Кумушнинг ой-куни яқин эди. Набиралик бўла-дирған Ўзбек ойимнинг иши бошидан ошқан, Кумушнинг ойи туғмасданоқ ул бешик ясатиш билан машғул эди. Дояча ким, ақиқага нечта қўй керак, нечанчи кунда тўй ўтказиладир, нечта эркак, нечта хотин айтиладир ва кимлар? Мана шунингдек масалалар билан Ўзбек ойимнинг мияси жуда шишкан эди. Кумушда кўрилган баъзи нишоналарга биноан набирасининг ўғул бўлишида шубҳа қилмас — «ўғул туғасан, Кумуш, мен ҳам Отабекни сенга ўхшаш енгил кўтарган эдим», дер эди. Кумушни хизматдан бўшатилиб баъзи ўчоқ-боши юмишларини Зайнаб идорасига топширилғаниға энди бир ойлаб бор. Ўзбек ойим набира масаласида қанча хурсанд бўлса, Отабек шунчалик хафа, чунки Кумушни кўрган сайин уста Алим фожиъасини хотирлар эди. Юсуфбек ҳожи маълум алданишдан сўнг юрт ишидан қўл ювған, кўб вақтини меҳмонхонада «Қуръон» ва «Далойил» ўқуб кечирар, кундаш ораси бузилиб, ўртадан сўз чиқғанини гоҳо эшитса, иккала келинни ўз олдиға чақиртириб, уларни қатор ўтқазар эди. Аввало Кумушдан ўпка қилиб: «Ойим, ҳар нима сиз каттасиз, Зайнаб ёш, каттадан-кичикка шафқат лозим, мундоғ яхши эмас!» ва Зайнабка қараб: «Болам Зайнаб отин! Сиздан ҳали ёшлик ғурури кетмаган, лекин маним болам бўлған- лиғингизни сиз ҳам унутманг!» дер ва шунинг сингари юмшоқ гаплардан кейин иккисини дуо қилиб бир-бирисига салом бердирар — «ана, шундоғ бўлсин, опоқ қизларим!» деб кетишка рухсат берар эди. Улар кеткандан кейин албатта Ўзбек ойим эри ёниға кирар, ҳожи бўлса хотиниға сизсираб: «Сиз икки келин ушлашни билмабсиз, Зайнабка жабр қилған кўринасиз, айниқса Зайнабнинг кўнглига қарашингиз керак, Отабекка ҳам насиҳатингиз лозим!» дер эди. Ўзбек ойим шундай кезларда Кумушнинг ёнини олиб «Зайнабни худой кўтарсин, айб ўзида...» дея бошласа, ҳожи унинг оғзини аранг тўхтатур: «Секин-секин, уят! Қайин она деганнинг адл туриши лозим. Зайнаб сиз билан маним орзу ҳавасимиз эмасмиди?» Аммо набира масаласидаги Ўзбек ойимнинг баъзи бир қуюшқондан ташқари ҳаракатларини ҳам босқучи яна ҳожи эди: «Зайнаб бор, Зайнабни унутдингизми. Ўз келинингиз Зайнабни!» Мундан ўн беш кунча илгари Кумуш онасиға бир хат ёзған эдиким, аҳамиятига кўра биз бу ўринда кўчирамиз: «Онажон, куявингизнинг ёзғанларидан ташқари мен сизга шу билан олтинчи хат ёздим. Аммо сиздан учта ва дадамдан иккита хат олдим. Айниқса дадамнинг кейинги хатидаги қора хабар билан дори дунё кўзимга торайди. Ўлим ҳақ, аммо бечора бувим жон берар экан, ёнида туриб дуосини олиб қолмағаним учун кўб ҳасрат чекдим. Айниқса мусофирчилигим ёмон асар қилди. Кўз ёшларим билан юзимни ювдим. Бу кун бешинчи кундан бери раҳматлик бувим арвоҳиға атаб қуръон бошладим, хатим қилиб бағишлайман. Худо ғариқи раҳмат қилсин, сизга сабр берсин. Энди мусофир қизингизнинг бахтига сиз ўлманг, омин. Баъда маълум бўлсинки, алҳамдулиллоҳ куявингиз ва қудаларингиз саломатдирлар ва уларнинг сояларида мен қизингиз ҳам ўйнаб-кулиб юрибман. Сизни ва отамни жуда соғиндим, агарда оғир оёқ бўлмасам эди, қиш бўлишиға қарамасдан Марғилонға жўнар эдим. Қудангиз — қайин онамнинг сўзига қарағанда, келаси ойға кўзим ёрир эмиш. Қудангиз мени на ерга ва на кўкка ишонадир, ўн беш кундан бери қўлимни совуқ сувга ҳам урдирмай қўйди. Ўзи гўёки тўйга ҳозир-ланғандек бешик ясаб, сарпа тикиб юрийдир... Маним бўлса нима учундир юрагимда бир қўрқув бор... Ўткан хатларимда кундашим билан миросамиз келишмай турганини кулгулук тарзида ёзған эдим. Нафсиламрда эрса, орамиз жуда бузилған, мен ҳам ўшал вақтларда чин кундашлик тўнини кийган эдим. Зайнабнинг битмас хусумати эса ғолибо маним икки қатлиғим ошкор бўлған кундан бошланди. Сизнинг бошингиздан кундашлик савдоси ўтмаган бўлса ҳам тушунсангиз керак: биз икав агар қўйиб берсалар гўё бир-биримизни еб-ичмакчи эдик... У кунлардаги ҳолимдан ўзимга энди ҳисоб беришка ҳам уяламан... Яхшики, бизнинг можаролардан қайин отам жуда сийрак хабардор бўлди. Шундоғ ҳам бўлса бу жанжаллар гоҳо унинг қулоғиға етиб қолар ва биз икки ёв унинг олдиға чақирилиб насиҳатини эшитар ва лекин яна ёмонлиғимиздан қолмас эдик. Сиз ранжисангиз ҳам айтай: қайин отамни ўз дадамдан ҳам яхши кўраман. Бу яхши кўришим куявингизнинг дадаси бўлғани учун эмас, балки унинг нур ичига чўмилғандек бўлиб кўринган сиймосини, ойим деб хитоб қилғандаги мулойим, беозор ва муассир сўзини яхши кўраман. Ул насиҳат учун оғиз очса вужудим эриб кеткандек ва бир турлук ухлаб ҳузурланғандек. Қисқаси, Зайнаб билан жанжаллашишнинг ўзи бир ҳузур ва жанжалдан бўшалғач, қайин отамнинг қаршисиға ўлтуриб насиҳат эшитиш ундан ҳам яхши ҳузур... Сиз маним телба сўзларимдан аччиғланманг. Агар бу гапимнинг тўғрилиғини билмакчи бўлсангиз, Тошканд келингизда, қайин отамнинг насиҳатини ўз қулоғингиз билан эшитинг-да, ундан кейин сўзимга қиймат беринг. Шу йўсун Зайнаб билан уятсизча кўб олишдиқ, бу ит-мушукликдан биз зерикмасак-да, куявингизнинг жонидан тўйдираёздиқ. Мундан бир мунча илгари ул биз икки кундашнинг юзимизга: «Агар шу ҳолда давом этаберсаларинг икавларингга ҳам баробар жавоб бериб қути- ламан!» деди. Унинг бу таҳдиди иккимизга эмас, балки биттамизгагина хос эди. Мен бу таҳдиддан албатта қўрқмадим, аммо «Зайнаб тушуниб қолмаса яхши эди», деб қўрқдим. Дарвоқиъ натижа мен қўрққанча бўлди. Зайнаб бу таҳдиддан сўнг онасининг уйига аразлаганнамо кетиб қолди. Улардан ҳам яхшиғина дакки еган бўлса керак, бир неча кундан сўнг ёвошқина бўлиб қайтиб келди. Энди шу воқиъага икки ой чамаси вақт ўтди ва лекин орамиздан жанжал чиқмади. Мен жўрттага баъзи гапларни тескариликка олиб кўрсам ҳам ул чурқ этмайдир. Унинг бу ҳоли эрса маним учун яхши эмас, ул яна кўб вақт бизнинг орамизда тикан бўлмоқчи... Келаси ойдан жуда юрагим уюшадир... Кечалари кўкка қараб келаси ой шу кунларда ёруғ дунёда борманми, йўқманми дейман... Ойша бувим марҳум бўлмағанда шу ой ичи ўзингиз Тошкандга етиб келар эдингиз. Аза ҳамма вақт топилади десангиз, қизингизнинг кўнгли учун ҳали ҳам келганингиз яхши. Дадамга маним арзимни айтсангиз, албатта қайтармас. Мендан дадамга беҳад салом. Келаси ойдан қўрқаман... Кўришалмасак мендан рози бўлинг, дадам ва бошқа ёру дўслар ҳам. Кумуш ёздим. Тошканд, 1269-инчи йил 1-қавс ойида». Кумуш ўз хатида ёзғанидек, дарҳақиқат, Зайнаб шу кейинги кунларда ёвошка тортқан, ўн оғизға бир оғиз сўз қайтармас, тинчкина, мулойимгина, яъни мундан бир йил бурунғича эди. Қайин она тарафидан «Опангнинг кўзи ёрир вақти етди, ўчоқбоши ишла-рингни энди ўз қўлингға ол!» деб қилинған таклифни мамнуният билан қабул этиб, ҳатто Ойбодоқ онани ҳам ўчоқбоши юмишидан халос эта ёзған, унга фақат ҳавли супуриш, уй йиғиш ва шунга ўхшаш майда ишларнигина қолдирған эди. Зайнабдаги бу ўзгариш фақат ҳалиги тараф билангина қолмай, эри тўғрисида ҳам шундоғ эди. Отабек ўз ёниға кирса — кирдингми демас ва кирмаса — кирмадинг демас эди. Эрининг баъзи бир самимияти қоронғуроқ муомалаларига қарши Зайнаб ҳам муҳмалрак қилиб кулиб қўяр эди. * * * Ой туғиб, мўлжал яқин етди. Марғилондан ҳам Офтоб ойимнинг йўлға чиқиш хабари келди. Лекин Кумушда маълум оғриқ бошланған эди. Оғриқнинг биринчи куни Кумуш ҳеч кимга сездирмай юрди. Аммо иккинчи кун буни бошлаб Отабек, ундан кейин Ўзбек ойим сезди. Отабек маълум хавф остида бу сирдан кишига оғиз очиш учун ўзида мажол топмаса ҳам, Ўзбек ойим даррав Ҳасаналини мундан олти ой илгари белгуланиб қўйилған доя хотинға югуртирди. Доя келгандан сўнг ичкари ҳавли эркак зотидан тозаланди. Кумушни ўқтин-ўқтин оғриқ ушламакда, доя хотин ва Ўзбек ойим унга ўзлари билган удимлар билан ёрдамлашмоқда эдилар. Кечка томон дард жуда кучайиб кетди, ўқтин-ўқтин дам-бадамга алишинди. Ташқарида Отабек йўқ эди. Ҳасанали дарбоза билан меҳмонхона орасида қўлини-қўлиға ишқаб юриниб турар ва қайта-қайта ахтахонаға кириб тўриқ йўрғанинг у ер, бу ерини супирар эди. Ҳожи бўлса хурсанд ва хафалиги номаълум бир қиёфатда «Далойил» ўқур эди, ҳар беш дақиқада ичкари томонға қулоқ солиб тўхтар, гоҳо даричадан Ҳасаналини чақириб «тинчликми» деб сўрар эди. Улар масжиддан шомни ўқуб киргач, ичкаридан Ойбодоқ кечлик олиб чиқди. Ундан на Ҳасанали ва на ҳожи оғиз очиб ҳол сўрамадилар. Таом устида Отабекнинг йўқлиғи ҳам ҳис этилмади. Сўзлашмасданғина лагандан бир мунча чўқиған бўлдилар-да, қўл артишдилар. — Хуфтан айтилдими? — деб сўради ҳожи. — Эшитмадим... Чиқа берсак ҳам бўлар, — деди Ҳасанали. Шу вақт ичкаридан хотинларнинг фавқулодда қий-чув товушлари эшитилиб, иккисининг ҳам қулоқлари тиккайди ва қўрқа-писа бир-бирларига қарашдилар. Қий-чув орасидан заиф йиғи товши ҳам келиб қўйди... Иккиси бир мунча кулимсираб олдилар, лекин шундоғ бўлса ҳам яна чурқ этиб оғиз очмадилар. Орадан кўб фурсат ўтмади, ичкаридан Ойбодоқ югуриб чиқди ва даричадан туриб «сўйинчи!» деди. Ҳожи ёнчиғини кавлай бериб «алҳамдулиллоҳ» деб қўйди. Ҳасанали ҳам илжайиб ёнчиқ кавлашка тутинди ва: — Ўғулми, ҳолва? — деб сўради хотинидан. — Ўғул! — Баракалла. Ҳожи кулимсираб қўлидағи уч-тўртта оқ танга билан битта тиллани Ойбодоққа узатди — «Тангаларни ўзинг ол, тиллани доячага бер!» деди. Ҳасанали сўйинчисини топширғандан сўнг дуоға қўл очди: «Оллоҳ таоло умри билан берган бўлсин». Шундан кейин хотиржамъ бўлған ҳолда хуфтанга кетдилар. Отабек меҳмонхонага яқинлашиши билан чақалоқ йиғисини эшитиб ихтиёрсиз ичкари ҳавлиға томон бурилди ва йўлакда онасиға йўлиқди. Қоронғу бўлса ҳам Ўзбек ойимнинг тусидаги шодлиқ белгулари очиқ кўриниб турар эди: — Ўғул муборак бўлсун, болам! — Ўзи тетикми? — Тетик! — Олдиға кирайми? — Йўқ, — деди Ўзбек ойим, — чиллалик уйга кечаси кўчадан келиб кириш яхши эмас... Ичкари кирсанг тўғри Зайнабнинг олдиға бор. Даданг шундами? — Ўзи?.. — Ўзи яхши, хотиржам бўл, — деди Ўзбек ойим, орқасиға қайтди. Отабек кетига бурилиб ташқари йўлак-дан киргучи дадаси билан Ҳасанали шарпасини олди ва ўйланиб тўхтади. Айниқса ҳозирги пайтда дадаси билан тўқнашиш унинг учун бир оз ўнгғайсизроқ туюлган эди. Шу йўсун бир мунча вақт йўлакда туриб, сўнгра ичкарига томон юрди. Зайнабнинг уйига ўтар экан, бир неча қайта Кумуш ётқан уй тарафка қараб олди. — Ўғул муборак бўлсин! Зайнаб эрини шу сўз билан кулиб қаршилади, Отабек ҳам кулимсираб «қутлуғ бўлсин!» деб қўйди. Ўлтургандан кейин Зайнаб ўзича кулинди: — Ҳалиги... — деди. «Ҳалиги» дан кейин айтадирган жумласини унутиб қўйдими ёки ўйлаб қолдими, нима бўлса ҳам айталмади. Отабек унинг оғзини кулимсираган ҳолда бир оз кутиб «хўш, ҳалиги...?» деб сўради. — Ҳалиги... — Уёғи? — Оти қурсин... ҳа, айткандек, ошингизни ейсизми? — Ейман. — Совиб қолмаған бўлса — шу. Отабек эртадан бери ҳеч нарса емаб эди. — Қандоғ бўлса ҳам, — деди. Ҳозир Зайнабнинг чеҳраси очиқроқ кўринса ҳам, аммо бу очиқ чеҳранинг замирида уни жиддийроқ машғул қилған яна бир гап бордек, яъни кўринишдан шошқанлиқ ва ё шунинг сингари бир ҳол унинг шу очиқ чеҳраси остиға яширинғандек эди. Зайнабнинг ўн беш дақиқалиқ муомаласида Отабек юқориғи каби «есдан чиқариш» ҳолатига бир неча қайта учради ва охирда сўрамоққа мажбур бўлди: — Нега ҳолингиз паришон? Зайнаб кулди: — Нега паришон бўлсин. — Маним кўзимга паришон кўринасиз. — Тўғри, — деди Зайнаб, — қўрқдим... — Нимадан қўрқдингиз? — Туғишдан... — Қийналдими? — Қийналиш ҳам гапми, — деди Зайнаб, — ўз кўзингиз билан кўрмаганингиз учун ишонмайсиз. — Ойим мундоғ демаган эди-ку? — Сиздан яширғанлар. Отабекнинг юраги жуда уюшиб кетди. Ҳатто кундашини паришони хотир қилған бу гап Отабекка қандоғ таъсир қилиши кўб тафсилга муҳтож эмас. Бу тўғрида Зайнабка яна савол ташлаб тафсилот олишдан қўрқди, ҳам узоқ ўлтуролмади. Чойини наридан-бери ичиб, ўрунини тўшатиб ётди. Зайнаб шамъни ўчирди. Ҳали ётмоққа вақт эрта эди — Зайнаб Кумушлик уйга — хотинлар олдиға чиқиб кетди. Отабек ухлаш учун ётқан бўлса ҳам ҳалиги гап уни кўз юмдирмай қўйди, ўнг, сўл, чалқанча ётиб боқар эди. Лекин Зайнабнинг «қийналиш ҳам гапми?» жумласи қулоғи остидан кетмас эди... Кумушнинг уйидан кети узилмай келиб турған хотинларнинг ғўнғир-ғўнғири ҳам унинг уйқусиға халал берар ва ора-чора гўдакнинг йиғлаған товши ҳам эшитилар эди. Бу маъсум товушқа қарши унда бир хил яқинлиқ — оталиқ ҳисси қўзғалғандек бўлса ҳам, аммо бошқа қора хаёллар ичида тез йўқолур эди. Шу йўсун ивир-живир, аччиғ ва чучук ҳолат ичида ухлаб кетди. Бир-икки кун ми-ёнасидаги кечинмалар турлик ранг билан унинг уйқулиқ димоғида акслана бошладилар... Чўчиб уйғонди... Ёнида Кумуш... Зайнаб йўқ эди. Уйқулиқ кўзи билан нариги уйга қулоқ солди, ҳануз бояғи товушни эшитди ва ўнг ёнини босиб кўрпага бурканди, мундан кейин тинч ухлаб кетди... Туш кўрар эди: «Чаманда гуллар очилған эмиш... Бу гулшан унинг ўзиники эмиш... Ул ранго- ранг чечаклардан кўзини ололмас эмиш. Теваракка келган ёвдан хавф бор эмиш... Ханжарини ушлаб ёвға қарши чиқған эмиш... Ёв қочқан эмиш... Ёв орасида онаси ҳам бор, отаси ҳам кўринар эмиш... Қайтиб чаманга кирса бир сигир гулни босиб, янчиб ўтлаб юрған эмиш... Бу ҳолдан ўзини унуткан ва қўлидағи ханжари билан сигирга югирган эмиш... Сигир эмас — сариқ сочлик албасти эмиш... Дармонсизланған ва ханжари қўлидан тушкан эмиш... Дунёни қоронғулиқ босқан эмиш...» Чўчиб уйғонди ва ўз ёнида ухлаб ётқан Зайнабни кўрди. Ҳалиги босинқирашдан юраги гуп-гуп урар ва вужудини тер босқан эди. Секингина ўнг ёниға ағдарилиб ҳавли томонға қараб ётди. Унинг ағдарилиши билан Зайнабнинг кўзи оҳистағина очилиб яна ёпилди. Вақт саҳарга яқин, теваракдаги хўрозлар кетма-кет қичқирар эдилар. Яқин орадағи обжувоз пойкўпининг зарби ерни силкитиб-силкитиб тўлқин берар эди. Нариги уйда ёниб ётқан шамъ нури дарича тирқишидан милт-милт кўзга илинур, аммо шип эткан товуш эшитилмас эди. Ул қайтиб ухлаёлмади. Кумушнинг кечаги қийналиши тўғрисида хаёлланиб кетди. Субҳ азони айтилиб, секин-секин тонг ёриб борди, маҳалла масжидидан ҳам азон товши келгач, ул таҳорат олмоқ учун қўзғалди. Кумушнинг ёниға кириш қулай бўлсин, деб но-ништани Зайнабнинг уйида қилди. Ўзбек ойим тарафидан кириш учун рухсат берилган эди. Чойдан кейин дояча Кумуш ёнидан бир оз вақтға чиқиб турди. Тўрга Кумуш ётқизилған, унинг оёғ томонида Ўзбек ойим чақалоқни кўтариб ўлтурган эди. Отабек кирганда ўзининг синиқған юзи, ичкарига ботинқираған кўзи билан Кумуш илжайиб унга қаради. Отабек тутилинқираб, «муборак бўлсин!» деди. Кумуш жавоб ўрнига уялиб юзини кўрпага яширди. Ўзбек ойим: — Берганга қуллиқ бўлсин, ўлтур, — деди. Отабек Кумушнинг бош томониға ўлтурди. Ўзбек ойим фотиҳа ўқуди. Сўнгра чақалоқни Отабекка яқинлашдириб, — тойчоғимнинг кўрманасини чиқар, дадаси. — Отабек қизариб болаға қаради, Кумуш юзини яна кўрпага яшириб олди. — Ўзингиз тузикмисиз? — Шукур... — Қийналибсиз, деб эшитдим... — Туғмоқ ҳазилми сенга, — деди Ўзбек ойим. Кумуш Отабекни ўзига имлади ва қулоғиға шивирлади: «сизнинг гуноҳингизга...» — Хўрак қилдингизми? Ўзбек ойим: — Кечадан бери ичига иссиғ киргани йўқ. Зайнабка айтай сутлик атала қилиб берсин, — деди. — Албатта! — деди Отабек ва онасиға бир тилла сўйинчи бергандан сўнг хотиржамълик билан уйдан чиқди. Тушликдан кейин Отабек меҳмонхонада китоб мутолаа қилур, даҳлизда Ҳасанали узилган от асбобларини улаб тикар, Ҳожи масжидгами, бошқағами кеткан эди. Шу вақт ичкаридан Ойбодоқ чиқиб Отабек ёниға келди: — Бек, сиз уйга кириб чиқар эмишсиз, — деди. Отабек китобни белгулук қилиб ёпди: — Тинчликми? — Тинчлик... даррав киринг-чи! Отабек Ойбодоқ билан кетма-кет ичкарига кирди. Зайнаб ранги ўчкан ҳолда Кумушнинг уйидан чиқиб келар эди. — Нима гап? — деб ундан сўради Отабек. — Билмадим, — деди, — опам кўнгиллари айнаб қусяптилар... Отабек эшик ёниға келгандан сўнг уйдан бир неча хотин паранжи ёпиниб чиқдилар-да, ул уйга кирди. Ўзбек ойим жом ушлаған, Кумуш жомга ўқчиб қусар эди. — Нима бўлди? Кумуш жавоб бералмади. — Билмадим... боятдан бери тўхтовсиз қусяпти, — деди Ўзбек ойим. Қусиб чарчаған Кумуш ҳолсиз-ланиб бошини ёстиққа ташлади. Ўқчиб ёшланған кўзлари билан эрига қараб олди. — Ёқмайдирған хўрак бергансиз. — Ёқмайдирған ҳеч нарса егани йўқ, — деди онаси,— ўша аталадан бошқа хўрак қилмади. Ундан ҳам ярим косагина ичди. Қолғани ана токчада... Ўзбек ойимнинг гапи тугамасдан Кумуш яна жомга интилди. Отабек унинг бошини тутди. — Табиб айтдирайми? — Айтдир. Маним ҳам кўнглимга шу келиб турган эди. Отабек Кумушнинг қусуғи биткунча турди-да, сўнгра югуриб ташқариға чиқди. Ҳасанали ҳануз бояғи ишда эди. — Ота, сиз югуриб табибга боринг-чи! Ҳасанали ишини ташлади: — Нима гап? — Келинингиз боядан бери қусар эмиш. Ҳасанали табибга югурди. Отабек қайтиб уйга кирди. Чақалоқни Зайнаб кўтарган, Кумуш ҳамон қус-моқда... Кумуш ҳолсизланиб ўзини ёстиққа олди. Қовоқ остлари кўкарган, ёниға келган Отабекка ҳам қарамоққа мажолсиз эди. — Тузикмисиз? — Кўнглим. Отабекнинг ҳамма бадани титраб кетди, шундоғ бўлса ҳам ўзини қаттиғ ушлади: — Қатиқ ичириб кўрдингизми? — деди онасиға. — Йўқ. — Қатиқ буюринг! Ойбодоқ қатиқ келтиргунча Кумуш яна жомга интилди. Бир-икки ўқчиб қусқандан кейин, Отабекнинг қўлидағи сув билан оғзини чайди ва пиёладаги қатиқдан бир-икки ҳўплаб, ўзини ёстиққа ташлади. Ҳарорати кучлик, юрак уриши фавқулодда тез эди. Отабек унинг манглайини қўли билан босиб ушлаган эди, бир оз тинчигандек бўлди. Ўзбек ойим бурчакда бола кўтариб ўлтурган Зайнабдан чақалоқни олиб, уни жомни тўкиб келишка буюрди. Отабекни манглайида турған қўли қизиб кетиб, иккинчи қўлини алмашдиришға мажбур бўлди. Манглайида совуқлиқ ҳис этиб Кумуш кўзини очди. — Кўнглингиз босилдими? Кумуш жавоб ўрнида ёстиқдан қўзғалди. Жом йўқ эди. Отабек шошиб токчадағи хитойи норин товоқни олди. Кумуш қусди. Бу гал қусуқ бояғи қатиқ аралаш кўкимтил ва сарғимтил нарсалар эди. Оғзини чайғандан кейин Отабек қатиқни таклиф қилған эди, ичмади ва ўзини ёстиққа отди... Табиб келди хабарини эшитиб, Отабек жонланғандек бўлди. Уй эшигига жом кўтариб келган Зайнаб кейинига қайтди. Ўзбек ойим ҳам чақалоқни кўтариб уйдан чиқди. Отабек табибнинг ҳурматига туришни унутиб Кумушнинг манглайини босқанча ўлтурар эди. Табиб Отабекдан воқиъани сўраб билгандан сўнг Кумушнинг томирини кўриб лабини тишлаб қолди ва товоқдағи қусуқни ҳидлаб қаради: — Бу кун нима хўрак қилған экан? — Атала. — Ўша таомдан бир оз қолғани бормикин? — Бор! — деди Отабек ва боя онаси кўрсаткан жойдан косани олиб табиб қўлиға берди.Табиб косадан бармоғиға бир оз элашдириб ялади ва даррав туфлаб ташлади. — Заҳар ичибти! Отабек сапчиб кетди, туси қўрқунч ҳолга кирган эди... — Бекор гап! Табиб Отабекнинг ҳозирги ҳолатидан даҳшатка келди... — Мен ҳозир дафъи учун дору юбораман, — деди ва қўзғалди. Отабек ҳам унинг билан биргалашиб ўрнидан турди: — Заҳарни ким беради? Нима дейишка ҳам ҳайрон табиб: — Ман... ман... ўзингиз ўйлаб кўринг-чи... Ман даррав дору юборай, даррав ичиринг, тузикми? — деди. — Билдим, билдим! — деди бечора Отабек. — Зай-наб, Зайнаб, Зайнаб... Жалаб! Юборинг, юборинг, даррав юборинг! Табиб кетди, Отабек телбаларча югуриб Кумушнинг бошиға келди, юзини очиб манглайини босди ва ўпди... Кумуш кўзини очиб куч билан сўл қўлини эрининг елкасига ташлади... Қўлида чақалоқ билан Ўзбек ойим кирди. — Зайнабни чақир, Зайнабни! Ўзбек ойим табиб сўзидан хабардор эди: — Зайнаб! Зайнаб! Зайнаб югуриб уйга кирди. Туси мурдадек оқарған эди. Отабек Кумушни қўйиб ердаги аталани олди: — Ич муни, ич жалаб! Зайнаб орқаға тисланди... Отабек косани унга отди... Зайнабнинг кийими атала билан беланди. Шунинг устига даҳлиздан Юсуфбек ҳожи кўринди. — Кет жалаб, кет! Талоқсан, талоқ! «Талоқ» сўзини эшиткан Кумушнинг кўзи ярқ этиб очилиб, яна юмилди... Ҳожи воқиъани табибдан эшиткан, шунинг учун ҳозирги фожиаъ саҳнасидан ажабланиб турмади. — Чиқ, Зайнаб, чиқ! — деди ул ҳам, — лаънат сендек хотинға! Зайнаб четланиб уйдан чиқди... Ҳожи Кумушнинг бошиға келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёғ устида эдилар, Кумушнинг кўзи юмиқ, сочлари юзи устида пари-шон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларни тузатиб Кумушнинг кўкимтил товланған юзини кўрди ва манглайини босди... — Ойим... Ойим!.. — деди ҳожи. Кумуш кўзини очиб бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди. — Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг! Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади: — Худо шифо берар, болам! Кумуш жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, ҳожи ҳам унинг бошини тутди... Бу гал қусуқ қонға айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон оқди... Қусуб ётғач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат қаранди: — Ойи... дада... — сўнгра, — бегим, — деб ингранди... Эрининг юзини юзига қўйди, уялғансумон кўзини юмди... * * * Ертаси кун дафн маросими бўлди. Жанозаға Тошканднинг ҳар бир маҳалласидан деярлик кишилар иштирок қилди. Фақат мақтуланинг энг яқинлариғина бу тантанага етиб келалмадилар. Бечора она, бечора ота!.. Учунчи кун улар ҳам келиб етдилар... Уларнинг ҳозирги ҳолини тасвир этиш мумкинми?! Еттинчи кун хатми қуръон қилиниб халқға ош берилди ва шу муносабат билан чақалоққа «Ёдгорбек» деб исм қўйилди. Кумушнинг яқинлариғина эмас, балки фожиъадан хабардор бўлған шаҳарнинг катта-кичиги Зайнабка бериладирган жазони эрта-кеч кутмакда эдилар. Бироқ фожиъанинг ўнинчи кунларида Зайнабнинг жинни бўлиб, очиқ кўйи кўчада юрган хабари ва оғаси томонидан ушланиб кишанга солинған можароси эшитилди. Зайнабнинг жунуни қозилар ва табиблар тарафидан ҳам тасдиқ этилгач, унинг устидаги жазо кўтарилди. Дарҳақиқат, ақлдан озиб кўчаларда очиқ кезиш ва кишанга тушишнинг ўзи ҳам Зайнаб учун кичкина жазо ҳисобланмас эди. Фожиъанинг йигирманчи кунида яна хатми қуръон қилиниб, бутун юртка ош берилгандан сўнг, бечора болу паридан айрилғанлар Марғилонға қайтиш ҳаракатига тушдилар. Ёдгорбек ҳам Офтоб ойимнинг қучоғида кетмакчи, унинг олиб кетилишига қарши ҳеч ким йўқ эди. Енг кейинги видўлашиш куни етди. Отабек, қутидор ва Офтоб ойим (...) қабристонининг икки туп қуриған чинор ёғочи орасиға турғузилған янги хиштин сағана қаршисида тўхтадилар. Сағананинг ўнг бошидағи тошдан ўйиб ясалған лавҳа кўзга чақилиб турар эди: Ла илаҳа илла-оллоҳу Муҳаммаду-расул-уллоҳ Ҳазиҳил маркадул мунавварату лил мазлуматил машҳудати ал-мағфурати. Кумушбиби бинти Мирзакарим Марғиноний, тарихи таваллуди 1248. Вафоти 1269-йил ҳижрий, жумод-ул-аввал. Бу лавҳа бир дилпорадан ҳусн санамига ёдгордир. Бунда мадфун кундаш балосининг намоён бир қурбонидир. Аё чарх, этдинг ортуқ жабр бунёд, Кўзим ёшлиғ, тилимда қолди фарёд. Ҳаётим лолазоридин аюрдинг, Ёқиб жоним, кулим кўкка совурдинг. Бечора она чидалмади, қабрни қучоғлаб уввос тортди. Отабек ҳам қабр ёниға тиз чўкиб, кўз ёшиси билан тупроқни лой қила берди... Қутидор лавҳа қаршисида эди. Лавҳани ўқуб чиқгандан кейин ул ҳам пиқ-пиқ йиғлаб юборди. Ярим соат чамаси шул ҳолда қолдилар. Қуръон ўқушға ҳеч кимда мажол йўқ эди. Қаршидағи бинога Юсуфбек ҳожи тарафидан қўйилған қори буларнинг ҳолига тушунди. Секин-секин қорихонадан чиқиб келди ва нарида ўлтуриб қуръон ўқуди. Офтоб ойимнинг ноласи босилса ҳам, лекин кўз ёшиси тийилмади. Бир улгина эмас, ановлар ҳам шу ҳолда эдилар. Фотиҳа тортилғандан сўнг қутидор ва Офтоб ойим қориға пул бердилар. Қори кеткандан кейин ҳар қайсилари ўзларини босиб алоҳида-алоҳида қуръон ўқуб бағишладилар, сўнгра оҳиста-оҳиста йўл олиб қабр билан видўлашдилар. Гўё Кумуш «мендан рози бўлинг!..» деб онасиға хитоб қилар, Офтоб ойим орқасиға қарай-қарай йиғлаб келар эди... Отабек уларни уйга қўйиб, қабр ёниға келди ва туни билан шунда қолди. Эрта билан Ҳасанали аравани қўшиб тайёрлаған, майда-чуйда аравага ташилар эди. Энг кейинда Офтоб ойим Кумушнинг кийимлари билан Ёдгорбекни кўтариб чиқди, кейинроқ Юсуфбек ҳожи билан қутидор кўриндилар. Қутидор видолашиб аравага чиқғанда кўча тарафдан Отабек кела берди, келиб отнинг жиловини ушлади ва от устига минган Ҳасаналига — «тушинг отдан!» деди. Ҳасанали отдан тушди. Отабек ирғиб отқа минди ва қутидордан сўради: — Отни ҳайдайми? Қутидор билан ҳожи тушунишолмай бир-бирларига қарашдилар. Йўлакда турган Ўзбек ойим дарбозадан мўралаб қўйди. Қутидор индамагани учун Отабек ўзича отни ҳайдаб юборди. — Хайр! — Хўш! Марғилонға жўнайдирған Ҳасанали гангиб кўча-нинг ўртасидан ҳожиға қаради. Ҳожи йўлакдаги ойимға ер остидан кўз қирини ташлади... Отабек ортиға қарамасдан аравани ҳайдар эди...
|