Чингизхоннинг оқ булути. Чингиз Айтматов - 3 |
3 дан 6 сахифа
Егулик ичкилик бадастир дастурхон атрофида ўтирганида хаёлига келган фикрдан Тансиқбоевнинг кайфияти кўтарилиб, яна ичкиси, егиси, қўшиқ айтгиси, ёнида ўтирганларнинг жиғига теккиси ва мамнунлик ҳамда ўз ҳаётида қандайдир янги бир бурилиш сезганидан қаҳ-қаҳ уриб кулгиси келди. У ўтирганларни сирли нигоҳ билан кўздан кечирди, ахир уларнинг ҳаммаси қон-қардош ва шунинг учун бўлса керак, ўта дилкаш одамлар бўлиб кўринди, лекин ана шу жонажон кишилар Тансиқбоевнинг миясида буюк ғоялар туғилаётган пайтда ўтирганларини хаёлларига ҳам келтиришмас эди. Бу орзу-хаёллар оғушида унинг калласида қон тез юришиб кетган, мамнунликдан юраги тезроқ ва кучлироқ ура бошлаган эди.Ана шу режа амалга ошса хизмат юзасидан каттароқ мансабга миниши турган гап. Бу оқилона ва мантиқий режа эди: яшириниб ётган душманларни қанчалик нобуд қилсанг, ўзинг шунчалик кўп ютасан. Бундай истиқболдан дил қанот боғлар эди. Ва у ифтихор билан дилдан ўтказди: «Ақлли кишилар ана шундай иш тутадилар. Ҳар қандай ғовлар бўлганда ҳам мен ярим йўлда тўхтаб қолмайман». Бирдан ишга киришиб кетгиси келди — Ҳозир гараждан машина чақирса, Абуталип Қуттибоев қамалиб ётган изоляторга ғизиллаб борса-ю зудлик билан ишни бошлаб юборса, вақтни бой бермасдан ўша ернинг ўзида, камерада сўроқ қилса, сўроқ қилганда ҳам хиёнаткорнинг ўтакасини ёриб сўроқ қилса. Иш якунининг бошқача бўлиши мумкин эмас: Қуттибоев айбини бўйнига олади, инглиз-югославларнинг топшириқлар берганини тан олади, у билан партизанлар сафида бўлган барча кишиларни номма-ном айтиб беради. 85-модданинг 1-«б» банди билан 25 йил қамоққа ҳукм қилинади. Тан олмайдиган бўлса ватанга хиёнат қилганликда, хорижий махсус хизмат маҳкамалари билан жосус сифатида ҳамкорлик қилганликда ва маҳаллий аҳоли ўртасида мафкуравий қўпорувчилик ишлари олиб борганликда айбланиб отиб ташланади, вассалом, яхшироқ ўйлаб кўрсин. Ўз режаларини амалга ошириш йўллари ҳақида бош қотирар экан, Тансиқбоев кўп жиҳатлар — сўроқнинг қандай кечиши, Қуттибоевнинг ўзини қандай тутиши, уни тиз чўктириш учун қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида ҳам ўйлаб қўйди, шу билан бирга Қуттибоев яшашни хоҳласа, унинг ҳеч қаёққа қочиб қутилмаслигини, бошқа йўли йўқлигини ҳам яхши билар эди. Турган гап, ўзини оқлаш учун тиш-тирноғи билан ҳаракат қилади, «менинг ҳеч қандай гуноҳим йўқ, югослав партизанлари билан биргаликда қўлимга қурол олиб урушаётганда асирга тушганимнинг ўзи гуноҳимни ювиб кетади, ярадор бўлганман, қон тўкканман, уруш тугагандан сўнг комиссия мени ватанга қайтарган, урушдан кейин эса ҳалол меҳнат қилдим ва ҳоказо ва ҳоказо» дейди. Буларнинг ҳаммаси сафсата. Унинг ҳаёти катта бир сиёсий иш қўзғатиш учун керак. Тансиқбоевга кунини зўрға кўриб юрган муаллим Қуттибоев эмас, балки қанча одамларни турмага тиқишга ёрдам берадиган Қуттибоев кераклигини у шўрлик қаёқдан билсин. Мамлакатнинг кунжак-кунжакларида яшириниб олган давлат душманларини бирин-кетин нобуд қилишда Қуттибоев иш бериши мумкин. Давлат манфаатларидан устун турадиган ҳеч нарса йўқ. Баъзи бировлар одамларнинг ҳаёти устун туради, деб ўйлашади. Бу тентаклик. Давлат шундай ўчоқки, унда фақат одамлар ёниши керак. Акс ҳолда бу ўчоқ ўчиб қолади, шундан кейин унинг кераги бўлмайди, лекин худди шу одамларнинг ўзлари давлатсиз яшай олишмайди. Улар ўзларини ўзлари ёқадилар. Гўлахлар эса ўтин етказиб беришлари шарт. Азалдан шундай. Тансиқбоев ўз фикрини дарров ўқиб оладиган хотинининг ёнида ўтирган бўлса ҳам, умумий суҳбатга аралашиб атрофдагиларнинг сўзларини маъқуллаб турди. Шу билан бирга партия мактабида миясига қуйилган классик таълимотларни эслаб файласуфона фикр юритар ва одам боласининг нақадар мураккаб хилқат эканлигига ич-ичидан таҳсинлар ўқир эди. Мана, масалан, унинг ўзи меҳмондорчиликда ўтирибди, унинг фикри-зикри улфатчилик қилишда деб ўйлаш мумкин, аслида эса бошқа нарса ҳақида хаёл суриб ўтирибди. Унинг нималарни мўлжалга олаётганини, қандай режалар тузаётганини ким айтиб бера олади дейсиз. Жимгина улфатчилик қилаётган одамнинг миясида улкан тадбирлар режаси етилаётганини ҳозирча ҳеч ким билишга қодир эмас эди, вақти келиб бу режалар амалга ошса борми, одамларни Тансиқбоев ўз олдида, ўзи орқали эса Худодай қудратли ҳокимият олдида тиз чўкиб ўрмалашга мажбур қилади. Қудратли ҳокимиятнинг ҳаммани даҳшатга соладиган шоҳ супасига олиб чиқадиган кўпдан-кўп зиналаридан бири Тансиқбоевнинг ўзи эди, лекин бу поғоналарнинг сон-саноқсиз эмаслигини у яхши билар эди. Тансиқбоев шулар ҳақида ўйлар экан, тансиқ таомни кўргандай ёки жинсий алоқа олдидан жазаваси қўзигандай жисмонан роҳату фарақ топар эди. Тансиқбоев ҳар бир қадаҳ кўтарган сари томирларида қон тобора кўпроқ жўшга кириб, режаларини тезлаштиришга ундади, лекин ўзини сал босиб олишга ҳаракат қилган бўлса ҳам мўлжалларини эртагаёқ амалга ошира бошлашга қарор қилди. Тансиқбоев мўлжалга олинган ишнинг икир-чикирларини тарозига солар экан, мақсадларининг пухталигидан, режаларининг мантиқийлигидан қониқиш ҳосил қилди. Шундай бўлса ҳам нималардир етишмаётгандай, қандайдир далиллар, жиноят белгилари ишга солинмаётгандай, етарлича мағзи чақилмагандай, яна баъзи бир жиҳатларини охиригача яхшилаб ўйлаб кўриш керакдай туюлаверди. Масалан, айтайлик, Қуттибоев манқурт ҳақида нималарнидир ёзган. Бу ёзувларда қандайдир сир бўлиши мумкин. Манқурт! Ақл ҳушидан жудо қилинган манқурт ўзининг онасини ўлдириб қўяди. Ҳа. Бу албатта қадимий афсона, лекин бу афсонани тилга олар экан, Қуттибоев нималарни назарда тутди экан? Бўлмаса бу ривоятни нега бунчалик ҳафсала билан ипидан игнасигача ёзади? Ҳа, манқурт, манқурт... Бунда нимадир бўлиши керак, агар мажозий маънода бўлса нималарни назарда тутди экан? Энг муҳими Қуттибоев ўзининг ғаламислик мақсадларида манқурт тарихидан қандай қилиб, қандай шаклда фойдаланмоқчи бўлган? Тансиқбоев манқурт ҳақидаги афсонада мафкуравий томондан қандайдир шубҳали жиҳатларни элас-элас пайқагандай бўлса ҳам жиноятни Қуттибоевнинг бўйнига қўйиш учун ҳали тўла ишончга эга эмас эди. Борди-ю бу афсонани, кўп ҳолларда бўлгани каби, халққа қарши қаратилган афсона деб эълон қилиб туриб, уни шундан сўнг жавобгарликка тортса, нима бўларкин? Бироқ бунинг учун эса Тансиқбоевда ваколат, билим етишмас эди, — буни у яхши тушунар эди, қандайдир олимни ёрдамга чақиришга тўғри келадиганга ўхшайди, Айтайлик, буржуа миллатчиларини фош қилиш масаласи (бугунги зиёфат ана шу муносабат билан уюштирилган) худди шу йўл билан ҳал қилинар эди. Бир гуруҳ шубҳали кишилар фош этилади, шундан сўнг билағон олимлар бошқа бир олимларга гиж-гижланади ва уларни миллатчиликда, сталинча социалистик давримизга зид ўлароқ ўтмишни идеаллаштириб мадҳ этишда айблашади ва тегирмоннинг кечаю-кундуз тўхтовсиз ишга тушиши учун шунинг ўзи етарли эди. Ҳар ҳолда Қуттибоевнинг манқурт тарихини бунчалик синчковлик билан ёзишида бир гап бўлмаслиги мумкин эмас. Қуттибоевнинг ҳар бир сўзини диққат билан яна бир карра ўқиб маъносини чақиш керак, борди-ю зиғирттай илинадиган жойи бўлса бас, афсона ҳақидаги ёзувни ҳам ишга солиш керак бўлади, бу эса Қуттибоевнинг айбига айб қўшажак. Бундан ташқари, Қуттибоевнинг қоғозлари орасидан Чингизхон даврига оид «Сариўзакдаги ўлим жазоси» номли яна бир афсона чиқиб қолди. Тансиқбоев бу кўҳна тарихга авваллари аҳамият бермаган экан, энди эса бирдан шу ҳақда ўйлаб кетди. Агар чуқур мулоҳаза юритилса, бу ривоятда ҳам қандайдир сиёсий маъно борга ўхшайди. * * * Чингизхон Ғарб мамлакатларини босиб олиш учун сон-саноқсиз оилавий қўшинларига бош бўлиб ҳадсиз-ҳудудсиз Осиё кенгликларидан ўтиб борар экан, Сариўзак даштларига келганда қотилликка қўл урди: черик юзбошиси билан зардўз жувонни — оғзидан олов пуркаб турган аждаҳоларнинг суратларини зафар байроқларига зар билан тикадиган ёш аёлни осиб ўлдиришга жазм қилди... Шу пайтгача Чингизхон Осиёнинг кўп қисмини босиб олиб, ўғиллари, набиралари ва саркардаларига улус қилиб бўлиб берган, энди навбат Идил (Волга) ортидаги Европага келган эди. Сариўзак даштлари. Куз. Ёзда қуриб қолган кўлмаклар ва ўзанлар тинимсиз ёмғирлардан сўнг яна сувга тўлган — мол-жон учун сувсизликдан хавотир олмаса бўлади. Шундай бўлса ҳам черик шошилаётир — йўлнинг энг узоқ, энг қийин қисми Сариўзак даштларидир. Ҳар бири ўн минг жангчидан иборат уч туман қўшин байроқларини ҳилпиратиб олдинда бормоқда. Бу қўшинларнинг нақадар даҳшатли куч эканлигини шундан ҳам билса бўладики, от-уловларнинг туёқларидан кўтарилган чанг-тўзон даштдаги ёнғиндан кейин кўкка ўрлаган тутун янглиғ уфқда олис-олисларгача осмонни қамраб олган эди. Керак бўлиб қолганда миниладиган уюр-уюр йилқилар, юк ортилган аравалар, кундалик сўйишга мўлжалланган сувай чорва молларига бошчилик қилган икки туман қўшин ҳам орқада осмоннинг ярмигача чанг кўтариб келмоқда эди. Ана шу беш тумандан ташқари бошқа жанговар кучлар ҳам бор эди, лекин улар жуда узоқда бўлганидан кўринмас эди — уларгача етиб бориш учун отда бир неча кун чопишга тўғри келар эди. Гзлари Идилга томон мустақил йўл олаётган қўшинлар ўнг қанот ва сўл қанотларга бўлинган — Ҳар бир қанотда уч тумандан қўшин бор эди. Қишки совуқ бошлангунга қадарли барча ўн бир туман қўшиннинг саркардалари Идил дарёси соҳилида Хон ўрдасида учрашиб, олдинга юриш ва Идилдан муз устидан ўтиб, шуҳрати оламга ёйилган бой мамлакатларни босиб олиш режасини тузишлари керак эди. Чингизхоннинг ҳам, саркардаларнинг ҳам, ҳар бир суворийнинг ҳам фикри-зикри шунда эди. Қўшинлар ҳеч нарсага алаҳсимасдан, вақтни қўлдан бой бермай ҳаялламасдан илгарилар эди. Юкли араваларда аёллар ҳам бор эди; ҳамма бало шундан чиқди. Чингизхоннинг ўзи беш юзта қоровул — хонни йўлда кузатиб борадиган навбатчилар ҳамда ясовуллар соқчилигида сузиб бораётган оролга ўхшаб черик ўртасида борар эди. Лекин у бошқалардан бир одим олдинда эди. Рубъи маскуннинг ҳокими ўз ёнида, айниқса ҳарбий юриш пайтида ён-верисида чуғур-чуғур бўлишини хўш кўрмас, чурқ этмасдан олдинга кўз тикканча ўйга чўмиб борар эди. Хон Хуба лақабли севикли йўрғасида кетаётир: Чингизхон дунёнинг ярмисини ана шу отида забт қилган, сойнинг тошидай ниқ ва силлиқ, тўши ва яғрини кенг, ёли оқ, думи қора саман йўрғалаб кетаётганда сағрисига сув қўйса тўкилмайди дейсан. Чидамда ва юришда ундан қолишмайдиган ва хоннинг эгар-жабдуқлари билан безатилган яна икки чопқир салт отни махсус сайислар эҳтиётдан етаклаб боришмоқда. Хон от терлай бошлади дегунча уловларни алмаштириб турарди. Чингизхоннинг аъёнлари хонга содиқ соқчилар, қоровуллар ва ясовуллар юзтадан битта, мингтадан битта, танлаб олинган шамширдай ўткир йигитлар эди, уларнинг остида эса табиатда сийрак учрайдиган соф олтин ёмбидай бебаҳо югурук отлар. Йўқ, бу юришда энг ажойиб нарса булар эмас, бошқа нарса эди. Мўъжизакор нарса ерда эмас, кўкда, осмонда эди. Чингизхоннинг тепасида уни