Тўрда қутидор, унинг ёнида маҳалланинг имоми Юнус Муҳаммад охунд, юрт оғаси Пирназар жаллод ва Сотиболди оталиғ яна бир кекса ўлтурар эдилар. Пирназар жаллоднинг ёнида Отабек ва Сотиболди аканинг қаторида Юсуфбек ҳожи эдилар. Оёғда Ҳасанали мешдан қимиз қуяр эди. Сўз тўртинчи куни бўлиб ўткан қипчоқ қирғини устида кетиб, Юсуфбек ҳожи бу тўғрида сўзлар эди. — Мен биз халқнинг одам бўлишимиздан тамом умидимни кесиб қўйдим... Эсимни таниғанимдан бери амал демай, мансаб демай фақат шу мусулмонлар манфаатини кўзлаб келиб, оёғида ўзини қушбеги, мингбоши олған уч-тўртта манфаатпарастлардан гўё ёш бола каби алдандим... Улуламир бўлған киши ҳам шу манфаатпарастларнинг хароб фикрларига қулоқ бериб, биздек одамлардан бу тўғрида бир оғиз кенгаш сўрашни унутди. Ҳолбуки, Мусулмонқул балосидан уни нажотка чиқарғучиларнинг биттаси биз эдик. Натижада эрса сўзи — сўз, кенгаши — кенгаш бўлғанлар шу уч-тўртта калла бузарлар бўлиб, бизга ўхшағанларнинг даражамиз ёш боладек алданиш экан... Юнус Муҳаммад охунд унинг сўзини бўлди: — Эй ҳожи, — деди, — ҳамма фасод улуламирда, агар улуламир дуруст одам бўлса, уч- тўртта муттаҳамнинг ёмонлиғи ҳеч қаерға бормас ва бунча гуноҳсиз бечоранинг қони ўринсиз тўкилмас эди. Жаноби пайғамбари худо ҳадиси шарифларида айтадирларким, «Бисмиллаҳир- роҳманир-роҳим қола ан-набию алай-ҳиссалом: Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата, яъни ул сарвари коинот марҳамат қилурларким, агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамға топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил, яъни ҳалокатига мунтазир бўл». Бас, бизнинг корларимиз ҳам кўб фурсатлардан бери ноаҳл одамларнинг қўлиға қолиб ва ҳар замон ул нобакорлар бизларнинг бошимизға анвўи кулфатларни соладирлар. Илоҳи кори бадлари ўз бошлари бирлан дафъ бўлғай. — Саддақта ё расулиллоҳ, — деди ҳожи ва ҳадисни такрорлади: — «Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата» — вой бўлсин биз бадбахтларнинг ҳолига,— деди. Бир оз маъюсланиб тўхтади ва домла тарафидан бўлинган сўзини шу гаплар билан тамомлади: — Шу кунгача бўлмағанларға бўлишмоқчи бўлиб умримнинг ниҳоятига етиб қолдим, — деди. Соқолини тутамлади. — Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида қорайди. Ёшим олтмиш бешка етиб бир вақт бўлсин ибодатимни жаноби ҳаққа бевосита йўналтирғанимни ва кўнгил кўзим очилиб қилған саждамни хотирлай олмайман. Бу алданишим эрса, ҳақ тарафидан бир танбеҳ, бўлма-ғанларға бўлишмоқчи бўлғаним учун бир киноя-дир. Энди мундан кейинги беш кунлик умрим дунё можароларидан этак силкиб тўшаъи охират тадорикини қилмоғим учун ғанимат кўринадир. Бу сўз мажлиска бир маъюсият берди. Кўб вақт ҳаммалари сукутда қолдилар. Ҳожининг гапи айниқса Пирназар акага таъсир қилған эди. Ул ўз ҳунари руҳида мулоҳазасини сўзлади: — Ёмонларни битта-битта, териб-териб бош кесмасдан элни тинчитиш қийин, — деди. Бу сўздан кейин мажлис аҳли ҳожининг оғзиға қарадилар. Ҳожи кулиб қўйди, бир оздан кейин: — Тўғри айтдингиз, жаллод, — деди, — бу тақдирда ёнингизда ўлтурған бизнинг ўғулни ҳам кўмакингизга чақира оласиз... Ҳамма кулиб юборди. Қутидор ер остидан Отабекка кулимсираб қаради. Отабек дадасининг киноясига тушуниб қип-қизил лавлагидек бўлди. Яхшики қутидор ва Ҳасаналидан бошқа ҳеч ким бу кинояга тушунмас эди. Пирназар ака жиддийча Отабекка қаради. — Отабек менга ўхшаған жаллодкина эмас, амири лашкар бўла оладир. Сиз фотиҳа берсангиз ва Отабек амр берса мен худо ҳаққи ёмоннинг бошини олишдан қайтсам, — деди. — Бизнинг каттадан-кичигимизнинг, — деди ҳожи,— топқан-тутқанимиз фақат бош олиш... Биз ўйлаймизки, гўё бош олиш билан олам тинчийдир ва биз ўз хоҳлағанимизни қила оламиз. Тузик, жаллод айтканидек, ёмоннинг бошини олмоққа мен ҳам қарши эмасман ва лекин бунинг нозик шартлари бор: аввало манфаати шахсиясидан кечиб, фақат эл бахти учун бош тикканлар жамоаси керак ва бу жамоанинг ўз маслаки йўлида кузаткан маълум бир нишонаси бўлмоғи зарур. Ана шундан кейин ҳалиги нишонага қараб интилишда оёғ остиға элашкан чўп-хасларни супира бориш лозим. Мана шундагина тўкилган қонлар ўринлик ва машруъ, берилган бошлар чин қурбон ҳисобланадирлар. Йўқса, сизнинг бош олишингиз ҳам ановиларнинг қирғинидан фарқ-лик бўлолмас, — деди ва бир оз тўхтаб олғандан кейин афсусланди, — шу ёшға етиб бу халқ орасида ҳалиги жамоани уч-тўрт нафардан ортиқ учратолмадим, афсус. Яна бир мунча гаплар ўткандан кейин ҳаммалари масжидга чиқиб пешинни ўқуб кириш учун қўзғал-дилар. Отабек ҳам кўбчилик билан бирга қўзғалған эди, Ҳасанали уни тўхтатди: — Сиз тўхтангиз, Отабек, — деди. Кишилар ҳавли юзига тушкандан кейин, — ичкарига бир кириб чиқ-масангиз айб бўладир... Бояғи ишингизни бўлса зўрға ёлғон-яшиқ билан уларнинг кўнглидан чиқардим. Отабек ниҳоятда бўшашқан ҳолда қайтиб ўрнига ўлтурди: — Майли, бўлмаса... — деди.
|