Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 7
Facebook
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 7 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа

Абуталип яна бир бошқа нарсадан хавотирга тушиб қолди — лочин кўз терговчи поезд Бўронли бекатидан ўтиб кетаётган пайтда навбатдаги сўроқни бошлаб қолса-чи!
Товба, одам боласининг ўз оила аъзоларини бир кўриб қолсам деган пок нияти йўлида ҳам шунчалик қаршиликлар ва хавф-хатар ғов бўладими, озодликдан маҳрум қилинди дегани шу бўлса керак. Абуталипнинг кўнглига таскин ва ишонч бераётган бир нарса бор эди — авахта камеранинг ойнаси кетаётган поезднинг ўнг томонида эди, худо ёрлақаб Бўронли бекати ҳам шу тарафда эди.
Ана шу ўй-хаёллар, қўрқинч ва шубҳалар Абуталипни тамоман ўз комига тортиб олган эди, у ўзининг аянчли қисматини унутиб, бутун борлиғи билан дийдор онларига чўмган, ўз жони кўзига кўринмас эди, бўлса бўлар, бўлмаса тўзар қабилида иш кўриб, ўзига қўйилган даҳшатли айбларнинг охир-оқибатда нималарга олиб келиши ҳақида ўйлагиси ҳам келмас эди, Тансиқбоев бўлса уят-андишани бир чеккага йиғиштириб қўйиб, тиш-тирноғи билан Абуталипга қўйилган айбларини бўйнига олишни талаб этар эди, терговчининг бош мақсади эса гўё уруш йилларидан бошлабоқ иш кўриб келган душман жосуслари уясини фош қилиш, уни таг-томири билан юлиб ташлаб, давлат хавфсизлигини сақлаб қолиш эди. Жосуслик ҳақидаги уйдирма ҳам Тансиқбоев хаёлотининг маҳсули эди.
На Худодан қўрқадиган на шайтондан ҳайиқадиган Тансиқбоев ўзи Худо, ўзи иблис янглиғ ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб қўйган, энди буёғини режа билан амалга ошириш, юрак ютиб иш кўриш керак, холос. Унинг Абуталип Қуттибоевни бошқа шаҳарларда биқиб ётган жосуслар билан юзлаштиришдан мақсади ҳам шу масалани узил-кесил ҳал қилиш эди.
Худди шу пайтда Абуталипнинг Худодан биттаю-битта тилаги бор — у жигарпоралари Эрмек билан Довулни, қиёматли умр йўлдоши Зарипани бир кўриб қолиш, охирги марта бир кўриб қолишни сўрар эди. Ҳа, Худодан сўрагани фақат шу, бошқа илтижоси йўқ, пешонага ёзилгани шу эканини сезган, тақдирига тан берган эди. Бола-чақасига кўз қирини ташлай олса, бу Абуталип учун бахтнинг энг сўнгги онлари бўлажак, боиси унинг ўз оиласига, уйига ҳеч қачон қайтмаслигига кўзи етиб турибди. Унга қўйилган айблар шу қадар даҳшатли эдики, бирон илож қилиш учун ҳолсиз, мажолсиз, Тансиқбоев олдида эса ҳимоясиз, ҳуқуқсиз эди. Бинобарин қудратли ҳокимият олдида ҳимоясиз, ҳуқуқсиз эди, бундай айблар қўйилган одам соғ қоладими-йўқ, олдинми, кейинми, ё отиб ташланади ё лагерда чириб ўлади. Абуталип Тансиқбоевнинг қўлида қурбон бўлишига узил-кесил ишонч ҳосил қилди. Тансиқбоевнинг ўзи ҳам улкан бир системанинг — Ҳар қадамда душманни излаган, излаганда ҳам социализмнинг бутун дунёдаги ҳаракатини тўхтатишга, коммунизмнинг бутун дунёда тантана қилишига монелик кўрсатмоқчи бўлган душманларга қарши тинимсиз кураш олиб борадиган жазокор системанинг, ўзини ўзи қайраб ўткирлаб турадиган юҳо системанинг арзимас бир мурвати эди.
Социализмга, коммунизмга хиёнат қилди деган айб ҳеч кимнинг бўйнига тақилмасин, тақилса борми, омон қолиш йўқ, албатта жазоланади — йигирма беш йил, ўн беш йил, кам деганда ўн йил озодликдан маҳрум қилинади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Тузоққа илинганлар яхши билишар эди. Айбдор ҳам, жазоланувчи ҳам, айбловчи (жазокор) ҳам шуни яхши билишар эдики, «Совет тузумига қарши иш кўрган» деган кўпқиррали айб кимга қўйилмасин жазоловчи ҳамма вақт ҳақ бўлиб чиқар, бугина эмас, душманларни таг-томири билан йўқотиш учун ҳар қандай воситаларни ишга солишга йўл очиб берар эди, айбланувчи эса бошқача маслакдагиларни қириб-янчиб ташлайдиган жазо тегирмонига солингандан кейин қилмаган гуноҳларни қилдим деб имзо чекишдан ўзга нажот топа олмас эди.
Худди шундай бўлиб чиқди. Поезд Сариўзак даштида ғизиллаб борар, дўнгалаклар тиним билмай ўз ўқи атрофида гирдикапалак эди. Тансиқбоев ва унинг терговидаги айбдор бир вагонда боришар эди, иккаласи бир ишни ҳамкорликда, лекин ҳар ким ўз билганича ижро этишар эди — яшириниб олган навбатдаги мафкуравий ғанимларни фош этишлари керак эди, социализмни бундай курашсиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди, акс ҳолда бу янги тузум ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади, омманинг онгидан буғланиб учиб кетади. Ана шунинг учун ҳам ким биландир курашмоқ, кимнидир фош қилиб, кимнингдир кулини кўкка совурмоқ тақозо қилинади.
Поезд шарақ-шуруқ қилиб кетаётир. Абуталип ночор-ноилож эканига кўзи етгач, кулфат-мушкулот пешанада бор экан деб тақдири азалга тан беришга мажбур бўлди. Энди бало-қазога кўникиб ҳам қолди — дастлабки пайтларда қанчалик куйиб-пишиб, жини қўзиб ҳаммасини инкор этган бўлса, энди аксинча, бутунлай умидсизликка тушиб барчасига итоаткорона кўникиб қолди. Абуталип шундай хулосага келди: бордию онадан қайтадан туғилган тақдирда ҳам Тансиқбоев бўлмаса инсон қиёфасини йўқотган бошқа бир азозилнинг қўлига тушиши турган гап. Ана шу куч урушдан ҳам даҳшатли, асирда бўлишдан ҳам қўрқинчли эди, чунки бу битмас-туганмас ёвузлик, эҳтимол, дунё яратилгандан буён келаётган офат эди. Эҳтимол, Қуттибоев муаллим, оддий мактаб муаллими ер юзида одам пайдо бўлгунга қадар чексиз коинот бўшлиқларида узоқ вақт ишсиз юравериш жонига теккан шайтони лаиннинг қўлига тушган одамлардан бири бўлгандир; одам ер юзидаги барча махлуқлар орасида биринчи бўлиб иблис билан тил топишган, ўшандан буён ёвузлик кетидан ёвузлик қилиб келмоқда. Ҳа, фақат инсонгина ёвузлик деса ўзини томдан ташлайди. Шу маънода Тансиқбоев Абуталип учун иблиснинг ўзи эди. Шунинг учун иккаласи бир поездда, бир вагонда, фавқулодда муҳим бир иш юзасидан ёнма-ён кетишяпти. Бекатларда Тансиқбоевнинг таниш-билишлари, хизматдошлари поезд тўхтади дегунча кутиб олиш баҳонасида егулик-ичгулик кўтариб келиб ётишди, Абуталип эса бундан ич-ичидан хурсанд бўлар эди — ичсин есин, кайфини сурсин, шунда сўроқ учун вақт камроқ қолади. Қизилўрда вокзалида хизматдошлари, айниқса, қучоқ ёзиб кутиб олишди
—    усти оқ чойшаб билан ёпилган катта лаганни вагонга олиб киришди. Вагон даҳлизида турган соқчилар лаганни қабул қилиб олишар экан, биттаси секингина пичирлаб қўйди: «Қази, қовурға! ҳидини қара! Шаҳарда бунақасини топиб бўпсан. Минг қилса ҳам дашт-да!».
Темир панжарали деразанинг бир четидан Тансиқбоевнинг шинелини елкасига ташлаб дўстлар билан хайрлашиш учун перронга чиққани кўриниб турди. Кийимига сиғмайдиган семиз, ҳаммаси бирдай бақалоқ, қоракўл телпак кийиб олишган, юзларидан қон томадиган зобитлар ярим доира шаклида туриб олишган, қўллари билан имо-ишора қилиб, ха-халаб кулишади. Эҳтимол янги латифалар айтишаётгандир, оғизларидан чиққан нафаслари оппоқ буғ бўлиб таралади, оёқлари остида қор ғичирлайди. Сергак милиция олдида тирик жон ўтиб бўпти
—    поезднинг бош томонидаги махсус вагоннинг ёнида Тансиқбоевчи милиционерлар дунёда улардан бахтли киши йўқдай кулиб-яшнаб туришибди, уларнинг ёнгинасида авахта купеда ўз қўллари билан турмага тиқишган бир бечора, ўғрими, зулмкорми, қотилми бўлса ҳам майли эди-я, ҳалолу пок, инсофли, виждонли бир киши уруш оловию асирлик зулмини кўрган, ўз фарзандларию хотинига бўлган муҳаббатидан бошқа ҳеч вақоси йўқ, ҳаётнинг бош мазмунини ана шу аёлмандликка эътимодда деб билган хоксор муаллим азобу уқубатдан жони қийналаётгани билан ҳемирилик ишлари йўқ эди.
Улар худди ана шундай дунёда бирон бир фирқага кирмаган, шунинг учун ҳам онт-қасам ичмаган ва тавба-тазарру қилмаган кишини гўё меҳнаткаш халқнинг бахтиёр яшаши учун зиндонга тиқишлари керак эди.
Қизилўрдадан ўтгандан сўнг таниш ерлар бошланди. Кеч кирмоқда эди. Қорли қирғоқлар орасида Сирдарё иланг-биланг бўлиб ялтираб оқиб ётибди ва орадан кўп вақт ўтмасдан даштлар ўртасида ястаниб ётган Орол денгизи ботаётган қуёш нуридан ёғдуланиб кўринди. Дастлаб денгизнинг қамишзор муюлишлари, сув сатҳининг чекка қисмлари, кичик-кичик ороллар кўзга ташланди, сўнгра ўйноқи тўлқинларнинг қумли қирғоққа урилиб, темир йўлга етар-етмас орқага қайтаётгани баралла кўрина бошлади. Буларнинг ҳаммасини — қорни ҳам, денгиз қумини ҳам, йироқ-яқинидаги тошларни ҳам, шамолда мавжланаётган мовий денгизни ҳам, тошлоқ ярим оролда ёйилиб юрган туялар тўдасинию, осмону оқ булут парчаларини кўз очиб юмгунча биратўласига кўриш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
Абуталип Бўронли Эдигейнинг Орол денгизининг соҳилида туғилиб ўсганини, Қозонғап хуш кўрадиган сурланган балиқларни юк поездларининг проводниклари орқали жўнатиб турганини эсга олар экан, юраги зирқираб сиқила бошлади — Бўронли бекати яқин қолган эди. Тонг отса эрталаб соат ўнларда ёки сал кечроқ бекатга кириб борилади — йўловчилар поезди нураган уйчалар, омборхоналар ва атрофи тиканли ўтлар билан тўсилган туяхоналар ёнидан ўтди. Шарқдан ғарбга қараб, ғарбдан шарққа қараб қанча поездлар ўтишини ким билади дейсиз, унисиниям қўяверинг, бекатдан махсус вагоннинг авахта купесига шу бугун саҳар чоғи ғарбга қараб Абуталип ўтишини Зарипанинг юраги сезганмикин, эҳтимол болаларнинг нораста диллари бирон бир ҳодисани сезгандай, худди ўша дақиқада ўтадиган поездни кўргиси келмасмикин? Парвардигори олам нега бандаларингни бунчалик қийноқ, азобу-уқубатга солиб қўймасанг!?
Ҳут қуёши ботиб, уфққа бош қўймоқда эди, узоқ-узоқларда осмон билан ер ўртасидаги шафақ совуқдан сўниб бормоқда ва оқшом чўкиб, аста-секин қиш кечаси бостириб келмоқда. Қош қорайиб, теварак-атроф кўринмай қолди, бекат чироқлари ёна бошлади.
Поезд эса иланг-биланг бўлиб дашт туни ичра шўнғиб борарди.
Абуталип уйқуси қочиб, тўлғанар эди. Купеда темир қафасга тушгандай ўзини қаерга қўйишини билмас, у бурчакдан бу бурчакка ташлар, уф тортар, керак-нокерак ҳожатхонага қатнар эди, бу эса назоратчининг жиғига тегди, назоратчи купе эшигини очиб ётар экан, бир неча марта танбеҳ ҳам берди:
—    Ҳав, маҳбус, нега бунча оёғи куйган товуқдай питилламасанг. Бундай қилиш мумкин эмас! Жим ўтир.