офтобдан тўсиб булут сузиб юрар эди. Хон қаёққа борса, булут ҳам шу ёққа борар эди. Катта ўтовдай келадиган оқ булут жонли нарсадай хон борган жойига соя беради. Бул Кўк-Тангрининг ўз жаҳонгир ўғлига марҳамати эканлигини ким билибди дейсиз — осмонда нима кўп булут кўп. Бироқ Чингизхоннинг ўзи буни билар, зимдан бу булутни кузатар экан, бу Кўк-Тангри иродасининг нишонаси эканлигига тобора кўпроқ ишона борди. Ана шу булутнинг пайдо бўлишини қандайдир дарвеш башорат қилган эди. Ўша девонаваш киши хон ҳузурига кирганда тиз чўкиб хушомад ҳам қилмади, унинг бахт-омадидан пайғамбарлик ҳам қилмади. Олтинга бурканган ўтов ичидаги тахтда савлат тўкиб калласини киброна кўтариб ўтирган ҳайбатли ҳокими мутлақнинг олдида жулдур кийим кийган, аёлларникига ўхшаш ўсиб кетган сочлари елкасига тушган серсоқол, қорачадан келган савдойи пайдо бўлиб, хонга ўзининг ўткир нигоҳи билан тикилди. — Буюк хоқон, мен сенга шуни айтмоқчиманки, — деди у уйғур тилмоч орқали, — Тангри таолонинг иродаси билан сенга Арши аълодан айрича нишона ато бўлғусидир. Чингизхон кутилмаганда айтилган бу сўздан бир лаҳза қотиб қолди. Келгиндининг ақли жойида эмас, ёки сўзининг қандай оқибатга олиб келишини тушунмайди. — Бу қандай нишона экан, буни сен қаёқдан биласан? — қизиқсинди хоқон жаҳлини босиб, пешонаси тиришган бир ҳолда. — Қаёқдан маълум эканлигини айтиб бўлмайди, нишонага келганда шуни айтмоқчиманки, — сенинг бошинг устида булут пайдо бўлади ва сенга эргашиб юради. — Булут?! — Ҳайратини яширмасдан хитоб қилди Чингизхон қошларини чимириб. Атрофдагиларнинг ҳаммаси хоннинг жаҳли чиқаётганини сезиб жим қолишди. Тилмоч қўрққанидан лаблари оқариб кетди — у ҳам жазодан четда қолмас эдида. — Ҳа, булут,— жавоб берди соҳибкаромат. — Бу булут Тангри Таолонинг сенга оқ фотиҳа бергани, сенинг бу дунёдаги даражангнинг буюклигини исботлагани нишонасидир. Лекин сен бу булутни авайлаб-асрашинг даркор, уни йўқотсанг, куч-қудратингдан айриласан... Олтин ўтовда жимлик чўкди. Бундай пайтда дарғазаб хоқон ҳар нарса қилиши мумкин, лекин унинг кўз-юзларидан ғазаб гулхани ўчиб бораётган оловга ўхшаб секин-аста сўна бошлади. Дунё кезиб юрган дарбадар фолбинни бўлмағур сўзлари учун жазога тортсам, айниқса, қатл қилсам бўлмас, акс ҳолда хонлик шаънига доғ туширган бўламан деб ўйлаб, жаҳлдан тушди. Чингизхоннинг сийрак сарғиш мўйловларидан маккорона жилмайгани сезилди. — Хўб, Тангри Таоло бу сўзларни айтишни сенга тайинлади деяйлик. Мен бунга ишондим ҳам дея қолай. Энди менга айтиб берчи, эй доно меҳмон, осмонда ўйнаб юрган булутни мен қандай қилиб авайлаб-асрашим мумкин? Ўша булутни қўриқлаб юриш учун осмони фалакка қанотли отларда навкар жўнатишим керакми? Ё бўлмаса навкарлар ўша булутга юган солиб асов отдай етаклаб юришадими? Қани айтчи, осмонда шамол ҳайдаб юрган булутни мен йўқотмасдан қандай олиб юришим мумкин? — Бу ёғи сенинг ишинг, мен айтадиганимни айтдим, — қисқача жавоб берди келгинди. Яна ҳамма ранги ўчиб тахта бўлиб қолди, орага пашша учса эшитиладиган жимлик чўкди, тилмочнинг яна ранги оқариб кетди, олтин ўтовдагиларнинг ҳаммаси ер чизиб қолди, эс-ҳушини йиғиштириб олмаганиданми ёки бошқа сабабданми ҳар ҳолда ҳеч ким ўзини хоннинг қиличига урган шўрлик башоратчининг юзига тик қарай олмади. — Совғасини бериб жўнатинглар, йўлидан қолмасин, — деди Чингизхон бўғиқ оҳангда ва хоқоннинг сўзлари қуруқчиликдан қақраб ётган тупроққа тушган ёмғир томчилари каби ўтирганларнинг дилига ёқиб тушди. Чин эмас, ёлғон эмас, бу жумбоқ воқеа тезда ҳамманинг эсидан чиқиб кетди. Ўзини авлиё қилиб кўрсатадиган афандилар дунёда оз дейсизми? Бироқ ўша хорижий дарвеш енгил-елпи ўйлаб, ўзини ўлимга урган дейиш ҳам адолатдан бўлмаса керак. Ахир у ўзининг ким билан учрашганини, нима иш қилганини билмаслиги мумкин эмас. Ясовуллар хоқон билан ҳазиллашиш мана бундай бўлади деб уни асов отнинг думига бойлаб қўйиб юборса-чи? ҳамманинг олдида шармандайи шармисор бўлиб ўлади-кетади. Йўқ, ўша довюрак дарбадарнинг чўли биёбонда шерга юзма-юз келгандай энг даҳшатли ва шафқатсиз ҳокими мутлақ ҳузурига тортинмасдан, ийманмасдан кириши бежиз бўлмаса керак. Бу жинниликми ёки чиндан ҳам Тангрининг ишими? Кунлар ўтди, ойлар ўтди. Икки йилдан кейин ўша фолбиннинг гаплари Чингизхоннинг эсига тушиб қолди. Ғарбга юриш учун тайёргарлик азим салтанатнинг икки йил вақтини олди. Кейинчалик Чингизхон шунга ишонч ҳосил қилдики, улкан давлатининг ҳадларини янада кенгайтириш учун жон бериб-жон олиб курашишга кетган ана шу икки йил унинг жаҳонга ҳукмрон бўлиш, энг олий мақсади йўлида, янги ерлар ва ўлкаларни забт этиш йўлида куч ва маблағлар йиғишда энг сермаҳсул давр бўлди, энди у ўзини Рубъи маскуннинг ҳокими, хоқоннинг енгилмас отлиқ аскарлари етиб борган жойларгача жамики рўйи заминнинг соҳиби деб эълон қилса арзир эди. Даштлар ҳокимининг асл мақсади, тарихий вазифаси охир-оқибатда ҳаммага эгалик қилиш ва ҳаммадан қудратли бўлиш касалига мубталолик эди. Шунинг учун ҳам Чингизхон салтанатининг бутун ҳаёти — Осиё қитъасининг ҳадсиз ҳудудларини ишғол қилган улусларнинг ҳаёти, қаттиққўл хоқоннинг зулми остида ғинг этмайдиган хилма-хил қабила-уруғлардан таркиб топган бутун аҳолининг ҳаёти, барча шаҳарларда ва дала-даштларда яшаб турган бойлар ҳамда ялангоёқ фуқароларнинг ҳаёти, қўйингки, ким бўлмасин ва нима иш қилмасин охир-оқибатда ҳар бир кишининг ҳаёти бошдан оёқ фақат бир эҳтиросга — иблисона, мангу очофат ҳирсга, янги-янги ерларни, янги-янги халқларни забт қилиш, бўйсиндириш вазифасига қаратилган эди. Ва шунинг учун ҳам ҳамма ягона ният йўлида хизмат қилар, барча бир мақсадга бўйсунган эди — у ҳам бўлса Чингизхоннинг ҳарбий куч-қудратини оширишдан, бойлик жамғаришдан, ҳокимиятни такомил топтиришдан иборат эди. Ер қаъридан қазиб олинган жамики бойликлар ва тайёрланган қурол-яроғлар, барча кучлар ҳужумга — Чингизхоннинг Европага, унинг ўта бой шаҳарларига қиладиган қудратли ҳамласи эҳтиёжларига хизмат қилдирилган эди, ахир у ерларда ҳар бир жангчи катта ўлжага эга бўлажак, у ўлкаларнинг қалин яшил ўрмонларию отлиқнинг узангисидан келадиган яйловларида қимиз дарё бўлиб оқади, Чингизхоннинг оғзидан олов пуркаб турган аждаҳоларнинг расмлари туширилган байроқлари остида юриш қилиб борган ҳар бир киши ҳокимлик нашидасига шерик бўлажак, ҳамма ғалаба ҳузурини кўражак. Буюк хоқон олға юриш, ғалаба қилиш ва ерларни босиб олишга амр қилган — амри подшо вожиб. Чингизхон ўта даражада омилкор, тадбиркор ва олдиндан кўра оладиган одам эди. Европага бостириб киришга тайёргарлик кўрар экан, ҳамма нарсани икир-чикиригача чоғлаб, мўлжаллаб қўйди. Содиқ айғоқчилардан, бошқа мамлакатлардан қочиб келганлардан, савдогардан ва зиёратчилардан, дарбадар дарвешлардан, ишбилармон хитойлар, уйғурлар, араблар ва форслардан сон-саноқсиз қўшинларининг бостириб бориши учун зарур бўлган ҳамма маълумотларни — энг қулай йўллар, кечув-гузарларни сўраб билиб олган эди. Чериклар ўтиб борадиган жойлардаги халқларнинг хулқ-атворию урф-одатлари, динларию машғулотларини ҳам ўрганиб олган. У ёзув-чизувни билмас эди ва бу каби ахборотларнинг ҳаммасини ёддан билиши, йўл бўйи учрайдиган нарсаларнинг зарар-фойдасини фарқ қила олиши жоиз эди. Ана шундагина ишда тартиб бўлади, энг муҳими ҳамма учун мажбурий темир интизом бўлмоғи керак. Акс ҳолда муваффақият ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Чингизхон талабчанликнинг сусайишига ҳам ҳеч йўл қўймас эди, унинг бош мақсадига, яъни Европани босиб олишга ҳеч ким ва ҳеч нарса халақит бермаслиги шарт эди. Худди ана шу пайтда Чингизхон ўзининг янги режасини жорий қилди — Ҳарбийларга фуқаролар аралаш қўшинларида бола туғилишини тақиқлаш тўғрисида фармон берди. Гап шундаки, жанговар суворийларнинг хотинлари билан ёш болалари одатда оилавий араваларда қўшинларнинг кетидан эргашиб бораверишар эди. Бу анъана қадим-қадимларда ҳаёт тақазоси ила расм бўлган эди — нега деганда сон-саноқсиз ички низолар пайтида душманлар кўпгина ҳолларда ватанда ҳимоясиз қолдирилган хотинлар билан болаларни қириб бир-бирларидан ўч олишар эди. Бунда қабиланинг илдизига болта уриш учун биринчи навбатда ҳомиладор аёлларни қириб ташлашарди. Лекин вақт ўтиши билан ҳаётда ўзгаришлар бўлди. Олдинлари бир-бирларига доимо душманлик қилиб келган қабилалар Чингизхон ҳукмронлиги даврида тобора кўпроқ муросаи мадора қилиб буюк давлат паноҳида бирлашиб кетишди. Буюк хоқон ёшлик пайтида, ҳали Чингизхон эмас, Темучин деб аталган даврларда қўшни қабилалар билан кўп марталаб жанг қилган, бошқаларга қаҳрини ўтказган, ўзгалардан ҳам азият чеккан, ана шундай ҳужумлардан бирида меркит қабиласи вакиллари ҳужум қилиб Чингизхоннинг суюкли хотини Бортени ўғирлаб ўз ҳокимига совға қилишади. Чингизхон ҳокимият тепасига келгач ўзаро низоларга шафқатсизлик билан барҳам бера бошлайди. Бундай низолар мамлакатни бошқаришга халақит берар, давлатнинг куч-қудратига путур етказар эди. Йиллар ўтди ва қўшинларнинг карвонлардаги оилавий ҳаёт шаклига аста-секин эҳтиёж қолмади. Чунки карвонлардаги оилалар черик учун ортиқча ташвиш бўлиб, кенг миқёсдаги ҳарбий ҳаракатларни чаққонлик ва эпчиллик билан ўтказишда, айниқса ҳужум пайтларида ва сувларни кечиб ўтиш кезларида тўсқинлик қилиб қолди. Ана шуни ҳисобга олиб, ҳокими мутлақ қўшин ортида карвонларда кетаётган аёлларга Ғарбга қилинган юриш зафар билан тугагунча туғиш, болали бўлиш қатъий тақиқланди. Бу фармон юриш бошланишидан олдин эълон қилинди. Ўшанда у шундай деган эди: — Ғарбий мамлакатларни забт этайлик, отларга дам берайлик, шундай кейин карвонларда юрган аёллар хоҳлаганича туғаверишсин. Ўшанга қадарли менинг қулоғим арава ёки кажавадаги аёл туғиб қўйди деган сўзни эшитмасин. Чингизхон ҳарбий ғалабаларни деб ҳаётга ва Худога шак келтириб, табиат қонунларини ҳам рад этди. Ахир ҳомиладорлик худо амри билан бўлади-ку! Фуқаролардан бўлсин, ҳарбийлардан бўлсин бирон жон бу бедодликка қарши чиқолмади ва ҳатто буни хаёлига ҳам келтира олмади. Бу даврга келиб Чингизхоннинг салтанати шу қадар қудратли марказлашган бир кучга эга эдики, бола туғишни тақиқлаш ҳақидаги фармон ҳар қанча ғайриқонуний бўлмасин, ҳамманинг уни сўзсиз бажаришдан бошқа иложи қолмаган эди, акс ҳолда жазоси муҳаққақ эди... Мана ўн етти кундирки, Чингизхон Ғарбга томон юриш қилиб борар экан, ўзида йўқ мамнун, кайфи чоғ. Бундай қараганда, буюк хоқон ўзини ҳар доимгидек тутяпти, улуғ зотларга хос бир сирли — дам олаётган шунқордай жиддий, бепарво. Аслида унинг ички дунёсида байрам: дили завқ-шавққа тўла, қўшиқ хиргойи қилиб бораётир, ҳатто шеър тўқиб юборди: Қор &сада, ёмғир &са-да, Довул туриб, сел келса-да, Қўрчиларим, сергак туриб тун бўййи, Кўз узмасдан қўриййсиз менинг уййимни. Улуғ ййўлда бораётиб, Раҳмат аййтайй қўрчиларим. Ўтирғизиб, тахтга мени сиз ўзингиз, Сиз ўзингиз. Ўз ўрдамда юрт сўраб турганимда, Ё жанг сари қуюндек юрганимда, Мени асраб қўрчиларим. Мендан кўз узмаййсизлар. Шунинг учун кўнглим тинчдир, Хавфим ййўқ. Бораётиб улуғ ййўлда Раҳмат аййтайй қўрчиларим. Кун-тун демайй шайй турган ййўлбарсларим. Сизлар борки, мен ишониб тоққа қўндим. Ичи қора, ўййи нопоклар Тунга ёпиниб, ёййини тезлаб Келар экан сир билдирмайй. ЙЙўл тўсиб Роса беринг улар жазосин. Улуғ ййўлда бораётиб Раҳмат аййтайй қўрчиларимга. Чингизхон бу шеърни бировларга ўқиб берса ярашмас эди — қамчисидан қон томган ҳокими ҳуккомнинг шоирлик қилишини тасаввур этиш амри маҳол. Лекин тун демай, кун демай от устида юриш ўзи бўлмайди, чарчоқ, зерикишга ҳай бериш, юракни ёзадиган, кўнгилни очадиган нималардир қилиш керак-ку! Қўшиқ битса битибди-да! Чингизхон дилидаги тантананинг бош сабаби бошқа — мана ўн етти кундирки, унинг тепасида оқ булут сузиб юрибди — хон қаёққа борса булут шу ёққа боради. Фолбиннинг айтгани тўғри чиқди. Етти ухлаб тушга кирмайди бу. Ўша дарвеш соҳибкароматни амирулдаштга катта ҳурматсизлик қилганликда айблаб қатл эттириш ҳеч гап эмас эди. Лекин дайди фолбин омон қолди. Демак, қисмат шундай. Ғарбга юриш бошланган биринчи куниёқ барча қўшинлар, карвонлар, от-уловлар, сўйишга мўлжалланган сувай моллар теварак-атрофда селдай оқиб бораётган бир пайтда Чингизхон туш пайтида чарчаган отини йўл-йўлакай алмаштираётиб кўкка боқар экан, ўзининг қоқ тепасида оҳиста сузиб кетаётган, эҳтимол, бир жойда турган кичикроқ булутга кўзи тушди, лекин аҳамият бермади: осмонда нима кўп — булут кўп. Соқчилару ясовуллар қуршовида кетаёттан хоқон хаёлга чўмганча от устида ўтирар экан, бургут нигоҳи билан кўп минглик итоаткор қўшинларини кузатиб кетаётир, Ғарбга селдай ёпирилиб бораётган жангчилардан ҳар бири қўйиб берса худди шу хоқонникига ўхшаган ҳокимиятга эришсам деган кишилар бўлса ҳам Чингизхоннинг буйруғини ижро этишга келганда от тизгинини ушлаб кетаётган қўлининг бармоқлари каби итоаткор эди. Чингизхон осмонга қараб яна ўша булутни кўрди, лекин бу сафар ҳам аҳамият бермади. Мил-мил қўшинлар билан дунёни босиб олиш фикри ила банд жаҳонгирнинг тепасида ортидан эргашиб бораётган булут ҳақида ўйлашга вақти йўқ. Кўкдаги булут билан ердаги ҳукмфармо ўртасида қандай алоқа бўлиши мумкин? Юришда кетаётганларнинг биронтаси ҳам булутни пайқамади, унга ҳеч ким аҳамият бермади. Ўша куни мўъжиза рўй берганини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмади. Икки кўзи тизгинда-ю оёқ остида бўлган жангчиларга кўкда пишириб қўйибдими. Тумонат қўшин бир маромда шахт билан олға босар экан, гоҳ пастликка тушар, гоҳ эса тепаликка кўтарилар, отларнинг туёқларидан, араваларнинг ғилдиракларидан кўкка чанг-тўзон ўрлар эди, дала-дашт ҳеч нарса бўлмагандай доимгидай кенг ястаниб ётарди. Бу мислсиз юриш, селдай оқиш хоннинг васвасаси ва иродаси билан бўлаётир, ўн мингларча киши ўзининг шуҳратига шуҳрат, ҳокимиятига ҳокимият, ерларига ер қўшиш орзуси билан нафас оладиган буюк хоқоннинг буйруғию рағбати ила жон деб олға бостириб кетаётир. Чериклар шу юришда куннинг кеч бўлганини ҳам сезмай қолишди. Қоронғи тушди деганча тўхтаб туналади, саҳарда яна йўлга тушилади. Хон ва унинг аъёнларининг тунаши учун олдиндан шоҳона ўтовлар тикилган. Бу ўтовлар узоқ-узоқлардан оппоқ гумбазларга ўхшаб кўзга ташланади. Оқ ўтовларнинг ўртасида ҳаммадан улкан, ҳаммадан тантанавор ўтов юксалиб турибди; ана шу хон ўтовининг ёнида чўғдай қизил ҳошияли қора шойи байроқ шамолда ҳилпирайди; туғнинг ўртасида оғзидан олов пуркаб турган аждаҳо ранг-баранг ипак ва зар билан тикилган. Қовоғидан қор ёққан паҳлавон қоровуллар хонни интизорлик билан кутишмоқда. Хон кўнгли суйган кишилар даврасида овқатланади, шундан сўнг Чингизхон саркардалари билан бугунги юриш натижаларини ва эртанги иш режаларини маслаҳатлашиб олади. Юришнинг бошланиши чакки эмас, демак саркардалар билан улфатчилик қилиб, уларнинг сўзларини эшитса, ўзи ҳам кўнглидагини айтиб олса ёмон бўлмас эди; хоқоннинг ҳар бир сўзи қонун, фармон; хон гапираётганда уни ҳамма ва ҳар бир киши жон қулоғи билан эшитмоғи зарур, чунки бу сўзлар бутун Рубъи маскунга қаратилган, тезда етти иқлим унинг сўзларига ғинг демасдан қулоқ осажак, буюк ҳарбий юришдан мурод ҳам шу — Ҳаммага ўз сўзини ўтказишдир. Ахир сўз — бу абадий куч-ку! Лекин ўша куни улфатчилик қолдирилди. Бирдан хоннинг юрагида ғашлик пайдо бўлди, хоннинг сиркаси сув кўтармай қолди. Бунинг сабабини хондан бошқа ҳеч ким билмас эди. Қўниш жойига яқинлашганда Чингизхон ўз тепасидаги булутга яна бир — учинчи марта назар ташламоқчи бўлди. Осмонга қаради дегунча юраги «шув» этиб кетди. Булутдан дарак йўқ. Бу яхшиликнинг нишонаси эмас эди. Бир зумда унинг эти жунжикиб, кўзи қоронғилашиб, боши айланди, у зўрға отининг ёлини ушлаб қолди. Умрида бунақаси бўлган эмас, чунки дунёнинг пойдор негизи бўлган ва Тангри яшаш ва ҳокимлик қилиш учун ато этган Ердаги мавжудотлардан биронтаси уни кутилмаганда ҳайратдан оғзи очилиб қоладиган даражада эсанкиратиб қўйган эмас; кўрмагани қолдими унинг, дунёдаги бирон ҳодиса уни лол қолдира олмаган, қон кечавериб, иссиқдан эриб, совуқдан тўнгавериб дийдаси қотиб кетган жаҳонгир бўлар-бўлмасга хурсанд ҳам, хафа ҳам бўлавермайди. Умрида бирон марта ҳам хонлик шаънига доғ туширмаган жаҳонгир отининг ёлидан ушлаб қолган заифаларга ўхшаб қўрқиб кетди. Бунақаси бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмас, унинг ёшлигиданоқ дийдаси қотиб кетган, у болаликдан, сув бўйида ўйнаб юрганда балиқ талашиб бир онадан туғилган иниси Бектерни ўқ ёй билан отиб ташлаган кездан бошлабоқ (ўшанда балиқ учун эмас, балки икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас деганларидек, куни келиб менга рақиб бўлмасин деб гўдаклик чоғидаёқ инисининг қонига зомин бўлган эди), ҳаётнинг сир-асрорини билишнинг энг тўғри, хатосиз йўли куч ишлатиш эканлигини билиб олди. Кучга бўйсунмайдиган, бош эгмайдиган нарса йўқ бу дунёсида — тош бўлсин, олов бўлсин, сув бўлсин, дарахт, ҳайвон ёки парранда бўлсин, ҳамма-ҳаммаси бўйсунади, осий банда ҳақидаку сўз бўлиши мумкин эмас. Куч-қудрат шиддатидан тиз чўкмайдиган, сўнмайдиган, барбод бўлмайдиган ҳеч нарса йўқ эканлигини билиб олди. Бир куч иккинчи кучни енгганда, ажойибот ўрнини нотавонлик, гўзаллик ўрнини аянчлилик олади, шундан чиқадиган хулоса — шу поймол қилинганларнинг ҳаммаси ҳурматга сазовор эмас, тиз чўкадиганларнинг бари эса мурувватга лойиқдир, бунда мурувват қилувчининг марҳамати ўлчов вазифасини бажаради. Дунё ана шундай қурилган... Одамзотнинг ҳокимияти, кучи етмайдиган бир нарса бор — у ҳам бўлса Кўк-Тангридир. Ҳимолайлик дарвеш уламолар Тангри Абадийлик ва Чексизлик тимсолидир дейишади. Кўк, сирли Тангригина хоқон ҳокимиятига мутеъ эмас, унга боқим эмас. Тангри олдида унинг ўзи сон-саноқсиз махлуқлардан бири — Тангрига қарши на қўл кўтара олади ва на юриш қила олади ва уни қўрқитиб ҳуркита билади. Шунинг учун ердагиларнинг тақдирини, ҳимолайлик дарвеш уламолар тили билан айтганда — дунёларнинг ҳаракатини бошқариб турадиган Кўк-Тангрига тоат-ибодат қилиш, сажда қилишдан бошқа илож йўқ. Шунинг учун ҳам у ўзга барча бандалар қатори Тангрига ялиниб-ёлвориб сиғинганда ва жонлик сўйиб қурбонлик қилганда Тангридан марҳамат этишини ва ўз паноҳида асрашини, одамлар устидан қаттиққўллик билан ҳукмронлик қилишда ёрдам беришини илтижо этади. Дарбадар донишмандлар айтгани каби, Коинотда ой остида оламлар сон-саноқсиз бўлса, Кўк-Тангри Ер юзини бошдан-оёқ Чингизхонга, унинг авлодлари ихтиёрига топшириб қўя қолса хазинаси камаярмиди ёки Чингизхондан ҳам қудратли, ундан ҳам муносиб Тангрининг бандаси бормикин? Йўқ, бутун Рубъи маскунни идора қила оладиган, ундан кучли одамни ҳали онаси туғмаган. У хуфия ниятлар қилганда Тангри Таолодан шу вақтгача ҳеч ким журъат этмаган нарсани — барча халқлар устидан ҳокими мутлақликни сўрашга айрича ҳуқуққа эга эканлигига ўзида тобора кўпроқ ишонч сеза бошлади — ахир кимдир биров якка ҳоким бўлиши керак-ку? Демак бошқаларни куч ишлатиб бўйсундира оладиган кишигина ҳукмрон бўлишга ҳақлидир. Тангри чексиз марҳамат кўрсатиб унинг бошқа бировларнинг ерларини босиб олишига, шу йўл билан давлатининг куч-қудратини орттиришга монелик қилмади ва у борган сайин Тангрининг севган қули эканлигига, Тангрининг одамлар билмайдиган кучлари унга кўмак бераётганлигига кўпроқ ишонч ҳосил қилди. Ҳаммасига уннаб кўрди. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қилди, ахир у қилич ялонғочлаб ўт қўйиб ўтган барча ўлкаларда жабрланганлар хоқонни нималар деб қарғамади дейсиз, лекин бу қарғишлардан биронтаси унга пашша чаққанча ҳам таъсир этмади, аксинча жаҳонгирнинг шон-шуҳрати ва куч-қудрати ортгандан ортиб бораверди: жабр-дийдаларнинг оҳ-фиғонлари ва лаънатлари Кўкка етмади. Шундай бўлса ҳам баъзан қилган ишларидан пушаймонга тушиб, Тангрининг қаҳрига йўлиқмадиммикин, Кўкнинг ғазаби келмадимикин деган шубҳа дилини кемирган пайтлар ҳам бўлган. Бундай ҳолларда буюк хоқон бир пас тахтадай қотиб қолар, ўзини койиб, тобеларга бир оз нафасини ростлаб олишга имкон берар ва Тангрининг адолатли маломатини қабул этар, ҳатто товба-тазарру ҳам қилар эди. Бироқ Тангрининг қаҳридан, норозилигидан ном-нишон йўқ — унинг лутфикарамидан хон ҳамон баҳраманд. Шунга ақли етгач, ошиғи олчи қиморбозга ўхшаб таваккал йўлини тутиб илоҳий адолатга қарши, Тангрининг жиғига тегадиган ишлар қила бошлади. Шунда ҳам барибир Тангрининг ғазабидан дарак бўлмади. Шундан сўнг у мен энди билган номаъқулчиликларимни қилсам бўлаверар экан деган хулосага келди. Ва орадан йиллар ўтди, энди у ўзини Тангрининг суйган бандаси эканман, Тангри Таолонинг фарзанди эканман деган қатъий ишончга келди. Бундай ишонч хоқонда ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ — фақат чўпчаклардагина шундай бўлиши мумкин; гуркираган тўй-томошаларда бахшилар отга миниб олиб оломонга қараб хоқонни кўкка кўтариб мадҳиялар айтганлари, уни Тангрининг фарзанди деб атаганлари, халойиқ завқ-шавқ билан қўлларини дуога кўтариб ҳамду сано ўқиганлари ҳисобга кирмайди, буларнинг ҳаммаси хушомадгўйликдан бошқа нарса эмас эди. Бунда у ўз тажрибасидан шундай хулосага келди. У Кўк-Тангрининг фикр-зикрларига лаббай деб жавоб берганидан Тангри Таоло унинг барча ишларига ҳомийлик қилади, бошқача айтганда, у Тангри Таолонинг ердаги халифаси, ноибидир. Кўк эса хоқон каби фақат куч-қудратни, нуқул куч ишлатишни, фақат куч-қудрат эгасини тан олади; у ўзини ана шундай деб билар эди. Асрлар оша овчилик ва мол боқиш билан шуғулланиб келган қиёт қабиласининг қашшоқлашиб қолган кичик уруғларидан чиққан етим боланинг осмонга шахт билан парвоз қилган шунқор каби дунёни ғулғулага солган фавқулодда шуҳрат қозонишини, жаҳонгирликка эришишини бундан бошқача яна қандай тушунтирса бўлади? Тарихда мисли кўрилмаган улкан ҳокимият қанақа қилиб қўлга киритилди — ноиложликда қолган нотавон етимча нари борса шоввоз от ўғриси бўлиб етишиши мумкин эди (аслида у ишни от ўғирлашдан бошлаган). Фолбинликнинг