Хушрўйбиби Зайнабнинг эгачисидир. Моҳирабонудан икки ўғул ва икки қиз дунёға келиб, тўнғучи Азимбек, ундан кейингиси Хушрўй (ёшлиғида Хушрўй ўрнига Хушра дер эдилар), учунчиси Каримбек ва тўртинчиси бизнинг Зайнаб эди. Зайнаб эгачиси Хушрўйдан етти ёш чамаси кичик эди. Гарчи бу икки эгачи-сингил бир қориндан талашиб тушкан бўлсалар ҳам, сажия — характерда таниб бўлмаслиқ даражада бир-бирларидан фарқлик эдилар. Сажиядагина эмас, сурат ва сиймо важида ҳам катта ўзгаликлари бор эди. Хушрўй узун бўйлик, қотмароқ ва зарча танлик эди. Зайнаб қисқа бўй, гўштдор ва оқ танлик эди. Хуш-рўйнинг ҳаракати енгил ва лавзи тез эди. Зайнаб лоппос ва ўнта сўзга аранг битта жавоб қайтарадирған эди. Хушрўйнинг кўзи ўйнаб, ҳар секунтда ўн ёққа аланғлар эди. Синглиси бўлса бирав билан бетма-бет келиб сўзлашқанида ҳам кўзини ҳамиша бир нуқтадан узмас эди. Хушрўйга болалиқ чоғидаёқ уй ичи ва қўни-қўшни «шаддод» деб исм берганлар, чунки ул кимдан бўлса-бўлсин, айтканини қилдирмай қўймас, агар бирарта иш унинг тилагига тескари кетса шовқин-суронни худда бошиға кийиб олар эди. Шунинг учун Хушрўйнинг раъйини билмасдан қозон осилмас, унга ёқмаган гапка оғиз очилмас, ул бор жойда қадам ҳам саналиб босилур эди. Зайнаб эгачисининг аксича ўз яқинларидан «писмиқ» деб исм олған, онаси бўлса аччиғи чиқғанда «минғаймас ўлгур» деб уни қарғар эди. Айниқса қуйида зикр қиладирған ҳолимиз бу икки опа-сингилнинг характеридаги фарқларини очиб кўрсатиш учун етадир: Моҳира ойим ҳар бир ҳайитдан бирар ойлар илгари эрига айтиб болалариға кийимлик олдирар эди. Олдирған кийимлик Хушрўйға ёқмаса даррав ярамағанини айтиб алмашдириб беришка дадасини мажбур этар ва кўнгли-дағини ҳосил қилиб тинчир эди. Аммо Зайнаб бўлса ўзига келган кийимликка қарши бошда бир нарса демас, кийимлик бичилиб ва тикилиб ҳам арафа кунлари келиб еткандан кейин ҳурпайиб ҳеч ким билан сўзлашмай қўяр эди. Моҳира ойим қизининг бирарта ишдан норозилиғини пайқаб «Минғаймас, писмиқ ўлгур, тағин нима жин урди сени?» деб сўрағанида, Зайнаб қовоқ-дудоғини солиб бир оғиз ҳам жавоб бермас эди. Ниҳоят эртага ҳайит деган куни Зайнабнинг ҳурпайиши йиғи билан алмашар ва йиғи ораси мақсад очилса ҳам кўпинча натижасиз қолар эди. Бирар жойга меҳмондорчилиқ учун борадирған бўлсалар, Хушрўй ҳаммадан илгари эълон этар эди: «Мен ҳам бораман!» Албатта уни қолдириб кетиш учун энди ҳеч кимда ҳад йўқ. Иккинчи вақт: «Мен бормайман!» Бу тақдирда уни бир қадам силжитилсин-чи! Аммо Зайнаб онаси билан янгаси Ҳанифа бир жойга отланадирған бўлсалар, «бораман, бормайман» демас, улар ҳам йиғламаған болаға сут берилмас қаби-лидан индашмасдан меҳмондорчиликка кетар эдилар. Кечқурун қайтиб келсалар бир бурчакда Зайнаб йиғлаб ўлтурипти: — Нега йиғлайсан? — Нега мени бирга олиб кетмадингиз... Зайнабнинг шу феъли балоғатка етиб, эрга теккандан кейин ҳам ўзгармади. Отабекнинг Зайнабка бўлған муносабатини ўқу-ғучиға албатта сўзлагулуги йўқ. Эри унга ойлаб, йил-лаб қарамай қўйғанида ҳам ул иҳ деб товуш чиқармади. Отабекнинг бу ҳолига қарши чиқғучи ва Зайнабни йўл-йўруққа солғучи яна фақат Ўзбек ойим эдики, бунинг сабаби ҳам иззатлик ўқуғучимизға бир даража маълум бўлса керак. Сут билан кирган жон билан чиқар деганларидек, Ўзбек ойимнинг ўшал вақтлардағи таш-виқотлари ҳам унинг тарафидан фақат «келинлик» мажбури-яти остида қабул қилинар, масалан, қайин она — «фалончи домлаға бориб мундоғ қил, Зайнаб», деб буюр-мағунча ўрнидан қўзғалмас ва шунинг билан бирга эрининг ташлаб қўйиши тўғрисида онаси, эгачиси ва бошқа яқинлариға чурқ этиб оғиз очмас эди. Зайнабнинг бу ҳолига ҳукман — «ерининг қараш ва қарамаслиғи унинг учун фарқсиз эди» деб айтиш албатта тўғри бўлмайдир. Чунки кундашининг Тошкандга келиш хабарини эшиткан Зайнабни биз юқорида Отабек қучоғиға ташланған ҳолда кўриб эдик. Хулоса, Зайнабнинг болалиқ вақти билан ҳозирги ҳолини чақишдириб қарасақ кўрамиз; ёш Зайнаб бир ой илгари тикилиб қўйилган кийимнинг ўзига ёқмағанини фақат арафа куни айтиб, йиғлайдир, бу кунги Зайнаб ўзининг муҳаббатини эрига фақат кундаши келиб етар олдида эълон қиладир. Биз юқорида ёш Хушрўй билан ўқуғучини бир даражада танишдирган эдик. Энди унинг оила ҳаёти билан ҳам танишдиришка мажбурмиз: Хушрўйнинг эрга тегиши ҳам ўзига ўхшаш фав-қулодда бўлған эди. Масалан аксарият қизларимиз ота-она кимни мувофиқ кўрса, шунга тегишка мажбурдирлар. Лекин Хушрўйники мундоғ бўлмади. Хушрўй ўн саккиз ёшка еткандан кейин унга совчилар кела бошлайдирлар. Табиий Хушрўйнинг феълини яхши билган ота-она унинг раъйини олмасдан туриб бир иш қилмоқдан қўрқадирлар. Олим понсадбошиға маъқул бўлған неча йигитлар, Моҳира ойимға ёқған қанча тегу тахтлик хонадонлар Хушрўй томонидан рад қилина борадир. «Фалончининг ўғлими?» деб сўрайдир Хушрўй ва онасидан жавоб кутмай: «худой кўтарсин эрни. Ўшанга текканимдан кўра, қаро ерга текканим яхши!» дейдир. Бир неча вақт шу йўсун Хушрўйнинг раъйига қараб эр-хотин зерикадирларда, ўзларича бир жойга қудалашмоқчи бўладирлар. Уларнинг андишасини билган Хушрўй бошда бунга қарши бир нарса демайдир. Аммо узил- кесил фотиҳа ўқуб, қудалашиш учун уйла-рига келган совчи ва қуда хотинларнинг олдилариға келиб бетларига айтадир: «Ҳали мен эрсираб қолғаним йўқ, фотиҳа ўқуб ташвиш чекмай уйларингга жўнай беринглар». Моҳира ойим бу юзсизликдан ер ёрилса ерга киргундек бўладир. Совчилар эрса мундоғ уятсиз қиздан алҳазар ўқушиб жўнайдирлар. Албатта ота- онанинг бунга қарши чоралари қарғиш ва ранжишдан нарига ўтолмайдир. Оғаси Азимбекнинг Хушрўй устига кўтарган мушти ҳам «нега мени урасиз, мен фалонлик қилдимми?» деган ҳақлик сўз билан дармонсизланадир. Шу воқиъадан сўнг совчилар оёқи узиладир. Хуш-рўй учун ҳеч ким оғиз солмай қўядир. Чунки бояғи совчилар бу фавқулодда муомалани кўринган биравга достон қилиб ўқуйдирлар. Моҳира ойим таънага тил очадир: «Енди дунёдан эрсиз ўтасан, қизим!» Лекин Хушрўй ҳануз пинагини бузмайдир: «Ер қуриб кеткан эмасдир, хоҳласам эртагаёқ эрга тега оламан», дейдир. Ўртадан бир неча вақт ўтиб Азимбекнинг ўртоқла-ридан бўлган Нусратбек отлиғ бир бекникидан хотин устига совчилар келадир. Моҳира ойим эридан фикр сўраш ўрниға қизиға арз қиладир ва Хушрўй мунга қолганда қулоқ қоқмайдир. Бу розилиқни эшитиб отаси ва оғаси жуда сўйинишадирлар. Зеро Нусратбек беклар ичида обрўликроқ кишининг ўғли ва ҳозирги тутиб турған иши ҳам анча донғлик бўладир. Шунинг учун унинг хотинлиқ бўлиш камчилиги ҳам эътиборға олинмайдир. Фотиҳанинг иккинчи ҳафтаси тўй-никоҳлари бўлиб, Хушрўйнинг Нусратбек билан чодирда қилған биринчи муомаласидан тил бириктириб эрга теккани хотинларға маълум бўладир. Хушрўй чодирдан чиқмасданоқ чой ташиб, хизмат қилиб юрган кундашига кесатуқ билан ҳужум бошлайдир. Иккинчи ва учунчи кунларда тўппа-тўғри кундаш устига сапчийдир. Ҳафта, ўн кун ўтмасдан эрини ўз томониға оғишдириб кундаши ёниға киргизмаёқ қўядир. Иккинчи ва учунчи ҳафталарда ўчоқбошини ўз қўлиға олиб кундашини иккита ёш боласи билан томоқ важидан ҳам сиқа бошлайдир. Нусратбек бўлса кўчага чиқғанда беклик даъвосини қилиб, уйига кирганда Хушрўйбекка мутеъ. Бечора катта хотин Хушрўйнинг доимий ҳужумига маҳкум қолиб, эридан лоақал иккита гўдаклари юзи учун бўлсин марҳамат кўрмай азобланадир. Иккинчи ойлардан бошлаб Хушрўй кундашини бўғиб уриш одатини чиқарадир ва ўрим-ўрим кундаш сочини алафдек юлиб олишдан ҳам тортинмайдир. Тамом жонидан тўйган бечора кундаш учунчи ойға чидаб боролмай эридан талоқ сўрайдир. Ноилож Нусратбек ҳам унга жавоб беришка мажбур бўладир. Аламзада бечора икки гўдакни эрига ташлаб кетмакчи бўлғанида Хушрўйдан очиқчасиға шу гапни эшитадир: «Итдан бўлған қурбонлиққа ярамас! Болаларингдан умидингни узган бўлсанг, итбаччала-рингни бу уйда қолдир!» Хушрўйнинг оғзидан чиқған бу таҳдид бечора онанинг юрагини уюшдирадир. Дарҳақиқат, Хушрўйнинг бу ишдан ҳам тоймаслиғини аниқ билиб, йиғлай-йиғлай болаларини ўзи билан бирга олиб кетадир. Хушрўй уч ой ичида томир ёйиб қолған бир оилани илдизи билан юлқиб ташлаб тинчийдир. Мундан бошқа Нусратбек каби бир одамни ҳам ўз ишоратига қаратадир. Енди етти-саккиз йил бор, ул ўз кайфича яшаб ке-ладир. Ҳар нарсадан ҳам мамнун, бироқ... Шунча муддатдан бери она бўлолмағанидан хафа, ҳамма қайғу ҳасрати ана шу туғмаслиқда. Мундан икки йилча бурун эри Нусратбек: «Олти йилдан бери туғмайсан, кўр-сатмаган товупинг қолмади. Энди нима қиламиз?» деб кулган эди, Хушрўй эрининг мақсади нима эканини пайқаб: «Боласиз киши дунёда туролмайдирған бўлса, бир оз заҳарни бошлаб сизга бераман, ундан кейин ўзим ейман!» деди. Шундан кейин Нусратбек мундоғ гапни иккинчи гапирмай қўйди. Дарҳақиқат, Хуш-рўйнинг бу сўзини ҳазил деб бўлмас эди.
|