Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»«Атойи шеърининг лутфини билса...»
Facebook
«Атойи шеърининг лутфини билса...» PDF Босма E-mail

Шоирлар борки, девонларини биров билмайди, шоирлар борки, бир байт шеъри билан машҳур бўлиб кетади. Бундай байтларни мумтоз адабиётшуносликда «шоҳбайт» дейишади. Атойининг қуйидаги байти шоирнинг шуҳратини элга ёйган «шоҳбайт»лар сирасига киради:

Ул санамким, сув яқосинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур.

Алишер Навоийгача ўтган туркий адабиётнинг забардаст намояндаларидан бири, ўзбек ғазалчилиги устозларидан бўлган Атойи XIV асрнинг иккинчи ярми — XV асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод қилган. Яссавия шайхлари авлодидан бўлганлиги учун Шайхзода Атойи деб юритилади. У бир-икки авлод орқали бевосита «Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи» Хожа Аҳмад Яссавийга бориб боғланади. Шоирнинг таржимаи ҳоли ҳақида деярли маълумот йўқ: унинг қачон ва қаерда туғилгани, қайси шаҳарларда қанча муддат яшагани ҳамда асл исми номаълум. Мавлоно Атойидан бизгача 260 та ғазалдан иборат ягона девон етиб келган бўлиб, у ҳозирда Санкт-Петербургдаги Шарқшунослик институтининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида 22 В-2456 рақами билан сақланади.
Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида ёзади: «Мавлоно Атойи Балхда бўлур эрди. Исмоил ато фарзандларидиндур, дарвешваш ва хушхулқ, мунбасит киши эрди. Туркигўй эрди. Ўз замонида шеъри атрок орасида кўп шуҳрат тутти... Мавлоно кўп туркона айтур эрди... Қабри Балх навоҳисидадур».«Муҳокамат ул-луғатайн» асарида мамлакат туркий султонлар қўлига ўтган Ҳулогухон ва соҳибқирон Амир Темур қамонидин фарзанди Шоҳрух Мирзо замонининг охиригача майдонга чиққан туркий шоирлар Саккокий, Ҳайдар Хоразмий, Муқимий, Яқиний, Амирий ва Гадоийлар қаторида Атойини ҳам ҳурмат билан тилга олади. «Ўқ ва ёй» мунозарасида Яқиний ҳам Атойининг бир байтини мисол қилиб келтиради.
Атойи девонини топиб, уни кенг жамотчиликка маълум қилган олим таниқли шарқшунос А.Н. Самойлович ҳисобланади. У 1927 йили бу ҳакда «XV асрдаги Чиғатой шоири Атойи» номли мақола ёзиб, шоирнинг 17 та ғазалини эълон қилади. Шундан кейин шоир ижоди-га қизиқиш кучайиб кетади. Абдурауф Фитрат, Ғафур Ғулом, Ҳоди Зариф, Эргаш Рустамов, Ойбек, Натан Маллаев, Эркин Аҳмадхўжаев, Абдуқодир Ҳайитметов, Суйима Ғаниева, Иброҳим Ҳаққул, Сайфиддин Рафиддин каби олимлар шоир ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилиш ҳамда асарларини нашр этишга ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг ёзишича, Атойи «шимолий Туркистон (Чимкент, Сайрам, Туркистон, Иқон, Ўтрор)нинг қайси бир еридадир туғилиб, кейин маърифат қидириб қадим пойтахтимиз Ҳиротга бориб, шу ерда турғун бўлиб қолган бўлса керак. У Шоҳрух ва Улуғбек даврида яшаган, ижод қилган... Шоирнинг сўзидаги ўта тиниқ ўзбеклик шимолий Туркистон ўзбекларининг шевасини эслатади. Унинг 260 лирик ғазалидан 109 таси аруз вазнларига мос тушадигаи халқ қўшиқлари вазнлари билан ёзилгандир. Асарларига тил томонидан шоир Аҳмад Яссавийнинг кучли таъсири бор»(Ғафур Ғулом. Атоий эмас, Отойи // Асарлар. Ўн жилдлик. 8-жилд. Тошкент, 1976 йил, 272-бет.).
Ҳақиқатан ҳам, шоир шеърияти халқ жонли тилига яқин, содда, лўнда ва тушунарли, ширали ва равон. Халқ оғзаки ижодини яхши билган Атойи шеърларида мақолматалларга кенг ўрин беради, одатий сўзлар ёрдамида оҳорли ташбеҳлар, бежирим тимсоллар яратади. Ҳамма кўриб, лекин ҳеч ким эътибор бермайдиган оддий нарсалар, кундалик воқеалардан фавқулодда гўзал образлар ясайди, теран хулосалар чиқаради. Содда, шунинг баробарида, ақлни ҳайратга соладиган дилбар ўхшатишлар, тушунарли, лекин кишини мафтун этадиган ажойиб тимсоллар шоир шеъриятининг асосини ташкил қилади. Халқ эртаклари, афсоналар таъсирида яратилган «сув қизи» ҳақидаги машҳур ғазалини эсланг:

Ул иликким, сувдин ориқтур, юмас они суда,
Балки сувни пок бўлсун деб илики бирла юр.

«Санамнинг қўллари сувдан-да покиза. У сувда қўлини чаймаяпти, балки пок бўлсин, деб сувни қўллари билан юваётир».
Ёки:

Гар боши кўкка этар, ой бир ҳабаш қулдур санга,
Ҳар киши туймас мунинг, уш юзида билгулари.

Бу байтда ой сенинг бир қора қулингдур, дейиш орқали шоир маъшуқасининг беқиёс гўзаллигию ойнинг юзида эса доғи борлигига киноя қилаяпти.

Ёки:
Чун муқаррардурки, сен ҳусну малоҳат ганжисен,
Айб эмас, гар лутф этиб келсанг бу вайрон кўнглума.

Халқ орасида машҳур «Ганж вайронада бўлади», деган ривоятга ишора қилиб, шоир маъшуқасига айтаяпти: «Сен ҳусну малоҳат ганжи бўлсанг, менинг кўнглим вайронадир. Бас, ганжнинг вайронада бўлиши ҳеч кимни ажаблантирмагани сингари кўксимда ватан тутсанг, бу ҳолни ҳеч ким айб этмайди».
Шоирларнинг ўз фикрларини тасдиқлаш ёки кучайтириш учун шеърларида халқ мақол-маталларига, машҳур ҳикматли сўзларга, эл ичида юрган образли ибораларга мурожаат қилишлари илму бадеъда ирсоли масал санъати деб юритилади. Қуйидаги байтида шоир «Ўтган дам топилмайди» мақолидан ўз бадиий мақсадини ифодалаш учун фойдаланади:

Ғанимат тут жамоли ҳусн даврин,
Масалдурким: «Яна бу дам топилмас».

Баъзан шоирлар бир байтда кетма-кет икки мақол келтирадилар. Бу — ирсол ул-масалайн деб аталади. Атойининг қуйидаги байтида ҳам икки мақол ёнма-ён келтирилган — «Яхшилик қил, сувга сол» ҳамда «Ҳар ким экканини ўради»:

Бўлди бағрим сув ғамингдин, яхшилик қил, сол суға,
Охир, эй гул, хирманин, албатта, ҳар эккон ўрор.

Мумтоз шеъриятда шоирнинг маҳорати унинг бадиий санъатлардан қанчалик маҳорат билан фойдаланишида намоён бўлади. Атойи ғазаллари ҳам шеърий саиъатларга бойлиги билан бадиий баркамоллик касб этади. Чунончи, шоир ҳар лаҳза хаёлинг кўзимдан ўтади, деган фикрни мана бундай гўзал ташбеҳ билан ифодалайди:

Кўзларим дарёсидин ҳар дам хаёлинг кечкали,
Кирпикимнинг хаслариндин боғламишмен солни.

Мазмуни: «Сенинг ҳажрингда менинг кўзларим ёши дарё: хаёлинг бу дарёдан эсон-омон ўтиши учун киприк-ларимдан қайиқ ясабман».
Атойи ижодида ҳусни таълил санъатининг ҳам гўзал намуналарига дуч келамиз. Хусни таълил — чиройли далил келтириш бўлиб, шоирлар ўз фикрларини бадиий гўзал шаклда асослаш учун бу санъатга мурожаат қиладилар. Бунда келтирилган далил ифодаланган фикрнинг ҳақиқий сабаби бўлмай, шоирлар лутф юзасидан уни важъ қилиб кўрсатадилар. Жумладан, Атойи янги ойнинг ҳар ойда бир марта кўринишига унинг маъшуқа қошларидан уялишини сабаб қилиб кўрсатади:

Янги ой қошлари хижолатидин
Ойларда бирор-бирор кўринур.

Мана бу байтда эса сарв ва шамшод дарахтларининг бир ердан қўзғалмаслигини маъшуқа қоматини кўриб, турган ерида ҳайрон бўлиб қолганлиги билап асослайди:

Ҳар бири турғон ерида қолди ҳайрон бандатек
Қоматингдин боғ ичинда сарву ҳам шамшодлар.

Жонсиз нарса-ҳодисаларни жонлантириб, уларга инсонга хос хусусиятларни беришга ташхис санъати дейилади. Қуйидаги байтида Атойи чаманда сенинг жамолинг таърифини келтирган эдим, гул уятдан қизариб кетди, дейди:

Жамолинг васфини қилдим чаманда,
Қизорди гул уёттин анжуманда.

Ёки:
Неча занжир айласам кўнглум уйининг эшикин,
Найлайин қайдин келур зулфунг хаёли бош уруб.

Бу ерда ёр зулфининг хаёли кўнгилни тарк этмаслиги унинг ҳар кеча кўнгил эшигига бош уриб келишига нисбат берилмоқда.
Атойининг бир қатор шеърларида дунёнинг ўткинчилиги, умрнинг югуриклиги, вақтнинг ғаниматлиги хусусидаги фалсафий фикр-мулоҳазаларни кўрамиз:

Бўлма баҳори ҳуснунгга ғарраки, бу хазони умр
Боғи ҳаётга не гуле қўйғуси, не гиёҳ ҳам.

Мазмуни: «Ҳуснингнинг баҳори, яъни гуллаб-яшнаб турганига мағрур бўлмаки, бир куни умр хазони — кузи бостириб келади-ю, ҳаёт боғидаги на гулни қўяди, на баҳорни».
Шарқнинг барча улуғ шоирлари ижодида ўзининг истеъдод даражаси ва шон-шуҳратидан ифтихор қилиб ёзилган шеърлар ва алоҳида байтларга дуч келамиз. Жумладан, Атойи ёзади:

Атойи шеърининг лутфини билса,
«Латофатнома»дин кечгай Хўжандий.

Ёки:
Атойи сўзлари лутфига етмагунча киши,
Камолу зеҳну зарофатни кўрмагантек эди.

Шоир ўз шеърларининг даражасини ҳам, туркий адабиётдаги мавқе-мақомини ҳам яхши англаган ва бундан ҳақли равишда фахрланган. Атойи ғазаллари «кўп туркона» ва халқона эканлиги учун ҳам туркий халқлар орасида шуҳрат тутган ва севиб ўқилган. Лекин у чинакам машҳурлик чўққисига XX асрда чиқди: шоир ҳаёти ва ижоди кўплаб олимлар томонидан тадқиқ қилинди, ғазаллари бир неча марта чоп этилди, ўзбек мумтоз сўз санъатининг забардаст намояндаларидан бири сифатида ўрта мактаб ва олий ўқув юртлари дастурига киритилди. Унинг «Ўлтурур эрди мени ҳижрон хаёлинг бўлмаса», «Гардундин ўтар нолаи зорим кечаларда», «Жоду кўзунгки, бордир анинг фитна қошида», «Боқар оҳулайин ҳар ён ўшал икки қаро кўзлар», «Дилбар фироқида бу кўнгул хастаҳол эрур», «Эй камоли ҳусни Юсуфдин жамолинг ёдгор», «Эй сарви ноз, қайси чаман гулъузорисан?», «Бўюнг нахлеки, рашк элтур басе сарви равон андин», «Жаҳондин телба кўнглумнинг бор эрди хуш табарроси», «Эй сочинг занжирининг ақлу хирад девонаси» мисралари билан бошланадиган ғазаллари миллий қўшиқчилигимизнинг олтин хазинасидан жой олган.
Атойи ва унга замондош шоирларнинг адабиётимиз олдидаги буюк хизматлари ўз ижоди билан ўзбек адабий тилини бирмунча юксалтирганлари ҳамда маданиятимиз осмонида Алишер Навоийдек улуғ сиймонинг пайдо бўлишига замин яратганликлари билан белгиланади.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан