Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 6
Facebook
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 6 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов
2
3
4
6
7
Ҳамма саҳифа
У фалокат рўй берганини усталар қароргоҳига яқинлашиши билан пайқади. Юзбоши шартта отдан тушди-да, отларини жиловидан ушлаб сояда қотиб турди. Ҳа, фалокат юз берган эди. Чеккадаги ўтов ёнида ловиллаб ёниб турган гулхан атрофга қандайдир ташвишли нур таратаётгандай. Ўнга яқин ясовуллар гулхан атрофида от устида туриб қаттиқ-қаттиқ гапиришяпти. Уч киши шоша-пиша аравага от қўшаётган эди. Дўғуланг кечаси ана шу аравада қочиб кетиши керак эди. Шундан сўнг ясовуллар ўтовдан Дўғулангни боласи билан олиб чиқишди. Дўғуланг ўзининг сувсар пўстинини кийиб боласини бағрига босганча, ранги ўчган, қўрққан, нажотсиз бир ҳолда гулхан ёнида турар эди. Ясовуллар ундан нималарнидир сўрар эди: «Жавоб бер? Сенга айтаяпман, жавоб бер! Манжалақи, фоҳиша!» деган қичқириқлар қулоққа урилди. Шундан сўнг хизматкор Олтуннинг чинқириғи эшитилди. Ҳа, бу ўша аёлнинг овози эди. Олтун овози борича бақириб дер эди: «Мен қаёқдан билай?! Нега мени урасанлар? Унинг кимдан туғиб олганини қайдан биламан! Ҳа, яқинда бола туғиб олгани рост, ўзларинг кўриб турибсанлар. Хўш, воқеанинг бундан тўққиз ой олдин бўлганига ақлларинг етмайдими? Бунинг қачон ва ким билан нима қилганини мен қаёқдан билишим мумкин?! Нега мени урасанлар. Бечора аёлни нега қўрқитасанлар, шўрликнинг юраги чиқиб кетди-ку! Унинг эмизикли боласи бор-ку! Йўқ деганда шўрлик аёлнинг хизматларининг юзини қилсаларингчи — сенлар юриш қилаётганда даст кўтариб юрган ҳамма ҳарбий байроқларни шу аёл тиккан-ку! Нега энди уни ўлгудай ураяпсанлар, нега?»
Шўрлик Олтун оёқ остида қолган нимжон ниҳолдай нима қила олар эди, ҳатто юзбоши Эрдене ҳам аралашишга журъат эта олмади. Аралашганда қўлидан нима ҳам келар эди?! Улардан кўп деганда битта-иккитасини ўлдириб кейин ўзи ўлар. Бундан на ҳожат! Ясовуллар шу йўл билан ен-гиб келишган. Улар чиябўрига ўхшаб гала-гала бўлиб ҳужум қилишади, одамларнинг тит-питини чиқариб қон тўкишади.
Орадан сал ўтмасдан ясовуллар Дўғулангни боласи билан судраб келиб аравага тиқишди. Олтунни ҳам турткилаб олиб келиб уларнинг ёнига ўтқазишди-да, қаёққадир олиб кетишди.
Чор атроф бирпасда тинчиб, жонзотдан дарак қолмади.
Шундан кейин узоқдан итларнинг вовуллаши, от-тойларнинг кишнаши, яна қандайдир овозлар қулоққа чалина бошлади.
Каштачи Дўғуланг яшаб турган ўтов ёнида ёқилган гулхан ёниб бўлиб ўчай-ўчай деб қолган эди. Осмони фалакда ғам-ташвиш нима эканини билмасдан жимгина ёғду сочиб турган юлдузлар одамларнинг тинимсиз югур-югурларию аёвсиз курашларини сезмагандай, овлоқ қолган сайхонликка бепар-вогина боқиб турибди — бўлари бўлиб, бўёғи сингган эди.
Юзбоши Эрдене ёмон туш кўриб уйғонган одамдай бир сесканиб тушди-да, етаклаб келаётган отнинг бошидаги юганини қон юришмай қолган совуқ қўллари билан ечиб, улоқтирди. Юган шарақ этиб ерга тушди. У энтикиб, нафас олиши тобора қийинлаша бошлади. Югансиз қолган отнинг бўйнига бир урди. Энди бу от эркин, ҳеч кимга кераксиз эди, от буни сезгандай қоронғида ўз уюри томон чопа кетди. Эрдене қаёққа боришини, нима қилишини билмасдан бепоён даштда бемақсад қадам ташлай бошлади. Унинг Оқюлдуз лақабли қашқа оти эгаси етагида жимгина кетмоқда, Эрдене бу отда қанча жанглар қилган, лекин, на илож, севгили ёри билан жигарпорасини аравага солиб шу отида қутқариб қололмади.
Эрдене кўздан қолгандай боши оққан томонга кетаверди, кўз ёшлари шашқатор бўлиб соқолидан оқиб тушаётган эди. Эрдене ойдин кечада ўксиб-ўксиб йиғлар эди. У ўз галасидан ҳайдалиб дунёда якка-ёлғиз қолган йиртқичга ўхшаш оёғини судраб қадам ташлар эди: эпласанг — яша, эплаёлмасанг — ўлиб кетавер. Бошқача йўл йўқ. Энди у нима қилиши, қаёққа бош суқиши керак? Ўлишдан, ўзига пичоқ уришдан, кўкрагига, аламдан сиқилаётган юрагига ханжар санчишдан бошқа йўл қолмади — юрак-бағрини эзаётган дарду аламдан қутулишнинг йўли шул, яна бир йўли — дунёдан этак силкиб оёқ етган жойга бош олиб кетиш эди. Ночор қолган юзбоши ўзини таппа ерга ташлади-ю, тош борми, қум борми титкилай кетди, лекин ер ёрилиб уни ўз комига тортмади, шундан сўнг бошини кўтариб, чўккалаб ўтирди-да белбоғидаги ханжарига қўл узатди.
Даштда сокинлик, жонзотдан дарак йўқ, тепада юлдузларгина шивирлашади. Фақат ёнидаги содиқ дўсти Оқюлдуз ойдинда сабр-тоқат билан жим турибди, эгасининг имдодини кутиб, пишқириб-пишқириб ҳам қўяди.
Ўша тонг пайтида довулчилар тепага чиқиб олиб юриш бошламасдан олдин довулларини уриб барчани жам бўлишга ундади. Довуллар момақалдироқ гумбурлагандай гулдурос шовқин билан хабар бериб даранглар эди. Ҳўкиз териларидан ясалган довуллар қопқонга тушиб қолган йўлбарсга ўхшаб наъра тортар, бўкирарди. Довулларнинг йўлда кетаётиб бола туғиб қўйган Дўғуланг исмли каштадўз бузуқ аёлнинг қатл этилиши маросимига халойиқни чорлаётганидан ҳам кўпчилик бехабар эди.
