Facebook
Дурбек (XIV - XV асрлар) PDF Босма E-mail

Дурбек (14-аср охири — Балх — 15-аср боши) — ўзбек шоири. Унинг «Юсуф ва Зулайҳо» достонигина етиб келган. Дурбекнинг «Юсуф ва Зулайҳо» достони 1409 йили ёзилган. Достон асосини Шарқда машҳур Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги ривоят ташкил этган. Шарқ адабиётида сайёр сюжетга айланиб кетган бу мавзу ўзига хос услубда қайтадан (ўзбек тилида) баён этилган.
Дурбек ўзи яшаган давр манзараларини достон руҳига сингдириб юборган. Асарда Балх ш.нинг қамал қилиниши, шаҳар халқи бошига тушган оғир фожиалар юксак маҳорат билан тасвирланган. Қамал туфайли юз берган очлик, сувсизлик каби қийинчиликларни шаҳар ташқарисидаги маъмурчиликка қарамақарши қўйган. Достондаги қаҳрамонлар фаолияти Марказий Осиё шаҳар ва қишлоқларига хос табиат манзаралари, турмуш ҳодисалари, халқ урф-одатлари тасвири орқали акс эттирилган. Шоир бош қаҳрамон Юсуфнинг тақдири ва унинг ҳаётга бўлган муносабатини турли вазиятларда тасвирлайди. Юсуфнинг инсоний фазилатлари унинг зеҳни ва заковати одамларга, ўз элига мухаббатида кўзга яққол ташланади. У беҳуда қон тўкмасдан, ақл-идрок билан мамлакатни бошқарувчи одил шоҳ даражасига кўтарилади. Дурбек хотин-қизлар латофати ва заковатини янги жихатлар билан бойитган, Зулайҳо тимсолида садоқатли севги соҳибаси образини ярата олган. «Юсуф ва Зулайҳо» достонининг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида (инв. №185), Париж ва Истанбул кутубхоналарида сақланади.

* * *

Ишқ ўти ҳар ердаки урса алам,
Билки қилур жумла вужудни адам.
Ишқ жон мулкида султон эрур,
Шоҳу гадо анга чу яксон эрур.

* * *

Чархи фалак неча менга қилса жабр,
Мен қилайин ушбу бало ичра сабр.

* * *

Сабр била топқасен охир мурод,
Гъам еган одам бўлур, албатта шод.

* * *

Сабр била банда топар коми дил,
Коми дил истар эсанг, сен сабр қил.

* * *

Кимгаким бор ҳиммат ила эътиқод,
Оқибат ул амр топар ул мурод.

* * *

Оқибатуламр бўлур ҳақ зуҳур,
Меҳнат утуб бўлгуси фасли сурур.

* * *

Гул тилаган хор жафосин чекар,
Кимки асал олса, ариси тегар.