Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 2
Facebook
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа
Бу томонларда поездлар ғарбдан шарққа ва шарқдан ғарбга қатнагани қатнаган...
Сариўзакнинг бийдай далалари бўйлаб аёзли шамол ғазабнок қутуриб, оппоқ қор унини осмони фалаккача тўзғитиб юрган қаҳратон қиш чилласида оқ либос кийган даштдаги тунги Бўронли бекатини қор уюмлари орасидан топиш поезд ҳайдовчилари учун осон эмас эди. Ўйноқлаган қор бўронларига бурканган тунги поездлар ним қоронғида ёмон тушдагидай безовта келиб кетаверади.
Ана шундай кечалари дунё ибтидоий унсурлардан янги-дан яратилгандай туюлади — ўзининг изғирин нафасидан ушиган Сариўзак дашти зулмат ила рўшноликнинг тим қоронғиликдаги курашидан пайдо бўлган ғуборли уммонни эслатарди.
Худди ана шу поёнсиз овлоқ сайҳонликдаги бекатда ҳар кеча тонг отгунча мўъжазгина уйнинг бир деразасида чироқ ўчмайди: у ерда кимдир оғир дарддан жон талвасасида тўлғанмоқда ёки биров уйқусизлик касалидан азоб чекаётир деб ўйлайсан киши. Бекат ёнидаги ана шу ҳужрада Абуталип Қуттибоев оиласи яшар эди.
Унда Қуттибоевнинг хотини билан фарзандлари ҳар куни дадаларини кутавериб, кечалари чироқни ўчирмас, хотини Зарипа эса лампа чироқ пилигининг куйган учини бир неча марта кесиб қўяр эди. У ҳар сафар чироқни янгидан ёқар экан, бир жуфт кучукчалардай бурчакда қучоқлашганча беозор ухлаб ётган қора сочли икки ўғилчасига меҳр билан нигоҳ ташлаб қўяр эди.
Зарипа кўйлакчан, совуқдан жунжукади ва қўллари билан кўкрагини қисиб ваҳимага тушади ва қўрқинч аралаш ўйлаб кетади: бояқиш болаларим тушларида оталарини кўришаётган бўлса-я, бир йиғлаб бир кулиб унинг кетидан ҳар қанча чопишса ҳам унга ета олишмаётган бўлса-я? Улар ўнгида мудом отасини пойлашади, поезд келди дегунча бекатга чопишади. Поезд тормозларини тарақлатиб бир лаҳза бўлса ҳам тўхтади дегунча болалар худди оталари сакраб тушадигандай вагон ойналаридан кўзларини узишмайди. Қанча поездлар, қанча кунлар ўтди орада, лекин ундан ҳамон дарак йўқ — қаердадир қор кўчкиси тагида қолгандай ҳечам ундан ном-нишон йўқ.
Ернинг бошқа бир кунжагида — Олмаотанинг турмасида ҳам бир дарча — қалин темир панжара билан тўсилган деразада ўша кунлари тонг отгунча чироқ ўчмас эди. Мана бир ойдирки, Абуталип Қуттибоев шипда қуёшдай узлуксиз ёниб кўзни оладиган электр чироқларидан ҳолдан тойди. Тинимсиз порлаб турган электр нуридан тиғ теккандай кўзи ачишади, қўрғошин қуйиб қўйгандай боши зирқирайди, бир лаҳза бўлса ҳам ҳаммасини унутишга, бу ерга қандай келиб қолдим, мендан нима хоҳлашади дея ўйлашга ҳам фурсат беришмайди. Кечалари бошига кўйлагини ёпиб деворга ўгирилиб ётди деганча тешикдан қараб турган турма назоратчиси камерага чопиб киради-да, уни тахта сўридан тортиб тушуриб тепа кетади: «Деворга қараб ётма, аблаҳ! Бошингни ёпма, ярамас! Власовчи!» деб сўкади. У «мен власовчи эмасман» деб ҳар қанча дод-фарёд солмасин, ҳеч ким назар-писанд қилмайди.
У яна кўзни тешгудай аёвсиз электр чироғига қараб ётар экан, яллиғланиб қизариб шишиб кетган кўзларини юмиб, кафтлари билан тўсиб олади, қани энди у тим қоронғиликда, зимистонда, ҳатто лаҳадда бўлиб қолса-ю, кўз билан мия ишдан чиқсаям майлига, фақат ҳеч қандай турма назоратчиси, ҳеч қанақанги терговчи деган балойи офатларни кўрмаса, фақат одам боласи бардош бера олмайдиган қийноқлар, кўзни кўр қиладиган электр чироғи, уйқусизлик ва калтак азоблари бўлмаса!
Назоратчилар навбат билан алмашиб туришади, лекин ҳаммаси бирдай бераҳм, шафқатдан асар ҳам йўқ — маҳбус деворга қараб ётди дегунча, худди кутиб тургандай чопиб келиб ғазаб билан дўппослашар, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишар эди. Абуталип Қуттибоев турма назоратчисининг вазифаси ва бурчларини билса-да чорасиз пайтларида ўз-ўзига дерди: «Нега улар бунчалик бераҳм, қарасанг одамга ўхшайди. Наҳотки одам боласи шунчалик дарғазаб бўлса? Ахир мен уларнинг биронтасига ёмонлик қилмаганман-ку!
Улар мени танишмас, мен ҳам уларни танимас эдим, нега энди хун учун қасос олаётгандай хўрлашади. Нега? Бундай одамлар қаёқдан келишади? Улар қаердан бу даражада раҳмсиз бўлиб қолишган? Менга нима учун азоб беришади? Бунга қандай бардош бериб бўлади, жинни бўлмай бўладими, каллангни деворга уриб, мажақлашдан бошқа иложи борми?! Бошқа йўли қолмади».
Бир гал у бардош бера олмади ҳам. Умрида бундай жаҳли чиққан эмас. Назоратчи кириб келиб тепканда унинг гирибонидан шаппа олганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ёқалашиб, тепкилашиб, ерга йиқилгач, бир-бирини бўғиб, муштлашиб ётишди. «Фронтда бўлганингда сен аблаҳни қутурган итдай отиб ташлаган бўлар эдим!» — деди хириллаган овозда Абуталип назоратчи кўйлагининг ёқасини йиртди-да бармоқларини бор кучи билан унинг бўғзига ботирди. Шу он эшикдан яна икки соқчи кириб келмаганда тевалашишнинг оқибати нима билан тугашини худо биларди.
Абуталип кейинги кунигина ўзига келди. Қўзғалай деса дармон йўқ, аъзойи бадани зирқираб оғрийди, кўзлари хиралашган. Биринчи пайқагани шипдаги ўша ёруғ электр лампаси бўлди. Ёнида фельдшер турибди.
— Ёт, тинч ётавер, бир ўлимдан қолдинг, — деди фельдшер Абуталипнинг яраларига дори суркар экан,— энди аҳмоқлик қилма. Назоратчига ҳужум қилди деб сени ҳозир ҳам ўлдириб қўйишлари ҳеч гап эмас, ит ўлдими, одам ўлдими — уларнинг парвойи фалак, сенинг ўлимингга ҳеч ким жавоб бермайди. Тансиқбоевга раҳмат айт, унга сенинг ўлигинг эмас, тиригинг керак экан. Қутқариб қолди. Уқдингми?
Абуталип нурсиз кўзларини шипга қадаганча жавоб бермади. Буёғи нима бўлади, эртанги тақдири не кечади, — энди унга бунинг аҳамияти йўқ эди. Жон оғриғини у кейинроқ сезди.
Ўша кунлари унинг ақли туманланиб, бир туш кўриб яна чала уйғонгандай сезар эди ўзини. Ана шундай онларда Абуталип чақиндай чироқдан яшириниш, юз кўзини беркитиш эмас, балки аксинча, ўзини ақлдан оздирган, кўзни тешиб кетадиган ёруғликка бақрайиб қараб қолар, жонини қийноққа солган ва безовта қилган бу нур кучига дош бериб ўтиб, йўқлик дунёсига рихлат қилган каби ҳавода сузиб юргандай ҳис қилар эди ўзини.
Ақли кирди-чиқди пайтларида ҳам унинг миясида ўтмиш билан боғланган нафис ҳаёт риштаси сақланиб қолган эди — кишининг юрак-бағрини эзадиган соғинч, оила, болалар тақдиридан ҳадиксираш ҳисси тинчлик бермас эди унга.
Сариўзакда қолган оила аъзолари учун дили тилка пора бўлар экан, Абуталип ҳаётимда эҳтимол бирон жиноят, жазога арзигулик қандайдир гуноҳ қилиб қўйдиммикин дея ўйлаб кетар эди. Лекин жавоб топа олмас эди. Тўғри, асирга тушгани рост, қуршовда қолган минглаб бошқа ҳарбийлар қатори немисларда тутқунда бўлгани, асирдан қочиб келгани ҳақ. Лекин бунинг учун токайгача жазолаш мумкин? Уруш тугаганига қанча йиллар бўлди. Асирга тушганлардан қанчаларининг боши кетди, қанчалари қамоқ, қувғинга учради; қолганларининг ҳам тўридан гўри яқин бўлиб қолди. Ҳокими мутлақлар эса ҳамон қасос олиш шаҳдидан қайтмайдилар. Бўлмаса бу азоб-уқубатларни қандай тушуниш мумкин? Абуталип жавоб топмайди-да, хаёл сура кетади; яхши кунлар келиб қолар, тушунмовчилик бўпти деб айтишар; ўшанда у, Абуталип Қуттибоев ҳамма ҳаммасини унутади, кек сақламайди, уни тезроқ бўшатиб юборишса, тезроқ уйга жавоб беришса бас, ўшанда у болалари, оиласига томон Сариўзакка, Бўронли бекатига қараб чопади, йўқ, қанот боғлаб учади, ахир у ерда ўғиллари Эрмек билан Довул, хотини Зарипа кўзлари тўрт бўлиб кутиб ўтиришибди, ахир Зарипа болаларини қуш полопонларини қаноти тагида асрагандай чўлнинг изғиринлари-ю қорларидан авайлаб, бағрига босиб ўтирар, эрининг келишини худодан сўраб, гоҳ йиғлаб, гоҳ овуниб, тепаси билан ер қазиб, тирикчилик қилиб юрибди-ку!
Қайғу аламидан ҳўнграб йиғлаб юбормаслик, ақлдан озиб жинни бўлиб қолмаслик учун Абуталип ўзини ўзи алдаб, ширин хаёлга чўмади — Ҳеч қандай гуноҳи йўқ экан деб уйга қўйиб юборишса-я? Шунда у юк ортган поезднинг узангисига осилиб бўлса ҳам Бўронли бекатига етиб олади, поезддан тушиши билан уйига чопа кетади, хотини билан ўғиллари ҳам шамолдай елиб келиб отасининг бўйнига осилишади. Бироқ бу тотли хаёл узоқ чўзилмади, кайф тарқагандай у яна ўша барак ҳаётига қайтди — Абуталипнинг ўзи ёзиб олган «Сариўзакдаги ўлим жазоси» деб аталган афсона воқеаси ўзининг бошига тушди шекилли — қатл қилинган она билан отанинг қийноқларида, уларнинг чақалоқ билан видолашишларида ўзини кўргандай бўлди. Абуталип учун айрилиқ қатл қилгандай гап эди. Ахир фақат ўлимгина ота-оналарни болаларидан жудо қила олади, ҳа бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса жудо қила олмайди. Ана шундай аламли дамларда Абуталип сассиз йиғлар, тошга ёққан ёмғир томчиларидай юзига томаётган кўз ёшларини тийишга ожиз эди. Қон кечиб юрган урушда ҳам бунчалик қийналган эмас, у ўша пайтларда сўққабош якка ёлғиз йигит эди-да; энди бўлса ёлғиз эмас, аёли, фарзандлари бор. Ҳаётининг маъно-мазмуни болаларда эканлигига мана энди ишонч ҳосил қилди; ҳар ким ўзича бахтли, болаларнинг бўлиши бахт, бўлмаслиги эса фожеа экан. У яна шу нарсага ҳам ишонч ҳосил қилдики, ҳаётнинг мазмунини, ҳаётнинг сўнгги соатида ёруғлик дунёсидан зулмат дунёсига рихлат олдидан ҳисоб-китоб қилар экан бандаси. Ҳаётнинг бош якуни фарзандлардир. Эҳтимол, табиат қонуни шундайдир: ота-оналарнинг ҳаётлари ўз пуштларини вояга етказишга сарф бўларкан. Ота ёки онани болалардан айириш, уни оталик (ёки оналик) бурчидан маҳрум қилиш — бу эса ният-мақсадсиз яшашга маҳкум этиш демакдир. Мана шундай ўйлар тунги чақиндай ақлни ёритиб ўтганда умидсизликка тушмаслик мумкин эмас эди; бола-чақалари билан кўришишни орзу қилар экан, Абуталип ҳаяжонга тушиб, умидларининг пуч эканлигига ва аҳволининг мушкуллигига яна бир карра ишонч ҳосил қилди. Соғинч кун сайин авж олиб, унинг дилини лол, қаддини дол қила борди. Умидсизлик тик тоғ ён бағрида тўплана борган ҳўл қор каби жамғарилганки, сал бўлса ҳамма нарсани ўпириб вайрон қилиб кўчиб кетиши ҳеч гап эмас...
КГБнинг терговчиси Тансиқбоевга худди ана шу керак эди, у режа билан, собитқадамлик билан шунга эришди, Тансиқбоев тепадаги бошлиқлари билан келишиб олиб уруш даврида асирга тушган Абуталип Қуттибоев Англия-Югославия агентларига хизмат қилган ва Қозоғистоннинг узоқ районларидаги аҳоли орасида бузғунчилик ишлари олиб борган деган жиноий иш қўзғади. Ҳа, Қуттибоевга ана шундай айб қўйилган эди. Ҳали жиноятнинг баъзи бир тафсилотларини аниқлаш ва даражасини белгилаш юзасидан иш олиб бориш, Абуталип Қуттибоевни жиноятни тўлиқ бўйнига олишга мажбур қилиш керак эди, энг муҳими шу эдики, айблов сиёсий жиҳатдан ўта долзарб, Тансиқбоев эса ниҳоятда зийрак, ўз вазифаси йўлида ғайрат-шижоат билан хизмат қилади деб топилган. Бу жиноий иш Тансиқбоев ҳаётида катта муваффақият бўлса, Абуталип Қуттибоев учун қопқон, ҳалокат ҳалқаси эди, чунки жиноятга бундай даҳшатли таъриф берилганда айбланувчи бўйнига қўйилган жиноятларга тўла иқрор бўлиши шарт ва бу бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Масала аллақачон бутунлай ҳал қилинган, айблов ҳукми жиноятнинг шак-шубҳасиз далили бўлиб хизмат қилар эди.
Шунинг учун Тансиқбоев ўз ташаббусининг нима билан тугаши ҳақида ташвиш тортмаса ҳам бўларди. Ўша йили қиш пайтида у юқори мансабга кўтарилди.
Илгари хизмат юзасидан арзимаган камчиликка йўл қўйгани учун бир неча йил майорликдан юқорига ўта олмади. Мана энди ошиғи олчи — Абуталип Қуттибоевнинг ишига ўхшаган ишлар чекка районларда ҳар доим ҳам бўлавермайди. Бир омади чопиб қолди-да!
Ҳа, айтиш мумкинки, 1953 йилнинг февраль ойида тарих Тансиқбоевга кулиб боқди, гўё бутун мамлакатнинг тарихи фақат унинг манфаатларига хизмат қилгандай бўлди. У тарихнинг бу эзгу инъомини онги билангина эмас, балки ички сезги билан ҳам ҳис этар эди, ахир унинг хизматларига катта аҳамият беришиб, лавозимини ва обрў-эътиборини кўтаришмоқда, бундан у тўлқинланиб руҳан енгил тортмоқда. Кўзгуга қараб баъзан ўзини танимай қолади — унинг лочиннинг кўзидай чақнаган кўзлари кўпдан бери бу қадар мамнун порлаган эмас, у елкасини қоқиб қаддини ростлар, мамнунликдан соф рус тилида хиргойи ҳам қилиб қўяр эди: «Биз эртакни ҳақиқатга айлантириш учун туғилганмиз». Хотини эрининг орзуларига шерик бўлганидан кайфияти яхши эди ва пайти келган жойда «Майли, яқинда биз ҳам ўз улушимизни оламиз», деб қўяр эди. Юқори синфда ўқийдиган, комсомол фаоли бўлган ўғли ҳам, гапга кирмаса ҳам, ардоқли орзулар оғушида «Ота, кенжа полковниклик билан табриклаш муддати яқинми?» деб сўраб қоларди. Ҳа, бундай саволларнинг берилиши бежиз эмас эди.
Гап шундаки, яқиндагина, бундан ярим йилча олдин Олмаотада ёпиқ суд процесси бўлиб ўтди, ҳарбий трибунал бир гуруҳ қозоқ буржуа миллатчиларини суд қилди. Меҳнаткаш халқнинг ана шу душманларига қақшатқич зарба берилди. Иккитаси олий жазога тортилди — қозоқ тилида ёзилган ва лаънати патриархал феодал ўтмиш янги воқеликка зарар етказадиган қилиб идеаллаштирилган асарлар ёзгани учун отишга ҳукм этилди. Фанлар академияси тил ва адабиёт институтининг иккита илмий ходими йигирма беш йилдан, қолганлари ўн йилдан бадарға қилинди. Энг муҳими шунда эдики, судлов процесси муносабати билан буржуа миллатчиларини фош этиш ва шафқатсиз равишда тугатишда бевосита иштирок этган махсус ходимларга марказдан йирик давлат мукофотлари келган эди. Тўғри, бу мукофотлар яширин тақдим этилган эди, бу эса бу рағбатлантиришнинг аҳамиятига ҳеч ҳам путур етказмас эди. Топшириқларни намунали адо этганлик учун навбатдаги унвонларнинг муддатидан олдин берилиши, орденлар ҳамда медаллар билан мукофотланиши, йирик пул мукофотлари, буйруқларда ташаккурлар эълон қилиниши каби илтифотлар ҳаётни жуда-жуда безар эди, яхши хизмат қилганларга янги квартиралар берилиши ўта ўринли бўлди. Буларнинг ҳаммаси одамларнинг белини бақувват, овозини баланд, қадамини ишончли қилар эди.
Тансиқбоев унвонлари кўтарилган ва мукофотланганлар жумласида йўқ эди, лекин ҳамкасбларнинг тантаналарида фаол қатнашди. У хотини Ойкумуш билан икки куннинг бирида янги унвонлар, орденларни «ювишда», ҳовли тўйларида иштирок этишарди. Кетма-кет байрам зиёфатлари янги йил арафасидаёқ бошланган эди, зиёфатлар бир-биридан тўкин, бир-биридан тантанали ўтар эди. Меҳмонлар Олмаотанинг совуқ ва ним қоронғи кўчаларидан сўнг янги илиқ квартираларга кирди дегунча дўстларнинг жўшқин қучоғига отилишади. Меҳмонларни мезбонлар остоналарданоқ самимий илтифот ва меҳрибонлик билан кутиб олишадики, асти қўяверинг. Қадрдон дўстлар тўкин дастурхон атрофида мириқиб кайфу сафо қилишади, юрагини ёзишади. Бу ўтиришлар янги бахт қучган имтиёзли амалдорларнинг байрамлари эди. Уруш йилларининг очлиги ва қашшоқлиги ҳали эсдан чиқиб ҳам улгурмаган пайтларда тўкинчилик, маишат авжида эди. Бу ерда, чекка ўлкада қимматли ноёб коньяклар, биллур чилчироқлар, нафис хорижий чинни ва биллур буюмлар энди-энди модага кира бошлаган эди. Шипдаги кўзни қамаштирадиган қандиллар, оппоқ дастурхонлар устидаги урушда ўлжага тушган немис сервизлари кишини маҳлиё қилар, кайфиятини кўтарар эди; гўё ҳаётнинг бутун мазмуни ана шу чинни-биллурларда жам бўлгандай, дунёда бундан бўлак эътиборга сазовор нарса йўқдай туюлар эди.
Остонадан киришингиз билан димоғингизга гуп этиб тоамларнинг ҳиди урилади. Хилма-хил овқатлар орасида тойчоқ гўштидан тайёрланган қазихон тўра алоҳида ҳурматга сазовор. Дастурхонни кўриб меҳмонларнинг кўзи ўйнайди. Лекин меҳмондорчилик фақат еб-ичишдангина иборат эмас-да, емоқнинг қусмоғи бор дегандай қоринни қаппайтириш ўз йўлига, улфатчиликнинг яна бир қоидаси бор — оғизни кўпиртириб кимнидир мақтаб сўз айтилмаса, қутловлар бўлмаса, қадаҳ кўтарилмаса, сухандонлик, сўзамоллик қилинмаса, ўтириш ўтириш бўлмайди. Бу таомил ўта ёқимли бўлиши баробарида сирли ҳамдир, киши дилида туйиб юрганини кайф устида тўка солади, айни пайтда сўз тагида сўз бор дегандай гапга бошқача тўн кийдирилади. Бир-бирини кўраолмайдиганлар бир зумда ҳасадни унутиб илтифот йўлини тутаётгандай — кишилардаги рашк ўрнини дўстлик олгандай, риёкорлик энди самимиятга айлангандай бўлади. Бу гал қадаҳ айтганлар бирпасда ўзгариб кетган каби оғзи мақтовдан бўшамади, сўз олган нотиқ олдингилардан ақллироқ, энг муҳими чечанроқ сайради, айни вақтда мухолифларини сўз билан туртиб ҳам кетди. Қисқаси бу зиёфатни меҳмондўстлик ва чечанлик мусобақаси деса бўларди. Ўлжага тушган қандиллар осиғлик янги уйда қанчадан-қанча ранг-баранг қадаҳлар товус янглиғ парвоз қилмади, қанча равон сўзлар дарё бўлиб оқмади улфатларнинг дилига завқ-шавқ бағишлаб.
Эндигина кенжа полковник унвонини олган қозоқ йигитининг айтган қадаҳи Тансиқбоев билан хотинини, айниқса ҳаяжонга солди — тантанавор суратда ўрнидан турар экан, у шу қадар шахт билан куйиб пишиб гапирдики, гўё тахтга ўтираётган қирол ролини бажараётган артист деб ўйлайсиз уни.
—    Азиз дўстларим! — сўз бошлади у, ўтирганларга виқор билан маънодор боқар экан. Гўё «менинг гапимни жон қулоғингиз билан эшитинг» дегандай.
—    Ўзингиз биласизки, бугун менинг бағрим бутун — бахт денгизида сузаётирман. Тушуниб турибсиз. Мен гапирмоқчиман. Менинг даврим келди, мен гапирмоқчиман. Тушуниб турибсиз. Мен ҳар доим худосиз бўлганман. Мен комсомолда ўсганман. Мен букилмас большевикман. Тушуниб турибсиз. Ва мен шу билан жуда фахрланаман. Худоси менинг учун беъманигарчиликдан бошқа нарса эмас. Худонинг йўқ эканлигини ҳамма билади, ҳар бир совет ўқувчиси билади. Лекин мен бошқа нарса ҳақида гапирмоқчиман, мен дунёда худо бор демоқчиман. Бир дақиқа сабр, кулманглар, азизларим. Ҳа сизлар эй? Мени сўзидан қўлга туширдик деб ўйлаяпсизлар, йўқ ҳеч ҳам қўлга тушганим йўқ. Мен инқилобга қадарли меҳнаткашларнинг золимлари ўйлаб топган худони назарда тутаётганим йўқ. Бизнинг худомиз ҳокимиятимиз бошлиғи, газеталарда ёзаётганларидек, унинг иродаси билан сайёрамизда бутун бир замон бошланди, ва биз ғалабадан ғалабага, бутун дунёда коммунизмнинг тантанаси сари қадам ташлаётирмиз: бу замон жиловини қўлида тутиб турган бизнинг доно доҳиймиз, тушуниб турибсиз, карвон бошимиз бизнинг қимматли Иосиф Виссарионовичдир! Ва биз унга эргашамиз, у карвонни бошлаб кетаётир, биз эса унинг ортидан бораётирмиз, бир йўлдан. Биздан бошқача ўйлайдиган бирон киши ёки калласида бизникидан бошқа ғояларни кўтариб юрган ҳеч бир кимса темир Дзержинский бизга васият қилиб кетган жазокор чекист қиличидан қутулиб кетаолмайди. Тушуниб турибсиз, Биз душманларга охиригача уруш эълон қилганмиз. Уларнинг насл-насаби, оилалари ва уларга хайрихоҳ унсурлар пролетар иши йўлида, кузда хазонрезгини бир жойга тўплаб ёққандай қириб ташланади. Чунки мафкура фақат битта бўлмоғи керак, тушуниб турибсиз, бошқа мафкура бўлиши мумкин эмас. Мана биз сиз билан ерни мафкуравий душманлардан, буржуа ва бошқалардан тозалаяпмиз, душман қаерга яширинмасин, қанчалик айёрлик қилмасин, унга шафқат йўқ. Ўртоқ Сталин бизга таълим берганидек, тушуниб турибсиз, синфий душманни ҳамма жойда фош қилиш, душман агентурасини очиб ташлаш, душманни ер билан яксон қилиш, халқ оммасининг руҳини мустаҳкамлаш — бизнинг шиоримиз ана шу; мен тақдирланган, менга муддатидан олдин унвон берилган кунда бундан буён ҳам Сталин кўрсатган йўлдан оғишмай боравераман, душман жиноий ниятларини фош қилавераман деб қасам ичаман, ана шундай кирдикорлари учун душман албатта қаттиқ жазо олажак. Тушунасизми, бош миллатчиларни биз зарарсизлантирдик, лекин институтларда, муҳарририятларда уларнинг ҳамфикрлари яшириниб олишган. Бироқ улар ҳам биздан қочиб қутула олмайди ва уларга ҳеч қандай шафқат бўлмайди. Бир марта сўроқ пайтида бир миллатчи менга «барибир сизнинг тарихингиз боши берк кўчага кириб қолади, ва сизлар шайтонга ўхшаб тавқи лаънатга қоласизлар» деса бўладими!
Тушундингизми?!
—    Бунақани ўша жойида отиб ташлаш керак эди!— ўзини тўхтата олмай деди Тансиқбоев ва жаҳли чиққанидан ўрнидан туриб кетди.
—    Тўғри, майор, мен ҳам худди шундай қилган бўлур эдим, — унинг фикрини қувватлаб деди кенжа полковник, — лекин тергов учун у ҳали керак эди ва мен, тушуниб турибсиз, унга: биз боши берк кўчага кириб қолмасдан олдиноқ сен ўлиб кетасан, аблаҳ, дедим. Ит ҳуради, Сталиннинг карвони ўтаверади. Ўша манфур миллатчига қақшатқич зарбани маъқуллаб ҳамма бирдан кулиб қарсак чалиб юборишди, ҳамма бароварига ўрнидан туриб, қадаҳ ушлаган қўлларини чўзишди. Дастурхон атрофида ўтирганлар ёппасига «Сталин учун» деб қадаҳ кўтариб бирваракайига ичиб юборишди. Бўшаган қадаҳларни бир-бирларига тўнтариб кўрсатар эканлар, бу билан улар айтилган сўзларнинг самимий эканлигини ва ўзларининг бу сўзларга содиқ эканликларини исботлаган бўлдилар.
Шундан кейин бу фикрни қўллаб қувватлаб қанча қўшимчалар, қадаҳлар айтилди. Бу сўзлар бир-бирларига қўшилиб, борган сари кўпайиб, йиғилганларнинг тепасида талай вақтгача айланиб юрар экан, заҳарга тўла ёввойи арилар галаси сингари яширин ғазаб ва қаҳр ташир эди.
Тансиқбоевнинг дилида эса пўртана ўйнаб фикрларини қўзғаб юборди, унинг ўз қатъиятлиги тўғри эканлигини яна бир бор исботлади, гап зиёфатда, теша тегмаган мулоҳазалар айтилганида эмас, аксинча, ўзининг ҳаёти ҳамда кўп сонли хизматдошларининг ҳаёти, қолаверса теварак-атрофдаги доиралар ҳаёти узлуксиз хезлашлар, шиддатли синфий кураш оқимида давом этар ва шу маънода кураш мутлақ ўринли деб ҳисобланар эди. Лекин бу аснода махфий бир муаммо бор эди. Курашни мудом жўшга келтириш учун янгидан янги мухолифлар, рақиблар, фош қилиниши лозим бўлган оқимлар керак эди; шу борада кўп нарсалар, ҳатто бутун-бутун халқларни Сибирь ҳамда Ўрта Осиёга ўлим билан баробар сургун қилишгача бўлган барча усуллар синовдан ўтган, ниҳоясига етказилган эди; шу маънода чекка миллий ўлкаларда ўз вақтида иш берган эски усул — буржуа феодал миллатчиликда айблаш йўли билан далалардан «ялпи ҳосил» олиш борган сайин қийин бўла борди. Бирон кишининг мафкуравий жиҳатдан шубҳали эканлиги ҳақида арзимас «юмалоқ» хат келди дегунча ўша киши билан бирга қариндош-уруғлари жазога мустаҳиқ этилаверилгандан кейин одамлар уста бўлиб кетишди — миллатчиликда айблашга олиб келадиган сўзларни гапирмайдиган, ёзмайдиган бўлиб қолишди. Аксинча, кўплар шу қадар эҳтиёткор, бир чўқиб етти қарайдиган бўлиб кетишдики, ҳар қандай миллий қадриятларни баралла инкор этишга, ҳатто она тилидан воз кечишгача бордилар. Мен фақат Ленин тилида гапираман ва шу тилда фикр юритаман деб турган кишини қўлга тушириб кўрчи!
Худди ана шу янги, яширин душманларни фош этиш бўйича курашни авж олдириш қийин бўлиб қолган, воқеа-ҳодисалар камайиб кетган даврда тасодифий бўлса ҳам ҳар ҳолда майор Тансиқбоевнинг омади келди. Бўронли бекатидан Абуталип Қуттибоев номига келган «юмалоқ хат» унга иккинчи даражали материал сифатида жиддий текшириб кўриш учун эмас, фақат танишиш учун берилган эди. Бироқ Тансиқбоев пайтни бой бермади. Бурни бирон ҳид сезгандай эди. Тансиқбоев эринмади, масаланинг моҳиятига етиш учун Сариўзагигача етиб борди, мана энди кўриб турибди — бир қараганда арзимасдай туюладиган материал яхшироқ ишлов берилса, дурустгина аҳамият касб этишига кўзи етди. Ҳаммаси кўнгилдагидай чиқса, рағбатлантиришга келганда тепадагилар Тансиқбоевни ҳам четлаб ўтмаслиги кўриниб қолди. Бундай ишларнинг қандай юзага келишини ва қандай самаралар беришини у билмайди дейсизми, шу бугунги тантанага, шу бугунги зиёфатга ўзи гувоҳ бўлиб турибди-ку! Ўзига яхши таниш одамлар даврасида юрса кам бўлмайди — Худо каби қудратли ҳокимиятга имон эътиқоди билан астойдил хизмат қилган ва бугун столи ҳам, шипи ҳам биллурдан эгилган бахтиёрлар ҳаёти буни яна бир бор исбот этмаётирми? Лекин қудратли ҳокимиятга етишишнинг фақат бир йўли бор — у ҳам бўлса ниқобланиб олган душманларни топиш ва фош этишда унга тинимсиз фидокорона хизмат қилиш, бунинг учун турли воситалардан, жумладан «қора» йўллардан тап тортмасликдир.
Душманлар жумласидан эса асирда бўлиб келганларни, айниқса, сезгирлик билан кузатиб бориш керак эди. Бундайлар икки ҳисса душман эдилар, чунки улар таслим бўлмасликлари, балки ўлишлари ва шу йўл билан ҳокимиятга мутлақ содиқ эканликларини намойиш этишлари керак эди, ҳокимият фуқаролардан урушда ўлса ҳам асирга тушмасликни талаб қилар эди. Ким таслим бўлса у жиноятчидир. Бундай жиноят учун ана шундай жазо берилиши ҳамма учун, барча замонлар, барча авлодлар учун огоҳлантириш бўлиб хизмат қилиши керак эди. Доҳийнинг — Худо янглиғ қудратли ҳокимиятнинг кўрсатмаси ана шундай! Тергов қилинаётган
Қуттибоев эса худди ана шундай ҳарбий асирлардан, шу билан бирга унинг ишида жуда муҳим керакли жиҳати, ўта долзарб томони бор — агар Қуттибоевга шу масалада кичкинагина бир фактни бўлса ҳам тан олдирилса борми, бу факт, кичкинагина мих ўз ўрнида муҳим вазифани бажаргани каби Югославиянинг Сталин маъқулламаган тараққиёт йўлини танлаган Тито-Ранкович бузғунчи тўдасининг хиёнаткорона режаларининг туб моҳиятини фош қилишдек улкан ишда ёрдам бериши мумкин. Оббо, орзуга айб йўқ экан-да?
Уруш аллақачон тугаган. Улар эса ажралиб чиқиб мустақил йўл тутишмоқчи. Бунақаси бўлмайди! Сталин бу ғоянинг кулини кўкка совуради. Бунда кичкинагина факт мисолида бўлса ҳам хиёнаткорона бузғунчилик ғоялари Югославияда аллақачонлар уруш йилларидаёқ партизан командирлари орасида пайдо бўлганини ва бунда Англия махсус хизматларининг бевосита таъсири борлигини яна бир бор исбот қилиш ортиқчалик қилмайди. Абуталип Қуттибоевнинг эсдаликларида югослав партизанларининг инглизлар билан учрашганликлари тўғрисида гап кетади. Демак, Қуттибоевдан ҳозир талаб қилинаётган нарсани тан олдиришга мажбур қилиш учун ҳамма асослар бор. Бинобарин, шундай экан, ҳар қандай қилиб бўлса ҳам бунга эришмоқ зарур. Ана шу сариўзаклик ёзағонни керак бўлган ҳамма нарсани ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам тўкиб солишга мажбур этиш шарт. Ахир, сиёсатда ҳар қандай қўшимча материал иш беради. Арзимайдиган кичик бир мисол ҳам керак бўлиб қолиши, ғоявий беллашувда душманни батамом яксон қилиш учун отиладиган тош бўлиб хизмат этиши мумкин. Демак, ўша тошни, рамзий бўлса ҳам, ҳатто кичкинагина тошни топиш, қўлга киритиш, қўлга киритганда ҳам Худо каби қудратли ҳокимият қўлига ўзи бўлмаса ҳам бошқа бирон киши орқали, газеталарда ёзганларидек, бузғунчи Тито ҳамда унинг югурдаги Ранкевичнинг малайларига улоқтириш учун самимий топшириш муаммоси келиб чиқар эди. Тошингиз кичикроқ экан деб қабул қилмасликлари мумкин, лекин астойдил қилинган меҳнат инобатга ўтади. Қарабсизки, ҳозир дастурхон атрофида ўтирганлар унинг уйига ҳам боришади, унинг уйида ҳам қулинг ўргилсин муносабат нишонланади. Ахир ҳаётнинг мазмуни бахтдадир, муваффақият эса бахтнинг бошидир.
Ўша меҳмондорчиликда ўтириб лочин кўзли Тансиқбоев ана шу ҳақда ўйлади, у дастурхон атрофида бошқалар билан суҳбат қурар экан, эҳтирослар-у истаклар оғушида тоғ дарёсида сузаётгандай ҳис қилар эди ўзини. Фақат хотини Ойкумуш эрининг феълини яхши билганидан Тансиқбоев дилида қандайдир бир фикр пайдо бўлаётганини, унинг кечаси овга чиқиб, ўз ўлжасини сезиб қолган даҳшатли йиртқичга ўхшаб ҳамлага тайёрланаётганини пайқаб қолди. Хотини эрининг бу ҳолатини кўзларидан билди — унинг лочин кўзлари бир ғазабга тўлса, бир бўзариб кетар эди. Шундан сўнг эрининг қулоғига пичирлади: «ҳамма билан бирга турайлик. Кейин тўғри уйга кетамиз» — деди. Тансиқбоев «хўп» дегандай бошини истар истамас ирғаб қўйди. Одамларнинг олдида эътироз билдириш одобдан эмас, лекин эътироз билдирса ҳам бўларкан. Унинг миясида янги-янги режалар пишиб етилди. Ахир югослав партизанлари орасида Қуттибоев билан бирга бошқа кўпгина асирлар ҳам бор эди, бугун кунжак-кунжакларда яшаб турган ана шу асирлар ҳам нималарнидир билишлари, нималарнидир хотирлашлари мумкин. Қуттибоевни ана шулардан энг фаолларини айтиб беришга мажбур қилиш мумкин. Материалларни яхшилаб текшириб кўриш зарур, эртанинг ўзидаёқ тегишли материаллар олиш учун жойлардан расмий хат талаб қилиш лозим. Ёки Қуттибоевнинг ўзи мумкин қадар эртароқ марказга бориб келиши керак. Материалларни қидириб топиш, синчиклаб кўздан кечириб тегишли хулосалар чиқариш, Қуттибоевни эса чиқарилган хулосаларга имзо чекишга мажбур этиш даркор. Шундан сўнг Югославияда жанг қилган собиқ ҳарбий асирларга Қуттибоев тасдиқлаган кўрсатмалар асосида айб қўйиш, ана шу шахсларни фактларни охиригача айтиб бермаганликда, Совет Иттифоқига қайтариш бўйича комиссиядан ўтаётганда югослав бузғунчиларининг хиёнаткорона кирдикорларини яширганликда айблаб яна жавобгарликка тортиш зарур. Бундай одамлардан юзта эмас, мингта эмас, кўпроқ топса бўлади, улар сўроқ тегирмонидан ўтказилгач лагерларга тиқиб ташланса, вассалом, иш битади
(Бу ғояни махфий хат шаклида шипшитиб қўйган маъқул).