Тошкандга келишнинг йигирманчи кунидан қутидор Марғилонға қайтиш фикрига тушди. Ҳожи ва Отабеклар яна бир неча ҳафта қолишға қистасалар ҳам, бўлмай узр айтди: «Уй ёлғиз, фақат Тўйбека билан Ойша она; ҳоллари нима кечти, нима қўйди маълум эмас. Бошқа тарафдан ўзимнинг савдо ишларим ҳам ўлда-жўлда, шунчалик меҳмон бўлдиқ. Бас, қилған иззат ва икром-ларингиз учун раҳмат», деди. Ҳожининг: «Енди келин болани юбормаймиз-да», деб кулишига — «Маним болам эмас — сизники, у ер ҳам бу ер ҳам ўзининг уйи, жанобингиз нимани мувофиқ кўрсалар, менга ҳам маъқули ўша», деди. Ҳожи бирмунча гап айлантириб, «Ўртадан анови гаплар ўтмаган бўлса эди, албатта бу ерда олиб қолмас, зероки, сизнинг бағрингизни бўш қўйиш инсофдан бўлмас эди. Агар сизга оғир тушмаса юртдаги гап-сўз босилғунча бирар йил Тошкандда тур-син, сўнгра Марғилон борсин, дердим», деди. Қутидорға ҳам бу мулоҳаза жуда маъқул тушиб «бу мулоҳазалари беандоза тўғри, албатта мунда бирар йил туриши лозим ва лобид!» деб жавоб берди. Кумушнинг Тошкандда қолишиға отаси шундай ёвош қаради, бу тўғрида Офтоб ойимнинг фикр ва ризолиғи билан ҳисоблашиш эмас, ҳатто уни кўнглига ҳам келтуриб кўрмади. Ҳолбуки Марғилондан чиқишда Офтоб ойимнинг «Кумушни Тошкандда қолдирмайсиз!» деб қўйған биринчи шартига қайта-қайта қўл қўйғучи шу қутидор эди. Сўзни чўзмоққа ҳожат йўқ: эрларимизнинг Офтоб ойимларға қараши ҳамиша шундан бошқа эмас. Қайтиш хабари Офтоб ойим қулоғиға етишкандан кейин унинг аввалғи учрашиши қизи билан эди. Чунки эрига қарағанда ҳам кўброқ ихтиёрни қизида бўлғанини яхши билар эди. Шу хабарни Ҳасаналидан эшитиши ила тўғри Кумушнинг ёниға кирди: — Кумуш, — деди кулимсираб, — қайтар эмишмиз, даданг айтибтилар. Кумуш қўлида нимадир тикиб ўлтурған эди. Кўзини ишдан олмади: — Қайтсаларингиз, хайр-хўш. Бечора она қизининг лоуболи бу гапидан бўшашиб кетди ва не зайлда ўлтуриб олғанини билмади: — Нима дейсан? Кумуш илжайиб онасиға қараб қўйди, яна ишини тика берди: — Кетсаларингиз хайр-хўш. — Сен-чи? — Мен қоламан. Офтоб ойим тушунолмай қизиға бир неча вақт тики-либ турди. Кумуш унга қарамай нина санчар эди. — Ҳазилингни қўй. — Ҳазилим эмас — чиним. — Уят эмасми? Кумуш кулди: — Нега уят бўлсин? — Қўй-чи! — Қолсам ўз эримники, — деди Кумуш, — бегона эмаски уят бўлса... Офтоб ойим ўт ичида қолғандек тобланди: — Бирав қол, демаса ҳам қолаберасанми? Кумуш ишини ёниға қўйиб энди онасиға қаради: — Аввало бу ерда қолишимға сиздан бошқа ҳеч бир қарши киши йўқ. Зайнаб сизнинг ёнингизға ўтса ҳам, бироқ унинг хоҳишини менга аҳамияти йўқ. — Эсинг ўзингдами, бола? — Ўзимда, — деди кулиб, — ман сизнинг қизингиз Кумуш... Ҳозир Тошкандда ўз эримникида ўлтурибман... — Эрим, деб туққан онангдан кечасанми, юзсиз? — Йўқ, кечмайман, фақат бир неча вақт соғи-нибқина юраман. Офтоб ойим қизининг бу гапини эшитиб йиғлаб юборди: — Онангнинг ўша соғинишқа тоқати йўқ, — деди,— ман сани кундашлик уйга ишонмайман... — Кундашим битта бўлса, дўстларим саккизта. Офтоб ойим кўз ёшисини артди: — Кундаш билан ҳазил ўйнама, қизим. Кумуш гўё Зайнаб устига ҳужум ясайтурғандек ҳурпайди: — Ул кундаш бўлғанда мен кундаш эмасми? — Минг қилғанда ҳам, — деди онаси, — сен чин кундаш бўлолмайсан. — Нимага? — Нимагаки эринг сен тарафда, чин кундашлик ва чин душманлик Зайнаб тарафда. Кумуш кулимсираб онасининг қулоғиға шивирлади: — Бу тўғрида хотиржамъ бўлинг. — Нима учун хотиржамъ бўлай? — Агар Зайнаб манга кундашлик қилаберса, ку-я-вингиз унинг жавобини бермакчи... Шунинг учун ҳам маним бу ерда қолишим маъқул. — Жавобини берса, қайтиб келишлик қочмас... — Ман кетсам, — деди Кумуш, — ҳеч қачон Зайнабка жавоб бермайдир. — Нега бермайдир? — Шунинг учунки қудачангиз келинсиз қоламан деб ораға тушадир, аммо мен шу ерда бўлсам, албатта тилига калтак келадир. Офтоб ойим ҳамон оёғ узатмади, қизиға ялиниб кўрди: — Ёш жонинг бор, қизим, — деди, — биравга ёмонлиқ соғинма, ман билан бирга кет, нима қилишса ўзлук-ўзи қилишсин... Зайнаб ҳам умид билан бир ёстиққа бош қўйған. — Сиз тушунмай ётибсиз, — деди Кумуш ва эшикдан оёғ товшини сезиб гапни шу ерда тўхтатди. Ўзбек ойим сўзланиб кирди: — Нега мунча шошмоқ, ёв қувладими, ақалли бир ой бўлсин... Марғилон деган юртдан от- отлаб, туя қўмлаб кел эмиш-да бир ойғина турмай кет эмиш! — Офтоб ойим билан Кумуш унинг ҳурматига ўринларидан турдилар. Ўзбек ойим ўлтура-ўлтура сўради. — Ҳали эшитдингларми? Ешитдик, — деди Офтоб ойим биз ҳам шунинг можаросида эдик. — Ахир шу ҳам гапми, худда аллакимларга ўхшаб. Офтоб ойим узр айтди: — Уйимиз ёлғиз, шунчалик сизларни озор чекдирдик... Бегона кишиникида ҳам йигирма кун турайлиқ-чи... Худда ўз уйимиздек яйраб-яшнадиқ, шарофатларингиз соясида кўб кишилар билан танишдиқ, иззат-икромларингиз таърифидан ожизмиз... Энди навбат сизларнинг ҳам бизнинг шаҳарларга боришларингизға келди. — Бекор гап, — деди Ўзбек ойим, — ҳали қудаларимизни муддаодагидек сийлай олғанимиз йўқ, шу ҳолда жўнатсақ бизнинг шаънимизга яхши эмас... Мен қудамнинг олдиға чиқаман, бизга номус келтирмакчи бўлса эртага жўнайберсин. Офтоб ойим такрор узр айтди: — Бизни уялтирмоқчи бўлсангиз майли, чиқинг, агар хурсандлигимизга қарасангиз, қўйинг. Кумушингиз ҳам; шунча турғанимиз бас, энди Зайнабни олиб ойимнинг ўзлари бизникига борсинлар, дейди... Кетиш орасиға Кумуш ҳам келтурилиб сиқилғач Ўзбек ойимнинг ҳалиги одамгарчиликлари кейинги навбатка қолди. — Ҳали Кумуш ҳам кетмакчими? Кумуш кулимсираб онасиға қаради. Офтоб ойим узр айтди: — Шукур, сизнинг олдингизда Зайнабниса бор. Маним бўлса қанот-қуйруғим шу Кумуш. Айниқса, Кумушингизга жавоб бермасангиз бўлмас, ойи. Ўзбек ойим Кумушка хўмрайиб олди: — Йўқ-йўқ Офтоббону, — деди, — сизларга жавоб берсам-да, Кумушка йўқ. — Шу галча жавоб берасиз, мен сиздан сўрайман. — Сўзингиз ерда қоладир, був Офтоб, бир оз андиша ҳам лозим, — деди ва Кумушка юзини ўгирди, — уят эмасми, келин? Кеча келдинг сурилиб, бу кун кеткин бурилиб. — Менда ихтиёр йўқ, ойижон, — деди Кумуш, — сизлар нимани маъқул кўрсаларингиз менга барибир. Ўзбек ойим боши билан келинига ризолиқ билдириб «баракалла» деб қўйди. Офтоб ойим қизиға ўқрайинқираб ер тегидан қаради: — Албатта Кумуш нима ҳам десин? — деди, Кумушнинг ҳам ҳалигидек қололмаслиға фақат мени кўзи қиймағани учун... бўлмаса албатта кетмас эди. Ўзбек ойим бир гапдан тоймай: «Кетиш уят, Отабек, уч йил қатнағанда қизингиз бир йилгина Тошкандда турса нима қипти...» каби сўзларни ўзгаришсиз бир мақомда айтилиб турғандан кейин Офтоб ойим бошқа йўл тутмоқчи бўлиб, Кумушни уйдан чиқиб туришка буюрди. Кумуш чиқғандан сўнг: — Қизини менга қолдиришға аяди деманг, ойи, — деб қўйди, — мунда бошқа мулоҳазалар ҳам йўқ эмас... — Айтинг. — Айтсам шуки, — деди бечора она, — Кумушингизнинг феъли хўйи ўзимга маълум: эрка ўскан, лавзи тез, кундашликка чидайдирган сиёқи йўқ, ҳар кун Зайнабингиз билан ғиди-биди қилабериб сизни қийнаб қўярмикин дейман... Бир куни келганда онаси қурғур бир оғиз айтмаган эди, деб мендан ранжирмикинсиз дейман... Тана бузоқнинг турқи туқғаниға тамға деганларидек, албатта менга равшан... аразчи десангиз ҳам шу, ичи қоралиқ десангиз ҳам шунда... Шунча тўқумадан Ўзбек ойимнинг юзида ҳеч бир ўзгариш сезилмади: — Албатта унақа гап ҳар кимда ҳам бўлади, — деди,— шукур, мен билан ҳожи отангиз тирик бўлсақ, ундоғ гапларга йўл қўймаймиз. Зайнаб бўлса худо-нинг яраткан махлуқи; уриш ва араз деган гапни билмайдир. — Зайнабингизнинг феъли албатта сизга маълум экан, аммо мен Кумушни сизга яхши, деб айталмайман. — Ўз боласини ёмонлағучини, — деди кулиб Ўзбек ойим, — мен ўз умримда биринчи мартаба кўрдим... Ундан кўра боламни сенга ишонмайман, деб айтинг. — Нега ишонмайин, фақат қозонимдағини сизға сузиб қўйдим... — Нима бўлғанда ҳам Кумушка жавоб йўқ. — Хўб қолсин, — деди Офтоб ойим, жони куйиб асабийлашкан эди, — Кумушдан ҳар на ёмонлиқ кўрсангиз мендан ўпка қилманг. — Қизингизға ёмонлиқни ўзингиз ўргатиб кетмасангиз сиздан ўпкам йўқ. Икки қуда ҳавли юзасига тушканда Кумуш саҳн бўйлаб юриниб турар эди. Улар Зайнабнинг уйига тўғри кирдилар. Зайнаб уларни қаршилаб ўтқазди ва ачиниш оҳангида Офтоб ойимға деди: — Қайтар эмишсизлар, деб эшитдим. Бирар ой ҳам турмас экансизлар-да. — Анча турдик айланай, був Зайнаб, — деди Офтоб ойим, — энди навбат сизларнинг боришларингизға қолди. Учунчи сўзни Ўзбек ойим олди: — Шунча айтдим — бўлмади, ёв қувлаптими билмадим. Оппоқ ойингга қолса, Кумуш опангни ҳам бирға олиб кетмакчи. Зайнаб бир турлук ҳолга тушди. Кучлангандек қилиб: — Улар нега кетсинлар! — деди. Офтоб ойим қудасиға қараб қўйди: — Кетмаса бўлмайдир, був Зайнаб. Бир чеккаси сизнинг эс-ҳушингиз жойида, маним Кумуш опангиздан бошқа ҳеч кимим йўқ, қолса-ку майли, бироқ мени Кумушсиз ўлди, денг. Шунга қолғанда қайин онангиз бир оз тушунмай туриптилар. Зайнаб ер остидан қайин онасиға кўз юборди. Ўзбек ойим ҳануз тиртишиб ётқан қудасиға қарши қизишди: — Қўйинг-чи, — деди, — беш-олти кун қизсиз турған киши бир нарса бўптими?! — Сиз тушунмаяпсиз ойи... ҳали тағин дадаси биладилар. — Мен сенга айтай, Зайнаб, — деди Ўзбек ойим ва энди қудасининг гапига қулоқ солмай қўйди, — оппоқ ойингнинг ҳамма мулоҳазаси сенданга ўхшайди. Зайнаб сиқилмасмикин, икки ўртаға совуқчилиқ ораламасмикин, деб қўрқади. Мен: Зайнаб сиз ўйлаған келинлардан эмас, тегу тахтлик, аслзода, Кумушни сийламағанда ҳам бизни сийлайди, — десам ҳам унамайди... — Мени худо уриптими, — деди Зайнаб. Офтоб ойим қудасининг кейинги гапидан анча сиқилди. Гўё ўзи Кумушни қолдиришға тарафдор бўлса ҳам, фақат Зайнабнинг кундашлик қилишидан қўрқиб турғандек кўрсатилган эди. — Янглишяпсиз, ойи. — Янглишсам, янглишмасам Кумуш бу уйдан силжимайдир. Офтоб ойим бўғилиб, фойдасиз тортишиб ўлтуришни тарк қилди. Энди бу тўғрида эрига мурожаат қилмоқчи эди... Марғилонғача аравани Ҳасанали минадирган бўлди. Чунки Марғилондан арава миниб келгучи ёлланилған киши бўлиб, Тошкандга келишнинг эртаси куни ҳисобини олған эди. Қудаларнинг қайтиши чинга айлангандан кейин, йўл тараддуди бошланди. Ўзбек ойим бўғирсоқ қовиртириш, талқон туйдириш, тўқоч ёпдириш билан машғул бўлди. Офтоб ойим эридан ҳам қўлини ювиб қўлтуғиға урган эди. «Ҳожи афанди бирар йил турсин, деб айтди. Энди бир йилни ўзимизча кўрмасак бўлмас. Икки оёғимизни бир этукка тиқишимиз уятка ўхшайдир» дейиши ва сўзга қулоқ ҳам солмай — «меҳмонхонада ҳожи бор, сен билан йўлакда эзилишиб ўлтуролмайман, номус!» деб бурилиб кетиши бечорани жуда ҳам эсанкиратиб ташлади. Охирда Отабекка ҳам мурожаат қилиб кўрди. Ундан ҳам асли мақсадни ҳосил қилолмай, фақат уларникидан жўяликроқ узр эшитди. Отабек қайин онасининг фикрига қисман қўшилиб «Нима бўлса ҳам беш-ўн кун оғирлиқни маним учун ўз устингизга оласиз. Агар мен сизнинг талабингизни маъқул қиладирған бўлсам, айниқса қизингизнинг кўнглига шубҳа келадир... Сизга айткулуги йўқ, бу тўғриға маним аралашмоғим яхши бўлмас. Кундаш адовати борасидаги фикрларингиз тўғри ва лекин иш у даражаларга етмас, деб ўйлайман... Жуда бўлмаганда Кумушнинг ўзини олдингизға жўнатарман, хотиржам бўлинг!» деди. Офтоб ойим шу йўсун ҳар тарафдан ҳам умидсиз-ланиб, менгравсиб қолди. Кумушни кўрган сайин алланучка юраги ачир, жудолиқ кунларини асло тасаввур қилолмас эди. Кумуш бўлса, онасининг ҳозирги ҳолига ачинғандек, унга яқинлашмай, четлаб юрар ва иккинчи тарафдан Зайнабнинг бир ярим қарич осилиб кеткан қовоқ-дудоғиға истеҳзоланиб томоша қилар эди. Йўл ҳозирликлари битиб, Ўзбек ойимнинг Ойша кампирга атаб тикдирган саруполари ҳам битди. Бу кун меҳмонларнинг энг сўнгги кечалари эди. Ўзбек ойим ярим кечаларгача қудачаси билан сўзлашиб ўлтурди. Сўнгра Офтоб ойим билан Кумушни ёлғиз қолдириб ўз уйига ётқали чиқди. Она-бола бу кечани бирга кечирмакчи эдилар. Офтоб ойим қудасининг кетидан қизиға ҳайфсиниб қўйди. — Онангни фироқ ўтида ёндиришдан уялмадинг, қизим. — Нега ёнар экансиз... — Нега ёнмайин ахир, дунёға келиб сендан бошқа овинчоғим бўлмаса... Агар қўлимдан келса ачиб ва ёниб турған юрагимни сенга очиб кўрсатар эдим... Кошки эди бир шаҳаргинада бўлсанг. Кумуш онасининг юрагидаги ўтни ҳозир синамасдан ҳам ҳис эткан, чунки йигирма йил ўз қучоғида ўсдирған онадан ажралиш унинг ўзига ҳам оғир туюлиб бошлаған эди. — Беш-олти ой... ҳеч нарса бўлмас, ойи. Эсон бўлсақ тағин кўришармиз. Офтоб ойим кўз ёшисини дув тўкиб юборди. Начоғлик ўзини қаттиғ ушлаган Кумуш ҳам сиррини яширолмади... Она-бола бир неча вақт йиғи ичида бў-ғилдилар. — Қолишға-қолдинг, — деди охирда она, — аммо қайин ота ва қайин оналарингға хизмат қил, яхшилиқни қўлингдан берма, айниқса, кундашингга ёмонлиқ соғинма, яхшилиқдир, ёмонлиқдир ҳар нимаики ўзлари қилсинлар, зинҳор сен аралашма. — Маним нима ишим бор... — Албатта ишинг бўлмас... Шундоғ бўлса ҳам мен кечаги сўзингдан чўчиб қолдим. Кунда- шингнинг кўриниши баёвға ўхшаса ҳам, аммо ўзи писмиқ экан... Бундай одамдан албатта ҳазар керак. Агар ораларингға савуқчилиқ тушадирған бўлса, сен ўчакишиб юрма, яхшиси қайин отангға узрингни айтиб, бу уйдан кетиш ҳаракатини қил. Мен бу тўғрида эринг билан ҳам сўзлашиб қўйдим, тузикми? — Тузик. — Худойға шукр, қўлингда хатинг бор, ўлғаннинг устига чиқиб тепкандек хат-хабарсиз қўйма. Ҳар бир ўн беш кунда хат ёзиб эрингга бер. — Албатта, сиз ҳам унутманг. Бир оз жим қолдилар... Офтоб ойим энтикиб оғир нафас олди ва маъюсона Кумушка қаради. Кумуш ўринсизча онасиға қараб илжайди. Бу ўринсиз ишдан Офтоб ойим аччиғланди: — Маним ҳолим сенга кулгими, қизим? — Йўқ, — деб яна кулимсиради Кумуш, — бир-икки кундан бери сиз айтадирган... — Нима мен айтадирган? — Ахир... — деб қизаринди Кумуш, — кўнглим айнар эди, деб айтар эдингиз-ку... Офтоб ойимнинг ҳам юзида бир кулимсираш кўришди: — Тўғрими? — Билмадим... — деди, ерга қараб қизарди, — ўткан кундан бери кўнглим айнагандек бўлади... Айниқса палов исидан кўнглим кетади... Аччиғ нарсалар егим келади... — Муборак бўлсин, — деди Офтоб ойим, кулди. Кумуш ижирғаниб ўзича алланарса сўзланди. Офтоб ойим энгашиб Кумушнинг қулоғиға шивирлади, — бу сирни эрингдан бошқа ҳеч кимга билдирма, қайин онанг ҳам енгил хотин, айниқса кундашинг сеза кўрмасин. Кумуш маъқул ишорасини берди. Она-бола бир ўрин ёзиб ётдилар. Кўб вақткача Офтоб ойимнинг ивир-шивири набира тўғрисида бўлиб қолди. Кўзига уйқу келмай «шуни ҳам кўрар кун бўлармикин?» деб эди. Саҳар пайтида туриб чой ичдилар. Субҳ намозини ўқуб, арава қўшилди. Аравага чиқадирған майда-чуйда ташилиб битди. От жиловида Ҳасанали, арава ёнида қутидор ва ҳожи сўзлашиб турар эдилар. Отабек арава орқасиға нарвонча чиқариб қўйди. Хотин-халаж ҳамма йўлакка йиғилиб, Офтоб ойим бирин-бирин кузаткучи хотинлар билан кўришиб чиқди. Энг сўнг Кумушни бағриға босиб йиғлаб юборди. Кумуш ҳам ўзини тутиб туролмади. Бошқалар ҳам йиғидан насибасиз қолмадилар. — Худойға топширдим, Кумуш, қазом етиб кўралмай ўлсам, мандан рози бўл! — Сиз ҳам, ойи!.. Қутидор ҳам кўчадан йўлакка кириб қизининг манглайидан ўпди: — Кўришкунча, қизим. — Хайр, отажон. Йўлакка Юсуфбек ҳожи юзланиб умумий дуоға қўл кўтарилди. Дуодан сўнг Отабек тўриқ йўрғани чиқариб қутидорға тутди. Офтоб ойим яна бир қайта қизи билан қучоғлашғач, Отабекнинг кўмаги билан йиғлаған кўйи нарвончадан аравага минди ва соябон орқалиқ олдинға ўтди. Қутидор Юсуфбек ҳожи билан саломлашиб қучоқлашғандан кейин Отабекнинг қўлтиғлаши билан отқа минди. Отабек ҳам аравага, Офтоб ойим ёниға чиқиб ўлтургач, умумий «Оллоҳу акбар!» дан сўнг Ҳасанали отни йўлға солди. Кумуш дарбоза ёниға чиқған эди: — Хайр онажон! Маним учун бувимни қучоғлаб қўйинг. Ўртоқларимға салом айтинг! — Худойға топширдим, Кумуш, яхши қолинг, қуда! — Яхши боринг, був Офтоб! — Яхши қолинг, був Зайнаб! — Яхши боринг, опоқ ойи! Арава кўчадан бурилғунча «яхши қолинг, яхши боринг, салом айтинг» сўзлари такрорланиб турди. Арава катта кўчадан бурилиб, кўздан йўқолғач, энг кейинда қолиб йиғлаған кўйи Кумуш ичкарига кирди. Отабек бир неча бекаткача меҳмонларни кузатиб бориб, сўнгра қайтмоқчи эди.
|