Довулларнинг қулоқни қоматга келтирган шовқини остида тепалик атрофига қурол-яроқларини шай қилиб сонсиз суворийлар тўпланишди. Нарироқда аравалар, араваларнинг устида қўшинларга хизмат қиладиган кишилар, ҳар хил усталар - ўтов усталари, қуролсозлар, эгарсозлар, чевар аёллар, эркаклар ва аёллар: ҳаммалари ёш-яланг, барчалари насл берадиган навқирон авлодлар. Ҳаммага сабоқ бўлсин учун, барчанинг дилига қўрқув солиш учун гуноҳкор аёл бутун халойиқ олдида қатл этилади. Хоқон измидан бош тортганлар билиб қўйишсин, кимки фармонга бўйсунмаса улар ҳам қатл этилажак.
Довуллар гумбурлагандан гумбурлаб, кишиларнинг қонини яхлатиб, дилига янада қўрқув солар эди. Бу ишларнинг ҳаммаси Чингизхоннинг буйруғи ва иштироки билан бўлаётган эди.
Ва ниҳоят бебош аёлни қатл этиш ҳақидаги фармони олийга имзо чеккан хоқонни довулларнинг тиним билмас гумбурлари остида олтин тахтиравонда тепага олиб чиқишди, аёл ўлим хавфи остида ҳам боланинг отаси ким эканини айтмади. Тахтиравонни офтобда қовжираган ўт-ўландан тозаланган сайхонликка қўйишди. Атрофда оғзидан олов пуркаб турган аждаҳоларнинг расмлари ипакда тикилган байроқлар эндигина юз кўрсатаётган қуёш нуридан ёғдуланиб, шамолда ҳилпирамоқда. Шиддат билан сакрашга тайёрланаётган аждаҳо хоқоннинг рамзи эди. Лекин каштадўз туғда тасвирлаган аждаҳо хоқоннинг эмас, балки бошқа бировнинг тимсоли эканлиги жаҳонгирнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Бу эса қўли гул аёлнинг қўйнида эркаланган довюрак аждаҳо эди. Ана шу аждаҳодай жасур, алп қоматли йигит билан суюшиб, унинг рамзини байроққа тиккани учун бошидан жудо бўлаётгани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмас эди.
Қатл дақиқалари яқинлашмоқда эди. Довулларнинг овози аста-секин пасая борди. Қотиллик онларида пашша учса эшитиладиган сокинлик ҳукм сурмоғи керак. Ана шундай жимжитлик пайтларида одамнинг тани яхлай бошлагандай, вақт ҳам парчаланиб, ёйилиб-чаплашиб бир жойда туриб қолгандай бўлади. Жазо ижро этилди дегунча довуллар еру кўкка ғулғула солиб яна ўкира бошлайди, бу томошабин бўлиб турган халойиқда «ажаб бўлди, зап бўлди бу қанжиққа» дегандай ўз жонининг омон қолганига шукроналар айтиш ҳиссини уйғотиш йўли эди, «ҳар кимнинг жони ўзига» дегани шу бўлса керак-да!
Довуллар жимиб қолди. Турганлар ҳаяжондан донг қотиб қолишди, ҳатто отлар ҳам устидаги чавандозларини унутгандай қулоқларини динг қилиб жим турди. Чингизхон ўзи ҳам имо-ишорасиз тош ҳайкалга айланди қолди. Жаҳонгирнинг қаттиқ қисилган лаблари ва тик боқадиган кичик кўзларининг совуқ нигоҳи ҳаяжондан бошини тик кўтарган илонни эслатарди.
Жазо бажариладиган жойга яқин турган Дўғулангни олиб чиқишганда довулларнинг овози ўчди. Сўлақмондай ясовуллар аёлнинг қўлтиғидан ушлашиб икки от қўшилган аравага чиқазишди. Ҳўмрайган ёш ясовул Дўғулангни тик турғизиб орқасидан ушлаб турди.
Элнинг оғзига элак бўларканми, кўплар, айниқса аёллар шов-шув кўтара бошлади: Ҳа, каштадўзи шу экан-да! Юзи қурсин бу ғарнинг? Сурайё! Эрининг ким эканини билмаса! Ёшгина, бинойидай чиройли экан, бирон нўёнга иккинчи ёки учинчи хотин бўлиб тегиб олса ўлармиди?! Чол бўлса нима қипти, эринг борми-бор деб ташвишсиз гердайиб юравермайдими! Бунга эр керак эмас, ўйнашдан бўлса ҳам туғиб олса ҳисоб экан. Хоқоннинг юзига тупурди қўйди. Ана энди жазосини тортсин. Туяга осиб ўлдиришсин мегажинни! Енгил оёқлигинг бошингни еди, маъшуқаи соҳибжамол!
Ана шу каби аччиқ-чучук сўзлар довулларнинг ғазабнок данғир-дунғурига ҳамоҳанг эди — Ҳўкиз терисидан ясалган довуллар хоқоннинг нафратига йўлиққан бир урғочига нисбатан нафрат уйғотиш, уни шармандаи шармсор қилиш учун ҳам ана шундай жон куйдириб гулдурос ила жар солмоқда.
—    Ҳу ана хизматкорига қаранглар! Яна болани кўтариб олганига ўласанми? — деб қичқиришар эди аравалардаги аёллар бир бахти қоранинг бахтсизлигидан севингандай. Ҳа, ўша аёл чиндан ҳам Олтун исмли хизматкор эди. Ўша аёл чақалоқни латтага ўраб олиб кўтариб келяпти. Олтун зарбдор ясовул назорати остида қўрқа-писа аланг-жаланг боқиб букчайиб болани кўтариб борар экан, ўлимга ҳукм қилинган каштачи аёлнинг чиндан ҳам жиноятчи эканини исботлагандай қадам ташлар эди.
Жиноятчиларни ҳаммага кўрсатиб олиб ўтишдан мақсад қотиллик олдидан халойиқнинг юрагига қўрқув солиш эди. Дўғуланг энди жазонинг ҳақ эканини, раҳм-шафқат ҳақида сўз бўлиши мумкин эмаслигини тушунди.
ҳамманинг кўз олдида шармандаи шармисор қилиб ўтовдан олиб чиқишдан олдин Дўғуланг боласини охирги марта эмизиб олишга улгурган эди. Ҳеч нарсадан бехабар шўрлик чақалоқ чапиллатиб маммасини сўрар экан, довулларнинг секинлашиб бораётган саслари аллалагандай мудраб ҳам олди. Хизматкор Олтун қоқиб қўйган қозиқдай она-боланинг олдидан бир қадам нари жилмади. У фарёд солиб йиғлашдан ўзини тийиб секингина йиғлар экан, ҳар гал оғзини кафти билан тўсиб олар эди. Шу оғир дақиқаларда ҳам улар бир-икки оғиз гаплашиб қолишга улгуришган эди.
—    У қаерларда юрибди экан? — оҳистагина шивирлади Дўғуланг, болани иккинчи кўкрагига олар экан, гарчи ўзи билмаганини Олтун билмаслигига ақли етиб турса ҳам.
—    Қайдам, — деди Олтун кўз ёшини оқизиб. — Узоқларда юрган бўлса керак.
—    Қани энди шундай бўлса! Айтганинг рост бўлсин! Худога ёлворгандай деди Дўғуланг. — Хизматкор аччиқ-аламда бош ирғади. Ҳар иккаласининг худодан сўрагани битта — илойим юзбоши яшириниб қолган бўлсин, узоққа қочиб кетган бўлсин, шабохун ургани рост бўлсин!
Ўтов ортидан овозлар, қадам шарпалари эшитилди:
—    Қани, мурдорларни келтир буёққа, судраб кел!
Каштадўз охирги марта боласини бағрига босиб, унинг тотли ҳидидан алам билан нафас олди ва уни қалтираган қўллари билан хизматкорга тутди:
—    Ўлмаса қараб турарсан.
—    Ундай дея кўрма! — Олтун қўшқўллаб болани олар экан, ўзини тутолмай ҳўнграб-ҳўнграб йиғларди.
Ясовуллар чопиб кириб, уларни ташқарига судраб чиқишди.
Қуёш уфқдан андак кўтарилиб дашт ялангликларини ўз нуридан баҳраманд қила бошлади. Гуноҳкор каштачи қатл этилди дегунча буюк юришни давом эттиришга тайёр турган қўшинлару араваларни гир атрофдан буюк Сариўзак даштлари ўраб олган. Даштдаги бир тепалик устида хоқоннинг тахтиравони олтинланиб турибди. Дўғуланг ўтовдан чиққан заҳоти тахтиравонга кўзи тушди: тахтиравон устида хоқон савлат тўкиб ўтирибди, унинг атрофида фармони олийга тупурган аёлнинг қўли билан тикилган байроқлар шамолда ҳилпираб турибди.
Чингизхон шоҳона соябон тагида ўтириб тепаликдан чор атрофга дашт кенгликларига, қўшин-черикларга, от-араваларга кўз қирини солмоқда, осмони фалакда содиқ оқ булут соя солиб турибди. Каштадўз устидан чиқарилган ҳукм ижроси деб бугун юриш кечиктирилди. Бу ҳам керак эди. Бундай шароитда ҳукм ижро этилмасдан туриб йўлга чиқиб бўлмайди. Бу галги ўлим жазоси хоқоннинг иштирокида ижро этилган биринчи ва охирги қотиллик эмас — Ҳар хил қонунбузарлар худди ана шу йўл билан жазоланган ва хоқоннинг шунга имони комил бўлдики, жазони халқ олдида, жангчиларнинг кўз ўнгида ижро этиш раиятни олий ҳоким томонидан ўрнатилган темир интизомга бўйсундиришнинг зарурий шарти эди, нима деганда инсонда бир чеккаси ҳокимият қаҳридан қўрқиб ялтоқланиш ҳисси пайдо бўлса, иккинчи томондан ўлим жазосига бошқа бировлар маҳкум этилганидан мамнун бўлишдек тубанлик ҳисси ниш уради, оқибатда одамлар шафқатсиз жазони зарурий шарт деб қабул қиладилар ва ҳокими мутлақларнинг бу йўлдаги даҳшатли ҳаракатларини маъқуллабгина қолмай, қўллаб-қувватлайдилар ҳам.
Бу гал ҳам каштачи аёлни ўтовдан судраб чиқиб, шармандаи шармисор қилиш учун аравага солиб айлантириб юришганда одамлар ари тўдасига ўхшаб жонсарак бўлиб қолишди. Чингизхоннинг чеҳрасида пашша чаққанчалик ҳам ўзгариш сезилмади. Хоқон соябон тагида ўтирар экан, унинг атрофида байроқлар шамолда ҳилпирар ва соқчилар туғ дасталари ёнида метин ҳайкалларга ўхшаб тош қотиб турар эдилар. Одамлар билиб қўйишсинки, ғарбга қилинаёттан буюк юриш йўлидаги ҳар қандай ғов, ҳатто арзимас тўсиқ ҳам чилпарчин қилинажак. Бу ўлим жазосидан мурод ҳам шу эди. Хоқон ўша болали жувон устидан бу қадар шафқатсиз жазога қўл урмаслик, уни афв этиш мумкинлигини дил-дилидан тушунар эди, лекин бу мулоҳазани жўяли деб билмади — Ҳар қандай мурувват, ҳар қандай олийжаноблик доим кўнгилсизликка туртки бўлади: ҳокимият заифлашади, одамлар итоатсиз бўлиб қолади. Йўқ, хоқон ўз қароридан пушаймон чекмади, унинг фақат бир нарсадан кўнгли ғаш эди — ўша каштачининг маҳбуби ким эканлиги ҳамон номаълумлигича қолаётган эди.
Осиб ўлдиришга ҳукм этилган аёл тушган арава саф тортиб турган қўшинлар ва қатор-қатор от-аравалар ёнидан ўтиб борар эди, унинг кўйлагининг ёқаси йиртилган, сочлари ҳурпайган, тонг офтобида ёғдуланган тим қора қалин сочлари унинг бўздек оқарган қонсиз юзини оломон нигоҳидан яшириб турар эди. Бироқ Дўғуланг бошини эгмасдан теварак-атрофга лоқайдлик билан мотамсаро боқиб борар экан, энди ўзгалардан яширадиган сири қолмаганди. Ҳа, бир йигитни ўзининг жонидан ҳам аъло кўрган, унинг адоқсиз муҳаббатидан туғиб олган аёл ана шу эди. Халойиқ эса унинг сирларини билишни истарди. Одамлар қичқира бошладилар:
—    Эй тул бия, айғиринг қани? Ким ўзи у?
Оломон гуноҳи азимдан фориғ бўлиш илинжида бировнинг ўлимига ноиложликдан гувоҳ бўлиб туришдан ҳаяжонланиб, ғазаби қайнаб фарёд сола бошлади:
—    Қанжиқ осилсин! Дарҳол осилсин! Нега имиллашади?
Ўлим жазосини ижро этувчилар ҳам жазаваси қўзиган оломон жунбушга келиб каштачи ўз гуноҳига иқрор бўлади, жазманининг ким эканини айтиб беради деб умид қилган бўлсалар керак. Шу пайт тахтиравон тарафидан хоқоннинг хизмати йўлида салласини келтир деса калласини қўшиб оладиган бир нўён от чоптириб кела бошлади. У ўлимга олиб кетилаётган каштачи тушган арава билан болани қўлида кўтариб келаётган хизматкор аёл ёнига келиб тўхтади:
—    Тўхтанглар шу ерда! — деди-да саф тортиб турган суворийларга қараб бор овози билан мурожаат қилди: — Ҳамма эшитсин! Бу беандиша мегажин боланинг отасини айтиб берсин! У ким билан ўйнашиб юрган экан? Энди менга қара, манжалақи, мана шу турган эркаклар орасида болангнинг отаси борми?
Дўғуланг рад жавобини берди. Турганлар яна қулоқларини динг қилиб гувиллай бошлашди. Арава олға қараб секин юраверди. Юзбошилар бир-бирларига:
—    Бизнинг аравада унақаси йўқ, унинг эри сенинг аравангда бўлиб чиқмасин, — деб таъкидлашарди.
Ўша бақироқ нўён ундан баттар жаҳлга миниб, каштачидан чақалоқнинг отаси ким эканлигини айтиб беришни қайта-қайта талаб қила бошлади.
Арава яна бир тўп суворийлар олдига келиб тўхташи билан тағин аёлдан сўрашди:
—    Айтчи, ҳароми, сен кимдан туғиб олдинг?
Худди ана шу сафда, ўзининг юз суворийсига бош бўлиб, юзбоши Эрдене қашқа Оқюлдуз отида турарди. Дўғуланг билан Эрдене бир-бирини кўриб қолишди. Шовқин-суронда уларнинг узоқ тикилиб турганларини, Дўғулангнинг сесканиб, тўзғиб кетган сочларини тартибга келтирганини, чеҳрасининг бир лаҳза ёниб-ёришиб кетганини ҳеч ким сезмади. Бу кўз уриштиришнинг Дўғуланг учун қанчалик қимматга тушганини, шу билан бирга бу лаҳза унинг учун қанчалик бахтли, айни вақтда қанчалик азобли онлар эканини фақат Эрденегина сезар эди. Дўғуланг бир зум ўз ҳушини йиғиб олди-да қутирган итдай вовуллаётган нўённинг саволига бамайлихотир жавоб қилди:
—    Йўқ, боламнинг отаси булар орасида йўқ!
Шу сўзларни эшитиш билан Эрдененинг калласи шилқ этиб тушди, у сир бермаслик учун шу заҳоти бошини кўтариб, ҳеч нарсани билмагандай қотиб турди, буни ҳеч ким пайқамади.
Жаллодлар қатлга тайёр туришган эди. Қора кийим кийиб, енгини шимариб олган уч киши икки ўркачли дордайган туяни етаклаб ўртага тушишди. Туя деганнинг шунчалик каттаси ҳам бўлар экан-да, отнинг устида турган чавандознинг калласи туянинг қорнига зўрға етар эди. Яланг даштларда ёғоч-тахта анқонинг уруғи бўлганидан кўчманчилар гуноҳкорни шу усулда қатл қилиб келганлар — жазога ҳукм қилинган кишиларни жуфт-жуфт қилиб туянинг икки ўркачи орасига осишган; бунинг учун арқоннинг икки учи иккаласининг бўйнига сиртмоқ қилиб боғланади-да, арқон туянинг устига ташланади, жиноятчи битта бўлса, арқоннинг иккинчи учига қум тўлдирилган қоп боғланади.
Қум солинган қоп Дўғуланг учун олдиндан тайёрлаб қўйилган эди. «Чўк, чўк!» деб қичқиришиб, қамчи дастаси билан тиззасига уравериб, бақироқ буғра туяни чўктиришди. Бесўнақай туя оёқларини бағрига буклаб ётиб олди, дор тайёр бўлди.
Довуллар секин-аста жонланиб, тилга кира бошлади, ҳозирча пастроқ жаранглаб туради-да, керак бўлиб қолган пайтда қулоқ-мияни еб, гулдурос овозлар таратади.
Шу пайтда нўён гуруллаган овозда каштачига шунчаки эрмак учунми яна мурожаат қила бошлади:
—    Сендан сўнгги марта сўраяпман, эси паст енгил оёқ аёл — ўзингку қатл этиласан, боланг ҳам бари бир ўлади! Ўлиминг олдидан кимдан бўғоз бўлганингни айтсангчи, наҳотки ким билан ўйнашганингни билмасанг? Ўйлаб кўр, балки биларсан!
—    Эслай олмайман. Бу иш анча олдин ва бу ердан узоқда бўлган, — даб жавоб берди каштачи.
Шунда эркаклар хохолаб, аёллар чийиллаб кулиб юборишди. Нўён бўлса тинмай савол бераверди:
—    Эслай олмайман деганинг нимаси? Нима, бозорда дон олишибмидинг?
—    Ҳа, бозорда бир йўлини қилганмиз, — Ҳўмрайиб жавоб берди Дўғуланг.
—    Савдогармиди ёки дарвешмиди ўша маъшуғинг? Бозордаги ўғрилардан бири бўлмасин тағин?
—    Савдогар эканини ҳам, дунё кезиб юрган дарвеш эканини ҳам билмайман. Яна кулги кўтарилди.
Савдогар дейишадими, оворайи жаҳон дейишадими, ўғри дейишадими, Дўғулангга бари бир эди, бозорда бўлган иш деб бу саволлардан қутилса бўлди.
Шу пайт қалин лашкар орасидан кимнингдир қаттиқ овози эшитилди:
—    Боланинг отаси мен бўламан! Мана мен, билиб қўйинглар.
Бирдан атрофга жимжитлик чўкди, ҳамма серрайиб қотиб қолди. Ўша жумард ким экан, каштачи жувон сирини айтмасдан қатл этилаётган бир онда ўзини ўлимга ураётган ким экан ўзи?
Оқюлдузни қамчилаб ўртага юзбоши Эрдене кириб келганда ҳамма ўз кўзига ишонмай, оғзи очилиб қолди. Эрдене отининг тизгинини тортиб тўхтатди, кейин у узангига оёғини тираб, от устида тик турди-да, халойиққа қараб баланд овоз билан деди:
—    Ҳа, менман! Ҳа, ўша гўдак менинг ўғлим! Ўғлимнинг оти Ғунон! Ўғлим онасининг исми Дўғуланг! Мен эса юзбоши Эрдене бўламан!
Юзбоши шу сўзларни айтиб отидан сакраб тушди-да, Оқюлдузнинг бўйнига бир шапалоқ урди, от орқага бурилиб чопиб кетди.
Ўзи эса каштачи томонга қараб йўл олди, бораётиб қурол-яроқ ва совут-қалқонини ечиб улоқтирди, Дўғулангни жаллодлар маҳкам ушлаб турардилар. Ҳали гувуллаган халойиқ энди жим бўлиб, ўзини ўзи ўлимга олиб бораётган йигитга тикилиб қолди. Эрдене севгилиси ёнига бориб тиз чўкди-да, унинг оёқларидан қучоқлади, Дўғуланг эса юзбошининг бошига қўлларини қўйди, улар ўлим олдидан яна топишишди. Худди шу пайтда довуллар еру кўкни бошига кўтариб гумбурлай бошлади. Довуллар бирдай ҳаммани ўзига итоат қилдириш ва ҳаммани ҳаяжонга солиб эҳтиросини қўзғаш учун томоғини йиртиб ўкирмоқда эди.
Дунёни, еру кўкни ларзага солган овозлардан ҳамма ҳушёр тортди, масъулият сезгандай бўлди, юришга, йўлга чиқишга буйруқ берилди. Жаллодлар ҳаш-паш дегунча юзбошини ерга йиқитишди. Бир зумда йигитнинг қўлларини орқасига боғлаб қўйишди, каштачи аёлни ҳам бойлаб-чулғаб иккаласини чўкиб ётган туянинг икки ёнига келтиришди. Ўркачлар орасидан ўтказилган арқоннинг икки учидаги илмоқларни иккаласининг бўйнига солиб, довуллар гумбури остида туяни қамчилай бошлашди. Туя қамчи зарбига чида-ёлмай оғзидан кўпик сочганча ўкириб шахт билан ўрнидан турди. Икки ёнида бир-бирини жонидан азиз кўрган икки ошиқ-маъшуқнинг бир арқонга осилиб, жон талвасасида бу дунёдан кўз юмаётганини нор туя жонивор қаёқдан билсин.
Довуллар қулоқларни батанг қилиб турган бир фурсатда хоқоннинг тахтиравонини тепаликдан қўлма-қўл қилиб олиб кетишганини кўпчилик сезмай қолди. Хоқоннинг кўнгли таскин топди, жазодан кутилган мақсадга эришилди, балки кутилга-нидан ҳам зиёда бўлди — каштачининг дилини ўғирлаган, фармони олийни писанд қилмасдан бир аёл билан ўйнашиб бола туғдириб қўйган кимса аниқланди — у хоннинг лашкар-бошиларидан бири бўлиб чиқди; аниқланганда ҳам барчанинг кўз ўнгида топилди ва қатл қилинди. Хон севикли ёри Бўртени олиб қочиб, қанча вақт қучоқлаб ётиб юрган номаълум бадбахтдан ўч олгандай сезди ўзини, Чингизхон Бўрте туғиб берган ўша тўнғич ўғлини унча ҳам яхши кўрмас эди.
Довуллар гумбирлагандан гумбирлар, икки қапталида бир арқонга осиғлиқ икки ошиқ-маъшуқ — Лайли ва Мажнуннинг жонсиз таналари осилган туя қадам санаб бормоқда эди. Юзбоши билан каштачининг жонсиз таналари туянинг икки ёнида осилган ҳолда сайр қилар эди — бу бўлажак жаҳонгирнинг қонли шоҳсупасига қурбонлик эди.
Довуллар ҳамон тиним билмай кишиларнинг дилига ғулғула солар, ҳаммани гангитиб қўйиш истагида гумбирлар эди — буюк мақсад йўлида юриш қилаётган хоннинг фармонидан бўйин товлаган одамнинг тақдири нима бўлишини ҳамма ўз кўзи билан кўриб турибди.
Ясовул-жаллодлар жонли дорни — туяни етаклаб қўшинлар ва от-аравалар ёнидан ўтиб боришди, олдиндан тайёрлаб қўйилган чуқурга жасадларни наридан бери кўмиб бўлишгунча довулларнинг овози ўчмади.
Кейин Чингизхоннинг даштни қоплаб олган қўшинлари яна ғарб томон йўл олди. Сонсиз суворийлар, от-аравалар, сўйишлик сувай моллар, қўйингчи юриш қилиб келаётган жоннинг ҳамма-ҳаммаси Сариўзакдаги ана шу бехосият жойдан илдамроқ кетиб олайлик дегандай, шоша-пиша олдинга кетишди. Бу ардона қолгур манзилда бошини қаёққа суқишни, дарду-аламини кимга айтишни билолмайдиган атиги икки жон қолди. Улар қатл этилган ошиқларнинг етимчаси ва хизматкор аёл Олтун эди. Энди улар ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Улар ҳеч кимнинг эсида ҳам йўқ эди. Ёнларидан ўтиб кетаётганларнинг биронтаси ҳам уларга қиё боқмади. Ҳамма улардан ҳазар қилар, оловдан қочгандай қочар эдилар.
Бир оздан сўнг теварак-атрофда улардан бўлак жон қолмади, на довуллар қолди, на туғлар... Минг-минглаб отларнинг туёқ излари, янги тушган тезаклар хон қўшинларининг қайси томонга қараб кетганини кўрсатиб турар эди — Сариўзак дашти бунга мен гувоҳман дегандай ястаниб ётар эди.
Бепоён дала-даштда ёлғиз Олтун чақалоқни бағрига босганча серрайиб туриб қолди. Тирик жон борки, ҳаммаси ўлмаслик йўлини қилади. Шунинг учун кампир у ёқ-бу ёққа юра бошлади, ўчоқлар ёнидан сал мужилган суяклар дейсизми, ташлаб кетилган сарқитлар дейсизми, этагига солиб олди. Бир ерда кимдир унутибми, атайинми ташлаб кетган бир парча пўстак ётган экан, уни ҳам елкасига ташлаб олди — кечаси она-бола тагига солиб ётиш учун нимадир керак-ку!
Олтун ночор, ноилож қолган эди — нима қилишини, қаёққа боришини, қаерда тунашини, чақалоқни қандай қилиб боқишини билмас эди. Ҳар ҳолда кундузи у қадар даҳшатли эмас, қандайдир мўьжиза рўй бериб қолар деган умид учқуни ўчмас экан, бирдан кафтдай чўлда мол қайтариб юрган чўпоннинг олачиғи кўриниб қолса-я! Тақдирнинг ўйинини қаранг — бутун умри бировларнинг эшигига боғланиб, чўрилик қилган аёл бирдан эркин қушдай озодликка етишганда қисмат уни кишансиз тушовлаб чўли-биёбонда норастага боғлаб қўйди. У ўзини эмас, болани ўйлаб ваҳимага тушар эди. Эндигина туғилган чақалоқ қорни очиб йиғлай бошласа уни қандай овутади, қандай эмизади, берай деса на егулик на ичгулик бор. Бола очдан ўлиши мумкин. Энди унинг бутун вужуди ваҳимага айланди. Ўйлаб-ўйлаб ҳеч ўйига етмас, бунинг чорасини топмас эди.
Худодан бирдан бир умиди — қандайдир мўъжиза рўй берса-ю, ана ютаман деган овлоқ даштда одамлар учраб қолишса, улар орасида ёш болали аёл бўлса-ю, норастани ўша аёлга топширса, ўзи эса ўла ўлгунча унга чўрилик қилса...
Олтун кўз илғамас дала-даштда не қиларини билмай сарсон-саргардон кезар, таваккал қилиб бир шарққа қараб, бир ғарбга ва яна шарққа қараб юрар эди. У болани бағрига босганча тиним нималигини билмай қадам ташлар, бир жойда туришга сабри чидамасди. Туш пайти бўлиб қолди, бола қорни очганидан типирчилаб, ҳиқиллаб йиғлай бошлади... Аёл болани қайтадан йўргаклаб, яна юра бошлади, — уёққа бу ёққа қадам ташлаб чақалоқни овунтирмоқчи бўлди. Лекин бола очликка чидайди дейсизми, ундан баттар йиғига кирди, тинмай бақириб йиғлайверганидан юз-боши кўкариб кетди. Ночор қолган Олтун тўхтади-да, овози борича қичқирди:
—    Ё Тангрим, ёрдам бер, ўзинг осон қил!
Бепоён далада эса уфққача ҳеч нарсадан дарак йўқ — на бир тутун, на бир олов кўринади. Чексиз дашту, чексиз осмон, фақат кичкинагина оқ булут тепада секингина сузиб юрибди. Бола типирчилаб йиғлар эди. Олтун тоқати тоқ бўлиб нола қилди:
—    Хўш, сен мендан нима талаб қиласан, шўрлик бола?! Шўриш-ғовга учун дунёга келган экансан. Туғилганингга етти кун бўлмасдан ғирт етим қолдинг. Сени мен нима билан боқаман, етимча? Кўрмаяпсан-ми, бизга ёрдам берадиган бирон жон йўқ атрофда. Иккаламиз бирдай зор йиғлаймиз, иккаламиз бирдай бадбахтмиз, тепамизда фақат бир парча оқ булут бор, осмонда ҳатто қуш ҳам кўринмайди, ёлғиз оқ булут айланиб юрибди... Энди қайси бир гўрга кирамиз. Сени мен нима билан боқаман? Иккаламиз сарсон-саргардон юрибмиз, отанг билан онангни бўлса осиб ўлдириб кўмиб ташлашди. Одамлар довулларни янгратиб, туғларини ҳилпиратиб, уруш қилсам дейишади. Урушишмаса бўлмасмикин? Бегуноҳ, беайб сен норастани ҳамма нарсадан бенасиб қолдириб нималарни излаб кетишдийкин?
Олтун болани юпата олмай нари югурди, бери югурди, бағрига босди, аллалади, кўнмади. Дунё ишларидан бехабар чақалоқ нафаси оғзига тиқилиб йиғлади, унга онанинг илиқ сутидан бошқа ҳеч нарса керак эмас эди. Олтун ноилож бир тош устига ўтирдида, йиғи ва жаҳл билан кўйлагининг ёқасини йиртиб юборди, кейин умрида бола эммаган сўлгин кўкрагини гўдакнинг оғзига тиқди:
—    Ма, ма, ол. Ҳеч вақо йўқ! Сутим бўлса сендан аярмидим, етимчам?! Менда сут нима қилсин? Сут йўғини билгач, дилимни тилка-пора қилмай овуниб қоларсан! Мен нималар деяпман ўзи?! Кимга гапираяпман? Менинг сутсиз кўкрагимдан нима фойда, сўзларимдан не наф сенга?! Тангрим, қандай азобларга гирифтор қилдинг мени?
Бола кўкракни оғзига олиши билан йиғидан тўхтади ва бутун вужуди билан роҳатланиб чўлпиллатиб эма бошлади, тили ва танглайи билан кўкракни қаттиқ сўрар экан, мамнун кўзларини бир очиб, бир юмар эди.
—    Кўрдингми, ҳеч нима йўқ, — деди секингина Олтун катта киши билан сўзлашаётгандай. — Бўлса, сендан аярмидим? Энди сут йўқ экан деб яна йиғлайсан. Ўшандан сени қандай қилиб овутаман? Бу ёғига лаънати чўлда қандай кун кечирамиз? Нима учун мени алдадинг деб йиғлайсан-да! Бўлса, алдармидим? Умрим чўриликда ўтиб кетаётир, ҳеч қачон ҳеч кимни алдаган банда эмасман, раҳматли онам болалигимда Чин-Мочинда бизнинг уруғимизда ҳеч ким бировни алдаган эмас, деб менга айтгувчи эди. Шунақа. Эмавер, энди сут йўғини билиб оласан.
Олтун шу зайлда шўрпешона бола билан шўрпешона энагани қисмат янада кучлироқ сиқувга олажагини кўз олдига келтирди. Лекин энага боланинг сутсиз кўкракни қўйиб юбормай, аксинча, яйраб-яшнаб роҳат билан эмаётганига тажжубланди.
Олтун кўкрагини боланинг оғзидан секингина тортиб олган эди, ўзининг юзига оқ сут сачрагандай бўлди, у ҳайрон қолиб, кўкрагини яна болага берди ва бунга ишонч ҳосил қилиш учун кўкрагини боланинг оғзидан яна тортиб олди. Олтуннинг кўкрагига сут келибди. Энди у бутун танасида қандайдир янги бир куч сеза бошлади.
—    Тангрим! — шуурсиз хитоб қилди Олтун. — қудратингдан айланай, менга сут ато қилдинг. Эм, эмавер болатой. Мен она бўлай. Сен менинг ўғлимсан. Энди сен ўлмайсан, Тангри бизнинг илтижоимизни эшитди. Мен сенга не машаққатлар билан етишдим. Менинг Ғуноним, бу отни сенинг отанг билан онанг қўйган. Ота-онанг сени дунёга келтирганлари учун ўлиб кетишди. Сенинг раҳмингни еб, мендай бечоранинг кўкрагига сут берган Худойи таолога тасанно айт!
Бунақангиси тушига ҳам кирмаган. Олтуннинг танаси қизиб, тер чиқди. Ҳадсиз, ҳудудсиз чўлу биёбонда ўнгу-сўлига аланг-жаланг боқар экан, Олтун на бир жонни, на бир жониворни кўрди, фақат осмону таолода, қуёш ҳаётбахш нурини сочар, тепасида мўъжазгина оқ булут гирди-капалак бўлиб айланиб юрар эди. Чақалоқ сутга тўйиб, тани яйраб ухлаб қолди, онаизор қўлида унинг муштумдек жони таскин топди ва бир маромда нафас ола бошлади; аёл бўлса бугунги кўргуликларни, довулларнинг ҳамон қулоғида жаранглаётган даҳшатли шовқинларини унутиб, оналик бахти дунёсининг ширин онлари сари хаёлан қадам чекди ҳамда еру-осмон ва сутнинг ажиб ҳаётбахш иттифоқига имон келтирди.
Худди ана шу лаҳзаларда юриш давом этмоқда эди. Жаҳонгирнинг даштни титратган буюк кучлари ғарбга томон шахдам қадам ташлаб бормоқда эди. Чериклар, от-аравалар, пода-пода моллар...
Соқчилар ва аъёнлар қуршовида оғзидан олов пуркаб турган даҳшатли аждаҳолар тимсоли туширилган ипак яловлар ортида чарчоқ нима эканлигини билмайдиган содиқ дўсти, тақдирнинг ўзи каби бетакрор оқ ёлли, қора думли йўрғаси устида Чингизхон борар эди.
Йўрғанинг чўян туёқлари остида ер зирқирар, ортга томон қочиб кетаётгандай орқада қолар, аммо чексиз-чегарасиз, ниҳоясиз уфқ тобора кенгайиб бораётгандай, янги-янги мавзе-майдонларни ўзига қўшиб олаётгандай туюлар эди. На интиҳоси, на ибтидоси бор эди бу кўҳна дунёсининг. Курраи заминнинг чексизлиги-ю буюклиги қаршисида қум заррачаси ила менгзагулик хоқон ўзи билган ва кўрган ерларгагина эмас, балки узоқ-узоқларда ақл нигоҳи воситасида тасаввур қилган ўлкаларга ҳам эгалик қилишга, ўзини Рубъи маскуннинг ҳукмрони дея тан олишларига орзуманд эди. Ана шунинг учун ҳам забт этиш илинжида юриш қилаётган ва қўшинларга бош бўлиб кетаётган эди.
Қамчисидан қон томган хоқоннинг бу гал ҳам қовоғи осиғлиқ, оғзидан бир сўзни суғуриб олиш амри маҳол, лекин унинг дилидан қандайдир хаёллар кечаётганини Худодан бошқа ҳеч ким билмас эди. Хоқон кутилмаганда отининг бошини буриб, шартта орқага қайтаётганининг сабабини ҳам ҳеч ким тушунмай қолди, у шахт билан отига шу қадар тез қамчи босдики, ортда бораётган суворийлар унга тўқнашиб кетишдан қўрқиб, зўр-базўр ўзларини четга олишди. Хоқон ташвишга тушиб, ҳатто қалтираётган қўлини кўзига соябон қилиб, ҳар қанча кўкка боқмасин, оқ булутдан асар ҳам кўрмади — на олдинда, на орқада кўзга ташланар эди бу оқ булут.