Лекин Абуталип ўзини идора қилолмай, ҳамон тўлғанар экан, соқчига мурожаат қилди:
—    Гапимга қулоқ сол, навбатчи! Сендан ўтиниб сўрайман, ухлатадиган доринг бўлса бер, ўлиб қолай деяпман. Худо ҳаққи! Ўлиб қолсам нима қиласанлар! Бошлиғингга айт — менинг ўлигимни бошларингга урасанларми? Ростдан ҳам ухлаёлмаяпман. Бехуд бўляпман.
Абуталип назоратчи илтимосини назарига илмаса керак деб ўйлаган эди. Йўқ, у Тансиқбоевнинг купесига югуриб бориб ухлатадиган икки дона таблетка олиб келиб берди, унинг бундай липиллаб қолганининг сабабини Абуталип эртаси эрталаб билди. У дори ичгандан кейин ҳа деганда уйқуси келавермади. Ярим кечага боргандагина кўзи илинди. Лекин барибир мириқиб ухлай олмади. Ёмон тушлар кўрди. Тушида темир йўлга тушиб олиб, жон талвасасида қочиб кетаётган эмиш, ортидан поезд қувиб бораётганмиш. Паровознинг олдига тушиб, шпаллар устида чопаётгани шу қадар даҳшатли эдики, бу ҳодиса тушида эмас, ўнгида бўлаётган эди. Чанқаганидан томоғи қуриб қолди. Паровоз ҳамон қувиб борар экан, ўткир чироқлари билан Абуталип елиб бораётган йўлни ёритарди. У рельслар орасида юрагини қўлтиқлаб чопар экан, гир атрофга аланг-жаланг қараб овози борича «Зарипа, Довул, Эрмек қаердасанлар? Бу ёққа келинглар. Бу менман, Абуталип! Қаердасанлар! Жавоб берсаларингчи?» деб қичқирармиш. Лекин ҳеч ким жавоб бермасмиш. Олдинда зимистон, орқада эса босиб, эзиб кетишга тайёр, тобора яқинлашиб келаётган паровоздан қочишга мажол йўқ, яширинай деса бурун суққудай тешик топилмайди. У югуравериб ҳолдан тойибди, оёқларини тортаолмай, ўпкаси оғзига тиқилиб қолибди.
Абуталип эртаси эрталаб елкасига гуппини ташлаб олиб панжарали ойна олдида ташқарига қараб ўтирар экан, ранги синиққан, қовоқлари шишиб кетган эди. Ташқари совуқ ва қоронғи эди. Бир оздан кейин тонг бўзариб атроф ёриша бошлади. Осмон ола булут бўлса-да, ҳаво айниб қор ёғадиган шашти бор... Мана, Сариўзак замини бошланди. Ҳаммаёқ қорга бурканган, чуқурликларга қор тўлиб қолган. Лекин диққат билан назар солинса, тепаликлар, жарликлар, овуллар, туман пуркаб турган мўрилар илгаридан танишдай. Қаҳратон қишда тутун бурқсиб турган томлар Абуталипга худди ўз уйидай туюлди. Қумбел бекати узоқ эмас, уч соатлар йўл юрилса, Бўронли бекати келади. Бу ерларни жуда яқин деса бўлади. — Едигей билан Қозонғап худойи дейсизми, тўй дейсизми гоҳо-гоҳода туяларда келиб кетишарди. Мана, шу бугун ҳам эрта саҳарда бир киши тулки тумоқ кийиб қўнғир туясида кетаяпти, Абдуталип панжарага ёпишди-қолди, қориндошлардан бири бўлса-я! Эҳтимол бу қоранорга миниб олган Едигейнинг ўзидир! Африкада жирафа қандай чопса, бу ерларда йўртадиган девдай нор туя юз чақиримни кўрдим ҳам демайди. Бўронли бекати яқинлашавергач, Абуталип шуурсиз равишда, поезддан тушишга тайёрланаверди. Бир-икки марта пойабзалини ечиб яна кийди, пайтавасини қайта ўради, нарсаларини йўлхалтасига солиб тайёрлаб ҳам қўйди. Поезддан тушиш пайтини кута бошлади. Лекин сабри чидамади — қоровулдан рухсат олиб ёзилиб, ювиниб ҳам келди, купега қайтиб киргандан кейин эса нима қилишини билмасдан яна ўтириб қолди.
Абуталип ўзини тийиб, босиқ ҳаракат қилар экан, тиззасини қучоқлаб ўтириб олганча, онда-сонда ойнага қараб қўяр эди. Қумбел бекатида поезд етти дақиқа тўхтаб турди. Бу ердаги ҳамма нарса Абуталипга таниш. Ҳатто шу катта бекатда турли томонга қараб кетишдан олдин Абуталип кетаётган поезд билан учрашган юк ва йўловчи поездлари ҳам унга ардоқли ва танишдай туюлди, ахир бу поездлар Абуталипнинг фарзандлари билан хотини яшайдиган Бўронли бекатидан яқиндагина ўтган эди-да! Шунинг учун жонсиз темир бўлса-да поездни ўзининг уйи олдидан ўтгани учун хушхабар олиб келгандай яхши кўриб қолди.
Лекин поезд яна йўлга тушди, поезд перрон ёнида аста юриб бекатдан узоқлашгунга қадар Абуталип таниш-билишларини кўриб қолишга улгурди. Ҳа, Ҳа, булар Абуталип кўрган-билган қумбелликлар албатта, улар кекса бўронликларни — Қозонғапни, Едигейни, уларнинг бола-чақаларини яхши билиши турган гап, охир Қозонғапнинг ўғли Собитжон шу ердаги мактабни битирган-ку, ҳозир эса институтда ўқийди...
Поезд бекатдан узоқлашгач, тезлигини ошириб ғизиллаб юра бошлади. Абуталипнинг болалари билан бу ерга тарвуз олгани келганини, янги йил арча байрамига ва бошқа ишлар билан келиб кетганини эслади.