кераги йўқ — Тангрининг қудрати бўлмаса, бир оти икки бўлмаган Темучин оғзидан олов пуркаб турган аждаҳолар тасвири зарҳал билан тикилган байроқ кўтармаган, ҳеч қачон Чингизхон номини олмаган ва Олтин ўтовда тахтда ўтирмаган бўлур эди. Бунга яна бир далил шуки, Осиё хоқонига Тангри илтифот кўрсатганининг рад этиб бўлмайдиган исботи кўз ўнгимизда турибди. Мана кўкка боқинг — чиройли оқ булут сузиб юрибди, буни ўз ҳаётини таҳлика остига қўйиб, дарвеш фолбин айтиб берган эди. Мана унинг сўзлари тўғри чиқди. Оқ булут — Тангри фарзандига Кўкнинг туҳфаси, унинг марҳамати ва инояти, келажакда буюк зафарлар нишонаси эди. Юриш қилиб кетаётган кўп минг кишидан биронтаси бундай мўъжиза рўй беришини хаёлига ҳам келтирмас, осмонда билинар-билинмас кезиб юрган оқ булутга қараб ҳам қўймас, булут қаёқдан ва нима учун пайдо бўлгани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмас эди. Кўкда шамол ҳайдаб юрган булутларни ҳисоб-китоб қилиш ақлданми?.. Фақат дашти биёбонда қўшинларини янги ерларни забт қилиш учун бошлаб кетаётган буюк хоқонгина ана шу кичкина оқ булутда сир борини сезиб, ақл бовар қилмас хаёлларга чўмди ва бундай мислсиз ҳодисанинг бўлишига бир ишонса, бир ишонмади. Хоқон ўйлаб қолди — булут устида олиб борган кузатишлари ва фикр-хаёлларини бошқаларга айтсаммикин-айтмасамикин? Бордию у дили очилиб, сирни бировларга айтиб берса-да, булут кўз очиб юмгунча йўқолиб қолса-чи? Одамлар уни ақлдан озибди дейишмасмикин? Шундан сўнг у яна ўзини қўлга олди ва бу булут оддий булут эмас, у ўз-ўзидан йўқолиб қолмайди, у Тангри томонидан нозил қилинган нишонадир деб ишонч ҳосил қилди-ю, қувончга тўлди, ўзини қанот боғлагандай сезди, келажакдан башорат қила олишига, Ғарбга қилинган юришининг зафарли якунига ишонди ва дунёвий салтанат барпо этиш йўлидаги орзусини қўлига қилич олиб, амалга оширажагига янада кўпроқ умид боғлай бошлади. У ана шу ниятлар билан олға қараб борар эди. Ҳозир қўлга киритилган ерлар унга кам кўринар эди. Яна бошқа ўлкаларни забт этиш, бойиш керак... Кунлар шу зайлда ўта борди. Оқ булут бўлса осмонда машҳур самани Хуба йўрғасида кетаётган Чингизхоннинг кўз ўнгида билинар-билинмас сузиб бораверди. Отининг ёли оқ, думи қора. У дунёга шундай келган. Синчиларнинг гапларига қараганда, бахт юлдузи остида минг йилда битта ана шундай от туғилар экан. Бу от пойга учун эмас, балки салт миниш учун чарчаш нима эканини билмайдиган тенгсиз улов эди. Хуба йўрға эди, у йўрғалаганда ернинг иссиқ тафтини оладиган жала каби бир маромда тўхтовсиз оқиб кетаверади. Агар юган-сувлиғи бўлмаса эди, бундай от тўхтовсиз чопавериб иссиқлаб ўлган, ёғиб ўтган ёмғир каби бир томчиси ҳам қолмай ерга сингиб кетган бўлур эди. Қадим замонда бир қўшиқчи айтган экан: бундай от минган одам ўзини абадий ўлмайдигандай сезади... Чингизхон мамнун, бахтли эди. У кучига куч қўшилгандай, худди чарчамас йўрғаси каби ҳаракат қилгиси, марра сари учиб кетгиси келар эди, у гўё ўзини чарчамас йўрға саманидай ҳис қилар, худди бир текисда чопиб кетаётгандай, учиб бораётган отининг жўшган қони ва жони билан қўшилиб кетгандай сезар эди ўзини. Ҳа, чавандоз ҳам, от ҳам бир-бирига монанд эди,— кучи кучига тенг эди. Шунинг учун чавандоз отга қўндириб қўйилган шунқорни эслатар эди. Эгарда маҳкам ўтириб олган чорпахил буғдойранг суворий оёқларининг учи билан узангига босиб, виқор ва ишонч билан олға борар эди. У отга тахтда ўтиргандай миниб олган эди — бошини баланд кўтариб тик ўтирар, яноқлари туртиб чиққан, юзи ва пўстакнинг тешигидай кўзларида меҳр-шафқатдан нишона йўқ эди. Ундан беадад қўшинни шон-шуҳрат ва ғалаба сари элтаётган буюк жаҳонгирга хос куч ва ирода анқиб турар эди... Чингизхонни руҳлантиришга ўзгача сабаб бўлган нарса унинг тепасида тимсол каби, буюк салоҳият тожи каби порлаб оқ булут сузиб борар эди. Шу маънода ҳамма нарса бир-бирига мутаносиб эди. Булут... Кўк... Олдинда эса қўшин ҳаракатига бош бўлгандай байроқ ҳилпираб кетаётир — Чингизхон қаерда бўлса, байроқ ҳам ўша ерда. Байроқни уч киши олиб бормоқда — бу вазифа учта девдай йигитга топширилган. Учаласи ҳам юлдузни кўзлайдиган бир хил қора от миниб олишган. Гртадаги туғбардор байроқ ўрнатилган таёқни ушлаб боради, икки ёнидагилар қўлидаги найзаси билан туғни ўрта белидан тутиб туради. Ипак ва зар билан тикилган қора туғ байроқ хоқоннинг йўлини мунаввар қилгандай, шамолда ҳилпирар, оғзидан қизил олов пуркаб турган аждаҳо худди тирикка ўхшарди. Аждаҳо сакраётган ҳолда тасвирланган, жаҳли чиққанида бўртиб турган, туяникига ўхшаш ўткир кўзлари байроқ билан бирга чайқалиб, чиндан ҳам тирикка ўхшарди. Ҳориш-чарчаш нима эканини билмайдиган хоқон эгарда ўтириб эрталабдан қўшинга қўмондонлик қилиб борди. Турли томондан унга нўёнлар чопиб келиб хабарлар келтиришар, ўша заҳоти кўрсатма олгач, кетиб бораётган қўшиндан яна ўз ўрнини топиб олишар эди. Қиш арафасидаги ёмғирлар ва лойгарчилик бошланмасдан буюк юриш йўлидаги энг катта тўсиқ — азим Идил дарёси соҳилига етиб олиш учун шошилиш керак эди, шу ерда совуқ тушгандан кейин муз устидан ўтиб ғарбни забт этиш учун яна олдинга қараб юриш мўлжалланган. Юриш оқшом чўккунча давом этди. Яланг дашт кечга қурун янада бепоёнлик касб этди. Бу эса дунёнинг беададлигидан нишона эди. Ғира-шира бошланмасдан дашт ботиб бораётган қуёшнинг қизғиш нурида тағинда чексиз, янада ҳадсиздай туюлди. Қизариб ботаётган ва ярми уфқ ортига яширинган қуёшдан ёғду олган бийдай даштда сон-саноқсиз лашкар, минглаб отлиқлар, ҳар бир қўшин ўзининг чеки-йўлини билиб олға қараб борар экан, ботиб бораётган қуёш кетидан забт билан қувиб кетаётганга ўхшар, бу ҳол узоқдан қараганда қорамтир сув зарраларию буғ пуркаётган тошқин мавжларини эслатар эди. Қўшин тунаш учун қўним олгандагина отлар-у суворийларга дам берилади. Лекин тонг саҳарданоқ ҳўкиз терисидан қилинган улкан довуллар-дўллар тилга киради, тин олаётган лашкарни яна юришга чорлайди. Ширин уйқуда ётган ўн мингларча кишини уйғотишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун лашкарлар қўнган барча манзил ҳамда қароргоҳларда довуллар қулоқни қоматга келтириб ҳамма тургунча тинмайди. Хоқон аллақачон оёққа турган. У ҳаммадан олдин уйғонган, кузнинг ҳиди анқиб турган нурли саҳарданоқ хон ўтови ёнида ўйга толиб юрар экан, кечаси тиним бермаган ўй-фикрларини тафаккур тегирмонидан ўтказар, қўшинларга кўрсатмалар берар, ёв-қурларни отларга ва араваларга ундаётган довулларнинг шовқинига қулоқ солишга ҳам вақт топар эди. Яна бир янги кун бошланди, яна одамларнинг қий-чуви, отларнинг дупурию араваларнинг ғичир-ғичири авжига чиқиб, тунда узилиб қолган юриш яна янгисига уланиб кетди. Довулларнинг даранг-дурунги ҳамон тинмас эди. Довуллар жангчиларни уйғотиш учунгина дунёни бошига кўтариб шовқин солаётгани йўқ, бунда бошқа бир муҳим сир ҳам бор: Чингизхон буюк юришда ўзи билан бирга қадам ташлаётган ҳар бир сипоҳни довул овозлари ёрдамида олға чорлайди, бу талабчан ва қадди букилмас ҳокими мутлақнинг довул овози таъсирида ёпуғлик эшикка бостириб киргандай эндигина уйғониб келаётганларнинг онгига биринчи бўлиб кириб бориш усули эди, шунда аскар жаҳонгирнинг кучи ва эрки билан мажбур қилинган ўй-фикрлардан ўзга хаёлот оламида сайр қилиш имконидан маҳрум этилади, нимага деганда инсон тушида ўз эркига ҳам, бошқалар эркига ҳам бўйин эгмайди, туш шундай ярамас, беҳуда, хатарли эркинликки, уйғонган заҳоти бу эркинликдан воз кечмоқ, уйқудан турганларни қўполлик қилиб бўлса ҳам олдинги ҳолига, ўнгига — хизматига, сўзсиз итоаткорликка, саъй ҳаракатга қайтармоқ жоиз. Довулларнинг буқа бўкиргандай теварак-атрофни ларзага солган шовқинини эшитганда ҳар сафар Чингизхон бадани жимирлаб кўҳна бир воқеани эслайди: ўсмирлик пайтида ёнгинасида иккита буқа туёқлари билан чанг-тўзон кўтариб, даҳшат солиб бўкирар ва бир-бирларини сузиб жон-жаҳди билан беллашар эди, буқаларнинг бўкиришига маҳлиё бўлиб қолганидан қўлига ўқ-ёй олиб нарироқда уйқусираб ўтирган Бектер исмли укасини отиб қўйганини билмай қолди, бундан сал олдинроқ у дарёдан тутиб олган балиқчани талашиб Бектер билан жанжаллашиб қолган эди-да. Бектер дод солиб бақирди, ўрнидан сакраб турди-да, яна ағанаб тушиб, қонга беланди. Темучин эса (Ҳа, ўша пайтларда у бор-йўғи Темучин эди, ёшлигида ўлиб кетган Есугай баҳодирнинг етимчаси эди), қўрқиб кетганидан ўтов ёнида ётган довулни елкасига қўйди-да тоққа чиқиб кетди. У тоғда довулни бир маромда уриб ўтираверди, унинг онаси Аголен эса пастда фарёд солганча сочини юлиб ўз жигаргўшасини ўлдириб қўйган ўғлини тинимсиз қарғар эди. Шундан сўнг одамлар йиғилиб унга мушт ўқталиб нималардир деб томоқларини йиртар эдилар. Темучин бўлса, тўхтовсиз довулини чалар, ҳеч нарсани эшитмас эди. Нима учундир унинг олдига ҳеч ким чиқиб бормади. У тонг отгунча тоғ тепасида довул чалиб ўтирди... Юзларча довулларнинг гумбурлаган овози эндиликда унинг жанговар хитоби, ғазабнок ҳайқириғи, жасорат ҳамда қаҳрининг аломати, у билан бирга юриш қилаётганларнинг ҳамма-ҳаммасига хабари эди — қулоқ осинглар, оёққа туринглар, мақсадга эришиш ва дунёни забт этиш учун йўлга чиқинглар дегани эди. Улар то охирига қадарли унга эргашиб боришади — ахир, қаердадир уфқнинг, ернинг чегараси, ниҳояси бўлиши керак-ку — Ҳамма одамлар ва кўз-қулоқли барча махлуқлар ич-ичидан сесканиб бўлса ҳам довулларга қулоқ солади. Ва ҳатто кичкинагина оқ булут ҳам яқиндан буён хоқоннинг ботиний ўй-хаёлларининг ажралмас шоҳиди ўлароқ довулларнинг саҳарги наърасига жўр бўлгандай тепада оҳиста сузиб юрибди. Оғзидан олов пуркаб турган аждаҳо расми зар билан тикилган хоқон туғи шамолда ҳилпирайди. Мана, аждаҳо байроқда жонланиб оғзидан қизил ёлқин чиқариб чопиб кетаётир. Ўша кунлари тонг пайтлари ўта кўнгилли бўлди. Чингизхон кечаси ҳам уйқу олдидан қўшинларни кўздан кечириш учун айланиб юрарди. Қаерга қарамасин, чўлнинг у ер-бу ерида ёқилган гулханларга кўзи тушар эди. Жангчилар қўнган манзиллар, от-аравалар тўхтаб турган майдонлар ва йилқибоқарлар дам олаётган сайхонликлар устида оқиш тутун сузиб юрар эди, шу пайтда ҳамма шўрва билан гўштга тўйиб терлаб ўтиришган эди. Сўйилган молларнинг ичак-чавоқлари ва ейишга яроқсиз бошқачиқиндилари, шунингдек, қозонларда қайнатиб пиширилган гўштларнинг тотли ҳидлари даштлардаги оч жониворларни ўзига жалб қилган. Дашт даррандалари очликка бардош беролмасдан ғингшиб увиллашар, дам олиб ётган қўшиннинг атрофидан узоққа кетишолмас эди. |
Адабиётшунослик
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада?Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва... |
Абдурауф Фитрат. Аҳмад Яссавий (1927)Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлу... |
СюжетСюжет (фр. sujet — предмет) — адабиёт, драматургия, театр, кино... |
Она фидоийлиги ҳақида бир асарXIX аср охири ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг бир қисмини... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |