Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 4
Facebook
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 4 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа
Ана шу маҳалда барча сипоҳлар қотиб ухлаб ётган эди. Қўшинларни айланиб юрган тунқотар соқчиларнинг «ҳа-ҳа»лаган овозларигина кечаси ҳам тартиб-интизом жойида эканлигини кўрсатар эди. Шундай бўлиши табиий эди, албатта. Чунки ҳамманинг ўз вазифаси бор, булар барчаси пировард натижада ягона ва олий мақсадга — Чингизхоннинг бутун дунёни босиб олиш ғоясига сўзсиз ва мажбурий хизмат қилиши керак эди. Шундай пайтларда у завқ-шавққа тўлиб ўзининг кимлигини, ўта қудратли одам эканлигини, ҳокимият деса ўзини томдан ташлайдиган жаҳонгир эканини пайқайди — унинг салтанати ортган сари ҳокимиятга бўлган «иштаҳаси» ҳам орта боради, шундан муқаррар равишда мутлақ бир хулоса чиқади: жаҳонгирнинг тобора ўсиб бораётган мақсадига мос келадиган нарсаларгина зарурий ҳисобланади, бу мақсадга жавоб бермайдиганлари яшашга қодир эмас.
Шунинг учун ҳам Сариўзакда қотиллик рўй берди, орадан кўп вақтлар ўтганидан кейин ана шу қотиллик ҳақидаги ривоятни Абуталип Қуттибоев ўзининг бошига бало қилиб ёзиб олган
эди...
Кечаси отлиқ соқчилар ўнг туман қўшинларини айланиб юриб эди. Жангчилар дам олиб ётган манзилгоҳлардан нарироқда арава ҳайдовчилар, молбоқарлар ва ҳар хил ёрдамчи хизмат вакиллари қўним олган эди. Соқчилар бу ерларни ҳам яхшилаб кўздан кечирди. Ҳамма нарса жойида. Йўлда юравериб чарчаган одамлар ўтовларда, чодирларда, кўплар эса далада гулханлар атрофида думалаб-думалаб ётишарди. Ҳамма ёқ жим-жит, барча ўтовлар қоронғи. Отлиқ соқчилар чор атрофни қараб чиқишди. Улар уч киши эди. Кейин отдан тушишиб суҳбатлашиб ўтиришди. Соқчиларнинг оқсоқоли — юзбошилик телпагини кийган баланд бўйли йигит секингина буйруқ берди:
—    Етар. Сенлар боринглар, мизғиб олинглар. Мен эса бу ерни яна бир бор назардан ўтказай.
Икки отлиқ жўнаб кетди. Ёлғиз қолган юзбоши соқчи дастлаб гир атрофни диққат билан кўздан кечирди, ҳар хил пасти-баланд овозларга қулоқ солди, шундан сўнг отдан тушиб отини етаклаганча аравалар турган жойлар ва кўчма устахоналар ёнидан, саррожлар, кийим тикувчилар ва қуролсозлар олдидан ўтиб, қароргоҳнинг чеккасидаги ёлғиз ўтов томон қараб кетди. У хаёлга чўмиб ва шовқинларга қулоқ солиб борар экан, унинг товоқдай юзига ва етаклаб кетаётган отининг ялтироқ йирик-йирик кўзларига ой нури тушиб турар эди.
Юзбоши Эрдене ўтовга яқинлашиб борди. Афтидан, уни кутиб ўтиришган бўлса керак, ўтовдан елкасига рўмол ташлаб олган аёл чиқдида эшик олдида уни кутиб турди.
—    Самбайну , — аёлга салом берди у. — Хўш, ишлар қалай? — сўради у хавотирланиб.
—    Ҳаммаси жойида, ҳаммаси яхши бўлди. Тангрига шукр, энди хавотир бўлма, — пичирлади аёл. — У сенга жуда мунтазир. Эшитяпсанми, сени кўзи тўрт бўлиб кутиб ўтирибди.
—    Ўзим ҳам бутун қалбим билан талпинаяпман, — жавоб берди юзбоши Эрдене. — Келолмай қолдим, бахтга қарши нўёнимиз йилқи санаймиз деб қолса бўладими!? Уч кундан бери йилқининг олдидан нари кета олмадим.
—    Хафа бўлма, Эрдене. Келганингда бир нарса қилиб берармидинг. Бировлар сени бу ерларда нима қилиб юрибди экан деб ўйлаб юришмасин. — Аёл Эрденега далда бериб бошини ирғади ва қўшиб қўйди: — Энг муҳими — эсон-омон кўзи ёриди. Оғриқсиз, қийноқсиз бўлмайди, албатта. Лекин бир марта вой деб ҳам қўймади-я! Саҳарда усти ёпиқ аравага обориб қўйдим. Ҳаммаси ими-жимида бўлди. Дўғуланг деганинг зўр жувон экан. Бахт қушинг қутлуғ бўлсин!— деди аёл. — Энди ўғлингнинг отини ўзинг қўй.
—    Сенинг сўзларинг Тангрига етсин, Олтун. Биз Дўғуланг иккаламиз умр бўйи сендан миннатдор бўламиз, — деб ўз ташаккурини билдирди юзбоши. — От қўйиш қочмайди, бирон исм топармиз.
У отдан тушиб тизгинини аёлнинг қўлига берди.
—    Хавотир олма, қанча керак бўлса, шунча қараб бераман, — ишонтирди Олтун. — Бор, бор. Дўғуланг сени кутиб ўтирибди.
Юзбоши ўзини тутиб олиш учун бир оз туриб қолди, сўнгра ўтов ёнига келди-да, кигиздан қилинган оғир эшик пардани кўтариб, энгашиб ичкари кирди. Ўтов ўртасида кичиккина ўчоқда милтиллаб олов ёниб турар эди, оловнинг хира ёруғида ўзининг Дўғулангини кўрди, Дўғуланг ўтовнинг тўрида елкасига сувсар пўстин ташлаб ўтирган эди. Ўнг қўли билан қавиқ кўрпа ёпилган бешикни секингина тебратиб қўяр эди.
—    Эрдене! Мен бу ердаман, — оҳистагина овоз чиқарди Дўғуланг, юзбошига кўзи тушиб. — Биз бу ердамиз, — деб тузатиш қилди аёл кулиб, уялган бир оҳангда. Юзбоши ўқдонни, ёйни, қинга солинган қиличини ечиб, қуролларни эшик олдига қолдирди-да, Дўғулангга яқин бориб қўлини чўзди. Улар бошларини бир-бирининг елкасига қўйиб, қучоқлашиб кўришишди. Узоқ ачомлашиб туришди. Уларнинг наздида ҳозир бутун дунё мана шу ўтов ичига жо бўлган эди. Ана шу кўчма бошпанадан ташқаридаги жамики нарсалар улар учун ўз аҳамиятини йўқотганди. Эрдене билан Дўғулангнинг кўзларига ўзлари-ю уларни боғлаб турган жажжигина бир инсон — уч кун олдин дунёга келган гўдакчадан бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса кўринмас эди.
Биринчи бўлиб Эрдене тилга кирди:
—    Энди, қалайсан? Яхшимисан? — сўради у шодлигини босолмай, энтиккан бир ҳолда. — Мен жуда хавотирда эдим.
—    Тангри осон қиламан деса ҳеч гап эмас экан, — жавоб берди аёл нимқоронғида жилмайиб. — Ўтган ишга саловат. Ундан кўра чақалоқни, ўғлимизни айт. Жуда бақувват. Кўкракка ёпишиб қаттиқ эмади. Ўзингга ўхшайди. Олтун ўғлингни қуйиб қўйган Эрдене дейди.
—    Мен бир кўрай-чи, Дўғуланг. Қандай йигит экан?
Дўғуланг болани кўрсатишдан олдин кераганинг ҳам қулоғи бор дегандай ташқарига диққат билан қулоқ солди. Тиқ этган овоз йўқ эди.
Юзбоши бешикдаги ўғлига узоқ тикилиб қаради, ухлаб ётган чақалоқнинг юз-кўзларидан ўзиникига ўхшаш ҳеч нарса сезмади. Эндигина туғилган фарзандининг юзини диққат билан кўздан кечираётганда, эҳтимол, янги авлоднинг дунёга келиши абадийликнинг илоҳий моҳияти эканлиги ҳақида ўйлагандир. Шунинг учун бўлса керак, у ҳар бир сўзини салмоқлагандай чўзиб бундай деди:
—    Энди мен ҳар доим сен билан бўламан, Дўғуланг, агар бошимга ҳар қандай савдо тушганда ҳам ёнингдан кетмайман. Чунки сенинг қўлингда менинг ўғлим бор.
—    Менинг ёнимдами? Қанийди энди! — аянчли бир ҳолда илжайди аёл. — Сен демоқчисанки, гўдак — сенинг иккинчи тимсолингдир, худди Будданикидай. Болани эмизаётиб, шу ҳақда ўйлабман. Мен болани қўлимда ушлаб турибман, ҳолбуки уч кун олдин ундан дарак ҳам йўқ эди, шундан сўнг сенинг янги тимсолинг пайдо бўлганлигини туйдим. Ҳозир сенинг ҳам хаёлингга шу нарса келдими?
—    Келди. Лекин мен бошқачароқ ўйладим. Мен ўзимни Будда билан қиёслай олмайман.
—    Қиёсламаслигинг мумкин. Сен Будда эмассан, сен менинг аждаҳомсан. Мен сени аждаҳо билан қиёслайман, — деди Дўғуланг эркаланиб секингина. — Мен байроқларга аждаҳоларнинг тимсолини тикаман. Бу аждаҳоларнинг ҳаммаси сенсан. Мен тиккан туғларнинг барчасида сен борсан. Баъзан тушларимда ҳам аждаҳони кўраман, аждаҳонинг расмини тикаман, аждаҳога жон киради, лекин сен кулма, уни тушимда қучоғимга оламан ва биз бирга учиб кетамиз, мен у билан учаман, ана шу лаззатли лаҳзада сен пайдо бўласан. Сен гоҳ одам тимсолида, гоҳ аждаҳо тимсолида тушимдасан доим. Уйғониб кетаманда, қайсисига ишонишни билмай қоламан. Мен сенга илгари ҳам айтиб эдим-ку, Эрдене, сен менинг олов пуркайдиган аждаҳомсан. Бу борада мен ҳазиллашган эмасман, бўлган гапни айтганман. Мен байроққа сенинг тимсолингни аждаҳо кўринишида тикаман. Энди эса аждаҳодан бола туғиб олибман-да.
—    Майли, сен хоҳлагандай бўла қолсин. Лекин менинг нима демоқчи эканимга қулоқ сол. Дўғуланг. — Юзбоши бир оз сукут сақлаб, сўнг сўз бошлади: «Мана биз болалик ҳам бўлдик, энди буёғи қандай кечаркин, шуни ўйлаш керак. Ҳозир шу ҳақда гаплашиб оламиз. Лекин бундан олдин айтмоқчи бўлганим — шу нарсани билиб қўйишинг керакки, сен буни биласан ҳам, лекин барибир айтаман — мен сени ҳар доим соғинар эдим ва соғинаве-раман. Лекин мен қўрққан энг даҳшатли нарса жангда кал-ладан жудо бўлиш эмас, балки соғинчимни йўқотиш, сенга бўлган соғинчимдан жудо бўлишдир. Жангларда қўшин билан баъзан бир томонга, баъзан иккинчи томонга кетиб қолишга тўғри келарди, лекин ҳар доим ўйлар эдимки, мана шу соғинч мен билан биргаликда бадар кетмасдан сенда қолса. Мен бунинг ҳеч иложини топа олмадим, бироқ орзуга айб йўқ деганларидек, менда қандайдир умид, истак пайдо бўлди — қани менинг соғинчим бирон қуш бўлиб қолса ёки бирон ҳайвон, қандайдир тирик жон бўлиб қолса-да, мен уни сенга топширсам: «мана ол, бу менинг соғинчим, у доимо сенда, сен билан бирга бўлсин» десам. Ана шунда менинг ўлишим қўрқинчли бўлмас эди. Мен энди тушуняпман — менинг ўғлим сенга бўлган соғинчимдан туғилди. У энди доимо сенда, сен билан бирга бўлади.
—    Лекин биз ҳали унга от қўйганимиз йўқ-ку. Унга муносиб исм топдингми? — сўради аёл.
—    Ҳа, жавоб берди юзбоши. — Сен рози бўлсанг, унга яхши исм қўямиз — Ғунон!
—    Ғунон.
—    Ҳа.
—    Бўпти, жуда яхши. Ғунон, ёш арғумоқ, экан-да.
—    Ҳа, уч ёшар дегани. Энди кучга тўлиб келаётган айғир. Ёли қамишдай, туёғи-қўрғошиндай.
Дўғуланг гўдакнинг қулоғига пичирлади:
—    Эшитяпсанми, отанг сенга от қўйди. Эрдене жавоб қилди:
—    Сенинг отинг Ғунон бўлди. Эшитаяпсанми, ўғлим? Отинг Ғунон. Илоҳим шундай бўлсин!
Улар жим қолишди, уларнинг наздида шу лаҳзада бутун бир борлиқ мужассамлашгандай эди. Кечаси сокин эди, сал нарироқда ўтовлар ёнида ит вовуллар, узоқда от кишнар эди — эҳтимол, от ўзининг ўйноқлаб юрган тоғларини, шўх дарёларни, қалин ўт-ўланларни, офтобда яйраб юрган уюрни қўмсагандир. Ғунон исмли чақалоқ эса беташвиш ухлаб ётар, унинг гўдак қисмати ҳам ҳозирча у билан бирга тинчгина уйқуда эди. Лекин гўдакнинг тақдири сал ўтмасдан, кўрадиганини кўрди.
—    Мен ўғлимизнинг исми ҳақидагина ўйлаётганим йўқ, — жимликни бузди юзбоши Эрдене ва дағал кафтлари билан мўйловини силар экан, хўрсиниб деди, — бошқа нарсани ҳам ўйлаяпман, Дўғуланг. Ўзинг тушуниб турибсан, сен қўлингдаги бўбак билан бу ерда юришинг мумкин эмас. Тезроқ кетишинг керак.
—    Кетишим керак?
—    Ҳа, Дўғуланг, кетишинг лозим, қанча тез кетсанг, шунча яхши.
—    Мен ҳам шуни ўйловдим, лекин қаёққа кетаоламан, қандай қилиб? Сен-чи?
—    Ҳозир ҳаммасини айтаман. Мен ҳам сенлар билан кетаман.
—    Бизлар билан-а? Бунинг иложи йўқ, Эрдене!
—    Фақат бирга бўламиз. Бошқача бўлиши мумкинми?
—    Лекин нима деяётганингни ўйлаб кўр, ахир сен ўнг туманнинг юзбошисан-ку!
—    Мен ўйлаб кўрдим, ҳаммасини ўйладим.
—    Хўш, сен хоқоннинг қўлидан қаёққа қочиб қутуласан, дунёда бундай жойни топиб бўлмайди, Эрдене, ҳали ҳам ўйлаб кўр!
—    Мен ҳаммасини обдон ўйладим. Сўзларимга диққат билан қулоқ сол. Биз имкониятибўлган пайтларда, гавжум бозорлари, дайди-дарбадарлар тўлиб ётган азим шаҳарларда бошида яшириниб қололмадик. Ўша пайтларда, Дўғуланг, жулдур, жандалар кийиб бошқа юртликларга ўхшаб олайлик-да, дарвешларга қўшилиб, овораи жаҳон бўлиб кетайлик деганим шундан эди.
—    Овораи жаҳон деганинг нимаси, Эрдене, — деди аёл алам билан.
—    Бу дунёда биз бемалол яшай оладиган бирон бошпана топилармикин? Худодан қутулса бўлар, лекин хоқонингдан қутулиб бўлмайди. Шунинг учун сенинг таклифингга рози бўлмаганмиз, бунга ўзингнинг ҳам ақлинг етади. Қўшинда ҳеч бир кимса бунга журъат эта олмайди. Биз қўрқинч ва севги ўртасида ана шу махфий сиримиз билан қолишга рози бўлдик,
—    сен қўшиндан кета олмас эдинг, акс ҳолда каллангдан жудо бўлар эдинг, мен эса бахтимдан жудо бўлишдан қўрқиб сени ташлаб кета олмас эдим. Сўққабош эмасмиз. Гғлимиз бор.
ҳар иккаласининг кўнгли чўкиб индамай қолишди. Шунда юзбоши деди:
—    Эл-юрт олдида шармандайи-шармсор бўлиб ор-номусини йўқотиб қочиб юрганлар бор, бировларга хиёнат қилиб қўйиб, уятига чидамай одамларнинг юзига қарай олмай яшириниб юрганлар ҳам сероб. Улар чивиндай жонини асрайдиган бошпана топса бас, юраверишади. Бизнинг йўриғимиз бошқа — биз болалик бўлдик, энди уч киши жонимизни сақлаб қолиш йўлини қидиришимиз керак. Бизга ҳеч ким раҳм-шафқат қилмайди. Хоқон ўз буйруғидан қайтган эмас, қайтмайди ҳам. Кетишимиз керак, Дўғуланг, ҳозир йўлга чиқишимиз шарт, бошқа иложи йўқ. Бошингни чайқама, йўқ дея кўрма. Бошқача йўл йўқ. Бахт билан бебахтликнинг илдизи бир. Бахт қуши қўнди, энди бебахтликни кўрайлик. Кетамиз.
—    Гапинг тўғри, Эрдене, — секингина жавоб қилди аёл. Сен ҳақсан, сўз бўлиши мумкин эмас. Ўлиш керакми, яшаш керакми — шу тўғрида ўйлаб турибман. Мен ўзимни айтаётганим йўқ. Сен билан бахтлиман, мен ўзимга шундай сўз берганман, ўлсам ўламанки, лекин сендан бўлган мана шу норастанинг нобуд бўлишига икки дунё йўл қўймайман. Бу ишга қўлим бормади — тўғри иш қилдимми, нотўғри иш қилдимми — билмадим.
Ўзингни кўпам қийнайверма, яшаш керакми-йўқми деб ўзингни азобга солма. Биз бола туғилса йўқ қиламиз деб бир ёстиққа бош қўйибмидик? Иккаламиз ҳам ўғил бола бўлишини хоҳладик. Энди ана шу гўдак учун яшашимиз керак. Қулоқ эшитиб кўз кўрмаган ёқларга кетишимиз шарт.
—    Мен ўз тақдирим ҳақида эмас, бошқалар тақдири ҳақида ўйлаяпман. Қани менга айт-чи
—    ана шу қилган ишимиз учун мени ўлдиришиб, сен билан ўғилчамизни омон қолдиришлари мумкинми?
—    Бундай дема. Бу билан мени ҳақорат қиляпсан, Дўғуланг. Ҳозир гап бу ҳақда эмас. Ундан кўра ўзинг ҳақингда гапир — ўзинг бардаммисан? Йўлга чиқа оласанми? Олтун иккаланг аравада бўлсаларинг, мен отда сенларни қўриқлаб кетаман.
—    Сен нима десанг шу, — қисқача жавоб берди каштадўз. — Ёнингда юрсам бўлди. Иккаласи ҳам беланчакка энгашиб боланинг юзига термилганча жим бўлиб қолишди. Бир
оздан кейин Дўғуланг сўз қотди:
—    Қўшинлар яқинда Ёйиқ  дарёси соҳилига етармиш, шу гап тўғрими? Олтунга шундай дейишибди.
—    Бир кунлик, икки кунлик йўл қолди шекилли, ҳар ҳолда узоқ эмас. Эртагаёқ дарё ёқасидаги чакалаклар, бута-лар, сийрак ўрмонлар бошланади, нарёғи Ёйиқ деган сўз.
—    Ёйиқ катта дарё бўлса керак-а?
—    Идил дарёсига бораверишда энг катта дарё. Ана шу Ёйиқ.
—    Чуқурми?
—    Чуқурликка чуқур, ҳамма-ҳам ўтавермайди, от ҳам ўтолмайди. Тармоқлари саёз, албатта.
—    Демак, чуқур бўлса, секин оқар экан-да?
—    Жимирлаб секин оқади, тез оқадиган жойлари ҳам бор. Ўзинг биласан-ку, менинг ёшлигим Ёйиқ даштларида ўтган. Биз шу ерлик туғди-битдимиз. Бизнинг қўшиқларимиз ҳам Ёйиқ ҳақида. Ойдин кечалари ота-боболаримиз дарё ёқасига келиб қўшиқ айтишар эди.
—    Эсимда, — деди ўйланиб туриб аёл. — Бир қўшиқ айтиб бериб эдинг, ҳамон унута олмайман, севгилисидан айрилиб қолган қиз қўшиғи эди. Кейин бу қиз Ёйиққа чўкиб кетган.
—    Бу жуда кўҳна қўшиқ.
—    Мен ўша қизнинг армонини оқ шойига кашта билан тиксам дейман. Эрдене. Қиз чўкиб кетди, билинар-билинмас тўлқин ҳалқалари тарқаляпти, атрофда эса ўсимликлар, қушлар, капалаклар кўзга ташланади, лекин қиздан дарак йўқ, у айрилиққа бардош бера олмади. Ўша тасвирни кўрган одам мунгли дарё устида янграётган мунгли қўшиқни тинглаётгандай сезсин ўзини.
—    Бир кундан кейин ўша дарёни кўрасан. Гапларимга диққат билан қулоқ сол. Дўғуланг. Сен эрта кечқурун тайёр бўлиб туришинг керак. Қочиб кетамиз. Мен от етаклаб келдим дегунча беланчакни кўтариб чиқасан, кечиктириб бўлмайди. Бу ёғига ҳаяллаш мумкин эмас. Менга қолса сенларни бугун, ҳозироқ бошим оққан томонга олиб кетган бўлур эдим. Лекин аксига олиб шу кунлари кечалари ойдин, бунинг устига кафтдай текис даштда яшириниш амри маҳол. Аравада эса қочиб қутулиб бўлмайди. Ёйиқ ёқасига етиб олсак марра бизники, чакалакзорларда бошпана топиш ҳеч гап эмас.
Иккаласи узоқ гаплашишди. Илгарилари икки киши бўлса, энди уч киши. Уч одамнинг тақдири ҳақида ўйлаш осонми? Бешикда ётган нораста «мени ҳам унутманглар» дегандай кучукчадай ғингшиб, йиғлаб юборди. Дўғуланг болани олиб иймангандай ярим ўгирилиб унинг оғзига кўкрагини солди. Юзбоши неча марталаб ҳидлаб ўпган ана шу оппоқ силлиқ мамма энди Эрденега шаҳвоний ҳирс уйғотиш манбаи эмас, балки чақалоқнинг ҳаёт булоғи вазифасини ўтамоқда эди. Энди мамма боланики. Шўриллатиб эмаётир. Юзбоши ҳайратдан бошини ирғаб қўйди-да ўйлаб кетди: тасаннолар айтасан дунёга, кейинги кунларда қанчадан-қанча ташвишлар бошдан ўтди — ниҳоят ой куни етиб табиат ўз ишини қилди: энди у — ота, Дўғуланг — она, уларнинг ўғли бор, она боласини эмизяпти... Азалдан шундай бўлиб келган. Гиёҳдан гиёҳ битади, бу табиатнинг иродаси, жониворлардан жониворлар туғилади, бу ҳам табиатнинг иродаси ва фақат инсоннинг инжиқликларигина табиат қонунларига халақит бериши мумкин.
Чақалоқ онасининг кўкрагини чўлпиллаб сўравериб тўйди.
—    Воей, воей қитиғим келди, — хурсанд бўлганидан кулиб деди Дўғуланг. Жуда тийрак бола чиқиб қолди бу. Бир эмишга бошласа ҳеч оғзидан қўймайди, — деди у ўзининг нега кулганини изоҳлагандай. — Қара. Ғунонимиз қуйиб қўйгандай ўзинг. Бу бизнинг кичкинагина аждаҳомиз, катта аждаҳонинг ўғли! Ана кўзларини очди! Қара, қара, Эрдене, кўзлари ҳам сенинг кўзларингга ўхшайди, бурни, лаблари ҳам тайёр сеники.
—    Ўхшайди, албатта, жуда ўхшайди, — деди юзбоши. Кўриб турибман: бировга жуда ўхшайди.
—    Бировга деганинг ким экан? — ажабланди Дўғуланг.
—    Ўзим-да, албатта, ўзим.
—    Мана, ушла, қўлингга олиб кўр. Бир парча тирик эт. Енгиллигини айтмайсанми! Қўлингда қуён боласини ушлаб тургандай сезасан ўзингни.
Юзбоши қўрқа-писа болани қўлига олди, унинг бақувват қўллари бир парча тирик жонни, нозик бир норастани авайлаб, асраб ушлашни эплай олмайдигандай қўпол, дағал туюлди, Эрдене ўғлини қўллари билан секингина юрагига яқин олиб борар экан, оталик меҳри уйғониб, бахтиёр бир илжайиб қўйди, шу онда унинг нигоҳида янги бир туйғу жамол кўрсатаётгандай ҳаяжонланиб деди:
—    Биласанми, Дўғуланг, қуёнча эмас, мен ўз юрагимни қўлимда ушлаб турганга ўхшайман. Чақалоқ тезда ухлаб қолди. Юзбошининг ўз ўрнига қайтадиган пайти бўлиб қолган эди. Эрдене ярим кечада севгилисининг ҳузуридан чиқар экан, олтин куз пайтида дашт устида
кумуш ёғду таратиб турган ойга тикилди ва ўзининг танҳолигидан, чорасизлигидан ўкинди. Бу ердан нари кетиш ўрнига яна ўғли билан хотини ёнига қайтгиси келди. Чексиз-поёнсиз дашт кечасида таралган қандайдир сирли овозларга қулоқ солиб, туриб қолди. Дил қаърида яшириниб ётган машъум хаёл яна ўз комига тортди-тақдир тақазоси ила буюк хоқоннинг буюк ишларига бош қўшиб, иккаласи ҳам олампаноҳ етакчилигида Ғарбга юриш қилиб, ўзларини ажал қиличига уришди — бола туғилганини билиб қолса, хоқон ўша заҳоти чил-парчин қилиб ташлаши турган гап. Уларнинг Рубъи маскун ҳукмдори билан тақдирдош, майдондош бўлишининг ўзи яхшиликдан нишона эмас, ўзларининг шахсий ҳаётларига зид бир ҳолат эди, шунинг учун битта-ю битта йўл қолди — у ҳам бўлса қочиш, учар қушдай эркинликка эришиш, боланинг ҳаётини қутқариб қолиш эди.
Тезда у нарироқдаги хизматчиси Олтунни қидириб топди, у отга ем бериб ивирсиб юрган экан.
—    Хўш, ўғлингни яхшилаб кўриб олдингми? — деди Олтун шоша-пиша.
—    Ҳа, раҳмат, дийдорига тўйдим.
—    Ўғлингга от қўйдингми?
—    Ҳа, Ғунон деб от қўйдим.
—    Яхши исм қўйибсан — Ғунон.
—    Ҳа, яхши исм. Худо шоҳид Олтун, сенга айтадиган гапим бор. Шошилинч. Ҳозир айтишим керак. Мен сени туғишган опамдай кўраман. Гғлимиз учун тутинган она бўлдинг. Агар сен бўлмаганингда эди, биз Дўғуланг иккаламиз топиша олмаган бўлар эдик. Эҳтимол, Дўғуланг билан иккаламиз бошқа учраша олмасдан, ҳижрон қийноғида азоб чеккан бўлур эдик. Урушнинг оти ҳам уруш, ўзи ҳам, ким уруш бошласа, икки ҳисса азоб чекади. Мен сендан миннатдорман.
—    Тушунаман, — деди Олтун. — Ҳаммасини тушунаман. Ўзинг ҳам, Эрдене, одам боласи журъат этолмайдиган иш қилдингда! — Олтун бошини чайқади. Кейин қўшиб қўйди: — Илоҳим, ишларинг ўнгидан келсин. Мен тушуниб турибман, — давом этди аёл. — Сен бу тумонат қўшинда бугун юзбошисан, эртага нўён — мингбоши, кейин умр бўйи иззат-ҳурматда бўласан. Ўшанда биз бугунгидай гаплаша олмаган бўлур эдик. Сен — юзбоши, мен чўриман. Фарқини ҳамма билади. Лекин сен ҳарбий иш билан бир қаторда дилинг амрига ҳам қулоқ солдинг. Мен бу ишда озми-кўпми ёрдам қилдим, йўқ деганда отингни ушлаб турдим. Сенинг Дўғулангингга ҳам хизмат қилдим, хабаринг бор. Энди бутун вужудим билан унга меҳр қўйиб қолдим, менинг наздимда Дўғуланг гўзаллик маъбудасининг қизига ўхшайди. Ҳа, худди шундай! У гўзалликда тенги йўқ. Шундай. Лекин гап бу ҳақда кетмаётир. Мен бу аёлнинг бошқа бир фазилати ҳақида гапирмоқчиман. Унинг қўлида қандайдир мўъжизакор куч бор, аёл зоти борки, ип ишлатади, нималарнидир тикади, лекин каштадўзликда ҳеч ким Дўғулангнинг олдига туша олмайди. Мен бунинг гувоҳиман. Байроқларга тикилган аждаҳолар тирикка ўхшайди. Юлдузларнинг расми эса осмондаги юлдузлар каби порлайди. Худо берган санъат. Ундан ҳечам ажралмайман. Агар сенлар кетсаларинг мен ҳам бирга кетаман. Унинг бир ўзи қочиб кетолмайди. Яқинда бўшанганку, ахир.
—    Гап ана шунда-да, Олтун. Эртага, ярим кечаларда тайёр бўлиб туриш керак. Қочамиз. Сен Дўғуланг иккаланг бола билан аравада кетасанлар, мен эса бир отга миниб, биттасини етаклаб оламан. Ёйиқ дарёси ёқасидаги чакалакзорга етиб олишимиз керак. Энг муҳими тонг отмасдан бу ердан анча ўзиб кетишимиз шарт, шундай қилмасак изимизга тушиб топиб олишади.
Улар индамай қолишди. Эрдене отга минишдан олдин хизматчи Олтуннинг буришиб қолган озғин қўлининг кафтидан ўпди, бундан бир неча йил олдин Хитой ҳудудида бўлган жангларда асирга тушиб, бутун умри Чингизхон карвонларида хизматкор бўлиб келган муштдайгина бу кекса аёл Дўғуланг билан Эрдененинг бахтига битган қут бўлди. Бўлмаса бу аёл Эрденега ҳеч ким эмас — Чингизхоннинг Ғарбга қилган юришида хизмат қилиб юрган аёллардан бири. Лекин жонини таҳликага қўйиб севишган икки ёшнинг бирдан-бир ишончли таянчи бўлди. Юзбоши бу ишда фақат шу аёлга, заҳматкаш Олтунга ишониш мумкинлигини, дунёда бошқа бирон инсонга ишониб бўлмаслигини тушунди. Оламга даҳшат солувчи хитоблар билан ғарбга юришда иштирок этаётган ўн минглаган майдондош, тақдирдош жангчилар ичида шу аёлдан бошқа Эрдененинг ёнини оладиган биронта одам топилармикин — ёлғиз ана шу Олтунгина шундай қилиши мумкин эди. Шундай қилди ҳам. Эрдене тун қоронғусида Оқюлдуз лақабли қашқа отини миниб олиб, қўнишларда ва араваларнинг ён-верларида узала тушиб ётган ҳарбийларни четлаб ўтар экан, олдинда қандай қисмат кутаётгани ҳақида ўйлади, ва худодан эндигина ёруғ дунёга келган бегуноҳ гўдакнинг бахтини сўради, ахир ҳар бир туғилган бола — Тангрининг иноятидир. Тангрининг амри ила қачонлардир кимдир инсон кўринишида инсонлар олдида пайдо бўлади, бу эса Тангрининг инсон олдидаги зуҳуридир. Шунда одамнинг қандай бўлиши кераклигини ҳамма кўради. Тангри дегани чексиз, мислсиз Кўк дегани, Осмон дегани. Ҳамманинг тақдири — кимнингдир туғилиши, кимнинг яшаши, кимнинг ўлиши Тангри ихтиёридадир.
Юзбоши Эрдене от устида туриб юлдузли осмонни кўздан кечиришга, Тангридан илтижо қилишга, ўз тақдирини билишга уриниб кўрди. Лекин Кўк жавоб бермас эди. Ой бўлса осмонда ёлғиз ўзи ҳукмронлик қилар, тун зулмати ичра донг қотиб ухлаб ётган Сариўзак дашти устида ўзининг кўкимтир нурини сочиб турар эди...
Саҳарда яна довуллар тилга кириб гумбурлаб ҳаммани ширин уйқудан уйғотди, қурол-яроғларни тахт қилиб отланишга, асбоб-ускуналарни араваларга ортиб йўл олишга буйруқ берилди, хоқоннинг шиддатли ҳокимиятидан илҳомланган ва ҳаракатга келган селдай қўшин яна Ғарбга томон йўл олди.
Юриш бошланганига мана ўн етти кун бўлди. Сариўзак даштининг юриш қийин бўлган бепоён бўшлиқлари орқада қолди, энди бир-икки кун дегунча Ёйиқ дарёси бўйидаги бутазорлар бошланади, ундан нарида буюк Идил дарёси оқиб ётибди — Идил дарёси ер куррасини икки қисмга — Ғарб ва Шарққа бўлиб туради.
Юриш одатдагидай давом этмоқда. Олдинда гижинглаган қора бедовларда байроқдорлар кетаётир. Уларнинг ортида соқчилар ва аъёнлар қуршовида Чингизхон. Хоқон ўзининг оқ ёлли йўрға севимли Хубасига миниб олган. Тепада бўлса, хоқоннинг кўзига қувонч, дилига шодлик бахш этиб, ғурурига ғурур қўшиб ҳар доимгидай ажралмас йўлдоши — оқ булут сузиб кетаётир. Хоқон қаерга борса, булут ҳам ўша ёққа боради. Ерда эса бутун борлиқни тўлдириб икки оёқлилар билан тўртоёқлилар денгизи — Чингизхоннинг қўшинлари, уловлари, от-аравалари-ю, сўйиш моллари ўркач-ўркач тўлқинлар каби оқиб кетаётир. Гувуллаган шовқин узоқда қутураётган денгиз тўлқинлари қаъридан чиқаётганга ўхшарди. Ана шу ҳисоб-китобсиз одамларнию жон-жониворларни, жонсиз араваларни Чингизхон, унинг куч-қудрати-ю режалари, ўй-фикрлари олға ҳайдамоқда. Ҳозир ҳам у от устида кетаётиб яна ўша режалар ҳақида, камдан-кам инсон журъат эта оладиган орзу — бутун дунёга ҳоким бўлиш, мангуликка бир бутун давлат тузиш, етти пуштигача шу беҳудуд мамлакатни идора қилиш ҳақида ўйлаб бораётир. Хўш, бу режаларни қандай амалга оширса бўларкин? Бунинг фақат бир йўли бор — у ҳам бўлса зарварақларда амр-фармонлар беришдир. Унинг дунёни қандай идора қилиш ҳақида қояларга битилган фармонлари ўша тоғлар каби дунё тургунча тураверади. Хоқон от устида ана шу ҳақда хаёл суриб кетаётган эди. Тоғу-тошларда ёзувлар қолдириш ўз номини абадийлаштиришнинг энг ишончли воситаси эди-да! Хоқон бу ишни қаҳратон қиш кунларида, Идил бўйидаги қоялардан бошлайди. Азим дарёни кечиб ўтиш олдидан олимлар, донишмандлар ва башоратгўй-бахшилар иштирокида мажлис ўтказади, хоқон ўзининг умри боқий давлат ҳақидаги фармонларини жорий қилади ва бу олтин сўзлар қояларга битилади. Бу сўзлар дунёни ағдар-тўнтар қилади ва бутун олам унинг пойига йиқилади. Жаҳонгир ҳозир ана шу ширин орзу билан олдинга қўшин сураётир. Рўйи заминда ҳамма шу мақсадга хизмат қилмоғи керак. Ҳарбий юришга муваффақият келтирмайдиган жамийки нарсалар йўл-йўлакай
барбод этилмоғи, бартараф қилинмоғи даркор. Ва яна қўшиқлар тўқилди:

Бу дунёни ким сўраййди? Мен сўраййман.
Гавҳар қилиб, оййни осмонга иламан. Қараб тур!
Мен етмаган жойй қутулгаййми?
Қолмас, қолмас!
Қочиб биров қутулганми?
Қутула олмас!
Қараб тур!
Биз кетсак-да ўрнимизга Тағин янги авлод етур, Дунёни тугал олиб берганимга, От устида ўтказган бул умримга, Олқиш аййтур, таҳсин аййтур, Қараб тур!

Бахтга қарши, худди ўша куни, туш пайтида хоннинг фармони олийларига зид ўлароқ карвондаги бир аёлнинг бола туғиб қўйганлиги ҳақидаги хабар Чингизхон қулоғига етди. Боланинг кимдан бўлганлиги маълум эмас эмиш. Бу хабарни айғоқчи Арасан кўтариб кепти. Кўзлари чақнаб турган, чарчаш нима эканлигини билмайдиган, ернинг остида илон қимирлаганидан хабардор қизил юзли айғоқчи бу гал ҳам биринчи бўлиб хабар келтирди: «Жаноби олийлари, менинг бурчим бўлган гапни сенга етказиб туришдан иборатдир, сенинг фармони олийингга қарамасдан шу воқеанинг содир бўлгани рост». Бу жир босиб кетганидан бўлса керак, хириллаган овозда ўз хабарини тугатди айғоқчи Арасан, шамолда сўзлари яхшироқ эшитилсин учун узангиси узангисига тегадиган даражада хоқонга яқин келиб.
Чингизхон айғоқчининг гапларига ҳа деганда тушунавермади, сўз ҳам очмади. Қояларни ўйиб тарихий сўзларни ёздириш фикри билан банд бўлганидан нохуш хабарга ўша онда аҳамият бермади ҳам. Сўнгра воқеанинг моҳиятига етгач ичидан зил кетди. Чингизхон ўзини ҳақоратланган сезиб, жим қолди, аламини қамчи босиб отидан олди. Отнинг шахт билан олдинга ташланганидан мўйнали пўстинининг барлари ҳурккан қушнинг қанотлари каби шамолда лопиллаб кетди. Хоқон билан ёнма-ён кетаётган айғоқчи Арасан нима қилишини билмай қолди — у хоқоннинг жиғига тегиб кетмай дегандай гоҳ отининг жиловини тортар, ҳокими мутлақнинг сўзларини яхшироқ эшитиб олиш учун у билан яна отини қамчи босиб узангима-узанги бўлиб олар эди. Айғоқчи ҳеч нарсага тушунмай қолди — Чингизхоннинг бу қадар узоқ жавоб қайтармагани сабабига ақли етмади, ахир хоқон «аёл қатл этилсин» деса бас, қолганини бажо келтиришаверади, — бирпасда ўша аёлни ҳаромзодаси билан биргаликда араванинг ўзидаёқ гум қилиб ташлашади-қўяди — фармони олийни оёқ ости қилганнинг жазоси шу. Уни кигизга ўраб бўғиб ташлашса бўлди, ўлади-қолади, — бу бошқалар учун сабоқ.
Бирдан хоқон айғоқчи томонга кескин бурилиб:
—    Ўша қанжиқ аравада туғиб олгунча, иккиқат бўлиб юрганини ҳеч ким сезмабдими? Ёки билса ҳам, билмасликка олибдими? — деб эди, Арасан юраги чиққанидан, узангисини тепиб эгарда тик турганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Айғоқчи Арасан воқеанинг қандай содир бўлганини хонга тушунтириб бермоқчи бўлиб энди оғиз жуфтлаган эди, хон унинг пойма-пой сўзларини қаҳр билан кесиб деди:
—    Ўчир!
Орадан бироз вақт ўтгач хоқон жаҳд билан сўради:
— Ўша манжалақининг эри-ку йўқ экан, аравада туғиб олган хотин ким экан ўзи — ошпазми, гўлахми, молбоқарми?
Хоқон туғиб қўйган аёлнинг байроқларга гул тикадиган каштадўз эканини билиб жуда ҳайрон қолди, кимнингдир бу иш билан шуғулланишини, кимнингдир шоҳона байроқларни бичиб, зар билан гуллар солиб безаб тикишини, шунингдек кимнингдир хон этигини тикканини ёки умр бўйи роҳатини кўриб келган ўтовларнинг кимнингдир оёққа турғизганини ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаган экан. Олдинлари бундай икир-чикир, майда нарсалар ҳақида ўйлашни ўзига эп кўрмаган эди. Нима бўпти — байроқ дегани хоқоннинг қўшинларида ҳар доим бўлган: аскар қўним олган жойларда дейсизми, юриб кетаётган отлиқ аскарларнинг қўлларида ёки зиёфат берилаётган жойларда дейсизми, байроқлар ёқиб қўйилган гулхандай хон келишидан олдиноқ ял-ял ёниб ҳилпираб турган. Ҳозир ҳам шундай — хоқонга оқ йўл тилаб байроқдорлар отларини гижинглатиб ҳаммадан олдин боришмоқда. Жаҳонгир Ғарбга томон юриш қилиб бораётган экан, ўзгаларнинг байроқларини оёқ ости қилиб, ўз туғларини тикиш илинжида кетаётир. Шундай бўлади ҳам. Дунёни забт этиш учун хоқон билан бирга бораётган ҳар қандай киши бир оз бўлса ҳам итоатсизлик қилса, ўлим жазосига мубтало бўлади, вассалом. Итоат қилдириш учун жазолаш бир кишининг кўпчилик устидан ҳукмрон бўлишининг ҳамишалик қуролидир.
Лекин каштадўзнинг қилмиши аниқ. У жазосини тортади, бироқ бу ишда яна кимдир арава ёки қўшинда юрган бирон йигит айбдор албатта... Ўша ким экан?
Энди Чингизхоннинг феъли айниди, қовоғи осилиб, ранги ўчди, силовсин кўзларидай қўрқинчлик кўзларини ўқрайтириб, узангини чираниб босди-да, эгарда донг қотгандай ўтириб қолди. Ҳар қанча шошилинч иши бўлганлар ҳам хоқоннинг ёнига йўлай олмай қолди, унинг бу қадар жаҳли чиқишига сабаб ўша каштачи билан қандайдир ўйнашининг қатағон шартларини бузиб гуноҳи азимга қўл урганигина эмас эди, бу воқеа хоқоннинг дилида аччиқ, ўчмас ва уятли из қолдирган бутунлай бошқа бир тарихни эсига солди.
Ёшлигида бўлиб ўтган воқеани эслаб юрак-бағри қон бўлди. Отасиз ўсган Темучин даври келиб Рубъи маскуннинг ҳукмрони бўлишини ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам хаёлига келтирмаган. Ўшанда бўз болалик пайтида оғир бир иснодга қолган. Болалигидаёқ ота-оналари унаштириб қўйишган қайлиғи Бўртени уйланганига бир ой бўлмасданоқ қўшни меркит қабиласи бостириб келиб ўғирлаб кетган. Темучин меркитларга ҳужум қилиб хотинини қутқариб келгунча орадан талай кун ўтади, хон дунёга ҳукмрон бўлмоқ, тахтда ўтириб ўз номи-ни абадий юксакликка кўтармоқ учун, ҳамма ўтган нарсаларни унутмоқ учун кўп минг қўшин билан Ғарбга юриш қилаёт-ган ҳозирги пайтда ҳам ўша мудҳиш кунларни эслашга юраги бетламади. Ўшанда кечаси меркитлар уч кунлик қон-ли жангдан сўнг аёвсиз ҳужумга бардош беролмай фақатгина ўз жонларини сақлаб қолиш учун уюр-уюр йилқилари-ю, қароргоҳларини ташлаб қасосдан қўрқиб тум-тарақай қочиб кета бошладилар. Қасос ҳақидаги қасамда бундай дейилади.

...Жонлиқ сўййиб, қон чиқардик, Қадимийй баййроқ, шонли баййроқ. Баййроқни қонга солдик, Довул қоқдик данғиллатиб, Қояга урса, тош кесар, Бўййинга урса, бош кесар. Қилични қия боғладик, Ўқ ўтмас совут киййдик. Энди меркит, ажалинг етгани шу. Онт ичдик:
Биттангҳам соғ қолмаййсан — ййўўқ қиламиз, Маконингни яййдоқ қиламиз.
Ана шу қасамга содиқ қолиш учун ҳамма жон бериб, жон олиб жанг қилди, қоронғи кечада бақириқ-чақириқ, доду-фарёдлар авжига минди, саросимага тушиб қочаётганлар орасида ёпиқ аравада хотин-халаж кетаётган эди. Темучин хотинини йўқотиб қўйган эди, у хотинини топа олмасдан жон аччиғида «Бўрте! Бўрте! Қаердасан, Бўрте!» деб қичқириб, рафиқасини чақирар, ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам уриб зир югурар эди. Лекин Бўртедан дарак тополмасди, ниҳоят Темучин бир ёпиқ аравани қувиб етди, йигитлари аравакаш аёлларни қатл қилиб бўлишгач, хотинининг овози эшитилди: У «мен бу ердаман! Мен Бўртеман» деб аравадан ўзини ерга отди. Темучин отидан сакраб тушди-да, қоронғида бир-бирининг қучоғига отилишди. Темучин ёш хотинини соғ-саломат топиб бағрига босиб турган онда юрагида наштар санчилгандай оғриқ сезди - ундан қандайдир бегона ҳид анқирди, бу эҳтимол, Бўртенинг силлиқ ва илиқ бўйнидан ўпган бирон гиёҳванд эркак зотининг исидир, у шу ҳақда ўйлар экан, ўз лабини қонатиб тишлаганича туриб қолди. Ёнверида эса аёвсиз жанг, уруш давом этмоқда, жон бериб, жон олиш давом этаётир.
Шу-шу у жангга бошқа кирмай қўйди. Асирликдан қутқариб олган хотинини аравага ўтирғизди-да дилини қийнаётган бутун сирни айтиб солмаслик учун ўзини қўлга олиб орқага қайтди. Шундан буён бутун умри вужуди қийноқда. Хотинининг душман қўлига ўз хоҳиши билан тушмаганини яхши билади. Шундай бўлса ҳам виждон азоби тинчлик бермайди унга — нега хотини озиб-тўзмаган? Ахир унинг биронта сочи тўкилмабди. Демак, Бўрте асирда қийинчилик кўрмаган, ранг кўр, ҳол сўр. Бу ҳақда ўшанда ҳам, ундан кейин ҳам иккаласи очиқчасига гаплашишга журъат этишмади.
Меркитлар Темучин билан бўлган жангда енгилгандан сўнг бу қабиланинг бошқа ўлкаларга ёки бориш қийин бўлган жойларга кўчиб кетишга улгура олмаган вакиллари ҳеч қандай хавф туғдирмас, кўплари молбоқар ва хизматкор бўлиб ишга кирган ёки қул бўлиб кетган эди, шундан кейин ҳам энди Чингизхон номи билан машҳур бўлган ўша аламзада Темучиннинг меркитлардан ҳамон аёвсиз ўч олишининг сабабини ҳеч ким тушунмас эди. Оқибатда қочиб кетишга улгурмаган барча меркитлар қириб ташланди, улардан биронтаси ҳам Бўрте меркитлар қўлида асирда бўлганлигига алоқадор бирон нарса айтиб бера олмас эди.
Кейинчалик Чингизхон яна учта хотин олди, лекин тақдирнинг ўша илк шафқатсиз зарбасидан қолган дардни ҳеч нима даволай олмади. Хоқон бутун умри ана шу дард билан яшади. Ана шу қон талашиб турган, лекин зоҳиран ҳеч кимга кўринмайдиган қалб яраси билан яшаб келди. Бўрте тўнғич ўғли Жўчини туғиб бергандан кейин Чингизхон ўз хотинининг ҳомиладорлик кунларини синчковлик билан ҳисоблаб чиқди, шундан кейин аниқ бир фикрга кела олмади: ундай бўлиши ҳам, бундай бўлиши ҳам мумкин, бола унинг ўғли бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Унинг ор-номусига юзсизларча чанг солган қандайдир номаълум киши Чингизхоннинг бир умрга тинчини бузди.
Ҳарбий юришда каштадўз билан ўйнашиб бола туғдириб қўйган ўша номаълум йигитнинг хоқонга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам, жаҳонгирнинг қони қайнаб кетди.
Баъзан кишига дунё кўз очиб юмгунча остин-устун бўлиб кетгандай туюлади. Буюк хоқоннинг дилида худди ана шундай бир туғён жунбушга келган эди. Атрофда эса ҳамма нарса ўзгармаган, олдин қандай бўлса шундай. Ҳа, олдинда қора отлар миниб байроқдорлар қўлларига аждаҳолар расми солинган байроқларни ушлаб мағрур боришмоқда, хоқон эса одатдагидай жонажон Хубасини миниб олган, унинг ёнида ва орқа томонида мулозимлар жаҳонгирга лутф айлаб отларига қамчи босиб боришмоқда, атрофни содиқ соқчилар — «понсодлар», навбатчилар ўраб олган, бутун даштни уфққа қадарли ҳарбий туманлар — армиянинг зарбдор кучи ҳамда минглаб аравалар, қўшинлар эгаллаб олган. Тепада, одамлар денгизи устида хоқоннинг содиқ оқ булути — Тангри Таолонинг инояти юришнинг биринчи кунларидан бошлаб олам кезар эди.
ҳеч нима ўзгармаган, илгари қандай бўлса худди шундай эди гўё, бироқ дунёда нимадир ўзгариб, хоқоннинг ғазабини авж олдирмоқда эди. Демак, кимдир унинг иродасига қарши иш қилган, демак кимдир ўзининг шаҳвоний эҳтиросини хоқоннинг буюк мақсадларидан юқори қўйишга журъат этган, демак, кимдир қасддан унинг фармонига зид иш қилган! Унинг суворийларидан кимдир намунали ҳарбий хизмат қилишдан, хоқонга сўзсиз итоат этишдан кўра тўшакда маъшуқасининг пинжига киришни аъло кўрган! Ва қандайдир нотавон аёл, каштадўз, ундан кейин ҳеч ким кашта тика олмайдигандай хон қатағонини бир тийин қилиб туғиб олишга журъат этган, ҳолбуки аравалардаги бошқа аёллар махсус рухсат бўлгунча бола бўлиб қолмасин деб ўз нафсларини тийишган.
Бу фикрлар унинг дилида ёввойи ўт, қалин ўрмон каби ўсиб, ғазабдан кўз нурини хиралаштирди, хоқон шуни ҳам тушунар эдики, бу аслини олганда фавқулодда аҳамиятга молик катта воқеа эмас эди, яна бир кўнгли шафқатсиз бўлишни, жиддий жазо беришни, қонунбузарларни бутун черик олдида қатл қилишни талаб этиб, бошқача бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлар эди.
Чарчоқ нималигини билмайдиган йўрға Хуба хоқон устидан тушмаганданмикин, бу гал ўзини ортиқча юк кўтаргандай, юк борган сайин ортиб бораётгандай сезди, ҳар доим бир текисда ўқдай отиладиган йўрға бу сафар ола-чалпоқ либос кийгандай тер кўпикларига ўранди, отнинг бунақа бўлганини ҳеч ҳам эслай олмайди.
Чингизхон қовоғидан қор ёғиб жим борар эди. Бундай қараганда юришда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган, дашт лашкарларининг Ғарбга томон ҳаракатига, дунёни забт этишдек буюк режаларини амалга оширишига ҳеч қандай куч монелик кўрсатмас эди, лекин нимадир рўй берган эди, хоқоннинг амри-фармонлари чўққисидан кўз илғамайдиган ошиқдай тош қулаб тушди-ю жаҳонгир ҳокимияти зил кетди. Бу эса хоқонга тинчлик бермасди. У от устида ҳам шу ҳақда ўйлар эди: бу фикр тирноқ тагига кирган зирапчадай қалбини қийноққа солар эди. Хоқон шу ҳақда мулоҳаза юритган сари бу ишда ўз аъёнларининг айбларини туя бошлади. Улар бу ҳақда бўлари бўлиб бўёғи синггандан кейин, яъни аёл туғиб олгандан сўнг хабар қилишди, улар олдин қаерда эдилар, қаёққа қарадилар, наҳотки аёлнинг иккиқат даврида сезиб бўлмаса? Ана шундай қилинганда иш осон кўчган бўлур эди — давоси суюқоёқни ўғри итдай уриб ҳайдашганда олам гулистон бўларди. Энди нима қилади? Бу шум хабар келганда хоқон аравалар карвони учун масъул нўённи чақиртириб, қаттиқ сўроққа тутди - каштачи бўшаниб бола туғиб олгунча, чақалоқнинг йиғиси эшитилмагунча ҳамма-ҳаммасини наҳотки ҳеч ким пайқамаган бўлса, буниси қандай бўлди? Буни қандай тушунмоқ керак? Хоқоннинг бу саволларига нўён дудмал, мужмал жавоб қайтарди — Дўғуланг исмли байроқдўз ҳар доим бир чеккадаги алоҳида ўтовда яшаган, аёл банд эканлигини пеш қилиб ҳеч ким билан мулоқотда бўлмаган, ўзи бир аравада ёлғиз яшаган, унинг битта хизматкори бўлган экан, холос. Ҳузурига иш билан келган-ларида каштадўз ипак билан тикиладиган бир тўп газламани белига ўраб ўтираркан. Одамлар аёл буни чиройли кўриниш учун шундай қилган деб ўйлашган, чунки у гўзаллик шайдоси бўлган экан. Шунинг учун ҳам аёлнинг иккиқатлигини пайқаб бўлмаган. Боланинг отаси кимлиги номаълум. Каштадўз эса ҳали сўроқ қилинганича йўқ. Хизматкор бўлса, ўлимдан хабарим бор, аммо бундан хабарим йўқ, дейди.
Чингизхон бу ҳодисанинг унчалик эътиборга молик эмаслиги ҳақида ўйлади, бироқ бола туғишни тақиқлаган ўзи, шунинг учун қўшин бошлиқлари ўз ҳаётидан қўрқиб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳокими мутлаққа тезроқ хабар беришга ошиқар эди. Демак, хоқон ўз фармони олийсининг қули бўлиб қолди. Буйруғидан чекина олмайди. Энди жазо муқаррар эди.
Юзбоши Эрдене ярим кечага яқин шошилинч топшириқлар борлигини баҳона қилиб, мингбоши ҳузурига боришини айтди, бу эса севгилиси билан шу кечаси қочиб кетиш учун баҳона топиб қўним жойидан чиқишнинг йўли эди. Эрдене хоқоннинг бу воқеадан хабари борлигини, у ўзининг болани олиб Дўғуланг билан қочиб кетаолмаслигини ҳали билмас эди.
Юзбоши Эрдене бир отни миниб, иккинчисини овчи итни эргаштириб олгандай етаклаб қўшинлар дам олаётган ердан эсон-омон ўтди. Дўғулангнинг ўтови яқинидаги аравага яқинлашганда Худодан фақат бир нарсани: «поко парвардигоро, нўён соқчиларининг юзини нари қил» деб илтижо қилди. Нўён соқчилари бошқалар орасида энг инжиқ, энг қаттиққўл соқчилар эди, бордию суворийлардан биронтаси бўза ичиб маст юрганини сезса борми, ҳеч қачон аяшмайди, уни от ўрнига аравага қўшиб, қамчи билан уриб ҳайдашади.
Эрдене ўз қўмондонлиги остидаги юз чамаси жангчини ташлаб қочиб кетар экан, ушлаб олишса олий жазога ҳукм қилишларини, кигизга ўраб димиқтириб ёки осиб ўлдиришларини билар эди. Фақат бошқа ўлкаларга, ўзга мамлакатларга қочиб кета олгандагина жони омон қолиши мумкин эди.
Бу кечаси ҳам ой даштга сутдай оқ ёғду сочиб турибди. Қаёққа борманг лашкар қўнимлари, гулханлар атрофида узала тушиб ётган аскарлар, уюр-уюр йилқилар. Ана шундай одамлар билан аравалар денгизида бировнинг қаёққа кетаётгани билан кимнинг нима иши бор. Юзбоши Эрдене йўлга чиқишдан олдин шуни назарда тутган эди, унинг Дўғуланг билан ўғлини олиб қочиб кетиши ҳеч гап эмас эди, лекин пешонага битилгани бошқача экан.