Абуталип эрталаб беришган овқатларига қўл ҳам урмади. У бутун вужуди билан бир нарса ҳақида — Бўронлига яқин қолгани, бор-йўғи икки соатдан нари-бери жонажон бекатга етиб бориши тўғрисида ўйлар эди, буёғига қор ёғиб қолмаса бўлгани дер эди, ҳамма ёқни қор босиб қолгундай бўлса, Зарипа билан болалари ҳеч ёққа чиқиша олмайди. Унда оила аъзоларини кўриш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
«Ё поко парвардигоро, илтижо қиларди Абуталип, ўзинг раҳим қил, бу сафар қорингни ёғдира кўрма. Сен қодирсан, қудратингни кўрсат, биз бекатдан ўтиб кетгандан кейин ёғдиравер. Ўзинг бандам дегин, раҳим айла ожиз қулингга! Абуталип тиззасини қучоқлаб ғужанак бўлиб ўтирар экан, фикрини йиғиб олиш, сабр-бардош билан иш кўриш, худодан ўзининг йўл бўйи сўрагани — дераза орқали хотини билан болаларини кўриб қолиш орзусининг ушалишини истар эди. Қани энди оила аъзолари Абуталипни кўриб қолишса. Саҳарда назоратчи эшик ортидан кузатиб турганда ҳожатхонада ювинар экан, занг босган ювингич устидан эски кўзгуга қараб ўзини танимай қолди — рангида ранг қолмаган, мурдадай сарғиш тортган, ҳатто асирда эканлигида ҳам бунчалик сарғаймаган эди, сочлари оқариб кетган, кўзлари киртайган, нурсиз, пешонасида чуқур ажинлар пайдо бўлган, Ёш бўла туриб тезгина қариб қолибди. Ўғиллари Довул ва Эрмек, хотини Зарипа шу аснода кўриб қолишса борми, таниш у ёқда турсин, қўрқиб кетишган бўлар эди. Лекин барибир отасини танишиб суйинишарди. У оиласига қайтса, фарзандлари, хотини билан топишгудай бўлса, яна доимгидай бўлиб кетган бўлар эди.
Абуталип ана шу хаёллар оғушида деразага қаради. Мана яна таниш жой кўринди — икки тепалик орасида пастлик. Абуталип илгарилари Бўронли бекатидаги болаларни шу ерга олиб келиб у тепадан бу тепага бақириб-чақириб чопиб ўтишини яхши кўрар эди.
Худди шу пайтда купе эшикларидаги калитлар шақирлаб, эшик очилди, остонада икки назоратчи пайдо бўлди.
—    Сени сўроқ қилишади, чиқ! — деди улардан бири.
—    Қанақа сўроқ? Нимага! — деди Абуталип, оғзидан чиққан сўзларни ўзи ҳам сезмай. Назоратчи касал-пасал эмасми ўзи, дегандай Абуталипга шитоб билан яқинлашди.
—    «Нимага» деганинг нимаси? Тушунмаяпсанми, сўроққа чиқ деяпман!
Абуталипнинг мажолсизликдан боши шилқ этиб тушди. Афсус, деразада панжара бор-да, бўлмаса ойнани чил-парчин қилиб ташқарига тошдай отилиб тушган бўлар эди. Илож қанча. Тақдир шу экан-да. Дераза ёнида ўтириб бир кўриб қолсам деган ниятига етмади. Абуталип устига бир қоп туз бостириб қўйгандай зўрға ўрнидан турди-да назоратчиларнинг олдига тушиб, Тансиқбоевнинг купеси томон дорга осиладиган одамдай юраги дов бермай қадам ташлади. Юриб борар экан, сўнгги умиди йилт этди — олдинда яна бир ярим соатча вақт бор, шояд ўшангача сўроқ тугаб қолса. Умиди фақат шу. Тансиқбоев купесигача бор-йўғи тўрт қадам. Ана шу тўрт қадам масофани талай вақтда босиб ўтгандай бўлди. Тансиқбоев уни кутиб ўтирган экан.
—    Қани, Қуттибоев, гаплашайлик, ишимизни қилайлик, — деди у ранги ва овозида қандайдир жиддийлик, айни вақтда мамнунлик билан, соқол-мўйлови янги олиниб, бурқситиб атир сепилган юзини кафти билан силар экан. У Абуталипга тик боқиб, — «Гтир» деди. Ўтиришга рухсат бераман. Шунда сенга ҳам, менга ҳам қулай бўлади.
Назоратчилар эшикни ёпиб ташқарида қолишди. Нидо бўлса бас, ўқдай отилиб киришади. Бу лочинкўз иблисга худонинг кучи етмаса, бандасининг кучи етмайди. Бунинг устига қўлга илингудай нарса йўқ, на шиша бор, на стакан бор. У ичимликдан қочадиганлардан эмас. Купеда ароқ билан газак ҳиди анқиб турибди. Эҳтиётини қилиб ҳаммасини йиғиштириб ташлаган.
Поезд бўлса, Сариўзак даштини ёриб бир текисда йўл босмоқда. Бўронли бекати тобора яқинлашмоқда. Тансиқбоев сўроқ қилмайдигандай, қандайдир ёзувларни биринчи марта кўраётгандай шошмасдан ўқир, қандайдир қоғозларни кавлаштирар эди. Абуталип чидай олмади, орадан ўтган ана шу бир неча дақиқа йилдай туюлиб кетди унга.
—    Гражданин бошлиқ, мен кутиб турибман, — деди у. Тансиқбоев ҳайрон қолиб қоғозлардан бошини кўтарди.
—    Сен кутаяпсанми? — деди у ҳеч нарсани билмагандай. — Сен нимани кутяпсан?
—    Сўроқни кутиб турибман. Савол берилади деб кутяпман.
—    Шундай дегин! — деди Тансиқбоев чўзиқ бир оҳангда, жаҳлини босиб.
—    Тузук, тузук, Қуттибоев, айбдорнинг ўзи ўз эрки билан терговчига ҳаммасини гапириб бераман деса, мен сенга айтиб қўяй, бу жуда яхши. Демак, айбдорнинг айтиб берадиган гаплари бор, тергов органларига очиб ташлайдиган сирларни билади. Шундай эмасми? — деди Тансиқбоев бугун қўрқитиш-ҳуркитиш йўли билан эмас, балки худди шундай алдаб-сулдаб мулойимлик билан сўроқ қилиш кераклигига ақли етиб. — Демак, сен тушунибсан, — давом этди у, — энди ўз айбингни сезиб, тергов органларига совет ҳокимиятининг душманларини тор-мор қилишда, айтайлик, ўзинг душман бўла туриб душманликдан қайтиб ёрдам беришга тайёр эканлигинг ақллилик қилганинг. Совет ҳокимияти сен билан менга ота-онамиздан ҳам авло, албатта бу гапни ҳар ким ўзича тушунади, — у ўз сўзларидан қониққандай индамай қолди ва қўшиб қўйди: — Мен сени доимо ақлли одам деб юрардим. Қуттибоев, фикрим тўғри бўлиб чиқди. Барибир иккаламиз бир-биримизни тушуниб, умумий тил топамиз деб ўйлайман. Нега индамайсан?
—    Билмадим, — ноаниқ жавоб берди Абуталип, — нима гуноҳ қилганимни тушунмаяпман,
—    қўшиб қўйди, кўз қири билан вагон ойнасидан ташқарига қарар экан. Поезд шитоб билан ғизиллаб кетаётир, Сариўзак дашти қовоғи солиқ осмон тагида катта тезликда кетаётган поезд зарбидан инграган каби орқага қараб қочиб кетаётганга ўхшарди.
—    Мен сенга айтиб қўяй. Очиқчасига гаплашиб олайлик, — сўзида давом этди Тансиқбоев.
—    Сени подшолардай махсус вагонда олиб кетаётганимиз бежиз эмас. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ҳар кимни ҳам шундай иззат-ҳурмат билан олиб юришмайди. Демак сен тергов ишида эътиборли одамсан. Кўп нарса сенинг ўзингга боғлиқ. Масъулиятинг ҳам катта. Ўйлаб кўр. Ўйлаганда ҳам атрофлича ўйла. Энди менинг гапимга қулоқ сол. Биз бугун хуфтонда Оренбургга, янгичасига Чкалов шаҳрига келамиз. У ерда бизни кутиб ўтиришибди. Бу биз борадиган жойлардан биринчиси, у ерда сен билган икки одам бор — бири Попов Александр
Иванович, иккинчиси Сайфуллин ҳамид деган татар. Ҳозир иккаласи ҳам қамоқда. Улар сен берган маълумотлар асосида қамалишган. Иккаласи ҳам Баварияда сен билан асирда бўлишганини, кейин биргалашиб қочишганини тан олишяпти. Қочишнинг ўзи ҳам ҳамон сирли — нима учун тош конидан фақат сенларнинг бригада қочиб чиққан, бошқалар қочган эмас, буни ҳам биз яхшилаб текширамиз. Кейин эса Югославияда юргансанлар, иккаласи ҳам ўша ерда Англиянинг махсус ҳарбийлари билан йўлиқишганларини бўйнига олишяпти. Гап нима тўғрида кетаётганини яхши тушуниб турибсан. Бу ҳақда сен ўз эсдаликларингда ёзгансан. Эсдаликларинг ҳам ғалати ёзилган. Бизга беш қўлдай аниқ бўлиб қолди: Попов сенларнинг резидентларинг, Сайфуллин эса унинг ўнг қўли бўлган, бирон кор-ҳол бўлиб қолгудай бўлса, резидентликни қўлига оладиган одам. Сен, Қуттибоев жосусликда биринчи сафдаги одамлардан эмассан, терговга ёрдам берсанг, ишинг яна ҳам енгиллашади.
—    Қандай жосус экан?! Мен уларни қирқ бешинчи йилдан, уруш тугагандан буён кўрган эмасман, — деб Тансиқбоевнинг сўзини бўлди Абуталип.
—    Бунинг аҳамияти йўқ. Кўрмаган бўлсанг бордир. Шахсан кўришиш, юзма-юз учрашиш шарт эмас. Сенларни боғлаб турган одам бўлган. Айтайлик, ўша ҳақиқатгўй Едигей Жангелдин Оренбургга ёки бирон жойга бормади дейсанми? Шундай бўлган бўлиши мумкин — сенлар кимдир орқали алоқа қилиб тургансанлар. Олдин яхшилаб ўйлаб кўр.
—    Ўша Едигей ўзининг қоранор туясига миниб олиб Оренбургга бориб келиб турган десам бўладими? — деди Абуталип тутақиб.
—    Бунақа гапларни қўйсангчи, Қуттибоев. Акс жавоб бер-ганинг ўзингга зарар. Мен сенга яхши гапиряпман, сен бўлсанг гапни бошқа томонга бурасан. Қаршилик қилсанг, белинг синади. Едигейдан хотиринг жам бўлсин. Керак бўлса, уни ҳам, ҳатто туяси билан биргаликда қамаймиз. Агар унга тегишма-син десанг, ҳалигилар билан юзлаштирганда гапни олиб қочма.
Паровоз олдинда қарши келаётган поездни кўриб ўкириб узоқ сигнал бериб ўтди. Паровознинг қичқириғи Абуталипнинг юрагини қонталаш қилгандай бўлди. Бўронли бекати яқин қолган эди. Лочинкўз терговчининг гаплари Абуталипнинг юрагига ғулғула соларди. Бундай кучнинг қўлидан ҳар бало келади. Лекин ҳозир Абуталипни қийнаган нарса бу эмас, балки Тансиқбоевнинг ҳаддан ортиқ сўзамоллиги эди, у ҳали-бери сўроқни тугатадиган кўринмайди.
—    Гап шундай, — деб сўз бошлади Тансиқбоев, олдидаги қоғозларни нарироққа суриб қўйиб, Абуталипга тикилар экан. — Мен иккаламиз тил топамиз деб ишонаман. Сенинг бундан бошқа йўлинг ҳам йўқ, Оренбургда бўладиган юзлаштириш бош масалани ҳал қилади — ёки сен менга ёрдамлашиб, иккаламиз бир иш қиламиз, ёки мен қўлимдан келганини қиламан, кейин қилган ишингдан пушаймон бўласан — йигирма беш йил оласан ёки отиласан. Бу ишнинг қаерга боришига ақлинг етадими ўзи?! Биз Титонинг нақ ўзига етиб борамиз. Сенлар шунча йил яширин хизмат қилиб келган Тито ҳақида сўз бораётир. Бу процессни Иосиф Виссарионовичнинг ўзлари назорат қилиб турибдилар. Ҳеч ким жазосиз қолмайди, ҳаммасининг илдизини қуритамиз. Шунинг учун, Қуттибоев, мен сенга ёмонлик соғинмайман, шунга раҳмат де. Сен ҳам менинг йўриғимга юргин. Нима демоқчи бўлганимни тушуняпсанми?
Абуталип ғинг демади-ю, бадани жимирлаб кетди, ичида Бўронлига неча дақиқалик йўл қолганини ҳисоб-китоб қилди. Деразадан бўлса ҳам бола-чақаларимни кўриб қолармикинман деб эди, энди бўлмас экан. Бу фикр унинг бутун вужудини зирқиратди.
—    Нега миқ этмайсан? Сендан сўраяпман, гап нима ҳақида кетаётганини тушуняпсанми ўзи? — деди Тансиқбоев. Абуталип калласини ирғади. У Тансиқбоевнинг нима демоқчи бўлаётганини тушуниб етган эди.— Мана бу бошқа гап, аллақачон шундай қилиш керак эди? — деди Тансиқбоев ва Абуталипнинг калласини ирғаганининг ҳамма шартларга кўнгани деб тушуниб, у ўрнидан туриб Абуталипга яқин келди ва ҳатто унинг елкасига қўлини қўйди. — Мен сенинг ақлли йигит эканингни билардим, охир-оқибат тўғри йўлга тушасан деб ишонардим, Демак, биз сен билан келишиб олдик. Энди ҳеч нарсадан шубҳаланма. Менинг айтганимни қилсанг бас. Энг муҳими — юзлаштирганда қўрқма-ҳуркма, гапирганда кўзларига тик боқиб, бўлган воқеани рўй-рост айтиб беравер. Попов — резидент, қирқ тўртинчи йилдан Англия разведкасига сотилган, Югославиядан жўнатилиш олдидан Титов ҳузурида кенгашда иштирок этган, мамлакатимизга узоқ муддатли топшириқ олиб келган — бирон тўполон бошланди дегунча ишга киришади. Бўлди. Поповга шунинг ўзи етади. Энди ўша татар Сайфуллинга келсак, у Поповнинг энг яқин ёрдамчиси, ўнг қўли. Сен тасдиқласанг бўлди, унга шунинг ўзи етарли. Қолганини ўзимиз қиёмига етказамиз. Мана шуларни айтсанг бас, вазифанг битади, кейин ҳеч нарсадан хавотир олма. Сенга ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Мен борман. Шундай. Душманлар билан сўзимиз қисқа - тугатамиз вассалом. Дўстлар билан ҳамкорлик қиламиз, гуноҳи бўлса енгиллатамиз. Унутма. Яна шу нарса ҳам эсингда бўлсинки, мен билан ўйнаша кўрма. Нега рангинг ўчган, терлаб турибсан, нима, тобинг қочдими? Ёки ҳаво етишмаяптими?
—    Ҳа мазам йўқ, деди боши айланиб кўнгли айниганини, заҳар солинган овқат егандай дили ғашлигини бирдирмасликка уриниб.
—    Ундай бўлса сени ушламай. Ҳозир ўз купенгга бор-да, Оренбургга етгунча дам ол. Лекин Оренбургда тобланган отдай бўлиб турасан. Тушунтира олдимми?
ҳалигилар билан ўзингни у ёқ-бу ёққа ташламайсан. «Эсимда йўқ, билмайман, унутдим» каби сўзлар оғзингдан чиқмасин. Мен айтгандай қилиб, шариллатиб бўйинларига қўйиб берсанг бўлди. Қолганлари сенинг ишинг эмас. Буёғини бизга қўйиб бер. Келишдик. Бугун ҳеч нарса ёзмай қўяқолайлик, бор, дамингни ол, Оренбургда юзлаштирилгандан кейин ҳаммасини ёзиб, қоғозларга ўшанда қўл қўямиз. Айтганларингга имзо чекиб берасан. Энди боравер. Иккаламиз ҳаммасини гаплашиб олдик. — Шу гапларни айтиб бўлгач, Тансиқбоев Абуталипнинг авахта купесига қўйиб юборди.
Шу пайтдан бошлаб Абуталипнинг ҳаётида бутунлай янги бир давр бошлангандай бўлди. Унга поезд олдингидан тезроқ юра бошлагандай туюлди. Кўзга таниш ерлар деразадан зипиллаб ўтиб турди. Бўронлигача саноқли дақиқалар қолган эди. Энди ҳушини йиғиб олиб, бола-чақасини кўра оладими-йўқми шу ҳақда ўйлаши керак. Бироқ олдин поезднинг секинроқ юра бошлашини тилаш керак. Абуталип поезд тезлиги пасайишини Оллоҳдан илтижо қилди, сал ўтмасдан поезд секин юра бошлади. Ёки унга шундай туюлдимикин, шундан сўнг кўнгли анча таскин топди, у деразага яқин ўтириб теварак-атрофни томоша қилиб кетди. Унинг бутун фикри-зикри Бўронлида эди. Поезд чиндан ҳам Бўронли бекатига яқинлашиб қолган эди. Абуталип турмуш даккиларини еб, тақдир тақазоси ила қўним топган ери Бўронлида болаларим одам қаторига қўшилгунча тирикчилик қилиб тарих алғов-далғовларидан эсон-омон ўтиб олсам деб ўйлар эди, йўқ, бу умиди ҳам пучга чиқди. Оиласи қаровсиз қолди, ҳали нима кечишини худо билади, ўзи бўлса авахта-вагонда уйининг ёнидан ўтиб бораётир.
Абуталип ҳамма нарсага ўла-ўлгунча хотирасида сақлаб қоладигандай вагондан тикилиб борар эди. Қаҳратон совуқ келган ҳут ойининг ана шу куни чошгоҳ пайтида кўзига нимаики кўринса - қор уюмлари бўладими, темир йўл ёқасидаги қори эриб кетган ерлар, бутазорлар бўладими, олачалпоқ қор босиб ётган дала-дашт бўладими — буларнинг ҳамма-ҳаммасини қандайдир муқаддас билиб, тенгсиз ҳаяжон ила кўздан кечирар эди. Ана, кўзга таниш тепалик, унинг ёнгинасида пастқам жой, ҳув ана Зарипа иккаласи темир йўлни тузатиш учун керак-яроғларни кўтариб ўтиб юрган ёлғиз оёқ йўл, ана сайҳонлик — у ерда Бўронлидаги болалар ҳамда ўзининг Довули билан Эрмеги ёз кунлари чуғурлашиб чопиб ўйнашарди. Ҳув анави ерда бир тўп туя ёйилиб юрибди, ёнгинасида яна икки туя турибди. Шулардан бири Едигейнинг Қоранори олисдан таниса бўлади — Ҳамон ўша девсифат туя, шошмай-нетмай қаёққадир кетаётир, буни қаранг — бирдан қор ёға бошлади шекилли, ҳавода қор учқунлари тўзиб қолди, Ҳа, чиндан қор ёғиб кетди, ҳар тугул эрталабдан осмонда қора булутлар пайдо бўлиб, ҳаво айний бошлаган эди, қор ёғиши керак экан-да, лекин қор сал озгина сабр қилса бўлармиди, Бўронлидаги уйларнинг томлари, мўрилар кўрина бошлади, мана поезд эҳтиёт йўлига кирди, ғилдираклар излар қўшилган жойга тақиллаб урилиб ўтмоқда, ана будка ёнида қўлига байроқчасини ушлаб стрелкачи турибди — эҳ бу Қозонғапку! Ўша қуриб қолган дарахт танасидай озғин Қозонғап, эй Худойим, Қозонғапнинг будкасидан ўтилди, поезд олға қараб овул ёнидан ўтиб бораётир: мана уйлар кўрина бошлади, уйларнинг эшик-деразалари аниқ кўзга ташланади. Кимдир уйига кириб бораётир, Абуталип уни орқасидан кўриб қолди, ким бўлди экан, кимдир поя-тахтадан нимадир ясаяпти, бу Едигей бўлса керак, ҳа ўша, гупписининг енгларини қайтариб олибди, унинг ёнида қизлари, қизларнинг орасида Эрмек, менинг азиз Эрмегим турибди, сендан айланай эркатойим, Едигейга ердан ниманидир олиб бераётир. Оҳ, Худойим болагинамнинг юзини яхшироқ кўра олмадим, Довул билан Зарипа қани? Ана иккиқат бир аёл юрибди, у бекат бошлиғининг хотини Савле, ана Зарипа. Рўмолини елкасига солиб олган. Зарипа билан Довул, онаси кенжатойнинг қўлидан ушлаб олиб Едигейнинг олдига кетяпти. Мен томонга қараб ҳам қўйишмайди. Абуталип «Зарипам! Азизам! Довул! Менинг жоним! Менга қарасаларинг-чи! Мен сенларни охирги марта кўраётирман. Алвидо Довул! Эрмек! Омон бўлинглар! Мени унутманглар! Сизларсиз менга ҳаёт йўқ! Алвидо!» деб дод солиб бақириб юбормаслик учун оғзини кафти билан ёпиб, кўзлари нигорон поездда ўтиб кетяпти. Лекин бола-бечоралар буни қаёқдан билишсин.
Чақиндай ўтиб кетаётган ана шу онларда Абуталипнинг кўрган-билгани шу бўлди. Поезд Бўронли бекатидан аллақачон олислаб кетган бўлса ҳам унинг кўз олдида кўрганлари бирма-бир гавдаланиб турар эди. Ойна ортида ҳаммаёқни қалин қор босди. Ҳаммаси йироқда, ортда қолди, бироқ Абуталип учун вақт ҳаётининг мазмуни жигарпоралари ярқ этиб кўзга ташланган аламли онларда тўхтаб қолгандай бўлди.
Ташқарида қор ёғиб, ҳеч нарса кўринмай қолган бўлса ҳам Абуталип ойнадан кўзини узмай ўтириб қолди. У деразага михлаб қўйилгандай дунёнинг адолатсизлигига бўйин товлаб ҳақиқат сари интилса ҳам, елкасидан босиб турган азозилнинг қудратига бош эгмай иложи йўқ эди, севгили хотини, суюкли фарзандларини кўрган бўлса ҳам, уларнинг ёнгинасидан тилсиз-забонсиз ҳайвонга ўхшаб ўтиб кетгани алам қилди. Уни ўз эркидан маҳрум қилган ўша азозил эди. У ҳамманинг кўз олдида поезддан сакраб тушиб, соғиниб интизор юрган оила аъзоларининг қучоғига отилиш ўрнига ғурури топталган бўлиб ўтирибди. Тансиқбоев бўлса уни хоҳлаган жойига ўтирғизиб, хоҳлаганда турғизиб итга муомала қилгандай хоҳлаган кўйга солади, юрагини ўртаган ўй-хаёллардан қутилиш учун Абуталип ўзига ўзи сўз берди, қатъий бир қарорга келди. Дилини куйдириб кетган ўша йилт этган учрашув Абуталипнинг кўз олдидан тўхтовсиз милт-милт ўтиб турар эди. Бунга ҳеч ким халақит бера олмайди. Абуталипнинг кучи фақат шунга етади — Ҳаммасини қайта-қайта хотирлашдан бошқасига мажоли етмайди - дастлаб Қозонғапни кўрди, тиришқи қўлларида байроқча, тунни тун, кунни кун демасдан постда қаққайиб тургани турган, гоҳ бекатнинг у бошида, гоҳ бу бошида туриб умрида қанча поездларни қарши олиб жўнатиб қўйганини ҳеч ким ҳисоб-китоб қилмаган, шундан кейин овулдаги пастқам уйлар, молхоналар, тутун бурқсиб турган мўрилар кўринди. Едигейнинг ёнида ўймалашган болалар орасида ўғли Эрмекни кўрганда нафаси тиқилиб бақириб юбормаслик учун оғзини кафти билан тўсди, ўшанда меҳрибон Едигей болаларга нимадир ясаб бераётган эди. Эрмек Едигейга тахтами ёки бошқа бир нарсани олиб бораётган эди ва ўша бир неча лаҳза ичида ҳаммаси аниқ-равшан кўринди. Гуппи кийиб енгини қайириб олган, юзи совуқ шамолдан қорайиб кетган, қоматли, озғин Едигей оёғида кирза этик, бошида телпак, оёғига пийма кийган бир бола, унинг ёнида Довул билан Зарипа кетяпти. Бечора Зарипа худди ёнгинасида тургандай кўринди — рўмоли кифтига тушиб, қоп-қора сочи ҳурпайган, ранги ўчган, ўша ёқимтой ёр, пальтоси тугмаланмаган, оёғида ўзи олиб берган арзон этик, эгилиб Довулга нималарнидир уқтиряпти — буларнинг ҳаммаси шунчалик таниш, шу қадар кўнгилга яқинки, Абуталипнинг кўз олдидан қайта-қайта ўтаверди. Бу учрашувдан сўнг Абуталип улар билан видолашгандай бўлди, энди дунёда ҳеч нима, ҳеч қачон бу йўқотувнинг ўрнини боса олмайди.
Ёғаётган қор тинмасдан бора-бора бўронга айланди. Оренбургга озгина қолганда поезд бекатда бир соатча туриб қолди — темир йўлни қордан тозалашди. Кишилар шовқин кўтаришиб қорни, об-ҳавони, ҳамма-ҳаммасини оғзига келган сўзлар билан сўкишаётгани баралла эшитилиб турди. Йўл очилгандан сўнг поезд қорни учириб юрган бўронга қарамасдан йўлга тушди. Оренбургга кирганда секин юра бошлади. Йўл ёқасидаги қинғир-қийшиқ дарахтлар қуриб қолгандай қорайиб турар эди. Шаҳар элас-элас кўринар эди. Вагонларни саралайдиган бекатда кечаси анча туриб қолишди. Бу ерда Абуталип келаётган вагонни поезддан ажратиб олишди. Буни Абуталип вагонларнинг бир-бирига урилиб тарақ-туруқ қилишидан, вагонларни тиркаб-ажратадиган ишчиларнинг қийқириқларидан, вагонларни судраб кетгани келган локомотивнинг гудокларидан билиб олди. Шундан сўнг вагонни бир ёққа судраб олиб кетишди, афтидан эҳтиёт йўлга киргизиб қўйишди шекилли. Хуфтон пайти эди, махсус вагонни ўз жойига қўя бошлашди. Вагон охирги марта бир силкинди. Бирдан. «Яхши! Тўхтат шу ерда» деган овоз чиқди. Вагон тўхтади-қолди.
—    Мана, келдик! Ошқол-дашқолингни йиғиштир! Маҳбус, эшикка чиқ! — деди катта назоратчи Абуталипга, купе эшигини очиб. — Бўл, имиллама! Чиқ! Ухлайвериб миянг шишиб кетгандир! Тоза ҳаводан нафас ол!
Абуталип аста ўрнидан туриб, назоратчига яқин келди-да:
—    Мен тайёрман. Қаёққа юрай, — деди.
—    Тайёр бўлсанг, юр! Қаёққа боришни соқчи айтади, — назоратчи Абуталипни даҳлизга чиқарди, кейин ҳайрон бўлиб, ҳам ғижиниб жеркиди:
—    Ҳов овсар, йўлхалтангни ташлаб кетмоқчимисан? Қаёққа кетаяпсан? Нега йўлхалтангни олмайсан? Ёки сенга ҳаммол керакми? Орқангга қайт, қақир-қуқурингни кўтар!
Абуталип купега қайтди, қолдириб кетган йўлхалтасини истар-истамас олди-да, яна даҳлизга чиққан эди, хаёл билан шошиб келаётган шу ерлик икки чекист билан сузишиб кетишига сал қолди.
—    Тўхта! — деб Абуталипни деворга томон итарди назоратчи. Берироқ тур! Ўртоқлар ўтиб кетишсин!
Абуталип вагондан чиқаётиб ҳалиги иккитаси Тансиқбоевнинг купесини тақиллатаётганини
кўрди.
—    Ўртоқ Тансиқбоев! — деган ҳаяжонли овоз эшитилди. — Хуш келибсиз! Сизни кутавериб роса кўзи-миз тешилди! Аксига олиб сиз келган куни қор ёққанини кўрмайсизми! Кечирасиз! ҳаво ҳаволигини қилади-да! Ўзимизни таништириб қўяйлик, рухсат берасиз, ўртоқ майор!
Соқчилар бошидан қулоқчин, оддий аскар кийимидаги қуролли уч киши экан, вагоннинг ёнида кутиб турган экан. Улар маҳбусни нарироқда турган очиқ машинага солиб олиб кетишса керак.
—    Тушмайсанми! Нега ағрайиб турибсан! — деб юборди уч соқчидан бири.
Орқасида назоратчи, Абуталип вагон зинасидан аста ерга тушди. Совуқ изғирин шамол, майдалаб қор ёғиб турибди. Вагон зинаси ёнидаги темир тутқич совуқдан қўлга ёпишади. Гир атроф қоронғи, ҳар жой-ҳар жойда осиб қўйилган чироқларгина ғира-шира ёруғ бериб турибди, қор кўмиб ётган қатор-қатор темир йўллар.
—    Тўқсон еттинчи номерли маҳбусни топширдим! — деди катта назоратчи соқчига.
—    Тўқсон еттинчи номерли маҳбусни қабул қилдим! — деб жавоб берди катта соқчи.
—    Энди жўна! Булар айтган томонга боравер!— деди катта назоратчи Абуталипга, хайрлашиш ўрнига. Кейин нима учундир қўшиб қўйди. — Нарироқда машинага солиб олиб кетишади.
Абуталип соқчи йигитлар қуршовида шпалларга уриниб-суриниб темир йўл бўйлаб юриб кетди. Қор уриб турибди. Абуталип йўлхалтасини елкасига қўйиб олган. Унда-мунда тунги сменадаги вагонларнинг гудоклари эшитилади.
Тансиқбоевни меҳмонхонага олиб кетиш учун келган оренбурглик ҳамкасблари купеда

бироз ҳаяллаб қолишди. Че-кистлар танишганлик учун қиттай-қиттай отишни таклиф қи-лишди, газак эса тайёр эди. Унинг устига иш вақти эмас, ке-часи ким йўқ дерди. Тансиқбоев сўз орасида ишнинг ўнгидан келаётганини, юзлаштиришнинг муваффақиятли бўлишини, Олма-отадан буён вақтни бекор ўтказмаганини қистириб кетди.
ҳамкасблар бирпасда опоқ-чопоқ бўлиб суҳбатга тушиб кетишди. Бирдан ташқаридан шитиллаган овозлар келди, вагон даҳлизида кимларнингдир дукурлаган оёқ товуши эшитилди. Купега соқчилар билан катта назоратчи ҳовлиқиб кириб келишди. Соқчининг ҳаммаёғи қон эди. У рангидан ранг қолмаган бир ҳолда Тансиқбоевга чест бериб:
—    Тўқсон еттинчи номерли маҳбус ҳалок бўлди! — деди шанғиллаб.
—    Қанақасига ҳалок бўлади — ўрнидан отилиб турди Тансиқбоев. — Ҳалок бўлди деганинг нимаси!
—    Паровознинг остига ўзини ташлаб ўлди, — деди катта назоратчи.
—    Нега ўлади? Қанақасига паровоз остига ташлайди?— деди жаҳл билан Тансиқбоев, у назоратчининг ёқасидан ушлаб тортар экан.
—    Темир йўлдан ўтиб бораётганимизда, — деди пойма-пой қилиб соқчи, ўнг томондан ҳам, чап томондан ҳам локомотивлар юраётган эди. Улар вагонларни у ёқдан бу ёққа судраб ўтар эди. Биз эса поездни ўтказиб юбориш учун тўхтаб турдик. Тўхташимиз билан ҳалиги маҳбус қўлидаги йўлхалта билан мени бир солди-да, ўзини келаётган паровознинг ғилдирагининг остига ташласа бўладими.
Бундай кутилмаган ҳодисадан ҳамма лол бўлиб қолди. Тансиқбоев жон-пони чиқиб ташқарига отилди.
—    Ифлос, сволочь, қутилиб қолди-я! — овози қалтираб сўкина кетди у. — Ҳаммасини барбод қилди! Кўрмайсанми, ҳаммамизни ўлдирди! Ва столга бурилиб, ғижинган кўйи қўлини силтади-да, стаканни тўлдириб арақ қуйди.
Унинг оренбурглик ҳамкасблари эса бу ҳодисага соқчилар калласи билан жавоб беришади, деб қўшиб қўйишди.

Суюн Қораев таржимаси