Хоқоннинг ҳамишалик ҳамроҳи шу зайл бирдан йўқолди-қолди. Эртасига ҳам, икки кундан кейин ҳам, ўн кун ўтгандан кейин ҳам оқ булутдан дарак йўқ. Ҳа, булут хоқонни тарк этган эди.
Идил дарёсига етгач, Чингизхон Кўк Тангрининг ўзидан юз ўгирганини тушунди. У нарига юриш қилмади. Оврўпани забт этиш учун ўғилларига ва невараларига фотиҳа берди-да, ўзи орқага, ўлим топиш ва одам боласи тополмайдиган қилиб дафн этилиши учун Ўрдасига қайтди.

* * *
Бу томонларда поездлар ғарбдан шарққа ва шарқдан ғарбга қатнагани-қатнаган...
1953 йил февраль ойининг ўрталарида Сариўзак даштлари орқали шарқдан ғарбга қатнайдиган йўловчи поездлар орасида бош томонига махсус вагон қўшилган бир поезд бор эди. Юк вагонининг шундайгина орқасидаги номерсиз бу вагон ташқи кўринишидан бошқа вагонлардан ҳечам фарқ қилмас эди, фақат ташқаридан шундай эди — аслида махсус вагоннинг бир қисми почта бўлими, иккинчи қисми эса почта блокидан маҳкамлаб ажратиб қўйилган эди, вагоннинг ана шу қисми давлат хавфсизлик органлари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган кишиларни йўлда тергов қилишга мўлжалланган хос хона вазифасини ўтар эди. Қозоғистон Давлат хавфсизлиги комитети оператив органларидан бирининг катта терговчиси Тансиқбоев қўзғатган жиноий иш юзасидан қамоққа олинган Абуталип Қуттибоев ана шу хонада кетаётган эди. Уни Тансиқбоевнинг ўзи ҳамда бир тўп соқчилар бошқа жиноятчилар билан юзлаштириш учун эҳтиёткорлик билан олиб кетишаётган эди.
Тансиқбоев кўзлаган мақсади йўлида чарчаш нима эканини билмас экан — Қуттибоевни поездда ҳам сўроқ қилиб борди. Тансиқбоевнинг вазифаси номаълум бир ҳолатда фашистлар асирлигидан қочиб Югославияга бориб қолган ва у ерда бўлажак югослав ревизионистлар билангина эмас, балки Англия разведкаси билан ҳам бевосита мулоқот қилиб турган кишилардан иборат душманларнинг махсус хизматлари томонидан амалга оширилган қўпорувчилик тармоқларини қадам-бақадам очиб ташлашдан иборат эди. Совет ҳокимиятининг хорижий разведкага ёлланган ва жиноят муддати тугагунча яшириниб юрган душманларини тинимсиз сўроқ қилиш, маълумотларни, бевосита ва билвосита далилларни қиёслаш йўли билан фош қилиш зарур эди; тергов ишининг тантана қилиши, яъни айбдорларнинг ўз айбларини тўла тан олишлари ҳамда қилган ишларига пушаймон бўлишлари айниқса муҳим
эди.
Бу ишга замин тайёрланган эди — сўроқлар жараёнида Абуталип Қуттибоев Югославияда жанг қилган собиқ асирлардан ўнга яқинининг номини тилга олди, текшириш оқибатида асирда бўлганларнинг кўпчилиги мамлакатнинг турли бурчакларида соғ-саломат яшаб турганлиги аниқланди. Бу одамлар қамоққа олинди ва улар ҳам ўз навбатида сўроқ пайтларида яна кўп кишиларнинг номларини тилга олишди, шундай қилиб, Югославияга сотилганларнинг рўйхати янада тўлдирилди. Бир сўз билан айтганда, иш янги кишиларни ўз қаърига тортди ва душман унсурларни фош этишда олдиндан кўрилган тадбирлар ҳеч қачон зарар етказмайди деган принципга амал қиладиган дўкайларнинг марҳамати ила иш энди жиддий босқичга етди. Югославия компартияси билан халқаро майдонда рўй бераётган ихтилоф шароитида, Титога Сталиннинг ўзи мафкуравий лаънат ўқиётган бир вазиятда бу иш муваффақиятли чиқадиган бўлса, ҳамманинг ошиғи олчи бўлади, шу процесснинг ташаббускори бўлган Тансиқбоевгина эмас, балки унинг бошқа шаҳарлардаги кўпгина ҳамкасблари ҳам катта «ҳосил» олишади, бу ишдан ҳамма манфаатдор бўлишининг сабаби ана шунда эди — Ҳаммалари вазиятдан фойдаланиб юқорироқ амалга миниб олиш ниятида эдилар. Шу мақсадда улар келишиб ҳаракат қилар эдилар. Шунинг учун бўлса керак область марказлари ҳисобланган Чкалов (собиқ Оренбург) Куйбишев, Саратов шаҳарларида юзлаштириш учун ва чапараста сўроққа тутиш учун Абуталип Қуттибоевни олиб келаётган Тансиқбоевни сабрсизлик билан кутар эдилар.
Тансиқбоев вақтни қўлдан бой бермас, суръат билан, шиддат билан ишлашни хуш кўрар эди. Тансиқбоев тергов қилаётган одамга қамоқ жойидан олиб чиқилганлиги қандай таъсир этганига, ғизиллаб бораётган вагоннинг панжарасидан маҳбуснинг станциялар ёнидаги шаҳар-овулларга қанчалик алам билан боқаётганига ҳам аҳамият берди. Тансиқбоев Қуттибоевнинг қалбида туғён урган ҳисни тушунди ва мумкин қадар ишончли бир оҳангда унга ёмонлик истамаслигини уқтирмоқчи бўлди, унинг тахминича Қуттибоевнинг айби у қадар катта эмас эмиш, мамлакатда фавқулодда вазият рўй берганда махсус хизматлар томонидан резерв сифатида ташкил қилинган жосуслик тармоғининг раҳбари — резиденти у, яъни Абуталип Қуттибоев эмаслиги аниқ эмиш ва агар Қуттибоев жосусликнинг бошлиғи — резиндентини топишда терговга ёрдам берса ва энг муҳими, юзлаштирган чоғда буни очиб ташласа, қатъий исбот қила олса, у ўзининг гуноҳини камайтирган бўлур эмиш. Айбини енгиллаштирар эмиш. Орадан беш-олти йил ўтди дегунча оиласига, бола-чақасининг бағрига қайтар эмиш. Ҳар қандай бўлганда ҳам терговнинг адолатли бўлишига ёрдам берган, олий жазо — отиб ўлдиришдан қутулиб қолган бўлур эмиш, ва аксинча, у қанча кўп қайсарлик қилса, ишни чалкаштирса, жазо органларидан ҳақиқатни яширса, унга шу қадар ёмон бўлар эмишки, оқибатда у ўз оиласи бошига сўнгсиз-ададсиз бахтсизлик келтирармиш. Агар очиқ суд бўлса, Қуттибоевнинг умри кул бўлиб куйиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас эмиш.
