Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов
Facebook
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов PDF Босма E-mail
Материал индекси
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа

АСАР ҲАҚИДА

«Чингизхоннинг оқ булути» — Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романига илова қилинган қисса. Ёзувчи китобхонларни романда тақдири номаълум бўлиб қолган Абуталип Қуттибоев билан қайтадан учраштиради.
«Чингизхоннинг оқ булути» қиссасида икки йўналиш - бир томондан пок қалбли Абуталип билан бешафқат Тансиқбоев ўртасидаги муросасиз тўқнашув, иккинчи тарафдан эса, дунёни ларзага келтирган Чингизхоннинг фожиаси бир-бири билан ботиний боғланиб кетган.
Чекист Тансиқбоев бегуноҳ Абуталипни Югославияда партизанлар ҳаракатида иштирок этганликда, эски халқ адабий меросларини йиғиб юрганликда айблайди. Бироқ Абуталип ҳаёти ҳар қанча хавф остида бўлса ҳам бош эгмайди. Чин инсон ор-номусини Тансиқбоев каби ҳайвонтабиат манқуртларнинг оёқ-ости қилишига имкон бериш — инсоният олдида гуноҳи кабира эканлигини яхши тушуниб етади.
Чингизхон - тарихий шахс, ўз даврининг фарзанди.
Чингиз Айтматов ўз қаҳрамонининг табиати, характери болалигиданоқ шакллана бошлаганига урғу беради. Чингизхон ҳали Темучин деб аталган болалик чоғидаёқ, бошқалардан ўч олишни, ҳаммани оғзига қаратишни хуш кўрарди. У сувдан тутилган балиқни талашиб, ўзининг укаси Бектерни ўқ-ёй билан отиб ўлдириб қўяди. Ёзувчи қонхўр жаҳонгир табиатининг илдизларини очиб беришни мақсад қилиб қўйган. Болалигиданоқ тошбағир бўлиб ўсган, ҳеч кимга яхшилик раво кўрмайдиган кишидан эзгулик кутиб бўлармиди?
Чингизхон улкан жаҳонгирлик жангларига икки йил тайёргарлик кўрди. Оилавий қўшинларга «жангу жадаллар ниҳоясига етмагунча аёллар туғмасин» деган қаҳрли фармон берилди.
Янги қиссанинг бадиий аҳамиятини кўтарган воқеалардан эътиборлиси — лашкарбошилардан бири, юзбоши Эрдене билан қўшин туғларига гул тикадиган каштадўз Дўғулангнинг аянчли фожиасидир. Ҳокимиятнинг куч-қудрати, забтидан икки ёш ошкора оила қуришга муяссар бўла олмайди. Лекин барибир Чингизхоннинг фармони, буйруғи икки қайноқ қалбнинг муҳаббати қаршисида ожиз эди.
Чингизхон икки олов орасида қолди — бир аёл туғиб қўйибди, деб юришни тўхтатиш керакми ёки фармони олийни оёқости қилганларга ўзининг қаҳрини кўрсатиб, беандишаларни қаттиқ жазолаш лозимми, деган савол қийнар эди уни! Осмонда эса оқ булут ҳамон фалак кезмоқда. Уни ҳеч ким пайқамайди, пайқаса ҳам эътибор бермайди унга, бу — Чингизхоннинг шахсий булути эканлигини ким билади дейсиз. Бу — худонинг қудрати, севган бандасига раво кўради буни.
Эрдене билан Дўғулангнинг қочиш тўғрисидаги режаси барбод бўлади. Дўғуланг чақалоғи билан қўлга тушади. Энди Эрдене нима қилиши керак?
Дўғуланг чақалоқни охирги марта эмизишга улгурди. У ҳар қандай йўл билан, ҳатто ўзини ажал тиғига уриб бўлса ҳам, Эрдененинг жонини сақлаб қолса бас. Кейинчалик ота-бола бир илож қилиб топишиб кетар!
Лекин Дўғулангнинг айтгани бўлмади. Ҳамманинг кўз ўнгида, отасиз ҳаромзода туғиб олганига иқрор бўлиб бутун жиноятни ўз гарданига олган севгилисининг жон азобида қийналаётганини кўрган мард зобит: «Мана мен! Чақалоқ менинг ўғлим! Ҳғлимнинг оти Ғунон! Онасининг исми Дўғуланг! Мен лашкар юзбошиси Эрдене бўламан!» деб ўртага чиқади. Эрдене билан Дўғулангнинг қўлларини орқасига маҳкам боғлаб, чўкиб ётган туянинг икки ёнига олиб боришди-да, ўркач орқали осилган арқоннинг икки учидаги илмоқни иккаласининг бўйнига солиб, туяни уриб-зўрлаб турғазишди. Шундай қилиб, икки ёш инсон тирик дорнинг устида хуржун каби осилиб жон таслим қилди.
Еру кўкни ларзага солган қўшинлар ҳеч нарсани билмагандай, чўлу биёбонларни ортда қолдириб, олға томон юриб, босқин йўлини давом эттирдилар. Фалокат рўй берган жойда Дўғулангнинг дугонаси Олтун норастани қучоқлаганича қолаверди. Қорни очиққан гўдак дала-даштни бузиб дод солиб йиғлайверади. Ўшанда мўъжиза рўй беради — уларнинг тепасига оқ булут келиб соя солади, умрида бола эмизмаган, турмушга чиқмаган қари қизнинг кўкрагидан сут кела бошлайди. Бу — худонинг ўз севган бандаларига меҳрибонлиги эмасми?
Абуталипнинг тақдири ҳам фожиали тугади — қийноқ, азоб-уқубат, таҳқир-хўрликларга бардош бера олмай ўзини поезд тагига ташлади. Абуталип ўз жонига қасд қилиб, кўплаб бегуноҳ кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Чингиз Айтматов, бутун борлиғи бошдан-оёқ фожиалардан иборат бўлиб қолган онларда одам ўзини қандай тутиши керак — деган мураккаб масалага яна бир бор мурожаат қилди.
«Чингизхоннинг оқ булути» қиссаси «Асрга татигулик кун» романига ўриш-арқоқ бўлиб қўшилиб кетди. Абуталипнинг кейинги тақдири не кечди экан деган саволга жавоб бўлиб тушди. Айни вақтда, уни мазмун-мундарижаси, тузилиши, яхлитлиги, қаҳрамонларининг табиатига кўра мустақил бадиий асар дейиш ҳам мумкин.

"Ўтар қуш ноласи" ҳикояси тирик мавжудотлардан энг ваҳшийси бўлмиш инсон зотига ноинсоний қилмишлари учун тилга кирган турнанинг (лисонут-тайр) мудҳиш айбномаси, муаллифнинг юракдан чиққан фарёдидир - унда қирғизларнинг босқинчи жунғорларга қарши олиб борган ҳаёт-мамот жангларидан бири ҳақида сўз боради.
Турналар галаси ҳар йили узоқ сафарга отланганда қўниб, дам оладиган жойини танимай қолади: "... қаёққа қараманг одамларнинг жасадлари-ю отларнинг ўликлари тоғ-тоғ уюлиб ётар, сув кенг ёйилиб оққан жойларда сон-саноқсиз мурдалар дарё сувини тўсиб қўйган эди. Қип-қизил қон аралаш сув ҳамма ёққа ёйилиб, отларнинг туёқлари остида қон ҳалқобларини ҳосил қилган эди...
Жанг тугагандан кейин у ерда қузғунлар базми бошланди, ўлимтикхўр қушлар одам гўштига тўйишди, учиш у ёқда турсин қанотларини ҳам қоқолмай қолишди. Жангдан кейин шақоллар зиёфати бошланди - чиябўрилар одам гўштига шу қадар тўйган эдики гавдаларини судраб зўрға кетишди..."
Турна шерикларига мурожаат қилади: "Кечиринглар, ўтар қушлар! Бўлиб ўтган ваҳшийликлар учун кечиринглар, бўлажак ваҳшийликлар учун кечиринглар. Бани одам ҳаёти нима учун шундай эканини, нега заминда шунча кўп ўлдирилганлар ва ўлдирилаётганлар бўлишини мен тушунтириб бера олмайман, сизлар тушуна олмайсизлар...
Қушлар кетинг бу ердан, бу мудҳиш жойдан узоқ-узоқларга учиб кетинг".
Нега оламда одамлар бир-бирларини шу қадар кўп ўлдирганлар ва ўлдирмоқдалар деган қадимий савол ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Одил Ёқубов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси