
Ҳусайин онасига шоҳиди бўлган ҳодисани айтиб бергач, сўзини шундай тугатди: «Менинг онам, онажоним, билсангиз, сизни шундай яхшн кўраманки... Менинг ёнимда гўё бир бегона бордай доим ўраниб, ёпиниб юрасиз».
—    Ўранишимни «мендан чекиниш» деб ўйлайсанми? Оналар ўғилларидан чекиниб ўранмаслар, мен ҳам сендан чекинмасман. Сени номаҳрам санасам, кимим қолур менинг бу дунёда?! Сен бўлмаган пайтларда, Одила ва Самиҳанинг ёнида ҳам шу ҳолда бўламан. Улар олдида ҳам бошим ўроғлиқ юраман, ёлғиз қолганимда ҳам шу ҳолдаман.
У пайт кимдан қочиб, ўранасиз?
Бил. Ўзинг бил кимданлигини!
Фотимахоним Ҳусайинга ёшлигида дугоналарига берган жавобни айтди. Шу қадар самимий сўзлагани ўн йиллардан кейин ҳам тасдиқ бўлди.
Ҳусайин бу йил тўртинчи синфда, ўн кундан кейин келадиган жумага хутба ўқиш учун тайёрланиш топширилганини айтгач:
—    Қайси мавзуни танласам, она? — деди.
—    Ҳозиргина айтганларинг гўзал мавзуларку, ўғлим? Буларнинг боши мода. Мода ҳақида тайёрлан.
Ҳақиқатан гўзал мавзу топилганди.

* * *

Ўн кундан сўнг жума намози учун миноралардан таралган азон саси мўминларнинг жума эканини унутмасликларини таъмин этаркан, уйнинг бир бурчида, жойнамоз устида, бутун борлиғи билан яратганга юзланиб, ўғли ўкийдиган ҳутбада янглишмаслигини, шу хутба сабабли йўлларидан адашганлар яна ҳақ йўлга ва ўзларига келишларини дуолар қилган бир ўгай она бор эди. Йиллар давомида, қатъий ирода, туганмас сабр ва ўгай эмас, ҳақиқий она меҳри билан бағрига босган етимини энди жон-жонидан ва чин кўнгилдан дуо этарди. Орадан кечган ўн бир йил вақт уни эт билан тирнокдай болаларга боғлаб қўйди, уларнинг ўгайлигини деярли унутди. Энди Аллоҳ мададини тилаган гул юзли фарзандига «менга охиратда шафқатчи, шафоатчи бўлади, деган эзгу умид билан боқар,унга оналик муҳаббати билан бир навбатда алоҳида маънавий меҳр ҳам кўйганди. Бироздан сўнг ўғлидан хабар келиши керак. Тонгда ҳар кунгидай алоҳида бир ҳаяжон билан йўлга чиқараркан, кўлини ўпган боласини:
— Аллоҳ мададкор бўлсин, гуноҳкор онангни ҳам дуо қилишни унутма, ўғлим... — деб кузатди.
Жомеъ лиқ  тўлган.  Одилбек ўғлини  кўриб  ҳаяжонланмаслик учун  устун  орқасида
яширингандай бўлиб ўтирибди. Бир замонлар Эрдолбекнинг сўзларига ишониб ва алданиб
Имом Хатиб мактабига беришни истамаган ўғли тўрт йиллик таҳсил мевасини кўрсатиши,
отаси уни айнан шу мактабга бергани учун мамнун этиши керақ
Жума қунига махсус азон айтиб бўлинганда минбарда секин оёққа турган ўғлини
кўриши билан қўзларида пайдо бўлган икки томчи ёшни артишни лозим топмади.
Халқ шундай ўн олти, ўн етти ёшлилар ўқиган хутбага одатланди. Неча йилки, энди дин
илмини унутай деганида баҳор чечагидай йигитларни тинглаш завқу ҳаяжонини тота
бошлади.
Хутбанинг арабча қисмини ёддан ўқиган ва туркча қисмига келган Ҳусайиннинг овози секин-секин кўтарила бошлади. Кўзларидан ёшлари сизилиб, внждонлари олдида тиллари қисиқ, бошлари ҳам бўлганларнинг бошлари кўксиларига тағин ҳам эниб борарди. Туркча қисмини, сиз ҳурматли ўқувчилар билан бирга тингламоқни раво кўрдик: Муҳарам мусулмонлар! Хутбамиз мода ҳақида. Бу миллатни мода балоси маҳв этган. Мода аталмиш бехосият одатлар келтирган балою гуноҳ дунё ва охиратда бизга етиб, ортиб ҳам қолур. Оиламиз ислом одатлари билан идора этилган, одамларимиз Аллоҳтсан кўрқан, миллатимизга оталаримизнинг одату анъаналари ҳоким бўлган замонларда роҳатда эдиқ ҳар соҳада йўлимиз очиқ эди. Бугун йўлларимиз эмас, аёлларимиз очиқ. Ислом одатларига эмас, инглиз, франтсуз ва бошқаларнинг одатларига, Расулуллоҳнинг амрларига эмас, Оврўподаги кимлиги номаълум, қандайдир ахлоқсизнинг хоҳишига бўйсунамиз. Айни ўринда Пайғамбаримизнинг бир ҳадиси шарифини нақл этиш жоиз. Марҳамат қиладиларки: "Ким қайси қавмга ўхшаса, ўшалардандир!»
Агар Расулуллоҳнинг амрларига модага аҳамият берганимиз каби муносабатда бўлганимизда эди, кўплаб покиза ва ҳақиқий мусулмон кишилар етишарди. Агар модага кетган исроф, фақиру фуқарога харжланса, неча бағри ярага малҳам, қанча кўнгли яримга хурсандчилик бўларди. Йилда бир неча бор ўзгурадиган модага сарфланган харажатларнинг ҳисоби йўқ, «Бу йил оқ либос кийилади», дейилдими тамом... амр — амрдир. Кучи етган-етмаганнинг устида оқ либос бўлиши шарт. «Бу йил оёқ кийимларнинг товони бир қарич бўлармиш, либосларнинг этаги тиззасидан бир қарич юқори чиқармиш, сочлар фалон шаклга кирармиш», дейилганидан сўнг паст пошнали оёқ кийим, этаги тиззани, оёқни бекитадиган либос қидириб кўринг-чи. Модага берилгани учун ўзини маймундай турли қўринишга солган қанчалаб кишиларнинг аслида уйида ейишга тузук-қуруқ таоми йўқ...
Лекин биз уларки эмас, модани бошлаб берадиган бойларни айбдор деб биламиз. Илгари вақтларда тўйга кета туриб фақирлар ўксинмасин дея зийнатларини тақмаган, ҳавасланиб, кўнгли тушмасин, оғринмасин, харажатга қийналмасин деб ҳашамдор кийинмаган олижаноб инсонлар бўлган экан. Энди эса ўзидан бошқани ўйламайдиган, барча фазилати чўнтагидаги пулдангина иборат бўлган бойларимиз бор. Бугун ҳар тўй учун алоҳида кийим тиктирмаса уяладиган, ўн беш, йигирма бош кийимни кам дейдиган аёлларимиз мавжуд.
Бутсдайларга Расулуллоҳнинг қизида фақат бир бош либоси бўлганини эслатинг. Бугун устига кийиши учун энг оддий либосни топишга ҳам қийналадиган, «бир мурувват соҳибини йўлла, ё Раб», дея инграб, илтижо қилаётган қанча аёллар борлигини эслатинг. Инсонлик шарафи ва фазилати бойларнинг ким ўзарга кийиниши, бўйлашиб, баҳслашишида эмас, балки очларни тўйдириш, яланғочларни кийинтиришда эканнни тушунтиринг. Модага сарф этнлаётган ҳар тийиннинг Аллоҳ ҳузурида ҳисоби, жавоби борлигини ақлларига жойланг. Жаноблар, ҳикоя деманг.матал-чўпчак деб тингламанг, уйига ҳафтада гўшт кирмаган, иссиқ шўрва ичмаган, тўйиб овқатланмайдиган қанчалаб диндошларимиз бор... Биз қиш кунлари иссиқ печ ёнида илиққина ўтирар эканмиз, қуруқ, совуқ қозонларига кўзёшлари томган биродарларимиз қанча?! Ўйлаб кўрсак, дин ва ахлоқий жиҳатдан биздан кўп юксак. Аллоҳ ҳузурида биздан шарафлироқ қанчалаб биродарларимиз биз қорин тўқлигидан меъдамиз билан машғул пайтларимиз очлиқдан қийналаётган бўладилар.
Муҳтарам мусулмонлар!
Биламизки, шундай бойларимиз борки, кунда юзлаб лира фойда кўрадилар, ҳар кун гўшт, ёғ ва асалга бўкадилар, тағин ҳеч нарсага эришмаганидан, хузур топмаганидан, бир миллиони икки миллионга чиқмаганидан шикоят қилишади. Бундайлардан мурувват кутмаймиз. Фақат бой хотинларининг тирноқ бўёғига харжлаганича пул топиш учун эшикма-ешик юриб одамларнинг кирларини ювишга мажбур бўлаётганларни унутмайлик. Айрилишни истамаганимиз бу дунёдан ёлғиз кафан билан бирга айрилар эканмиз, ёнимиздан яхшиликларимиз, ибодатларимизгина жой олишини, охиратда бизга еганларимиз эмас, едирганларимиз, кийганларимиз эмас, кийдирганларимиз фойда келтиришини унутмайлик.
Модомики, эл эшигида тиланчи эмас эканмиз, бунга шукрона ўлароқ, ун, ўтин тополмаган, ҳолини бировга арз этолмаганларни йўқламасак, ёрдам бермасак, Аллоҳнинг сўроқларига қандай жавоб берамиз? Эртага, қилган исрофларимизнинг гуноҳлари қаршисида тер тўкиб, пушаймон бўлмасдан бурун ўзимизга келайлик, бу хил қашшоқликнинг ва исрофгарчиликнинг олдини олайлик.
Ҳусайин хутбасини битирганда, кишиларнинг кўнглида уйғонган тўлқинланиш, юракларни тўлдирган ҳаяжон туйғулари бу хутбанинг одамларга жуда ёққанидан дарак берарди. Аммо хутба тингловчиларга ёқиш учунгина эмас, халққа таъсир этиш, уларни тўғри йўлга бошлаш учун ўқилди. Шу сабабли хутбанинг таъсирини ўша кунги тилга тушиш, Одилбекни дўконига келиб табриклаб кетган хеш, дўсту ақрабонинг эътибори билангина ўлчамоқ тўғри бўлмаса керак.
Бундан кейин ёнида ярим яланғоч қизини ёки набирасини тартнбга чақирадиганлар бўлдими ёки бўладими? Хотинини безатилган молдай ётоқ кийимида намойишга чиқарган эркаклар бу кимларга тақлид эканини тушуниб, тушунтирадими? Бу чиркин ҳаракатларга барҳам бериладими? Юзларидаги ор ва номус ҳиссини чапланган бўёқлар ҳамда упа-еликлар йўқ қилиб юбормайдими? Даврон яна эски давронлигича қолааерса, у Кун учун кўзлардан томган икки томчи ёш билан икки томчи сувнинг фарқи қолармикин? Жомеънинг имоми уни табриклади, бир оқсоқол нуро-ий чол қучоқлаб, кўзларидан ўпди. Жомеъдан чиқаркан Ҳусайиннинг оёқ кийимини қўярда-қўймай тўғрилаган ўн саккиз ёшли йигитнинг самимияти-чи?!
— Мен ўқиёлмадим, ҳеч бўлмаса битта ўқиганнинг оёқ кийимини тўғрилаш савобидан маҳрум бўлишни истамайман.
Бу ўспиринни Ҳусайин танимайди. Аммо Фотимахоним уни узоқдан бўлса-да кўрганда эди, Исмоилнинг ёш чеҳраси, ғамган нигоҳи унинг кўз ўнгида намоён бўларди. Ҳа, бу ёш йигит ўша Исмоил эди. Қаршисидаги ўзидан икки ёш кичик Ҳусайин бир замонлар ҳар еган таёғидан сўнг кўзларини силаб артган Фотима опасининг ўгай ўғли эканини билармикан? Ҳусайин бу самимий, азамат йигитга ҳам ўз онаси Фотимахоним меҳр-шафқат кўрсатганини сеза олармикан? Ҳатто, Фотимахонимдан кўрган меҳрига шу йигит сабаб бўлганини кашф этишга имкон бормикин?

* * *

Отаси Исмоилни қабристондан топган кундан эътиборан унинг ҳаёти яхшиланишга юз тута бошлади, аммо бу бир йилгина — отасининг вафотига қадар давом этди. Отаси ҳам онасидай бир уюм тупроққа айланди. Саниҳахоним, Исмоил ва Салима қолдилар. Уйни идора этиш мутлақ Саниҳахонимнинг ҳокимиятига ўтди.
Исмоил отаси топширган бошланғич мактабни амаллаб тугатган бўлса-да, ота-онали болалар учун бутунлай ёт бўлган қийинчиликларга дуч келди. Битта дафтар учун ҳам Саниҳахонимдан пул олишни истамаганидан Чорсуда тешиккулча сотди, бозордан қайтаётганларнинг юкларини уйларигача элтиб берди. Шундай йўллар билан тирикчилик қилишга киришди.
Мактабда ҳар кун истаганини олиб ейдиган бой болаларининг ёнида улардай овқатланолмас, лекин узун изтиробли ҳаёт тажрибаси ўзини тўқ кўрсатишга мажбур этиши шунга ўхшаш турмуш кечирганларга маълум.
Танаффусларда ўйнаб-кулаёган синфдошлари орасидан секин сирғалиб бир четга чиқиб, маҳзуиллгини кўрсатмаслик учун уларни томоша қилгандай бўлар, аслида онасининг қабри томондан эсаётган шамолдан кўксини тўлдириб нафас олар, кўзлари ёшланарди. Бу ҳолни кўрганлар нечун кўзи ёшли эканини, ўйинларга қатнашмаётганини сўрашарди. Исмоилнинг кўзига шамол туфайли тупроқ кирганмиш, шу сабабли ёшланибди. Балки кўриб чиқариш мумкиндир». Айни мақсаддаунинг кўзларига синчиклаб қараган синфдоши қанчалик тикилмасин, кўзида чангдан нишон кўрмасди.
Баъзан уни доим томоша қилаётган ҳолда кўрган синфдошлари нечун ўйнамаётганини билишни истардилар. Жавоб оддий: «томоша қилишни яхши кўраман, ўйнамоқни хушламайман». Баъзан бир жўраси уни кўлидан тутиб боғчанинг бошқа тарафига олиб ўтарди. Буни қасддан қилмасди. Шунчаки, айланиш учун... Лекин Исмоилнинг бир пасда боғнинг аввалги, ўзи турган тарафига ўтиб қолганини билмай қоларди. Қабристон тарафда лайдо бўлган булутлар унга ғалати завқ бағишлар, лекин у бу ғариб завқ табиатини тушунолмасди. Мактабдан қайтаркан, ҳар куни бўлмаса-да, ғамгин қунларида «қабристон томондан Чорсуга бориш кулайроқ экан», дея айланиб кетган бу боладаги нозик туйғуларни англайдиган бормиди? Ташқаридан юзаки қараганларга кўлида сумка кўтариб мактабдан чиққан, Тим тагидан ўтиб кетаётган бир бола. Лекин у қабристон эшигига яқинлашиши билан томоғига тугилган аччиқ туйғуларни, эгик бошини, муштдек, балки ғунчадек юрагида қўзғалган ҳаяжон тўлқинларию тошқинларни ва шуларнинг барчаси бир бўлиб кўксидан кўтарилиб келаётган йиғини босиш учун тишини тишига кўйиб туришларини англайдиган кимса борми?
Унинг бу ҳолини кўргувчи, бнлгувчи ёлғиз бир Борлиқ бор... Ҳар кимнинг ҳолини билгувчи, ҳатто кимсанинг ўзи учун-да махфий бўлган ҳар нарсадан хабардор Аллоҳдир. Ўзини бу ҳолда кўрса, нималарнидир сезадиган, унинг дардига ҳамдард бир инсон бор ёруғ дунёда... Бу инсон шу онда нималар қилаётган экан, ўзи қай ҳолда экан? Хабари йўқ. Орадан шунча йиллар ўтди, балки у ҳам унутгандир? Ёки кўрса танирмикин? Буни билмайди. Лекин Чорсуда, бозорда кезаркан ҳар аёлга эътибор берар, уни ахтарар, қайси маҳаллада, қай уйда эканини билишни истарди.
Бир кун тешиккулча сотаётиб бир дераза пардаси ортддан кўзга чалинган бир бош унинг ақлини шоширар даражада севинтирди. Ўша кундан сўнг бошидаги тешик-кулча солинган тахта билан кўчадан ўтаётган юз-қўли кир кулчачининг бошқа сайёҳ сотувчилар каби бақириб-чақирмаслиги Фотимахонимнинг диққатини нега тортмади? Эшик олдида ўйнаб юрган Одилага тешиккулча узатганда олмади. Балки бу онаси берган тарбия сабабли, балки сотувчининг юз-кўли қоралиги туфайлидир.
Исмоил нечун ўзини танитишни истамади, аксинча, юз-кўзини танимас ҳолга солиб, ўша кўчадан ўтишни афзал кўрди? Бунинг сабаби ундаги ғариблик, ёлғизлик туйғусидир. Балки Фотимахонимдан аввалги меҳрни кўрмас... Бу униумидсиз ҳолга бошларди. Балки таниса ичкарига таклиф этар, балки киришини бошқалар истамас ва у ҳам тез-тез келишдан уялар?! Ҳолбуки, танимасдан келиб-кетган бу кўчада унга аҳамият берган йўқ. Юз-кўли кир бир кулчачи... Ҳа келибди, ҳа кетибди, Кимнинг нима иши бор?! Унинг иркитлигини кўрганлар кулча ейиш мақсадидан дарҳол воз кечардилар. Унинг эса парвойи фалак. Зотан, у бу тарафларга тешиккулча сотгани келаётгани йўқ-ку... Унинг ягона муддаоси дераза олдида ўтиришини Худодан ёлворган бир кимсасининг олдидан ўтиб, унга узоқдан, икки лаҳза бўлсин боқмоқ, унга яқинлашгач эса бош эгиб секин-секин узоқлашмоқдир.
Унинг эшиги олдида уймалашишга жасорати йўқ. Гўё таниб, чақириб қоладигандай. Унинг эшиги олдида бошқа кўчаларда бақиргани каби бақириш йўқ. Балки овозини бир неча йил олдинги Исмоилнинг товушига ўхшатиб юборар. Аммо қайғуга чўмган кечалари чиқиб шундоқ қабристон эшигигача ва ўша кўчагача келиш, бу кимсасиз кўчада кезиш, Фотимахоним босган излардан юриш, Фотимахонимнинг оёғи теккан остона ёнида туриш, уйқуга кетганида уйи олдида қоровуллик қилиш ҳоллари йўқ эмас эди. Бунга ким нима дерди?! Борми бунга монелик қилгувчи?!
Бир кун шу кўчадан ўтаётганда ўзидан кичикроқ бир бола тирғалди. Фотимахонимнинг қўшниси бўлгани учун уни авф этди.
Одилбекнинг дўконини билиб олди. Кўп вақт у ерда «балки уйига бирор нарса бериб юборар», деган умидда айланиб юрадиган бўлди. Кейин Фотимахоним таниб қолишини ўйлаб бу фикрдан воз кечди. Бошланғич мактабни синфда қолмасдан битирди. Аммо тирикчилик тўрларига банди этилганидан бундан буёғнга ўқиёлмасди. Зеро, ўқишни давом эттириш учун фақат истакнинг ўзигина кифоя қилмасди. Бунннг имкони йўқ эди. На ота-онаси тирилади, на Саниҳахоним тушунади. Тушунса ҳам ўқитишни хоҳлаши гумон эди, Тешиккулча билан қорин тўйдириб бўлмайди, шунинг учун бошқа бир иш қилиш керак деган ўйда эди.
Бир косиб қариндошига шогирд тушди, Уйдаги аҳволи билан солиштирганда, шогирдлик унга унчалик оғирлик қилмасди. У ердан тегадиган бир неча тийин унинг учун муҳим эмас. Касбни яхшироқ ўрганиш учун жон ҳолатда тиришар, Саниҳахонимнинг осилган қовоғи, тунд важоҳатидан кутуладиган кунларини хаёл этиб ишга киришарди. Устози намоз ўқшаса таёқ ейишини, иш учун урмаса ҳам намоз учун уришини аввалдан огоҳлантиргани сабабли ибодатни канда қилмас, уларда ота-онасини дуо қилишни унутмасди. Бу дуолар уларга фойда келтиришини, онасининг руҳи дунёда қолдирган етимидан борган ҳадя билан севинишини ўйлаб, бир оз бўлсада кўнгли роҳатланар эди. Баъзан орттирган бир неча чақаси билан бир фақирнинг кўнглини олмоққа чиқар, ота-онаси учун дуо қилишини сўрарди.
Кунлар шундай ўтарди. Жомеъда Ҳусайиннинг хутбасини эшитиб изтироб чеқди, ҳавас қилди. Шундай бўлмоқни қанчалар истаганди. Балки Фотимахонимдай бир онаси бўлганда ана шу хутба ўқиган ўзи бўлиши ҳам мумкин эди. Жамоат чиқкунча кутди. Ҳусайин оёқ кийимини олмоқчи бўлганда Исмоил аввалроқ ҳаракат қилиб, тўғрилаб қўйди. Бу оёқ кийимларга Фотима онасининг ҳам қўллари теккан бўлиши мумкин. Зотан, унинг ўғли бўлишининг ўзи етарли эди. Унга қилинган хизмат, Фотимахонимга қилинган хизмат демакдир.

* * *

Боласига етарлича мол-мулк қолдирган, катта бойлик тўплаган ота ўзи яратишга масъул бўлган келажакни таъминлаган саналадими?
Инсоннинг руҳ ва бадандан пайдо бўлган бир мавжудот эканлнгини қабул қилган, унинг фақат оддий бир моддий борлиқ эмаслигини тан олганлар бу саволга ҳа деб жавоб беришлари мумкин эмас. Оқшом тушгач, ҳисобсиз мол-мулк устида бойўғлидек тунаганлар бунга мисолдир. Аммо боласини қолдирган молига, ундан ҳам муҳимроғи шахсига, нафсига ҳоким бўладиган одоб-ахлоққа ўргатганларга эътироз йўқ. Булар зурриётлари истиқболини таъминлаш йўлида илк қадам ташлаганлар, уларни боришлари зарур мўлжал, манзил сари йўллаганлар.
Фарзандига таом ейиш одобини ўргатиш ўрнига овқатни ўзи едириб қўйган, велосипед ҳайдашни ўргатиш учун гўдагини велосипедга миндириб қиялиқдан пастга қўйиб юборган отанинг ҳаракатлари қанчалик хато бўлса, мулкни бошқаришни билмаган боласини бойлигага бошлиқ қилиб қўйиш ҳам шунчалик хатодир. Тўғри, бола йиқилиб-туриб велосипед минишни ўрганар, аммо у ўргангунича велосипеднинг мингулик ҳоли қолмайди. Отаси қолдирган бойликдан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмаганлар хушларини бошларига тўплашлари, қўлларидагини сочиб-совурмасликлари учун яна бир бойликка эхтиёжмандларки, бу бойлик осонгнна қўлга кирмайди. Бу: «Яна келин бўлсам, рўзғор тутишни ўрганардим», — деб иккинчи марта келин бўлишга кўз тутган тул хотиннинг ҳолатини эслатади.
Отанинг фарзандига қолдириши мумкин бўлган энг гўзал, қимматли мероси одоб ва тарбиядир. Бу ҳақиқатни билганлар, болаларини уриш ўрнига адаб хивичи билан тартибга чақиришади, интизомга келтирадилар.
Фотимахоним Ҳусайин, Одила ва Самиҳага нима бера олиши мумкин? Отасидан қоладиган катта бойликними? ЙЎқ. Ундана отасидан қоладиган бойликка, на бундай бойликнинг инсонга саодат келтиришига ишончи бор. Агар бойлик саодат дейилса, фақирлардан бадбахтроқ кимсалар бўлмасди. Фотимахоним эртага уларни жамият олдида ва Яратган ҳузурида уялмайдиган даражада тарбиялаб егаштирса, энг қимматли меросни қолдирган бўлади. Жамият авлодига, фарзандига мол-мулқ бойлик қолдирганларни муборакбод этмайди. Лекин уларни одоб-ахлоқсиз, виждонсиз қилиб етиштирса, танқид ва таҳқир этади. Фотимахоним шунисига ишонади. Ишонгани учун ўғлини ҳақиқий ўғил бола, ҳақиқий фарзанд, қизларини ота-онасига гап теккизмайдиган тарзда ўстириш, тарбиялаш йўлидан боради. Бу осон йўл эмас. Акс ҳолда, ҳамманинг боласи ҳам ҳақиқий фарзанд бўлиб етишарди. Ҳамма ҳам қошиқ ясай олади, аммо фақат устасигина унинг сопини қоқ ўртасидан чиқаришга қодир.
Барча аёллар ҳам Фотимахоним каби фарзанд тарбиялашнинг, уни ифтихор крлингудек бир тарбияга соҳиб қила олишнинг лозимлигига ишонмайди. Бир она боласи оч қолса касалланиши ва охир-оқибат нобуд бўлишига ишонади. Шу ишонч туфайли ҳар кеч, ҳар сахар уйқудан қолиб унга кўкрак тутади. Иссиқ тўшагини тарк эттирадиган, уйқудан кўз очолмайдиган, уйқудан тотли нарса бўлмаган пайтларда кўз очдирадиган бир туйғу ва ишонч бор — бу шафқат, «агар эмизмасам болам қийналади», деган ишонч. Бу ҳис, шу туйғу онани иссиқни-иссиқ, совуқни-совуқдемас-дан бола хизматига йўллайди. Фотимахонимнинг фикрича, бешикдаги бола сутга қандай эҳтиёжманд бўлса, бешикдан тургач тарбиягаҳам шундай эҳтиёжи бордир.
Тарбия ҳеч кимга ҳеч қачон зарар келтирмайди. кесилган дарахт меҳмонхонага киритилмайди.
У дарахт махсус дастгоҳларда қайта ншланиб, жиҳоз шаклида меҳмонхонага кириши мумкин. Тарбия ҳатто ҳайвонга таъсир кўрсатар экан, нечун у инсонни фариштага яқинлаштириб, улардан ҳам юксак мақомларга кўтармасин?!
Фотимахоним тарбиянинг аҳамиятига қисқача шундай изоҳ беради. Шунинг учун болаларининг дарс тайёрлашидан тортиб, то яхши ахлоқ соҳиблари бўлгунга қадар қўлидан келганича ғайрат қилишига шубҳа йўқ. Масалан, Ҳусайин «тайёрлайдиган дарсим қолмади», деб ўйинга берилганда шундай дерди:
Отанг дўконни очиб, уч соат ишлаб кейин ёпиб, айланиб юрса, бўладими?
Она, дўкон ҳам ёпиладими?
Нега ёпилмас экан?! Ахир уч соат ичида ўша кун тирикчилигига етгулик пул ишлаш мумкнн.
Мумкин, аммо бу билан иш битмайди. Эртага чиқадиган қўшимча эҳтиёжлар ёхуд дам олиш кунларидаги харажатлар учун ҳам ишлаш керак-ку.
—    Баракалла, сен ҳам эртага бир мусулмон муҳтож бўладиган билимга ҳозирдан тайёрлан. Бир мусулмон учун бугунга қадар олган билимларинг етиб-етмаслигини ўйлаб кўр. Билим инсонга фойдадан бошқа нарса эмас. Ўғлим, ўйнамоқ ҳар кимнинг қўлидан келади, аммо ўтириб Аллоҳнинг қулларига Аллоҳга элтгувчи юлни кўрсатиш нияти билан ҳаракат қилмоқ ҳар ким бажара оладиган иш эмас. Инсон қанча ҳаракат қилса, баракати ҳам шунча, — деб Ҳусайинни дарс таерлашга ўтқизарди.
Бошқа кун дўконлардаги шогирдларни мисол келтиради. Уларнинг эртадан-кечгача тинмасликларини, ҳатто баъзан овқатланишга ҳам вақт тополмасликларини, уларнинг ҳам оналарининг жондек боласи эканини, ундан ортиқ, ё кам жойи йўқлигини айтиб, улар қандай ҳаракат қилсалар, талаба ҳам шундай қилиши кераклигини уқдиради.
Ҳусайин онасининг ташвиқи билан дарсларни синфдошларига қараганда яхшироқ ўзлаштирди. Мактаб дарслари тугаши билан маслагига алоқадор китоблар ўқир, баъзи нарсаларни дафтарига қайд этиб қўяр, онаси айтганидай бундан доим фойдаланарди. Баъзан бир синфдоши дарсга эмас, маслагига алоқадор савол бериб синфдошлари жавоб беролмаса, билганларини айтар ёки шу саволга дахлдор китобларни тавсия қиларди. Бошқа ўртоқлари каби дарс тугар-тугамас ўйинга чопмас, ўқир, дарсда жавоб бериш учун эмас, Аллоҳ ризоси учун, Аллоҳ қулларига ёрдамчи бўлайин деб ўқирди. Уйининг супуриб-сидирилишини Аллоҳ ризосига боғлаган, бундан дафтарига савоб битилишини умид қилган самимий онанинг ўғли бўлиш шуни тақозо этмайдими? Бир кун онасидан сўради:
Она, уй супуриш ҳам Аллоҳ ризосига боғлиқми? Ҳамма нарса Аллоҳ ризоси билан изоҳланадими?
Ўғлим, Аллоҳ покиза бўлганларни севади. Тозаликни амр этганини тушуниб, уйни супуриш нега унинг ризолигига сабаб бўлмасин?! — деб жавоб берди ва Ҳусайин қаноатланди.

* * *

Фотимахонимнинг Самиҳа ва Одилага муносабатини: бири ҳақиқий, бири ўгай бўлган, фақат ҳар иккиси ҳам ўзини ҳақиқий ҳисоблаган икки опа-сингил ва бир она деб тасвирлаш мумкин. Улар ҳамма болалардан фарқ қилишмасди ва Фотимахоним ҳам баъзан яхши, баъзан талабчан бўларди. Болалари орасида рақобат пайдо бўлмаслиги учун қилни қирқ ёргандек нозиклик ва эҳтиёткорлик билан адолатли муомала юритарди. Бу адолатли муомала туфайли ҳеч бирининг хаёлига «онам мени бошқалардан камроқ ёки зиёдароқ яхши кўради», — деган ўй келмайди. Агар кимнингдир қалбида шубҳа туғилса, бунга сабаб Одиланинг кўзлари бошқачароқ, Самиҳанинг кўзлари эса Фотимахонимнинг кўзларига ўхшашлиги бўлиши мумкин, ҳолос. Уларнинг мактабга бориб-келишлари ҳам Ҳусайинга ўхшаш тартиб-интизом ичида кечди. Синфдошларига ўрнак бўладиган тоза қиёфада ўқишларини давом этгирдилар.
Бу уйда икки қиздан бирига олинган кийимдан бошқасиники асло ортиқ ёки кам бўлмаслигига қаттиқ эътибор қилинарди, ҳеч қачон «Самиҳа кичикроқ-ку, унга мана буни олақолайлик», — деганга ўхшаш айирмачиликларга йўл қўйилмасди. Ҳатто Фотимахоним қизларига кўйлак тикишни бир кунда бошлаб, бир кунда тугатарди. Ҳеч қачон олдин бирини битириб, сўнг иккинчисини бошламасди.
Бу уйда кийимлари бир хил бўлган опа-сингил бор. Опа-сингилнинг аҳил яшашлари учун ҳар қандай шароит мавжуд, аксига хизмат қилиши мумкин бўлган нарса эса йўқ. Агар Фотимахонимдек оналари бўлмаганда улар шу қадар осонлик билан аҳил яшай олармидилар? Фотимахонимдан бошқаси уйдаги ўгайлик масаласини шу хилда билдирмасдан ҳал этиши мумкинмиди?
Фотимахонимни ҳамма қатори оддий бир банда, унинг ишлари ҳам бир инсон қиладиган иш, деб қаралса, бошқа ҳар қандай аёл ҳам ақлини ишлатиб, иродасига ҳоким бўлиб, Аллоҳ розилиги йўлида унингдек бўла олишига шубҳа борми? Инсон виждонсиз бўла олганидеқ агар хоҳласа виждонли ҳам бўлиши мумкин. Ёмон иш қилганидек, яхши иш бажариши ҳам мумкин. Иродасига қул бўлганидек, ҳоким ҳам бўла олади. Қисқаси, бир ўгай онанинг етимларга ёмонлик қилганчалик яхшилик қилишга ҳам кучи етади. Яхши ўгай она бўлиш учун на осмондан тушишнинг, на замзамда ювинишнинг ҳожати бор. Аммо бирон аел акдидан кўра ҳисларига тобе бўлса, виждон азобига туширадиган гуноҳ қилишини ҳисобга олмайди.
Ўз фарзандини кечирган она, етим боласини авф этишга қодир эмасми? Фарзандини бағрига босган аёл оналигини исбот этса, етимни бағрига босган она иксонлигини исбот этган бўлур. Оналик юксак тушунча. Худди унинг каби яратилиш пайтидаёқ феълига сингдирнлган марҳамат ҳисобига у билан оналик мартабасида тенг мавқеда турувчи саноқсиз махлуқоту мавжудотлар бор, Етимни бағрига босиш эса улардан фарқимизни — инсонликни исботлаш демакдир. Бу мартабада инсонга тенглашадиган бошқа мавжудот йўқ. Ҳатто фаришталар ундан пастда, таъзим этган ҳолдадирлар. Яратилганларнинг энг шарафлиси инсондир. Инсондан бошқа барча махлуқлар ҳам ўз боласини бағрига босишда инсонга тенглашиши мумкин. Лекин ўз боласидан бошқасини шафқат ва марҳамат билан куча олиш фақат ннсонга хосдир. Ҳар қандай аёл она бўлиши мумкин, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам яхши ўгай она бўлолмайди. Чунки баланд тоғнинг энг юксак чўққисига чиқиш ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас. Она ўғил-қизидан ҳурмат кўриши табиий, у бунга ҳақлидир. Яхши ўгай онани ҳурмат қилиш эса уни билган ҳар бир кишининг вазифасидир. Оналик шафқати инсондаги очлик, чанқашга ўхшаш табиий ҳол. Боласига шафқатсиз ҳайвон ҳам деярли йўқ. Ўгай оналик эса иродани ишлатиш натижасидир. Ахлоқ 6у иродани яхши ва ёмон томонга қўллаш учун хизмат қилади. Аёл фақат она бўлганлиги учун жаннатга киришига ақл бовар қилмайди. Қандай она бўлганига қараб ва, айниқса, етимни ўз боласидай кўргани учун жаннатда пайғамбарлар билан бир қўлнинг ёнма-ён икки бармоғичалик яқинликда қўшни бўлиши ҳақида эса муждалар бор. Фотимахоним Самиҳага нисбатан қандай она бўлса, Ҳусайин ва Одилага нисбатан ҳам шундай она эканини ва инсон эканини исбот қилаолган. Ўн тўққиз ёшидаги қарорида қатъий турди, йиллар давомида қийинчиликларга қарши жасорат кўрсатди. Унинг учун бу болаларга яхши муомала қилиш осон, аксинча, ёмон муомалада бўлиш қийин. Унинг фикрича, оқибатда яхшилик келтирувчи қийинчилик заҳмат саналмайди. Бу дунёда хайрли ишлар учун чекилган барча заҳматлар сўнгги нафас билан барҳам топади. Етимларга соя бўлганлар у Кун сояда бўладилар. Етимлар соя бўладилар. Оналарининг нажотларига сабаб бўладилар. Фотимахоним излаган нарса мана шудир.
Ҳусайин Имом Хатиб мактабини етти синфини яхши битирди.
Бир кун Фотимахоним Хусайинни ёнига ўтқизди. Унинг нима тўғрисидадир махсус гаплашмоқчи эканлиги яққол сезилиб турарди. Одила ва Самиҳа боғда эди.
—    Ўғлим, бугун сен билан Одила ва Самиха эшитишини истамаганим бир масалани гаплашамиз.
Гаплашайлик она, марҳамат. Фотимахоним дона-дона қилиб сўз бошлади:
Бу йил ўн тўққизга кираяпсан, ўғлим. Болалигинг ортда қолди. Энди азамат бир йигит бўлдинг. Паст-баландни ўргандинг, яхшини ёмондан ажратадиган бўлдинг. Энди бир ҳақиқатни билишингни истайман. Йиллар давомида бу ҳақиқатни сендан, Одиладан ва Самиҳадан махфий тутдим, яшириб келдим. Менимча, бундай қилинишида фойда бор эди. Бугун эса бу ҳаққатнинг очилишида фойда бор деб уйлайман ва шунинг учун ҳам айтмоқчиман.
Ҳусайин ташвишланиб тингларди. Фотимахоним давом этди:
Бундан анча йиллар аввал бўлиб ўтган икки ҳрдисани эслайсанми, йўқми, билмадим. Бир куни: Бир аёл менга етимлигимни, онамнинг оти Хайрия эканлигини айтди», — дегандинг. Ундан кўзинг менинг кўзимга ўхшамаслигини эшитган экансан. Ўша кун отангдан менинг иккинчн исмим Хайрия эканини билгандинг ва масала ҳал бўлганди. Бир гал: «Самиҳанинг кўзлари бошқача, бизникига ўхшамайди», — деганингда, мен сенга отангнинг сочларининг бир қисми қора, бир қисми оқлигини кўрсатгандим. Буларни эслайсанми?
Бироз эслагандай бўляпман, она.
Еслаёлмаслигинг ҳам мумкин. Аммо билишинг лозим бўлгани шулки, ўша аёлдан эшитганинг, ҳар қун ҳолам деб ҳаққига дуо қилганинг Хайрияхоним сенинг ва Одиланинг ҳақиқий, ўзингизнингоналарингиздир. Вафот этганига ўн тўрт йилга яқин вақт ўтди. Мен эса сизнинг ўгай онангизман, болам.
Хусайин ғалати бўлиб кетди. Кўз ўнгида юз-кўзи ўзиникига ўхшаш аёл пайдо бўлгандай бўлди. Фақат бошланғич мактабдаги сннфдоши етим Йилмаз хаёлида ундан аниқроқ гавдаланди. Демак, ўзи ҳам унга ўхшаш. Лекин унинг етимлиги билан ўзининг етимлиги орасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин? Фарқ эса ер билан осмонча. Айтгани икки бўлгани йўқ. Йилмаз чеккан жафолар эса, эҳ-ҳе... Нимаси ўхшаш бунинг?! Унинг онасидаги инсонийликдан узоқ феъл билан ўз онасининг фаришталарга яқин сифатлари орасида тоғларча масофа бор.
Она, ҳазиллашмаяпсизми?
Нега хазиллашай, ўғлим?!
Аммо, бизнинг нимамиз етимга ўхшайди? Самиҳанинг нимаси ўзингизникию, бизнинг қаеримиз ўгай?! Ўгай бўлсак шунча вақтдан бери билинмасмиди?! Сизнинг исмингизХайрия эмасми?
Менинг асосий исмим Хайрия эмас, ўғлим. Бу уйга келгач, онангни Хайрия эканини эшитсанг, ҳайрону хафа бўлмагин деб ўзимга Хайрия деган иккинчи исмни олдим. Сизнинг ўгайлардай ўсмаганлигингизга келсак, отангга турмушга чиқишимнинг асосий сабаби сизнинг етимга ўхшамаслигингизни, яхши униб-улғайишингизни таъминлаш эди. Йиллар давомида сизни ўз зурриётим сифатида бағримга босиш, сизга етимликларингизни сездирмаслик учун кўлимдан келганини қилдим. Агар ўзим бехабар қусурларим бўлса, Аллоҳ кечирсин, сен ҳам менга буни англашим учун ёрдам бер, қўзичоғим. Ҳусайиннинг қўзлари ёшланди, Бу онанинг ўгай эмас, ўз онаси бўлишини шу қадар истардики...
Енди нима бўлади, она? Бундан кейин биз ўгай бўламизми?
Нега ўгай бўласизлар, ўғлим? Бугунгача сен ўзимнинг ўғлим эдинг, бундан буёғига ҳам шундай бўлади. Одила бугунга қадар ўз қизим эди, қизим бўлиб қолаверади. Бугун ушбу сирни хақиқий онасини танисин ва унинг ҳаққига дуо кдлсин деб очдим. Бутунгача ушбу вазифани мен бажариб келдим. Унинг ҳақига ҳар кун тиловат қилдим, дуо ўқндим. Истагим, бугундан бошлаб сен ҳам шундай қилсанг. Фотимахоним бир-икки лаҳза нафас ростлаб, яна давом этди:
Бугунга қадар буни билишингиздан бирон-бир фойда йўқ эди. Бўйни эгик, кўнгли синиқ бир етим сифатида улғаяр эдингиз. Балки мени она деб атамасмидингиз?! Хуллас, бундан ютқизадиган фақат сиз эдингиз. Шу сабабдан бугунга қадар бу сирни сизларга очмагандим. Одила яна бир неча Йил бу сирдан воқиф бўлмай тургани маъқул. Сен ҳам бу ҳакда унга ҳеч нима демай тур! Ҳозирча бунинг пайти эмас. Унинг билишидан ҳеч қандай фойда йўқ. Мана, сенга сўзлашни хоҳлаганларим шулардан иборат, ўғлим. Онангни тани ва унннг учун тиловат қил.
Хусайин таъриф этиш мушкул бир аҳволда қолди. Демак, қаршисидаги йиллар бўйи ўзларини гул каби етиштирган, балки исталган бир ҳақиқий онадан кўра анча-мунча кўпроқ меҳр кўрсатган бу хотин ўгай эди. Ақлини таниганидан бери яшаб ўтган ҳаётини кўз олдида жонлантирди. Масалан: Самиҳанинг Одиладан фарқли тутилган бирон ҳодисани эсламоқчи бўлди. Муомалалардан бирон-бир белги ахтарди, фақат булар ҳеч бир наф бермади. Мана ишониш мумкин бўлмаган икки хулоса: Ё бу хабар хато бўлиши керак ёки шунча йиллик ўгайлик даврида ўзни ўгайдан айирган, сохта ва ясама ҳаракатлар топилиши даркор. На униси, на буниси. Ўртада бир виждон бор эди ва бу виждонга ҳеч бир бўяб-бежашсиз олий даражадаги оналик меҳри, тарбияси кўрсатилгани маълум зди. Ҳусайин ўртадаги муносабатларда бирон-бир сохталик бўлганлигини айта олиши учун ёлғон сўзлаши лозим. Ўгай эканлигини бугун айтган онанинг исталган кимсанинг онасидан кўра хурматга лойиқроқ эканлигини жуда яхши тушунар эди. Ўз боласининг ўқиши, ёмонлар билан дўст бўлмаслиги, одамлар орасида уялмаслиги учун қай она бу қадар ғайрат қиларди?! Қайси онанинг қўлидан келарди бу иш?! Агар кўлларидан келса, ҳаммасининг фарзанди ҳам тарбияли бўлмасмиди?!
Ўша куни дўконга борганда отаси ундан онаси билан баъзи нарсаларни гаплашган-гаплашмаганини сўради. Хусайин бор гапни айтиб берди. Сўнг ақлига келган бир саволни берди:
Хўш, онам билан марҳум онамнинг қариндошлиги бормиди?
ЙЎқ, ўғлим.
Танирмиди?
Билмадим. Билганим шуки, кўпчилик ўз опа-сингилларининг етимларига ҳам бунчалик қарай олмайди. Кўпинча сизни урмоқчи бўлганимда, сизни ҳимоя қнлиб, мени уялтирган. Сизларга мендан кўра меҳрнбонроқ бўлди. Мен сабр қилолмаган, сабрим етмаган пайтларда у сабр қилди. Хаста бўлганингизда мендан кўпроқ куюнди. Сизлардан шикоят қилганини эслолмайман. Яхшилигини юзга солмади. Бугунги ҳолга келишингга, Имом Хатиб мактабида ўқишингга сабаб бўлган ҳам удир. Ўлган онанг сени туғди, сутини эмдинг, аммо сени шунчалар тарбия қила олармиди, йўқми, бунисини билолмайман.
Одилбек қанча йиллар давомида инсонийлик ва мурувватдан бошқа ҳаракатига шоҳид бўлмаган Фотимахонимнинг бир вақтлар Қуръони Карим ўқимоқни ўргатганини айтганида Ҳусайиннинг кўз олдида бу нурли сиймо юксалиб, ҳақиқин оналарнинг яхши жиҳатлари мужассам бўлган шараф тожини киярди.
Аср намозини бирга ўқигач, Одилбек ўғлига онасининг қабрини зиёрат қилишларини айтди ва йўлга тушдилар. Қабристон эшигидан киришаркан маҳзун қиёфали бир аскарнинг чиқаётгакини ва салом бериб узоқлашганини кўришди. Ҳусайин бу аскарни танигандай бўлди. Кейин хутба ўқиган жума қуни оёқ кийимини олиб келиб тўғрилаб қўйган йигитни эслади. Орадан тўр? йил ўтганди, шу пайтгача учрашиб қолишганларида сўрашиб-саломлашиб ўтишарди. Демак, аскар бўлибди.
Ҳусайин онасининг мозоридан ғамгин ҳолда кетмади дейиш инсофсизлик бўлар эди. Тўғри, Фотимахоним ўзига муносиб оналик қилди, аммо ўз онасининг лоақал юзини хотирлашни нақадар истарди. Зеҳни шу ўйлар билан бир муддат машғул бўлди. Унннг кўзлари намланди. Қайғурншнинг марҳумга фойдаси йўқлигини, унга раҳмат тилаш маъюсликдан, ғуссадан фойдалироқ эканини ўйлади.