Тансиқбоевнинг қўлида яна бир кузир бор эди, уни ҳам ишга солди, агар сен, Абуталип Қуттибоев, — деди у, — менинг гапимга кўниб терговнинг олиб борилишига кўмаклашсанг, ўшанда сен халқ оғзидан ёзиб олганларингни, айниқса «Манқурт ҳақида афсона» ва «Сариўзакдаги қотиллик» деган ривоятларни сенинг жиноий ишингга қўшмаймиз, ва аксинча, агар бунга кўнмайдиган бўлсанг, сенинг ёзув-чизувларинг миллатчиликни тарғиб қилиш деб қаралади. Масалан, «Манқурт ҳақидаги афсона» — ота-боболарнинг унутилган ва ҳеч кимга кераксиз тилини тирилтиришга чақириқ, миллатларнинг бир-бирлари билан қўшилишиб кетишига қарши қаратилган зарарли шиордир, «Сариўзакдаги қотиллик» эса кучли олий ҳокимиятни қоралаш, давлат манфаатларининг шахс манфаатларидан устунлиги ғоясининг илдизига болта уриш, чириган буржуа шахсиятпарастлигини ёқлаш, коллективлаштиришнинг умумий йўлига, яъни коллективнинг ягона мақсад йўлида бирлашувига қарши чиқиш ва бинобарин социализмга салбий муносабатда бўлиш, демакдир. Маълумки, социализм принциплари ва манфаатларига қарши ҳар қандай ҳаракат қаттиқ жазоланади... Даладан рухсатсиз мошоқ териб олганларнинг ўн йил қамоққа ҳукм этилиши бежиз эмас. Мафкуравий «мошоқ» терган жиноятчи ҳақида эса сўз бўлиши мумкин эмас. Ана шундай айб қўйилганда суд қўшимча модда асосида қўшимча айблар қўйиши мумкин. Яна ишончли бўлсин учун Тансиқбоев Қуттибоевнинг ёзганлари юзасидан ўзининг очиқ-ойдин хулосаларини овозини чиқариб бир неча марта ўқиб берди; бу ривоятлар Қуттибоевнинг қамоққа олинишига ва жиноий иш қўзғатилишига биринчи сигнал бўлгани бежиз эмаслигини ҳар галдагидек таъкидлаб қўйди.
Поезднинг йўлга чиққанига икки кун бўлди. Абуталип сузиб ўтаётган бўшлиқларга панжарали дераза орқали боқар экан, Сариўзак даштига яқинлашган сари кўпроқ ҳаяжонлана бошлади. Сўроқдан бўш соатларда Тансиқбоевнинг ўринсиз панд-насиҳатлари ва даҳшатли дўқ-пўписаларидан сўнг Абуталип темир қопланган авахта-купеда ўзи билан ўзи хаёлот оғушида қолар эди. Поезднинг купеси демаса, бу ҳам Олмаотадаги ярим ертўла сингари турма эди, бу ерда ҳам деразага ундан ҳам пишиқ панжара қоқилган, бу ерда ҳам турма назоратчиси кичкинагина ойна «кўзча» орқали кузатиб туради, лекин нима бўлса ҳам бир жойда турмасдан у йўлда кетаётган янги-янги манзараларни кўриб бораётган эди ва ниҳоят, тепада кўзни кўр қилиб кечаю кундуз порлаб турадиган лаънати чироқ йўқ эди. Энг муҳими — Бўронли бекатида болаларимни, хотинимни узоқдан бўлса ҳам чала-ярим кўра олармикинман деган умид чироғи бир ёниб бир ўчиб дилига тинчлик бермас эди. Ахир, орадан қанча вақт ўтди, бола-чақаларга бир марта ҳам хат ёза олмади, бирон хабар бера билмади, улардан ҳам жилла қурса бир энлик хат келмади.
Абуталип Олмаота яқинидаги бекатда турманинг ёпиқ машинасида келиб ана шу авахта купега тушгандан буён унинг юраги умид билан умидсизлик ўртасида ҳапқирар эди. У поезднинг Сариўзак дашти томон йўл олаётганига ишонч ҳосил қилгач, юраги янада кучлироқ ҳовлиқиб, болаларимга, Зарипага кўзим тушса, қорасини бир кўриб ўлсам армоним йўқ эди деб ўйлаб борарди. Уларни шу қадар соғинган эдики, фикри-зикри оила аъзоларида эди, Худодан поезднинг Бўронли бекатидан кундуз куни ўтишини, қоронғида эмас, ёруғ пайтда ўтишини, ёруғ бўлганда ҳам Зарипа билан болаларини эшикда юрган кезда, уларни бир лаҳза бўлса-да кўриб қоладиган дақиқаларда ўтишини сўрар эди.
Шу эди унинг тақдиридан сўрагани, фақат шугина эди. Бор йўғи бола-чақаларини кўз қири билан бўлса ҳам кўриш ҳозир Абуталип учун энг катта орзу эди. Чиндан ҳам шундай бўлиши мумкин, Абуталип Бўронли бекатидан ўтиб кетаётганда болалари эшикда ўйнаётган, Зарипа эса кир ёйибми бирон иш билан овора бўлибми эшикда юрган бўлса, улар дукурлаб ўтиб кетаётган поезд вагонларига қараб қолишса Абуталип уларни темир панжара орқали кўриб қолишга улгурса, ахир шундай бўлиши ҳам мумкин-ку. Бунақаси кам бўлади, албатта... қани эди худо бериб поезд бекатда бир неча дақиқа тўхтаб ўтса! Шундай хаёл ниш уриши билан Абуталипнинг дили икки қийноқ исканжасида қолди: поезднинг тўхтаб ўтиши унинг учун чиндан ҳам бир олам бахт бўлар эди, иккинчи томондан азоби жон ҳам эди — аввало ўзи болаларини кўрганда юраги ёрилиб ўлиши ҳеч гап эмас, шу билан бирга фарзандларига ҳам осон бўлмас эди. Оталарини темир панжара ортида кўришса, додлаб йиғлайвериб ҳолдан тойишлари турган гап... Йўқ, йўқ, яхшиси, кўрмасин ҳам, куймасин ҳам...
Демак, энг яхшиси узоқдан бўлса ҳам бола-чақасини кўриб қолишни илтижо қилишдан яхшиси йўқ. Шу эзгу ниятда кўнглида ҳисоб-китоб қила бошлади — илгари кўриб юрган бекатларидан қайси бирлари ортда қолиб, яна қанчаси олдинда турибди, агар поезд шу тезлик билан юрадиган бўлса, Бўронли бекатига қачон етади — у ердан кундузи ўтадими, кечаси ўтадими — унинг фикри-зикри шунда бўлиб қолди. Чамалаб кўрса ёмон бўлмас экан — поезд бекатдан кундузи ўтар экан, лекин барибир унинг дилини ҳамон шубҳа ва хавотир кемираверди, чунки бирон сабаб билан поезд ушланиб кечикиб қолиши, ёки бирдан бўрон қутуриб йўлни қор босиб қолиши мумкин-ку, энг ёмони поезд бекатдан кечаси ўтиб кетса-ю, Зарипа болалари билан донг қотиб ухлаб ётган бўлса, ёнларидан оталари ўтиб бораётганини билишмаса — бундан зўр армон бўлиши мумкинми? Ҳа, шундай бўлиб чиқиши ҳам мумкин, Абуталип ўзининг бутунлай ожизу-нотавон эканлигидан, тақдирига тан беришдан бўлак иложи йўқлигидан янада беш баттар юраги вайрон бўлди.